Гулноз Мамарасулова. Шаҳардан келган ташвиш (ҳикоя)

О, ёз мазза-да! Дўппингни осмонга отсанг бўш қайтмайди – олмамиди, ўрикмиди ишқилиб тўлиб тушади. Қадрдон жойингда – қишлоқнинг ҳар жойига мўралаб турадиган қалин тут шохида ёнбошлаганча атрофдаги узун қулоқ гаплардан бохабар бўлиб, камига оғзинга килкиллаб, оппоққина қуртдай ялтираётган тутлардан ховучлаб солиб, битта-битта чайнаб, роҳатда ётаверасан. Биров мушугингни пиш деб кўрсинчи қани! Сабаб бўлмаса қаердан ҳам оғиз жуфтлайди. Она тилидан ёзишим керак, ҳусниҳатимни тўғирлашим зарур, деган ўйлар қаерда. Муаллима йил бўйи ўзимни тошбақага, ёзувимни чумолига ўхшатишдан чарчамади. Тошбақадек секин ҳуснихат тўлдирармишман… ручкам дафтарда чумолидек ҳар томонга ўрмалаб кетаверармиш… Тавба, нима қилишга ҳайронсан! Шунча ҳаракат қилдим ўзгаришга. Тезроқ ёза бошласам, “бу сенга от ўйини эмас, сакраб-сакраб жой ташлаб кетаверишга” деган гап қилди. Хўш, шундан кейин нима қилишим керак эди-а?!
Айниқса, ҳисоб-китоб деган бош оғриғига йўқман-да. Анави дарахтда нечта қуш бор-у қанчаси учиб кетганлиги тўғрисидаги ташвишларга бош қотириш қаёқда! Лекин бобом билан қўй боқиб келгандан сўнг, уларни қўрасига бирма-бир санаб, қамаб ташлашга устаман. Бобом ҳам алқаб қоладилар. Ўзимча фахрланиб, мендан зўр математик чиқса керак, деб ўйлаб қоламан, гарчи бунга у қадар хушим бўлмаса-да.
Нимасини айтасиз, ёзни ёқтиришимга яна бир сабаб, бобом ва айниқса онамлар мени урушмай қўядилар. Нега десангиз, таътил вақтида мени койишларига баҳона қолмайди. Мактаб вақтида-ку дафтарим-ми, ўқиш тезлигимни-ми, ишқилиб мени текшириб туришади. Кейин турган гапки, сувга тушган мушукдек бошимни узо-оқ эгиб туришимга тўғри келади. Бобомни насиҳатлари майли-куя, онамники мен айтмай сиз ешитманг.
– Бу набирангиз одам бўлмайди сира. Муаллимаси унинг дастидан мени мактабга чақиргани-чақирган. Э, сени ергина ютсин! Қачонгача шундай юрасан-а?
– Чақиргани билан барибир бормайсиз-ку, – дейман тўнғиллаб, худди ҳар сафар мақтабга қатнаб қойил қилгандек, гапирганларига аччиғим чиқиб.
– Қаранг, яна гап қайтаришга уста. Сендан бошқа ташвишим йўқми мени, Сарварга ким қарайди сени пойлаб юраверсам, – дейди онам ёшига етиб қолган укамни назарда тутиб. Ростдан ҳам у жуда йиғлоқи, қўлингда лик-лик қўтариб турмасанг чирқиллайверади. Менга ҳам дарс тайёрлашга бермайди шовқин қилавериб.
Кейин онам мени бир уришиб бошладиларми, тўхташлари қийин. Гапларини сув тегирмоннинг челагига ўхшатаман, ҳар доим бир хил мазмунда. Худди тегирмон челак бир хил вазифани бажарганидек – сувни олади – тўкади, олади – тўкади… Токи кўчага қочиб кутулишим керак ёки бобом жонимга оро киради. Мана кўрасиз, ҳозир ҳам қўшни Ҳадича холанинг мен билан бир синфга борадиган ўғли Самантойни мақтайди. У менга умуман ёқмайди. Қиз болага ўхшаб, сочини ўстирадими-ей! Индамаса, иккига ўриб олдига ташлаб қўйсада. Уни синфда ҳеч ким ёқтирмайди. Ўзича ойи бордек, олифталик қилаверали. Футбол жамоамизга ҳам қўшмаганмиз. Чунки ғирромлик қилиб, йўқ жойдан ўзича жанжал чиқаришга-чиқаради-ю ўзини бир четга олиб, сувдан қуруқ чиқиб кетади. Ноҳақлигини умуман тан олмайди. Аслида партадоши…
– Ана Хадичанинг ўғли Саманни қара, шунга қўшилиб…
Ана айтмадимми сизга “челак” ҳақида.
