Гўзалой Матёқубова. Ғолиба (ҳикоя)

— Ё, мадад!
Зарифанинг овози даврадан эшитилаётган “Ҳа, ҳа баракалла, бўшашма”, каби ҳайқириқлардан фарқли ўлароқ, гулдуракдек янгради. Одатда, у кескин ҳаракат қилмасидан олдин шундай дерди. Бу сафар ҳам шундай деди-ю, рақибасини елкаси оша кўтариб, чирпирак қилиб, ерга урди. Унинг гурсиллашига ҳамоҳанг белининг қаеридир ғирчиллагандек бўлди. Мувозанатини йўқотиб, мулгиб кетди-ю, аммо ўзини ўнглаб олди. Давра тўфон тургандек қалқиди. Реферининг “Ҳалол”, деган овозини даврадаги ҳуштагу ҳайқириқлар босиб кетди. Зарифа полвонларга хос бўлган қирғий қараш билан жунбушга келган даврага разм солди, унинг офтобда бироз қорайган юзида англаб бўлмас маъно зоҳир эди. У белининг зирқирашига қарамай, алп йигитлардай қаддини ғоз тутди. Чалқанчасига ётиб, юлдуз санаётган рақибасини қўлидан тутиб турғизаркан, кўзи қувончдан сакраётган устозига тушиб, мийиғида кулиб қўйди.
Сўнгги пайтларда ғолибликни қўлдан бермай келаётган Зарифани устози унинг ҳар бир муваффақиятидан ирғишлайди. Худди ғолиб Зарифа эмасу, унинг ўзи. Эндигина кураш ҳавасини олиб, гиламга тушган пайтлари рақибларини юлдуз санатиб ғурурланар, устозидек бу муваффақиятдан қувонарди. Аммо энди-чи, энди у нимагадир бундан хурсанд бўлмайди. Худди ғолиб бўлишга маҳкум ва мажбурдек. Шундай бўлсаям, у мухлисларининг руҳини туширмаслик учун қўлини кўтариб қўйди. Энди тина бошлаган давра яна довулдек қалқди.
Зарифа рақибасига таъзим қилиб гиламдан тушганида ҳам давра гувранишдан тўхтамаганди. У салобатли қадамлар билан даврадан ерга қараб чиқаётган бўлса ҳам унга завқ-у шавқ, ҳавас билан тикилаётган минглаб нигоҳларни ҳис қилди. Уни даврадан чиқаверишда устози ва гуруҳдошларидан ташқари яна бир гуруҳ — пўрим кийинган ҳукумат аъзолари кутиб олишди. Афтидан, улар орасида каттаси бўлса керак, баланд бўйли, тепакал киши биринчи бўлиб, елкасини қоқди.
— Баракалла, ўзбегимнинг алп қизи, — деди у Зарифани қўлини сиқиб. Зарифа раҳмат айтиб улгурмай иккинчиси гап қўшди.
— Бопладингиз, қизим!
— Ўзбегимнинг қизи-да! — илиб кетди учинчиси.
Улар бири олиб, бири қўйиб Зарифани табриклашар, у эса ҳиссиз табассум билан бош ирғарди. Зарифа сирғалиб уни олқишлаётган одамлар орасидан чиқиб бораркан, чеккароқда турган, соқоли кўксини беркитган чол баланд овозда: — Зарифа қизим, — деди муҳим бир гап айтмоқчидай. Унинг момақалдироқдек овозидан ҳамма бир зумга тин олди.
— Боя, кескин ҳаракат килганингда ҳеч қаеринг лат емадими, дўхтир-пўхтирга кўриниб қўйсанг яхши бўларди, қизим!
— Нималар деяпсиз, отахон, — қарияга кескин бурилди тепакал киши, — қанақа дўхтир, уят бўлади-я! Ахир, бу ўзбегимнинг алп қизи, Барчиной авлоди-ку! Ҳали бу қизимиз бизнинг довруғимизни жаҳонга кўп таратади. Ишонган тоғимиз бу, ҳали қизимиздан умидларимиз катта. Сиз унақа гапларингизни қўйинг, отахон!
Тепакал катта шундай деганча Зарифага йўл кўрсатди. Қария “катта”нинг гапидан кейин терлаган пешонасини артиб, “Ҳа энди”, деганча қолаверди.
