Жасур Кенгбоев. Синов (қисса)

Осмон йиғламай, ер кулмас.
Мақол

Инсон ўзига азиз билган нарсаларни барбод қилишга мойил бўлади.

Эски-туски буюмлар, кераксиз жиҳозлар, сарғайиб кетган тахлам-тахлам газета-журналлар, бағри қон қораламаларини тўплаб, кўҳначиларга топширишга аҳд қилди. Қоғозларни саралаётиб, талабалик пайтида тутган бир қора жилдли ёндафтарга нигоҳи тушди-ю, танасини яшин ургандай бўлди. Кўзида ўт чақнаб кетди. Бир-бир варақлади. Орасидан бир рўмолча чиқди… Рўмолчани авайлабгина титроқ тутган қўлига олди. Ҳидлаб кўрди. Димоғига алланечук қадрдон ис келди-ю, энтикиб кетди…

Ёндафтарнинг сўнгги саҳифаларидан бири эътиборини боз тортди. Унга: “Начора, бир кунда баридан айрилдим…” деб ёзиб қўйилган эди.

Эти жиз этди.

Кундаликда битилган ёшлик даврлари билан хайрлашганидан сўнг ҳам кўп нарсасидан мосуво бўлган, ҳаётда сира омади чопмаган, нимагаки қўл урса, бари барбодликка юз тутган Искандар Каримдай ғаройиб одам айнан ўша ғўрлик дамларида тағин нимасидан айрилганини дафъатан эслай олмади.

Чўғи кетиб, мудроқ кул босган хотираларини бир-бир титкилай бошлади.

1

…Қишлоғидаги сомонхонанинг пахса деворини илма-тешик қилиб кавлаб ташлаган қўнғизлар, қош қорайиши билан инидан чиқиб, чийиллаб югурганча оёқ остида ғужғон ўйнайдиган бетамиз сичқонлар, сомон тагига увадаланиб тушган арпа-буғдой донини инига ташийдиган қумурсқа-ю қўнғизлардан тарқаладиган ҳидлар қоришмасига ўхшаш ёқимсиз ис метро бекатини тоқат қилиб бўлмас даражада димиқтириб юборган эди. Назарида, бу ҳидни бошқалар сезмайди, чунки ҳали бирор кимнинг бу ҳақда гапирганини эшитмаган, эҳтимол, улар бундай ҳиддан айро маънини ҳис қилишмас, Искандар Каримчалик таъсирланмас. Аслини олганда бекат фақатгина шу ҳиди учун ҳам эмас, унда ҳар доим ўзини ёмон ҳис қилгани боисидан ҳам Искандар Каримга ғалати туюлар эди.

Мана, бекатга шамол эпкини сизиб кирди. Демак, поезд яқинлашяпти. Карнайдан аёл кишининг йўловчиларни поезд келаётгани, платформанинг четида турмаслик кераклиги ҳақидаги огоҳлантирувчи жарангдор овози эшитилади. Искандар Карим илк бор метрога тушганида истеҳзоли кулганини яхши эслайди. “Бе, нима, йўловчилар кўрми ёки қулоғи батангми? Қоронғи туйнук бўйлаб поезд чироқлари милтиллаб кўрина бошлаши билан билади-ку у келаётганини. Жонинг ширин бўлса, ўзингни четга оларсан-да. Шуниям кимдир айтиб туриши шартми?” деган эди ичида.

Аммо йиллар ўтиб билдики, бу жуда керакли ва фойдали гап экан. Ҳаётдан тўйиб кетган бир-икки банда бундай огоҳлантирувга қараб ҳам ўтирмай, ўзини поезд тагига ташлаб, жонига қасд қилди… Шум хабарлар ҳақида эшитган чоғларида ҳамма ҳам бечора ўша бандаларга шунчаки ачинибгина қўйишдан ташқари, сабабини билишга қизиққан. Ростдан ҳам қизиқ ўлим. Тўйган жонидан кечиб, метро поезди тагига ўзини ташлаш… осонми…

Одам ўз жонига қасд қилиши олдидан нималарни ўйлар экан-а… Сўнгги қарори нима бўлади унинг? Кейинини ўйлайдими? Охиратини-чи? Хайр-маъзурни ҳам унутиб, ортида қолдирган яқинларини-чи?

Йўқ, ўйлайдики, руҳий зўриқиш инсон кўнглини фақат алам билан тўлдириб қўяди. Бу алам унинг миясини пармалайди. Ўлимдан ўзгасини ўйламасликка мажбур қилади. Жондан ўтгач эса, сўнгги қарорни беради.

Аммо барибир жон ширин. Яшаш бошқача-да. Нафас олиб турар экансан, бир кун келиб сени адо қилаётган муаммолар барибир ҳал бўлишини, жар ёқасида турган ҳаётинг яна ўз изига тушиб кетишини ҳис этасан, одамлар яна сенга меҳр кўзи билан қарай бошлашига ишонасан. Агар шу ишонч посангиси некбинлик ва умидсизлик посангидан баланд келса, марра сеники.

Искандар Карим шуларни ўйлар экан, беихтиёр хаёллари тўзғиб, зулмат ичра қолади.

“Эрта бир кун мен ҳам шундай қилсам-чи, нима бўлади унда? Тавба, тавба… Нималар деяпман ўзи? Негадир шу бехосият бекатда ўзимни ёмон ҳис қиламан-да…”

Поезд кела бошлади. Искандар Карим эринибгина поезд йўлига кўз тикди. Унинг чироқлари кўзига тушиши билан ўзини алланечук беҳузур ҳис қилди.

Эшиклар очилиб, йўловчилар тушиб кетди. Кутиб турган одамлар вагонга чиқди. Аммо Искандар Каримнинг оёқлари ўзига бўйсунмас, вагон эшиги ёпилиб, поезд жилди ҳамки, қимир этмай тураверди. Кўзини юмиб олди. Токи поезди қора туйнукка кириб, ғойиб бўлгунича кўзини очмади, очолмади…

2

Ўша тонгда жиққа терга ботиб, безовта уйғонди. Йўқ, бу чарчоқдан ё босинқирашдан эмас экан. Бунинг қандайдир муқаррар юз беражак бир кўнгилсизликдан дарак безовталик эканлигини анча вақтлар ўтибгина англаб етди.

Тўшакда узала тушиб ётар экан, чап қўли увишиб, юраги симиллаб оғриётганини ҳис қилди. Одатда шундай бўлади: юраги оғришидан олдин чап қўли зирқирай бошлайди…

Бир зумда тарқоқ ва шамолдек беқарор хаёлларини жамлаб, ўрнидан туриши кераклигини ўйлади. Бугун эртароқ йўлга чиқиши, ўқишга боришдан аввал почтага бирров кириб ўтиши керак.

Юзини муздай сувга чаймоқчи бўлиб, ойнага қаради-ю рангги докадек оқарди. Бошига қиров қўнган эди. Оппоқ қиров-а!

Неча йил уйқуда ётди ўзи? Ўн, ўн беш, йигирма йилми? Ахир соч дегани бир тундаям шунча оқариб кетадими… Кўзлари бақаникидек шишиб қизариб кетган, ўликнинг кўзидек нурсиз эди. Тушган руҳи баттар ерпарчин бўлди. Энди бу кўргилик ҳам бормиди унга… Йўқ, бундай демаслиги керак. Эр йигитга тақдирдан ёзғириш ярашмайди.

“Эй, нодон, – деди ўзига ўзи, – сендан баттарлар ҳам кўп бу чалажон дунёда. Ҳаммаси бинойидай юрибди-ку. Нега бунча нолийсан. Сочинг оқариши нима бўпти. Жонинг омон қолди-ку. Безорилар қўлидан омон чиқдинг, улардан бири сермаган пичоқ бўйнингга тегмай, қочиб қутулдинг-ку. Тириклигингга шукр қилсанг-чи. Ҳозир, мана, ижарахона бўлса-да, уйдасан. Оппоқ кафанга ўраниб, зулмат ва зах гўрда ётганинг йўқ-ку. Нолиган худога ёқмайди…”

Ўз таскини ўзига нашъа қилди.

Аммо қайта-қайта ойнага қаради. Барибир бу даҳшатли манзарадан эти жунжикиб, сесканди. Шу сахт-сумбати билан тирик эканлигига бир шукр қилса, бир нафрати қўзиди. Бундайин ночор аҳволга тушганидан кўра ўлгани яхши эмасмиди… Бир лаҳза, атиги бир сония қимирламай турганида, чап бермаганида ўша лаънати силтаган пичоқ нақд бўғзига тортиларди. Балки ўшанда… ҳаммаси яхши бўлармиди.

Йўқ! Ўқишнинг уч йили ўтиб, шунча қийинчилик кўриб, энди одам бўлай деган чоғида ортга қайтиш йўқ! Балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар.

Кўзлари боғланган одам бутун вужуди билан ҳисларига таянади. Сезгилари аниқ ишлай бошлайди. Ўша дамларда Искандар Каримнинг ҳам кўзи гўёки юмуқ эди. Ҳеч нимани кўрмас эди. Фақат бир инсон, у ҳам бўлса, туйғуларини остин-устун қилиб юборган бир лобарни кўрар эди, холос.

Кўзлари (начора, шунақаси ҳам бўлар эканки, ушбу гапларни хаёлга олиб  ўтирибди) қаршисида турган ҳар қандай одамга боққанда ғира-ширага рўбарў келгандай, ҳеч нарсани кўрмас эди, гўёки оламда фақатгина бир нуқта бор, унда ўша лобаргина сиймоси бор жилваси билан акс этар, бу жилва эса, уни батамом эсдан оғдириб, ҳушидан айирарди, қулоқлари фақатгина унинг майин овозини эшитар, ўзгаларнинг ҳатто фарёдини ҳам писанд этмас, борлиғини буткул эгаллаган муҳаббатнинг заҳар қўшилган оғуси таъсирига тушган бангидек ўзини унутган эди.

Искандар Карим унинг олдида қай аҳволга тушиб қолганини эсласа, ҳалигача музтар бўлиб, азобланади, ўзини ёмон кўриб кетади. Ҳислари олдида ҳеч қачон бунчалик ночор аҳволга тушиб қолмаган эди-да.

Кўргиликнинг ўзгинаси. Кўргиликки, ҳеч кимга раво кўрмайсан киши.

Вақтлар ўтиб, ўзингга ўзинг бегоналик руҳи вужудингни буткул ишғол қилгач, ўйлайсанки, кўргиликда ҳам бир ҳикмат бор. Одамнинг ожизлиги ҳақиқий кўргилик, чин бахтиқароликдир.

Миясини эзғилаган бу каби заҳарли ўйлардан халос бўлиш учун зўр бериб соч-соқолини қиртишлашга киришди. Эринган кўйи юзини сочиққа артди. Мияси ёрилиб кетай деяпти.

Ойнага қараганча, буришган юзи, билагига аёвсиз ботириб олинган тирноқлар қолдирган кўкимтир чуқур излар, оқарган сочларига тикилиб, “озроқ ичиш керак эди…” деди ижирғаниб.

Кеча шаҳарнинг бир бурчида – овлоқ қовоқхонада умрида илк марта кўришган қиз билан ютоқиб симирган винолари заққумга айланган эди. Уни кузатиб боргани, уйига кирганидаги кўнгилсиз воқеа ва ярим тунда ташқарида юз берган жанжал кўз олдидан кино тасмасидек жонланиб ўтди.

– Минг лаънат ҳаммасига! – деди Искандар Карим.

Апил-тапил кийиниб, почтага йўл олди. Почта дарчаларида одам сийрак. Фақат саккизинчи дарчада хотин-халаж навбатда бетоқат турибди. Бир жувон тўзғиган сочларини ҳурпайтириб, дарча ортидаги аёлга шанғиллади:

– Нимага ўзи ҳар сафар кечиктиради? Болаларим усти-бошига етмаса, мен нима қилай? Айтинг?! Ҳали ишга кирай, ўша алименти билан қўшмозор қиламан, қараб турсин!

Ёнидагилар хижолатдан кўзини олиб қочади.

Искандар Карим омонат хатни конвертга солиб, устига манзилни ёзди ва елимлади. Марка ёпиштириб, дарчадаги аёлга топширди ва илтимосни қуюқ қилди:

– Тезроқ етказиш керак!

– Тезкор хизматга тўладингиз-ку, айтганингиздай боради-да, – деди аёл.

Искандар Карим миннатдорлик билдириб, шитоб билан чиқиб кетди.

Ўзидан аввал тутуни кўринадиган автобусга базўр илашди. Тиқилинчда кетаётганида телефони жиринглаб қолди. Кечаги нотаниш рақам. Жаҳл билан телефоннинг қизил тугмасини босиб қўйди: “Тошингни тер, бузуқи!”

Телефон басма-басига яна жиринглади. Яна босиб қўйилди. Бирпас ўтиб хабар келди: “Искандарбек, тинчмисиз? Яхши етиб олдингизми? Бугун оқшом ҳам кўришамизми?..”

“Нотаниш фариштадан синашта шайтон яхши», дея ўйлади Искандар Карим ва телефонига бирор кимнинг кўзи тушмаяптими деб ёнидаги йўловчиларга қараб қўйди. Ҳеч ким эътибор бермаётган эди. Шоша-пиша жавоб ёзди: «Йўқ. Мен сиз билан ишлай олмас эканман. Тўғри келмайди. Узр. Хайр. Бошқа безовта қилманг…”

Шу-шу бошқа қўнғироқ бўлмади.

Ўқишга боргач, шошилганча дарс жадвалига қаради: бугун маънили дарслар ҳам йўқ ҳисоби экан. Биринчи дарс – тарих. Ҳар гапида “демак, демак” деб эзиб юборадиган тарих ўқитувчиси киради. Искандар Карим умри бино бўлиб, бундай одам кўрмаган эди. Бир хил оҳангда, мутлақо зерикмасдан ўта зерикарли маъруза ўқийдиган домла фақат шу киши бўлса керак, деб ўйлайди. У ҳеч бир гапни тугал гапирмайди. Топиб олган сўзи  – “демак”. Ишлатмаса, танглайи ёпишиб, шайтонлаб қолса керак. У, масалан, бир уринишда “буюк саркарда Амир Темур Гуржистонга лашкар тортди” деёлмайди. “Буюк саркарда Амир, демак, Темур, демак, Гуржистонга лашкар тортди” дейди.

Искандар Карим унинг бир соатлик маърузада айтган “демак”ларини санаб  қанча дафтар тўлдирган эди. Асаблар тинчланади-да.

“Демак”нинг дарси бошлангач, йигирма дақиқа ўтар-ўтмас, Искандар Карим ҳар кунгидек қўл кўтарди. Домла кўзойнаги остидан унга бепарво қаради. Бурнининг тагида ўтиргани учунми ё кўп ноқулай савол бергани учунми, у ўзи асли Искандар Каримдан бироз ҳадиксираб турарди.

– Ия, Каримов? Нима саволинг бор? – деди у.

– Саволим йўқ. Ташқарига чиқиб келай…

– Нега?

– Кайфиятим йўқ…

Худди янги гап эшитгандай домла ажабланди:

– Ия, тинчликми?

– …

– Бўпти, демак, кайфиятинг йўқ. Чиқа қол. Фамилиянгдан қўрқаман-да, бўлмаса-ку…

Факультетнинг биринчи қаватидаги чоғроққина ошхонага тушиб, сотувчи аёлга:

– “Доимги”дан битта беринг, – деди Искандар Карим.

Оёқ-қўли чаққан сотувчи бирпасда хушбўй ҳиди таралиб турган финжонда  аччиқ қаҳва узатди.

Искандар Карим хаёлга чўмганча қаҳва ҳўплади. Ён-атрофдаги бир-икки столда дарси йўқ юқори курс йигит-қизлар кавшанганча бир-бирига гап сотяпти. Искандар Карим уларга терс қараб ўтириб, қаҳва ичди.

Бир маҳал, ҳар кунгидай майин, худди соат миллари каби бир текисдаги оёқ товуши эшитилди: “тақ-туқ, тақ-туқ, тақ-туқ…”

Бундай чоғлар Искандар Каримнинг юраги орзиқиб кетади.

Ошхона эшигига бор вужуди кўзга айланиб қарайди.

Ана! Ўзгинаси!

Кириб келган қиз ўтирганларга бир қўр кўз ташлайди-ю, жилмайганча сотувчи аёлга юзланади. Узун сочлари бир текис товланади. Батартиб кийиниши ҳамманинг эътиборини тортади. Бўйчангина қомати тик, оппоқ силлиқ юзидан доим нур таралиб турар, кўп-да бўянмаса ҳам табиий гўзаллиги билан ҳар қандай одамнинг эътиборини дарҳол ўзига торта оладиган жозибаси бор эди. Ҳатто қизлар ҳам унга суқланиб қараганини яширолмай қолади.

У худди француз кибор хонимлари каби оппоқ, нозик қўлида қаҳвани назокат билан тутиб, ёнидаги бўш столга келиб ўтирди. Турли ширинлик ва овқат ислари анқиб турадиган ошхонани бирпасда қизнинг ёқимли атири ифори эгаллаб олди. Искандар Карим бу ҳид олдида доим боши гандираклаб, маст бўлиб қолади.

– Яхшимисиз, курсдош? – деди жилмайиб қиз.

Искандар Карим ҳаяжондан сўрашишни ҳам хаёлга келтирмади.

– Дарсингиз йўқмиди? – деди титроқни босиб, ўзини бамайлихотир тутишга уринар экан. Аслида унинг қайси кунлари, қайси соатларда дарси йўқлигию соат нечида ошхонага кириши мумкинлигини жуда яхши билар эди. Ахир ҳар куни дарс жадвалига қараш баҳонасида уникини ҳам зимдан кўриб оларди.

– Бизда ҳозир “очиқ соат”, – деди қиз табассум билан. – Кейинги фан нима сизларда?

– “Тутқаноқ”нинг дарси, – деди Искандар Карим.

Қиз кулди. Шундай чиройли кулдики, Искандар Каримнинг юраги ҳапқириб кетди. Аслида-ку, қизнинг шундай табассумли нигоҳларини кўриш учун доим кулгили гаплар айтгиси келади. Баъзан кулдираман деб пойинтар-сойинтар сўзлайдики, гаплари беўхшов чиқади, кейинчалик ўйлаб кўриб, мулзам бўлиб қолади. Аммо қиз, чамаси, Искандар Каримни сира изза қилгиси келмас, бир чимдим бўлса-да, табассум ҳадя этиб юборарди. Ҳатто ўз вақтида Каримов Искандар деган аллақандай оддий бир қишлоқи талаба йигитнинг исмига, шеър ёзмаса-да, шоирона гапиришлари сабабми, Искандар Карим деган тахаллусни тиркаган ҳам шу қизнинг ўзи.

– Ким у “Тутқаноқ?” – деб сўради у дурдек тишларини кўрсатиб.

– Иқтисодиёт-да! – деди Искандар Карим қаҳвадан ҳўплар экан.

– У домла жуда яхши одам-ку, – дея ҳайрон қолди қиз. – Нимаси тутқаноқ?

Искандар Карим сир бой бергиси келмади:

– Фанидан ўз кучингиз билан “беш” олишга ҳаракат қилиб кўринг, ўшанда кўрасиз унинг тутқаноғини. Имтиҳонда йиқитиб, дафтар орасига анавиндан солиб бермагунингизча тузалмайди тутқаноғи.

Қиз яна жилмайди:

– Ҳа-а-а, гап бу ёқдами.

Бирпасда мавзу тугаб қолди. Искандар Карим энди нима дейишни билмай, боши қотди. Шундай муҳим паллада қизиқ гаплар ҳам қаҳат бўлиб қолади-е. Ўйлай-ўйлай, гап ўзанини бошқа томонга бурди:

– Дарс тугаса, нима қиласиз, Лайло?

Қиз яна ҳайрон бўлиб, савол назари билан қаради:

– Нимаям қилардим? Уйга кетаман.

– Мен ҳам, – деди Искандар Карим шошилиб. Сўнг уялиб кетди. “Э, ўл, лапашанг, – деди ичида. – Шунақаям мантиқсиз, чучмал гапирасанми, ландавур!”

Лайло негадир безовталанди. Бежирим қўлсоатига қаради ва қаҳвани апил-тапил ичганча, ўрнидан қўзғалди.

– Қўнғироқ чалинди! – деди ва яна бир марта ширин табассум ҳадя қилганча шитоб билан чиқиб кетди. Қувноқ кўзларининг оҳанрабоси, узун сочларининг майин жилваси Искандар Каримнинг нигоҳида бир лаҳза қотиб қолди.

Ҳар доим аҳвол шу… Искандар Карим эндигина ўпкасини босиб олиб, гапирай деганида қизгина ҳуркак оҳудай узоқлашади. Йигитнинг дилидаги дилида, тилидаги тилида, ҳовури босилмасдан, шалпайганча қолаверади.

Қаҳванинг пулини узатиб, дарсга кирди. “Демак” ўша-ўша бир зайлдаги, ҳиссиз маърузасини ўқиб ўтирарди. Аудиторияда ўлик сукунат ҳукмрон: ҳамманинг кўзи сузилиб, пинакка кетай-кетай дейди…

– Демак, кайфиятни кўтариб келдингми? – деди домла.

– Ҳа, раҳмат, устоз! – деди Искандар Карим.

– Илгари талабалар, демак, фақат ҳожатга чиқиш учун рухсат сўрарди. Демак, замон ўзгариб кетяпти. Одамлар кайфияти тушсаям, демак, дарсни ташлаб чиқиб кетаверади, демак…

Унинг писандаси Искандар Каримга ёқмади. Қовоғини солиб олди.

– Ҳозиргилар ҳожатхонадан қайтиб чиқишга ҳам рухсат сўрайди, майлими?.. – деди пичинг қилиб.

“Демак” эшитмаганга олди.

3

Дарслар тугай деганда, Искандар Карим ўзини биринчи қаватга урди. Ҳаммадан аввал тушиши керак. Бўлмаса, Лайлони кўролмай қолади…

Курсдошлар бир-бир хайрлашиб кета бошлайди. Искандар Карим қуюқ-суюқ хушлашади.

Аммо тор йўлакдан кўзини узмайди. Ана, ҳамкурслари чиқиб келишяпти. Ундан эса дарак йўқ..

Тараддудланади. Борлиғи кўзга айланиб, Лайлони қидиради.

Қиз қорасини ҳам кўрсатмайди. Безовталиги ортади. Аланглаб-аланглаб, учинчи қаватга, у ўқийдиган аудиторияга қараб юрди.

Хайрият, дарси ҳали тугамаган экан. Ғала-ғовур эшитилиб турибди. Секин эшикдан мўралади. Қизлар ўтирган экан. Ўқитувчи кўринмайди. Искандар Карим ошкора кўриниш берди. Курсдош қизлар Искандар Каримга кўзи тушса-да, ҳайрон қолмади, аксинча бепарво ҳолда чуғур-чуғурни давом эттирди. Искандар Карим Лайлонинг кўзларига кўзи тушиб, вужудида ажиб ҳисни туйди.

Шу маҳал «гуп» этган овоз келди. Ҳамма ғала-ғувур қилиб, ўрта партага югурди. Бир қиз полда чўзилиб ётарди. Ҳаммадан аввал Лайло югуриб бориб, унинг бошини кўтарди. Ваҳима кўтарилди. Бу Лайлонинг яқин дугонаси Бахтигул эди.

Кутилмаганда кимдир Искандар Каримни чақирди. У жонҳолатда  ёрдамга ошиқди. Аммо Лайло рўйхушлик бермади.

– Ўзим… Ўзим қарайман, – деди қўрқувдан қалтираб. – Деразани очинглар, нафас ололмаяпти.

Кимдир деразани ланг очди.

Шу пайт ўқитувчи аёл кириб келди. Вазиятни кўриб, ранги оқариб кетди.

Қизлардан бири сув берди. Лайло Бахтигулнинг юзига сув сепди. У бир тўлғониб, чуқур нафас олдию ўзига келди. Сув ичди. Бирпасда беҳол бўлиб қолган қизни Лайло қўлтиғидан тутиб, турғизди ва суяганча стулга ўтирғизди. Бошидаги оқ рўмолини тўғрилаб қўйди.

Лайло дугонасига анчайин меҳрибон эди. Яқингинада Бахтигулнинг бошига мусибат тушган, онасидан айрилган эди. Неча йиллардан бери тўшакка михланиб ётган онасининг сўнгги кунларида ёнида бўлган Бахтигул анча вақт дарслардан қолиб кетди. Кўз ўнггида сўниб бораётган она дам-бадам Бахтигулдан хавотир олишни қўймас эди. «Ўқишингни қандай битказиб оларкансан? Контрактингни қандай тўлайсан экан?..»

Охири тақдири азал ҳукми билан онаси омонатини топширди. Уни тупроққа қўйишди. Маъракасини ўтказиб, сўнг дарсга келган эди. Бечора кўп куюнган экан, ғам-андуҳ еб битирибди. Юзидан қон қочган, ранги-рўйи афтодаҳол, кўзёшлардан қуриб кетган кўзлари нурсиз, бемажол танасидан мадор кетиб, қуп-қуруқ сумбатга айланган эди.

– Маъмурова, мазангиз яхшими энди? Нима бўлди ўзи? – деди ўқитувчи раҳмдиллик билан.

– Боши айланди, шекилли, йиқилиб тушди, – дея унинг ўрнига жавоб қайтарди Лайло. Бемажол Бахтигул унинг гапини тасдиқлади.

Ўқитувчи ўйлаб турди-турди, сўнг:

– Уйига элтиб кела қолинглар, – деди. – Бир-иккингиз қўшилиб боринглар.

– Хўп, – деди Лайло. – Оборамиз.

Лайло аланглаб, ён-верига қаради.

– Севара, биз билан борасизми? – деди ҳамкурс қизга. Севара дегани иккиланди.

– Ўқишдан чиқиб, онамни кўргани банисага боришим керак эди-да… – деди чор-ночор.

– Ҳой, Каримов, сиз бора қолинг! Йигит кишисиз, биз ҳам хавотир олмас эдик, – деди ўқитувчи остонада турган Искандар Каримга.

Искандар Карим ичдан суюниб кетди, аммо буни сездирмасликка уринди.

– Майли, майли… – деди. Лайло ялт этиб унга қарадию индамай қўя қолди. Иккиси Бахтигулнинг қўлидан тутиб, аудиториядан олиб чиқиб кетишди.

Такси ҳайдовчиси бир Бахтигулнинг оқарган ранги-рўйига, бир унинг икки қўлидан тутиб турган йигит ва қизга қараб, йўлкира нархига талашиб ўтирмади:

– Майли, кетдик, – деди.