Бобом эса бошқачалар – насиҳатларига қўшиб, ҳар сафар ҳар хил эртаклар айтиб беради. Кейин биргаликда хулосалар ясаймиз. Тўғрисини айтсам баъзан эски ҳикоялар ҳам қайталаб туради. Лекин бошидан эшитсам ҳам қулоғимга мойдек эриб кираверади. Ҳаттоки ўзимга жуда ёқадиган “Кенжа полвон”ни айтиб беришларини қайта-қайта сўрайвераман. Бобом эса бундан сира чарчамайдилар. Агар бундан зерикиб қолсалар, индамай хаёлга бериладилар. Мен эса олдиларида ярим чала ўлган қовоқаридек ғинғиллаб ўтиравераман. Улар жаҳл қилмайдилар-у лекин жуда безор қилиб юборган пайтларимда мени ярим кечалари қўрқитиб чиқадилар. Айниқса урушдаги воқеалардан сўзлагудек бўлсами, юзидаги ажинларга қўшилиб, билинмай кетган чандиғи ҳам яққол бўртиб чиқиб, кўзларида совуқ аланга пайдо бўлгандек туюлади менга. Кейин тез-тез туни билан ухлолмай, алаҳсираб чиқадилар. Кимларнингдир исмиларини такрорлайди, энг кўп такрорлайдигани “Норқўзи”. Менимча бу амаки дўстлари бўлган бўлса керак. Дўхтор қаттиқ тайинлагани учун бу ҳақида сўроқламайман, ўзлари ҳам негадир ҳеч оғиз жуфтламайдилар. Уларнинг пинжига кириб ётишни азбаройи ёқтирганимдан, бобомнинг ҳар бир ҳаракатларини сезиб тураман. Бундай пайтларда улар ўринларидан сапчиб туриб кетадилар-да оқсаб босадиган чап оёғини дағ-дағ титраётган қўллари билан уқалашга тушадилар, бошини чангаллайдилар. Ўтган йили дўхтор менга, “бобонгни асаблари толиққан, урушдаги ҳиқоялардан айтиб беринг, деб дил хиралик қилаверма. Агар кечаси ухлолмаса, мана бу дорилардан биттадан бергин” дея қўлимга бир неча қути дори қолдирди. Ҳар доим дўхтир айтганидек қиламан. Токчадаги шиқирлоқ идишда турадиган хабдоридан қўлига тутсам, дарровгина оғзиларига солиб, ёнидаги чойнакдаги совуқ чой билан ютинади. Шундан сўнг, ёки ҳовлига чиқадилар, ёки узоқ бир нуқтага термулиб ётадилар. Шу-шу оқшомлари Бобом билан ухлайман. У киши менга жуда суяниб қолган.
Менга келсак, феълим баҳор ҳавосига ўхшайди. Бобомнинг насиҳатлари ва онамнинг “челак”лари жон-жонимдан ўтган кунлари уч-тўрт соатлаб дарс тайёрлайман. Қизиқиб кетган вақтларда, муаллима берганидан кўпроқ “ҳуснихат”ни тўлдириб ташлайман. Аввалига, устозимиз ўргатгандек қилиб, бир текисда мўлжални олиб нуқталарни қўйиб оламан. Сўнгра устидан осонгина сиёҳни югуртириб чиқаман. Илҳомим келиб, мисолларни ҳам шатирлатиб ечиб ташлайвераман. Ҳар қалай, ҳисобчи бўламан, деб қўйганман-ку. Саманнинг дадаси ҳам ҳисобчи. Саманнинг айтишича, бунинг учун математикадан яхши ўқиш керак эмиш. Аммо дангасалигим бир тутса бор-ми… гаранг қўйдек қулоғимга гап кирмайди. Айниқса Самантойнинг дадаси иш жойидан “кўтарилиб”, Тошкентга қўчиб кетди-ю менга берди Худо! Ахир онам мени тенглаштириб койишларига одам йўқ-ку! Ҳаммасидан ҳам қувонганим, Саман кетди-ю синфимизда энг яхши ўқийдиган Мафтун билан партадош бўлишга муяссар бўлдим. Ич-ичимдан сезиб турибман, ҳамма болаларнинг менга хасади келса керак.
Шундай-куя бир томондан Саман кетиб, зерикиб қолдим. Узун соч бўлсаям, шерик эди-да. Урушиб-талашиб мактабга бориб келардик. Тавба, унинг эгнидаги оқ кўйлаги на йиртиларди, на ғижим бўларди. Ҳар жоим бир зайилда тоза, силлиқ турарди. Меники эса кун ора абгори чиқиб, онам қарғаб қолади. Тўғрида, Саманни болалар қўшавермайди, эплаб тўп тепишга ҳам уқуви йўқ. Бобомнинг эртакларидаги ижобий қаҳрамонларга тақлид қилишни ёқтирганим боисми, унга қўшилиб қуш овламайман. Саман эса рагаткаси билан йўл-йўлакай аямасдан каптарми, қарғами, чумчуқми уриб тушираверади. “Итимга бераман, мазза қилади” дейди қийшанглаб кулганча ерда ярим жон типирчилаб ётган беозорларни бир тепиб. Унинг бунчалар бешавқатлигидан уни янада ёмон кўриб кетаман, қушни қўзлаётганида қўлига тармашаман. Ҳаттоки бир неча марта шуни дастидан жиққа-мушт бўлдик. Рагаткасини олиб синдириб ташлагандим, кўзидан ўт чиқиб кетаёзди. Шартта ёқамдан олди. Аммо барибир мени ҳеч қачон енголмаган. Нима бўлганда ҳам у билан ўтган даврларни тез-тез қўмсайман. Бир воқеа доимо ёдимда туради. Балким шу ҳодиса бизнинг дўстлигимизни мустаҳкамлагандир.
