Гулноз Мамарасулова. “КамАЗ” (ҳикоя)

Зарбдорлик холамнинг ёшлик йиллари ҳақидаги ҳикоялари кўп. Бизникига меҳмон бўлиб келганида, кечки овқатдан сўнг ўз-ўзидан онам ва холам болалик даврларини эслай бошлайди. Дадам эса бундай пайтларда ишхонасига кириб, бир дунё ёзув-чизувлари билан андармон бўлади.
Авваллари қомати алифдек, бўйи узун бўлган холам энди тўлишиб, юзи ҳам тирсиллаб, ялтираб қолган. Бунинг сабабини сўраб тегишувчиларга замонида яшаяпмиз-да, замони-да, деб қўяди. Улар болалигини кулиб-кулиб эслашса-да, ҳазилакам гаплар эмасди. Одамни чуқур ўйга толдирибгина қўймай, ўша пайтдаги ҳаётнинг чиркин ишларидан хулосалар берарди.
Ўша ҳангомаларнинг бирида сўзланган “КамАЗ” воқеаси хотирамга муҳрланиб қолган.

* * *

– Кийимлари жулдир бола эдим, – ҳикоясини бошлади холам. – Усти-бошимизни гапирмай қўя қолай, қорнимиз нонга тўярди ёки йўқ. Ҳозирги тўкин-сочинлик қаерда дейсиз. У ҳам майлику-я, балоғатга етган қизларнинг катта кўча тугул, остона ҳатлаб ташқарига чиқишига рухсат йўқ эди. Турли хил ваҳималарми ё рост гапми, ишқилиб, ҳар хил миш-мишлар кўпайиб кетганди. Энам раҳматли ҳар доим бир гапни такрорларди: “Катта йўлга чиқа кўрманглар-а, “КамАЗ”лар ўтади. Уларнинг ҳайдовчилари ёмон одамлар бўлади. Ер юткурларнинг нафслари бузуқ эмиш. Сенга ўхшаган ёш-ялангларни таппа ушлайдию аравасига ортиб жўнайди. Уларнинг қўлига тушиб изингга қайтгандан кўра бўриларга ем бўлиб ўлган маъқулроқ. Ўзингга эҳтиёт бўл баринг!”
Тавба, дея кўп ҳолларда ёқамни ушлардим. Одам одамни еса-я, инсон зоти шунчалик очкўзми-а?! Биз бу гапларнинг мазмунига кейинроқ тушуниб олган эсак-да, лекин ўша, баҳайбат машиналар кўзимизга ажал ўпқони бўлиб кўринарди. Илгари бир нечта қиз ана шундай қопқонларга тушишганми, билмадим, ҳар ҳолда, биз танийдиган икки қиз ҳам юзи лойга беланиб қайтди. Энамнинг айтишича, уларни ҳам “КамАЗ”чилар олиб қочганмиш. Бизга ибрат бўлсин дебми, ҳаммасига қизнинг ўзи айбдорлигини қайта-қайта уқтирарди. Бу гаплардан кейин биз ка-аатта машиналар ғизиллаб ўтиб турадиган томонга яқинлашишни бутунлай хаёлимиздан чиқарар эдик. Ҳатто кундуз кунлариям нафс ўлгурнинг дастидан ковул терамиз деб йўл бўйига яқинлашардиг-у, онда-сонда кўриниб қолувчи “КамАЗ”га кўзимиз тушса, ҳамма нарсани унутиб, олди-веримизга қарамай ура қочардик. Ҳавф-хатар йироқлашса, ўзимизча ботирга айланардик.
Шундоқ кунларнинг бири эди. Биз кўча чангитиб, оёғимиздан то бошимизгача тупроққа чўмилиб чопиб юрардик. Бир маҳал овулимизнинг четроғида яшайдиган Хурсанд момо ва шаҳарда ўқийдиган қизи Нафиса опа иккалови уйидан чиқиб кела бошлади. Қишлоқдаги қизларнинг ҳавасини келтириб кийинадиган Нафиса опа бу сафар ҳам гўзал, айниқса, эгнига тиззасигача тушиб, қоматига ярашиб турадиган кулранг юпқа плаш илиб олганди. Қишлоғимизнинг қизлари жуда тўпори, баъзилари дағалроқ эди. Атрофдаги дала-даштдан бошқасини кўрмагани важидан шундайин ёввойироқми ё бошқами, ишқилиб, ўзларига қарашга вақт топишолмасди ё исташмасди. Ўша вақтлари қишлоқларда ҳам “Гўзаллик салонлари” очилиши бир туш эди, холос. Нафиса опа эса бошқача, унинг қўллари ҳам бошқаларникидан фарқли ўлароқ, бирам нозик, бирам юмшоқ эдики, онам бир юмуш билан момомникига чиқарганларида бунинг шоҳиди бўлгандим.
