Шом маҳали. Нақшинкор катта дарвозанинг кичик даричаси қия очиқ. Супириб-сидирилган, сув сепилган хонадонда орасталик. Қийғос очилган гуллар, садарайҳонлар хонадонга файзу тароват бахш этиб, бўй таратиб турибди. Гулзор чеккасидаги қувур жўмрагидан оқиб турган сувнинг чулдираши ҳам қулоққа мусиқадек эшитилади.
Хонадон соҳиблари ҳали замон келиб қоладиган жигаргўшаларини рисоладагидек кутиб олиш учун оёқлари олти, қўллари етти бўлиб тараддуд кўрмоқда.
Раҳматли ота-оналаридан қолган мўъжазгина ҳовлида яшаётган кенжа ўғил Ғолибжон, унинг рафиқаси Солияхонлар кечадан бери тиним билмайди.
Ғолибжон раҳматли отаси эккан мева, узумлардан узиб катта ўрик остидаги чорпояга қўйди. Қизи Назира дарров уларни жойлаш учун идиш танлай бошлади. Солияхон тушликдан буён ошхонада куймаланади. Нон ёпди, сомса пиширди. Паловнинг масаллиғини тахт қилиб қўйди. Янги сўйилган қўй гўштидан тайёрланаётган қулинг ўргилсин шўрва милт-милт қайнаб турибди. Раҳматлик қайнотаси шунақа овқатни яхши кўрарди. Кейин оила аъзоларининг жам бўлиб ўтиришини ёқтирар, фарзандларини қайта-қайта дуо қилишдан чарчамасди. У кишининг вафотларидан кейин ака-ука, опа-сингиллар ҳам ўз оилалари, ўз ташвишлари билан бўлиб кетишди. Тўй-тўкин, ўлим-етимда кўришиб қолишмаса, бошқа вақтда ҳамма ҳар қаёқда.
Ишдан қайтганидан буён енгил спорт кийимида юрган Ғолибжон юмушлари хиёл бир ёқли бўлгач, ҳализамон келиб қоладиган опалари, келинойилари олдида бундай юриши номаъқуллигини ўйлаб ичкари хонага кириб, кийимларини алмаштирди. Қайтиб чиқиб эшикнинг шундай ёнгинасида деворга ўрнатилган кўзгуга қаради. Отасидан қолган эскироқ чопон ва дўппини кийиб олгани ўзига хуш ёқди. Шу кунларга етиб келолмаган ота-оналарини эслаб хўрсинди.
— Ризқу насибанинг ҳалолидан берсин, болам, — дерди раҳматли отаси. — Бировнинг ҳақини емоқнинг эртами-кечми жавоби бор…
Ана шундай ақида билан борига қаноат қилиб, бутун умри далада кетмонини судраб ўтди. Бир бурда нонни пешона тери билан топиб еди. Ёши бир жойга бориб қолганида ҳам ўғиллари “қўйинг энди, рўзғорни ўзимиз амаллармиз” деса, “ие, уйда ўтириб нима қиламан, далаларимни соғиниб қоламан-ку”, дерди. Деҳқончиликнинг пири эди. Экинлар билан тиллашарди, бир гал ғўзаларини дўл уриб кетганда сим-сим йиғлаганини кўрганди Ғолибжон.
Уйнинг тўрига осиб қўйилган суратда ҳам ўтган умридан мамнундек ўктам боқиб турибди. Яна жиндай разм солгач эса, отаси ялтироқ чорчўп ичидан боқиб, ундан ҳисоб сўраётгандай туюлди: “гапларим ёдингдами?”
Уйланиши ҳам отасининг бир оғиз гапи билан бўлган.
— Онанг раҳматли тўйингни кўрмай ўтиб кетди, болам, — деганди ўшанда отаси, — мен ҳам бугун борман, эртага йўқ…
— Ундай деманг, дада.
— Энди ихтиёр бизда эмас-да. Яратганнинг иродаси, омонатини истаганда олади.
Бир оз тин олгач, ширали овозда давом этди:
— Cениям болаларингни кўрсам дейман. Шунга акаларинг, опаларинг билан маслаҳатлашиб, Қодир оқcоқолининг қизига оғиз солсак, деб турибмиз.
Энди тўртинчи курсни битираётганди. Аспирантурада ўқиш, Тошкентда қолиш ниятлари бор эди. Лекин, отасининг гапларидаги қатъият оғиз очишга йўл қўймади. Тез орада тўй бўлиб, бугун усиз ҳаёт қандай бўлишини тасаввур қилолмайдиган Солияхон бағрини тўлдирди. Келин пойқадамли келди. Хонадонга барака кирди. Бу орада ўқишни ҳам битириб, қишлоқ шифохонасига ишга келди.