Кунлардан бирида партадошим Жавлон ўқишга махсус қурилма билан бошқариладиган машина қўтариб келди.Дадам обердилар, деб обдон кўз-кўз қилди. Кел, биз ҳам ўйнаб кўрайлик, деб сўрасак қизғанчиқлиги тутиб бермади. Итдай ириллаб қўриқлагани бир тийин бўди-ю ўйинчоқ шу куни йўқолиб қолди. Жавлон не қиларини билмай қўзини ёшини оқизарди. Ўқитувчимиз ҳаммани сумкасини бир-бир титиб чиқди, насиҳат ўқиди. Аммо топилмади. Кимлар нима деса деди-ю партадоши бўлганим учун айб менга келиб тақала бошлади. Туппа-тузуқ ўғрига чиқаришмоқчи эди сал қолса. Агар Саман жонимга оро кирмаганида айбни менга ағдариб қўяқолишарди.Синфда шовқин кўтарилган. Мен эса қуруқ бўхтонлардан карахт бўлиб қолгандим. Худди шу маҳал… Саман шартта ўрнидан туриб, “Рустам бундай иш қилмайди. У менинг дўстим – ўғри эмас”. Шу гапнинг ўзи барчани шубҳалардан фориғ қилишга етарли бўлди. Кейин ўйинчоқ ҳам топилиб, эгасига қайтарилди. Ўша кунги воқеа, Саманнинг гаплари доимо қулоғим тагида қайталаб туради.

Бу йил тўртинчига ўтаман. Мактабимиз ҳам ўзгарди. Худо ҳохласа тўртинчи синфни янги мактабда ўқиймиз. Эскиси кўчамизга бурилиш жойида эди. Эҳ, Саманларнинг шаҳарга кўчиб кетгани ёмон бўлдида. Янги мактабимизни бир кўрганида воҳ-ҳооо, деган бўлар эди. У кетиб анчайин ёлғизланиб қолдим. Уйлари олдидан ўтсам, худди у югуриб келиб қоладигандек, кейин у билан соатлаб қандайдир масала устида тортишадигандек туюлади. Йўқ, энди Саман келса бошқа ғижиллашмаймиз, урушмаймиз. Ахир у мени дўстим деганди. Дўстлар эса иноқ бўлишлари керак…..

***

Ҳали заводнинг ҳиди кетиб улгурмаган сип-силлиқ парта ва доскаларда одамнинг ёзган сайин ёзгинг келаверар экан. Айтовур онамдан камроқ гап эшитадиган бўлдим. Чунки шимимни тез-тез илиб олиб, тит-питини чиқарадиган аввалги мактабдаги найзадек тахтаси чиқиб турадиган стулим ҳам йўқ энди.
Шуларни хаёл қилиб, боғдан қўйнимга тўлдириб чиққан олмаларни бир-бир тишлаб отиб тугатдим. Бир-иккитаси ортиб қолди ҳам. Тўйган қўзидек ҳовли четидаги, ярими Самантойларнинг уйига қараб эгилиб турадиган қадрдон тут дарахтининг от эгаридан қалинроқ шоҳида бир оёғимни осилтирганча ёнбошладим.
Негадир бугун зерикарли кун бўлаяпти мен учун. Қуёш қиздираяпти. Қани енди бир ҳовузга бориб мириқиб чўмилсам. Лекин чўмилишга шерик йўқда. Қани енди Саман бўлганда иккаламиз бирга борармидик… Майли у қуш овласаям, футболга қўшилмасаям, менга барибир. Ахир дўстлар яхши-ю ёмон кунида бирга бўлиши керак, дейди муаллимамиз. Саман келсин, “она тили”да у ҳақида, дўстлигимиз тўғрисида иншо ёзиб, олқишлар эшитганимни айтиб бераман. Эссиз У шаҳарда-да…. Атроф жимжит, ҳар замон мусичалар кулу-кулу қилиб қўяди. Тирик жон борки, соя-салқинга кириб кетган. Бир жойда ётавериб зерика бошладим. Бобом ҳам кўринмайди шекилли, доим ўтирадиган супачадаги жойлари анчадан бери бўш турибди.