Битта қилиб ўрилиб олдига ташланган сочлари ҳуснига ҳусн бағишлар, қўлига дипломатини кўтариб олганча ўша куни момо билан катта йўл томон боришарди. Биз бунга ажабланмадик. Аввалига роса қаршиликларга учраган бўлса-да, эндиликда Нафиса опа қишлоқ қари-қартангларининг секин-аста оқ фотиҳаларини олаётганди. Ахир, ўша пайтлар қизлар у ёқда турсин, йигитлар ҳам ўқишга боришлари амримаҳол эди-да.
Ҳафта-ойда бир келиб-кетадиган қизини ҳар сафар момо катта йўлгача кузатиб қўяр эди. Автобус келгунича қизи билан кутишини кўриб, ваҳимали уловлар ҳақидаги турли хил ўйларга борардик. Нафиса опа баъзида икки-уч кунлаб автобусни кутиб қолар эди. У пайтлари янги овул йўқ, катта кўча ҳам кафтдек кўриниб турарди. Ҳаёт алғов-далғов замон бўлгани учун автобуслар ўз вақтида қатнамасди. Устига-устак, бугунгидай машиналар ҳам кўп бўлмаган.
Шунга қарамай, улар ҳануз умид билан йўлга кўз тикишарди. Биз уларни қизиқиш билан кузатиб, юраклари отнинг калласидек эканлигини тасаввуримизга амаллаб сиғдирардик. Чунки ғизиллаб ўтиб-қайтаётган баъзи бир катта машиналар бирданига улар олдида тўхтаб қолар, бироз ўтиб эса тўнғиллагандек қаттиқ ғўриллаб юришда давом этарди. Биз узоқдан ҳам ҳайдовчиларнинг башараларини аниқ-тиниқ кўриб турардик. Уларнинг аксарияти совуқ, ўйноқи кўзли, беўхшов мўйловларини тепага тараб олган, юзида иршайма табассум қотиб қолган кимсалар эди. Бир марта отам дарадан бўри овлаб қайтганди. Қўзи-қўйларга тажовуз қилиш ниятида отарга яқинлашган оч бўрини сезиб қолган отам уни отибди. Кейин отга ортиб, уйга опкелди. Хаёлимда шу ҳайдовчилар бўридан-да совуқроқ, нафси бузуқдек эди.
Хуллас, автобусга қайтадиган бўлсак, бу тушмагур куттириб-куттириб ҳафтанинг ўзи истаган бир кунида қишлоққа ғизиллаб келиб қоларди. Шунга илинсанг-илиндинг, бўлмаса кўчада қолдинг. Ишқилиб, бошқасига кунинг қолмасин. Кунлаб йўлга интизор кўз тикишлардан сўнг автобус деганлари бирам кўзга иссиқ, бирам ёқимли кўриниб кетардики, соғинганингдан кўзингга беихтиёр ёш келарди. Э, ана шунақа! Бора-бора қишлоқдагилар уни янгича ном билан атай бошлашди “ҳаптабус”. Агар ҳар куни ўтганида шундай дейишмасди, айб ўзида.