Мана шундан буён ҳам сал кам ўттиз қовун пишиғи ўтибди.
Кунлар, ойлар, йиллар бир-бирини қувалаб ўтаверар экан. Ўткинчи умр… “Ҳаётда кўзингизни каттароқ очинг-ки, ўлаётганингизда бемалол юмасиз”, деган экан машойихлардан бири. Лекин, юмуқ кўз ила яшаб, очиқ кўз билан кетганлар озми? Яратганнинг ўзи сақласин.
Кенжатойи бўлгани учунми унга меҳри бўлакча эди. Хотиндан ёлчиганини ҳам бот-бот айтар, келинини алқаб дуо қиларди.
Бир палакда ҳар хил хамак, деганларидек, катта акаси мол-мулкка ҳирс қўйган, бой-бадавлат, лекин, томса ялайдиганроқ чиқди. Ўзбекчилик, унга бир нима дейишга андиша қилади. Ўзининг аравасини ўзи тортади. Хасталаниб, бироз қийналиб қолган кунлари ҳам оғирини солгиси келмади. Бахтига суянадигани — хотини бор экан. Зориқтириб қўймади. Мана, яна оёққа туриб, у кунлар ортда қолиб кетди. Бугун дастурхон ёзиб жигарбандларини чорлади. Ҳализамон улар келиб уйи тўлиб қолади.
Ишхонасидан ҳам андак кўнгли хижил бўлиб қайтди. «Бош шифокорнинг гапини қайтариб тўғри қилдимми?», дея ўйланиб боши қотди. Бошқа иложи ҳам йўқ-да. У айтган ишни қилолмайди. Қўлидан келмайди. Нима эмиш, беморлардан, уларнинг яқинларидан касалхонани таъмирлашга ёрдам сўраш керак эмиш. Э, ўргилдим унақа ишлардан. Яна нима дейди, денг: айлантириб гапириб, дипломатлик қилиб бўйнига қўйиш керак эмиш. Мабодо бир жойга бориб шикоят қилса, ўзи жавоб берармиш.
Шунча йил ишлаб бировнинг қўлига қарамади, бу гапни қайси юз билан айтади, «Касалингизни даволайман, шифохонани таъмирлаб беринг» деб-а?… Йў-ўқ, унақа қилолмайди.
Кўча томонда машина овози эшитилди: “Акамлар келди шекилли», дея ўша томон юрди.
Янглишмаган экан, машинадан савлат тўкиб акаси тушди.
— Ассалому алайкум…
— Келинг, ака… келинглар…
Акаси билан қучоқ очиб кўришар экан андак энтикиб кетди, раҳматлик отасининг исини ҳис қилгандай бир зум бағридан бўшатмади. Акаси эса бепарвогина, сўрашаётиб ҳам кўзлари у ёқ-бу ёққа аланглаб, гоҳ ром қилинган айвонга, гоҳ қайтадан кўтарилган темир сўритокка боқди: «Укам ҳам ёмон яшамаяпти, шекилли».
— Соғинишиб қолган экансизлар-да, — деб кулди келинойиси. — Айб ўзларингда, узоқлашиб кетяпмиз. Ахир, ораларимиз икки қадам бўлса….
— Тўғри, келинойи, ишлар билан бўлиб.., — деб каловланди-ю, миясига аллакимнинг «Одамларни бир-биридан масофа эмас, фикрлар узоқлаштиради», деган гапи келди.
Сўриток остига қўйилган чорпояга ўтиришгач, акаси хонадонга тинчлик-омонлик, барака тилаб қисқагина дуо қилди. Бир пиёла чой ичишгач, келинойиси секин туриб ошхонада куймаланаётган овсини томон юрди. Аввалига уни қайтармоқчи, «ўтираверинг» демоқчи эди, кейин, «ҳа, майли, уларнинг ҳам дардлашадиган гаплари бордир, зора шу баҳона орага янаям яқинлик тушса», деб умид қилди. «Овсинлар иноқ бўлса, оға-инилар чиноқ бўлмас» дейдилар-ку.
— Аҳволинг дурустми, Ғолиб?
— Шукур, ака. Ўзингиз ҳам чарчамай юрибсизми?
— Э-э, чарчаш ҳам гапми. Яшаш қийин бўп кетяпти-ку, ука!