Бир хилда ўтиравериш жонимга тегиб, ёлғиз ўзим узоққа тупуриш ўйнай бошладим. Анчагина малакам бор бу борада. Лекин ҳозир негадир бошидаги иккитаси бекор кетди, ўтирган жойим баландлигиданми мўлжални яхши ололмадим. Эндигина навбатдаги “ҳужумга” тайёрланиб турган эдим ҳамки қўшни ҳовлига оппоқ машина келиб тўхтади. Негадир юрагим ҳапқирди. Саманмасмикин?! …
Машинадан биринчи бўлиб тушган Хадича холани дарров танидим, қўлида чақалоғи ҳам бор. “Ҳа, Самантой укали бўлибди-да”, хаёлимдан шуни ўтказарканман, машинанинг орқа эшиги очилиб, собиқ синфдошимнинг момиқдай сочлари ялтиради. Эгнига алламбало кийимларни илиб олган – эски деса эскига ўхшамайди, янги деса шими кийилаверганидан увадаси чиқиб кетганга ўхшайди. Уни кўришим билан олдига югургим келди-ю ўзимни тўхтатдим. Энаси билан кўришволсин.
Хадича хола уйга қараб юрганди ҳамки, шовур-шувурни эшитибми, ичкаридан Саманнинг энаси, Лазиз акаси ва янгаси чиқиб келишди.
Қишлоқдалигида у энасининг ортидан қолмасди. Кўчада болалар уни “эна дум” деб, калака қиларди. Мен ҳам уларга қўшилишга қўшилардим-у ўзимдан чўчиб қўярдим. Чунки бобом қаерга бормасин, ўзи билан мени эргаштириб олади.
Саман тоғора қўтариб уйга томон юрди. Уни кўрмаганимга салкам икки йил бўлиб қўйибди. Шу вақт оралиғида унча-мунча ўзгарибди – бўйи чўзилиб қолибди. Сочлари ҳам ўшандай, алоҳида меҳр билан парвариш қилинган. Бизда соч қайда дейсиз! Ёз келиши билан ярқиллаган бошимиздан қуёш ҳижолат бўлса ажабмас.
– Бўйингдан ўргилай, энанг айлансин сендан, – Саманнинг пешонаси, юзларидан чўпиллатиб ўпди энаси.
– Буви, нега бизникига бормайсиз? – ялтоқланди у ҳам.
– Э, болам, шу иссиқларда Тошкент қайда-ю “дом” деганларига бизнинг жон қайда дейсан.
Ўтирган жойимдан уларнинг ҳовлиси кафтдек кўриниб туради. Чувиллашиб ҳол-аҳвол сўрашиб бўлиб, ичкарига киришди. Лазиз аканинг хотини қўлида мева-чева солинган патнис кўтарганча пирпираб юрди.
Саманнинг чиқишини пойлардим. У ҳадеганда чиқавермади. Ичкаридан чақалоқнинг йиғиси эшитила бошлади ҳамки, Самантойнинг қораси кўринди. У машинага бориб, укасининг кийимларини олиб қайтаётган маҳал қувлигим тутди. Ўртоғимни боя ортиб қолган олмалардан бири билан кўзладим. Олма учиб бориб, шундоққина оёғи тагига тушган Саманнинг капалаги учди.
-Ҳа-ҳа-ҳа… – ёйилиб кулдим.
-Санми? Ўзимам ўйлагандим, ҳойнаҳой сан бўлсанг керак деб.
У шундай деди-ю укасининг йиғиси эшитилиб, шошилди.
Пастга сакраб тушдим-у кўчага отилдим. Чинор соясида турган машинанинг орқа томонидаги ёзувни ғижжалаб ўқидим “Ne-xi-a”. Кейин жимжимадор безак берилган ғилдиракларини томоша қилишга тушдим.
-Қўллингни теккиза кўрма!
Саманнинг келганини сезмай қолибман.
-Нима бўпти теккизсам? – аччиқландим, – авваллари сен ҳам осилардинг-ку эшагимни олиб чиққанимда, -дедим мен ҳам пеш қилиб. Тўғрида, нима мен қизғанмаганман-ку…
-Бу санга эшшак эмас. Биласанми, ўн мингта эшшагингни сотсанг ҳам бунақасини оломайсан, -деди у ўзича керилиб.
– Олганда нима? – топган гапим шу бўлди.
– Адамла айтдила, агар мактабни “беш”га битирсам, буни манга берарканла. Ўзлари янгисини оладила…
Мақтанчоққа мақтаниши учун мавзу топилди. Айтмовдимми шунақа деб! Ҳали ҳам шу одати қолмабди. Шаҳарда яхши ўқиш ўрнига айнибди – довдираб, тўғри гапиришни ҳам эсдан чиқарибди. Яна гапиришига ўлайми?!
-Адабиёт муаллиминг яхши эмас экан, -дедим мен унга ичим ачиб.
-Сан қаттан биласан? – сўради у бирдан бу гапни очганимдан ҳайратланиб.
-Ана, айтмадимми, биламан-да. Шеър ҳам ётламай қўйганинг кўриниб турибди.
– Қаттан билардинг сан! – қўл силтади у ҳеч нимага тушунмай.
– Биламан дедимми, биламан! – гапимда қатъий туриб олдим.
– Самантой болам, келақол, ош пишди, – энасининг овози янгради.
– Бувижон, ҳозир! – жавоб қайтарди набира.