Хурсанд момо билан қизи бугун билгандек чиқишган, шекилли, ҳаптабусни кўп кутишмади. Бағрикенг сариқвой ўз бағрига Нафиса опани ҳам сиғдирди. Биз ҳам бир қур енгиллашгандек бўлдик-ов. Момо эса ҳар доимгидек автобуснинг ортидан узоқ тикилиб қолди, сўнгра икки қўлини белида қовуштирганча сўппайиб ортига қайтди. Сарғиш сўлғин юзлари аллақандай тус олганди. Худди хаста кишилардек, оғир қадам ташлар эди. У ҳар сафар қизини кузатарди. Лекин биз унинг бунчалик бир ҳолга тушиб қолганини кўрмаганмиз. Буни ўзимча таҳлил қила бошладим. Нафиса опа автобусга ўтирган бўлса, яна нимага хафа?! Автобус боя силкиниб-силкиниб йўлга тушди. Тағин йўл-йўлакай бузилиб қолиб, қизининг “КамАЗ”га чиқишидан хавотирландимикан?! Ким билади яна нимага?! Лекин Нафиса опа ўлақолса ҳаптабусдан бошқасига, ҳатто “Зил”га ҳам чиқмайди. Чунки у шундай оқила, тарбияли эдики, ҳар бир нозик ҳаракатларини ҳавас билан кузатардик.
Қўшни қизлар билан хайрлашиб, уйга кираётсам, девор-дармиён ҳовлидан асабий бақириқ овозлар эшитиларди. Афтидан бу жанжаллар ҳам катта йўл оқибатлари натижасидан бири эди. Кўнг­лимда “КамАЗ”чиларга нисбатан чексиз нафратим янада ошарди, шуларнинг шайтоний нафслари дастидан уйларда тинчлик йўқолган, қанчалаб қизларнинг номуслари лойга қорилганди. Замоннинг зайли шундай эди-да, зўрдан зўр чиқиб, уларни бир ёқлик қиладиган мард топилмасди.
Ўша йили ҳам қиш қаттиқ келди. Тизза бўйи қор ёққанди. Лойсувоқдан чиққан уйимизнинг битта хонасига печка тутатиб, жўжа бирдай жон сиқилардик ён-верига. Ҳамманики қатори оиламиз катта эди.
Шундай тунларнинг бирида эшик нимжон таққиллади. Хурсанд момо экан. Ичкарига кириб ковушини чеккага ечди. Уйлари бизникидан хийла узоқроқ эмасми, анча совқотиб қолибди.
– Келинг, эгачи, – дея кўришди энам, яна бир қават кўрпача ташлади. – Вой, изғирин роса урипти-ку, музлаб қопсиз-а?!
Момо паришонхотир кўринарди. Юмалоқ қора кўзлари аланг-жаланг сўлғин, томирлари бўртиб чиққан сарғиш юзи негадир қорайиб кетганди.
– Юрагим куйиб кетаяпти, қўшни, тамом бўлдим. Тамом…. – кўзларидан ёш тирқиради момонинг.
– Тинчликми эгачи, нега йиғлайсиз? Вой ўлай, нима бўлди?
– Қизим йўқ. Келмаяпти. Икки ойдан ошди ҳамки, дараги йўқ. Хат-пат жўнатиб турарди. Билмайман, шу бир парча қоғозни ҳам раво кўрмай қўйди-я мен шўрпешанага. Жоним ҳалак, бир гап бўлдимикан ё? Касал-пасал бўлибми… Ё “КамАЗ”…
– Э, қўйинг-е, нафасингизни шамол учирсин. Кўрмаяпсизми қишни, қайноқ сувни қатирлатаяпти. Ўзингизга қаранг, шугина йўлдан келгунингизча жонингиз халқумингизга келгудек бўлди. Шаҳардан бу ёққа қараб юришнинг ўзи бўладими? У ҳам майли, йўл очиқлигида бўлмаган, шу қор босган кунларда улов бўп қоптими сизга, эгачи?!
– Қанийди-я, шундай бўлса, шундай бўлсин-да ишқилиб. Лекин кўнглим ғаш-да, кўнг­лим ғаш….
Шу кўйи суҳбатдан кейин момом кетишга ҳозирланди. Чиқаётиб, эрта-индин қор қайтса, чоли шаҳарга қизидан хабар олгани бормоқчилигини айтди.
Қиш охирлаб қолганди. Қишлоқ кўчалари билч-билч лой билан кўпчиди. Аёзнинг қаҳрига дош беролмаган унча-мунча ҳовли айлантириб солинган лой деворлар қулаган, дарахтлар ғариб бир аҳволга тушган маҳал эди.