Ие, данғиллама ҳовли жойи, қўша-қўша машиналари, қатор тижорат дўконлари бор одамнинг гапими шу?.. Акаси унинг хаёлидаги гапни англагандай:
— Бели оғримай нон ейишни истайдиганлар кўпайиб кетди-да. Сен уларни билмайсан, — деб қўшиб қўйди.
Билади. Билмай нима, ёш боламиди? Ўша текширувчи, назоратчи, тафтишчи деганларида. Улар ҳам нотўғри бир жойи бор-ки, илинтиради-да.
Дарвоза томонда опаси ўғли билан пайдо бўлганда беихтиёр ўрнидан турди. Негадир кўнглида илиқлик эмас, ғашлик туйди. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Онасининг ажалидан беш кун бурун ўлиб кетгани сабабиниям шу опасидан кўради. Ёшига ярашмаган либосию беўхшов соч турмагига қараб кўнглида пайдо бўлган истеҳзони сездирмасликка ҳаракат қилиб сўрашса-да, ўша машъум кунлар хаёлида гавдаланди. «Катта ўқишда ўқияпти», деб орзулаб юрган қизи кутилмаганда остонасида бола қучоқлаб пайдо бўлганда онаси ҳушини йўқотди. Нима гаплигини билгач эса ноласи оламни тутди: «Бу кунлардан ўлганим яхши эди». Ана шу юзиқаролик боис умрининг охиригача ҳам бошини кўтариб юролмаган онасини эслаб кўзига ёш келди. Аввал қўлини сиқиб, кейин яқинроқ тортиб елкасидан олиб кўришар экан, бўйи чўзилиб, мўйлови сабза уриб қолган, отасиз ўсаётган жиянига ачиниб кетди.
Опаси кейинроқ ўқишни сиртқига тиклаб, амаллаб битирди. Шаҳардан иш топди, эрга чиқди. Расми-русумини қилиб узатишди. Ўшанда ҳам онаси юм-юм йиғлаб кузатганди. Аввал бошда йўл қўйилган хатони тузатиш қийин экан, шекилли, турмушлари узоққа чўзилмади.
Опаси ҳам кўпда келавермайди. Юзи шувитлигини билади. Лекин не қилса ҳам жигарлари. Бошқа бош уриб борадиган жойи йўқ. Ора-сира қисиниб-қимтиниб кириб келади. Пешонасига шундай битилган экан, шекилли, нима қилсин? У шунақа бўлишини хоҳлабдими?
Ғолибжон ҳам кўнглидан ҳар хил хаёллар ўтса-да опасига сездирмайди. Ҳозир ҳам…
— Келинг, опа бормисиз, — деб очиқ чеҳра билан кутиб олди.
— Борман. Ўзинг қалайсан? Кўринмай кетдинг-ку?..
— Узр, опа ўзимиз билан бўлиб, сизлардан хабар ҳам ололмадик, — деб кўнглини кўтарган бўлди.
— Йўғ-э, тинч бўлсанг бўлди, ука. Ҳаммага ҳам ўзининг ташвиши етиб ортади.
— Меҳр-оқибат деган гаплар ҳам йўқолиб кетяптими…
Туйқусдан тилига чиққан бу гапдан андак хижолат чекди. Бу гапни шунчаки опасининг гапи давоми сифатида айтиб юборди-ю жигарлари ёзғириш, нолиш деб қабул қилмаса эди, деб ўйланиброқ қолди.
— Меҳр, оқибат йўқолгани йўқ. Уларнинг ўлчови ўзгарди, — деди опаси.
— Пулинг бўлса сенга меҳр ҳам кўрсатишади, оқибат ҳам, — деди акаси ўзига ишонган қатъият билан.
— Йўғ-э, ака, унақа деманг. Пул билан ўлчанмаган ўзи шу қолувди.
— Ишонавер, шунақа.
— Йўқ, пул билан дунёни сотиб олиш мумкиндир. Лекин, меҳрни сотиб олиб бўлмайди.
— Э, пулинг, молинг бўлмаса меҳрниям, оқибатниям тополмайсан.
— Йўқ, менинг ҳеч нарсам йўқ эди. Пулим ҳам, молим ҳам. Шаъним ҳам. Агар меҳрли, оқибатли одамлар суямаганларида мен аллақачон бу дунё билан хайрлашган, сизлар билан дийдорлашмоқ ҳам қиёматга қолган бўларди.