Ортидан кузатиб қоларканман, сочи узун бўлишига қарамай унга ҳам ҳавасим келди, ҳам ачиниб кетдим. Бечора, бу кетишда яқинда унинг гапига ҳеч ким тушунмай қолади. Ахир ҳар доим устозимиз “китоб – сўзлаш санъатини ўргатади” дейди. Эссиз, кам китоб ўқияпти экан-да… Ўзимча буни ҳар нега йўйиб, хаёл суриб турсам, бобом кўринди. Негадир улар жуда ҳам хорғин, юзидаги чандиғининг изи ҳам кўриниб турарди.
-Бобо-оо, келдингизми? – тупроқ ерни чангитиб олдиларига чопдим.
– Кечки салқин тушаяпти, қўйларни чиқариш керак. Яйловга ўтлатиб келамиз.
Шаталоқ отиб, қўйлар қамалган қўрага югурдим. Очқолганиданми, қўйлар мени кўриши биланоқ, тайёр емиш кўргандек бирваракайига маърай бошлади. Қўранинг тамбаллаб ёпилган эшигини очар – очмас ўзлари шатирлаб ташқарига чиқиб, ўрганишган йўлларидан югуриб кетди. Бобом иккимиз жониворлар кетидан эргашдик.
Уфқ қизариб, қоронғу тушар-тушмас ортга қайтдик. Бобом олди эшикдан ҳовлига кирди. Мен эса қўйларни қўрага ҳайдадим. Эшикни тамбаллаб уй олдига айланиб ўтаётсам, Саманга дуч келдим. Ҳануз ясаниқли кийимлари эгнидан тушмаган олифта менга бошдан оёқ разм солди-да, гўёки гўнг қўнғиздан жиркангандек бурнини жийирди. Сочи қиртишлаб олинган бошимдаги қийшайиб қолган дўппимни тўғриладим-да ўзимни кўрмаганга олиб ўтиб кетдим. Мени кўриб атайлаб кўчага чиқиб олди мақтанчоқ! Усти-бошимдан тортиб, оёғимгача оппоқ чанг эди. Ҳарчанд ўзимни парво қилмагандек тутган бўлсам-да, тўғриси биринчи марта аҳволимдан уялиб кетдим. Йўқ, у олифта ўз йўлига-куя, уни олдида ўзимни абгор ҳис қилганим асабимга тегарди.
Ҳовлига кирсам супадаги бешикка беланган Сарвар чирқиллаяпти. Онам сигир соғишга чиққан шекилли кўринмади. Одатда бобом бу вақтда номоз ўқийди. Чақалоққа қараш ўзимга қолибди. Уйқуси очилиб кетган Сарварни овутиб, унга томоша қўйишим орасида ҳамма дастурхон атрофига йиғилди. Иссиққина маставага помидор-бодрингни аралаштириб, уриб едим. Онам дамлаган аччиққина кўк чой устида дадам билан бобом суҳбатлашишди.
-Бугун Кўтармага бориб келдим, – деди бобом мунгли оғир товушда. Бир озлик сукутдан кейин давом этди. – Алибой оламдан ўтибди.
Дадам икки қўллаб юзига фотиҳа тортди.
-Жуда очиқкўнгил одам эдилар, жойлари жаннатдан бўлсин! Хабарсиз қолибманда бирга ўтиб келардик.
-Ишнинг қизиғида ишдан қолдирмай дедим.
Али бобони эшитиб, ғалати бўлдим. Дадам айтганидек, жуда яхши киши эди. Уйларига борсам доим “баракалла ота ўғил” деб, лип-лип қулоғимдан тортарди. Томорқасидаги чиллакилардан узиб келиб, кўлимга тутарди. Бизникига ҳам тез-тез келиб турардилар. Фақат калласини кўтаролмай ётиб қолгач, бобомнинг ўзлари борадиган бўлиб қолди. Бобомнинг айтишича, иккалови азалдан таниш экан. Урушда битта жойда хизмат қилиб кайтишгани, тенгқурларидан фақат Али бобо қолганини билардим. Яқин дўстини йўқотган бобом бир кун ичида анча сўлиб, қаддилари букилиб қолгандек туюлди. Жойимизга чўзилганда ҳам эртак сўзламадилар. Уларни хафалигини билиб, кутиб-кутиб ухлаб қолибман. Тушимга Самантой кирибди. Унинг оппоқ машинасида кетаётганмишмиз. Бир вақти, у менга қараб, “Бизни машинада санга нима бор? Ўзингни эшагингда юравер” деб, учиб кетаётган машинадан итариб юборибди…. Чўчиб уйғонсам тушим экан. Кўнглим хотиржам бўлди. Қаердандир хир-хир товуш келар, уйқум зўр бериб кўзимни очишга эриндим. Бобомга яқинроқ сурилсам, улардан иссиқ гупуриб, дағ-дағ титраяпти. Ташқаридаги чироқдан таралиб турган хира нур ёғдусида пешонасидан реза-реза тер ялтирайди. Оғир-оғир нафас олиб, инқиллаб нималарнидир пичирлар, чамамда яна “Норқўзи” деяётганди. Сўнгра “Қоооооч…. ахир мен ўлишим керак эди-ку…. нега ўзингни тутиб бердинг….” дея алаҳсираб, типирчилади. Қўрққанимдан бобомни қаттиқ қучоқлаб йиғлаб юбордим. Кўйлаги жиққа ҳўл бўлиб кетибди. Дори эсимга тушиб, токчага югурдим. Кўлларига чой билан узатдим.