Йўл олис, машина ойналари ланг очилган, салонга жазираманинг иссиқ гармсели ураётган эди. Искандар Карим ён ойнадан яширинча Лайлога қараб-қараб қўйди. Лайло сочлари шамолда ўйнаб, юз-кўзини тўсган, оппоқ юзи иссиқда лов-лов ёнар, Искандар Каримнинг ўғри нигоҳи таъқиб қилаётганини сезмас эди.

Анча вақт жим кетишди. Ҳайдовчи –  эллик ёшлардаги соч-соқоли оқарган киши – тез-тез пешойнадан Бахтигулга қараб қўярди. Охири сўз қотди:

– Қизим, нима бўлди? Мазангиз йўқми?

– Анча яхшиман, озроқ тобим қочди, – деди Бахтигул беҳол ва синиқ овозда.

– Ҳа-а-а, – деди ҳайдовчи. – Қорнингиз очмиди?

Суҳбатга Лайло аралашди:

– Бу ўзи куни билан туз тотмай юради-да…

Ҳайдовчи кулди:

– Студентнинг бари шундай. Уларга теккан касаллик бу. Ёшликда шунай оч юриб, бир дардга йўлиқади-да, умри бўйи боши касалдан чиқмайди.

– Йўғ-е, ундай эмас, – деди Искандар Карим. – Топганимизни еймиз.

– Ишонмайман, ука! – деди ҳайдовчи. – Сениям қулоғингдан кун кўринади-ку?

Лайло пиқ этиб кулди. Искандар Карим қизарди.

– Қулоқ “заводской” шундай, – деди. – Лекин ошқозон отдай!

Такси Бахтигул яшайдиган маҳалла кўчасининг бошида тўхтади.

– Амаки, шу ерда қолдира қолинг, – деди Бахтигул. – Мошина киролмайди ичкарига. Бир каттакон амалдорнинг қудаси йўлни ҳовлисига қўшиб олган…

Тушишди. Искандар Карим пул узатди. Ҳайдовчи олаётиб, кўзини қисганча:

– Эҳтиёт бўлгин-а-а, ука… – деди кулиб. – Бир ўзингсан-а…

– Раҳмат, раҳмат! – деди Искандар Карим тиржайиб.

Уч курсдош маҳалла оралаб, жин кўча бўйлаб кириб кетишди. Энди Бахтигул боягидан кўра аҳволи яхшироқдай туюлди. Қўлидан тутмоқчи бўлишса, йўқ, ўзим юраман, деди. Искандар Карим ва Лайло барибир икки томонидан алағда бўлиб юрди.

– Сизларниям овора қилдим-да, – деди Бахтигул яшил дарвозага яқин қолганда. — Узр-а, ўртоқлар…

– Қўйсангиз-чи, – деди Лайло меҳрибонлик билан. – Тузукмисиз энди?

– Ҳа, анча яхшиман. Киринглар уйга?

– Йўқ, йўқ, қайтамиз, – деди Лайло шошилиб. – Кеч бўп кетади…

Бахтигул рози бўлмади.

– Кира қолинглар, меҳмон бўласизлар. Бирпасда холам ҳам келиб қолади, у кишиям хурсанд бўларди, – Бахтигул шундай дея Искандар Каримга юзланиб, жилмайди: — Искандар, ўзингиз айтинг мана бунга. Сиз кирсангиз, бу қаергаям кетарди бир ўзи.

Искандар Карим иккиланиб қолди. Кирай деса, ноқулай, кирмай деса, Бахтигул чин дилдан таклиф қиляпти. Лайло билан бемалолроқ суҳбатлашиш фурсати ҳам бўлади… Аммо буни Бахтигулга ошкора сездириб қўйиш яхши эмас. Гап қилиши мумкин. Шуни ўйлаб, жиддий рад этди:

– Иложи йўқ, курсдош. Мен ишга боришим керак. Кечикяпман. Лайло ҳам уйига шошяпти…

Бахтигул ноилож қолди. Лайлога синовчан тикилди. Ундан садо чиқмади.

– Майли, унда, – деди охири. – Катта раҳмат. Яхшиям, сизлардай курсдошларим бор экан…

Хайрлашдилар. Бахтигул орқадан кузатиб қолди. Иккиси масофа сақлаб, ортга қайтар экан, негадир, сира шошилмас, худди дунёнинг муаммосига ечим топган олимдек ўйчан ва оҳиста қадам ташлашар эди.

Бахтигул ортидан уларни узоқ вақт кузатиб турди. Унинг нигоҳида ҳам ҳавас, ҳам жиндек ҳасад бўй кўрсатар эди.

Икковлон жинкўча муюлишидан ўтиб, кўринмай кетгачгина, яшил дарвозага қараб шиддат билан йўналди.

Бу пайтда оҳиста қадам ташлаб келаётган Лайло сумкасини чаккасига қадаб қуёш тиғидан тўсиб олган, онда-сонда сездирмасдан Искандар Каримга қараб қўярди. Искандар Карим анча дадиллашган, у ёқ –  бу ёқдан гап ташлар эди.

– Уйга шунча шошяпсизми? – деб сўради охири.

– Нима эди? – деди Лайло хотиржамлик ва мулойимлик билан. – Бирор ишингиз бормиди?

– Йўғ-е, – деб юборди Искандар Карим ва дангал савол қаршисида гапини йўқотиб, каловланди. – Ўзим, шунчаки сўрадим-да. Агар жуда шошмасангиз, бирпас пиёда юрардик…

Лайло эътироз билдирмади. Боягина ишга шошаётган Искандар Карим кутилмаганда бирдай бемалолхўжага айланиб қолиши ортида яширинган қандайдир сирга қизиқаётган эди.

– Майли, – деди Лайло. — Лекин йўл узоқ-ку, қоронғи тушиб қолмасмикан…

– Йўқ. Тез борамиз. Маршруткада кетамиз у ёғига.

– Таксида кета қолайлик, – деди Лайло аксига олиб. – Маршруткангиз қачон келади-ю, қачон уйга етамиз.

Искандар Карим чўнтагидаги пулни чамалади: боя келгунча кечлик тамаддига деб қўйган пулини таксига тўлади. Танга-панга қолгандир. Энди маршруткага ҳам етмаса керак ҳали. Қизга қандай тўлайди… Недир сабаб топмаса, ноқулай вазиятга тушиб қолишини билган Искандар Карим гапни ҳазилга бурди:

– Маршруткада юришнинг гашти бор-да, Лайлохон…

Иккиси орқадаги сўнгги ўриндиққа ўтиришди. Ёнма-ён… Искандар Карим ҳаяжондан терга ботди. Қизнинг кенг ёйилган сочлари улов ойнасидан кираётган шамолда ўйноқлаб, дам-бадам Искандар Каримнинг ҳам юзларига келиб урилар, ундан таралаётган ифор йигитни маст қилар эди…

Лайло буни сезмай қолармиди. Искандар Каримнинг энтикаётганини ички сезгилари билан яққол ҳис этиб турар, ҳадеб унга қараб жилмаяр ва бундан тобора кўпроқ завқ туярди.

Улар ҳеч қачон бунчалик яқин ва бақамти ўтирмаган, бир-бирининг ўй-хаёлида нималар кечаётганини бу қадар теран ҳис қилмаган эди!

– Лайло? – деди Искандар Карим паст овозда. У, чамаси, бошқа йўловчилар гапларини эшитмаслигини истаётган эди. – Бир илтимосим бор эди сизга…

– Нима экан? – деди Лайло табассум билан.

– Биласиз, ўқишдан кейин ишлайман. Ярим тунда уйга қайтаман. Иш кўп. Конспектга ҳеч улгурмаяпман. Ёзишга ёрдам бермайсизми?

Лайло бажонидил қабул қилди.

– Хоҳласангиз, ҳозир беринг дафтарингизни, – деди меҳрибонлик кўрсатиб. – Ёзиб беравераман.

Искандар Карим терисига сиғмай кетди. Шу онда қани энди имкони бўлсаю, Лайлонинг нозик қўлини сиқиб қўйса, миннатдорлик билдирса. Шунча вақтдан бери ҳатто ақалли қўлидан тутгани йўқ эди…

– Мана, дафтар, – деди Искандар Карим дарров сумкасидан қора жилдли бир дафтарни олиб тутқазаркан. – Охирги ўтилган учта дарс мавзуси…

– Хўп!

Лайло беҳад назокат билан жилмайганча дафтарга қўл узатди.

Аммо… аммо… қўли ҳавода қолди!

Шу пайтда осмондан тушдими, ердан чиқдими, нимадир келиб жуда қаттиқ урилдию маршрутка қарсиллаганча ёнбошига ағдарилиб кетди. Ойналари чил-чил бўлиб сочилди. Бир-бирига устма-уст йиқилиб, ғужанак бўлиб қолган йўловчилар додлаб, чинқириб юборди. Ким қаерда ётибди, ким тиригу ким ўлди — билиб бўлмай қолди. Кимдир қўрқувдан додлаган, кимдир инқиллаган, бошқаси дағ-дағ қалтираб калима қайтаряпти.

– Лайло!! – деб бақириб юборди Искандар Карим кутилмаганда. У ётган кўйи қўллари қизиб, намланганини ҳис қилди. Синган ойна бўлаклари билаги ва елкасини кесганини, қон сизиб чиқаётганини сезди. Аммо ёнгинасида кетаётган Лайло қани?

– Лайло?!

Искандар Каримнинг қулоғига «ҳа?», деган жуда заиф овоз чалинди.

Улов ағдарилганида Лайло битта олдинги ўриндиқ томонга «учиб» ўтиб кетган экан. Искандар Карим қўлини унга узатди. Лайло ҳам қўл берди…

– Яхшимисиз, Лайло? Ҳеч нима қилмадими? Лат емадингизми?

– Бошим… – деди Лайло инграб.

Автоҳалокатда, яхшиямки, ҳеч ким ўлмабди. Аммо эртаси куни Лайло ўқишга келмади.

Дугоналари дарсдан сўнг шифохонага қараб жўнашди. Искандар Карим уларга шерик бўлди…

4

Искандар Карим метродан чиққанида қуёш ботаётган эди. Шошилди. Неча кунки, ишга кечикиб келади.

Марказий стадион ёнидан шитоб билан юриб ўтаркан, столи устида қалашиб ётган қоғозларни, чала ё бажарилмаган топшириқларни, қовоғи солиқ раҳбарнинг тунд қиёфасини кўз олдига келтириб, безовта бўлди.

Раҳбари-ку, ёмон одам эмас. Тушунади. Талабасиз, майли, яхши ўқийверинг. Лекин ишни ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Икковини ҳам эплаш керак. Ҳозир сиз учун аввало ўқиш шарт. Агар яна шундай кечикиб келаверсангиз ёки топшириқни бажармай ишдан эрта кетворсангиз, қаттиқроқ чора кўришга мажбур бўламан. Шунга олиб борманг, деган эди.

Аллазамондан бери тиришиб, шу одамгарчилик талабига жавоб беришга уринади. Замон оғир, қалтис бўлса, ким кўп – ишсиз банда кўп. Шунча дипломлига йўқ ишни талаба ҳолингга ҳам сен банд этиб ўтирибсан, Искандар Карим, дерди ўзини ўзи койиб. Аммо қанча ҳаракат қилмасин, эплаш осон эмаслигини тан олмоқдан ўзга иложи қолмаётган эди.

Ҳар куни ижара уй, ўқиш ва ишхона ўртасида бўзчининг мокисидай зир югуради. Учаласида ҳам ҳаловат топмайди: уйга фақат ухлагани боради, ўқишда ишхонадан берилган топшириқларни ўйлайвериб, игнанинг устида ўтиргандай ўтиради, ишхонада эса дарс тайёрлаш, ўқиб улгуриш ҳақида қайғуради. Алалоқибат учови ҳам ўлда-жўлда қолади.

Кўпинча улар ҳақида ўйлашдан зада бўлганида Лайлони кўз олдига келтирадию ажиб ҳислар қўршовида қолади. Ҳозир қизга қийин. Автоҳалокатдан кейин боши тинимсиз оғриётган эмиш. 

5

Лайлога кинога тушишга ваъда берган ўша шанба куни ҳам тезда келиб қолди.

“Демак”нинг дарс пайти телефони бехосдан жирингламаганида Искандар Карим ваъдасини бажарган бўлар эди.

Қўл кўтариб, рухсат сўраб, отилиб йўлакка чиқди. Телефон тугмасини кўтариши билан раҳбари салом йўқ, алик йўқ, шанғиллай кетди:

– Қачонгача шундай қилиб юрасиз! Орқангизни тозалайвериб, жонга тегиб кетди-ку! Бир соатда ишга келинг, бўлмаса…

“Тут, тут, тут”

Раҳбар гапини якунламасдан қизил тугмани босиб қўйди.

Искандар Карим тушундики, у кечаги тайёрланган хом ҳужжат учун катта раҳбардан дакки эшитган. Йўқ, дакки эшитса, бунчалик қаҳрга минмас эди. Қўйдай ювош, кўнгилчан одам саломни ҳам унутиб шанғиллашидан жиддийроқ гап борлигини тусмоллади. Энди нима қилмоқ керак?

“Демак”дан рухсат олиб, ошиғич ишхонага қайтмаса бўлмайдиганга ўхшайди.

Аттанг, Лайлога нима важ айтса бўлар экан-а? Ишонармикан? Тағин неча ҳафтадан бери кутаётган кинога бориш орзуси эди. Қизни базўр кўндирган эди ўзи.

Хайрият, “Демак” индамай жавоб берди. Чиқиши билан Лайлонинг телефонига хабар ёзди. Лайло, деди, мени ишхонага шошилинч чақиришяпти. Раҳбарият топшириқ берди. Боришим зарур. Тезда тугатишга ҳаракат қиламан. Улгурмасам хафа бўлманг, майлими? Жуда бўлмаса, кейинги ҳафта албатта борамиз…

Хабарни жўнатишга жўнатди-ю, Лайло қандай муносабат билдиришини юраги ториқиб кутди. Бир зумда телефонига келган хабарни яшин тезлигида очди.

“Ҳа, майли. Ишингизни бемалол қилаверинг, сизни тушунаман-ку…”

Искандар Карим ўқиб, ичида хайрият-е, деди. Шу маҳал телефонига яна хабар келди. Унда: “Кутаман…” деб ёзилган эди. Искандар Карим ўйладики, шу қизнинг бир сеҳри бор-да. Ҳар гапи, ҳар сўзи, ҳар қараши, ҳар жилмайиши бир маъно. Маъноки, Искандар Каримнинг кўнгил торларини беихтиёр чертиб ўтади. Кўнглининг туб-тубига келиб ўрнашади.

Суюнганидан хабарнома келган телефони экранини ўпиб қўйди…

Искандар Карим ишхона остонасидан ўтаётганда ҳамкасбларидан бири, сийрак сочли Ботир ака хавотир аралаш:

– Укам, тезроқ тепага учрашинг, – деди бармоғи билан шифтни кўрсатиб.

– Тинчликми? – дея сўради Искандар Карим.

– Ҳозиргина ўн балли зилзила бўлди тепада…

Ботир аканинг лаҳжасида бу жуда катта кўнгилсизлик ё ўткир бир муаммони англатар эди. Бу одам ҳеч тўғри гапирмайди ўзи, тўғри гапирсаям, тўғридан-тўғри гапирмайди, нимагадир ташбеҳ қилади. Тўс-тўполон ёки муаммонинг даражасини “Рихтер шкаласи” бўйича ўлчайдими-е. “Балл” тарозисида тортиб кўрадими-е. Бўлим мудири билан тортишиб қолса, “уч-тўрт балли” айтишиб қолдик, дейди. У ҳозир “ўн балли” деяптими, демак, аҳвол ҳақиқатда чатоқ. Ҳолингга маймунлар йиғламаса эди, Искандар Карим, дея ўйлади. Агар раҳбар суробингни тортиб, ковушингни тўғрилаб қўйса, ўлдинг! Ишсиз қоласан. Ўқишингнинг контракт-шартнома пулини қаердан топасан. Яхшиям, шу бошқармага ишга кирган экансан. Бўлмаса, ўқиш тўловининг ўзи отангнинг белини майиб қиларди. Қўли калта отанг мардикорликдан топган пули нимагаям етсин. Касалманд акангнинг дори-дармонигаям етмайди. У ёқда онанг, сингилларингнинг мудом товони ёриқ, устига оҳорли кийим олмагани-ку, майли, оёғига янги ковуш илмаганига неча замон бўлиб кетди. Сенинг ишсиз қолишинг – уларга бу кунини ҳам кўп кўрганинг бўлади, Искандар Карим!

Айни ўйлар кўнглига чексиз ваҳим уруғини қадади. Учинчи қаватга қандай отилиб чиққанини билмай қолди.

Котиба қиз уни кўриб, ачинганнамо имлаб саломлашди.

– Ичкарида одам бор эди, – деди қиз ва узун териб қўйилган совуқ курсилардан бирини кўрсатди: – Ўтира туринг шу ерда.

– Раҳмат…

Бир чой қайнагулик вақт ўтиб, раҳбар хонаси эшиги оҳиста очилди. Ичкаридан кадрлар бўлими бошлиғи – Санобар опа деган жувон чиқиб келди. У чиқаётиб, кўз илғамас эпчиллик билан озроқ кўтарилиб қолган кўйлагининг орқа этагини туширди ва ёқасини тўғрилаб қўйди…

Искандар Карим салом берди. “Кадр” унинг кўзига қарамасдан, алик олиб, ҳуркак оҳудай енгил ҳаракат билан қабулхонадан чиқиб кетди. Тавба, ҳар доим қуюқ саломлашарди, ўқишларини сўрарди. Мовий кўзларини меҳр билан тикиб, аҳволлашарди. Нима жин урди экан уни…

Хаёллари чувалашиб турган эди, котиба қиз:

– Кирсангиз бўлади, – деди.

Раҳбар Искандар Каримнинг қораси кўриниши билан укки кўзларини тешиб юборгудай унга қадар экан, қўли билан имлаб олдидаги стулни кўрсатди: “Кел, ўтир”.

Искандар Карим ҳаяжондан салом бердими-бермадими, билолмай қолди ва таваккал қилиб, қайта салом берди:

– Ас-са-ло-муалайку-у-у-м…

Раҳбар қисқа қилди:

– Валайкум…

Баттар ваҳима босди. Ишқилиб, тезроқ гапирсин, майли, бор заҳрини тезроқ соча қолсин, нима бўлсаям, шу жин ургур хонадан тезроқ чиқиб кетса, тоза ва енгил ҳаводан симириб эркин нафас олса, бас…

– Нималар қилиб юрибсан, Искандар? – деди раҳбар. Одатда у исмига “жон” қўшиб айтарди. Искандарни “жон”дан маҳрум қилдими, демак, наинки каттароқ хато, балки бирор гуноҳ ўтгани аниқ.

Стулда ўтирганча оёғини дам-бадам асабий қимирлатар экан, аъзои бадани бўшашиб бораётганини сезди. Савол умумий ва мужмал бўлгани билан аниқ жавоб талаб қиларди. Бундай пайтлар олдиндан катта кетиб бўлмайди.

– Шу… ўқишдаман, тушдан кейин ишда… – деди ниҳоят.

– Бошқарма ҳисоботида жуда катта, қўпол хато қилибсан, ука. Бизам сенга ишониб, индамай қўл қўяверибмиз. Катталарнинг олдида бетимиз қанчалик шувут бўлганини билмайсан. Бу оддий эмас, сиёсий хато!

Искандар Карим раҳбарнинг гапини шартта бўлди ва:

– Нима хато кетибди ўзи? – деди. Бунга қандай журъат топганини билмай қолди.

Раҳбарнинг қоши чимирилиб кетди.

– Ҳали айтишмадими?

– Йўқ, – деди Искандар Карим ва ҳали ҳеч ким билан гаплашмаганини, хонасига тўғри кириб келаётганини айтди.

Хўжайин столи устидаги папкалардан бир уюм қоғозни олиб, Искандар Каримнинг олдига «тарс» эткизиб  ташлади.

– Кўр қани буни!

Искандар Карим бундай муомалага ўрганмаган, илк бор олдига қарсиллаб тушган қоғозларга тикилиб қолди. Худди раҳбар юзига ўхшатиб тарсаки тортгандай бўлди. Қизарди. Ҳужжатнинг устига шапалоқдек қоғозча қистирилган, унга “Ушбу хатоликка йўл қўйган ходим зудлик билан жазога тортилиши таъминлансин!” деган битик битилган бўлиб, тагига асабий имзо чекилган.

Искандар Карим кўзларини беихтиёр юмиб олди: ҳаммаси тамом! Отасининг қабарган қўлларини кенг ёзиб, унга бахт ва омад тилаб дуо қилганча, қишлоқдаги уйидан кузатиб қолган ўша талабалик остонасидаги манзара кўз олдига келди.

Ҳужжат қоғозларини бирма-бир олиб варақлар экан, бешинчи саҳифада қизил ручка билан бир абзац гап тагига обдан чизилиб, бир-биридан катта иккита сўров белгиси қўйилганини кўриб, лабини тишлади. Пастроқда яна бир сўз қалин айлана чизиқ билан ўраб бўяб ташланган. Эътибор билан ўқиб кўрди: “Бошқарма томонидан кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида уч нафар етук кадр тайёрланиб, улар жаҳон ареналарига чиқа бошлади” деган гапда “чиқа” сўзидаги “қ” ҳарфи ўрнига “ч” ҳарфи тушиб қолган…

Искандар Каримнинг кўз олди хира тортиб, қоронғилашиб кетди. Боши ғувиллаб айлана бошлади.

Ҳисоботни минг қайта ҳижжалаб ўқиган, бирор хато қолдирмасдан кўриб чиққан эди. Бу ҳамкасблари тусмоллагандай қўпол хато эмас, нақ ҳақорат ва… туҳматнинг ўзгинаси эди…

Агар ҳисобот вазирликка кетмаганида ва у ердан бетга тортилган тарсаки бўлиб қайтариб юборилмаганида эди, Искандар Каримни сўкиб-койиб, нари борса, огоҳлантириб қўя қолишар эди. Аммо бундай бўлмади. Шахсан раҳбарнинг ўзи бу ҳолатдан воқиф бўлди. Вазирлик олдида ер ёрилмади –  кириб кетмади.

Искандар Карим бунинг товони оғир бўлишига ишончи комил эди.

Раҳбар Искандар Каримнинг ҳолатига, ҳар бир нафас олиб-чиқаришигача диққат билан кузатиб ўтирар, раҳм қилиб, жиндек тасалли бериш қайда, бир чўқишда рақибининг тожини узиб оладиган дакангхўроздай ҳамлага шай турарди.

Баҳона тўқимоққа ҳожат йўқ эди. Кечирим сўраб, узр айтиб, тавба-тазарру қилмоқлик ҳам фойда бермас. Фақат бир йўл қолган: таслим бўлиш!

– Ҳаммасини тушундим… – деди Искандар Карим паст овозда. Овози шундай секин ва заиф чиқдики, бу ҳол ҳамиятига тегиб кетди. Ва баландроқ, дўлвор овозда мағрурона сўради: – Энди нима бўлади? Ишдан ҳайдаламанми?

Раҳбар анчайин синчи одам эди. Кишининг кўнглидагини бир зумда уқиб олиш қобилияти бор, пихини ёрган кишилар тоифасига кирарди. Искандар Каримнинг гап оҳангидан энди унга барибир эканлигини сезиб турарди. Шунинг учун майдалашиб ўтирмади ва дангалини айтди-қўйди:

– Ҳайдаласиз.

Искандар Карим чорасиз қолди. Аммо унинг қаршисида ўзини ожиз сезгиси-да келмади. “Ҳайдаласиз” дейишига қараганда жўрттага пўписа қилаётган бўлиши мумкин. Тавбасига таянтириб, обдан тарбиялагач, ҳиммат кўрсатиб, кичикроқ жазо бериб қўя қолиши мумкинлигини тушуниб турар эди. Бироқ…

– Майли, – деди ва ўрнидан туриб, қаддини ғоз тутди: – Ариза бўлса, ариза-да!

Унинг виқор билан турганини кўрган раҳбар тикилиб қолди. Бундай журъатни ҳеч кўрмаган эди. Унча-мунча юқори лавозимли одамларни кўрган, тажрибаси бўйидан баланд ходимларни кўрган, уларнинг бирортаси аризани шунчаки ёзмаган: ишда қолиш учун тавба-тазаррулар қилган, ялинган, ўзини ҳар кўйга солган, ҳатто ошкора шантаж қилганлари ҳам учраган. Лекин ҳеч ким қаршисида шу тирмизакчалик бошини баланд тутиб, ғурур билан рози бўла қолмаган.

– Аризамни ёзиб, бўлим бошлиғига бериб кетаман… – деди Искандар Карим яна бир бор таъкидлаб. – Хато қилдим. Лекин сизларнинг қилган яхшиликларингизни эсдан чиқармайман. Раҳмат ҳаммаси учун!

Раҳбар индамай бош ирғаб қўя қолди. Искандар Карим шаҳд билан турди, ортига қарамасдан эшикни секин ёпди-да, яна шитоб билан хонасига тушиб кетди. Аввал ёнма-ён ўтирадиган ҳамкасбига вазиятни тушунтириб, хайр-хўшлашди. Сўнг бўлим мудири олдига кирди. Аризани тутқазди.

Бўлим бошлиғи худди полапонидан айрилаётган мусичадек унга беҳад раҳм-шафқат билан термилиб эшитди. Начора, Искандар Каримжон, деди, биз ҳеч биримиз бундай бўлишини кутмаган эдик. Аммо ҳаммамиздан айб ўтибди, эшитадиганимизни эшитдик. Афсуски, раҳбарнинг қаҳри келди. Талаби шу бўлиб турибди энди. Нимаям қилардик… Иш топишингизга шахсан ўзим ёрдам қиламан. Бир-икки жўраларим бор, улардан иш сўраттирдим.

Искандар Карим ҳозир ичини ит тирнаётган бўлса ҳам бўлим мудирининг бу гапидан жуда севинди. Яхши одам барибир яхши-да, ҳарна ўз ҳолингга ташлаб қўймайди.

– Омон бўлинг, устоз! – деди Искандар Карим дадиллашиб.

Бўлим бошлиғи унинг қўлини маҳкам сиқиб қўйиб, деди:

– Келиб туринг!

– Хўп, насиб қилса…

Ичида, елкамнинг чуқури кўрсин, деди.

