Ҳабиб Темиров. Эрназарнинг кўзлари (ҳикоя)

– Кетаяпман, дўстим, – деди у маъюс овоз билан.
– Қаёққа?
– Қишлоғимга…
– Бутунлайми?
– Бутунлай…
Эрназар билан дорилфунунда бирга ўқиганмиз. Асли Барқут тоғлари бағридаги Тозасой қишлоғидан. Туғма истеъдод. Ҳали ўқишга кирмаёқ беш-олти тилни мукаммал ўрганган. Чет тиллар бўлимида ўқиш асносида яна уч-тўрт тилни ўрганиб полиглот, яъни кўп тилларни билувчи етук мутахассис бўлди. Айниқса англис, немис тилларида булбулдай сайрар, Байрон, Ҳайне шеърларини аслида ўқиб, мағзи-маъносини тиккасига тушунтириб кетаверарди. Ўзи ҳам шеър ёзар, аълочи ва бунинг устига тоғда ўсган эмасми, ранги тоза, қадди-қомати келишган – қизларнинг жони эди.
Биз унга ҳавас ва ҳатто бироз ҳасад ҳам қилардик. Англис адабиётидан дарс берувчи Юля Юревна, деган бир гуржи кампир уни «Гармоничний бола», деганини илиб олиб, «Эрназар гармончи», деб масхара ҳам қилиб юрдик. Ҳолбуки, гуржи онахон уни «Ҳар томонлама такомиллашган бола», деб мақтаган экан.
Мана шу «ҳар томонлама такомиллашган», бола аксига олиб ўзининг анчайин тескариси бўлган бир қизга кўнгил қўйди.
Қизни гўзал деб бўлмасди. Аммо қурғур қаери биландир
«Мона Лиза» деган сувратдаги соҳибжамолга ўхшаб кетарди. Эрназарнинг ўзи айтганди буни. Шундан сўнг Эрназар қаердандир «Мона Лиза»нинг репродукциясини топиб, хонасига, каравотининг тепасига осиб қўйди. Мен расмга назар солиб, Эрназарнинг маҳбубаси ва сувратдаги қизнинг табассуми айнан ўхшаш эканлигини англадим. Аммо беш йил ўқиб англис тилида «Ай лав ю»дан нарига ўтолмади. Ўқишни бир амаллаб битирди-ю, мен таржимонлик қиладиган «Интурист» меҳмонхонасида котиба бўлиб ишлай бошлади.
Эрназарни дипломни олар-олмас номзодлик диссертациясини ёзишга киришди. Чарлз Диккенснинг каттакон тўпламини ўзбекчага ўгирди. Шу орада «туманли Албион» – Англияга илмий-ижодий сафарга ҳам бориб келди.
Уларнинг тўйи «Интурист»нинг муҳташам зиёфатхонасида бўлди. Мазмунан халқаро бу тўйда Эрназарнинг Барқутдан келган тоғчи чўпон қариндошлари билан бир қаторда Англияда орттирилган олим дўстлари ҳам қатнашишди. Биз тўйхўрлар Шотланд вискисига Тозасойдан келган тандиркабобни газак қилиб, роса яйрадик.
Эрназар  фан  номзоди  бўлганида  биринчи  ўғли,  декан ўринбосари бўлганида иккинчиси, докторлик диссертациясини ёклаганида Кенжагул қизи туғилди. Сўнгра Эрназар факултет деканлигига  тайинланди.  Хотини  «Интурист»нинг  маъмури бўлди. Хуллас. Уларнинг оиласини маълум маънода замонавий ўзбек хонадони, дейиш мумкин эди. «Маълум маънода», деганимнинг сабаби: Эрназар ўғиллари билан англисча, қизи билан фарангча, хотини билан ўрисча ва шаҳар марказидаги чиройли ҳовлисига онда-сонда келадиган қишлоқ қариндошлари билан ўзбекча гаплашарди.
Мен  эсам  «Интурист»да  оддий  таржимон  эдим.  Шунга  қарамай  якшанба  кунлари  Эрназарнинг  Зарринсув  дарёси бўйидаги чорбоғида у билан шатранж ўйнардим ва нуқул ютқазардим. Эрназар қурмагур шахматни ҳам зўр ўйнарди…
Кейин мен хизмат сафари билан икки-уч йилга хорижда бўлдим. Куз охирлашганда қайтиб келиб, иш юзасидан дорилфунунга бордим ва дўстим Эрназарни сўроқладим.
– Профессорнинг сал тоблари йўқ эди, – деди декан котибаси.
– Уйдамикан?
– Уйда бўлишлари керак.