Опаси шундай дея дастрўмолини ёшли кўзларига босди ва аста ўрнидан туриб гулзор томон юрди. Ғолибнинг кўзлари опасининг кўзлари билан учрашди. Ҳеч қандай маъно уқмади. Фақат ўзининг бир пайтлар опасига нафрат кўзи билан боққан кунларини эслаб ўзидан уялди: «Мард бўлсанг қоқилган жигарингни суяшинг керак эмасмиди».
Дарвозадан киришдаёқ йўталиб, оёқларини тапиллатиб шарпа берган ўртанча акаси салом-аликдан кейин чорпояга ўрнашиб ўтириб олгач, ота-оналари руҳи покларига бағишлаб Қуръон тиловат қилди. Чиройли тиловат, хайрли дуолар боисми ўртанча акаси келгунча ўтган дилхираликлар чекингандай бўлди, даврага файз кирди.
Ҳол-аҳвол сўрашишди.
— Шукр, — деди ўртанча ака кулиб, — Шу кунларга еткизганига шукр. Эслайсизларми, отамиз ўзи тиккан маҳсини бозорга олиб чиқиб сотолмасди. Бугун молимизни хоҳлаган бозоримизда пуллаяпмиз, мушугимизни пишт дейдиган одам йўқ.
— Э, паттачи, солиқчи деганлари тинчитмаётгандир? — гапга қўшилди катта ака.
— Ҳа, энди уларниям ризқи-да. Қолаверса, деҳқон буғдой экса, қуш ҳам тўяди, сичқон ҳам. Нафсиламбрини айтяпман-да. Менга-ку биров бир нарса деёлмайди. Ҳамма томонини қонуний қилиб қўйганман.
Чиндан ҳам шу акасининг бировдан тили қисиқ жойи йўқ. Ота касби — косибчилик билан рўзғор тебратиб юрган бўлса-да, маҳалла-кўйда обрўси ёмон эмас. Қолаверса, дурустгина илми бор, тақвода собит, ҳалол-ҳаромнинг фарқига боради, ҳалқумини пок сақлайди.
— Қани, олишиб ўтиринглар.
— Раҳмат, дастурхондаги неъматларга қаранглар-а. Бу ҳаммаси тинчликдан, тўкинликдан нишона. Бундай кунда шукр қилмаслик Худога ҳам хуш келмайди.
— Гап фақат дастурхонда эмас, хотиржамлик ҳам керак, — катта ака яна ўз “ҳақиқати”ни пешлади.
— Тўғри, ака, лекин, хотиржамлигимиз ўзимизга боғлиқ.
— Тинч, хотиржам ишлашга қўймаётганлар ҳам бор.
— Ким ўша сизни хотиржам ишлашга қўймайдиган? Менга айтинг, кекирдагини узиб олай, — деди қизишиб Ғолибжон. У ҳамма нарсаси ошиб-тошиб ётган катта аканинг ҳасратларини ҳазм қилолмаётганди.
— Қўй, майли, бу гапларни бошқа кунга қолдирайлик, — деди акаси ҳам ўзини бироз ноқулай сезиб.
— Рост айтасиз, хайрли кунда хайрли гаплардан гаплашайлик. Қаранг, ҳар биримизнинг уйимиз бор. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Лекин, энди уйимиз тўрида ўтирадиган ота-онамиз йўқ. Бизни не-не қийинчилик билан ўстиришди, роҳатини кўролмай кетишди. Энди қўлимиздан келадигани уларнинг руҳи покларига дуода бўлиш, холос… Яна… бир-биримизга яқин бўлсак, меҳр-оқибатли бўлсак, уларнинг руҳи шод бўлади. Ғолиббой бизни йиғиб хўп яхши иш қилди-да. Дастурхондаги неъматларгагина эмас, бир-биримизнинг дийдоримизга тўяяпмиз. Дунё ўткинчи, бир-биримизга ғаниматмиз.
Ҳақ гап қаршисида ҳеч ким оғиз очолмас экан. Косибнинг маърузасини тижоратчи бой ҳам, шифокор ҳам миқ этмай эшитарди.
— Ўғилларим ҳам ёнимга кириб қолди, — деб ғурурланди косиб ака. — Мактабидан таътилга чиққан Соқивой ҳам кеча ўзи тиккан туфлиларини бозорга олиб чиқиб сотиб келувди, хурсанд бўлиб кетдим.
— Ўзинг топиб-тутиб турганингда ўғилларингни ўқитишни ўйласанг бўларди, — гап қўшди катта ака.