Қиш оғир кечди. Музламалар қаттиқ тус олди. Гўё бунинг асоратлари Хурсанд момонинг қалбини ҳам умрбодга вайрон қилмаса кошки эди, деб ўйлардим мен. Бир кориҳол содир бўладигандек, кўз олдимдан муштипар Нафиса опа кетмасди. Тунлари алаҳсираб, мўйловли мешқорин камазчиларни кўриб чиқардим.
Бир куни момонинг ҳолидан хабар олишга чиққан энам янги гап топиб келди. Айтишича, Хурсанд момонинг чоли Нафисани излаб шаҳарга бориб келибди. У қизи таҳсил олаётган жойга борса, бир неча кунлар олдин талабалар қишки таътилга чиқиб кетганини айтишибди. На фарзандининг дугоналари, на унинг ўқитувчисини учрата олган ота минг ўй-хаёл билан, умид билан ортга қайтган. Балки, қизи шу орада қишлоққа келдимикан?! Афсуски, уйга қайтган отанинг умидлари пучга чиқди. Унинг йўлига кўз тикиб ўтирган момонинг юзида эса хушхабар илинжи акс этарди.
– Қизинг уйга келмадими, мабодо? – деган сўров кампирнинг кўнглини баттар хижил қилди.
Неча кундан бери дом-дараксиз, хат-хабарсиз кетган қизидан хавотирга тушган момо буни кўтаролмай ётиб қолди, отанинг хаста юрагига эса минглаб ниналар санчилди.
Қишлоқдаги аёллар учун ҳам янги мавзу топилди. Бир-бириникига йўқлаб чиққан кўни-қўшниларнинг асосий мавзуси шу бўлиб қолди: “Эшитдингизми… Нима бўлибди экан… Йўлда уйга қайтаётиб, баҳайбат мошинларнинг бирида… Йўғ-ее… Бало бормиди, қиз бола бошига ўқийман деб?! Уйда ҳамма қатори ўтирса бўлмасмиди… Шуни айтинг, ўқиганнинг аҳволи шу бўлса…” Уларнинг ғийбат халтасига тушиб қолсангиз тамом эди. Соғ-омон чиқиши­нгиз қийин. Ҳе йўқ, бе йўқ, ўзларича изқуварликка даъво қилишмоқчи бўладими!
Ҳақиқатда Нафиса опага нима бўлди экан?! Ахир, мен ҳам катта бўлсам, ўқишга киришни, улардек гўзал, бежирим бўлиб юришни ҳавас қилаётган эдим. Аммо бу шув-шув гаплардан кейин ким ҳам қизини ўқишга шаҳарга юборарди. Ич-ичимдан Нафиса опанинг эсон-омон қишлоққа қайтишини хоҳлар эдим. Ўзимча унга юбормасам-да, хатлар ёзардим: “Опажон, қаердасиз? Қачон қишлоққа қайтасиз?”

* * *

Нафиса бу сафар шаҳарда кўп қолиб кетди. Қиш қаҳратонида қишлоққа қайтиш янада мушкуллашади. Неча марталаб вокзалга келиб, улов бўлишини пойлади. Онаси шўрлик роса хавотир олаётгандир. Ана бораман, мана бораман деб, Нафиса хат ҳам ёзмай қўяқолганди. Қўнғироқ қилай деса, қишлоққа ҳали телефон симлари етиб бормаган. Қор қалинлиги боис ҳайдовчиларнинг юраги бу музламада юришга бетламади. Қизгина қишлоғини бирам соғиндики… Онаси йўлига кўз тикиб ўтиргандир. Отасининг соғлиғи яхшимикин-а, сўнги пайтлари юрагидан шикоят қилаётганди. Ҳамма-ҳаммани соғинди. Айниқса, шундай изғирин кунлардаям онаси ёпган иссиқ, қўлни куйдирадиган нонларнинг иси….
Қишки таътил бошланиб, аллақачон талабалар уй-уйига тарқалиб бўлганди. Унга ўхшаб, кетолмай ётоқхонада юрганлар ҳам, мана, кўринмай қолди. Талабалар тураржойи одамсиз ҳувиллайди. Бир неча марта вокзалга бориб, яна ортига қайтишга мажбур бўлди. Умидсиз кунларнинг бирида шаҳарда турадиган курсдош дугонасини учратиб қолди. У қўярда-қўймай Нафисани уйига олиб кетди.
