Кейинги пайтлари Абдулла кунларининг бир алфозда зерикарли ўтаётганидан тез-тез нолийдиган бўлиб қолди. Ҳар куни эрталабдан ишга боради, кеч тушгач қайтади. Шу билан яна бир куни ўтади-кетади. Ҳар куни бир хил одамлар, бир хил иш, бир хил танишларни кўравериб зада бўлган Абдулла “Энди ҳаётим шундай ўтиб кетаверар экан-да», дея чуқур хўрсиниб ҳам қўяди.
Банк ходимларининг кўпчилигининг юришиям пул, туришиям пул. Ҳатто тушларидаям пулни кўришади-ёв. Ходимларнинг ишдан бўш вақтларидаги гаплариям фақат пул тўғрисида бўлиб қолганда. Ҳисобчи қизнинг айтишича, ҳатто тушларидаям “муллажиринг”ни санаб чиқаркан.
Абдулла эса умуман тушида пул кўрмайди. Ҳамкасбларнинг пул ҳақидаги суҳбатларидан ҳам тўйиб кетди.
Абдулла баъзида бу касбни танлаганидан афсусланиб кетади. Аммо банкда ишламаганида, бошқа қандай касбнинг этагидан тутар эди – буни ақлига сиғдиролмайди.
Онаси эса сўнгги кунларда бир хил гапни қайтаравермоқда:
– Ўғлим, қачон келин топасан? Кўнглингда бўлса айт, совчи қўяйлик. Агар ёқтирганинг бўлмаса, ўзим топаман… Уйлансанг ҳам уйланасан, уйланмасанг ҳам уйланасан! Қачонгача уй ишлари деб судралиб юраман? Менга раҳминг келмаса, ўзингга…. – Шарофат хола кўз ёшларини артиб, дийдиёсида давом этади: – Ана, қўшнимиз, ўғли сен тенгги, аллақачон келин тушириб, неварали ҳам бўлди. Мен эса… Тўрт кунлик умрим қолдими, йўқми…
– Ойи, қўйсангиз-чи? Бу нима деганингиз? Бундай нарсаларни ўйламанг, ҳали кўп яшайсиз! Шошиб нима қилдик. Бир куни келинли ҳам бўларсиз. Невараларингиздан қочиб қутилишга жой топа олмай қоларсиз ҳали, – дея Абдулла ҳазил қилмоқчи бўлади-ю, лекин ўхшатолмаганини ўзи ҳам сезади.
– Доим шундай деб мени алдайсан. Қани энди невараларим олдимда чувиллашиб юрса. Ёшинг йигирма бешдан ошаяпти, ҳали парвойинг палак. Сен қаториларнинг …. – Шарофат хола яна йиғламсирай бошлайди.
– Бўлди, бўлди, ойи, биламан, – дея Абдулла бу мавзуга нуқта қўймоқчи бўлди бу сафар. – Яна озгина сабр қилинг! Ишхонадан Қашқадарёга юборишаяпти. Келганимдан сўнг бу масалани ҳал қиламиз, фақат унгача бу мавзуни қўзғамайсиз. Энди кўнглингизни хотиржам қилинг.
Шарофат холанинг юзи бироз ёришди.
– Ўғлимдан айланай! Сен нима десанг шу. Қачон қайтасан? Унгача тўйга тараддудлик кўриб тураман-да. Қани шундай пайтлари отанг ёнимда турса. Шу кунларингни отанг кўрганидами… – Онанинг кўзларида ёш ялтиллади.
– Яна йиғлаяпсизми, ойи? Бор-йўғи уч ҳафтада қайтаман. Йиғи-сиғини йиғиштиринг энди. “Хўп” десам ҳам йиғлайсиз, “йўқ” десам ҳам йиғлайсиз-а?!
Шарофат хола алланечук сергак тортиб деди:
– Бораман десанг бошқа жой йўқмиди, болам? – Шундан сўнг она шоша-пиша кафтларини жуфтлаштирди: – Ой бориб, омон қайт, болам.
Абдулла мана шу тарзда тўйига розилик берди. Шундаям онасини ўйлагани учунгина “майли” деди. Ўзига қолса-ку, бўйдоқ юраверар эди.
Рози бўлишга-ку, бўлди. Лекин энди нима қилади, кимга уйланади ? Бу савол Абдуллага ечими топилмайдиган жумбоқдай туюларди. Шундай пайтлари йигит ўзини чалғитишга уринар эди: “Майли, бир ҳаво алмаштириб келаверай-чи, кейин бир гап бўлар”.
Хуллас, Абдулла “Қайдасан, Қашқадарё!” дея йўлга отланди. Йўлнинг узоқлигини. “Йўл азоби – гўр азоби” деб шунга айтишса керак-да. Абдулла эрта саҳарда мўжазгина меҳмонхонага бориб жойлашди-ю, тарракдай қотиб ухлади. Вақт тушдан ошиб, қуёш атрофни жизғанак қила бошлаган маҳалгина эринибгина кўзини очди. Шунда ҳам яқин атрофда оламни бошга кўтараётган қушларнинг чуғур-чуғуридан уйқуси бузилди.
Абдулла ўрнидан туриб хонани кўздан кечирди. Кеча эътибор бермаган экан. Унга меҳмонхонанинг иккинчи қаватидан, ташқарини бемалол кузатса бўладиган очиқ айвони бор хона ажратишибди.
Йигит айвонга чиқиб ташқарини томоша қилар экан, табиат чиройидан дили яйради. Чарчоғиям унутилди. Чаман-чаман очилиб ётган гулларнинг ҳиди димоғига урилди. Шохларига маржондай тизилиб, сап-сариқ бўлиб пишган ўрик доналаридан териб егиси келди унинг. Аммо бирданига юзига хомушлик пардаси тортилди. Ўрик дарахти Абдуллага болалик йилларини эслатиб юборганди.