Зарифа жойига ўтирганига фурсат ўтар-ўтмас, қаршисида гул кўтарган ўн-ўн бир ёшлардаги қизча пайдо бўлди. У қўлидаги гулни Зарифага узатаркан, нималардир деди-да, қўли билан ён томонига ишора қилди. Зарифа қизалоқнинг нима деганига тушунмаса ҳам, у кўрсатган томонга беихтиёр юзини бурди. Қизча кўрсатган тарафда унга нозиккина жувон қўл силкир, нималардир деб қичқирарди. Олдинига Зарифа жувонни у билан танишишни истаган мухлисларидан биттасидир-да, деган хаёлга борди. Чунки бундай мусобақаларда у билан суҳбатлашмоқчи бўлган бирон бир қиз ёки жувон топилиб қолар, гоҳида етмишни қоралаган кампирлар ҳам уни ўз ҳолига қўйишмасди. Шу хаёлда Зарифа жувонга бир пас тикилиб тураркан, ичида нимадир жизиллагандай бўлди. “Зуҳра!” Унинг лаблари беихтиёр шивирлади. Ахир бу Зуҳра-ку! Унинг лоқайдлик эгаллаб олган вужудини энди шодлик тўлдирди. У шундай ҳаяжонланиб кетган эдики, ҳеч кимга қарамасдан ўтирганларни туртиб ўтиб, жувоннинг ёнига шошди.
— Зуҳра, — деди жувонни маҳкам қучоқлаб оларкан, — бормисан, наҳотки, ўзинг!
У дугонасини соғинч билан қучаркан, уларга қараб, жилмайиб турган йигитни энди пайқади. Зарифани унга разм солаётганини кўрган дугонаси:
— Таниш, хўжайиним, Шароф ака, — деди жилмайиб. Зарифа дугонасининг турмуш ўртоғи билан бош ирғаб кўришди. Булар эса жўжаларим, — деди шарақлаб куларкан Зуҳра.
Зарифа ҳалиям уни шаддодлиги қолмаганини пайқаб унга қўшилди.
— Жўжаларинг нечта?
— Ҳозирча учта, бу катта қизим, яқинда тўртинчи синфга боради, — деди у ўзига ўхшаган қорача, ҳалигина Зарифага гул берган нозиккина қизалоққа ишора қилиб.
— Булар дадасини эркатойлари, Ҳасан-Ҳусан, яқинда мактабга чиқишади. Тез ора яна битта жўжа кўз очади. Зуҳра шундай деб ёнида турган турмуш ўртоғининг ёқасини тузатган бўлиб, унга эркаланиб қўйди.
Шароф икки дугонани ёлғиз қолдириш учун болаларини олиб, уларга унчалик узоқ бўлмаган ўриндиқлар томон кетди. Зарифа уларнинг орқасидан ҳавас билан қараб қоларкан, — болаларинг дарров катта бўп қолишибди-а, — деди ўзи билмаган ҳолда.
— Ҳа, — деди Зуҳра ҳам жилмайиб, — катта бўп қолишди.
Зуҳра шундай деб ундан кўзини олмай ўтирган турмуш ўртоғига қўл силкиб қўйди. Уларга қараб ўтираркан, Зарифанинг юрагида нимадир чирт-чирт узилди. Аммо дугонасига сир бой бермади. Кенг қулочларини ёйиб дугонасини елкасидан қучди.
— Намунча озғинсан, ҳалиям семирмабсан-а! — ҳазиллашди у.
— Сендақа семиз бўлгандан, озғин бўлган яхши, — қолишмади Зуҳра ҳам. Уларнинг суҳбатлари анча давом этди. Ғолибларни тақдирлаш вақти етиб келгани учун ноилож Зуҳра билан хайрлашиб жойига қайтди. Аммо кўз олдидан Зуҳрани мамнун чеҳраси кетмасди. У тақдирлаш маросимида ҳаммадан баландда туриб, уни олқишлаётган одамларга лоқайд боқиб турар, ҳар гал байроқни елкасига солиб, мадҳия янграганида бош кўтарадиган ғурур бу сафар қаёққадир ғойиб бўлганди. Зарифа шоҳсупанинг энг юқорисида турган бўлса ҳам, мақтовлар кўпайган сари ўзининг ер тубига кириб кетаётгандай ҳис қилар, кўзлари шу тобда ҳеч нимани илғай олмас, фақатгина узоқдан қўл силкиётган Зуҳра ва унинг турмуш ўртоғини, уларнинг худди бир томчи сувдек ўхшаш эгизакларини-ю, бўйчан қизини кўриб турарди.
