Муродбой Низанов. Қалқай билан Балдай (ҳажвия)

Қалқай билан Балдай қирқ йиллик эру хотин. Лекин шундан ўттиз беш йилини ит-мушук бўлиб ўтказиб келишади. Чолу кампир ҳаётлик вақтида уларнинг овози кўпинча дераза тирқишидан ёки даҳлиздангина эшитилиб турадиган эди. Қариялар омонатини топширишдию эр-хотиннинг тил-забони овоз кучайтиргичнинг карнайига айланди. Ҳозир Балдай билан Қалдайнинг товушини кўчанинг бошидан адоғигача танимайдиган одам йўқ. Бироқ уларнинг жанжали билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бақиришадими, чақиришадими парво қилишмайди. Фақат бу атрофга илк бор қидириб келган қўноқларнинг капалаги учиб кетади.
—    Бу не бало, чироғим-ай?
—    Эй, Қалқай билан Балдай-ку! — дейишади мезбонлар бепарвогина.
—    Бу нима деганингиз? Пиесами?
—    Ҳа! Қирқ йилдан буён саҳнадан тушмай келаётган пиеса!
Қозонда эт пишадиган вақт ўтгунча шовқинга қўноқлар ҳам кўникиб қолишади. Аэропорт яқинидаги уйларда яшаётганлар бора-бора самолётнинг товушини эшитмай қолишаркан. Қўни-қўшнилар ҳам Қалқай билан Балдайнинг тўполонларига шунақа бефарқ бўлиб қолишди.
Яхши томони шуки — эру хотинларнинг уриши даҳанаки. Яъни, бир-бирини ёқавайрон қилмайди, эри мушт кўтармайди, аёли ўқлов ўқталмайди. Қалқай ҳақоратлаб сўкмайди, Балдай ер муштлаб қарғамайди.
—    Менинг пешонам шўр экан! Эр деб эрдан ёлчимасам!
— Оғзингни ёп! Қалинингга кетган икки сигирим билан бир ҳўкизчамга ичим ачийди. Шу пайтгача бир пода мол бўлар эди.
— Никоҳ сувини ичкизган мўлла гўрида тикка турсин!
— Мен биламан, аллақачон тикка турибди у! Сен билан менинг қарғишим уни тек қўядими!
—    Умримнинг охиригача эрсиз ўтсам ҳам ажрашаман.
— Тилингга шакар! Аллақачон сен айтганингдай қилишимиз керак эди.
Мана шундай гапларни айтмай овқат ичган куни ё бировининг лабига учуқ чиқади, ё бирови уч кунгача туз тотмай оғрийди-қолади. Бола-чақалар ҳам ўрганиб кетишган.
Бироқ эр-хотин орадан қирқ йил ўтгандан кейин бу масалада бир қарорга келишди. Ажралишадиган бўлишди. Эрталаб етаклашиб судга боришди. Аризани Қалқай ёзди, Балдай қўл қўйди.
—    Рост гапираяпсизми? — дейишди суддагилар. — Сочингиз оқарганда-я!..
— Менинг сочимни оқартирган мана шунинг ўзи-ку. Ёшлигимда аждардай сочим бор эди, тавонимга тушарди. Шу эр туфайли сочимнинг ярми ҳам қолмади.
— Меникини тўкилиб кетишига мана шу сабабчи! — деди Қалқай, — мана, бошимнинг тепасига қаранг, кундуз қуёшнинг, тунда ойнинг сурати кўринади.
—    Энди нима қилмоқчисиз?
—    Ажрашмоқчимиз.
—    Охирги гапингиз шуми?
—    Охирги!
— Бўпти! Ажраштирамиз. Бироқ қонунга кўра қайта ўйлаб кўришингиз учун уч ой муҳлат берамиз.
—    Йўқ, муҳлат керак эмас.
—    Қирқ йилдан буён ўйланиб бўлдик.
— Ажраштираверинг, қайниларим. Мен ҳам бетимнинг қизили борида бировни топиб олайин.