Искандар Карим ишхонадан чиқиб кетар экан, иш столига, деворларга, эшигу тутқичларга диққат билан разм солди: худди ўқишга илк бор келаётганида ота-онаси билан хайрлашгандаги каби оғир бир хўрсиниқни туйди.

“Бошқа кўрмайманми энди бу ерларни, а…”

Ташқарида қоронғи тушаётган, шаҳарнинг тунги чироқлари бирин-кетин ёниб, атрофни нурафшон қила бошлаган эди. Биргина Искандар Каримнинг ичи шаҳардаги жамики чироқни тўплаб ёқса ҳам ёришмас, дили хуфтон эди. Бояги шаҳди буткул йўқолиб, бирпасда шалвираб қолди.

Одатда шу маҳаллар айни иш қайнаган, завқ-шавққа тўлиб ишлаётган бўларди… Энди эса худди кимсасиз чўлда улоқиб қолган қўзичадек тўрт томонга баравар аланглар, қаерга, нима учун бораётганини билмас эди.

Ижара уйга шошсинми? Уйда барибир ҳеч ким йўқ ҳозир. Ўқишга борсинми? Дарслар тугаб кетган. Лайло ҳам уйидадир. Балки йўлдадир. Қўнғироқ қилиб кўрса-чи?

Қўли беихтиёр таниш рақамларни тера бошлади.

Узун-узун гудоклар жавобсиз қолди.

Искандар Карим безовталанди. Кўнглига қил ҳам сиғмаётган шундай чоғда Лайлони кўргиси, бирпас кўзларига термулиб ўтиргиси, дунёни унутиб, чалғигиси келган эди. Аммо бари чаппа кетяпти…

Кўзига чароғон шаҳар худди зимистонга дунган ташландиқ харобазорга ўхшаб ғариб кўриниб кетди.

Беҳол алпозда бекат ўриндиғига чўкди. Сумкасидан қора жилдли ёндафтарини олиб, бир бурчагига: “Начора, бир кунда баридан айрилдим…” деб ёзиб қўйди.

Атрофга олазарак боқиб кузатди, ён-веридан ўтиб-қайтаётган йўловчилар, ғиз-ғиз қатнаётган машиналар – бари аҳамиятсиз, жонсиз матоҳ, ҳидсиз гул, худди ҳозир бору кўз очиб юмгунча йўқ бўлиб қоладигандек омонат нарса, мисоли сароб бўлиб туюлди. Ана, кўчада қанча телба ўтяпти. Бадқовоқ ва баджаҳл тентаклар. Шоду хуррам одамлар ҳам ўтяпти. Онда-сонда дунёни унутиб, ишқдан масрур жуфтликлар, бир-бирининг пинжига кириб олган севишганлар ҳам шодон кўриниш беради.

“Биргина сен ғамнок қалбинг билан ёлғиз қолдинг, Искандар Карим, – дея ўйлади у. – Мана, ишдан ҳам ҳайдалдинг. Энди борар манзилинг ҳам йўқ ҳисоби. Ижара уйга берадиган пулинг бўлмагандан кейин қаергаям борардинг… Ҳатто Лайло ҳам қўл силтади сенга…”

Искандар Каримнинг юраги ториқди.

Ўрнидан туриб, яқинлашаётган автобусга қараб юраётиб: “Э, тупурдим барига…” – деди.

6

Тирик қулга тиним йўқ экан.

Ишсиз қолгани етмагандай, ҳаш-паш дегунча, ўқишнинг пулини тўлайдиган вақт ҳам яқинлашди. Қозонга қармоқ ташлаб ҳам макаронни тутолмаётган кунлар келди. Оч-наҳор ўқишга борар экан, жилла қурса, курсдош дўстларидан бирортасидан ҳафтага етар қарз кўтармоқни ният қилди. Аммо дўстлар ҳам ўзидан пеш эмас эди: ярмининг шундоқ ҳам қўли калта, қолганларининг димоғига қурт тушган, қарзи қайтмаслигига кўзи етарди…

Бўйнигача қарзга ботган мардум яшайдиган бу заминда бир талабага ким пул берарди…

Нажот бўлмагач, ётар қурсоққа – ёрти нон, деди-да, дарсдан чиқиб, мардикор бозор оралади.

У ерда ҳам ҳеч ким Искандар Карим қачон келадию бурнимизни бўшатиб кетади, деб кўзи учиб тургани йўқ экан. Тирикчиликдан эзилиб кетган отаси тенгги одамлар йўл ёқасига бирор мошина шунчаки тўхтаса ҳам югуриб бориб ўраб олар ва ҳайдовчининг шунчаки тўхтаганини билиб, бармоғини бурнига тиқиб қайтиб келиб, жойига – кундага ё униқиб кетган йўл сумкаси устига ялпайиб ўтириб оларди.

Жазирамада қалин ва оҳори тутдай тўкилган жинси шим, устига яғири чиқиб кетган оқ майка, оёғига товони майишган шиппак, бошига малла кепка кийиб олган, чамаси олтмишни уриб қўйган серажин бир собиқ ўқитувчи-мардикорнинг гапи қулоғида қолди: “Кунига беш минг берса бўлди, ҳар куни ҳожатхонасини қўлим билан тозалаб ўтиришгаям розим эдим…”

Бу бозорда менга нон йўқ, деб ўйлади Искандар Карим. Ижара уйга келиб, кечгача кўкрагини захга бериб ётди. Бояги домланинг гапини эслаб, ўз отаси кўз олдига келиб кетди… Келажаги ҳақида ўйлади. Келажаги худди пули тўланмагани учун чироғи ўчиб қолган ижара уйидек зулмат бўлиб кўринди. Аммо…

Кумуш кунга қўнса, олтин ўз оёғи билан келар экан.

Эртаси куни танаффус пайтида ҳеч кутилмаган воқеа бўлди: неча кундан бери тилдан қолган телефони жиринглади. Таниш рақам эди.

– Искандаржон! Яхшимисиз? – деди нариги ёқдаги ўктам овоз.

– Ассалому алайкум, устоз! – деди Искандар Карим.

– Сизга янгилик бор, ука. Ҳозиргина раҳбарнинг ўзи айтди: эртадан ишга чиқар экансиз.

Искандар Карим ҳайрон бўлди.

– Қанақасига, ака? Ишдан бўшаганман-ку…

Бўлим мудири обдан тушунтирди, энди, шундай ишлар ҳам бўлиб туради-да, Искандар Каримжон, деди, аризангиз столида уч-тўрт кун ётди, аммо раҳбар мардлик қилди, имзо қўймабди. Ёш кадр, оқибатли, ишчан, ҳалол йигит экан, деб ўз оғзи билан айтди.

Бу гапларни эшитиб, Искандар Каримнинг дили ёришиб кетгани, озгина ғурурланиб, бўйи бир газ ўсгани ҳам рост. Аммо топталгандек туюлган қадри бу туйғуларни очиқ кўрсатишига монеълик қилар, жиндек бўлса-да, ўзини тарозига солгиси келарди.

– Ака, раҳмат, лекин… – деди ва жим қолди. Сўнг қўшиб қўйди: – Хўроз қичқирмаса ҳам тонг отаверади, ака. Ризқим қийилган жойга қайтиб боролмайман!

Бўлим мудирининг овози ўзгарди. Қатъият билан деди:

– Энди, Искандар Каримжон, гап бундоқ: сиздан ўтган хатолик кечирилди. Бошқа одам бўлганингизда ҳеч ким чақирмас эди. Раҳбарнинг ўзи ишонар экан сизга. Келажаги бор деб иззатлаб турганида сиз бундай деманг. Ўтган ишга саловат денгу орқага ташланг, тамом! Ҳали кўрасиз, ҳаммаси изига тушиб кетади.

Бу гапни эшитиб, йўқ дегиси келмади. Гадо аразласа, тўрвасига зиён.

Хайрлашиб, енгил тин олди.

7

Одатдаги кунлардан бирида дарсдан сўнг ишга борди. Шанба куни бўлгани учун одам кам.

Тушга яқин бўлим мудири чақириб, раҳбарнинг илтимосини айтди.

– Зудлик билан мана шуни майдалатиб келсангиз, – деди қўлига юз долларни тутқазиб.

Искандар Карим ишхонада энг ёш ходимлардан эдики, бу ерда ҳам ўзбекнинг кичиги бўлгунча, дея бошланувчи ўша машҳур мақол амалда соат милларидек ғоятда аниқлик билан ишларди. Бунга анчайин ўрганиб қолган Искандар Карим киприк қоқмай рози бўлди.

– Фақат, – деди бўлим мудири алоҳида таъкид билан, – буни кўчадаги чайқовчи-саррофлардан майдаламанг, банк шохобчасига боринг! Тағин муаммо бўлмасин-а…

– Хўп, тушундим, – деди Искандар Карим.

Пулни олдию қатлаб чўнтагига солди.

Марказий бозорлардан бири ёнидаги машҳур болалар магазини олдига яқинлашар экан, ҳар қадамда чайқовчи-саррофларни кўрди. «Доллар оламиз, доллар» деб турарди. Замонасидан айланай, чет эл пулини банк шохобчасидан айрибошлаш қонуний, саррофлар билан олди-берди қилиш – ноқонуний. Шохобчага яқин жойда юрган қўриқчилар, формали кишилар долларчиларни кўради, аммо индамайди. Ҳар замонда қандайдир машинада сиренасини ёқиб назоратчи бошқа формалилар келиб қолсагина, ўшаларга қўшилиб долларчиларни қийратиб қувиб қолади. Машиналилар кетгач, яна туя кўрдингми – йўқ…

Искандар Карим бундай манзарани кўравериб пишиб кетган. Шунинг учун бўлим мудири айтган гап тўғри, қонуний майдалагани тинч.

Аксига олиб, банк шохобчаси ёпиқ, дарчасига “Тушлик” деб ёзилган экан. Искандар Карим бош қашлаб турган эди, бир аёл келиб қолди.

– Ёпиқ эканми? – дея сўради у.

– Ҳа, – деди Искандар Карим.

– Тушлик вақтиям бўп қолди, овқатлангани кетишгандир.

– Ҳа… Шунақага ўхшайди.

Искандар Карим аёлга разм солиб қаради. Кун иссиқ бўлишига қарамай, эгнига сариқ нимча илган, юзида данакдай холи бор, жингалак сочлари тўзғиган, ҳорғин бир аёл, самимий чеҳрасидан ўзига тўқ одамларга ўхшайди.

– Доллар олмоқчи эдингизми? – дея сўради аёл боягидек самимий оҳангда.

– Йўқ, майдаламоқчи эдим, – деди Искандар Карим. – Бу атрофда яна борми шундай шохобча?

– Бор. Бозорнинг ичида бор.

Искандар Карим раҳмат айтиб, бозор томон қадам ташлаган эди ҳамки, аёл яна тилга кирди:

– Неча доллар эди сизда?

– Юз…

– Бир кўрсам майлими?

Искандар Карим пулни олиб, кўрсатди. Аёл пулни ушлаб кўрмоқчи бўлди, шекилли, қўл чўзди. Искандар Карим узатди.

Аёл долларни у ёқ – бу ёғини айлантириб кўрди. Бармоқлари билан ишқалади. Қуёшга тутди. Сўнг ҳе йўқ – бе йўқ, пулни икки-уч қатладию шартта кўйлаги кўкраги — сийнабандига тиқди!

Искандар Карим нима бўлаётганини англай олмай анграйиб қолди. Аёл пулни тиқиши билан ортга тисарилдию кета бошлади. Искандар Карим тахтадай қотиб қолаверди. Аёл қадамини тезлатиб, шитоб билан кета бошлаган эди, Искандар Карим ўзига келди.

– Опа, нима қиляпсиз? Қаерга кетяпсиз? – деди баланд овозда.

Аёл қарамади. Худди ҳеч нимани эшитмагандай йўрғалади. Гап канда қилмаганини кўрган Искандар Карим югурди. Шартта етиб олиб, йўлини тўсди.

– Бу нима қилганингиз?! – деди у. – Пулни беринг бу ёққа!

Аёл унинг кўзларига тикилган кўйи:

– Қанақа пул, ука? – деди ҳайрон бўлиб. – Пул йўқотдингизми?

Искандар Карим баттар анграйиб қолди. Нима дейишга ҳайрон, олдида турган манави одамми, шайтоннинг урғочисими – билолмай қолди.

– Юз долларимни олдингиз-ку, ҳозиргина?!

– Қанақа юз доллар, ука? Туҳмат қилманг! Бўлмаса, туҳмат учун жавоб берасиз!

Искандар Карим унга гап канда қилмаслигини тушунди. Шартта кўйлаги ёқасига қўл чўзган эди, аёл додлаб юборди:

– Нималар қиляпсан, ифлос! Агар тегинсанг, ҳозир мелиса чақираман! Кўкракларимни ушламоқчи бўлди, тажовуз қилди, деб қаматаман!

Вазият бундай тус олишини мутлақо кутмаган Искандар Карим қўлини тортди. Ҳозир ҳар қандай хатти-ҳаракати ёмон оқибатга олиб келишига кўзи етиб турарди. Агар аёл қий-чув кўтариб, бошига одам тўпласа, Ҳорун ар-Рашид бўлсанг ҳам ноҳақ кимсага айланасан-қоласан. Сабаби у — аёл. Аёл доим жабрдийда ҳисобланган…

Искандар Карим буткул чорасиз қолди. Аёл эса, яна шитоб билан кета бошлади. Искандар Карим эргашди. Аёл, чамаси, йигирма қадамча олдинда борарди. Бир маҳал тўққиз қаватли уйга томон қайрилди. Искандар Карим кўздан қочирмай изидан юраверди. Аёл уй олдига ўтди.

Шу маҳал телефони жиринглаб қолди. Қаради. Лайло!

“Шу маҳалда нима дейсан, Лайло? Топган вақтингни қара…” дея ғўдранди зарда билан. Қизил тугмани шартта босди-да, аёлни таъқиб қилишда давом этди. Аммо шундоқ «дом»нинг олди томонига ўтиб қараган эди, аёлдан ном-нишон йўқ! Осмонга чиқдими, ерга кириб кетдими – ғойиб бўлган эди.

Искандар Карим бошини чангаллаб қолди.

“Сени деб бўлди, Лайло…” деди ичида.

Юз доллар-а… Бу пул талаба зотининг икки ойлик маишатига етади. Тухум ва макарондан бошқа масаллиқ кўрмаган қозони гўштга тўлиб биқирлаб қайнайди. Майли, пул топилар. Аммо у оддий пул эмас. Раҳбарнинг пули-я. У ишхонада ишониб кутиб ўтирибди. Унга нима дейди? Пулингизни йўқотиб қўйдим, дейдими? Ишонади-да ўзиям. Бир аёлга олдириб қўйдим десинми? Қанақа латта боласан, ўзи? Эркак бўлиб туриб, аёл кишига нарса олдириб қўясанми? Бунақа латта бўлгандан кўра ўл, демайдими? Дейди! Деганда ҳам ер билан битта қилиб гапиради! Жамоадагиларга айтиб юради. Ҳаммага майна қилади.

Искандар Карим ўйлай-ўйлай «дом»нинг нариги бошида мунғайиб турган бир дўконни кўрди. Ўша томон юраркан, хаёллари минг кўчага кириб чиқди. Энди нима қилишини ўйлади. Бахтига, ана, дўкон бор экан. Дўкондордан маслаҳат сўрайди. Яқинлашиб келиб қараса, дўкон ортида Милиция таянч пункти бор экан! Одамнинг бахти чопгани шу-да! Искандар Карим ўйлаб ўтирмай, пунктга кириб борди.

Эшик очиқ, ичкарида бир сержант журналга тикилиб ўтирган экан. Искандар Каримнинг саломига алик олар экан, ўтиринг, дея ёнидаги курсини кўрсатди. Сўрашишди.

– Нима хизмат, ука? – деди сержант мулойимлик билан.

Искандар Карим вазиятни батафсил тушунтирди. Сержант бошини сарак-сарак қилиб, тинглади. Охирида:

– Кўриниши қандай аёл эди? – дея сўради.

Искандар Карим каловланиб қолди.

– Шу… оддий аёл. Узун ҳам эмас, калта ҳам. Ориқ ҳам эмас, семиз ҳам. Оқ ҳам эмас, қора ҳам… – деди.

Сержант кулди:

– Шунақасиям бўларканми?

– Ака, тўғрисини айтаман, ташқи кўриниши эсимда қолмади.

Сержант жиддий тортди.

– Кўрсангиз таний оласизми? – дея сўради.

– Ҳа… Юзида нўхатдай холи бор эди.

Сержант диққат қилганча, сўради:

– Сочи чингалакмиди?

– Ҳа… Лўли аёлларга ўхшаб кетади…

– Тушунарли, – деди сержант хотиржамлик билан. — Юринг орқамдан.

Улар бирин-кетин чиқишди. Искандар Карим сержантга эргашди.

Сержант ўша “дом”нинг биринчи подъезди олдида оёқ илди ва:

– Сиз шу ерда кутиб туринг, – деди.

Искандар Карим бош ирғади. Сержант бамисоли нажот фариштаси бўлиб кўринди. Агар у ёрдам бера олса, Искандар Каримни кўп нарсадан асраб қолади. Раҳбарнинг олдида ландавур бўлишдек ёқимсиз, эр йигит учун ҳақоратли аҳволдан қутулишнинг ягона йўли сержантнинг ўша аёлни топиб, пулни қайтариб олиб бериши.

Бир чой қайнагулик вақтда уй йўлагида сержант кўринди.

– Қаранг-чи бир? – деди у мийиғида кулиб.

Искандар Карим не кўз билан кўрсинки, сержантнинг ортидан икки аёл чиқиб келяпти. Эътибор берса, иккиси ҳам бир хил. Худди эгизак дейсиз. Йўқ, эгизакларда ҳам қандайдир фарқли белгилар бўлади: бирови новчароқ, бирови бўйи пастроқ, қайсисидир семизроқ, бошқаси ориқроқ бўлади. Бу икковининг бўй-бастиям, қад-қоматиям бир хил! Икковининг ҳам юзида бир хил жойда хол бор. Ҳатто кийиб олган кийимларини ҳам ажратиб бўлмайди.

– Хўш, укам, шулардан қайси бири олди пулингизни? – дея сўради сержант.

Искандар Карим кутилмаган бу ҳолдан довдираб қолди. Аёллар худди ҳеч нима бўлмагандай хотиржам тургани билан иккиси ҳам Искандар Каримнинг кўзларига нафрат билан, еб қўйгудек тикиларди.

– Менимча, буниси, – деди Искандар Карим иккиланганча, ўнг томонда турган аёлни кўрсатиб.

– Ҳой, ифлос!!! Нималар деяпсан?! – дея шанғиллаб кетди ўша аёл. – Ман гадойманми пулингни олиб?!

– Тинч тур! – дея жеркиди сержант. – Сенга гапир демадим ҳали.

Аёлнинг дарров уни ўчди.

– Ука, яхшилаб қаранг. Балки бунисидир? – деди сержант чапдаги аёлни кўрсатиб. Искандар Каримнинг иккиланиши янаям кучайди.

– Буям ўхшайди, – деди тутилиб. – Ҳа, аниқ шуниси бўлиши керак.

Сержант яна кулди.

– Биттасини аниқ айтинг.

Искандар Карим қатъий ишонч билан чапдаги аёлга тўхталди.

Сержант аёлга:

– Пулни тезда қайтариб бер! – деди.

Боядан бери жим турган аёл:

– Сан ҳароми кимга туҳмат қиляпсан! – дея ўшқирди. Искандар Каримнинг юраги товонига тушиб кетди. Нима дейишни билмай қолди.

– Шанғиллама! – деди сержант. – Агар пулини қайтармасанг, ҳозир олиб бориб яна тиқаман! Тўрт суткага кетасан!

Аёл ҳовуридан дарров туша қолди. Бақрайган кўзларини олиб қочди. Кўкрагига қўл юбориб, сийнабандидан ғижимланган пулни олди-да, баттар ғижимлаб-эзиб Искандар Каримнинг юзига қараб шундоқ отдики, гўё у пул эмас, нақ кесакдек келиб зарб билан тегди.

– Бировнинг ҳақи минг жойингдан тешиб чиқсин! Бу сенга ҳаром! – деди аёл яна шанғиллаб.

Искандар Карим унинг гапларига пинак ҳам бузмади, қайтанга танга топган тектакдай қувониб кетди ва ердан пулни олиб, ғижимларини текислаганча, чўнтагига солди.

Аёллар ҳақоратламаган сўз қолмади. Шанғиллай-шанғиллай ичкари кириб кетишди. Искандар Карим умрида биринчи бор одамзоднинг бунчалик турланишини кўриб туриши эди. Бу маккорларнинг олдида буқаламун ҳам ип эшолмаслигига иймон келтирди.

“Ҳа, майли-да, – деди ичида. – Гаплари ўзларига! Кўлмак сувга – сассиқ алаф”

Қилвирлардан қутулганига, пулни қайтариб ололганига ичида минг шукр деди. Сержантга қайта-қайта раҳмат айтди. Кетаётиб:

– Нега буларга чора кўрмай, индамадингиз? – дея сўради.

Сержант жилмайди:

– Ука, буларни қўлига кишан солиб ҳам неча марта олиб борганмиз. Судга ҳам оширганмиз. Аммо улар қамалмайди.

– Нега?

– Чунки уларнинг паспортиям, фуқаролигиям йўқ…

Искандар Карим ажабланди.

– Ўзи улар ким?

– Миллатининг тайини йўқ. Қаёқлардандир келиб қолишган. Тирикчилиги чайқовчилик, ўғрилик, тиланчилик, шантаж….

Искандар Карим ҳаммасини тушунгандек, бош ирғаб қўйди. Қуюқ раҳмат айтиб, долларни майдалагани бозор ичидаги шохобча томон шитоб билан кета бошлади.

Сержант унга қараб яна мийиғида кулиб қолди.

…Ишхонага қайтиб келганида бўлим мудири нега бунча кечикдингиз, деб сўраганида тушлик тугаб, шохобча очилишини кутдим, дея жавоб берди. Бўлим бошлиғи ишондими-ишонмадими – бу ёғи худога аён…

Аммо… Лайло ишонмади. Ваъдасига “бевафо” Искандар Карим вазиятни тушунтиришга қанча ҳаракат қилмасин, эшитишни истамади. Фақат телефонда айтган биргина гапи: “Мени операцияга олиб кириб кетишяпти. Келаман деб келмадингиз…” деган ўкиниши қулоғида қолди, холос.

Искандар Каримни ток ургандай узилган телефонни қулоғидан олмасдан анча вақт тутиб турди. Сўнг эсини йиғиб, шифохона томон ўқдек учди.

8

Такси нейрохирургияга ихтисослашган бир шифохона олдида тўхтади. Искандар Карим отилиб тушди. Лайло ётган палатани топди. Аммо палатада бегоналар бор эди. Искандар Карим тахмин қилдики, булар Лайлонинг яқинлари. Ўзини сездирмаслик учун йўлакдан бир-икки ўтиб-қайтди, ҳар ўтганда зимдан эътибор берди: Лайло йўқ. Гапи рост экан-да. Лекин уни нега операция қилишади? Тузалиб қолган эди-ку. Шунчалик жиддиймикан? Агар анави шаллақи чайқовчи аёлни таъқиб қилаётганида қўнғироғини жавоб бериб, одамга ўхшаб гаплашганида билиб оларди-да. Балки Лайло ўша пайтда жуда муҳим бирор гап айтмоқчи бўлгандир. Эҳ, нодон, энди тушундинг, Лайло нимадир жиддий гапи бўлмаса, сенга нега қўнғироқ қилсин…

Саволлар қуршовида қолган Искандар Карим навбатчи ҳамширалардан бирига дучор бўлди. Суриштирди. Билдики, автоҳалокат натижасида Лайлонинг лат еган миясида ўзгариш пайдо бўлибди. Кичикроқ, бироқ мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказмаса, оқибати ёмон бўлиши мумкин экан.

– Бу… мураккабми жуда? – дея сўради Искандар Карим хавотирга тушиб.

Ҳамшира унинг кўзларига тикилди.

– Кичик бўлсаям, анча мураккаб. Хавфли десаям бўлади. Аммо жарроҳларимиз кучли, тажрибали. Бундан ҳам мураккаб амалиётларнинг кўпини қилишган. Хавотир олманг! – деди.

“Хайрият” деди ичида Искандар Карим. Аммо барибир кўнгли ғаш тортди. Ҳозирги замон дўхтирларига унчалик ҳам ишонгиси келмасди. Бунга ўтган йили юз берган бир воқеа сабаб бўлган эди.

Ўшанда автобусдан тушиб, ижара уйига эндига етай деганида қўшни аёллардан бири югуриб чиқиб, дод солиб ёрдам сўраган. Искандар Карим оёғини қўлига олиб, унинг қошига югуриб борганди.

– Кеннайи, нима бўлди? Тинчми?

– Болам, – дея йиғлаб юборди қўшни аёл.

– Нима қилди?

– Уксус ичиб қўйибди! – дея дод солди аёл. – Илтимос, тез банисага оборайлик! Ёрдам беринг! Мошина ҳайдашни биласизми?

Искандар Карим сирка ичиб ўлган одамлар ҳақида кўп эшитган эмасми, ўтакаси ёрилай деганча, аёлдан калитни олди  ва у кўрсатган машина эшигини очди. Сўнг аёлнинг изидан югуриб тепага чиқди, оғзи-бурни кўпириб, куйиб бораётган, кўзлари ола-кўла бўлиб, ўзини билмай ётган чамаси ўн ёшлардаги болакайни кўтариб чиқди. Орқа ўриндиққа ётқизди. Аёл тинимсиз додларди.

– Жон, ука, илтимос, тезроқ ҳайданг!

Искандар Карим газ тепкисини чунонам босдики, машина самолётдек овоз чиқарди, ортидан чанг кўтарилиб, шиддат билан йўлга тушиб кетди. У машина ҳалокат чироғини ёқиб олган, светафор чироқларига ҳам тўхтамай борарди. Тинимсиз сигнал чалар, бошқа машиналар ҳайдовчилари вазиятни тушуниб, пешма-пеш йўл берарди.

Аммо шошилинч шифохонага, аҳли шаҳар тилида «одамлар қассобхонаси» деган нохуш таъриф билан аталувчи шифохонага етишига озроқ қолганида кутилмаган ҳол рўй берди. Қизил чироқ ёнганида чорраҳага кириб келган Искандар Карим газ тепкисини янада қаттиқ босар экан, чап тарафдан худди ўзидек шошилинч келаётган бошқа бир машина билан тўқнашиб кетаёзди. Бир сония! Атиги бир сония кечикканида муқаррар тўқнашув бўлар, худо кўрсатмасин-у, эҳтимол, сирка ичиб, жон талашаётган гўдак шифохонага етмасдан унинг айби билан нобуд бўлармиди… Хайриятки, Ўзи сақлади.