…Отаси унинг пойқадамига ҳовлига кирмасданоқ катта қўчқор юмалатди. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй йиғилди. Ҳамма уни ғолиблиги билан табрикларди. Зарифа эса ҳаммасига ҳиссиз боқар, унинг учун ҳаммаси бемаънилик бўлиб туюлар, ҳамма уй-уйига тарқалиб, тезроқ ёлғиз қолишни хоҳларди. Ниҳоят, ҳамма дабдабалар тугаб, фақат яқинлари қолди.
Бутун оила дастурхон атрофида йиғилди. Оиласидагилар унга қанчалик ҳурмат кўргизишса, у ўзини шунча ёлғиз, нотавон сезар, яқинлари унга худди четдан келган одамга қарашаётгандек туюларди. Унинг бутун вужудини англаб бўлмас бир тундлик қамраб олганди. Овқатдан кейин отаси “таом ҳақи”, деб фотиҳа ўқиди. Фотиҳа ўқиркан, Зарифани “мартабанг бунданам улуғ бўлсин”, дея дуо қилди. Зарифанинг ичида нимадир ғимирлади. Унинг “Ундан кўра бахтли бўл, десангиз бўлмайдими, ота”, дегиси келди-ю, аммо буни тилига чиқаролмади. Дастурхон йиғиштириб олингандан кейин ҳам ўтирган жойида ўтириб қолди. Унинг ичини қамраб олган тундлик энди ташқарисига ҳам кўчганди. Буни кўриб безовталанган онасининг саволига минғирлаб жавоб берган бўлди-ю, хонасига йўналди. Тўшагини ёзиб, ўзини ўринга ташлади. Ўзини чидаб бўлмас даражада ланж сезди, ич-ичидан қандайдир ғашлик қайнаб чиқарди. Чарчаганига қарамасдан кечаси билан ухлаёлмай, тонгга яқин кўзи илинди. Кўзини очганида боши лў
қиллаб оғрир, қимирлашга ҳоли йўқ эди. Ўтиб кетар, деган илинжда кўзини юмиб қанча ётди, билмади. Бир маҳал онасининг “қизим”, деган овозидан кўзини очди.
— Турдингми, қизим?
— Ҳа,— деди билинар-билинмас Зарифа.
— Турақол, соат ўн бирга яқинлашди, чойингни ичиб ол. Тўйга чиқмайсанми?
— Қанақа тўй?
— Очил қўшни қизини узатаяпти-ку!
— Нилуфарними?
Онаси “ҳа” ишорасини қилиб бошини қимирлатди.
— Кимга?
— Сафар қассобнинг сен билан ўқиган ўғли бор эди-ку, ўшанга.
— Собиргами?
Зарифани ўзи билмаган ҳолда овози титраб кетди. Кўз олдига унинг муштидан оппоқ кўйлаги қонга бўялган синфдоши келди. Эсида, болалигида ҳар доим Собир билан ўйнарди. Собир новчагина, мулойим, қизларникидай катта-катта кўзлари пирпираб турадиган бола эди. У ҳар доим Зарифа қаерга борса унга эргашиб юрар, ўзича безори болалардан ҳимоя қиларди. Унинг бу ҳаракатлари Зарифанинг кулгусини қистатар, уни “шланка” деб мазах қиларди. Шу тахлит йиллар ўтди. Ўшанда мактабнинг битирув кечаси эди. Даврада қизлар билан рақс тушаётган Зарифани Собир четда туриб киприк қоқмай кузатарди. Қиз шўхлик қилиб, унга кўз қисиб қўяр, им қоқиб, бу ёққа келсанг-чи, ишорасини қиларди. Аммо Собир қилт этмасдан унга тикилиб тураверди. Ниҳоят мусиқа ҳам тинди. Қизлар аста-секин даврадан чиқа бошлашди. Шу пайт охирда келаётган Зарифанинг қўлидан Собир секин ушлади.