Суддагилар уларни алдаб-сулдаб, яхши гапириб, остонадан кузатиб қўйишди.
—    Ариза берганим яхши бўлган экан, — деди Балдай кўнгли яйраб.
—    Гап йўқ! Илгарироқ нега шундай қилмаган эканмиз?
—    Биринчи бўлиб бу фикр менинг ақлимга келди-ку.
— Қўйсанг-чи! Сенда ақл нима қилади. Эркак бузоқнинг боши ортиқ дейдилар. Мен…
—    Тавба! Бузоқман деб юрибсизми, ҳўкизсиз-ку!
— Ким ҳўкиз?
Сал бўлмаса улар кўчадаликларини унутиб, уйдаги қилиқларини бошлаб юборишган эди, яхшиямки муюлишда кўтарилган ғала-ғовур эр-хотиннинг шовқинидан баландроқ чиқди. Қарашса, усти очиқ юк машинасида сув соладиган катта фляга сотишмоқда. Қачондан буён худди шундай флягани излаб юришганди.
—    Шу идишдан битта олиб кетайлик, — деди Балдай.
—    Пулимиз етадими?
— Қопчиқ-попчиғингизни қаранг-чи!
Шундай қилиб, иккиси бир-биридан яшириб юрган пулларини чиқаришган эди битта флягага етди.
Энди иккисининг ҳам оғзи қулоғида.
—    Шу флягани олганимиз зўр бўлди-да.
—    Бунга солинган сувга чивин-пашша тушмайди.
—    Бир тўлдириб олсак, икки кунга бемалол етади.
—    Тўй-пўй қилсак, ичига мой солиб қўйсак ҳам бўлади.
—    Кейин мой юқини қандай тозалаймиз?
—    Кул билан ювамиз.
—    Қўйсанг-чи! Кейин сувдан кулнинг иси чиқиб туради-ку.
—    Чиқмайди.
—    Чиқади.
—    Сиз хотинми, менми? Сиз қаердан ҳам ис билардингиз? Исбилмас!
—    Ким исбилмас?
— Сиз!
Уларнинг тортишуви тобора авжга миниб бормоқда эди, бирдан Қалқай тўхтатди.
—    Эҳ! — деди у тиззасига бир уриб, — эсдан чиқиб кетибди-ку!
—    Нима?
—    Буни қандай бўламиз?
—    Нимани?
—    Флягани-да!
—    Нима учун бўларканмиз?
—    Эртага суд ажраштирган вақтда ўзи битта фляга бўлса, кимга тегади?
— Вой-бўй! Бу гапни ўша флягани олаётганимизда нега айтмадингиз? Эркакка ўхшаб рўзғорнинг эртасини ҳам ўйласангиз-чи. Бурнингиздан нарини кўрмайсиз. Сизга тегмай мен ўлай. Умримни адо қилдингиз-а!..
— Овозгинанг ўчсин-а! Агар қайтадан туғилганимда эди эр етмай туриб бошқа юртларга кетиб қолардим.
—    Ҳалиям кетаверинг! Кўзим учиб тургани йўқ.
— Мен ҳам сенга зор эмасман.
Улар бир оз жанжаллашгач, босилишди.
—    Бу ерда гап сотиб тургандан кўра қайтиб бориб яна битта фляга олсак бўлади-ку, — деди Қалқай.
—    Пул йўқ-ку.
— Қарз олар эдик-да! Шу атрофда таниш-билишларимиз учраб қолар.
— Бўпти, кетдик…
Иккиси бир фляганинг икки қулоғидан кўтаришиб қайтиб боришганда ҳалиги машина аллақачон савдосини тугатиб, кетиб қолган экан. Ноилож бошларини қуйи эгиб уйга қайтишди.