Ҳовлиларида бир тупдан ўрик ва олма дарахти бўларди. Ўрик пишиб етилгач Абдулла дарахтнинг бўйи етган жойигача териб ер, дадаси ишдан келиши билан қўярда-қўймай дарахт олдига тортқилаб бориб, баландроқ шохлардаги ўрик доналарини териб беришни сўрарди. Онаси билан тергани ҳисоб эмасди. Негадир Абдуллага дадаси териб берган ўриклар ширинроқ туйилар эди. Бола буни онасига айтишдан ҳеч чарчамасди. Шарофат опа эса бунга жавобан кулиб қўярди.
Эҳ, қанийди, ўша дамлар яна қайтиб келса! Яна отаси териб берган ширин ўриклардан лаззатланиб еса… Минг афсус… Абдулланинг отаси аллақачон қайтиб келинмайдиган узоқ сафарга кетган. Онаси Абдуллага болалигида шундай дея тушунтирганди. Ўша ўрик дарахти ҳам қайтиб мева бермади. Қуриб тамом бўлгач, ўтинликдан бошқа ҳеч нарсага ярамай қолди.
Абдулла шуларни ўйлаб, хонасига кирди. Ҳар доимгидай ўзини чалғитиш учун қўлига китоб олди.
Барибир хаёлини ўша болалик даври хотиралари ўғирлайверди. Миясига ўрнашиб қолган манзаралар кўз ўнгидан бирма-бир ўтаверди. Китобнинг бир неча саҳифасини ўқиб чиққан бўлса-да, калласига ҳеч нима кирмади. Ҳаммаси аралашиб кетди. Буларни ўйламаслик учун Абдулла яна ухлашга уринди. Кўзини юмиши билан яна ўша болалик чоғлари, қуриган ўрик дарахти кино ленталаридай кўз ўнгида гавдаланаверди. Абдулла шу алфозда яна уйқуга кетди.
Ғалати туш кўрди. Оппоқ кўйлакли фариштадай қиз… Абдулла аллақандай нотаниш кўчада адашиб қолиб, ўша қизга рўбарў бўлди. Жазирама кун иссиғида ёлғиз ўтирган бу қиздан бўлак кўчада ҳеч ким йўқ эмиш. Бу ерларда мусофир эканлигини, адашиб қолганлигини айтиб, йўлни кўрсатиб юборишни илтимос қилмоқчи бўлиб турган Абдулланинг кўзлари қизнинг нигоҳига тушибди-ю, ғалати бўлиб кетибди. Қизнинг тим қора, шаҳло кўзлари негадир маъюс боқарди. Йигит аниқ эслолмайди-ю, лекин қиздан ниманидир сўради. Қиз эндигина жавоб беришга оғиз жуфтлаётган эди ҳамки, уни бир нечта одамлар чақира бошлади. Қиз саросимага тушди. Абдулла қизни чорлаётган одамлар томонга қаради ва ҳайратдан ёқасини ушлади. Қизни чақираётганлар орасида дадаси ҳам бор эди. Аниқ-тиниқ эслайди, у дадаси эди. Дадаси таниб бўлмас аҳволда эди. Юзлари аллақандай совуқ, қора тусли кийимлари эскириб кетган. Абдулла ёнидаги қизни ҳам унутиб дадаси томон талпинди. Бироқ ота ўғлига бир совуқ назар солди-да, ор
тига ўгирилиб, кета бошлади. Танимади, ота ўғлини танимади-я?
Абдуллага роса алам қилди. Бояги қиздан бунинг сабабини сўраш учун шошиб ёнига қаради. Афсуски, жизғанак бўлиб ёнаётган кўчада ўзидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Шу пайт кимдир елкасига қўлини қўйгандай бўлди….
Чўчиб уйғонган йигит буларнинг бари туш эканлигини билиб, ичида калима қайтарди. Сўнг тушини бошидан эслай бошлади. Дадаси қизни нима деб чақирди? Пари… Паризод дегандай бўлувди, шекилли. Улар бир зумда қаерга ғойиб бўлишди? Дадаси нега уни танимади… Боши ғувиллаётган Абдулла: “Оддий туш-да, ҳеч нимани англатмайди. Тушга нималар кирмайди…” дея ўзини чалғитишга уринди.
Йигит қорни очиққанини сезиб кийинди-ю, пастга тушди. Меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги ресторанга кириб, таом буюртирди. Негадир кўз ўнгида ҳам ўша тушидаги қиз турарди. Бежиримгина оппоқ кўйлаги ўзига ярашган қизнинг кўзлари қандайдир сеҳрли эди. Тушидаги ҳурилиқони ўйлайверганидан бўлса керак, Абдуллага хизматдаги офитсиант қиз ҳам ўша қиздай туюлиб кетди. Хаёлга берилган йигит таом келтирган қизнинг билагидан тутиб:
– Мени танидингизми?! Сизни тушимда… – дея ҳаяжон билан гап бошлаган маҳал бирдан ўзига келди.
Йигитнинг бу қилиғидан чўчиб кетган қиз силтаниб унинг қўлидан чиқиб кетди ва ғалати мижозга бир ўқрайиб қараб қўйгач, тез-тез юрганча нари кетди.
Хижолат чеккан Абдулла бошини чангаллаб қолди. Хижолатдан ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади.
– Уфф, хаёлга берилиб… – ғўлдиради у. – Битта туш шунча таъсир қилаяптими менга?
Унинг иштаҳаси бўғилди. Пешонасида реза-реза тер ялтиради. Ичи қизиб кетганлиги учун муздай ичимлик буюртирди. Шарбатни бояги қиз келтирди.
– Кечирасиз, тўғриси олдингизда қаттиқ хижолатдаман. Сизни бировга ўхшатиб… – Абдулла гапини тугата олмай каловланди.
– Ҳечқиси йўқ, хижолат чекманг! – дея жилмайиб қўйган қиз яна шошиб ортига қайтди.
Сал енгил тортган йигит майин таралиб турган куй садолари остида овқатлана бошлади.
Абдулла емакхонадан чиққанида оламни қуюқ қоронғулик қоплаганди. Фақатгина тунчироқларнинг хира ёғдуларигина бу зулмат бағрини ўйиб ўтганди.