Қўнғироқ қилдим. Телефонни қизи олди.
– Отам дачадалар, – деди негадир синиқ овозда.
Кеч кириб қолаётганига қарамай ўша ёққа йўл олдим. Бораётиб хаёлимдан «Кузги салқинда чорбоғда нима қилиб юрибди», деган гап ўтди.
Эшик очиқ экан. Кириб боравердим. Эрназар айвончадаги курсида чопонга ўралганича сарғайган боғга ўйчан тикилиб ўтирарди. Мени кўриб қувониб кетди. Қучоқлашиб кўришдик.
Унинг хаёли паришонроқ эди. Мен буни илм аҳлига хос одатий ҳолат, деб деяқолдим. Кўп ўтмай яна хорижга жўнаб кетишимга тўғри келди. Орадан яна икки йил ўтди. Кейинги учрашувимиз, боя айтганимдай, ногаҳон, шаҳар четидаги бекатда юз берди. Мен қишлоқдан қайтиб келаётгандим. У эса… кетаётган экан.
– Нега энди Эрназар, ахир илмий иш, ижод?.. Ё… қишлоқда, тоғлар  бағрида  тоза  ҳаволардан  нафас  олиб,  ижодни  давом эттирмоқчимисиз?
– Шунақа бўлади, шекилли, – деди у ва кўзларини менинг нигоҳимдан олиб қочди.
– Оила тинчми?
– Оила тинч. Аммо… биз келинингиз билан хайрлашишга қарор қилдик.
– Йўғ-э, ёш бир жойга бориб, болалар бўй етганда…
Мен «Нимага ажралаяпсизлар», деб сўрамадим. Чунки мен бунинг сабабини сал-пал билардим ва шу топда бундан ўзим ҳам ўнғайсизланиб турардим.
У кетди. Мен унинг ортидан қараб. Анча вақт хаёл суриб қолдим. Ноёб бир истеъдод хор бўлаётганидан афсус чекдим…
Ўша лаҳзада ҳаяжонланиб, мулоҳаза ва хулосани бир қадар ошириб юборганимни… орадан қарийб ўн йил ўтгандан сўнг англадим…
Бир куни меҳмонларнинг навбатдаги гуруҳини Тошкентгача кузатиб қўйишга тўғри келди. Баҳорнинг ўртаси эмасми, теварак-атроф яшнаб ётибди. Йўлда меҳмонлар «табиат қўйнида» бироз дам олишни ихтиёр этиб қолишди. Уша лаҳзаларда биз ғоят кўркам ва шинам «Мерседес» автобусида Барқутсой қишлоғи ёнидан ўтиб бораётгандик. Бошини қор қоплаган улуғвор Барқут тоғ яқингинада, гўё қўл узатса етгудек жойда эди.
Ногаҳон  кўнглимда  шу  қишлоққа  бирров  кириб»,  Эрназар дўстимнинг ҳоли аҳволидан ҳам хабар олиб кетсам-чи, деган  ният  туғилди.  Қайтага…  хорижликларни  ҳам  бир  қойил қолдирмайми – узоқ бир қишлоқда Оврупо тилларининг мукаммал билимдони бўлган профессор яшаётганини кўрсатиб…
Хуллас, бу ният бир зумда амалга ошди. «Мерседес» чамбарагини қишлоқ сари бурдик.
Шарқираб   оқаётган   сой   бўйлаб   юқориладик.   Сўрабсуриштирсак, Эрназарнинг янги уйи қишлоқнинг энг тепасида экан. Девор ортидан ёнғоқзор, сал наридан арчазор бошланиб кетади. Уйи одмигина. Олди айвонли, ўртада икки хона, бир даҳлиз. Қанотда кенг-мўл – тўққиз болорли меҳмонхона. Меҳмонхонада   саришталик.   Ярақлаган   бахмал   кўрпачалар. Пойгак томонда мўъжаз телевизор, видеомагнитофон. Деворда… менга таниш ўша суврат – «Мона Лиза».
Меҳмонлар  америкалик  эди.  Улар  англисчанинг  Ёрк-Шир лаҳжасида қойилмақом қилиб сўзлаётган Эрназарга қараб оғизлари очилиб қолишди. Қарироқ бир аёл – Кетрин хоним тарих, қадимшунослик, адабиёт бобида Эрназар билан анча мунозара юритди.
– Сиз менинг ўғлим Самуилга ўхшаб кетар экансиз, – деди у. – Иллинойсга борсангиз таништириб қўярдим.
