Бир корхонада ишлаётганимга ҳадемай ўн йил тўлади. Аммо ҳануз оддий ходим бўлиб юрибман. Ўзим институтни қизил, яъни имтиёзли диплом билан битказганман. У ёғини сўрасангиз, ҳали талабалик пайтимдаёқ илмий амалий анжуманларда қатнашиб, қизиқарли маърузалар билан чиқиб, келгусида эгаллайдиган мутахассислигимга оид ихтирочилик таклифлари киритиб, нафақат ўқитувчи устозларнинг, балки институтимиз мунтазам ҳамкорлик қилиб келадиган мана шу корхона раҳбарларининг эътиборига тушганман. “Дипломни олган заҳоти бизга ишга келаверасиз”, деганди институтимизнинг қайсидир илмий анжуманида қатнашган корхона вакили. Ва амалда ҳам шундай бўлган.
Корхонага ишга келганимдан кейин ҳам институтдаги сингари ғайрат шижоат, фаоллик ва ташаббускорлик намуналарини кўрсата бошладим.
Хуллас, бир куни юрак ютиб, анча йиллардан бери ишлайдиган одамохун ўринбосарнинг олдига кириб ҳасрат қилдим. Бироқ… Шунча тиришмай, сира ишим юришмасди. “Ҳали ёш мутахассис, эркалатиб юбормайлик, ўзидан кетиб қолмасин”, дейишяпти, майли, қаноат ва қунт билан меҳнат қилаверай-чи, “сабрнинг таги сариқ олтин” деганларидек, Нобель бўлмасаям, лоақал ўзимизнинг бирор мукофотга лойиқ кўришар”, деган умидда ишлайвердим.
Шу тариқа… ҳануз оддий ходимман.
Ўсаман десангиз… ахмоқ бўлинг, деди у томдан тараша тушгандек.
Гангиб қолганимни кўриб, фикрига аниқлик киритди:
Яъни ўзингизни жа ақлли, истеъдодли, ишбилармон қилиб кўрсатаверманг, ошна. Раҳбарлар унақаларни… ёмон кўришади. Мана, сиз келганингиздан бери ўнлаб ихтирочилик таклифлари киритдингиз, хўш нимага эришдингиз? “Бу фалончининг ихтироси” деган бир варақ қоғозгами? Нима фойдаси бор унинг? Агар ўша ихтиролардан лоақал биттасини бошлиқнинг олдига опкириб: “Мана буни сизнинг номингиздан эълон қилайлик”, деб таклиф киритганингизда бунақа қилиб юрмасдингиз. Буям майли. Қаранг, қанча қанча оламшумул мақолалар ёздингиз а, ҳатто хорижий журналларда босилди. Нимага эришдингиз? Ҳеч нарсага! Тўғрими? Агар ўша мақолалардан лоақал бир-иккитасига бошлиғимизнинг имзоларини қўйиб чоп этганингизда ахвол тамоман бошқача бўлган бўлур эди. Хуллас, сал соддароқ бўлинг…
Ҳамкасбимнинг ёнидан чиқиб пешонамга шапатиладим: “Каллам қурсин! Шунча нарсани эпласам у, арзимаган бир… ишни қойил қилолмай ўтирсам уят эмасми? Ахир машойихлар “Истеъдодли одам ўз салоҳиятини барча соҳада намойиш этиши керак” дейишган-ку. Бинобарин, хушомаду лаганбардорликни ҳам қотиришим шарт!”
Кечқурун уйга келдим ва эътиборга олинмай ғаладонимда чанг босиб ётган ихтироларимдан бирини олиб, қайта кўздан кечирдим-да, эртаси эрталаб бошлиқнинг ёнига дадил кириб бордим.
– Табриклайман хўжайин! – дедим қўлини маҳкам қисиб. У ҳайрон.
– Нима билан?
– Корхонамизда ишлаб чиқариш учун янги маҳсулот ихтиро қилибсиз.
– Қаердан билдингиз? Ким айтди? – ҳайрон бўлганини сездирмасликка уриниб.
Ўзим билдим. Тунов куни бир тахлам қоғоз берувдингиз: “Мановиларни бир кўриб чиқинг-чи, ишдан бўш пайтларда бироз ижод қилгандик, эътиборга арзирмикан”, деб. Ўқиб қарасам, бебаҳо кашфиёт қилибсиз. Агар шу ихтироингиз ишлаб чиқаришга татбиқ этилса, корхонамиз маҳсулотлари жаҳон бозоридаги энг харидоргир молларга айланади. Менинг фикримча, буларни тезроқ тегишли ташкилотларга кўрсатиб, патент, яъни рухсатнома олиш ва ишлаб чиқаришни бошлаш керак!