Абдулла бироз меҳмонхона атрофида айланиб юрди. Бугунги кун унинг учун анча оғир кечди. Эртага иш бошланади. Уни ярим тунда кутиб олиб, меҳмонхонага келтирган ҳайдовчи эрталабдан уни ишхонага олиб боради.
Абдулла хонасига кирди ва иш учун зарур ҳужжатларни яна бир бор кўздан кечирди. Кейин жойига чўзилганча анча вақт хаёл суриб ётди.
Яна бир нурафшон тонг отди. Абдулла нонушта қилиб бўлгач, аллақачон хизмат машинасида келиб, уни кутиб ўтирган ҳайдовчининг олдига шошилди.
Абдулла биринчи кунданоқ ишга астойдил шўнғиб кетди. Ишни одатга кўра банк кирим-чиқимларини текширишдан бошлади.
Абдулла уч кун мобайнида кўплаб ҳужжатларни текшириш, ҳисоб-китобларни кўздан кечириш, катта-катта маблағларнинг қаерга сарф қилинганлигини аниқлаш ва бошқа шу каби ишлар билан астойдил шуғулланиб, бош қашишга ҳам вақт тополмади. Тушида кўрган малаксиймо ҳам эсидан чиқа бошлаганди. Лекин….
Ишга вақтли отланган Абдулланинг кайфияти бугун яхши. Кеча онаси билан телефонда гаплашиб, у кишининг соғ-саломат ва бардам эканлигини эшитиб анча хотиржам тортди.
Машина бир текисда кетиб борарди. Ҳайдовчи бугун машинани бошқа йўлдан ҳайдаётганлигини ўз хаёлларига андармон Абдулла сезмади.
– Катта йўл ёпиб қўйилибди, ҳар доимги яқин йўлдан эмас, узоқроқ йўлдан кетаяпмиз. Шунга сал кечикишингиз мумкин, – деди ҳайдовчи сукунатни бузиб.
– Ҳечқиси йўқ. Ишга бемалол бораверамиз. Шунақасиям бўлиб туради, – жавоб қилди Абдулла бамайлихотир.
Машина чорраҳага етганда бироз секинлашди-да, тор кўчага бурилди. Паст-баланд уйлар бирин-кетин жойлашган кўчанинг ғадир-будир йўлида машина силкиниб-силкиниб қўярди. Кутилмаганда Абдулланинг юрагида тасвирлаб бўлмас ажиб бир титроқ туғилди.
Таниш кўчалар, уйлар… Қизиқ, нега бунчалар таниш манзара? Кимсасиз тор кўча, пастаккина дарвоза. Жудаям таниш… Йигитнинг юраги ҳапқириб кетди.
– Тўхтанг! – дея бақириб юборди у.
Ҳайдовчи дарҳол тормозни босди. Машинадан шошиб тушган Абдулла яна ўзига жуда-жуда таниш дарвоза ёнида пайдо бўлди. Бир муддат нима қиларини билмай гарангсиди. Ниҳоят ўзини қўлга олди ва диққатини жамлади. “Бу уй ўша уй эканлиги аниқ. Тушидаги кўча қандай бўлса бу ер ҳам шунинг ўзгинаси. Наҳотки тушининг ҳаётда рўёбга чиқишини кўраётган бўлса…”
Йигитнинг юраги безовталанди. У дарвоза оша ҳовлига бўйлади. Юраги уни алдамади. Абдулла ҳайратдан ёқасини ушлаб қолди. Тушими ёки ўнги?!Тахмини тўғри чиққанга ўхшайди. Бу тушидаги парирўй….
Қиз тобора йигитга, аниқроғи дарвоза томонга яқинлаша борди. Абдулланинг қалбидаги титроқ оёқ-қўлларига ўтди. Ҳуши бошидан учди. Мана, қиз унинг ёнгинасида тўхтади.Ўша бежиримгина оппоқ кўйлагида…. Маъюс нигоҳлари… Қиз уйга бир қараб қўйди ва яна йўлида давом этди. Йигитнинг димоғига хушбўй ҳид урилди. Ҳатто бу ҳид ҳам унга жуда таниш. Қиз йигитга бир мартаям назарини ташламай ўтиб кетди. Гўёки у ёнида ҳеч ким йўқдай, ҳеч зоғни сезмаётгандай эди. Қиз узоқлаша бошлади. Абдулла унинг ортидан тикилиб қолди.
Шу пайт пойтахтдан келган тафтишчининг ғалати қилиғидан ҳайрон бўлган ҳайдовчи сигнал берди. Шовқиндан ўзига келган Абдулла қизнинг ғойиб бўлганлигини кўрдию, унинг ортидан чопди. Чорраҳага етган йигит кеч қолганлигини тушуниб, аламдан депсинди. Кўчада оқ кўйлакли қиз кўринмасди.
Минг алам билан машинага қайтган Абдулла миқ этмай ўтираверди. Ҳайдовчи тезликни оширди.
Кун бўйи Абдулланинг қўли ишга бормади. Унинг хаёлини энди тушидагина эмас, ўнгида ҳам кўрган парирўй ўғирлаганди. Димоғига эса қиздан таралган хушбўй гул атри ўрнашиб қолганди.
“У қаёққа йўл олган экан? Нега уни тўхтатмадим? Ҳеч бўлмаганда исмини сўраб қолмадим…” Йигит шуларни ўйларкан, ландавурлиги учун ўзини ўзи койиб ўтказди кунини.
Эртага албатта қиз билан танишиб олади. Лекин қандай қилиб буни уддалайди? Қизларга қандай муомала қилишни ҳам билмайди-ку. Уни илк бора тушида кўрганлигини, шундан бери ҳаловатини йўқотганини айтадими?!. Йўқ, йўқ, бўлмайди. Қиз бечора қўрқиб кетмасин, тағин.
Афсуски, Абдулланинг нияти тезда амалга ошавермади. Қизнинг уйини пойлаётганига салкам бир ҳафта бўлаяпти ҳамки, у кўринмайди.
Мана, бугун ҳам ўша таниш дарвоза ёнида қизни кутиб ўтирибди. Йигитнинг аҳволи ўзгача. Гўёки ичида ўт-олов ёнаётгандай ўзини қўярга жой тополмайди.