Эрназар дастурхонга қайроқи буғдой унидан қилиниб, арча ўтида ёпилган хушбўй нон, қўй қатиғи, қимиз, тандир кабоб қўйди. Кийик ўти солиб дамланган антиқа чой билан сийлади. Хотини – қишлоқча кийинган хушрўйгина аёл – ҳовлидаги ўчоққа ўт ёқиб шўрва пиширишга киришди.
Буларнинг ҳаммаси хорижлик меҳмонлар учун антиқа эди.
Мен эса унинг чеҳрасига боқиб ҳув ўша, ўн йил олдин ёдимда  қолган  манзаранинг  изларини  изладим.  Ва…  «тополмадим», десам носамимийлик қилган бўламан, албатта. Ўша нохуш ҳолатнинг асоратлари — бир қадар ҳорғинлиқ, бир қадар сўлғинлик ҳамон зоҳир эди унинг юзида. Аммо…
Аммо унинг кўзлари бутунлай бошқача эди. Мен бу кўзларга боқиб… тошлар уюми орасидан ногаҳон бир жуфт гавҳар топиб олгандек бўлдим. Унинг кўзлари чақнаб, нур сочиб турарди. Бу нур туфайли одмигина усти-боши, бир оз кексайган жисмидаги тўзғинлик ҳам унга алланечук ярашган, ўзига хослик касб этганди.
– Қалайсиз энди, дўстим, – дедим мен суҳбатлар бироз сийраклашгач, – турмуш қалай?
– Турмуш – уруниш, – деди у кулимсираб. – Кўриб турибсиз –
яшаяпмиз. Ишлаяпмиз.
– Қаерда? Мактабдами?
– Ҳа. Инглиз тилидан дарс бераяпман. Дарсдан ташқари гуманитар  фанлар  бўйича  қўшимча  машғулотлар  тўгарагини очдим. Ўқувчиларимдан икки бола республика олимпиадасида ғолиб чиқиб, Америкага бориб келди. Мен тайёрлаган болаларнинг аксарияти институтга кириб кетаяпти. Иккита сигиримиз бор.  Сут-қатиғини  қишлоқ  боғчаси  билан  баҳам  кўраяпмиз. Ўғилларим, қизим келиб кетишади. Ўшаларга бериб юбораман.
– Дарвоқе, ўғилларингиз…
– Иккови ҳам дўхтир бўлишган. Қизим Тошкентда иқтисодиёт университетида ўқияпти. Қишлоқдан уйландим. Турмушимиз яхши. Фақат фарзанд бўлмади. Энди насиб этса… неваралардан бирини олиб тарбия қилиш ниятимиз бор. У билан ўзим шуғулланаман, зўр бир олим қилиб етиштираман…
Шу сўзларни айтар экан, унинг кўзларидаги нур яна ҳам кучайиб, ярқираб кетгандек бўлди.
Биз  Эрназар  билан  хайр-хўш  қилиб  йўлга  чиққанимизда қуёш ботай деб қолганди. Бундай пайтда тоғ қишлоқларининг манзараси жуда бўлакча бўлади.
Кичик-кичик  овуллардаги  тизим-тизим  хонадонлар  улкан
мовий денгизда чайқалиб турган ғуж қайиқларни эслатди менга. Ҳув нарида баландликда турган мўъжаз қўрғон – Эрназарнинг ҳовлиси ҳам бамисоли бир қайиқ.
Билмадим, нега фикримга шундай муқояса келди. Эҳтимол мен қачонлардир Эрназарни ҳаёт уммонидаги тўлқин туфайли каттакон бир кемадан тушиб қолган йўловчи деб тасаввур этганман-у, уни бағрига олган қишлоқ кулбаси халоскор бир қайиқ бўлиб кўрингандир.
Майли, гап бунда эмас. Муҳими мен дўстим Эрназарнинг сокин ва масрур ҳаётини кўриб унга яна ҳавас қилдим. «Мен шундай қилаолармидим», деб ўйладим ҳам. Аммо бу саволимга жавоб бера олмадим.
Барқутсойдан узоқлашар эканмиз, атроф қоронғилашиб борар, менинг тасаввуримда эса Эрназарнинг кўзлари чақнаб турарди…
Бу воқеа аслида унча қизиқ эмас ва эҳтимол ҳикоя қилиб ўтиришга ҳам арзимасди. Аммо…
Яқинда мен «Эрназар шаҳарга қайтиб келибди», деган гапни эшитиб қолдим. Уни қидириб топдим. Узоқ суҳбатлашдим. Ва… инсон табиати, феъли ҳеч қандай қолипга сиғмаслигини яна бир карра англадим. Майли, бу ёғи энди бошқа ҳикоя…