Бир неча кунлик меҳмондорчиликлардан кейин қиз яна қишлоғига ошиқди. Нафиса бу сафар ҳам кетолмаса, тоқат қилолмайди. У вокзалга келган маҳал ўзига ўхшаган кутувчилар унча-мунчагина эди, лекин кечга яқин бора-бора тарқалиб одам камайди. Кун бўйи қишлоғи йўналиши бўйича ҳеч қандай машина бўлмади. Номошомга қолиб кетган қиз яна ортига қайтиб кетишни истамас, одамларга ишонгиси келарди.
Шу орада йўл четига бир “КамАЗ” келиб тўхтади. Ундан тушган ўрта ёшлардаги ҳайдовчи лапанглаб, машинанинг олди томонини очиб қўлини қора мойга ботирганча наридан-бери ишлади. Кейин қўлини артган киши бўлиб атрофига аланг-жаланг назар ташлади. Нафиса боя унинг ҳаракатларини кузатган бўлса-да, энди ўз хаёллари билан андармон эди. У кутишдан зериккан ва қишлоққа қайтиш умидидан ҳам воз кечиб бўлаёзганди. Агар машина бўлмаса, яна уларникига келишини қайта-қайта тайинлаб кузатган дугонасиникига борсинми ёки одамни ютиб юборгудек сокин ётоқхонага қайт­гани маъқулмикан?! Лекин ҳар иккисидан кўра қишлоқдаги уйи кўз олдидан кетмасди унинг. Қиз шуларни хаёл қилар экан, рўпарасида пайдо бўлган бесўнақай гавда унинг ўйини бузди.
Қиз бунақанги одамни умри бино бўлиб энди учратаётганди. Қишлоқ даласи монанд юзи шундай тасвирланиши мумкин: япалоқ бурни шу далани ҳайдаб юрадиган тракторни, кўзлари эса эгатларга оралаган ўйноқи лойқа сувни эслатарди. Қора мой аралаш анқиётган аччиқ ўткир атир ҳидидан бир зумда боши оғриди. Қиз ўзини унга бепарводек кўрсатиб, юзини четга бурди. Саломлашгиси-да келмади.
– Қизим, яхшимисан? – деди бояги кимса оталарча меҳр-муҳаббат билан. Бу сўзлар шундай жарангладики, Нафиса унга эътибор қаратмаслиги, жавобсиз қолдириши мумкин эмасди. Худди отаси ёнида пайдо бўлиб қолгандек, кўзларида ёш милтиллади.
– Қишлоғингга йўл олдингми? Қайси биридансан, ўзи? – сўроққа тутди ҳайдовчи.
Нафисанинг жавобини эшитиб, яна қизиқсинди:
– Кимнинг қизи бўласан, бу қишлоқдан анча-мунча ёр-биродарларим бор.
Қизнинг жавобидан кейин бояги кишининг юзи ёришди.
– Ҳа-а, – деди эски танишларини хотирлагандек бўлиб, шунинг қизиман дегин… Менимча, отангни танийман-ов! Буни қара, йўлимиз бир экан. Истасанг, қишлоғингга ташлаб қўяман. Йўл-йўлакай ҳамроҳ бўлгани яхши-да! Акс ҳолда, уйқу элитиб қўйиши мумкин.
У шундай самимий гапирардики, хунук башараси ҳам қизнинг ёдидан чиқди. Ўзининг илк тасаввурларидан ўзи уялди. “Отангни танийман” деб турган ҳайдовчининг гапларига инонди. Икковлон йўлга чиқишди.

* * *

Бир куни эрталаб энам оғилхонада сигирларни соғиш билан андармон чоғда кўча томондан Хурсанд момонинг катта невараларидан бири кўринди. Менга кўзи тушиб, имлаб чақирди.
– Катта энам айтди, бироз туриб онанг бизникига чиқсин экан. Ис чиқараяпмиз. Айтиб қўй, хўпми!
Тасдиқ ишорасини қилиб, бошимни қимирлатдим.
– Хурсанд момонинг неварасими? Тинчликмикан? Нима деди? – бақирди энам оғилхона томондан. Эшитганларимни айтдим.