Ваҳимали сигнал чалиб, бирпасда шифохонага кириб боришди. Дўхтирлар зудлик билан болакайга биринчи тиббий ёрдам кўрсатгани палатага олиб кириб кетишди. Бечора она бетиним йиғлар, дўхтирларга боламнинг жонини сақлаб қолинг, дея ёлворар эди. Искандар Карим ўпкасини босиб олганча, уни бир четда кузатиб турарди.

Шифокорлардан бири аёлни сўроққа тутди: болага нима бўлди, нима ичди, қанча ичди, нега ичди… Аёл ҳиқилламоқни қўймас, кўзидан ёш аримас, азбаройи қўрқиб кетганиданми, гаплари телба-тескари чиқар, шифокор ўзи унинг гапларини ўнглаб, дафтарга бир нималарни ёзиб олди. Сўнг Искандар Каримни кўрсатиб, ким бу киши, дея сўради.

– Қўшнимиз, – деди аёл. – Хўжайиним уйда йўқ эди, шошилинчда шу кишидан ёрдам сўрадим. Худо етказди у кишини…

Искандар Карим ичида мамнун бўлди. Умрида биринчи марта катта таваккал қилди, ҳеч нимани ўйламай, кимгадир ёрдам беришга шошилди.

Дўхтирнинг савол-жавоб тугади, палатадан чиққан шифокорлар бола омон қолганини айтишди. Аёл елкасидан нафас олди.

Искандар Карим бир неча кун ўтгач, яна ўша қўшни аёлни кўриб қолди. Юрак ютиб, болакайнинг аҳволи ҳақида сўради. Аёл аянчли аҳволда эди, киртайиб кетган кўзларини ерга тикди. Кўзидан ғилт-ғилт ёш томди.

– Кулфат қўш келади, деб бекорга айтишмаган экан, – деди ингичка бармоғи билан ёшини артар экан. – Боламни ўзига келтиришди. Яхши қарашишди. Хурсанд бўлдик. Аммо ҳамма кўргилик кейин содир бўлди. Болам палатада ётганди, мен унга магазиндан қатиқ олиб келгани ташқарига чиқиб кетган эдим.

Қайтиб кирсам, болам йўқ! Эсхонам чиқиб кетди. Навбатчи ҳамширалардан сўрасам, операция қилгани олиб кетишибди. Жон-поним чиқиб кетди. Операция залига борсам, ростан ҳам болам ўша ерда. Дарров операция қилиб ташлашибди. Дод солдим. Нега бундай қилишганини сўраб, тўполон кўтардим. Кейин бари маълум бўлди. Дўхтирлар айтишича, боламнинг исм-фамилияси билан бир хил бўлган бошқа бир боланинг кўричагини операция қилишлари керак экан. Адашиб, менинг боламни олиб кириб беришибди… Томоқлари куйиб кетган болагинамнинг қорнини ёриб, кўричагина очиб кўришибди. Соппа-соғлом экан-ку, деб яна қайтадан тикиб қўйишибди.

Аламдан ёндим. Дунёни бошимга кўтардим. Ҳамма дўхтир ялинди. Болангизга ўзимиз, ўз ҳисобимиздан қараймиз, оёққа турғизиб юборамиз, фақат ҳеч қаерга шикоят қилманг, дея ялиниб-ёлворишди. Аччиқ устида судга бераман дегандим-да. Хуллас, бўлар иш бўлган эди. Дўхтирлар тушунтиришича, бундай ҳолатда боламнинг омон қолганининг ўзи бир мўъжиза эди. Болагинамнинг жони ҳақи-ҳурмати ўзимни тийдим. Аниқроғи… булардан ҳар нарсани кутса бўлади, деб қўрқдим ҳам…

Искандар Карим ўша воқеани эслар экан, хаёлидан Лайлони ҳам адашиб олиб кириб кетишмадимикан, деган ўй ўтди. Аммо ундай бўлмаганига ишончи комил эди. Сабаби, бу шифохона қўшни болакайни олиб борган ҳўв ўша “одамлар қассобхонаси” эмас. Қолаверса, Лайло гўдак эмаски, қаерга олиб кетяпсизлар, нега жарроҳлик амалиётини қиласизлар, деб сўрай олмаса.

Шуни ўйлаб, Искандар Карим хотиржам тортди.

Шифохонанинг кунчиқарга қараган деразаси ёнига келиб, хаёлга чўмди.

Ҳовлида беморлар, уларнинг яқинлари – хастаю соғлар ўтиб-қайтиб турибди.

Ана, йўл ёқасида бир аёл эркак кишини, чамаси, эрини қўлидан тутиб келяпти. Бечора, сиртдан соппа-соғ, тўрт мучаси саломат одамга ўхшаб кўринади. Аммо миядаги оғриқни ҳеч ким тасаввур қилолмаса керак. Тик оёқда юрганига шукр қилса бўлар. Искандар Карим шу одамнинг ўрнига ўзини қўйиб кўрди. Тасаввурида ҳозир шу эркак қиёфасига кира қолди. Ана, қўлидан бояги аёл эмас, қирчиллама ёшга етган Лайло тутиб олган. Ҳис қилдики, Лайло қўлини маҳкам ушлаганча, меҳр тафти билан олдинга бошламоқда. Қўрқманг, Искандар ака, ҳали ҳаммаси яхши бўп кетади, мана кўрасиз, тузаласиз. Ҳали кўп йиллар бирга яшаймиз. Болаларимизни катта қиламиз, деяпти.

Сўлғин юзидаги терни артар экан, Искандар Карим ҳам бу гапни умид билан эшитяпти. Лайлонинг таскинидан кўнгли кўтарилади. Кул ва ғубор босган орзуларини Лайлонинг ширин таскин сўзлари маҳак тоши каби тозалаб ўтади. Ширин орзуларига етишиш истаги яна чўғ олади.

“Яхшиям, бахтимга сен ёнимда борсан, Лайло” дея хаёлидан кечиради. Аммо тилига чиқармайди. Аёли олдида ожизлигини кўрсатиб, енгилишни истамайди. Шу тахлит қадамини секинлатади. Бориб-бориб, тўхтаб қолади. Лайло, нима бўлди, дегандай ортга бурилиб қарайди.

“Юринг, дадаси”, – дейди. – Нега тўхтадингиз?»

Искандар Карим гапиргиси келмайди. Тўлиб турган юрагини бўшатгиси, панага ўтиб, бу аҳволга тушиб қолганидан худога тавалло қилганча тўйиб-тўйиб йиғлагиси келади. Кўзлари милтиллайди.

Бу ҳол Лайлони сергаклантиради.

“Юра қолинг, дадаси, озгина қолди. Кирайлик, насиб қилса, пулни топамиз. Мен тиллаларимни сотаман керак бўлса… Аммо операция қилдирамиз. Қўрқманг!” дейди.

Искандар Каримнинг кўзлари энди ғилтиллайди.

“Ҳой, дадаси, бўла қолинг…”

Искандар Карим қотиб тураверади.

“Ҳой, яхши йигит?” дейди Лайло энди гулгун яшнаб, жилмайиб боқар экан.

Искандар Карим тек қотади.

“Ҳой йигит, дедим” дейди Лайло ва елкасидан туртади.

Шунда Искандар Карим ўзига келади. Хаёлларини жамлаб, ёнгинасида ҳам жилмайиб, ҳам ажабланиб қараб турган бояги ҳамширани кўради.

– Нега бунча хаёл сурасиз, йигитча? – деди ҳамшира кулиб.

Искандар Карим қизариб кетди.

– Узр, опа, узр. Чарчабман, гапингизни эшитмабман…

– Ҳа, майли, бўп туради, – деди ҳамшира. – Сиз сўраган қиз жарроҳлик столида экан. Аҳволи яхши дейишяпти. Шуни айтай дегандим.

Искандар Карим суюниб кетди.

– Худога шукр, раҳмат! – деди.

– Сиз кими бўласиз? – дея сўради ҳамшира.

Искандар Карим кутилмаган саволга нима жавоб айтишни билмай каловланиб қолди. Бехосдан:

– Ҳамкасбим бўлади… – деб юборди.

Ҳамшира ишонқирамади.

– У қиз ҳали студент экан-ку? – деди ва Искандар Каримни қийнамай дедими, ишқилиб: – Тушунарли, бахтли бўлинглар, илойим, – деди сирли жилмайиб.

Искандар Карим дувва қизариб кетди.

“Аёллар бунақа нарсаларни қандай қилиб тез била қолар экан-а…”

Нима қиларини билмай турди. Ишқилиб, Лайлонинг ота-онаси сезиб қолишмасин. Билишса, ўз бошига оламжаҳон балони сотиб олгани шу бўлади. Ким бу, нега сени сўраб келади, сен қирчанғи ўқийман деб йигитлар билан гаплашиб юрибсанми, дея хаста қизини тергаши, керак бўлса, ҳамманинг кўз ўнгида таъзирини бериши мумкин. Лайло уларнинг қанчалик қаттиққўл ва бешафқат эканини кўп бор айтиб берган. Ўз жигарпорасига раҳми келмаган ота-она Искандар Каримни аяб ўтирармиди.

Қолаверса, ҳамшираларнинг “сотиб” қўйишидан қўрққан Искандар Карим Лайлога чексиз кўнгил изҳорларининг рамзи бўлмиш шифо ва сиҳатлик  тиладию секингина жуфтакни ростлаб қолмоқни афзал билди.

9

Кун илиб, қуёшнинг майин нурлари дераза пардасидан оҳиста тушиб турган маҳал кўзини очган Лайло палатада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўрди.

Бугун чошгоҳгача ухлаганига ҳайрон бўлди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг неча кун ўтдики, тиниқиб ухлай олмаган эди. Бошидаги симиллаган оғриқлар камлик қилгандай, юраги мудом безовта урар, ҳаловат топишига нимадир етишмаётгандай туюлаверарди.

Шифтга қараб ўйлаб ётдики, дарсга бормаганига ҳам анча кун бўлиб кетди. Курсдош қизларни ҳам соғинди. Тўғри, улар хабар олишди, ёнида бирпас чаҳ-чаҳлашиб ўтиришди, ким ким билан гаплашяпти, кимга қайси йигит гап отяпти – баригинаси ҳақида ғийбат қилиб кетишди. Айниқса, дугонаси Бахтигулнинг гапи ҳийла ўйлантириб қўйди. Эмишки, нариги гуруҳдаги бир қиз Искандар Каримга конспект ёзиб берибди…

Лайло гарчи дугоналарига сездирмасликка қанчалик уринса ҳам жаҳли чиққанини яшира олмади. Тишини ғичирлатиб қайради.

“Йигитларда асли ўзи субут бўлмас экан…” деди ичида. Ва яна ўйладики, э, тўхта, Лайло, сенга нима?! Конспектини ёзиб берса, ёзиб бераверсин! Неча тийинлик ишинг бор у билан? Искандар Карим ким бўпти? Қачондан бери у сенинг яқининг бўла қолди? Нима бало, уни… рашк қиляпсанми? Сен-а? Отанг билиб қолса, тириклайин гўрга тиқади-ку! Отангнинг ниятини эшитган эдинг-ку! Сен ҳали бешикдалигингда пайтинг қўшни қишлоқлик дўстининг ўғлига атаб қўйган… Ўз ажалинг билан ўйнашма.

Лайло бундай ўткинчи гапларни ўйламасликка тиришди. Ҳозир энг муҳим нарса – соғлиғи. Искандар Каримдайларни ҳар куни, ҳар қадамда топса бўлар, аммо путур етган соғлиқ қайтиб келмайди. Мана, неча кунки, ўзидан ўтганини ўзи билади. Буни Искандар дегани билармиди? Афсуски, йўқ. Билса, жилла қурса, хабар олгани бир бор бўлса-да келарди.

“Йигитларда асли ўзи оқибат ҳам бўлмас экан…” деди ичида.

Шу маҳал эшик тақилладию қўлида тиббий лаш-лушларини кўтарганча ҳамшира кириб келди.

– Ҳошимова, тузукмисиз? – деди ширинсуханлик билан жилмайиб.

– Анча яхшиман, – деди Лайло. – Келинг.

– Сизга роса ҳавасим келди-да.

– Нега?

– Вой, ўлмасам, ҳали очиб ҳам кўрмадингизми?

Лайло ҳайрон бўлди.

– Нимани? – деди ҳеч нарсага тушунмасдан.

Ҳамшира кумуш тишларини кўрсатиб яйраб кулди.

– Ана, тумбанинг устида турибди-ку! Нега қарамадингиз?

Лайло энди эътибор берди: сал узоқроқда турган яна бир тумба устида елимхалта, ёнида эса қоғозга ўроғлик нимарса турибди.

Шошиб қолган Лайло узалиб, елимхалтани олди. Ичида егулик, мева-чева бор экан. Не кўз билан кўрсинки, банди калта кузалган уч дона настарин ҳам турарди!

Лайлонинг қувончдан кўзлари порлаб кетди. Охирги марта қачон кўнглига бундайин кутилмаган қувонч келганини эслай олмайди. Бир зумда еттинчи осмонга чиқиб кетди!

Бу маҳал ҳамшира қилт этмай уни кузатар, ҳисларини яширолмай, Лайлога қанчалик ҳаваси келаётганини ошкора билдириб турарди.

Гулга ўзгача меҳр билан тикилиб, дам-бадам ҳидлаб кўрар экан, Лайлонинг гулгун юзлари офтобдай товланар эди.

Онасига минг раҳмат! Кўнглини жуда яхши тушунади-да. Кеча оқшом уйига бориб келишини айтиб, нима хоҳлайсан, қизим, айт, олиб келаман, деганди. Онасини қийнамаслик учун ҳеч нима керак эмас, деди. Она-да! Барибир қизининг настаринни севишини, уни болалигидан хуш кўришини билади. Хаста кўнгли кўтарилиб, тезроқ соғайсин деган-да.

– Онагинам овора бўлибди-да! – деди Лайло.

Ҳамшира қўлидаги дориларни бошқа тумба устига қўйиб, укол тайёрлай туриб кулди:

– Овора бўлган онангиз эмас-ку!

Лайло савол назари билан қаради:

– У нима деганингиз?

– Буларни онангиз эмас, бошқа одам бериб кетди.

Лайлонинг жуфтлаган лаби чуччайганча қолди.

– Дадамми?

– Йўқ, – деди ҳамшира гапига сирли тус бериб ва кўзини қисганича деди: – бир йигит…

Лайло тусмолладики, кимдир адашган.

– Ҳеч ҳам адашгани йўқ, – деди ҳамшира. – У йигит ташлаб кетаётганини ўз кўзим билан кўрдим. У пайт сиз укол олиб бўлиб, ухлаб ётган эдингиз.

– Бўлмаган гап, – деди Лайло ишонмай.

– Рост.

– Менинг унақа гул ташлаб кетадиган бирорта яқин танишим йўқ ахир. Йигитлардан-ку, умуман йўқ.

Ҳамшира меҳрибонлик билан Лайлонинг енгини баланд шимариб кўтарганча, томирини пайпаслади. Резина тасма билан боғлаб, шишган томири устига спиртланган пахта билан аста-секин арта бошлади. Хотиржам ҳолда:

– Бор, айнанай, бор экан! – деди.

– Ҳечам-да, – деди Лайло баттар қизиқсиниб. Ҳамшира гапни чўзиб, юрагини қиздирмоқчи эканлиги яққол сезилар ва буни билган Лайло имкон қадар ўзини бепарво тутишга ҳаракат қилаётган эди.

– Курсдошингиз экан, – деди ҳамшира ва кўзларига қаради. – Исмини Истаммиди ё Иброҳим дедими-е…

– Искандар!.. – деб юборди Лайло бехосдан.

Ҳамшира кулди:

– Худди ўзи! Ана шу Искандар деган йигит. Бир келди, сиз операция бўлаётган эдингиз, кўролмасдан кетди. Мен навбатчи эдим ўша куниям. Кейин боя тонгда келди. Ухлаётган эдингиз. «Уйғотманг, опа, ҳолдан тойган, дам олаверсин, кўрдим, шу етади» деди.

Лайло ҳамширанинг қўлидан ушлади ва:

– Жон опа, илтимос, унинг келганини уйдагиларим эшитмасин! – деди ялиниб.

– Ҳеч хавотир олманг, айнанай, – деди ҳамшира. – У йигит ҳам биринчи келганидаёқ шундай деб айтувди. Ваъда бердим. Шунинг учун фақат мен навбатчи бўлган кунларим келяпти, шоввоз…

Лайло қўлига санчилган нинани сезмади ҳам. Юрак уришлари тезлашган, бадани қизиб, вужудида англаб бўлмас бир ҳаяжон ҳокимлик қилар эдики, бундай чоғларда нина тугул, юрагига пичоқ санчсанг ҳам сезилмайди…

Томчи укол томирига сингиша бошлар экан, Лайло ичида: «Йигитлар бағритош бўлмас экан-ку…» дея пичирлади.

10

Неча кундирки, Бахтигулнинг бутун борлиғини тушкунлик ва  умидсизлик эгаллаб боряпти. Гўё, ҳаётидан ранг кетяпти. Ҳамма шодон, биргина у маҳзун. Негалигини унча ҳам тушунмайди, тўрт мучаси соғ, ўқиши жойида, бинойидек яшаяпти. Аммо… кўнгли безовта. Ўтган якшанба раҳматли онаси тушига кирганидан бери хотиржамлиги йўқолган. Ўйладики, бу бежиз эмас… Оналар бекорга тушга кирмайди. Руҳи ором топмадимикан?

Эҳ, Бахтигул, балки сенинг ва синглингнинг тақдиридан ташвишдадир онаизоринг арвоҳи? Отанг-ку, сенларга меҳрибон кўрингани билан, ўзидан ортмайди. Балки, неча йиллаб тўшакка михланиб ётган онангдан қутулганига… шукр қилаётгандир. Ахир ўз тили билан “Бечора ортиқ қийналмайдиган бўлди”, деди-ку… Эркакларга осон, аёли дунёдан кетгач, шартта уйланиб олади, ҳаёти давом этаверади. Балки шуни кутиб яшайдиганлариям оз эмасдир. Мана, ўз отаси мисол. Онасининг қирқи чиқмасдан бир бегона аёл билан телефонда миёвлашиб, чаҳ-чаҳлашиб ўтирганини эшитиб қолди…

Ҳеч қачон отасидан бундай қилиқни кутмаган, у ҳақида бундай ёмон ўй-хаёлларга бораман деб ўйламаган эди.

Шундан бери отасидан кўнгли қолгандай бўлди. Юз-кўзига қарагиси йўқ.

Дард устига чипқон дегандай, синглисининг ҳам бод касали қўзиб, оёғидан олди. Хаста жони билан ҳар куни уйда ёлғиз қоляпти.

Бахтигул ўйладики, буларнинг бари бир синовдир. Ана, деди, синовлар кимларнинг бошига тушмаяпти. Чин дугонам Лайло ҳам тўшакда ётибди. Ким ўйловди дейсиз бундай бўлишини. Бечора мени деб шу фалокатга йўлиқди…

Бояқишнинг омади бор экан, у ҳақда қайғурадиганлар жуда кўп. Масалан, ана, Искандар. Лайло шифохонага тушгандан бери ўзини қўярга жой тополмайди. Бир жойда хотиржам ўтиролмай қолди. Уларнинг орасида шунчаки салом-аликдан бошланган муносабатлар қандай қилиб илиқлаша бошлаганини ҳеч ким билмасаям, мен сезганман. Ахир буни Искандарнинг кўзлари доим сотиб қўяди. Лайлонинг бир оғиз бўлсаям гапиришини, бирор нарса сўрашини илҳақ бўлиб кутиб туради. Нима сўраса йўқ демай, қилгиси келади. Бошқа қизлар ёки мен ниманидир илтимос қилиб кўрай-чи… Йўқ, бошқача бўлади: ниманидир баҳона қилади ёки узил-кесил қила олмаслигини айтади. Лайлога эса, ҳар вақт имкон топилади. Шундан ҳам сезмайдиган анойи-ғўр эмасман-ку…

Лайло омади чопган қиз-да. Шундоқ йигитнинг меҳри тушган. Йигит ҳам бошқалардек эмас, Лайлодан ўзгасига қиё боқмайди. Бундайлар анқонинг уруғи бўлмасаям, ҳар ҳолда, унча кўп эмас. Агар Лайло дугонам бўлмаганида…

Сен бирам бахтлисанки… Ота-отанг бор, ўзига тўқ оиладансан. Тинч-тотув яшайсизлар. Каминг йўқ. Келажагинг ҳам аниқ: кўз олдингда бўлғуси умр йўлдошинг яраляпти.

Сен унчалик туйғуларингни яшираверма. Барибир биламан, ич-ичимдан сезаман. Ўша куни сени кўргани шифохонага борганимизда бир курсдош қизнинг конспект ёзиб берганини бекорга айтмадим. Шу гапни айтаётиб, кўзларингга қарадим, дугонажон, сен минг яширганинг билан кўзларинг ошкор қилиб қўяди. Гапимни эшитишинг билан нигоҳларингдан сездим буни. Сен Искандарни қизғондинг. Аслида нафақат сен қизғондинг, балки менинг ҳам озроқ ғашим келди, дугонажон… Балки бунинг у қизга мутлақо аҳамияти йўқдир, у сираям ўйламагандир. Лекин барибир ҳаммаси шундай майда ишлардан бошланади-да… Шунинг учун маҳкам бўлишинг керак.

Тўхта, нималар деяпман. Нуқул бировлар ҳақида қайғуравераман-а… Оқибатини ўйламайман. Ҳар тўкисда бир айб бор.

Ана, ўша мазам қочиб, йиқилиб тушган куним сен қўрқиб кетдинг. Дугоналарим ичида биргина сен чиндан хавотирландинг. Шунинг учун сени яхши кўраман-да, дугонажон.

Аммо ўшанда ҳам мен ўзимни ўйлаганим йўқ, билсанг… Бу ҳақида ҳали пайти келиб ўзингга айтиб берарман. Ўша куни мен ўзимни атай ҳушдан кетгандай тутганимни, энг яқин дугонам сифатида мени кузатиб қўйишингни билганимни, бир нафас олдин эшикдан мўралаб турганини кўрганим Искандар ҳам бирга боришини ва… икковинг кўпроқ вақт юзма-юз бўлиб, суҳбатлашиб олишларингга шароит яратиш учун қилганимни айтиб бераман. Чунки, сизлар бесабаб ёлғиз суҳбатлашиб туриш қанчалик қийин эканлигини яхши билардинглар, ортиқча гап-сўзлардан қўрқиб, қочардинглар. Буни ўзинг ҳам менга кўп айтиб бергансан-ку… Изимдан эргашиб юрибди, ҳатто ошхонадаям бурним остидан чиқяпти, унга айтдим, биров сезиб қолса, гап қилса, отам мени ўлдиради, дедим, деб айтдинг. Бояқиш Искандар ҳам сен билан икки оғиз холи гаплашиш учун не кўйларга тушаётганини сезмай ўлибманми… Барини биламан…

Шундай гаплар энди, дугонажон. Мен ҳушдан кетадиган қиз эмасман.

Энг муҳими, сен энди тезроқ тузалиб қайт. Ўзимни бирам ёлғиз ҳис қиляпманки, асти қўяверасан. Манави жиблажибон курсдош қизларнинг бирортаси сендек кўнгилга яқин эмас. Бари кибрли. Баригинасининг бурни осмонда. Бўянишу ўзига оро беришдан ўзга ташвиши йўқ. Ҳаётни билмайди-да. Ҳали олдида қандай келажак пайт пойлаб турганини хаёлларигаям келтирмайди.

Аксига олиб, бугун негадир Искандар ҳам дарсга келмади. Келса, у билан озроқ гаплашсам, ичим ёришармиди…

Курсдошлари ўрнидан туриб, аудиторияга кириб келган ўқитувчига варанглатиб баб-баравар салом берганида Бахтигулнинг хаёллари тарқаб кетди. Ўйлайвериб, ичида ўзи билан ўзи гаплашавериб, паришонлиги ортган, қаерда ўтирганини буткул унутган эди.

“Хайрият, – деди ўзига ўзи, – ҳеч ким эшитмабди…”

11

Агар ўша оқшом нотаниш, кўринмас рақамдан қўнғироқ бўлиб, бир қиз ноз-ишва билан “Сизда жуда муҳим ишим бор эди, ёрдам бермоқчиман” демаганида Искандар Карим бу аҳволга тушмас эди.

– Кимсиз, айтинг? – дея қайта-қайта сўради Искандар Карим ундан.

– Сиз аввал мен айтган жойга келинг, ўзингиз таниб оласиз, – деди у.

Искандар Карим аввалига парво қилмади. Кимдир ҳазиллашиб, лақиллатяпти, дея ўйлади. Сўнг қизнинг ёрдам бериш таклифи бежиз эмасдир дея хаёл ҳам қилди. Нима бўлгандаям, унинг ишлари пачава бўлиб, қийналиб, бир сўмга зориқиб юрганидан хабардор қизга ўхшайди. Аммо шунча сўрасаям кимлигини айтмаётгани кўнглига шубҳа оралатаверди. Қиз боши билан нимаям ёрдам қила оларди? Ишини ҳал қилиб берадими? Ё пулдан қарашадими? Ижара ҳақини тўлаб берадими? Ёки…

Хўп, кимгадир яхшилик қилмоқчи одам исмини пинҳон тутадими?
XXI асрда-я? Кулгили-ку! Ҳозир аллақайси амалдорлар бирор муҳтож оилага бир кило олма ё банан, ёнига иккита нонни тугиб олиб борсаям, расмга тушириб, элга дастурхон қилиб, ҳотамтойлигини намойиш қилаётган, шунинг орқасидан юқоридан “очко” ишлаётганлар замонида-я? Йўқ, ишонмайди бунга. Искандар Карим ундай анойилардан эмас. Текин пишлоқ қопқонда бўлишига ақли етади.

Тағин аёлнинг макрини биринчи кўриб туриши эмас. Хўжайиннинг долларини майдалаганида тавба қилиб бўлган.

Искандар Карим шуни ўйлаб, бормасликка аҳд қилди.

Аммо бир соатларча вақт ўтиб яна қўнғироқ бўлди.

– Ало? – деди бояги таниш нозик овоз.

– Ассалому алайкум! – деди Искандар Карим.

– Ва алайкум-ассалом! Келяпсизми?

