Отам — менинг илдизимдир! Ўғлим — жон томирим. Бу нозик силсила наинки сахт-сумбатларда, кўзу қошларда давом этади. Балки, оталарнинг саволларини ўғиллари ҳам такрорлайди. Аммо ҳамма ўғиллар ҳам саволига жавоб ололмайдилар. Менинг ўғлимнинг ҳам саволлари кўп. Сўраганига жавоб бераман, аммо тушунтириб беришга вақтим кам. Ҳаёт бағрида қуёшга талпинган чечакдан улгу олиб ўғлимнинг — келажакнинг саволларига жавоб излайман. Тополмаганларимни “Тонгда ишга, шомда уйга шошган одам бахтлидир”, деган доно ҳикматлардан излайман.
БОБОМ
Наймандан Бошқудуққа тўйга борганларга Абдураззоқ полвонникида қўноқ беришди. Ярим тунгача давом этган гурунгнинг асосий мавзуси эртанги кўпкарида ким кўпроқ солим олиши ҳақида бўлди. Чавандоз полвонлар ва отлар ҳақида тахмину баҳслар қилинди. Ва қишлоқнинг ори учун майдонга тушадиган Шодиёр полвонга омад тилашди.
Гурунг қизигандан қизиди. Гап гапга уланиб, одамларнинг кўнглида пинҳон юрган савол ҳам ўртага чиқди. Бошқалардан кўра саводли саналган Кенжа амакидан кимдир сўради:
— Кенжа, мана, сен — биргадсан, биласан. Айт-чи, шу коммунизм, коммунизм дейди, қачон бўлади ўзи бу?
Кенжа биргад бирон беш-олти лаҳза тин олди-да, шипга осилган чироққа қараб, деди:
— Бу… менимча 80-йилларга бориб бўлса керак…
Бу ўтган асрнинг 60-йилларида бўлган гап.
Ўғлим, мен Нишон бобомни кўрмаганман. Аммо отамнинг ҳикоялари орқали тасаввур қиламан. Отамнинг айтишича, Нишон бобом хокисор, содда, иймонли инсон бўлган. Бўш вақтлари дўмбираси қўлидан тушмаган. Унинг дўмбира чертиб айтганларидан мана бу тўрт қаторгина отам орқали бизга маълум:
Макон тутган сени одамзод бўлди,
Ютарман дегани бари мот бўлди.
Ўтарсан дунё, дунё ўтарсан,
Сенга келиб кимнинг кўнгли шод бўлди?..
Бу термалар ҳам ўша дилдан тилга чиқиб, жавобини ололмаган саволларнинг дўмбирага тушган шаклидир, балки. Қачон, қаерда туғилиш ва ўлиш инсон иродасидан ташқаридаги иш. Аммо туғилмоқ ва ўлмоқ орасидаги ҳаёт инсон ихтиёри ила тутилган йўл ва амаллар билан кечади. Ўзбекистон деб аталган Ватанда туғилиб, умр кечирган Нишон бобо ҳаётининг асосий қисмини шўро даврида яшаб ўтди.
Нишон бобонинг етти нафар фарзандидан биттаси ўқиб олий маълумот олган бўлса, қирқдан зиёд невараларидан ўн нафари олий ва ўрта махсус таълим олиб, ҳозирги кунда Тошкент, Самарқанд, Ангрен, Жума ва Нуробод шаҳарларида яшаб, меҳнат қилишмоқда. Яна бир нечаси Тошкент ва Самарқанд шаҳрида таҳсил олмоқда. Уларнинг мақсадлари аниқ, ҳаётий ва асосли.
ОТАМ
1972 йили қишлоғимизга электр токи келгач, отам биринчи бўлиб телевизор сотиб олган экан. Қўни-қўшнилар кечқурунлари уйимизга тўлиб кетарди, деб эсларди онам. Гапни телевизордан бошлашдан мурод, болалик давримдан ҳеч -хотирамдан кўтарилмай келаётган бир воқеани эслашдир.
Ҳар гал биринчи каналда “Время” бошлангач, албатта, отам уни томоша қилар, тушунмасакда, биз ҳам қараб ўтирардик. Кўрсатув охирида об-ҳаво маълумоти берилар, навбат Красноярск ўлкасига келганда олис шаҳардаги Енисей дарёси устига қурилган кўприк тасвири кўрсатилар, ҳар гал уни кўрганда отам чуқур хўрсиниб қўярди.