Сутни соғиб бўлгач, ўчоққа ўт ёқиб қайнатдик. Совуқда нам тортиб қолган ўтинлар писиллаб ёнарди. Чўғига чой қайнатиб олдик. Ҳаммани дастурхон атрофига чорлаб, нонушта қилдик. Майда-чуйда рўзғор ишларини тамомлаб, энам кўчага чиқишга тараддуд кўра бошлади. Мен ҳам уларга эргашдим.
Хурсанд момоникига анча-мунча аёллар йиғилган экан. Узоқ-яқинга келин бўлиб тушган қизлари ҳам келибди. Катта уйига айлантириб жой солиниб, қўни-қўшнилар ўтирарди. Ўртага дастурхон ёзилиб, унча-мунча топган-тутганларини қўйишганди. Сал туриб, иссиққина чўзмалар келтирилди. Дуо қилингач, синдирилди. Хурсанд момонинг синиққан юзи ҳорғин тус олган, паришхотир ўтирарди.
– Нафиса қизимдан неча кундирки хабар йўқ, – хаста овозда сўзлади момо. – Отаси ҳам шаҳарга тушиб, тополмай қайтди. Ўтган тунда туш кўрибман. Тушимда қизимни баҳайбат илон чақишга уринаётганмиш. Қизим бечора илоннинг домидан чиқиш учун ўзини ҳар томонга олиб қочаётганмиш. Шунда бир нотаниш киши пайдо бўлиб, уни қутқариб қолибди. Илоннинг бошини сапчадек кесиб ташлабди. Ишқилиб, ҳаммаси яхшиликка бўлсин. Қайда бўлмасин, қизим эсон-омон юрган бўлсин, дея тонг саҳарлаб ис қилиш ҳаракатига тушдик-да, ўргилиб кетайлар!
Қўшни аёллар момога таскин беришди. У ёқ-бу ёқдаги гаплар билан чалғитишга уринишди. Бир муддатдан сўнг дастурхонга омин қилиб, ўрниларидан қўзғалдилар. Мезбонлар меҳмонларни кўчагача кузатиб чиқишди. Хурсанд момо нелардандир умидвор бўлиб катта йўлга кўз тикарди. Ташқари анчагина совуқ, аёллар тезроқ уйларига етиш илинжида хайрлашишган эди ҳамки… Ҳамма бир зумга тўхтади… Гапиришдан… Юришдан… Ҳатто совқотишдан ҳам… Кафтдек кўриниб турган катта йўл томондан қишлоққа қараб “КамАЗ” бурилди. У тўппа-тўғри биз томонга юриб келарди. Бу ҳамманинг диққатини тортди, албатта. Ҳатто уйларнинг дарчалари орқали пойлаётган каллалар пайдо бўлди. Шовқин билан юраётган машина момонинг чолини ҳам кўчага чиқишга ундади. Момонинг нимжон танаси оҳиста қалтирарди. Ҳозир нимадир содир бўладигандек, ҳамма жим тикилиб турарди. Машина яқинлашгани сайин, одамларнинг юзида ҳадик аломатлари сезиларди. Ва ростдан ҳам нимадир содир бўлди… Айнан мен, биз кутаётган ҳодиса рўй берди. “КамАЗ” яқинимизга келиб тўхтади. Унинг эшиги шиддат билан очилиб, Нафиса опа пастга учиб тушди. Ўзини ота-онасининг бағрига отди. Сўнг ҳайдовчи амаки кўринди. Беўхшов ва бесўнақай кимсанинг нигоҳидан бир чўчиб тушиб, онамнинг ортига яшириндим. Ўша кимса Нафиса опанинг отаси билан қучоқлашиб кўришди ва бўлган гапларни сўзлаб берди. Қишлоқдагиларнинг оғзи очилиб қолди. Боягина мени қўрқитиб юборган амакининг истараси кўзимга шундай чиройли кўринардики, гўё дунёдаги энг яхши одам қаршимда тургандек! Демак, энам ҳам “Уларнинг бари бир гўр”, дея адашган. Бу дунёда яхши инсонлар кўплигига ўша вақтда яна бир бор амин бўлганман!

Холам ҳикоясини тугатиб, жимиб қолди. Мен эса охирги марта қачон соатлаб автобус кутганимни эслолмай овора эдим. Минг шукрки, ҳозир кўчалар ёруғ ва равон, машиналар ҳар лаҳза зинғиллаб ўтиб туради.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 7-сон