– Йўқ…

Нозик овоз жим қолди. Сўнг:

– Нега? – дея сўради. – Тинчликми? Боя келаман дедингиз-ку?

– Ишим чиқиб қолди, – дея ёлғон тўқиди Искандар Карим.

– Қўрқяпсизми, йигит? – деди нозик овоз ишва билан. Унинг бу гапи худди “эркакмисан”, дегандек оҳангда янградики, Искандар Каримнинг ҳамиятига тегди.

– Нимадан қўрқаман? – деди ошкора жаҳли чиқиб.

– Мендан-да… Бир оддий қишлоқлик чиройли қиздан қўрқиб…

Искандар Каримнинг росманасига ҳамияти қўзиди.

– Кутинг, ҳозир бораман! – деди ва манзилни янаям аниқлаштириб олди.

Энди уни ҳеч ким тўхтата олмас эди. Қиз болаки ҳадди сиғиб шундай деяптими, демак, бормаслик уят. Йигит бошига номус! Энди ёв бўлсаям тикка боради.

Искандар Карим апил-тапил ойнага қараб, соч-соқолини қиртишлади, бўйнига арзонгина атирдан тўйинтириб сепди.

Шаҳд билан остонадан чиқди.

Автобусга ҳам қарамай, бекатда такси тутди. Кафе манзилини айтиб, ўтирди.

Етиб боргач, не кўз билан кўрсинки, у  кафе эмас, сиртиям, ичиям қалтироқ бир қовоқхона! Дордан қочганнинг бари шунда дейсиз. Ичкари кирар экан, арақ-вино иси тамаки ва чилим ҳидига қоришиб, кўзни ачитар даражада бўрқсиб ётар эди.

Шаҳар чеккасида бундай қўналғалар кўп. Арзонлиги учунми, одатда ҳамёни юпун мижознинг бари шундай жойларни макон тутади.

Искандар Карим аввал ўзини танитмасдан, боя қўнғироқ қилган қизнинг   кимлигини билмоқчи бўлди. Сир бой бермай, аланглади. Аммо ўтирганлар орасида ёлғиз одамнинг ўзи йўқ: ҳар столда суҳбат қизигандан-қизиган, қадаҳ сўзлари айтилмоқда; кўзлари сузилиб қолган, ширакайф эркаклар баланд овозда латифалар айтиб, кулишар, баъзилари бадқовоқ башарасини буриштирганча, дунё сиёсатидан сафсата сотар, бошқаларга оғиз очирмасдан, баралла нутқ ирод қилар эди. Оғзидан бўрқситиб тутун пуфлаб, қўлларини сермаб, ҳукуматнинг гўрига ғишт қалаганча, нарх-наводан гап сотаётганлар ҳам кўринади.

Қаради-қаради, айтилган манзилдан адашдиммикан, деб ўйлади.

Бир маҳал елкасига кимдир қўл ташлади. Шундоқ ўгирилган эди, ортида гўзал бир қиз турганини сезди.

– Қийналмай топиб келдингизми? – деди қиз табассум билан. Шунчалар чиройли эдики, Искандар Карим кўзларидан кўзини узолмай, тили айланмай қолди. Қиз чаросдек кўзлари билан шундоқ тикилиб турар, лаблари ингичка, икки юзи оппоқ ва думалоқ, ўнг қошининг учида миттигина ярашиқли холи бор, бир қараган одамнинг хаёлини олар даражада сулув эди. Искандар Каримнинг хаёлидан, афсуски, буюк рассомлар эрта ўлиб кетишган, ақалли бирортаси шу қизни кўрганида, ўламан Саттор, суратини чизаман, дея оёғи остига ётиб оларди, деган гап ўтди. Ўшанда, эҳтимолки, довруқ бозорида Мона Лизалар бўлмасди…

– Йўқ, тўғри топиб келдим, – деди хотиржамлик билан.

Қиз яна бир табассум ҳадя этди ва:

– Хўш, қаерда ўтирамиз? – деди.

– Фарқи йўқ…

Қиз барменга ишора қилиб сўради. Бармен бармоғи билан бурчакни кўрсатди. Боя эътибор бермаган экан, қовоқхонанинг тўрида икки хона – эшиги мато билан бекитилган алоҳида кабина ҳам бор экан. Бармен кўрсатган чап тарафдаги кабинага киришди.

– Шу ер қулайроқ, – деди қиз ўтираётиб.

Шу пайт олдига қизил пешбанд таққан официант аёл кириб келди.

– Бизга вино беринг! – дея буюртма қилди қиз. – Закускасига қора аччиқ шоколад.

Искандар Каримнинг ғаши кела бошлади. Тўғри, стол устида аёлнинг ҳам фикри сўралади, аммо гапни эркак гапиради. Буюртмани ҳам у беради… Ичимлик ва газакни-ку… Бу танноз… Ҳа, майли. Индамади, қани, нима бўлар экан охири, деди.

Официант чиқиб кетгач:

– Мен вино ичмайман! – деди. Қиз ҳайрон бўлди.

– Нега? – дея сўради.

– Ўзи… Шунчаки, ичмайман умуман…

Қиз кулди.

– Эркак одам ҳам ичмайдими… Ичаси-и-из. Мен билан-а…

Искандар Карим иккиланиб қолди. Хаёлида режани пишитиб қўйди: ўзини худди ичаётгандай тутиб, стаканга лаб теккизиб-теккизиб туради, аммо ичмайди.

Лекин бу қизнинг жодули кўзлари олдида режаси кўп ҳам тўғри келадиганга ўхшамади.

Қиз суҳбатни бошлашдан аввал қанчалик юрагини қиздирган бўлса, нозик хатти-ҳаракатлари ва жилвали гаплари билан шунча ўзига ром қила бошлади. Биллур қадаҳга ўзи қуйиб берар экан, биргина ичайлик, муҳим гапимни айтаман, деди. Искандар Карим аросатда қолди ва ноилож бир қадаҳни сипқорди.

– Мени танимаслигингиз аниқ, – дея гап бошлади қиз бироз ўтгач. – Мен ҳам сизни билмас эдим. Куни кеча бир танишим гапириб қолди. Жуда ақлли, бамаъни йигит, деб мақтади. Фақат, роса қийналиб юрибди, деди. Шундай одамларни вақтида қўллаб юборса, зўр бўлиб кетади, деди. Сиз ҳақингизда бошқалардан ҳам суриштирдим, айтгани рост экан. Шундан кейин кўнглимда сизга бир яхшилик қилиш истаги туғилди. Эҳтимол, ўнгланиб, келажакда катта одам бўлиб кетсангиз, менгаям ёрдамингиз тегар, деб ўйладим.

Қиз худди донғи кетган нотиқлар, қатъиятли ва сўзамол адвокатлардек дона-дона қилиб равон гапирар, ҳар бир сўзи Искандар Каримга рад этиб бўлмас ҳукмдек эшитилар, шундай бўлса-да, барибир, негадир ёқиб тушаётган эди. Шунинг учун гапини бўлмай эшитиб, муддаосини билишни истарди.

Бу маҳалда қиз қадаҳни яна тўлдириб узатди. Искандар Карим қадаҳни олаётганда қизнинг бармоқлари қўлига тегиб кетганини сезди ва эти ғалати жимирлаб кетди. Қиз кўз қисди ва:

– Танишувимиз учун олдик! – деди.

Сипқоришди. Искандар Карим вино таъмини унча сезмай қолди. Вино ичдими, сувми – фарқи йўқдай…

– Биламан, қандай ёрдамим тегиши мумкинлигини ўйлаяпсиз, – деди қиз зукколик билан. У, гўё, Искандар Каримнинг ичини бехато уқиб-ўқиётган эди. – Мен қўлимдан келмайдиган нарсани ваъда қилмайман, аммо қўлимдан келганини аямайман…

«Воҳ, зўр гапирар экан, – дея ўйлади Искандар Карим. – Бу энағар бирор олиймақом психолог ва ёки аниқ ҳаёт илм-фани қозонида биқирлаб қайнаб чиққан бир академик. Асло ундан кам эмас…»

Шундай бўлса-да, қизнинг хато ўйлаётганини билдириб қўйиш учун атайлаб деди:

– Йўқ, нотўғри ўйладингиз. Мен ҳақимда кимдан эшитганингизни билишга қизиқяпман, холос.

– О, буниси сир, – деди қиз зўраки кулар экан. – Мен менга ишонганларни сота олмайман!

– Унда яхши… – деди

– Хуллас, гап бундай. Мен хорижий бир компаниянинг ўзимиздаги минтақавий вакиллигида ишлайман. Бизнинг компания бутун дунёда тармоққа эга. Асосан хусусий бизнес. Тармоқли маркетинг деб эшитганмисиз?

– Йўқ, – деди Искандар Карим. Аммо бу ҳақида оз-моз билишини, кейинги пайтларда бир қанча танишлари ўша машҳур тармоқли маркетинг ишига аралашиб қолиб, хонавайрон бўлганини эшитганини айтгиси келмади. Чунки айтса, қизнинг муддаосини тўлиқлигича аниқлашга халақит бериши мумкин.

– Хуллас, ўша тармоқли маркетинг соҳасида номи чиққан, –  дея фикрини давом эттирди қиз. – Мен ўзи аслида гўзаллик салонида ишлайман. Гулдай ҳунарим бор. Аммо ҳаётни кўряпсиз, етарлича даромад, бойлик орттирмасангиз, кўчада қоласиз.

Қиз шундай дея стаканини назокат билан олдинга сурди ва Искандар Каримнинг кўзларига маъноли тикилди. Искандар Карим гапни дарров илғади. Қадаҳни қулт-қулт эткизиб тўлдириб, узатди ва:

– Марҳамат! – деди. Сўнг қўшиб қўйди: – Демак, яхшигина қўшимча даромадингиз бор экан-да?

– Албатта, – деди қиз қадаҳдан сипқориб, лабларини қоғоз сочиқ билан авайлаб артар экан. – Яқинда Себзор томондан бир хонали квартира олдим. Ишонасизми, ярим йил деганда олдим!

– Қойил, – деди Искандар Карим росманасига ҳаваси келиб.

– Гапнинг индаллоси, сизни ҳам ўз ёнимга ишга олишни таклиф қилмоқчи эдим, – деди қиз муддаога ўтиб.

Искандар Карим энди оғиз жуфтлаган эди, қиз илиб кетди:

– Йўқ, йўқ, қўрқманг, ишингизга ҳам, ўқишингизга ҳам умуман халақит бермайди. Бўш вақтларингизда, кечқурунлар, дам олиш кунлари шуғуллансангиз ҳам бўлаверади. Муҳими, менга ёрдам бериб турсангиз бўлди.

Таклиф Искандар Каримга мойдай ёқиб тушди. Сергей Довлатов деган яҳудий ёзувчининг бир ҳикояси қаҳрамони Борянинг севимли гапи эсига тушди: «Китоб билан аёл зотидаги энг муҳим нарса – шакл эмас, мазмун…».

Ҳозир қаршисидаги қизнинг кимлигидан кўра, унинг мазмуни беҳроқ эканлигини сезди. Аммо у айтаётган гап унчалик ишонарли эмас эди. Шунинг учун кўрсатажак ёрдами айнан нимадан иборат бўлиши мумкинлигига қизиқди.

– Ишхонадан чиқиб, кечда офисимда бирпас ёрдамлашасиз. Ҳужжат ишлари, маркетинг графикаларини тайёрлаймиз. Оригинал ва антиквар маҳсулотлар реклама сўзларини ёзамиз.

Қараса, унча қийин иш эмас. Қиз жон куйдириб тушунтиришлари орада озроқ ишонч пайдо қилаётган эди.

– Майли, кўрамиз, – деди Искандар Карим.

– Яшанг! Йигит шундай гапиради! – деди қиз дадиллашиб. – Қани, ҳамкорлик учун ичайлик унда!

Яна қадаҳ уриштирилиб, аччиқ шоколод газак қилинди.

Иккиси ҳам ширакайф бўлиб, кўзлари сузилиб қолди. Қиз сумкасидан телефон рақами ва манзил ёзилган бежирим ташриф қоғозини чиқариб, столга қўйди.

– Истаган пайтда телефон қилсангиз бўлади, – дея лутф қилди.

Официант келтирган ҳисоб-китоб қоғозчага кўз югуртирдию Искандар Карим ёлғондан чўнтак ковлагунича, бир даста пулни чиқариб, қўшиб қайтариб берди…

Оёқлари чалишганча ташқарига чиқишаётганида аллақачон қоронғи тушиб, қовоқхона мижозга тўлиб-тошган, тамакию чилимнинг ҳидидан кўз очиб бўлмас ҳолга келган эди. Тоза ҳавога чиқишганида қиз кутилмаганда қўлидан тутди.

– Кўришиб танишганимиз бирам яхши бўлди-е… – деди.

Искандар Карим ғалати аҳволга тушди. Ҳали шу пайтга қадар бирор қиз бу қадар яқин йўламаган, ўз ихтиёри билан қўлидан тутмаган эди. Гўё кўчада ҳамма унга қараб тургандай, қаранглар, қандай кетворган қиз билан юрибди, деяётгандай туюлаверди ва ўнғайсизлана бошлади. Секин қизнинг чангалидан қутулмоқ ниятида қўлини тортиб олиб, чўнтагидан дастрўмолини чиқарди.

– Уялмай қўя қолинг! – деди қиз шаддодлик билан.

“Жуда чатоқ-ку бу”, –  дея ўйлади Искандар Карим.

– Такси тутиб бермайсизми? – деб сўради қиз.

Қўл кўтариб, такси тўхтатди. Ҳали эндигина қиз айтган манзилни тушунтираётган эди, қизнинг ўзи:

– Икки кишимиз, айтган пулингизни берамиз! – деб қолди.

Искандар Карим ноқулай вазиятда қолди, аммо қиздан ҳам кўра ҳайдовчининг олдида мулзам бўлишдан уялиб, индамади.

– Майли, чиқинглар! – деди ёшгина ҳайдовчи.

Ихтиёрсиз равишда орқа ўриндиққа ўтиришди. Хаёлида режа қилдики, манзилга бориб, жентелменларга ўхшаб қизни кузатиб қўяди, тамом.

Аммо кутганидай бўлмади. Таксидан туша солиб, қиз яна қўлтиғига қўл юбориб, маҳкам тутди.

– Шу “дом”, иккинчи қаватида тураман… – деди қиз кўзларига тикилиб.

– Яхши дам олинг! – деди Искандар Карим кўзларини олиб қочар экан.

– Ия, опчиқиб қўймайсизми? – деди қиз ўткир нигоҳларини тикиб. – Зўрға оёқда турибман ўзи…

Искандар Каримнинг кўнглига ғулғула тушди. Бу ёғи қандоқ бўларкан, дея ўйлади. Ярим кечаси, қиз билан унинг уйига кириб бориши… Бирор фалокат юз беришидан чўчиди.

– Узр, шу ердан кузатиб қўйганим маъқул, – деди охири. – У ёғи ноқулай бўлади.

– Ҳечам ноқулаймас-да, – деди қиз. – Тўғрисини айтсам, бир ўзим яшайман… Қўрқманг, еб қўймайман.

Искандар Карим юраги тез ура бошлаганини ҳис қилди.

– Қандоқ бўларкан…

Йўлакдан бирин-кетин юқорига кўтарилишди. Қиз оқ темир эшик олдида тўхтади. Сумкасини титкилаб калитини топди. Эшикни очаётиб, зинада турган Искандар Каримга қараб жилмайди:

– Сизга катта раҳмат! – деди.

“Хайрият, – деди ичида Искандар Карим. – Қутулдим…”

Аммо ўйлагани ўйида қолди.

– Уйга киринг! – деди қиз. – Аччиқ қилиб чой дамлайман. Кайфимиз тарқаб, сал ўзимизга келиб олардик…

Бу чақириқ шундай оҳанраболи янградики, Искандар Карим илк бор бундай таклиф эшитиб тургани учунми, ҳаяжондан энтикиб кетди. Винонинг таъсири борган сари кучайиб, ўй-хаёлларини, ҳисларини ўз забтига олаётган шу чоғда қанчалик ўзини қўлга олишга, қиз билан тинчгина хайрлашишга уринмасин, минг бир чора ўйламасин, оёқ-қўли жимирлаб, юраги тез ва дукиллаб ура бошлаётган, қола қол деётган бир кўнглига ҳам, тезда кет ва қутул деётган иккинчи кўнглига ҳам қулоқ осишни билмас, бу икки истакнинг жангида ҳали қайси ғолибу қай бири мағлуб бўлаётганини англолмай, қай бирига бўйсунишни билолмаётган эди. Унинг бу ҳоли қизнинг кулгисини қистатди, шекилли:

– Намунча тортинасиз, а? Аёл киши бўлиб мен таклиф қиляпман, эркак бўлиб, сиз ўйланяпсизми? –  деди ўсмоқчилаб.

Бўлди! Тамом! Қизнинг гапи тўғри! Йигит одам нимадан қўрқади?

Искандар Карим ҳозир кўп ва охиригача ўйлашнинг мавриди эмаслигини тушунди. Очилган, остонасида қиз маҳтал бўлиб турган эшик томон дадил қадам босди. Аммо шу маҳал қўл телефони жиринглаб қолдию эсхонаси чиқиб кетди.

– Ало? – деди овозини ростлаб, имкон қадар ҳаяжони ва титроғини сездирмаслик учун.

– Ало, Искандар? – деди нариги ёқдан таниш овоз. Бу ижарадоши Суюн ака деган одам эди. – Қаердасан, ука?

Искандар Карим каловланиб қолди. Бир ҳафтадан бери қайсидир вилоятда хизмат сафарида юрган ижарадош акани шубҳага қўйиш жуда хавфли эди, отаси Искандар Каримнинг юриш-туришидан бохабар бўлиш учун тез-тез шу одамга қўнғироқ қилиб туришини сезиб қолган эди. Шунинг учун:

–  Мен… Бир курсдошимнинг туғилган кунида эдим. Ҳозир йўлга чиқяпман, бирпасда бориб қоламан… – деди.

– Яхши, – деди ижарадоши. – Тез кел! Эшикни қулфлаб, калитни суғуриб қўяман. Ўзинг очиб киравер, хўпми?

– Хўп, ака! – деди Искандар Карим қутулганига шукр қилиб.

Қиз эшик кесакисига суянганча ҳамон уни диққат билан кузатиб турарди, телефонда гаплашиб бўлиши биланоқ Искандар Каримга қўл узатди. Искандар Карим ҳам хайрлашмоқ бўлиб қўлини чўзган эди, қиз маҳкам ушлаб, ўзига чунонан тортдики, тутиб турган эшик ҳам тортилиб, ташқаридан ёпилиб қолди…

Қари қизга тонг отмас…

12

Искандар Карим шошганча зиналардан гандираклаб тушиб, тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди. Бирпасда вақт алламаҳал бўлиб кетган, “дом” хонадонлари аксарининг чироғи ўчган, одамлар ширин уйқида эди.

Қўл соатига қарадию, капалаги учиб кетди. Йўрғалаганча катта йўлга чиқди. Такси тўхтатди. Бир оқ “Жигули” келиб тўхтади. Эндигина манзилни айтиб, нарх-навосини сўрайман дея машина ойнасига эгилган эди, ортидан кимдир чақирди. Қаради. Сал нарида, дарахт тагида турган уч одам чақиряпти.

Ҳайдовчига, “Ҳозир, ака, кутиб туринг”, деди-да, улар томонга ошиқди.

– Ука, яхшимисан? – деди улардан бири – серсоқол, кўзлари бақрайган эркак. Қоронғида турқи жуда ғалати кўринди: юзи чўтирсифат, чандиққа ўхшаш узун-калта кесилдиқларга тўлган юзини соқоллари тўлиқ яширолмас эди.

Қолган икки эркак саломига беписанд алик олди. Йўқ, алик олгани ҳам йўқ, шунчаки, лабини жийириб қўйди, холос.

Искандар Карим баландроқ товушда қайтадан салом берган эди, яна аликсиз қолди.

– Бутта нима қивоссан, ука? – дея сўради серсоқол.

– Ҳеч нима, – деди Искандар Карим. – Иш билан келувдим, қайтяпман…

Улар бир-бирига қараб қўйишди. Юз-кўзида ҳеч маънини уқиб бўлмас эди.

– Қанча пулинг бор? – деб сўради соқолли яна.

Искандар Каримнинг юраги “шиғ” этди.

– Йўл кира ҳақи қолди, холос, – деди ўзини гўлликка солиб. Сездики, булар ўғри-кисовур ёки безори. Улар билан пачакилашиб бўлмайди. Қўлидан ҳар бало келади. Шунинг учун эркакча гаплашиш керак, холос, деб ўйлайди.

– Тўғрисини айтсам, уч минг сўм пулим бор.

– Чиқар бу ёққа! – дея буюрди сертук.

Искандар Карим хотиржамлик билан:

– Майли, ака, керак бўлса, бари пулимни бераман, – деди. – Фақат йўлкира ҳақини олиб қоламан, майлими?

Серсоқолнинг жаҳли чиқиб кетди:

– Сан кимми калака қивоссан, ж…б?!

Искандар Карим бундай пўписани биринчи марта кўриб тургани йўқ, шунинг учун бамайлихотир тутди ўзини.

– Ака, калака қилаётганим йўқ. Уйга етволишим керак-ку.

Серсоқол ёнидагига:

– Ол буни! – дея буйруқ берди.

Иккиси шартта Искандар Каримнинг қўлларига чанг солди. Кузатиб турган эканми, такси ҳайдовчиси эшикни очиб, қичқирди:

– Ҳой, йигитлар! Нима қиляпсизлар?!

Серсоқол унга қараб:

– Сани нима ишинг бор!? – дея ўшқирди. Отаси тенгги ҳайдовчи ғинг деёлмади. Кўча эгалари эканлигини фаҳмлади, шекилли, шартта эшикни ёпиб, машинани ҳайдаб жўнаб қолди.

Икки шерик Искандар Каримнинг билакларини ғижимлаб ушлади, қанча типирчиламасин, уларга кучи етмади. Бири ўнг қўли тирсагига тирноғини қаттиқ ботирган эди, додлаб юборай деди.

– Сан гап қайтардингми? – деди серсоқол. Искандар Карим жонидан ўтаётган оғриқнинг зўридан гапира олмади. Бахтга қарши, кўчада қатнов ҳам кам, онда-сонда бирор-ярим машина ўтади. Одамларнинг оёғи тинган, одатда чароғон бўладиган шаҳарнинг бу пучмоғида ҳар жойда бир симёғочнинг хира нурини айтмаса, зимистон эди. Искандар Карим ҳеч қаердан, ҳеч қандай ёрдам, нажот йўқлигига кўзи етди.

– Яхшилаб ушлаларинг буни, – деди серсоқол шерикларига. – Ҳозир бети билан кетига нақш босамиз!..

Искандар Карим бу зўраки муттаҳамларнинг нияти бузуқлигини, ҳеч нарсадан тап тортмаслигини тушунди. Отдан бўлган ўт ейди, итдан бўлган эт ейди-да ахир!

Серсоқол чўнтагидан кичкина пичоқ чиқариб, ой ёруғига тутди. Шунда Искандар Каримнинг кўзлари қўрқувдан ола-кўла бўлиб кетди.

– Бўлди, ака! Ҳаммасини бераман! – деди.

– Бу бошқа гап! – деди сертук. Шериклари илжайишди. – Одамни қонига ташна қилмай, қисибгина борини бериб кетавермайсанми, ука.

– Тушундим…

Пулни олиб, иршайганча, қўлини бўшатишди.

Искандар Карим елкасидан нафас олди. Қалтираган қўлларини икки ёнга ёзиб, билакларини ушлаб-ушлаб силади. Тирноқ ботган эти симиллади. Сездики, оёғи ҳалиям дағ-дағ титраяпти.

“Ҳа, қўрқиб кетдингми, Искандар Карим, – дея ўйлади. – Чумчуқ “пир” этса, юрагинг “шир” этдими? Бунча қўрқоқ экансан… Болалигингдаги журъатинг қани? Кераксиз пайтлар кўринган билан дўппослашиб юраринг-ку… Қилич тутган қиличдан ўлар. Саёқ юрдингми, энди таёғини ҳам ейсан!»

Искандар Карим қўлидан ҳеч нима келмагани, чўнтагини қоқтириб, хемирсиз қолгани, энг ёмони, йигит боши билан кимнингдир олдида бош эгиб тургани нашъа қилиб кетди.

Кезанган ёвдан қайтмас экан. Қўлларини силкитиб-силкитиб, уқаламоқчи киши бўлиб, муштини тугди; йирик-майда пулларни санаб турган соқоллининг қаншарини мўлжал олиб, чунонам мушт туширдики, сертук зарбадан гандираклаб йиқилди.

– Тўнғиздан ўқ аяма! – дея бақирдию Искандар Карим олди-орқасига қарамай қочмоқчи бўлди. Шерикларидан бири сертукни турғизмоқчи бўлиб эгилди. Иккинчиси чаққонлик қилди: чўнтагидан пичоқ олиб, Искандар Каримнинг нақ бўғзига қаратиб шундоқ силтадики, яхшиям, ўзини илкис ортга тортиб, тисарилиб қолдию пичоқ визиллаб томоғи тагидан ўтиб кетди. Хайрият, тегмади.

Жон ҳолатда қочди. Бир деганда боя чиқиб келган «дом» олди томонига ўтиб кўздан ғойиб бўлди.

– Ўлдираман! – деди серсоқол тишини ғижирлатиб. – Ўлдирмасам агар, итман!

… Искандар Карим силласи қуриганча пою пиёда юриб, ижара уйга етиб келганида орқа маҳалладаги ҳовлилар томондан хўроз қичқира бошлаган эди.

“Бир соат бўлса ҳам мизғиб олишим керак, – дея ўйлади. – Эрталаб яна  ўқишга боришим керак, ундан аввал почтага кириб ўтмасам бўлмайди…”

13

Ҳамкурсларининг бари безовта эди. Саноқли кунлардан сўнг учинчи курс ҳам тугаб, таътил бошланади. Яна уч ой кўришишмайди.

Катта танаффус пайти Искандар Карим ошхонага тушди. Ғала-ғовур ичидаги талабалар орасидан зимдан Лайлони қидирди. Тополмади.

Яна учинчи қаватга чиқди. Талабалар йўқ ҳисоби, ҳамма тушликка чиқа бошлаган эди. Хайриятки, Лайлони йўлак бошида учратди. У дераза ёнида омонатгина турар, хаёллари бироз паришон эди.

– Дарс тугадими? – деб сўради Искандар Карим нимадан гап бошлашни билмай.