Раҳбар юзимга бир муддат синовчан тикилиб турди.
– Шунақамикан? Ҳазиллашаётганингиз йўқми? – деб сўради.
– Худо ҳаққи! – девордим кўзимни чирт юмиб.
– Майли, унда… беринг-чи, мен айтганингиздай мутахассисларнинг фикрини олай…
Кўп ўтмай, ихтиро бошлиғимиз номидан расмийлаштирилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Корхонамиз бундан тузуккина даромад кўрди. Ва… камина ниҳоят, оддий ходимликдан кичикроқ бир бўлинма бошлиқлигига тайинландим.
Қаранг-а, шунча йил вақтимни беҳуда ўтказибман, иқтидору салоҳият ато этгани билан ақл бермаса қийин экан-да. Майли, энди бу ёғига пишиқ бўламан.
Шу тариқа раҳбаримиз томонидан кўрсатилган рағбат туфайли илҳомим жўш урди. Янги янги ихтиролар қилишга киришдим. Бироқ энди уларни раҳбарим номига расмийлаштирар ва ҳар гал лавозимим бир поғона кўтарилар эди. Шу тариқа бўлим мудири, котиб, ўринбосар бўлдим ва ниҳоят бошлиғимиз вазир, мен эсам корхонамизга раҳбар этиб тайинландим. “Энди ихтироларни ўз номимга расмийлаштирсам ҳам бўлар, элу халқ ниҳоят менинг салоҳиятимни ҳам кўрсин, баҳо берсин, “бу одам хушомадгўйлиги ва лаганбардорлиги учун эмас, илмий ижодий иқтидори учун ўсган экан”, деб ўйласин”.
Шу фикр ҳамда янгича ғайрату илҳом билан ишга киришдим. Аммо… Ҳарчанд чиранмайин, энди кашфиёту ихтиро нари турсин, арзигулик бир янги фикр миямга келмас, нуқул “қўл остимдагиларнинг бирортаси кучлироқ бир янгилик яратиб, шуҳрат таратиб, менинг обрўйимга соя солиб қўймасмикан” деган хавотир ичимни кемирар, туну кун ушбу лавозимда қандай қилиб узоқроқ ўтириш, имконини топиб яна ҳам юқорироқ мансаб эгаллаш ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Ўсишнинг йўли эса…
Бурноғи йили бир йигит ишга келган ва мажлисларда “ишларни яхшилаш учун ундай қилиш керак, бундай қилиш керак”, деб маҳмаданалик қилавергани учун бошлиққа чақиштириб, ишдан бўшаттириб юборгандим. Ўшани қидиртиришга тушдим. Қайсидир бир тижорат дўконида қоровул бўлиб юрган экан. Шартта қайтариб, ўзимга ёрдамчи қилиб олдим.
Фақат шарт шуки, энди каллангга келадиган гапларни мажлисда эмас, қулоғимга айтасан. Бу идорадаги барча ақлли фикрлар, муҳим таклиф каминадан чиқиши керак. Хўпми?
Хўп бўлади хўжайин, деди йигит қўлимни ўпгудек бўлиб ва ўша заҳотиёқ бир неча ихтиромонанд муҳим таклифларни ўртага ташлади.
Чиройли қилиб қоғозга тушириб бер, мен шу бугуноқ мутахассислар билан маслаҳатлашаман…
Хайрият, шу зайлда ишларим юришиб кетди. Маҳаллий ва хориждаги нуфузли нашрларда бир неча илмий мақолалар чоп эттиришга ҳамда беш олтита ихтирочилик таклифларини киритиб, тегишли гувоҳномани олишга муваффақ бўлдим. Энди вазиримизнинг кўтарилиши ёки нафақага кузатилишини кутаяпман. Ҳайтовур, буни ул муҳтарам зотимизнинг мендан бошқа ҳам беминнат ворислари ҳам сабрсизлик билан кутиб туришмаган бўлса, каминани яқин орада янги бир рутбада кўрасиз.
Ҳа, дарвоқе, ҳойнаҳой сизни ҳув ўша, менга қимматбаҳо маслаҳат берган муовиннинг кейинги тақдири нима бўлганлиги қизиқтирса керак. У ҳалиям муовинлигича юрибди. Бировга маслаҳат бериш осон. Каллани ишлатиб, мансаб пиллапояларидан юқорилаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.