Абдулла ҳайдовчига ҳам фақат шу кўчадан юришни тайинлайди. Неча кундан бери Абдулланинг шу кўчага ошиқаётганлигининг боисини билолмай гаранг бўлган ҳайдовчининг гаплари унинг қулоғига кирмайди.
Абдулла фақат бир гапни қайтаргани-қайтарган. Бу гапни ҳар сафар ҳаяжон ва алам билан такрорлайди:
– Анави куни… Биринчи марта бу кўчадан юрганимизда мана шу уйдан чиқиб келган қиз бориди-ку… оқ кўйлакда эди, – йигит худди шу маҳал ҳам ўша қизни яна кўраётгандай кўзлари ёниб, титраб-қақшаб гапиришда давом этарди: – Ҳа, ҳа, у бежиримгина оппоқ кўйлакда эди. Кўзлари маъюс унинг. Ёнимда бир тўхтаб, кейин ғойиб бўлганди… – Абдулла алам билан кўкрагига урарди. – Ўшанда унинг орқасидан югуриб етолмадим… Агар сиз ўша қизни кўриб қолсангиз, дарров менга айтинг. Хўпми, албатта айтинг!
– Жон деб айтардим-у, лекин биринчи куниям, кейинам ҳеч қандай қизга кўзим тушмаганди-ку. Оқ кўйлаклиги тугул бошқасигаям…. Бу аниқ, адашишим мумкин эмас. Менимча, сиз янглишгансиз, кўзингизга кўринган бўлса керак, – деди ҳайдовчи ҳайрон бўлганини яшириб ўтирмасдан.
Лекин бу сўзлар Абдулланинг қулоғига кирмасди. Боши қотган хайдовчи эса ҳаммасини яна бошидан эслаб кўради: “Тўғри, бу киши дарвоза олдидан туриб ховлини кузатди. Бир зум хаёл суриб туриб қолди, сўнг чорраҳагача югуриб кетди. Мен ҳаммасини кузатиб тургандим. Бироқ ҳеч қандай қизга кўзим тушмаган бўлса, қандай қилиб уни таниб оламан?!”
Мана, бугун ҳам ҳар доимгидай ҳайдовчи айтмоқчи “зерикиш майдончасида” туришибди. Бу ерда тураверишдан ҳеч қандай самара йўқлигини Абдулла ҳам яхши сезиб турибди. Лекин кўнгил қурғур… Бир тарафдан иш қолиб кетаяпти. Ўша кундан бери унинг қўли ишгаям бормай қолди.
Эртасигаям, индинигаям шу аҳвол ўзгаравермагач, ахийри Абдулла тақдирга тан беришга мажбур бўлди. Ишига яна астойдил киришди. Барчасини бутунлай унута олмаса-да, ҳар қалай юмушга шўнғиб кетганидан, сафар муддати тамом бўлганлигини ҳам сезмай қолибди.
Абдулла барча ишларни тугаллаб, зарур ҳужжатларни тахт қилиб қўйгач, кетиш тараддудига тушди. Фақат… Ўша қизни яна бир бора кўрсайди. Ақалли унинг исминиям билмайди-я…
Абдулла умид билан ўша таниш кўчага бурилди. Бугун у атайлаб ёлғиз келди. Уни ҳар доимгидек шоширадиган ҳайдовчиси ҳам, қолиб кетаётган иши ҳам йўқ.
Дам олиш куни бўлгани учунми, кўчада биров кўринмайди. Абдулла анча кутди. Зерикди, иссиқдан томоғи қақраб кетди. Пешонасида ялтираётган терларни рўмолчасига артди. У кутаверди. Бир зум ҳам умидсизликка тушмади. Сабр-тоқат унинг йўлдошига айланди. Авваллари у бир қиз учун девона бўлиши мумкинлигини ақлига сиғдира олмаган бўларди эҳтимол. Аммо унинг ҳозирги аҳволи девонаникидан фарқ қилмайди. Аслини олганда, қизни тушида кўрдими ёки ўнгида?..
Минг хил ўй-хаёллар гирдобида қолган Абдулланинг боши санчиб оғрий бошлади. У бу кўйга тушмасдан олдин муҳаббатга шундай таъриф берар эди: “Севги бу – аҳмоқлик. Бундан бошқа нарса эмас”. Энди-чи? Ҳалиям шу фикрини ўзгартирмади. Фақат кайфтиятини ўзгартирди. Яна бир сўзни урғу бериб қўшиб қўядиган бўлди: “Севги бу – ширин аҳмоқлик. Бундан бошқа нарса эмас”.
Кун ярмидан ошди. Кўча ҳамон сокин… Ногаҳон йигитнинг юраги ўша илк учрашув кунидагидек типирчилай бошлади. Ҳозир нимадир содир бўлади. У атрофни кузата бошлади. Мана, ўша кунги хушбўй ҳид яна димоғига урилгандай бўлди. Демак, қиз яқинлашаяпти.
Ниҳоят дарвозанинг бир табақаси қия очилди. Қиз унинг рўпарасида… Йигит қаттиқ ҳаяжондан карахт бўлиб қолганди. Бу ўша қиз эди!
Қиз бу сафар индамай ўтиб кетмади. У Абдуллага хиёл жилмайиб қараб қўйди. Ўзини йўқотиб қўйган йигитнинг тили калимага келмасди. Яна бироз шундай турса, қиз кетиб қолади. Абдулла соқов бўлиб тураверса имконини иккинчи бор қўлдан бой беради. Шунинг учун нимадир дейиши керак. Йигит қизни энди топганида яна йўқотишни истамади ва хаёлига келган биринчи гапни тилига чиқарди:
– Мен… Ҳалиги, сизни биринчи марта тушимда… –
Абдулла каловланиб, гапини йўқотиб қўйди. Бу аҳволидан ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Қиз болагаям танишаётганда шундай дейдими? Бу гапига ким ишонарди? Биров эшитсаям устидан кулиши тайин: “Роса лофдан олар экан. Тушларида кўрганмиш…” дея. Лекин қиз унинг устидан кулмади. Ҳатто ажабланмади ҳам, буни табиий ҳолдай қабул қилди. Унинг ўрнида бошқа қиз бўлса борми, ёки ўхшатиб иссиққина шапалоқ билан сийларди, ёки “Чўпчагингни шамолга айт!” дея кетиб қоларди.