– Йўқ, – деди Лайло бепарво.

– Тушликка чиқмадингизми?

– Йўқ…

– Ҳа-а-а… – деди Искандар Карим сўлиш олиб.

Лайло разм солиб унга қаради.

– Сочингизга нима қилди? –  дея сўради ажабланиб.

– Қарияпман, – деди ҳазиллашиб Искандар Карим. – Жиннихонада ўқишнинг ўзи бўладими…

Лайло кулмади. Искандарнинг кўзларига тикилар, нигоҳларида ачинишга ўхшаш ифода барқ уриб турарди.

– Тўғрисини айтинг, Искандар, мазангиз яхшими? – деб сўради аллақандай меҳрли оҳангда.

– Зўр! – деди Искандар Карим овозига дадил тус бериб.

– Сизга раҳмат айтмоқчи эдим… – деди Лайло.

– Нега? Тинчликми?

– Касал пайтим шунча хабар олибсиз… Кутмаган эдим…

Искандар Карим жилмайди:

– Қўйсангиз-чи, ҳамма қатори-да… – деди.

– Гул учун алоҳида раҳмат…

Искандар Каримнинг юраги дукиллаб кетди. Демак, Лайлога ёқибди, деб ўйлади. Ичида беҳад мамнун бўлди, умрида биринчи бор қилган ишидан ёқимли қониқиш туйди.

– Ёқдими? – деб сўради ўйлаганларига янада ишонч ҳосил қилиш учун.

– Ҳа, сиз берасизу…

Искандар Каримнинг қувончи ичига сиғмай кетди.

Бир лаҳза жим қолдилар.

Лайло айни дамда ҳаяжонланар, юрагида тушуниксиз ҳислар ғалаён қилаётган эдики, ҳеч қачон бировнинг олдида ўзини бунчалик сокин ва…  бахтиёр сезмаган эди!

Искандар Карим ҳам ёқимли туйғулар оғушига тушиб қолди. Уни кўрса, дукиллай бошлайдиган юраги худди механик соат миллари каби чиқиллар, йўқ, миллисония мили каби тез урар, айни чоғда кўнглидаги барча ниятларини унга айтгиси, шаҳло кўзларига тикилганча, қўлидан тутиб, қачонлардан буён дилида сақлаб келаётган изҳорини баён қилгиси келиб кетди.

Аммо иккиланди: ҳозир мавридимикан? Балки бундай гапларни иккиси ёлғиз учрашиб, гувоҳлар йўқ пайти айтган яхшимикан.

– Лайло? – деди Лайлонинг кўзларига масрурона тикилиб. – Дарсдан сўнг кино-пинога бормаймизми?

Лайло ҳам худди шуни кутиб турганидек:

– Майли, – деди.

– Келишдик!

– Фақат… Бахтигул билан бораман, майлими?

Сезди, Лайло Бахтигулдан ўзини Искандар Карим билан кўриб қолиши мумкин бўлган “оғзида юрувчилар”дан «ҳимоя қалқони» сифатида фойдаланмоқчи.

– Бўлади, – деди Искандар Карим кулиб. – Дарсдан сўнг «Панорама» олдида кутаман…

Киносаройга етиб боришганида Искандар Карим қўлида учта чиптани ўйнатиб, тиржайиб кутиб турган эди. Унда-бунда ёши катталар, оилавий томошага келганлар кўзга чалинмаса, киносарой олди асосан ёш-яланглар, жуфт-жуфт келган муҳаббатга мубталоларга тўла, қий-чув қилишиб, ўша пайтда номи чиққан бир фильмнинг навбатдаги сеанси бошланишини кутиб туришарди.

– Бошқа кино кўрамиз! – деди Искандар Карим. – Ҳамма кўрган кинони кўрмаймиз!

– Фарқи йўқ, – деди Лайло.

Ростан ҳам, чипта олинган фильм кичикроқ залда экан. Одам жуда сийрак, ҳар ер, ҳар ерда бир-икки жуфтлик, улар ҳам залнинг орқа тарафини, кўздан пана ўриндиқларни ишғол қилишганди. Искандар Карим намойишкорона олд ўриндиқларга қараб юра бошлади. Лайло хижолат тортдими, орқароқда ўтира қолайлик, дея оёқ тираб туриб олди. Искандар Карим қараб турди, аммо орқага қайтмади.

– Майли, сизлар ўзларингизга қулай жойда ўтира қолинглар, – деди ва билганидан қолмади.

Қизлар анча орқадаги ўриндиқларга жойлашишди. Искандар Карим гўё эътибор бермади. Бепарво ҳолда, ҳали реклама берилаётган катта эрканга тикилиб ўтираверди. Бирор уч-тўрт дақиқа ўтган эди, ёнида Лайло пайдо бўлди.

–  Бахтигул қўймади, – деди Искандар Каримнинг ёнидаги ўриндиққа чўкар экан. – Боринг, олдинроққа ўтиринг, деб миямни еди…

– Жуда ақлли қиз-да, шу Бахтигул, – деди Искандар Карим.

Лайло ярқ этиб унга қаради. Искандар Карим жиддий тикилиб тураверди.

– Ҳа, тўғри, – деди Лайло ва жилмайганча қўшиб қўйди: – Чунки, менинг дугонам-да!

Зал ним қоронғи эди. Искандар Карим ҳар замонда орқага қараб-қараб қўяр, гўё ҳамма иккисини пойлаётгандай, бир-бири билан пичирлаб, уларни муҳокамаю ғийбат қилаётгандай туюлар, бироқ томошабинларнинг кўпи ўзи билан ўзи андармон, ғира-ширада бир-бирининг пинжига кириб кетгудек ўтиришарди.

Фақатгина олд қатордагина бизнинг икки қаҳрамонимиз экранга тикилиб, қаддини ростлаб ўтирар эди.

Фильм бошланди. Аммо… фильмда нима бўлди, ўзи уни кўришдими-йўқми, кейинчалик ҳеч эслай олишмайди. Беқиёс ҳаяжонлар эсларида, юраклари гупирлаб, таналарида уйғонган ёқимли ҳароратлар эсларида, бармоқлари бармоқларига тегибгина тургандаги титроқлар эсларида, дунёни унутиб, ширин орзуларга чўмиб, хаёлларга берилишгани, тақдирларини тақдирларига эш қилиб, сурган ўйлари эсларида…

– Лайло?.. – дея шивирлади Искандар Карим титроқ овозда, қизнинг қайноқ қўлини кифтига олиб. Шунда… Лайло биринчи бор қўлини тортиб олмади… Гўё инон-ихтиёрини йигитга тўла ишониб топширгандай хотиржам тутди. Қўллари шунчалик қайноққина эдики, Искандар Карим беихтиёр энтикиб кетди. Қандай қилиб ўзида журъат топганини билмай қолди: – Сизни жуда яхши кўраман, Лайло!..

Лайло жавоб бермади. Жавоб бермади эмас, чамаси, жавоб беролмади!

14

Бой бир ўлса, камбағал ҳар куни ўлади.

Искандар Карим ишхонасида ишга кўмилгани етмаганидай, адоқсиз муаммолар гирдобида ҳам қолди.

Ёз кунларидан бири эди. Қишлоғидан ўтган катта канал қирғоқлари ўпирилиб, сув тошди. Кўп қатори уйларини сув босган, қўли калта ота-она зор қақшаб, гандираклаб қолган эди. Ишлаб топган озроқ пулини юборди, урвоқ ҳам бўлмади.

Сувни даф қилиб, уй-жойини тиклагунларича тинкаси қуриди, аммо фойдаси бўлмади, захдан моғор босган пахса уй пойдеворлари дарз кетиб, омонат туриб қолди.

– Сен ўқийман деб шаҳарда ялло қилиб юравер! – дея заҳрини сочди бир куни отаси.

– Нима қилай, ота… – дея зорланди Искандар Карим. – Ўқишни ташлаб кетайми энди. Бир йилгина қолди ўзи, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетар…

– Бўлади-я, бўлади, – дея кесатди ота. – Одамларнинг боласи чет элда ишлаб пул топяпти. Уйига ҳовуч-ҳовуч пул жўнатяпти. Шу болаларнинг оталари, мана, кўчада ҳеч кимга гап бермай ҳаданглаб юрибди.

Аввал ҳам бир-икки бор эшитган бу гаплар Искандар Каримнинг ичини ағдар-тўнтар қилиб юбораётган эди.

Ота офтобнинг тиғида куйиб кетган манглайидаги терни сидириб, қабарган қўллари билан почасини шимарди. Қоқ суяк бўлиб кетган оёқларига илашган хас ва чангни қоқди. Кўзини ерга тикканча, миқ этмай ўтирган ўғилга қараб, давом этди:

– Ошналарим дам-бадам айтяпти, ошна, соқолинг селкиллаб қачонгача бола-чақа деб, бировларнинг остонасида лой тепасан? Ёшинг элликка қараб кетяпти, боланг тенгги одамларнинг ҳовлисида мардикорлик қилишдан уялмайсанми, деяпти. Тилимни тишлайман, тилимни! Тайинли жавоб беролмаганим учун, болам ўқияпти-да, дейман. Улар устимдан баттар кулади: ҳой, ошна, дейди, бизнинг болалар ўқимаган бўлсаям, дунёнинг нариги четида ишлаяпти, пул жўнатяпти, дейди, ўша пулга сотиб олаётган машиналарини кўз-кўз қилиб гапиради. Мен нима дейман, Искандар, нима дейин уларга? Ўғлим ўқиб, катта ишда ишлайди, деб айтайинми? Ўша ишингдаям фақатгина товуқнинг донга етадиган ойлик беради-ку… Тирик бўлиб бозорда йўқсан, ўлик бўлиб – мозорда. Қачон одам бўласан бу кетишда…

Ота-ўғилнинг гапини эшитган шекилли, тутундан қорайиб кетган эски пастқам тандирхонадан косовни кўтариб онаси чиқади.

– Болага кўп зуғум қилманг! – дейди. –  Сиз айтаётганлар бугун яхшидир. Эртага-чи? Нима қилади? Ўқиган эса, ҳеч қачон хор бўлмайди. Искандаржон, бу ёққа қара, сенга кулча ёпдим, болалигингда сувга ботириб еган кулчаларингдай…

Онаси доим шундай қилар эди: отаси тергай бошласа ёки турткилаётганини кўрса, тамом: дарров орага тушади. Нимадир иш буюриб, отадан узоқлаштиради. Шу билан гўё унинг зуғумидан “озод” қилади.

Искандар Карим ҳамон миқ этолмай ўтирар эди. Миясини пармалаётган ота гапларига жўяли жавоб тополмайди… Қўлларини мушт қилиб тугади. Хаёлида: “Ота, мен хорижда мардикор бўлмайман! Қачон бўлсам ҳам, бир кун албатта шу ерда, шу юртда одам бўламан…” дейди.

Муштининг орасида қолган иссиқ кулча қўлини куйдириб, эзғиланиб кетганини сезмайди ҳам…

15

…Ташнанинг тушига сув кирар эмиш.

Улар тўртинчи курс бошлангунига қадар ҳижрон нима эканлигини англаб етдилар.

Уч ойлик таътил – ўттиз йиллик айрилиқдай ўтди!  

16

Искандар Карим ишхонасидан олган бир ҳафталик таътилни ўтказиб, қишлоғидан қайтди. Ўзини мункиллаб қолган мўйсафидлардек ҳис этди: қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тушунди. Индинга дарс бошланса-да, шунча вақт буни орзиқиб кутган, кун, дақиқа санаб ўтказган бўлса-да, гарчи икки кундан сўнг Лайлони кўриш, кўзларига термулиш бахтига муяссар бўлса-да, ичини тирнаётган дард-аламлардан, отасининг дилни тешиб юборар гапларидан халос бўла олмади.

“Энди бошқача одам бўлишим керак”, дея ўйлади.

Ўқиш бошланган илк куни тонгдан бориб олди. Курсдош йигитлар билан қучоқлашиб кўришишди.

Лайлони узоқ қидирди. Кутди-кутди. Бироқ у келмади. Тушга яқин шалвираган куйи ишхонасига кетди. Қўнғироқ қилмоқчи бўлиб, рақамларини терди. Лекин яшил тугмани босмади.

Эртаси куни ҳаллослаганча биринчи дарсга етиб келишга базўр улгурди.

Биринчи қават фойъесида Лайлони учратди. У хурсанд, шодон кўз тикиб турарди. Искандар Каримни кўриши билан кўзлари боз порлаб кетди.

– Вой, салом! – деди қўл чўзиб.

– Вой, алик! – деди Искандар Карим ҳам унинг оҳангида саломлашиб.

Қайноқ қўллар учрашиб, юракларидаги соғинчларини етказдилар.

Шу-шу, юраклар бир-бирига қараб тинимсиз талпинадиган бўлди.

Кунлардан бирида танаффус пайти Искандар Карим сумкасидан китобини олаётган эди, китоб орасидан рўмолча чиқди. Янги. Ҳайрон бўлди. Бунақа рўмолчаси йўқ эди. Айлантириб қаради. Ўзиники эмас. Китоби орасига қаердан тушиб қолди экан? Ижара уйидаги йигитларникимикан? Ол-а! Улар бундай қиммат рўмолча ишлатмайди, арзонидан, сув юқтирмас капронидан олишади.

Камига рўмолчадан ширин ифор таралиб турибди. Эътибор берса, Лайлонинг атрига ўхшайди. Лекин Лайлонинг бундай қиладиган одати йўқ эди.

Атрофга қаради, ҳамкурслари ҳеч нарсадан хабари йўққа ўхшайди. Эса, албатта, ҳозир ҳиринглашиб, устидан кулаётган бўлишарди.

Китобни қайтариб солиб, сумкани елкасига илди. Йўлак бўйлаб пастга тушди. Биринчи қават зинасига етганида олдидан Лайло чиқиб қолди. Унга эргашиб, иккинчи қаватга қайтиб чиқди. Фойъедан ўтишаётганида шу ерда бирпас турайлик, деб таклиф билдирди. Қизга рўбарў бўлди.

Узоқ-яқиндан гап ташлади. Қиз шаҳло кўзларини пирпиратиб-пирпиратиб эшитди. Гап орасида худди ҳеч нима бўлмагандай сумкасидан рўмолчани олиб, пешонасини артди. Шу аснода қизнинг кўзларига синовчан тикилди.

“Агар у солган бўлса, нимадир дейди. Билдириб қўяди… Агар солмаган бўлса, буни мен унга сездириб қўймайин, ишқилиб…”

Эътибор берди: Лайло қўл рўмолчага буткул эътибор бермади.

Қиз билан хайрлашгач, ичини ит тирнади. “Ким? Ким солди экан буни? Нега тўйинтириб атир сепган? Атирки, димоғини куйдирадиган ёқимли ифор. Ҳар нафасда Лайлони эслатиб туради…”

Ўйлаб ўйига ета олмади.

Кимдир ҳазиллашдимикан? Ё Бахтигул қилдимикан буни? Нега? Тўхта, балки шу қилгандир? Ахир у Лайлони жуда яхши билади, қандай атир ишлатишидан ҳам бохабар.

Шу тариқа Лайлони синаган усулни унда ҳам синаб кўрди. У ҳам рўмолгача ортиқча қиё боқмади.

Бу сирли воқеа жумбоқлигича қолди. Фақат ўша оқшом ухлашга ётиши олдидан телефонига бир хабар келгунича бу кимнинг «қилмиши» эканлигини била олмади:

“Сизга эсдалик бўлсин, дедим. Ва… сизга ёқадиган атримдан сепиб қўйдим… Дўстингиз Л…”

“Воҳ! Нега бунча қийнадинг, Лайло! Шуни эртароқ айтмайсанми? Юрагимни суғуриб олдинг-ку…”

Сумкасидан чиқариб, рўмолчани қайтадан тўйиб ҳидлади ва ёстиғи тагига қўйиб қўйди. Чироқни ўчирди. Аммо доим зимистон бўладиган хонаси Искандар Каримнинг юзларидан таралаётган бахт ёғдусидан чароғон бўлиб кетгандай эди…

17

Анчадан буён эрта қайтмаган Искандар Карим бугун оқшом ижара уйга вақтлироқ келди. Ошқозони тинмай сибизға чалаётган эди.

Уйда ижарадошларидан Суюн ака билан Зокир деган биринчи курс талаба йигитча бор экан.

Суюн ака Искандар Каримни кўриши билан қаҳ-қаҳ отиб кула бошлади.

– Тинчликми, ака? – деб сўради Искандар Карим.

– Тинч, ука, тинч, – деди Суюн ака қийиқ кўзларини артиб. – Зўр нарса бўлди-да боя. Қуруқ қолдинг.

– Нима бўлди?

– Ишдан қорним жуда таталаб келдим, – дея гапини бошлади Суюн ака. –Ошхонага кирсам, ейишга ҳеч вақо йўқ. Дастурхон қуриб ётибди. Қозоннинг юқиниям кимдир ялаб қўйибди. Шалвираб, нариги хонага ўтсам, Зокирвой балконга қараганча тескари ўтирибди. Бошига ялтиллатиб нимадир суриб олибди.

“Зокиржон, қўйгин шу ишингни, барибир соч чиқмайди энди”, дея ҳазиллашдим.

“Чиқади”, деди у.

“Нима сурдинг энди бу сафар?” деб сўрадим.

“Асал” деса бўладими…

Ай, Искандаржон, мен, сен қорнимиз нонга тўймай, оч юрибмиз, бу бўлса, кал бошига асал суради. Қорним оч эмасми, шартта бориб, бошини ялаб, асалини еб қўйдим.

Искандар Карим одатдаги бу лофдан ўзини тутиб туролмади. Пақиллаб кулиб юборди.

– Бошида менга етадиган асал қолдимикан, ака? – дея сўради кулгидан ўзини тиёлмай.

Буларга қўшилиб Зокирвой дегани ҳам қўшилиб кулар, афтидан, пишиқ-пухта бу йигит асалнинг қолганини ўтирган кўрпачаси тагига бекитгану қўли билан ҳар эҳтимолга қарши пайпаслаб, бор-йўқлигини текшириб қўярди.

Орадан бир соатлар ўтиб, тўртинчи ижарадоши Комил ака икки курсдош дўстини бошлаб келиб қолди. Хайриятки, бўш келишмабди. Қўлларида елимхалтада мева-чева, егуликлар, нон, шакар ва тухум олиб келишибди.

Меҳмон йигитлардан бири овқатга уннаб кетди. Ярим тунда одмигина дастурхон атрофида йиғилдилар. Қоринлари тўйгач, минг қўйли бойлардек, ҳали чиқиб улгуриш қаёқда дейсиз, ичига тортиб кетган қоринларини силаб-силаб қўйишди.

Тўйган одам ўзидан ортади. Гурунг авжига чиққанда Комил аканинг ошпаз дўсти кутилмаганда Искандар Каримдан сўраб қолди:

– Искандаржон, ўқиш қачон тугайди?

– Шу йил, насиб қилса.

– Ҳа, зўр-ку. Қайси соҳадан кетасиз энди?  Ким бўлмоқчисиз?

Искандар Карим болалик орзуси – сиёсатчи бўлишини айтди.

– Э-э, бекор-бекор, – деди у. – Тузукроқ соҳани танласангиз бўлмасмиди?

– У нима деганингиз? – деди Искандар Карим.

– Хўп, майли, қаерда ишламоқчисиз?

– Қаерда бўлсаям… давлат ишида.

– Афсус… Афсус… Минг афсус…

– Нимага энди афсус?

– Ҳа, энди… Эртага қозонингиз қайнамайдиган соҳани танлабсиз-да, ука… Ҳозир ёғли жойга кириб, соққани қиладиган замон-ку. Сиёсатчи бўп, ҳали унинг, ҳали бунинг кетини ялаб юриш яхшимас…

Искандар Каримнинг ошкора ғаши келди.

– Давлат ишида ким ишлайди унда? – дея сўради жиддий оҳангда.

– Қўйсангиз-чи, ука. Чўнтакда ҳемирингиз йўқ, қорнингиз оч бўлса, давлатни ўйлаб нима қиласиз? Минг йил ишланг, бир хонали капа ҳам тиклай олмайсиз бунақа соҳада. Ҳали уйланасиз, бола-чақали бўласиз. Ўшанда гапларимни эслайсиз.

Искандар Каримга бу гаплар ёқмади. Қарши ҳужумга ўтди:

– Ўзингиз-чи? Қайси соҳада ишлайсиз?

“Ошпаз” худди мазах қилгандай кулди:

– Озгина қолди ишга киришимга. Аввал пропискани тўғрилашим керак экан. Шунинг ҳаракатида юрибман.

– Пропискани қандай тўғрилайсиз? Отлиққа йўқ-ку!

– Энди, ука, униям йўли бор экан-да. Шаҳардан бир танишроқ боши очиқ кеннайи бор. Шу билан гаплашдим. Соққасини бераман, дедим. Ўша билан вақтинчалик никоҳдан ўтсак, прописка ҳал экан… Иш битгандан кейин «ажрашиб» кетаверамиз-да!

«Ошпаз» шарақлаб кулиб юборди. Қўшилиб кулишди. Унинг уддабуронлигига қойил қолишди. Биргина Искандар Карим хўмрайиб тураверди.

– Бундай ишлаб, яшагандан кўра, очдан ўлган яхши, ака… – деди.

“Ошпаз” беўхшов кулди. Унинг бу кулишидан: “Ҳали ҳаёт олдинда, кўрасан, тирмизак” дегандай гап уқди.

Искандар Карим шу-шу ҳар гал ўша “ошпаз”ни кўрганида ижирғаниб қарайдиган бўлди.

18

Мажнун ҳам севгунига қадар ҳамма йигит қатори бўлган экан.

Ошиқ Искандар Карим кейинги пайтлар ўзини буткул унутди. Эс-хаёлини фақат ва фақат бир киши банд этган. Юраги фақат бир исмни деб уради: Лайло!

Ишхона ишлари ўлда-жўлда қолиб кетмоқда эди. Кунда-кунора ишга бора олмай қолар, ишидан унум кетган, ҳар тайёрлаган ҳужжатида ғиж-ғиж хато ва камчиликлар бўй кўрсатиб турар, раҳбарларидан тинимсиз дакки эшитаётган эди. Аммо энди биз билган илгариги ишга чанқоқ, ўқишга ўч Искандар Карим йўқ эди.

Қаршимизда ғамгин ва ғамнок, кўзлари фақат ва фақат бир гўзал санамни кўрадиган, ишқ дардига чалинган “оғир бемор” – ошиқ Искандар Карим турарди.

Камига ўқиш якунланишига оз фурсат қолган, ҳамкурслар оғзида энди давлат имтиҳонлари бошланар эмиш, деган хавотирли гап тинмай айланаётган кунлар ҳам яқинлашди.

Дарси тугаши билан ишга кечикаётган Искандар Карим шошилинч такси тутиб метрога етиб олди.

Метро гавжум эди. Бекат ўртароғида вагон бўшроқ бўлади, дея хаёл қилди. Бир маҳал бекатнинг нариги бошида кимнидир кўрди-ю тахтадай қотиб қолди.

Уч киши – Лайло, Бахтигул ва яна бир таниш чеҳра турар эди. Эътибор бериб қаради. Кўз нурим пасайдимикан, деб хаёл қилиб кўзларини ишқалаб қаради: йўқ, адашмабди, учинчиси ҳам таниш туюлди!

Ким бўлди экан-а? Қаерда кўрди экан уни?

Э, ҳа!.. Бўлди… Бу қиз ўша… кафега чақириб бирга ўтирган, уйига кузатиб, тунда…

Э, тўхта! Ахир у бу ерда нима қиляпти? Нима қилсаям, гўрга, у Лайло билан нега бирга турибди? Нимани гаплашишяпти? Бу оддий тасодифми ёки…

Ўлсин агар, Искандар Карим уч қизнинг бу алфозда бирга суҳбатлашиб туришини ҳеч бир мантиқ билан боғлай олмади.

Кўнглига минг бир шубҳа-гумон оралади.

Шартта олдига бориб, ўзларидан сўрамоқчи ҳам бўлдию, тийилди. Йўқ жойдан ғавғо чиқишини истамади. Тўғрироғи, ғавғо чиқишидан ҳам кўра, анави қиз таниб қолиб, бўлиб ўтган воқеаларни Лайлога гуллаб қўйишидан қўрқди. Яхшиси, бу ғалати учрашув сирини билишга аҳд қилади. Бироқ шу маҳал метро поезди келиб қолди. Улар хотиржам суҳбатлашиб туришган эдию, ҳеч кутилмаганда учови ҳам чаққонлик билан поездга ўтириб олишди. Искандар Карим тахтадай қотиб қолаверди. Унинг хаёлига охирги вагонига ўтириб, уларни изидан таъқиб қилиб бориш фикри келганида поезд аллақачон эшикларини ёпиб, жойидан қўзғалган эди. Кечикди… Энди бу сирли учрашув мантиғини чақа олмайди. Эҳтимол, бу шунчаки бир тасодифдир, деб юпатди ўзини.

“Ҳар не бўлганда ҳам, охири бахайр бўлсин-да…” деган ўй ўтди хаёлидан.

Аммо…

Эртаси куни эрталаб худди шу бекатда вагондан тушар экан, нариги томонидан Лайло келаётганини кўриб қолди. Суюниб кетди. Унинг қаршисига пешвоз чиқар экан, яна юраги дукиллаб ура бошлаганини ҳис қилди.

Бироқ… уни кўрса юзлари гулгун бўлиб кетадиган Лайлонинг чиройи очилмади. Қайтанга нигоҳлари қаҳрли тус олди.

Искандар Каримнинг ичи шувиллаб кетди.

“Тинчликмикан ишқилиб…”

– Салом, Лайло! – деди Лайлонинг ҳам тунд кайфияти ўз руҳига кўчиб ўтганини сезмаган ҳолда.

Лайло қовоғини уйди.

– Салом… – деди қуруққина қилиб. Искандар Каримнинг дами ичига тушиб кетди. Нега бунча қуруқ? Нима бўлди унга?

– Яхшимисиз? –  дея сўрай олди, холос.

– Ёмон! – деди қиз чўрт кесиб. – Жуда ёмон!

Лайло жарроҳликдан сўнг жуда таъсирчан бўлиб қолган эди. Аммо бунчалик қўрс эмас эди.

– Нега? – дея ҳайрон бўлди Искандар Карим. – Нима бўлди, тинчликми?

– Тинчлик эмас! –  деди титраб Лайло. – Ҳаммаси тамом энди! Сиз билан бошқа гаплашмаймиз!