-Бобоооо, мени ташлаб кетмайсиз-а…. – дея хўнграб йиғлаганча оёқларини уқалашга тушдим. Бобом ҳам тинчланиб, ўзига келди. Кейин қандай ухлаб қолганимни эслолмайман ҳам.
Тонг ёришар-ёришмас уйғонсам, бобом далага отланаётган экан. Уларга эргашдим. Биргаликда бедазорга йўл олдик. Сўқмоқ йўл четидаги бақатеракларга ин қуриб ташлаган чуғур-чуқлар шовқин-сурон қилиб, калла-и сахарлаб алланималарни вижирлар, бир-бирига гап бергиси келмасди. Чамаси она қушлар тўполончи полапонларига эртак айтиб бераяпти. Уларга ҳавасим келганидан эски “дардим” қўзғалди.
-Бобо, нега айнан “Кенжа полвон”нинг бошига бахт қуши қўнган? – сўрайман гарчи жавобини бобомдан қайта-қайта эшитган бўлсам ҳам.
– Чунки у, – бошлайди бобом оқ оралаган соқолини силаб, -ўта софдил ва раҳмдил бўлган. Ўз жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам инсонларга қўлидан келган ёрдамни аямаган. – Бақатеракларга разм солиб, яна давом этди. – Ҳатто мусичага-да озор бермаган, болам.
-Бобо, ўзи бахт қуши қаерда яшайди?
-Инсон қадами етмаган олис-олис тоғлар ортидаги нурафшон ўлкада, -дейди менга ўхшаб тез-тез ялқовлиги тутиб қоладиган эшшакни ниқтаб.
Узоқларда кўкимтир рангда қад кўтариб турган тоғларга тикилганча, яна ўсмоқчилайман.
-Ўзи бахт қушини кўрганмисиз, бобо? – дейман қизиқсиниб.
– Албатта… – дейдилар-у жимиб қоладилар. Узоқ сукутдан кейин қўшиб қўяди, – бахт қушини учратмаганимда бу кунларни кўрармидим болам – деди бобом.
Қуёш авж палласига чиқиб, баданни куйдира бошлаган маҳал бедани аравага ортиб, қайтдик. Яна мени кўриши билан иштаҳалари очилиб, қўйлар баралла маъради. Узун охирларга керагича бедани ташлаб, қолганини емишхонага тўкдик.
Қорин пиёз пўстидек ингичкалашиб кетди-ёв. Ювиндим-у сўрига чиқа солиб, қаймоққа нон бўктириб едим. Бобом ҳам қоринни тўқлагач, одатдагидек онам дамлаган аччиққина чойни чартак қилди. Энди эътибор берсам, тахта дарвозамиз олдидаги кичиккина дўнгликда трактор кўринмайди. Демак дадам далага кетган.
Дарахтга осилиб, ўзимнинг қадрдон жойимни эгалладим. Қўшни ҳовлига мўраласам, айвонда Саманнинг энаси билан Хадича хола ўтирибди-ю Саман кўринмайди. Гап пойлаш эмас-куя эна аста гапиргани боис, уники эшитилмаса ҳам, лекин Хадича холанинг дийдиёси бемалол эшитилиб турарди.
-Билмасам, нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Уни уйга бойлаб қўёлмасак. Барибир мактабга боради. Шифокорлар қаттиқ тайинлади. Бу кетишда ўғлингиз оғир дардга йўлиқади. Тезда уни шаҳардан четроққа, тинч жойларга олиб боринглар, деганди. Дадасининг ҳам боши қотиб қолган, “балки қишлоқдаги мактабга қайтгани маъқулмикан” деяётганди.
Саманнинг энаси нималардир – деди. Эшитилмади. Зерикиб кетдим.
Эндигина уйқудан турган Самантой юзини чайиб, айвонга чиқди. “Буви”сининг олдида нонушта қилди. Кейин онасининг қўлидан чақалоқни олди. Атрофга аланглаган эди менга кўзи тушди. “Акангқарағайни кўриб қўйсин, шунча тепаликка чиқа олишимни” дея онамнинг ҳай-ҳайлашига парво қилмай янада баланроққа ўрмаладим. Менга олазарак тикилиб турган Самантойга атайлабдан қарамадим. Энагаликдан зериккач, болани Хадича холага тутқазиб, чақирди.
-Рустам, пастга туш!
-Нега тушарканман?! Керак бўлса ўзинг чиқ! – дедим мен ҳам ўжарлигим тутиб.
– Туша қол ўзинг, ойим қўймайдила.
-“Ойим”миш! Ундан кўра “қўрқаман” деб тўғрисини айтиб қўявер.
Қарасам ҳалиям кўзларини мўлтиратиб тикилиб турибди. Ҳа, майли, тушсам тушибман-да, қўрқоқ.