Отам — Маҳмарайим Нишон ўғли 1961 — 1964 йиллари Россиянинг Красноярск шаҳрида, қурилиш баталёнида ҳарбий хизматни ўтаган. Ўзбекистондек тўрт фасли бутун, қуёшли ўлкадан борган алпдек йигит Сибир қаҳратонида ўпкасини совуққа олдириб қўйган. Кейин жарроҳлик йўли билан учдан бир қисмини кесиб олишган. Отам умрининг охиригача шу дард асорати билан курашиб яшади.
Бугун Ўзбекистоннинг ўз ҳарбий қўшинлари бор. Ўзбек йигитлари ўз Ватани сарҳадларини қўриқлаш учун хизмат қилмоқдалар. Жаҳонга кўз-кўзласа арзийдиган ёшларимиз, фарзандларимиз қалбида ғурур уйғотадиган жаннатмисол гўшаларимиз, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларимиз кўп.
Ўзбекистон телевидениеси ҳар куни «Ватан жавоҳирлари», «Ватан манзаралари» лавҳаларини намойиш этади. Бу миллат тафаккуридаги ўзгаришларга, миллий мафкурани шакллантиришга хизмат қилаётгани шубҳасиз.
МЕН
Қишлоққа бир борганимизда раҳматли отам айтиб қолганди:
— Бир куни ярим кечаси йиғи овозидан уйғониб кетдим. Укаларинг нариги уйда футбол кўришаётганди. Қарасам — Элмурод. Биз ётган уйга кириб келиб, ўпкаси тўлиб йиғлаяпти. “Ҳа, нима бўлди?”, десам “Ўзбекистон ютқазди”, дейди. “Кимга?” “Японияга”. “Ҳа, энди бу ўйин-да, бирда ютқазса, кейинги гал, албатта, ютади”, деб овунтирдим.
Бу 1996 йилги гап. Ўн ёшли боланинг Ватан шаъни учун тўккан кўз ёшлари эди бу. Мурғак қалбда илдиз отган Ватан севгиси изҳори — сўзсиз, сассиз изҳор эди бу…
1991 йилнинг 1 сентябри. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг (ҳозир педагогика университети) ўзбек филологияси факултетига ўқишга кирган биринчи курс талабаларини катта залга тўплашди. Факултет декани ёшларни талаба бўлганликлари ҳамда Ватан мустақиллиги билан табриклади.
Биз — мактабни энди тугатиб келган 200 нафарга яқин ёшлар Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, унинг илк бор олий ўқув юртига ўқишга кирган дастлабки талабалари — мустақиллик ниҳоллари эканлигимизни ўша пайтда тўла ҳис қилмаганмиз. Йиллар ўтгани сари истиқлолга шукроналик, Ватан севгиси қалбларимизни тўлдирди.
ЭЪТИБОР
Ўтган йили янги ўқув йили бошида опанг Гулбадан тўрт-беш кун мактабдан ҳорғин ҳолда келди. Уйда ҳам паришон. Ойинг ҳам ҳайрон, мен ҳам. Устози билан гаплашмоқчи ҳам бўлдим. Йўқ, бир куни у димоғи чоғ бўлиб келди. Аянг “Ҳа, бугун қуёш қаердан чиқди?” деса, опанг “Бугун устоз менга доска арттирди!” депти.
Бизнинг давримиз болалари доска артишни ўзига гўёки ор биларди. Бугун бу оддий юмуш ҳам бола учун устоз эътибори воситаси, шарафли ишга айланган.
Эътибор. Унинг қудратини қара. Шу кундан опанг дарсларини ҳам, бошқа юмушларни ҳам кулиб-кулиб, завқланиб бажара бошлади.