— Зарифа, — деди у. — Мен сенга бугун бир гап айтмоқчиман.
— Бўпти, икки гап эшитаман, — ҳазил қилди Зарифа қўлини тортиб оларкан.
— Мен сенга жиддий гапиряпман, — Собирнинг овози қалтираб кетди. Уни бундай ҳолатда кўрмаган Зарифа анграйиб қолди. Ҳамманинг нигоҳи уларга қадалганди.
— Бу гапни сенга ҳамманинг олдида айтмоқчиман.
Зарифа беихтиёр атрофига аланглади. Атрофдагилар уларни миқ этмай кузатишарди. Сукутни Собирнинг овози бузди.
— Зарифа, сени яхши кўраман. Сенга совчи қўймоқчиман.
Собирнинг бу гапи Зарифага эриш туюлди. Бирданига қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Собир у томонга бир қадам ташлаб, қизнинг билагидан ушлаш учун яна қўлини чўзди. Зарифа бундай бўлишини кутмагани учун Собирни юзига мушт туширганини ўзи сезмай қолди. У бурнини ушлаётган синфдошига ҳам эътибор бермай, уйига жўнаб қолди. Шундан кейин умуман Собирнинг юзига қарамади. Собир эса ҳадеб унинг йўлини пойлар, Зарифага илинжга ўхшаш маъюслик билан тикилар, Зарифа эса бунга эътибор қилмас, унинг бутун фикру хаёли кетма-кет бўлаётган мусобақалар-у, қандай бўлмасин ғолибликни қўлга киритиш билан банд эди.
— Турмайсанми, нима бўлди сенга?
Зарифа хаёл билан бўлиб тепасида турган онасини унутиб қўйганди.
— Тургим келмаяпти, яна бироз ётай.
— Майли, бўлмаса мен тўйга чиқиб келаман.
Онаси шундай деди-да, чиқиб кетди. Зарифа онаси чиқиб кетгандан кейин ҳам бироз кўзини юмиб, хаёлга чўмиб ётди. Кўча тарафда қаттиқ ангиллаган итнинг овозидан ўзига келиб, ўрнидан турди. Кўрпа-тўшагини йиғиштириб ҳовлига чиқди. Тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди, ўзида бироз енгиллик сезди. Муздай сувда юз-қўлини ювиб, онаси дамлаб кетган, совуб улгурган чойдан бир пиёла ичган бўлди. Ҳовли айланиб, ариқ бўйига экилган райҳонларни тебратди. Ҳавога таралган муаттар бўйлардан баҳри-дили очилгандай бўлди, руҳида бироз енгиллик сезди. Хонасига қайтиб ўзини кўзгуга солиб, калта қилиб қирқилган сочларини тараб, ўзига оро берди. Хонасини наридан-бери йиғиштириб, меҳмонхонага ўтди. Меҳмонхона дид билан безатилган. Бу ерда чинни идишлардан тортиб, ноёб ҳайкалчаларгача топилади. Зарифа бу буюмлар ҳар доим кўзининг олдида турса ҳам, яна бир томоша қилгиси келиб, меҳмонхона тўрида ясатилган шифонер томон юрди. Бу ерда унинг турли мусобақаларда олган совринлар
и, олтин-кумуш медаллари жой олганди. Совринлар тартиб билан тахланган, ёнларида дипломлари ҳам қўйилганди. Зарифа уларни бир-бир томоша қиларкан, кўча тарафдан янгаларнинг ёр-ёр айтган овозлари эшитилди. Зарифанинг вужудига уни тарк этганига кўп бўлмаган ўша дард қайтиб кирди. Юрагининг қаеридир симиллаб оғриди. Кўз олдида чек-чегараси йўқ бўшлиқ пайдо бўлди. Беихтиёр унинг қўллари мушт бўлиб тугилди ва ўзи билмаган ҳолда шифонерга қарсиллаб урилди. Қатор қилиб терилган нарсалар эса гиламга сочилиб кетди. Зарифа шифонер олдида тахтадай қотиб турар, сочилиб ётган совринларга лоқайд боқар, унга ўша ўй-хаёллар яқинлашар, ёр-ёр садолари эса тобора узоқлашарди.