Кўчадаги чинор соясида чўккаладик. Мен тупроққа ҳар хил ҳайвонлар расмини сола бошладим.
– Саман, юр эски мактабга бориб келамиз, – дедим охири таклиф киритиб.
-Э-э, нима қиламиз харобада?
-Бирга ўқиган синфимизни кўрамизда, бузилиб кетгандир ҳойнаҳой.
Икковлашим кўча бошидаги бурилиш томонга чопқилладик. Қаровсиз итдек бечораҳол мактабни кўриб ичим ачишди. Деразалари синиб, деворлари қулаб тушган бино ичкарисига юрар эканмиз, Саман аксирди.
– Бунча чанг бўлмаса, аллергиям бор, – деди у бурнини тортиб қўйиб. Гапига тушунмадим-у аммо сўрагим ҳам келмади. Чунки кейин куни бўйи устимдан кулиб юради.
– Сен билан шу синфда ўқиганмиз, – дедим унинг юзига қарарканман. Бироқ умуман ўзгариш кўрмадим. Аксинча у бепарволик билан ҳафсаламни пир қилди.
– Нима?.. шуни кўрсатгани олиб келумидинг?
– Сен кетгач бу жойда Мафтун билан мен ўтирдим, – дедим мақтаниб.
Бу сафар менга аввалгидек бепарво қарамади. Ичида хасади келган бўлса ҳам, ҳойнаҳой яширди.
– Шаҳардаги партадошим Мафтундан ўн марта чиройли. Унга ўхшаб қизғончиқ эмас. Ҳаттоки сўрамасам ҳам дарсларини кўчиришга беради.
Индамай қолдим. У эса гапидан завқланиб давом этди.
– Барибир шаҳар яхшида! Тезроқ қайтсак бўларди. Зериксанг, компьютерхонага бориб, маза қилиб ўйнайсан. Қишлоқда қаттан топасан….
Қишлоғимизни қоралаётгани кўнглимга тегди-ю лекин… Айтганча! Хаёлимга келган фикрдан юзим ёришди.
– Саман, юр, сенга янги мактабимизни кўрсатиб келаман, – дедим дарров суюнчи олишга шошилмай.
– Э, қўйсангчи….. – деди у чўзилиб.
– Юр дегандан кейин юравер!
Янги мактаб қишлоқ ичкарисида эди. Уйимиздан унчалик узоқ эмас. Бир зумда етиб келдик. Ана, мактаб ҳовлисида тиниб-тинчимас директоримиз турибди. Бизни кўриб, ҳайратланди.
-Тинчликми таътилда? – сўради у.
– Компьютерга келдик. Устозимиз, ёзда келсаларинг ҳам ўргатавераман, дегандилар. Шунга…
Самантой “шуни нега айтмадинг” дегандек мени бир туртди. Чопқиллаб ичкарига кирсак, хона очиқ экан. Мендан юқори синф болалари ўз ишлари билан машғул ўтиришибди.
-Яшанглар! Ўрганаман, деб келибсанда-а Рустам? Ана ўзингни “Олапар”инг, -деди кулиб устоз ўзиникидан иккита кейинги компютерни кўрсатиб.
Ҳеч нимага тушунмаган Самантой менга қаради.
-Юр! – дедим ўзимча “мана, кўриб қўй ” қабилида кеккайиб. Ҳа, бу темир матоҳга “Олапар” деб ном қўйиб олганман. Кучугимга ўхшаб, буни ҳам думига тегсангиз, лик-лик қиларкан-да. Ҳали умуман бу матоҳга тегиниб кўрмагандим. Шунчаки бир-икки марта қизиқиб хонага киргандим. Устоз ҳохлаганингни танлаб олавер, деганига, ўзимча биттасига ном қўйиб олдим.
Қойил-е… Самантойнинг адабиёт муаллими яхши бўлмаса-да ушбу матоҳни анча тушунаркан. Бир пастда “Олапар”им билан апоқ-чапоқ бўлиб олди.
-Ўртоғинг “Олапар”ингни тилига тушунарканми? Тағин тишлаб олмасин, – деди устоз Саманнини таништирганимдан кейин. Дадасини танигани учун компютерни ишлатишга қўйди.
Саман менга “шу ҳам иш бўлди-ю” назарида қараб қўйди. Сўнгра “дум”чани ликиллатиб алланималарни экранда пайдо қилди. Аввалига унинг устомонлигига оғзим очилиб, анқайиб қолдим. Кейин эса унинг ҳукмидаги аскарнинг қилмишлари ичимга ғулғула сола бошлади. Қанақадир пала-пастқам жойларда кезиб юрган қоп-қора ниқобдаги жаллодлар бир-бирларига тўхтовсиз ўқ узиб, ҳамма жойни қонга ботирди. Ҳудди бизни мактабга ўхшаш, йўқ, ундан ҳам ваҳимали бино ичида содир бўлаётганди. Қуролланиб олган кишилар тушунарсиз тилда совуқ оҳангда алланималар дер, ҳўкизимиз қутурганда бўкирадиган товушидан ҳам қўрқинчлироқ эди. Аввалига Саман бошқариб турган аскарга қарши бир неча душманлар бор эди. У ҳаммасини аямай ер тишлатди. Қўрққанимдан кўзимни юмиб олдим. Саман эса тобора бундан завқланарди. Яна кўзимни очсам душманлар сон-саноқсиз. Уларга якка ўзи курашаётган Саманнинг аҳволини кўриб қўрқиб кетдим. Ранглари оқариб, терга ботганига қарамай, баттар муккасидан кетиб, ўқ узишда давом этарди.