— Ўқишлари ҳам чакки эмас. Ўқитаман. Лекин, ҳунарни ҳам эгаллаб олса ёмон бўлмайди-да, ака. Мана, ўзим ҳам ота касбини қилиб кам бўлмадим.
— Сен билан бизнинг замонимиз бошқа эди. Энди ўқитмасанг бўлмайди. Мана, жиянинг Суннатиллони икки мингга ўқишга жойладим… Кўкидан.
— Э-э, унақа қип ўқитиб нима қиласиз, ака? Агар ўзида бўлмаса…
— Бир амаллаб дипломли қилиб қўйсам, кейин аравасини тортиб кетади.
— Уна қип опкирган бўсайиз ўқишиям ўзидан ўзи бўлмаётгандир.
— Ҳа, энди ҳар уч ойда, олти ойда хабар олиб қўяман. Қуруқ бормайман, албатта. Сиздан угина, биздан бугина, дегандай. Ундан ташқари йигитнинг ўзига ҳам кунда, кунора… Энди бизнинг давримизда ўйнаб-кулиб қолсинда…
— Эркалатса отаси, талтаяди боласи, деган гаплар бор. Жуда бўш қўйворманг, ака.
— Ҳозирги ёшлар эркин бўлишни ёқтиришади. Биз эдик, иккита болалик бўлганда ҳам отамиздан сўраб бир ерга борадиган. Энди эса ярим кечада келсаям терголмайсан: “Нима, мен сизга ёш боламанми», деб тўнғиллашади. Замон ўзгарди, ука.
— Замон эмас одамлар, қарашлар, муносабатлар ўзгаряпти, холос. Олтин олтинлигича, тош тошлигича қолгандек, инсоний қадр-қимматлар ҳам ҳеч қачон ўзгармайди.
Катта акаси унча-мунча отиб туради. Шу важдан келинойига ҳам «права» олиб берган. Зиёфатлардан қайтишда одатда рулда у киши кетадилар. Бугун ҳам ўзи ичадиган бўйни узунидан опкелибди. Лекин, тақводор укасидан ҳайиқиброқ турарди. Ука аср номозини ўқиш учун ичкарига кириб кетиши билан пиёлани чертди. Ғолибжон пиёлани дарров тўлдирди. Ўзига озроқ қуйди. Акаси пиёладагиларни тенглаштирди-да, секингина «Омон бўлайлик, ука» деб пиёлани бўшатди. Вақт зиқлигини ҳисобга олиб, Ғолибжон иккинчи қадаҳни ҳам тезлатди. Акасининг уйдан чиқаётганини кўриб шишани чорпоянинг остига яширди. Унинг ҳаракатлари катта акасига наша қилди ва эгилиброқ секин шивирлади:
— Қолганини шомда оламизми?
Ғолиб истамайгина бош ирғади.
Намоздан қайтган ака чорпояда жойини эгаллагач дастурхонга, унинг атрофдагиларга бир-бир разм солди, қандайдир ўзгаришни сездими, ҳис қилдими, жилмайиб қўйди, бироқ ҳеч нарса демади. Бир пиёла қайноқ чой ҳўплаб, “Ўзингга шукр”, деб қўйди. Ярим косадан қайноқ шўрвани ичишганидан кейин эса изн сўраб кетишга чоғланди.
— Ўтиринг энди, ош бўляпти, ака.
— Раҳмат. Ош ейиш қочмас, ҳадемай қоронғи тушиб қолади. Агар ўзим ушлаб турмасам, сигир келинга соғдирмаяпти.
— Ҳа, энди бир иложини қилишар.
— Йў-ўқ, жонивор менга ўрганиб қолган. Келинни ҳали яхши танимайди.
Бу гаплардан ҳайратланган келинойисининг оғзи очилиб қолди: “Тавба, қаранг-а, бу одамлар молига ҳам меҳр билан қарашар экан-а”.
— Баҳонаям ишонарли чиқди-я, — деб кулди ароқ тўла пиёлани қўлига олган катта ака. Андак фурсатдан кейин эса сал хижолат бўлгандай пиёлани қайта жойига қўйди. — Хонадонингдан барака аримасин, ука. Ота-онамизнинг чироғини ёқиб ўтирибсан. Сенга раҳмат. Мендек бемеҳр акангни кечир, Ғолиббой.
— Унақа деманг, ака, мен сиздан мингдан минг розиман. Сиз бизга ота ўрнидасиз.
— Раҳмат, ука. Муздеккина сувингдан қуй… Юрагим куйиб кетяпти. Бугун кўп нарсаларни англагандайман… Кў-ўп нарсаларни…