– Нега ахир? –  ҳеч нимага тушунмай, зорланиб сўради Искандар Карим.

– Нимага деб сўраманг! Алоқаларни узамиз! Тамом-вассалом!

– Йўқ, –  деди Искандар Карим қатъий. – Бунақаси кетмайди. Нимадир бўлдими сизга? Айтмагунингизча қўймайман барибир!

– Бундан ортиқ нимаям бўлар эди, – деди Лайло қаҳр билан. –  Синовдан ўта олмадингиз!

Искандар Карим донг қотди.

– Қандай синов? – дея сўради.

Лайло бу сафар шундай дона-дона қилиб гапирди, гўё наъра тортдики, Искандар Карим адойи тамом бўлди!

– Оддий синов! Синовга хиёнат билан жавоб бердингиз!

– Нималар деяпсиз, Лайло? Қанақа хиёнат?

– Ўзингизни гўлликка солманг! Азиза деган опачам билан кўришгансиз. Мен фақат менга садоқатингизни билиш учун ўша опачамдан сиз билан гаплашиб кўришни илтимос қилган эдим. Сиз бўлса, у билан…

Лайло гапини охиригача айтолмай йиғлаб юборди.

Искандар Карим танасини ток ургандай, қалтираб кетди. Демак, демак, ўша қиз… бунинг таниши бўлган… нега? Нима учун ундай қилишди?

Чаён чўққа тушса, ўз нишини ўзига санчар экан. Лекин Лайло чаён эмас эди-ку! Нега ўз бахтига ўзи чанг солади?

Искандар Каримнинг миясига тизгинсиз саволлар қуйилиб келар, уларнинг бирортасига жўяли жавоб тополмаётган эди.

Айни пайтда қаршисида бу кўргиликдан, чидаб бўлмас аламдан зор қақшаб йиғлаётган муҳаббати турарди. Уни бағрига босиб, далда бергиси келди. Керак бўлса, узр айтиб, кечирим сўрамоқчи ҳам бўлди. Аммо назарида, энди кеч эди… Улар ўтиражак поезд аллақачон кетиб бўлган эди.

Шундоқ эса-да, Лайлонинг қўлларидан тутди.

– Сизга бир гап айтаман, фақат охиригача эшитасиз, агар хулосангиз ўзгармаса, унда майли, сиз айтгандай бўлади, – деди.

Лайло гапирмади. Жиққа ёшга тўлган кўзларини артди. Уни бу алфозда кўриб, Искандар Каримнинг кўнгли бузилди.

– Сизга ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман, – дея гапида давом этди. – Бунинг фойдаси ҳам йўқ аслида… Хуллас, сиз айтган қиз билан ростдан ҳам бир кўришганман. Ўшанда…

Искандар Карим гапираверди, ўтган воқеалар кўз олдидан кино тасмасидек қайта жонланаверди.

… хайрлашмоқ бўлиб қўлини чўзган эди, қиз маҳкам ушлаб, ўзига чунонан тортдики, тутиб турган эшик ҳам тортилиб, ташқаридан ёпилиб қолди…

Ана, нима бўлаётганини дафъатан сезмай қолган Искандар Карим қўлини тортиб олди. Қиз бўйниларига қўлини юбориб, осилди. Бўйнида худди… илон ўрмалагандай сесканиб кетди.

– Нималар қиляпсиз? – деди қизга қараб. Қиз кўзларини сузди:

– Нима қилибман, – деди оҳиста. – Вой-бу, бир эркалансам, эркаланибман…

Искандар Карим винонинг ачқимтил таъмидан қақраётган томоғини қирди.

Шу тобда ҳеч кутилмаган ва ўйламаган иш бўлди: қишлоқда, оғзи увадаланиб кетган эски тандир бўйида онасининг бир қўлида касов, иккинчисида янги узилган кулчани тутганича соғинч тўла кўзларини йўлига тикиб турган маъсум нигоҳлари кўз олдига келиб кетди… Тандирхонанинг нариги бурчидан Лайло ҳам енгса-ю рапидани кийганча, ёйилган хамир тагига сув сепиб, тандирга иламан дея жилмайиб қараб турганини кўрди…

Гарчи сарҳушликда эҳтиросдан жунбишга келиб турган бўлса-да, туйғулари чилпарчин бўлди. Ҳозиргина манави офатижон олдида гул – баҳона, дийдор – ғанимат деб турган, бутун вужудини қамраб олиб, тобора қўзғалиб келаётган ҳирси сўнди-қолди.

– Йўқ! – деди қатъий оҳангда. – Оқибати ёмон бўлади…

Бўйнида чирмашиб, қонини гупиртираётган қизнинг қайноқ қўллари шалвираб тушиб кетди.

– Шунақами? – деди қиз хўмрайиб.

– Ҳа…

– Бўпти! Узр… Кета қолинг!

Искандар Карим ёқасини тўғрилаб, индамай эшикка йўналган эди, орқасидан аламли овоз келди:

– Қўрқоқ!

Илкис тўхтади. Аммо гапирмади. Эшикни шарақлатиб ёпдию чиқиб кетди.

Шўринг қурғур Искандар Карим гапини якунлар экан, зимдан Лайлога қараб-қараб қўйди. Назарида, гаплари бироз ишончсизроқ чиқаётгандай эди. Ахир қайси эр йигит ярим тунда, ёлғиз қиз, тағин ҳам ўз майлларини билдириб бағрига чорлаб турган сулув олдидан қуруққина чиқиб кетар экан… Бунга Лайло тугул, ўзининг ҳам ишонгиси келмаяпти-ку. Агар ўша вазиятда Искандар Каримнинг ўзи эмас, бошқа биров бўлганидаю кейин шундай чўпчак тўқиб чиқарганида, ҳеч қачон ишонмаган бўлар эди. Аммо начора, Искандар Карим мутлақо ўзи кутмаган ҳолда, қизнинг олдидан қуруққина чиқа олди. Истаса, Лайлонинг олдида Оллоҳнинг номи билан қасам ҳам ичишини айтди.

– Қасам ичишнинг кераги йўқ, – деди Лайло. – Барибир энди сизга ишонмайман!

Лайлонинг қаҳрли кўзлари жиққа ёшга тўлган, киприк қоқса, думалаб кетгудек эди.

Искандар Карим унинг кўзларига тик қарар экан, Лайло ҳозир қўлларида худди мина тутиб тургандай, қимирласа, бас, иккиси тилка-пора бўлгудай туюлди.

– Унда ўзингиз биласиз! – деди зарда билан. – Бировларга ишониб юраверинг!

Лайлонинг нигоҳлари ғазаб ва аламдан портлагўдай бўлди.

Искандар Карим ортга бурилдию кета бошлади.

Метро бекатига шамол эпини кириб келаётган эди. Поезднинг чироқлари кўрина бошлади.

Искандар Карим бутун вужудини аламли ҳайқириқ маҳв этган кўйи оғир қадамлар ташлаб ёқимсиз ҳидли бекат зинасидан қайтиб чиқа бошлади.

Эндигина бекатнинг эшигига етганида метро поездининг чинқириб сигнал чалгани ва қаттиқ тормоз овози эшитилди. Йўловчиларнинг бари поезд томон югургилаб қолди. Ҳатто, чипта назоратчиларию милиция ходимлари ҳам югуриб бекатга тушиб кетди.

Искандар Карим жаҳл отига минганча пишқириб ташқарига чиқди ва тоза ҳаводан тўйиб симирганча, бекат тепасида бирпас туриб қолди.

…ўлгудай ҳориб, ишхонага кириб келди. Компьютерига сариқ қоғоз илинган экан. Олиб ўқиди: “Искандаржон, аризангизни ёзиб кетаверар экансиз. Раҳбар аризасини олинг деди. Мен вазирликка кетдим, аризани столим устига қўйиб кетинг. Қолганини эртага гаплашамиз. А. С. Сана, имзо”.

Манглайидан совуқ тер чиқиб кетди. Дод дегиси келди. Аммо тишини-тишига қўйди. Айб ўзида. Ҳаммасига ўзгинаси айбдор. Ўқиш-ку, майли, муҳаббатга мубтало бўлиб, ишни ҳам унутиб қўйди…

Аризани ёзаётиб, қўли қалтиради.

Ўша заҳоти титроқ қўли билан қора жилдли ёндафтарига ҳам алам билан яна бир сатрни битиб қўйди: “Начора, бир кунда баридан айрилдим. Айрилар эканман, нега бошладим…”

19

Уйга пою пиёда қайтмоққа қарор қилди. Одамлардан ўзини узоқроқ тутгиси, ёлғиз ҳолда ўйларига эрк бергиси келди.

Йўл-йўлакай Лайло билан ўртасидаги муносабатлар ҳақида ўйлади. Дарз кетган муҳаббатига ачинишни ҳам, ҳавас қилишни ҳам билмади. Кечагина севгисидан маст бўлиб, Искандар Каримдан кўзини узмай юрган, муҳаббатини авайлаб, пинҳон тутишни қайта-қайта сўраган, ўқишни тугатишлари билан тақдирини бир умрга боғлашга розилик берган, мудом ишонч ришталарини мустаҳкам сақлашга аҳд қилган қиз нега уни синамоқчи бўлди? Нима учун? Қайси айби учун?

Оила қуришгач, ҳатто кетаман деса, қишлоғига ҳам бирга кетишга ота-онасини кўндираман деб ваъда берган қизнинг кўнглида ишончсизлик қаердан пайдо бўлди экан?

Искандар Карим адоқсиз саволларнинг бирортасига тайин жавоб тополмади.

Ҳар қадами зилдай оғир туюлар, товони тилингандай жизиллаб борар, буям етмагандай, боши оғриқдан ёрилай дерди.

Чорраҳага яқинлашди. Ўй-хаёллари чувалашиб, ҳали светафорнинг яшил чироғи ёнмасидан юриб кетди. Бир машина катта тезликда келиб туртиб юборишига бир бахя қолди. Ҳайдовчи тормозни қаттиқ босди, машина шиналари чийиллаганча, асфальтда қора из қолдириб, кўкимтир тутун чиқди. Ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб, ортига қараганча, бўралатиб сўкди.

Искандар Карим асабий қўл силтади:

– Бор, йўқол, йўлингдан қолма!

Катта йўл ёқасидаги йўлак бўйлаб, вазминдан-вазмин қадам босиб кетаверди. Шом чўкиб бўлган, шаҳар тунги чироқлар ёғдусида тобора гўзаллашиб, гавжумлашган, йўлнинг икки тарафи бўйлаб чўзилган ресторан-кафелар, емакхонаю қовоқхоналарнинг бари хўрандага макон тутган эди.

Искандар Карим ҳамёнини кавлади. Қўлига озроқ пул ва майда чақалар илашиб чиқди. Ишидан айрилди. Энди келадиган пул йўқ. Манавилар эса, кейинги ҳафтага етмайди. Етмас экан, уларни тежашдан ё асраб ўтиришдан наф йўқ.

Эртани ўйлайвериб, эси оғиб бўлган Искандар Карим аламдан лабини қаттиқ тишлади. Лаби қонади. Қонни тупуриш ўрнига негадир ичига ютиб юбордию ёввойи бир таъмни ҳис этди. Қорни таталаб кетган эса-да, емакхонага эмас, гир-атрофида кўркам стол-стуллар билан тўлган бир ҳашаматли шиша деворли ресторанга туташ камтаргина кафега кирди.

Қуйма пиво буюртма қилди. Официант бирпасда кўпиклари тошиб, тилладек товланиб турган бокалда муздек пиво ва икки дона қурут олиб келди. Искандар Карим худди чўлда қолиб кетган саҳройи каби муздек пивони бир кўтаришда сипқориб, яримлатди.

Шиша деворнинг нариги томонига, номи чиққан ҳашамдор ресторанда ўтирган мижозларга термулиб қолди. Одамлар қанчалар бахтиёр… Барининг юз-кўзида қувонч, хурсандчилик. Хотиржам нигоҳларида дунёга беқиёс муҳаббатни кўрасан киши. Гўё, бу шаҳар одамлари ғам-ташвишдан айро дунёда яшайди. Пулни, мол-дунёни қандай қилиб топишар экан-а…

Искандар Карим уларнинг столига ҳам дам-бадам қарайди. Тансиқ таомлар кўриб, ичи ғулдирайди. Тамшаниб қўяди.

Ҳар замонда бир ҳўплам ичиб, қурутдан чорак-чорак қилиб тишлайди. Танаси узра ёйилиб бораётган муздек ичимлик ҳам ичини ёндираётган дардларнинг оташини сўндиролмаётган эди.

Бир маҳал ресторан олдига бир қора машина келиб тўхтади. Ундан бир аёл ва эркак тушди. Искандар Карим уларнинг шиша девор ортидаги ресторанга кирганидагина юзини кўрди. Кўрдию, во-ажаб, дея ҳуштак чалиб юборди!

Қора костюмини қўлига ташлаб олган раҳбари ва унинг ортидан пилдираганча келган кадрлар бўлими бошлиғи Санобар опа эди!

Искандар Карим бокалнинг сўнгги ютумини қултиллатиб ютдию янги меҳмонлардан кўзини узмаганча, официантни чақирди.

– Яна битта беринг! – деди.

Бу маҳалда раҳбари официант кўрсатган шиша деворга яқинроқ жойга, узун гултувак гуллари Искандар Каримни бироз тўсиб турадиган столга келиб, стуллардан бирини тортди ва аёлга илтифот кўрсатиб, ўтирғизди. Ўзи қарама-қарши стулга чўкди. Раҳбар ўтириши билан ён-атрофга бир-бир разм солиб, олазарак қаради.

Шу маҳал шиша девор ортида ўтирган Искандар Каримга кўзи тушди-ю, тарашадай қотиб қолди. Ундан кўзини узмасдан, аёлга нимадир дея шивирлади. Кадрлар бўлими бошлиғи ялт этиб ортига бурилиб қаради.

Ана шунда Искандар Каримнинг чироғи ёнди!

Иккисига қараб, жилмайди ва кўпиклари тошай-тошай деб турган янги пиво бокалини даст кўтариб, гўё улар билан ҳавода тўқиштирди!

Бугунгина, боягина ишдан бўшатилган ходимининг бу қилиғи раҳбарга, ундан ҳам кўра кадрлар бўлими бошлиғига мутлақо ёқмади, шекилли, ўзларини қўярга жой тополмай, типирчилаб қолишди.

“Бу лаънатиларни илгари бир марта лифтда бир-бирига жуда яқин турганини кўриб қолганимда тасодиф бўлса керак, деб ўйловдим, – дея хаёлидан ўтказди Искандар Карим. – Демак, демак, тасодиф эмас экан…  Ўзим ҳам айтдим, ўшандан сўнг анави урғочининг муомаласи ўзгариб қолди, деб… Дам-бадам ишимдан камчилик чиққани, кетма-кет аризалар ёздиришгани бежиз эмас экан-да…”

Искандар Карим ўрнидан турди. Ўтиришни ҳам, қайтиб кетарини ҳам билмай турган раҳбарига шиша девор оша яна бир бор жилмайди. Бош бармоғини юқори кўтариб, “зўр” дея ишора берди ва кафедан ғолибона чиқиб кетди.

Уйи томон жадал юрар экан, негадир қадам олиши енгиллашгандай эди.

Ижарага уйига келганида ўзини анча тетик ҳис қилди.

Ниҳоят, ҳаётидаги энг оғир кунлардан бири ўз поёнига етаётган эди. Шу чоғда энди ортиқ ҳеч нарсани ўйламасликка қарор қилди.

«Ўлмаган қул сабр қилса, бошига тушганини кўраверади» деди ичида ва зилдек гавдасини тўшакка гурс эткизиб ташлади.

20

Эртаси куни эрталаб факультетда ғала-ғовур, шивир-шивирнинг устидан чиқди. Курсдошлари Искандар Каримни кўриши билан ғалатидан-ғалати қараб қолишди.

Биринчи бўлиб Бахтигул югуриб келди.

– Эшитдингизми, Искандар? – дея сўради беҳад хавотирда ҳовлиқиб. Унинг киртайиб кетган кўзлари бироз қизарган, ҳозир биров «був» деса йиғлаб юборгудай туси бор эди.

– Нимани? – деди Искандар Карим ҳайрон бўлиб.

– Лайлони… – дея ҳиқиллаб бошлади.

– Э, энди менгаям барибир! – деди Искандар Карим қўл силтаб.

Бахтигул тахтадай қотиб қолди.

– У нима деганингиз? Эсингиз жойидами?

– Жойида! – дея унинг гапини чўрт кесди Искандар Карим. – Орани очиқ қилдик!

Бахтигул эсдан оғаётган одамдай анграйиб қолди.

– Сизнинг хабарингиз йўқми ҳали? – деди рўмолчаси билан кўзини артар экан.

Искандар Карим индамади.

– Лайло… энди йўқ… – деди Бахтигул ва йиғлаб юборди. – Кеча метрода….

Лайло гапини охиригача айтмади. Балки, у охиригача айтдию Искандар Карим эшитмади…

Қулоқлари батанг бўлган Искандар Каримнинг танаси бўшашиб кетди. Димоғи ачишиб, нафас олиши қийинлашди. Лом-мим деёлмай, дераза ёнига борди. Деразани очди. Кўзларини юмиб олганча, урилаётган енгил шабадага юз буриб турди.

Метронинг ёқимсиз иси келгандай бўлди…

Кўз олдига кеча метро бекатидаги учрашуви келди. Тортишгани… Лайлонинг аламдан қалт-қалт этган нозик вужуди ва қаҳрдан ёнган кўзлари жонланди.

Жаҳл устида хайрлашмай, шартта кетиб юборгани…

Метро поездининг тормозни қаттиқ босганию оламни бузиб чинқиргани…

Одамларнинг бекатда югургилаб қолгани…

Искандар Каримни ғафлат босди.

Ўша оқшом муҳаббат осмонида бир лобар юлдуз сўнди.

21

Кўнгил вайрона бўлмасин экан. Неча кунки, ташландиқ харобазордек ҳувиллаб ётган кўнгли Искандар Каримнинг мажолини қуритди. Гўё вақт  буткул тўхтаб қолган, кун ва тунларнинг ҳам фарқи сезилмас, ҳаёт – маънисиз ва сариқ чақага арзимайдиган тирикликдек туюла бошлади.

Қош қораймасдан уйга ҳориб қайтган Искандар Карим ярим тунга қадар киприк қоқмай, мисоли ўликдек қимирламай ётди. Кўзини юмиши билан Лайло пайдо бўлар, аввалгидек гулгун жилмайишлари ўрнини ғамнок нигоҳлар эгаллаган, норизо термулганча нималардир демоқчи бўлар, аммо Искандар Карим унинг гапларини эшитолмас, эшитмаган сайин Лайлонинг қаҳри келиб, маъюс боқишлари йўқолар ва кўзлари ола-кўла бўлиб ёнар, қулоқлари худди эртаклардаги девларникидек катталашар, тирноқлари ўсиб чиқиб, ханжар шаклига кирар, шу ханжарсифат тирноқларини ботириб ўлдирмоқчи бўлиб, Искандар Каримга ёвузларча ҳамла қилар эди.

Искандар Карим қўрқувдан сесканиб кўзини очиши билан Лайло яна ўз ҳолига қайтар, маъюс термулиб турар эди.

Ёстиғи остидан рўмолчани олиб, ҳидладию етмиш икки томири жимирлаб кетди…

Ўпкаси тўлиб кела бошди.

Шифтга қараб ётганча, очиқ кўзлари устига рўмолчани ташлади. Аммо барибир кўз олдидан Лайло кетмади. Бу сафар у имлаб ўз ёнига чақирди. Искандар Карим бормоқ бўлиб, қадам ташлади, аммо қадами унмади. Югурмоқчи бўлди, жойида муаллақ қолаверди. Минг югурмасин, бир юмалаб етадиган жойга етолмади.

“Қара, Лайло, қўл узатса етадиган жойдасан, аммо сенга етиш нақадар қийин…”

Лайло қўлларини узатди. Искандар Карим ҳам қўл чўзди, бироқ яна етмади.

Ғамнок кўзларини узмасдан, Лайло ҳавога ёзув битди. Искандар Карим ҳавода сузиб юрган ўргимчак тўри сингари ёзилаётган ёзувни тусмоллаб ўқиди: “Бах-т-и…”

Бироқ сўзларни охиригача ўқиб улгурмасидан ҳарфлар ҳавога сингиб йўқолиб бораверди. Искандар Карим анграйди. Тушунолмади. Лайло нима демоқчи? “Бахтимизга етолмадик”, “Бахтиёр бўлолмадик” деяптими? Ёки “Бахтли бўлинг” дея тилак билдирдимикан?

Ғоят ичикишлар, афсусу надоматлар дарёсига тобора ғарқ бўлиб шўнғиб бораётган Искандар Карим эзгин ўйлар аро хаёлан дардлашдики, нега овоз чиқариб гапирмайсан, Лайло?.. Нима учун ундай иш қилдинг ўзи? Нега мени сенсиз яшаш абас дунёга ташлаб кета қолдинг? Одамни бунчалар азоблашни севмасанг, деди…

Искандар Карим мажолсиз қўллари билан рўмолчани ғижимлаб, бир четига очиқ кўзларида ҳалқаланган ёшни артди… Шундай хўрсиндики, худди кўкрак қафасини мушук тирнагандай ачишди.

Қовоқлари зилдай оғирлашиб, кўзлари юмилиб кетаверди.

Қанча ётди – билмайди. Саҳарга яқин бир туш кўрибди. Эмишки, Лайло иккиси қўл ушлашиб сўлим бир боғда сайр қилиб юрганмиш. Кутилмаганда олдиларидан дарё чиқиб қолган эмиш. Кўриб, хурсанд бўлишибди. Лайлони даст кўтариб, сувдан олиб ўтмоқчи бўлибди. Почаларини шимариб, сувга энди оёқ суққан экан, оёғи остидаги сув бирдан ғойиб бўлибдию биргаликда сув тубида пайдо бўлган жуда чуқур жарликка қулашибди.

Лайло бўйинларидан маҳкам қучганча, дод деб бақирар, Искандар Карим ҳам лаҳзалар ичра у билан видолашар эмиш. Жарлик тубига етай-етай  деганда, ўзларини жарда эмас, ҳўв ўша таниш метро бекатида кўришганмиш.

“Хайрият, тирик қолдик. Шукр, минг қатла шукр”, дея эндигина хурсанд бўла бошлашган экан, метро поезди рельсидан чиқиб, тўғри уларнинг устига пишқирганча бостириб кела бошлабди. Не кўз билан кўрсинки, поездни бошқараётган киши Лайло эмиш! Искандар Карим жон ҳолатда қўлидан тутиб турган қизни ўзига қаратиб қараса, уям Лайло эмиш. Ҳеч нарсага тушунмай, қўрқувдан дағ-дағ титраётганмиш. Жуда яқинлашиб қолганда иккиси ҳам поезддаги Лайлога: “Тўхтат!” дея бақирибди. У бўлса, тормозни босиш ўрнига тезликни янада оширибди ва қаҳ-қаҳ отиб кулганча: “Икковингни ҳам тинчитаман!” дея бақирибди. Бақирганида чироқ ёруғида катта-катта суйлоқ тишлари кўриниб кетибди.

Иккови ҳам ўзларини платформа ўртасига отишибди. Аммо фойдаси бўлмабди: поез нақд устиларига бостириб келиб, мажақлаб кетибдию бекат устунларининг барини йиқитиб, чиқиш зина олдида тўхтаб, ёна бошлабди…

Худди шу манзара моянасида Искандар Каримнинг танаси тилка-пора бўлиб кетибди…

Дод деганча бақириб юборди.

Нариги хонада ухлаётган ижарадош йигитлар қўрқувдан уйғониб, кўзларини ишқалаганча чироқни ёқиб келишди. Жиққа терга ботиб, қалт-қалт титраётган Искандар Каримнинг юз-кўзларидаги саросимани кўриб, “ёмонроқ туш кўрдингми” дея сўрашди.

Искандар Карим карахт ҳолда, бош ирғаб қўйди.

Рўмолча билан терини артди. Ошхонага чиқиб, бир пиёла совуқ сувни пичирлаганча қулт-қулт эткизиб, бўлиб-бўлиб ичди.

Бу мудҳиш туш унга умрбодлик дўст тутинди.

22

…Агар меҳмоннинг юзидаги самимият пардаси кўтарилиб, пичинг қила бошласа, билингки, унинг иззати битган, меҳмонга эмас, ҳақорат эшитишга келган. Бунинг учун уни бемалол уришса, сўкса бўлади. Ҳатто, уйдан ҳайдаб солиш ҳам мумкин.

Бироқ бадбахт Искандар Каримнинг олдида ўтирган мана бу аёл меҳмон эмас, ўз жуфти ҳалоли – бахтиқаро Бахтигул эди. Заҳарли тилидан сочилаётган беаёв пичинглари тўғри суякка бориб қадалаётган эса-да, ҳозир уни сўкиб ҳам бўлмасди, уйдан қувиб чиқаришнинг ҳам мавриди эмас эди.

Қишлоққа кўчиб келиб яшаётганининг олтинчи йили эди. Аёли тугунини кўтариб, ота уйига кетиб қорасини кўрсатмаганига етти ойдан ошди.

Жалада қолган одам ёмғирдан қўрқмайди. Хотини илло-билло, ажрашаман, деди. Аввалига Искандар Карим унамади.

Аёли сенинг зулмингга чидагандан кўра, ўзимни осаман, деди. Искандар Карим уруш-жанжалларни бир четга суриб қўйиб, ён беришга мажбур бўлди.

Аёли сендек латта эрдан иснод қиламан, деди. На топиш-тутишингнинг тайини бор, на еб-ичишингнинг, деди. Искандар Карим тишини ғижирлатдию сукут сақлади.

Охири бўлмади. Ҳаёсизга ҳар кун ҳайит деганидек аёли аёллик қилди: қасдма-қасдига минг турфа турланиб, минг турфа туслана бошлади. Аввал юриш-туриши ўзгарди. Сидирға сочлари ёйилиб, елкасига тушди. Кўча-кўйда худди ўн саккиз яшар қизчалардек ноз-карашма қилиб юрадиган бўлди.

Эр бўлмишнинг қариндош-уруғи ор қилди.

Янгалар Искандар Каримни сиқувга олди. Аммалар кўзини очирмади.

“Йиғиштириб олсанг ўласанми? – деди амакилар. – Кимнинг хотини шундай юради?”

Искандар Карим чорасиз қолди.