Орадан уларга берилган уч ой муҳлат ҳам ўтиб кетди. Ўша кунни кутиб юришмагани учун улар вақтни унутиб қўйишган эди. Суддан чақирув қоғози келганида Балдайнинг миясига ажабтовур бир фикр келиб қолди. Эртага судга кийиб боради деб эрига янги костюм-шим, кўйлак, умрида ҳеч тақиб кўрмаган галстук харид қилиб келди.
—    Ҳа, бу нима? — деди Қалқай ҳайрон бўлиб.
— Кийиб олинг! — деди аёли. — Суддагилар кўриб қўйишсин қандай одамни писанд қилмай ажрашаётганимни.
Қалқай ҳам яхши-ёмон кунга деб беркитиб юрган пуллари бор экан, аёлини бозорга олиб бориб, чўғдай қилиб ясантирди. Гўзаллик салонида сочини замонавий қилиб турмаклаттирган эди Балдай ўн саккиз яшар қизнинг ўзи бўлди-қолди.
Эрталаб йўлда кетишаётиб бир-бирига суқланиб қарашди.
— Ростдан ҳам ажрашамизми? — деди Балдай сал унутилаёзган нози билан. — Суқсурдай йигит экансиз-ку.
—    Мен ҳам сени сулувлигинг учун танлаган эдим…
Судда улардан қайта сўрашди.
— Ростдан ҳам ажрашасизми?
Улар бироз индамай иккиланиб туришди-да, сўнг кўз олдиларига ўчоқ бошидаги жанжаллашганлари келиб, чўқишаётган хўроздай ҳурпайишди.
— Ростдан! — деди Қалқай биринчи бўлиб.
—    Бундай эрни елкамнинг чуқури кўрсин! — деди Балдай.
Суд мажлиси вақтни кўп чўзмай масалани тезда ҳал қилди. Уларни ажраштирди.
“Бир ҳафтадан сўнг ижрочи бориб, мол-мулкингизни бўлиб беради”, дейишди.
Улар суддан жуда мамнун қайтишди. Лекин иккови икки томонга кетиши кераклиги хаёлларига ҳам келмади. Бир-бирига елка тирашиб кетаверишди. Йўлма-йўл бозорга кириб ўтишди. Маслаҳатлашиб тўнғичига кўйлак, кенжатойига пойафзал олишди.
Кеч кирганда яна одатдаги жанжал бошланди.
—    Бу ҳаётда эрдан ёлчимадим-ай!..
— Ёлчимаган сенмас, менман…
Эрталаб эса бир йигит салом бериб кириб келди.
—    Қалқай ака билан Балдай опа шу уйда турадими?
—    Ҳа.
—    Қани улар?
—    Мана, бизмиз.
—    Мол-мулкингизни бўлиб берайин, деб келган эдим.
—    Ия, нега бўласиз?
—    Сизлар ажрашганингиз йўқми?
—    Нима ишинг бор?
— Ким айтти сенга ажрашди деб! Ажрашиш ўйинчоқми? Қирқ йилдан буён уришиб-тортишиб ўрганиб қолган одамим бўлса… Эртага жиним тиришган пайтда аламимни кимдан оламан! Ким менинг нозимни кўтаради? Менинг ажрашадиган эрим йўқ.
— Ҳой калланг ишлайдими! Мен ҳам кексайганимда кампир излаб юраманми?
— Эшитдингми? Эшигимда нима қилиб турибсан! Кет!
Хуллас, ижрочи ўқлов еган мушукдай уйдан отилиб чиқди. Балдай қайтадан сут чой дамлади, Қалқай ёнбошига яна бир ёстиқ қўшди. Суднинг қарорини қайтариб олиб бориб берамиз, деб излашди, топишолмади.
Кечки томон Қалқай билан Балдайнинг жанжали яна етти маҳаллага эшитилди.
—    Менинг пешонам шўр экан-ей! Эр деб эрдан ёлчимасам…
— Оғзингни юм! Йиғлаб кетган икки сигирим билан бир ҳўкизимга ичим ачийди!..

Қорақалпоқ тилидан Рустам Муcурмон таржимаси