Абдулла бир амаллаб диққатини бир жойга жамлади.
– Келинг, танишиб оламиз. Исмим Абдулла. Тўғрисини айтсам, бу ерда меҳмонман. Исмингиз…
Қиз унга бир муддат сўзсиз тикилиб тургач, майин овозда қисқа жавоб қилди:
– Паризод…
Йигит унинг жавобидан руҳланиб кетди.
– Ў-ў, чиройли, камёб исм экан. Исмингиз жисмингизга мос. Ўзингиз ҳам малакларга ўхшайсиз, – деди йигит ўзининг муносиб гап топганлигидан хушнуд бўлиб.
– Шу уйда яшайсизми? – дея Абдулла қиз чиқиб келган ҳовлига имо қилди.
Паризод “ҳа” дегандай бош ирғаб қўйди. Лекин қиз негадир яна хомуш тортиб қолганди. Уни синчковлик билан кузатаётган Абдулла буни сезди.
Улар секин йўлга тушишди. Йигит гапни яна ўзи бошлади:
– Бу кўчага анчадан бери қатнаяпман, сизни учратиш илинжида. Бироқ ҳар сафар сизни кўролмай қайтар эдим. Лекин умидсизликка тушмадим. Фақат сабр қилдим. Ва ниҳоят мана бугун ниятимга етдим.
Абдулла қиздан жавоб кутиб, унга тикилди. Лекин Паризод индамади. Йигит ҳам қайта бу ҳақда сўрамади. Улар чорраҳадан ўнгга бурилиб яна бироз юришгач, тор жинкўчага қайрилишди. Йўлни бошлаётган Паризод эди. Абдулла эса қаерга кетаётганлигини билмасди, бунинг унга фарқи ҳам йўқ эди.
Паризод бир оғиз ҳам гапирмади. Абдулланинг саволларига баъзида бошини ирғаб қўйди, баъзида умуман жавоб бермади. Шу алфозда жинкўча ҳам охирлади. Йигитнинг диққатини тортган нарса, йўлнинг у томони овлоқ, қаровсиз жойлар эди. Кўнгилга ваҳима соладиган қабристонга туташиб кетган қир-адирлар атрофни эгаллаганди.
Ниҳоят қиздан садо чиқди:
– Шу ерда хайрлашамиз.
Паризоднинг қаерга кетаётганлиги Абдуллани қизиқтирган бўлса-да, лекин ортиқча савол бермади. Шусиз ҳам қанча сўроқлари жавобсиз қолгани ўзига аён.
– Майли, кўришгунча. Менинг хизмат сафарим муддати тугади, эртага қайтаяпман. Яна дийдор насиб этади ёки йўқми, худо билади! – деди Абдулла ҳали дилида қолиб кетган сўзлар алангасидан юзи қизиб.
Хайрлашув онлари етиб келганди. Нигоҳлар бир зумга бир-бирига сўзсиз термулишди. Қизнинг армон дарёси тубига чўккан маъюс кўзлари, унсиз, ўткир нигоҳлари сўнги марта қаршисидаги тоза севги булоғининг ёғдусидан ўзига ранг олди. Йигит эса қалб қўрига яширинган сандиқчани очиб бера олмагани, туйғуларини ошкор қила олмагани учун ҳозирдан пушаймон чека бошлади. Хушбўй гул атри ҳавода тарқалди.
Биринчи ва сўнгги учрашув…
* * *
Абдулла сафардан қайтгач, анча вақт ўзига келолмай юрди. Тушидаям, ўнгидаям кўз олдидан Паризоднинг бўй-басти узоқлашмас эди. Бу қандайин савдоки, ҳижрон, армон таъқибидан қутула олмаса.
Ўғлининг анча ўзгариб қолганлигини она сезганди. Абдулланинг тушида алаҳсираб бир қизнинг исмини айтганида, Шарофат опа гумонлари тўғри чиққанига амин бўлганди. Онанинг юрагини така-пука қилган нарса эса, ўғлининг розилигисиз бир қизга оғиз солиб қўйгани эди. Тезроқ Абдуллани ҳар хил хаёлларидан чалғитиб, тўйни бошласа-ку, ҳаммаси ўрнига тушиб кетарди.
Она шўрлик ўғлининг яна айниб қолишидан, сафардалигида биронтасига кўнгил берган бўлса, ўша ёқларга кетиб қолишидан ваҳимада эди. Ахир ўғлининг юриш-туриши, гап-сўзларида шунга ишора бордай эди-да.
– Сенга нима бўлди? Сафардан қайтсам тўйни бошлаймиз дегандинг-ку. Нега яна мени ялинтирасан, нимага иккиланиб қолдинг? Дардинг бўлса айт! – деди ахийри она йиғлаб-сиқтаб.
– Йўқ, ўзим шунчаки… сал кейинроқ бўлса…
Шарофат опанинг кўнгли сал таскин топди. Ҳар қалай онаизорни ваҳимага солиб қўядиган гапларни айтмади.
– Ваъда – ваъда! Ваъда бердингми, устидан чиқишинг керак. Энди эрта-индин деб чўзмаймиз. Йигитнинг гапи битта бўлади. Мен аллақачон келин топиб қўйганман. Ишончим комил, у сенга ёқади. Сен манави қизни бир кўргин, – дея она зипиллаб уйдан бир қизнинг суратини олиб чиқиб, ўғлига тутқазди. – Шундай оқила, истарали, гўзалки… Оёқ-қўлиям чаққонгина экан. Ўзинггам бир марта учрашиб кўргин. Мен жойини айтаман, эртага қўришасизлар.
Йигит қўлидаги суратга қарамади ҳам. У тақдирга тан берганди. Паризод энди унинг ўйларидаги малак, оппоқ орзуларидаги тилак бўлиб қоладиганга ўхшайди. Қизнинг васлига етишмоқлик осмондаги ойга етмоқлик каби мушкул.