Бобом айтган уруш воқеалари кўз олдимда гавдаланди. Бобом ҳам уруш даврини эсласа шу кўйга тушардилар… Худди ўзим жанг майдонга тушиб қолгандек… ҳозир шу ўқлардан бири мени илиб кетадигандек… “У мени дўстим – ўғри эмас”…. Алаҳсираётгандек, ёмон туш кўраётгандек ҳаммаси аралашиб кетди.
-Кетамиз! – турткиладим Самантойни охири хушимга келиб. Ҳозир худди бобомга ўхшаб, унга ҳам бир нима бўлишидан қўрқардим.
-Қўрқдинг-а?! Ҳа-ҳа-ҳа, қуёнюрак экансан-ку! Қўр-қооқ! – деди у совуқ илжайиб қонга тўлган кўзлари билан. Кейин яна ўйинда давом этди.
Уни кўриб юрагим ортига тортиб кетди. Бир Хадича холанинг, бир бобомнинг гаплари қулоғим тагида шанғиллар, бошим гир айланарди. Ўзи уни қаердан ҳам олиб келдим. Қишлоқни ҳадеб ёмонлайверганига, кўрсатиб қўяй дегандим-да.
-Рангини қаранглар буни, ҳа-ҳа-ҳа! Ҳолинг шумиди?! Бу ҳали ҳолваси. Шаҳарда бундан зўрлари бор билсанг…
Нима?! Яна “шаҳар”лайди. Ўргилдим шаҳарингдан! Шунақа бешавқат қилиб қўйса! Тошдан фарқинг қолмабди ўзи. Қанчалар ўзгарибсан-а?! Қанчалар иноқ эдик, гарчи буни бир-биримизга сездирмасакда. Индолмадим. Нима дейишимни ҳам билмайман. Кўрганларим кўз олдимдан кетмайди. Уни тўхтатиш учун хушимни йиғдим-у бадани зир титраётган, кўзлари ола-кула бўлиб, боши столга қадалган ўртоғимни кўриб, даҳшатдан қичқириб юбордим. У ғижжалаб нафас олар, ранги бўздек оқариб кетганди. Ўзига оғирлик қилаётган қалтироқ қўллари ерга осилиб турарди. Оғзи кўпириб, оғир нафас чиқарарди.
-Саман!!! Дарҳол уйдагиларига хабар бер! Унгача ўзим қараб тураман, – деди бошимизда пайдо бўлган устоз латтани намлашга сув қидириб.
Мен шамол тезлигида уйга ғизиллар, йўл-йўлакай чирқиллаётган қушларнинг сайраши, бақатеракларнинг ваҳимали шитир-шитирлари, оёғимга чалишаётган майсаларнинг суйкалиши, тандирдан буриқсиётган қоп-қора тутунлар, қўйларнинг маърашлари, мусичаларнинг ку-кулаши-ю ариқнинг шилдираши қулоғимга аянчли оҳангда оқиб кирарди. Юрагим алланечук гупиллаб урар, бу замоннинг “уруш”и оқибатида Саманга бир кориҳол бўлишидан хавотир қилардим. Манзилга етиб келдим-у қўлида болани аллалаётган Хадича холани учратдим.
– Рустам, намунча ховлиқмасанг, арвоҳ кўрдингми нимабало? – деди-ю хола ўғлини сўроқлади. – Самантой қани? Бирга эмасмидинглар?
– У…. Саман….
Гапиролмай йиғлаб юбордим. Бунга сайин Хадича холанинг ранги бўзарди.
– Нима бўлди ахир? Гапирақолсангчи… – деди бетоқатланиб.
– Саман ҳозир янги мактабда…. Компьютерга борувдик, кейин… – ортиқ давом эттиролмадим. Хадича хола уйга отилди-ю болани момога ташлаб, Саманнинг дадаси билан машинада жўнаб кетишди.

* * *

Туни билан бобом бошимда ўтириб чиқди. Тинмай алаҳсираб, кўнглим беҳузур бўларди. Ўйиндаги манзаралар кўз олдимга ёпишиб қолган, худди юзимга қон юқлари чаплангандек, ўзимдан ижирғанар эдим. Кўз олдимдан ҳаммаси кино ленталаридек бир-бир ўтар, ҳаёллар гирдобига чўкиб борардим. Тушим билан рўё аралаш-қуралаш бўлиб кетганди. Биргина нарса минг битта томиримгача зиркиратарди…. Ғала – ғовур синф… “У менинг дўстим – ўғри эмас”…. ўғри эмас… эмас… эмас… дўстим… дўстим….