Ўзинг-чи, ўзинг, сен туғилган йили жаҳон чемпиони бўлиб, ўзбекнинг орини кўтарган Рустам Қосимжонов ва ҳозирги жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд ўртасидаги Тошкентда ўтказилган ўйинни телевизорда томоша қилганимиздан сўнг, ҳар куни ишдан келсам, тўрт партия шахмат ўйнамасак, ухлашга қўймаяпсан. Шу пайтга довур мажбурлаб ўйнатардим. Энди эса мени ютай-ютай деяпсан…
Ёшларга эътибор, уларнинг йилт этган истеъдодини рўёбга чиқариш, қўллаб-қувватлаш учун имконият ва шароитлар қанчалар беқиёс. Ҳозир «Янги авлод», «Келажак овози», «Ниҳол», Зулфия номидаги давлат мукофоти ва яна бошқа кўплаб танлов, кўрик, фестиваллар борки, улар юртимизнинг барча ҳудудларидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўналтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳасан амакинг икковимиз 1983 йил май ойидан бошлаб, 9 ёшимиздан пахта далаларида ишлай бошлаганмиз. Баҳорда ягана, ёзда ўтоқ, кузда терим, то қор тушгунча. Мактабда дарсларни қолдирганимиз ҳеч кимни қизиқтирмасди. Бир неча ойлаб қолиб кетган дарслар ўрнини тўлдириш учун қишки таътилда ҳам ўқирдик.
Ҳозирчи, қишлоғимизда энг чиройли бино қайси? Ҳа, балли! Мактаб биноси. Отанг-онанг ўқиган шу мактабимиз ҳам давлат дастурига мувофиқ янгидан қурилди. Қишлоқдаги ака-опаларинг, тенгдошларинг бу ерда яйраб-яйраб ўқишмоқда.
Ҳозир ёшларга эътибор ниҳоятда кучли, имкониятлар кўп. Бунинг қадрига ет, ўғлим!
ВАТАН МЕҲРИ
Толмас бобони танийсан, Маҳмарайим бобонгнинг жўраси, Бахтигул аммангнинг қайнотаси. Неча йилдирки, хаста, бировнинг кўмагисиз юролмайди. Ҳар сафар қишлоққа борганимизда, гурунглашганимизда “Худо хоҳласа, юриб кетсам, мени би-ир Тошкентга, Мустақиллик майдонига олиб борасизлар” дейди.
Олти йил олдин, сен ҳали кичкина эдинг, янги уй олганимизда, ҳовли тўйимизга қишлоқдан қариндошлар келишди. Келиб ўтириб, сўрашишганимиздан сўнг Санобар аммам Элмурод амакингга: “Ойнажон, мени Мустақиллик майдонига олиб бор! Неча йиллардан бери етолмай юрувдим” деди. Уй тўла қариндош-уруғнинг бариси “Эрта-мертан борарсан, биз ҳам -борамиз” деб ҳай-ҳайлашига қарамай, аммам Мустақиллик майдонига зиёратга кетди…
Салим бўлани танийсанми? Бўлмаса, қишлоққа борганимизда таништираман. Акаси Олим бўла фермер хўжалиги раиси. Шу ерда ишлайди. Салим бўла ўзи ўқимаган. Лекин болаларини яхши олий ўқув юртларида ўқитмоқчи. Ўт ўришга бориб-келишда ўғилларини отига мингаштириб, Ўзбекистон Давлат мадҳиясини айттириб кетаркан, ўзи ҳам айтаркан. Болаларим ҳаммаси мактабга чиқмасдан мадҳияни ёдлаб олган, ҳозир адабиётга, санъатга қизиқиши кучли, дейди.
Кўрдингми, қишлоқдошларим ҳақида гапираётганда бирини аммам ёки тоғам, яна бирини амаким ёки бўлам деяпман. Ростдан ҳам, кичкина қишлоғимизда ҳамма бир-бирига қариндош, қуда-анда. Болалик давримизда Дўнговул, Ўртовул, Пасовул болалари тўйларда ёки мактабда ёқалашардик. Пасовулнинг ўзи ҳам сойдан нари — сойдан берига ажратиларди. Болалар ҳам, катталар ҳам бир-бирига ёвқараш қиларди. Ҳозир ундай эмас. Замон ўзгарди, шароит, муҳит ўзгарди. Одамлар дунёқараши, онги ўзгарди.
Мен ҳам “Отам ҳамма нарсани билади”, деб ўйлардим. Аммо ҳаётнинг, биз туғилиб, униб-ўсаётган юртнинг бағрида, ундаги кишиларнинг турмуш-тарзида сену менга Ватан қадрини, тириклик бахтини англатадиган нарсалар жуда кўп экан. Улар ҳақида ҳам ҳали суҳбатлашаверамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 24-сонидан олинди.