Абдулла учрашувга рози бўлди.
Онаси таърифлагандан ҳам гўзал бу қиз фақат севиш учун яратилганди гўё. Аммо кўнгилга буюриб бўлмас экан. Тим қора узун сочларини ўриб олдига ташлаб олган бу гўзал ёнида турган йигитнинг айни дақиқаларда неларни ўйлаётганлигини билганида эди…
Абдулла эса ҳозир фақатгина Паризодни кўришни истарди. Ёнидаги қизга деярли эътибор бермасди ҳам. Оппоқ кўйлакли, хиёл жилмайиб турган Паризодгина кўринарди кўзига. Абдуллани маст қилувчи ўша ширин гул атри….
– Йўқ, унинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Бу қиз Паризодга заррача ҳам ўхшамайди. Заррача ҳам…. – дея йигит ичида алам билан такрорлади.
Қиз бечора эса зерикиб кетди. “Жуда жиддий йигит экан. Қизларга қандай гапириш кераклигини ҳам билмаса керак”, деган ўйга борди у.
Абдулла уйига қайтгач, кўп ўйланди. “Нима қилиш керак? Нима қилса тўғри бўлади? Худбинлик қилиб, фақат ўзини ўйламаяптими? Тўйга розилик бермаса, онаси ва бояги бегуноҳ қизни ранжитиб қўймайдими? Лекин унда Паризод нима бўлади? Усиз қандай яшайди?..”
Абдулла аниқ бир қарорга келолмай қийналиб ўтирган маҳал онаси унинг хонасига кирди.
– Келдингми. Қалай, қиз сенга ёқдими? Келин танлашда адашмадимми ишқилиб? – деди она ўғлининг тушкун кайфиятда ўтирганлиги боис юрагини ҳовучлаб.
– Йўғ-э, сиз айтгандай яхши қиз, аммо…
Абдулла бош бармоғини миясига тираганча ўйланиб қолди. “Ҳозир онамга Паризодни айтсам-чи? Йўқ, йўқ, бўлмайди. Паризод билан бир мартагина гаплашдим. Унинг хаёлида нелар борлигини билмайман-ку. Бошқа бировга кўнгил қўйган бўлса… Агар… агар мени кутаётган бўлса-чи…”
Ниҳоят Абдулла бир қарорга келди: онасига бир баҳонани топиб айтади-да, Қашқадарёга бориб келади.
– Тинчликми, нега ўйланиб қолдинг? Сенга бирон ёмон гап айтдимми? – ўғлининг ўйга толганидан хавотирланди она.
– Ойи, сизга бир нарсани айтмоқчийдим. Қашқадарёга борганимда зарур нарсаларим ёдимдан кўтарилиб қолиб кетибди. Кеча керак бўлиб қолди. Излаб тополмадим, яхшилаб эслаб кўрсам мен турган меҳмонхонада қолиб кетган экан. Саҳарлаб яна ўша ёққа жўнайман.
Шарофат хола унинг гапларига ўзини ишонгандай кўрсатса ҳам, аслида ўғлининг не сабабдан кетаётганлигини тахмин қилиб турибди. Ахир кечалари тинмай бир қизнинг исмини такрорлаб алаҳсираб чиққан ўғлидан хавотирланиб тунларни бедор оттирган она жигарбандининг аҳволини жуда яхши тушуниб турибди. У ўғлининг Қашқадарёга кетишига ҳечам тўсқинлик қилмайди. Она ўғлининг севиб қолганлигидан қўрқаётгани ҳам йўқ, у фақат қачонлардир бошдан кечирган азобларининг яна қайталашидан қўрқади. Она ўғлининг ўша ёқлардан қайтмаслиги, ўзининг ёлғиз қолиб кетишидан қўрқади. Ўша ҳижронли тунлар, азоблар исканжасидан эндигина кутулганда-я… Яқиндагина ҳаммасини унутганди. Бугун эса ўғли ўзи билмаган ҳолда онасининг ярасини янгилаб қўйди.
Шарофат хола бирдан сафарга отланиб қолган ўғлига эътироз билдириб ўтирмади. Лекин туни билан мижжа қоқмай ўйланиб чиқди. Барибир ўғлига отаси ҳақидаги ҳақиқатни гапириб бериши керак. Токи Абдулла отасининг хатоларини такрорламасин. Ҳозир ҳамма гапни айтишнинг айни вақти, кейин кеч бўлиши мумкин. Абдулла энди ёш бола эмас.
Шарофат холанинг боши лўқиллаб оғрий бошлади. Охири оғриққа чидолмай ўрнидан турди ва бир пиёла сув билан дорини ютди. Бошидаги оғриқ бироз қўйганидан сўнг ҳовлига чиқди.
Тонг отишини интиқлик билан кутаётган Абдулланинг кўзларидан уйқу қочганди. У онасининг ухламаганлигини ҳовлидаги шитир-шитир товушдан тахминлади. Онаси супачага бориб ўтирганини сезган Абдулла ҳам жойидан секин қўзғалди ва онасининг ёнига борди.
– Ўғлим, сенинг йўлингга тўғаноқ бўлмайман. Лекин кетишингдан олдин сенга бир нарсани гапириб беришим керак. Энди ёш бола эмассан, отангни тушунасан деб ўйлайман. Бугун сен отанг ҳақидаги барча ҳақиқатни билишинг керак. Энди менинг гапларимга қулоқ сол, – дея Шарофат хола ўз ҳикоясини бошлади.