Мана, аёли паттасини олгани келиб ўтирибди. Бир оғиз “талоқ” айтилса, кифоя. Искандар Карим ўйладики, майли, осмон гумбурлаб, арши аъло титраб кетсаям, энди “талоғини” айтмаса бўлмайди. У ёғи аёлнинг боши очиқ, бу ёғи Искандар Каримнинг – йўли.

Кўрпача четида, дастурхонга ярим бурилиб, ўз уйи – ўлан тўшагига бениҳоя ётсирабгина турган аёлига зимдан қараб қўяётган Искандар Карим талоқ гувоҳлари – қариндош-уруғи етиб келгунига қадар қовоғини солиб, мўм тишлаб ўтирмоқдан ўзга чора йўқлигини тушунди.

23

Қариндошлар ҳадеганда келавермади. Айтимчи бола – доим бурни оқиб юрадиган жияни қайтиб келди.

Сукут сақлаб ўтиравериб, Искандар Каримнинг юраги ториқди.

– Тайинлаб келдингми? – дея сўради охири.

– Ҳа, тайинлаб айтдим, – деди айтимчи.

Искандар Карим кўз қири билан аёлига назар ташлади. Аёли қошлари чимирилиб, терс ўтирди.

Искандар Карим ўйладики, энди барини юзига айтмаса бўлмайди, ҳарна, қариндошлар ажримнинг асл сабабини сўрайвериб, юракни эзиб юрмайди. Барибир у гаплар кўнглининг қора бир бурчак-туйнукларида тураверади, айтилмай қолса, қачондир хотирага тушганида дарров эс-ҳушини ўз забтига олиб, тинчлик бермайди, айтгинг, айтганда ҳам телбаларча ҳайқириб баралла айтгинг келади, токи эшитган одам бутун айбни Искандар Каримдан кўрмасин, унга қўшилиб, оламга жар солсин, эй, одамзод, мана бу банданинг аҳволини кўр, бояқиш дунёга сиғмай қолибди-ку, қулоқ тутмасанг, адойи тамом бўлибди, бир бечоранинг бошига иш тушганда, қўлни қовуштириб туриш ярамайди, далда бер, суянч бўл, кўнглига қулоқ осгину ҳовуридан тушир, шунда енгил тортади десин ва турган гапки, ўзи ҳам ўша оломонга қўшилиб, сени тушунсин, сени англасин, кўнглингга қарасин.

Шундай дея ўйлар экан, Искандар Карим худди ўқланган тўппончадай ғазаб билан, шартта-шартта юзга гапирмоққа шай турди. Ва шунинг моянасида эса ҳўв бир замонлардаги айрим манзаралар хотирасида пешма-пеш жонланиб, қалбида бир ширин титроқ уйғотса, бир битмас чок қолдириб, азобли тилиб ўта бошлади.

24

Э, бахтиқаро Бахтигул, деди ичида айқириб. Қара, билгичлар ҳусн тўйда керак, муҳаббат – кунда, деб бежиз айтмаган экан. Сенинг нимангга учдим экан-а? Лайлога етиша олмаганимдан кейин Саҳрои Кабир каби ҳувиллаб ётган қалбимга сен кириб келдинг. Мен сени аввал-бошда севганим йўқ. Сен айрилиқ онларимда ёлғиз ташлаб қўймадинг. Жон дўстинг – ёлғиз дугонанг юз кўришмас бўлиб кетишини билсанг-да, гарчи бундан ўша дугонанг ранжишини, эҳтимолки, сен билан ҳам алоқаларини узишини билсанг-да, сен юз ўгирмадинг. Лайлодан айрилганимизда мен ҳам… ўзимни… Ўша метрога…

Минг бир ёмон ўйлар юрагимни кемириб ташлаган эди.

Ўша оғир дамларимда раъйимга қарадинг.

Мен ҳам аҳмоқлик қилдим, аслида. Қасд қилдим, қасд!

Ҳали орадан йиллар ўтиб, қасдлашишнинг жабрини тортишимни қаердан ҳам билибман…

Ҳар кимга ўз кўнглидаги жуфт насиб этса, умри узаяди, деб бежиз айтишмаган экан. Офият истаб, сокин тортиб, ҳаётида фароғатли кунлар кўп бўлади, кўнглига кулги сиғади, умрига мазмун киради. Йўқса… кўрган куни жаҳаннамга айланади. Руҳиятда яқинлик бўлмаса, кўнгил дегани доим ҳам бир-бирига мос тушмаса-да, барибир одам ўй-хаёлларида бўлсаям ўз жуфтидан муштараклик излайди, тополмаса, беихтиёр ўзга кўнгилларга қалбидан изн бергиси келади… Бу ихтиёрсиз содир бўлар экан, Лайло! Йўқса, сени шунчалик севган қалбга бошқа учун жой топилармиди?

Иккинчи муҳаббат эса, омонат муҳаббат бўлади. Эл иккинчи хотин — йўлдан қўшилган хотин, дейди. Иккинчи хотин биринчидек бўлмайди. Бўла олмайди. Чунки у юракни юракка бериб, қалбни қалбга туташтириб, тамал тоши қўйилган ҳаёт йўлининг қайсидир бекатида, йўлдан қўшилган одам. Ўзи ғишт қўймаган пойдеворни авайламайди!

Биласанми, бу жуда ёмон. Жуда ёмон, бахтиқаро Бахтигул!

Сен буни тушунасанми ўзи?

Қўрқаманки, ҳеч қачон англолмайсан, англаш ҳам гапми, ҳатто тасаввур қилолмайсан, билъакс, сенга доим муросасозликдан кўра, зиддиятлар ёққан, мудом ким биландир тараф-тараф бўлишинг, дилхираликлар билан бошқаларга озор беришинг, сўнг виждон азобида қоврилиб, ўзингни қўярга жой тополмай, талвасада юришинг, худди уруш-жанжалсиз яшай олмайдигандай қилиб кўрсатишинг муҳимроқдай тутасан ўзингни, шугина тутуминг сени адо қилади, мана, бунинг исботини кўриб турибсан, ҳозир ёнгинамда ўтирибсан-у етти ёт бегонадайсан, худди биринчи маротаба кўришганимиздаги – муҳаббат аталмиш чорбоққа илк бор бирга қадам қўйганимиздагидек ўзингни олиб қочяпсан, юрагингда беҳад чуқур ҳадик борлигини сезиб турибман, сезмай ўлибманми, хаёлингда кечаётган ҳар фикрни уқаман, кўз қарашларингдан нима демоқчи эканлигингни фаҳмлайман, шундай экан, шартаки туйғуларингни сиртдан сокин кўринаётган ўйларинг билан хаспўшлама, барини биламан, бугун мендан қутулсанг бўлди, ўзингга хон – кўланканг майдон бўлишни истаяпсан, шошма, ниятингга етасан, унгача озроқ сабр қилиб туришингга тўғри келади, сенга айтар гапларимни эшитмасингдан талоқ қўйиш йўқ, чунончи менинг ҳам умримни эговлаган йиллар силсиласида тўпланиб қолган, шу пайтга қадар оилам тинчлигини ўйлаб, чурқ этиб айтишни эп кўрмаган гапларим кўп, уларни бугун тўкиб-сочмасам, энди оғирлик қилади… Эҳтимол, менга шундай туюлар, аммо бошқалардаям айни фикрни шакллантиргансанки, уларнинг тили бўлса ўзлари айтсин – вақт ўтиб, ҳув кексалик даврларига қадар етиб борсак, балки, нотўғри хаёлларда юрганимни эслаб, кулибгина қўя қоларман, аммо ҳозирча шундай фикрдаманки, сен айнан шундай зиддиятлисан, беқарорсан, узоқни кўра олмайсан, беадоқ калтафаҳмлик ила жиззакилик қиласанки, бу ҳол ўзингга билинмайди. Начора, бошимга шу ташвишни сотиб олаётганим ўша маҳал – ёшлик давримда худди қиз зотининг уруғи қуриб кетгандай сени танлаб, қилаётган бу хатойим қимматга тушишини, ёш умримни хазон қилишига кўзим етганида, иссиғида ҳаёт йўлимизни боғламасдим, аммо ғўрликда не бир яхши умидлар қилганим, орзуларни туш кўрганим, шунинг орқасидан кўзим кўр, қулоғим кар бўлганини бугун афсус билан эслашдан маъни ҳам, фойда ҳам йўқлигини билсам-да, айни ўйлар менга тинчлик бермаётганини билишингни истардим.

25

Яхши эслайди: бир гал қишлоқдан онаси қора тортиб хаста ҳамсоя хотинни бошлаб келиб қолди. Искандар Карим суюнди. Аёлининг ҳам чиройи очилиб гурунг бериб ўтирган эди.

Бемор ҳамсояни дўхтирга кўрсатишди. Уйига қайтиб келишганида, у қуюқдан-қуюқ алқади. Сизларгаям тирноқ битсин, илойим, дея дуо қилди.

Аммо ҳаммаси эртаси куни кечда, ишдан келганида бошланди. Қараса, келганидан бери чеҳраси ёришганча суҳбатлашиб, бир гапириб, икки кулиб ўтирган онасининг дами ичига тушиб кетган. Кенг-мўл меҳмонхонада ҳамсоя аёл билан пичир-пичир қилиб гаплашади, овозини эшитиб бўлмайди.

Хотинининг эса қошлари чимирилиб, орқаси тутиб ўтирган эканми, чой қуйиб, узатадию дам ошхонага чиқиб кетади, дам ётоқхонага ўтиб, гумдон бўлади.

Кўнгли ғаш тортди. Бироқ меҳмонларга сездирмади. Ётоқхонага кирса, аёли тумтайиб ўтирибди.

– Тинчликми? – деди ҳайрон бўлиб.

– Тинч, – деди Бахтигул.

– Нега бу ерда ўтирибсан унда?

– Ўзим, чарчадим…

– Чарчайдиган нима иш қилдинг?

Аёли жавоб бериш ўрнига хўмрайди.

Искандар Карим аёлининг жиззакиликларига кўникиб кетгани боис, ортиқча сўз қотмади. Барини ўзидан кўрди: унинг бу ҳолга келишига ўзи,  жиззакиликлари сабабчи.

Аммо барибир бу ҳол унга ёқмади.

– Чиқ, меҳмонлар билан ўтир. Нима ёқмаётган бўлса, улар кетишгач айтасан, келишиб кетаверамиз ўзимиз, лекин ҳозир уларга ҳеч нимани сездирма, – деди.

Аёли ёв қараш қилиб қўйди, холос. Аммо қайтиб чиқмади. Искандар Карим ичидан қиринди ўтиб, онаси ва ҳамсоя хотин билан ўзи суҳбатлашиб ўтирган бўлди.

Эртаси куни улар кетишди. Кетар олдидан онаси имлаб, чақирди. Ҳеч кимга эшиттирмасдан:

– Болам, келганим малол келдими? – деб сўради.

Искандар Каримнинг эти жимирлаб кетди. Бошига тўқмоқ билан ургандай бўлди.

– Нега ундай дейсиз, эна? – деди лол бўлиб.

– Билмадим. Ишқилиб тинч ўтирувдингларми? Тинчингизни бузмадикми?

– Йўқ, эна… Тинчмиз.

– Ҳа, унда яхши. Келин биздан хафамикан, ё?

– Нега хафа бўларкан? Қайтанга, сизларни кўриб, хурсанд бўп кетди… – дея ўтирик тўқиди.

– Билмасам, болам. Одам кўрганим ёлғон-е… Игнанинг устида ўтиргандай бўлдим…

Искандар Каримнинг ичини ит тирнади, аммо дилидагини тилига чиқармади.

Ҳаммаси кейин маълум бўлди: онаси тушмагур келиннинг олдида ҳамсоянинг келинини мақтаброқ гапириб қўйибди… Ваннанинг жумрагини бор бўйи очиб, шариллатиб сув оқизибди. Буям “камлик қилганидай”, овқатни чапиллатиб ебди, чойни қаттиқ хўриллатиб ичибди…

Бахтигул бу гапларни шундай норизо оҳангда айтдики, Искандар Каримнинг ғаши келиб, тили қичиди. Аммо хотинлар гапига парво қилган эркак уларнинг қавмидан бўлиб қолади, деган ақидасига амал қилиб, ғинг демади. Бироқ Бахтигулнинг кейинги пайтларда тили чиқиб қолганига, хурмача қилиқлари пайдо бўлаётганига чидаши қийин бўлди.

Бечора онаси… Қай аҳволга тушди-я.

Бир маҳаллар ёд олган, дўстлари даврасида айтиб турадиган бир шеър қулоқлари остида акс-садо берди. Шеърни пичирлаб ўқир экан, онасининг нафаси ичига тушиб, пичирлаганлари, ҳамсоя хотин олдида изза бўлган эзгин нигоҳлари кўз олдига келди:

Она келиб олис қишлоқдан[1]
Ўғли билан яшай бошлади.
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.

Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида,
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.

Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: “Кетайми, болам?”

Ўз жуфти ҳалолидан кутмаган бу оқибат ёмон таъсир қилди.

Бир бўлган икки бўлмай қолмас, икки бўлган уч бўлмай қолмас, уч бўлган доим бўлмай қолмас.

Бир бўлди, Бахтигул, икки бўлмасин!

26

Олти ой аввал эди. Ораларидан ола мушук ўтиб қолди.

Бахтигулнинг йўқ жойдан баҳона излаб, камчилик топавериши, ҳадеб гап талашишидан зада бўлган Искандар Карим пичоқ бориб суягига қадалганини ҳис қилди. Оғир карвон оғир кўчар экан. Искандар Каримдек босиқ одам чидаб туролмади: бақириб гап қайтараётган Бахтигулга жаҳл устида бир тарсаки туширди.

Бахтигул ўпкасини босолмай, аламдан туни билан йиғлаб чиқди.

Эртаси куни жанжалнинг каттаси бўлди.

– Сенга тегиб нимаям кўрдим ўзи! – дея йиғлади Бахтигул. Ёшлари сел бўлиб оқар, қанча қаҳр отига минмасин, ҳозир унга қараб раҳми ҳам келиб кетди.

“Бунчалик қилмаслигим керак эди…”

– Ўзи аслида мени севмас эдинг! – дея аламдан қалт-қалт титраб бўзлади Бахтигул. – Сенинг кўнглинг ҳалиям Лайлода! Буни билмайди деб ўйлайсанми?..

– Бахтигул!!! – дея бақирди Искандар Карим. Ҳозир Бахтигулнинг таъналаридан кўра сенсираши оғир ботаётган эди.

– Энди оғзимни ёпа олмайсан! – дея баттар телбаларча ушқирди Бахтигул. – Шунча йил чидадим! Яхши кўрмадинг, индамадим, ҳали севиб қолар деб яшадим. Туғмас деб эздинг, чидадим. Кўзим кўр экан. Ўзи аввал-бошдан сенга тегиб хато қилдим.

Бахтигул жаҳл устида неча йиллик сирини лоп этиб айтиб қўйишига бир баҳия қолди…

Юк оғирини нор кўтарар, дард оғирини – эр. Аммо эр ҳам кўтара олмайдиган юклар бўлар экан. У нима эканлигини Бахтигулдан кўнгли буткул қолиб, қайта илимаган Искандар Каримдан сўрамоқ керак…

27

“…Мен ҳозир шуларни ўйлар эканман, одамлардан эшитаётган бир гап, ҳатто тинглаётган ҳар неки ҳазин мусиқам дилимга ғашлик соляпти. Хониш қилаётган хонанданинг ноласи дилимни ўртаяпти. Бир валломат буюк айтган экан, мусиқа бахтли одамни боз бахтиёр қилади, бахтсизни баттар бахтсизлик саҳросига улоқтиради. Назаримда, у рост гапни айтганки, мана, ўзимни нотавон, ғариб, адашган ва бахтиқаро ҳис қилаяпман… Сен эса, айни дамда нималар қилаётганингни ўйлаяпман, бахтиқаро Бахтигул. Айрилиқдан худди жиннилардек завқ олиш, ўзингнинг бахтиқаро эмаслигинингни бошқаларга кўрсатиб, исботлашдек ярамас қилиқлар қўлингдан келишини намоён этаётганингга қойил қолиб ўтирибман ва бунга сира ажабланмайман, бинобарин, сен ўзи аслан шундай эдинг: менинг бошимга кулфат ёғилганида ё синов келганида сиртдан ғамимга шерик кўринсанг-да, бошим тепасида туриб чапак чалиб, рақс тушганинг шундоққина кўз олдимда жонланади; дилим хуфтон бўлиб, кўнглимга қил сиғмай икки олам овораси бўлиб қолганларимда шўх-шодон қўшиқни варанглатиб қўйиб, ҳеч қилмаган қилиғинг – рақс тушганингни унутолмайман, ахир уни эсдан чиқариб бўладими, ҳеч бир эр-хотин бирининг бошига кулфат тушганида иккинчиси яйраб ўйнаганини кўрмаганман, назаримда, ҳаётда бундай бўлмайди ҳам, чунки, фақат бахтсиз оилалардагина ўчакишиб, ичида мамнун кулар, аммо барибир инсон танасининг бирор жойи оғриётганида хурсандчиликдан чапак чалиб, рақс тушмайди… Оғриқдан ингранади.

Билсанг, кеча туни билан сени ўйлаб чиқдим. Ўзимни қўярга жой тополмадим. Бугун қанчалик нафратлансам ҳам, ўша дамларни қумсадим.

Аммо оёғим остида мина борлигини, уни бехосдан босиб олганимни билиб қолганимда нима қилардим?

Миналар-ку жисмни парча-парча қилиб юбориши мумкиндир, аммо хотираларни йўқота олмайди…”

Мана, ўша йўқолмас ва адоқсиз хотиралар Искандар Каримни адо қилмоқда.

Ҳозир қариндошлари йиғилади. Минг бир иккиланишлару ойлаб кечган ўйловлар ортидан, Яратганга таваккал ва яхши ниятлар қилиб бошланган ишқ эртаги кутилмаганда аянчли тарзда якун топади.

…Аслида бахт ўзи нима?

Искандар Карим шу пайтга қадар бошидан кечирган кўргиликлар, азоб-уқубатлар, ҳижрон ва айрилиқлар, мудом уни таъқиб этиб келган омадсизликлар, бир-бирига қоришиб, галма-гал ёғилган синовларни енгиб ўтаётган эди. Ҳатто, тирноққа зор эканлигига ҳам чидаётган эди…

Ҳеч қачон тўлмаган кўнглининг бир четини бўлса-да тўлдириб, обод этган Бахтигул билан бугунги кўришуви, эҳтимолки, сўнгги видолашуви оғирлик қилмоқда эди.

Агар айтимчи бола ҳовлиқиб кириб, аммаси билан синглиси келганини айтмаганида боши тарс ёрилар ёки юраги яна хуруж қилиши мумкин эди.

28

– Яна ҳунарини бошладими? – дея сўради аммаси салом-аликни ҳам унутиб. – Қачонгача элга эрмак бўласизлар, а?

Искандар Карим аммасига эътироз қилмоқчи эди, Бахтигул тилга кирдию оғзидагини илиб кетди:

– Ҳунар кўрсатганлар бошқа, ўшаларга гапиринг! – деди амманинг кўзига тик боқиб.

Амма бўлмишга биров гап бермасин. Бошласа, гапини тугата олмайди. Бир узоқдан келди, бир яқиндан – жаҳл қилди, авради, таъсирли гаплар айтди, ояту суралардан эслатди, ўртада тирик етим бўлиб қолган қўшнисининг болаларини мисол келтириб пича кўз ёши ҳам қилиб олди. Воҳ, ахир Искандар Карим билан Бахтигулнинг боласи йўқлиги эсига тушдими, ноўрин гапириб қўйганидан хижолат тортди. Бироқ ҳар гапига чирсиллаб гап қайтариб ўтирган Бахтигул барибир таслим бўлди: амма нима деса, гарчи ўзига гард юқтирмаётган бўлса-да, хайрихоҳлик билдира бошлади. Буни сезган амма дину диёнатдан, турмушнинг муштию оиланинг муқаддаслигидан ваъз ўқийверди.

Бахтигул жим эшитди. Искандар Каримни Лайлодан тортиб олганимнинг азобини тортяпман энди, дея ўйлади…

“Ораларини бузган ўша қизни ўзим топганимни айтсамми-айтмасамми? – дея мулоҳаза қилди ичида. – Искандарни ўша қиз билан синаб кўриш керак деб Лайлони ишонтирганимни, аслида у қиз билан Искандарнинг орасида ўша тунда ҳеч нима бўлмаганини яхши билишимни, Лайлони ундан узоқлатиш учун қизни ёлғон гапиришга кўндирганимни айтсам, юраги тарс ёрилиб кетса керак. Унда нима бўлади… Қил устида турган тақдиримни ўзим жарликка итараманми?… Йўқ, яхшиси айтмайман. Бу менинг ўзим билан кетадиган тақдирим сири бўла қолсин…”

Бахтигул ўйлайверди, амма гапираверди.

– Азоб кўрмай, роҳат йўқ, айнанайлар! – деди амма охири бирпас тин олгач, совиб қолган пиёладан чой ҳўплар экан. – Бир аччиқнинг бир чучуги албатта бўлади. Ҳар азобга бардош керак, ҳар одамга ҳамиша йўлдош керак. Бундай арзимаган нарсаларни деб икковинг икки томонга кетаверсанглар, айтинглар, қачон, ким билан ҳам бахтли бўла оласизлар?! Ҳеч ким билан!

Амманинг жайдари “дипломатияси” иш бердими ёки Бахтигулнинг ўйларими – аниқ эмас, аммо орадан кўтарилган оқибат қайтгандай бўлди.

Амма билан синглисини кузатишар экан, уйга кираётиб, остонада иккови баравар туриб қолди.

– Киринг, – деди Бахтигул.

Искандар Карим остона ҳатлади. Индамай узун хонтахта бўйига бориб, болишга ёнбошлади. Қовоғи уйиқ бўлса-да, кўнгли ёришган, руҳи бироз енгиллашган эди. Бир пиёла чойни ютоқиб сипқорди.

– Мен энди нима қилай… – деди Бахтигул.

– Ўзинг биласан… – деди Искандар Карим бепарво.

Бахтигул жимиб қолди. Турди-турди, аммо имдод кутган Искандар Каримдан садо чиқмади.

– Тугунингни олиб кел, дейиш шунча қийинми?.. – деди Бахтигул худди ёлғондан араз ургандай…

– Ҳа, жуда қийин! – деди Искандар Карим жўрттага жаҳл қилиб.

Бахтигул қўлидаги қоғоз сочиқни Искандар Карим томон отди. Ҳавода учиб келиб бошида туриб қолган қоғоз сочиқни олар экан, Искандар Карим ҳам болалардек эркаланиб турган Бахтигулга қарата ирғитди.

Иккиси бап-баравар кулиб юборишди.

29

Эски-туски буюмлар, кераксиз жиҳозлар, сарғайиб кетган тахлам-тахлам газета-журналлар, бағри қон бўлган қораламаларини тўплаб, кўҳначиларга топшириб юборишга, гўё бахтсиз ва омадсиз кунлари билан хайрлашишга, ёмон хотираларидан қутулишга аҳд қилди. Қоғозларни саралаётиб, талабалик пайтида тутган бир қора жилдли ёндафтарга нигоҳи тушдию танасини яшин ургандай бўлди. Бир-бир варақлади. Орасидан бир рўмолча чиқди… Рўмолчани авайлабгина титроқ тутган қўлига олди. Ҳидлаб кўрди. Димоғига алланечук ис келди…

Ёндафтарнинг сўнгги бетларидан бири эътиборини боз тортди. Унга: “Начора, бир кунда баридан айрилдим…” деб ёзиб қўйилган эди.

Эти жиз этди.

Кундаликда битилган ёшлик билан хайрлашгач, кейинчалик ҳам кўп нарсасидан мосуво бўлган, ҳаётда ҳеч қачон омади чопмаган, нимагаки қўл урса, бари барбодликка юз тутган Искандар Каримдай ғаройиб одам айнан ўша ғўрлик дамларида яна тағин нимасидан айрилганини дафъатан эслай олмаса-да, секин хотираларида жамланган воқеаларни ёдга олди.

Майин жилмайиб қўйди.

Қора жилдли ёндафтарининг чангини яхшилаб қоқиб, рўмолча иккисини олиб қолди. Қолган лаш-лушларнинг барини жандачига топширди.

Ўша оқшом мижжа қоқмай ёндафтарини ўқиб чиқди. Қизиқ-қизиқ гапларини эслаб, тинмай кулди.

Бир маҳал хонасига бешикдаги ўғилчасини тебратавериб, ухлатолмай ҳалак бўлган Бахтигул кириб қолди.

– Нима қиляпсиз, дадаси? – дея сўради.

– Ҳеч нима, – деди жилмайиб.

Сўнг ёндафтарга, ўша айрилиқлар битилган сатрлар тагига: “Инсон бир-биридан аразлашни хуш кўради. Кимдандир хафа бўлгиси келади. Нима учунлигининг аҳамияти йўқ, бирор баҳона топиб, аразласа бўлгани. Хафа бўлдими, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўяди. Кулга айланган ўша “кўрпа” билан мисоли аччиқ-аччиқ гиналар ҳам тарқаб, ҳавога совурилади. Гўё, ўтмишдаги, ҳўв ўша қора доғлардан қутулгандай ҳис қилиб, армонлари аригандай туюлади… Аммо шундай армонлар борки, уларнинг аччиқ таъмини  юрагинг тўхтаётганида ҳам сезиб ётасан. Сўнгги нафасингда ҳам оғриғини ҳис қиласан…” дея ёзди.

Бироқ нимадандир кўнгли тўлмади. Таскин бермади. Недир бир айтилмай қолган гапи бор-у, айтмаса кўнгилида кемтиклик қолиб кетаётгандай туюлди.

Хаёлга чўмганча ўйлади. Сўнг: “Гулни севган тиканига ҳам чидаркан. Сен эса, тикансиз гулим эдинг. Қўлларимда сўлган гулим… Вужудимга ишқ ўтини қалаб, ўзи шамдек сўнган гулим… Аросатда қолдирган бахтиқаро гулим… Мудом олган нафасимдасан…” дея битик битиб қўйди-да, ёндафтар орасига рўмолчани ҳам солиб, жавоннинг тепасига, энг азиз нарсалари турадиган токчага жойлади.

Ким билсин, балки бу ёндафтарни ўқиш бошқа насиб қилмас. Агар насиб қилса, ташна ҳислар асири ўлароқ, нималарни эслашини ўйлаб, енгилгина оҳ тортиб қўйди.

2023 йил, май.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2023 йил, 12-сон. 

 [1] Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг “Шоирнинг онаси” номли шеъри.