Ўшанда мен ҳали ёшгина, орзулари осмон келинчак эдим. Отанг мени севмаслигини билардим. Унинг кўнглидаги ёрининг таърифи, тарихи қулоғимга чалинган эди. Лекин тўйимиздан кейин ҳаммасини унутиб юборади деган хаёл билан унга турмушга чиқишга рози бўлгандим. Раҳматли қайнонам мени танлаганди, ўғли эса онасига қаршилик кўрсата олмасди. Бироқ мен ўйлаганчалик отанг у қизни осонгина унута қолмади. Менга қарагиси ҳам келмасди. Мен фақат сабр-тоқат қилишдан ўзга чорам йўқлигини яхши тушунардим. Шунинг учун мен туфайли отанг ва қайнонам ўртасида бўлиб турадиган уруш-жанжалларга аралашмас эдим. Қайнотам аллақачонлар раҳматли бўлиб кетган эканлар. Қайнонам отанг ёқтирган қизни ўғлига олиб бермай, мени келин қилди. Сабаби у қиз анча узоқда, Қашқадарёда тураркан.
Тўйимиз бўлганига эндигина бир ҳафта бўлганди. Ҳали янги уйга, оилага кўника олмай қийналиб юрган пайтларим. Хонамда кўпинча ёлғиз қолиб кетардим. Тўсатдан нариги хонадан она-боланинг яна айтишаётганлари қулоғимга чалинди. Уларнинг гапларидан отанг уйдан кетмоқчи эканлигини илғадим. Лекин индамай, бор дардимни ичимга ютиб ётавердим. Ўшандаги аҳволимни бир кўрсанг эди. Ёшгина келинчак учун бу қанчалар даҳшат, қанчалар оғир! Туни билан ухлолмадим. Тонг саҳарлаб турсам, отанг қаёққадир отланаётган экан. Юрагим сезиб турганди, у ҳозир кетса қайтмаслигини. Лекин уни қандай олиб қолишни ўйлаб гангиб қолгандим.
– Қаерга? – дедим ўзимни ҳеч нимадан бехабардай тутиб.
Отанг саволимни жавобсиз қолдириб, йўлга тайёргарлик кўришда давом этди. Менга алам қилиб кетганди. Кўзларим ёшга тўлди. Ортиқ чидаб туролмадим.
– Кетманг! Илтимос, мени ташлаб кетманг! – дедим ўзимни йиғидан тўхтата олмай. Даданг бўшашиб ерга чўккалади. Мен эса ёлворишда давом этдим: – Ахир гуноҳим нима эди? Наҳотки менинг бошқалар каби бахтли бўлишга ҳаққим йўқ? Нега шундай? Тўғри, ўзимдан ҳам айб ўтди. Бу сизга турмушга чиқишга рози бўлганим эди. Наҳотки шу гуноҳ бўлса? Айбим шуми? Мен адашдим. Тўйдан кейин сизни ўзгаради, деб қаттиқ янглишдим. Менинг хатоим ҳаммасини била туриб сизга турмушга чиқаним. Агар шуни хато деб санасангиз, илтимос, кетишдан олдин менинг жавобимни бериб кетинг.
Мен адои тамом бўлгандим. Бу гапни айтиш қанчалик оғир бўлмасин, айтишга мажбур эдим. Ўзимдан ўтаётгани фақат ўзимга аён.
Шунда отангдан садо чиқди.
– Мен… охирги марта уни кўриб келишим керак. У мени ортиқ кутмаслиги кераклигини айтиб келсам бўлди. Қайтиб келаман. Фақат охирги марта менга имкон берсанг бас! Сендан бошқа ҳеч нарса сўрамайман.
Мен отангнинг кетишига қаршилик қилмадим. Отанг ваъдасида турди. Қайтиб келди. Кейин сен туғилдинг. Бахтли ҳаётимиз эндигина изига тушиб олганди. Лекин тақдир бешафқат экан. Отангни машина уриб кетди. Қолган умримни сени тарбиялаб вояга етказишга сарфладим. Отангнинг вафотидан кейин унинг илк севгилисидан фарзанди бўлганлигини эшитиб, анча хафа ҳам бўлдим. Буни менга қайнонам ўлими олдидан айтди. У киши ўғлидан ажралганидан сўнг ётиб қолганди. Отангни руҳи безовта бўлмасин дея, уни кечирдим.
Мана энди сен ҳаммасини биласан. Отангни мен кечирдим, сен ҳам гина сақлама. Ўзингга кераклича хулоса чиқариб оларсан…
Шарофат хола ҳикоясини тамомлади ва ўйга толган ўғлини ёлғиз қолдириш учун хонасига йўл олди…
* * *
Тонг отди. Абдулла онасидан дуо олиб, йўлга отланди. У Паризодни шунчалик соғингандики, қизнинг ҳузурига шунчалик ошиқардики, шамол мисоли учишга тайёр эди. Йўқ, йўқ, йигит шамолдан-да тезроқ учишга интиларди. Ахир кўнгли сезиб турибди: қизни албатта топади.
Абдулланинг кўз олдида ўзининг йўлига интизор қараб турган қиз гавдаланди. Паризод дарвоза олдида ўша тушидагидек қўлларини иягига тираганча Абдуллани кутиб ўтирибди. Оппоқ кўйлагида, хиёл жилмайган. Атрофда эса ундан таралаётган ширин гул атри…
Абдулла энтикиб кетди. Ҳаяжондан боши айланди. Қани энди ҳозироқ Паризоднинг ёнида бўлиб қолса.
– Тезроқ ҳайданг! – дея ҳайдовчидан тинмай илтимос қиларди йигит.
Машина чорраҳадан ўша таниш кўчага бурилди. Кун ярмидан ошган маҳал Абдулла ўзи ошиққан манзилига етиб келди.
Абдулла дарвозага яқинлашар экан, қўллари, оёқлари ҳаяжондан дағ-дағ қалтирарди. Қалбида эса алланечук ҳислар ғалаёни бошланди. У шу алфозда нима қиларини билмай туриб қолди. Ўзини қўлга олиб, қизнинг исмини айтиб чақирди. Лекин бу ҳовлида биров яшаши гумон эди. Ҳовли умуман қаровсиз, тозаланмаган. Абдулла ҳовлига қадам қўйди, аммо ичкарига кириб боришга журъат этолмади. Шу алпозда бироз тургач, ортига қайтмоқчи бўлганди ҳамки, қулоғига инграган товуш чалингандай бўлди. Абдулла шошилиб уй ичига кирди. Хоналардан бирида сочларига оқ оралаган, кўзлари киртайиб ич-ичига ботиб кетган, ўзи жуда озғин аёл мадорсиз чўзилиб ётарди.
Аёл йигитни кўриши билан ҳўнграб йиғлаб юборди. Абдулла унинг аҳволини кўриб чўчиб кетган бўлса-да, буни сездирмади, тезда сув топиб келиб, аёлнинг оғзига тутди.
Сувни ютоқиб ичган аёлнинг қуруқшаган лабларига бироз қизиллик югурди. Абдулла аёлнинг кўзларига боқиб ҳайрон қолди: худди Паризоднинг кўзларидай. Йигит беихтиёр хаёлига келган гапни сўрашдан ўзини тийиб туролмади:
– Сиз Паризоднинг онаси эмасмисиз? У ҳозир қаерда?
Аёл изиллаб йиғлаб юборди. Йигитнинг юраги аллақандай ваҳимадан безовталаниб, тез-тез ура бошлади. Аёл жавоб бериш ўрнига фақат сиқилиб йиғлар, лаблари эса нималарнидир пичирларди. Бунга сайин Абдулланинг хавотири юз чандон ошарди. Улар шу кўйи анча ўтиришди. Ниҳоят аёл анча ўзига келиб, тинчланди.
Аёлнинг кўзларида армон, афсус, алам каби туйғулар қоришиб кетганлигини англаш мушкул эмасди. Аёл чуқур нафас олгач, сўзлай бошлади:
– Паризод менинг якка-ю ягона овунчоғим, бутун борлиғим эди. Ундан бошқа ҳеч кимим йўқ. Ҳозир эса ёлғизман… Қанча ҳаракат қилмайин, уни сақлаб қололмадим. – Аёлнинг овози титраб кетди. – Паризодим… Паригинам чин ҳурга, малакка айланди.
Бу сўзларни эшитган Абдулла эс-ҳушини йўқотаётган одамдай анграйиб қолди.
– Ҳамма айб ўзимда, – дея аёл гапини давом эттирди. – У туғма касаллик билан дунёга келди. Унинг кўз олдимда сўлиб, тамом бўлаётганини кўрсам-да, томошабин бўлишдан бошқа нарса қўлимдан келмаслигини билиб, ўз-ўзимдан нафратланиб кетардим. Пари ўртоқларига қўшила олмас, улар каби ўйнаб-кула олмасди. Паригинамнинг менга билдирмаслик учун чекка-бурчакларда йиғлаб ўтирганини кўрсам юрак бағрим тилка-пора бўларди. Қани қўлимдан уни асраб қолиш келганида… Дўхтирлар ҳам ёрдам бера олмади. Паризодни бир томондан отасиз ўсаётгани, бошқа томондан хаста юраги қийнаб ташлади. У ота меҳрига зор ўтди…
Аёл шундай дея ёстиғи тагидан бир суратни олиб унга тикилди. Сўнг яна қайтиб жойига кўяётганида сурат унинг мадорсиз қўлларидан тушиб кетди. Абдулла дарров суратни қўлига олди. Суратдан унга… отаси қараб турарди.
– Бу киши сизга ким бўлади ? – дея сўради Абдулла шоша-пиша суратдаги одамга ишора қиларкан.
– Паризодни бир умр куттирган отаси бу…
Абдулла гангиб қолди. Онасининг гапларини эслади: “Қайнонам отанг ёқтирган қизни ўғлига олиб бермай, мени келин қилди… Отангнинг вафотидан кейин унинг илк севгилисидан фарзанди бўлганлигини эшитиб, қанчалар хафа бўлгандим…”
Абдулла изтироб билан пичирлади:
– Наҳотки Паризод менинг синглим…
Аёл бош ирғаб қўйди ва гапида давом этди:
– Қизим ўлимини кутиб яшади. Тунлари инграб, ухлолмай чиқарди-ю, лекин мени авайлаб, сездирмасликка ҳаракат қиларди. Қанчалик мени аярди. Уни ёлғиз улғайтирдим. Ҳам ота, ҳам она бўлдим. Бироқ ҳеч ким отанинг ўрнини боса олмас экан. Шўрлик қизим отасини бир марта ҳам кўрмаган. Фақат унинг мана шу суратига тикиларди… Паригинам на ота меҳрига, на ҳаётга тўйди. Яшашни шунақа истардики…
– Қачон… Паризод қачон кетди? – беҳол шивирлай олди Абдулла.
– Вафотига яқиндагина бир йилдан ошди…
Йигитнинг бошига кимдир гурзи билан ургандай бўлди. Бадани музлаб кетди…
“Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Хаёлга келмаган ишлар содир бўлади бу ҳаётда. Бир йил бўлди дедими?.. Демак уни ўнгимда учратганим… Безовта руҳи кезиб юрган экан-да… Тушимда отамни кўргандим. У киши қизини олиб кетиш учун келган экан-да?! Отам болалигимда фақат менинг ёнимда эди. Энди эса навбат синглимга келди…”
Шундай ўйлар оғушида ўйлаб боши ғовлаб кетган Абдулла кўчага чиқди ва қандай қилиб охирги марта Паризод билан хайрлашган жойга келиб қолганини пайқамади. Йигит ўшанда қизнинг қаерга бориши мумкинлигини ўйлаб боши қотганди. Йўлнинг у томони қабристонга туташиб кетган қир-адирлар эди. Демак, Паризод абадий жойига қайтган…
Абдулла эндигина топган синглисининг қабрини зиёрат қилиш учун қабристонга кирди. Унинг димоғига ўша хушбўй, ширин гул атри урилди. Юраги ўша томонга талпинди. Абдулла қулф очиб гуллаб турган қабрни, синглисининг абадий макон топган жойини адашмай топди. Ўша хушбўй гул атри бутун атрофга ҳидини ёйганди. Абдулланинг кўзларидан тирқираб оқаётган ёшлар қулф уриб яшнаётган гуллар устига тушиб, қуёш нурида ажиб жилваланар эди.
Абдулла ортига қайтмоқда. Фақат бу сафар ёлғиз эмас. Ёнида иккинчи онаси ҳам ўтирибди…