Бахтиёр Абдуғафур. Ғурур (ҳикоя)

Ёши олтмишлардан ошган, гардиши ва ойнаси қалин кўзойнагию сарғайиб кетса ҳам бошидан тушмайдиган Марғилон дўпписи билан қишлоққа таниқли бўлган Тоҳир домла энди янги ном билан одамларнинг оғзига тушди: унинг тўққиз яшар невараси тўп ўйнатиб, антиқа ҳунарларни кўрсатаётганмиш! Энг қизиғи денг, неварасига Тоҳир домланинг ўзи ўргатаётганмиш! Умрида оёғи тўпга тегмаган одамнинг бу иши кўпларнинг ҳайратини оширди. Қишлоқ гузаридаги қассобхонадан гўшт олаётганда Тоҳир домла: “Энди, укам, бу боллар “зборний” деганини онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўйди! Бир мундоғроқ тўп тепадиган, илиги бақувватроғи борми ўзи! Илгари биззи давримизда маҳалламиздаги боллар тепадаги маҳаллага ютқазиб қўйса, кечаси билан ухлолмай, тўлғониб чиқарди! Ўзича бир-икки пинт ўрганиб, ютмагунча қўймасди. Бу йилги ўйинларни кўрдиму мана бу ерим куйиб кетди”, — у шундай деб чап кўкрагига уриб қўйибди. “Энди-и, шу десанг, ҳақиқий ўзбекнинг боласини питболист қиламан деб, кенжа
неварам билан астойдил шуғулланяпман! Бу бола ўзига иккита чиқадиган қолипда ғишт қуйиб, ўзидан катта аравада тупроқ ташиб ўсяпти. Болапақирга “шу ишни қиласан!”, десам ҳаммасини қилади. Ҳа, шунақасидан чиқади-да, қассоб иним!”, деб қилган ишини изоҳлабди.
Кейинроқ қишлоқ мактабининг директори, етмишинчи йиллар урфидаги кенг ёқали кўйлагига галстук тақиб, қуёшда анча униқиб, сарғайиб қолган ўрис шляпа кийиб юрадиган Абдураҳмонов домла ҳам собиқ ходимини чоршанбабозорда учратиб қолиб, гапга тутибди. “Ҳа, домла, тинчликми?” “Тинчлик, домла, тинчлик, — Тоҳир домла бозорга олиб тушган қўйининг арқонидан маҳкамроқ тортиб гап бошлабди. — Шу ғурур деган нарса тинчимни бузганига шунақа бўп қолди. Ҳаммасига кўниб кетаверадиган одам ўзбекми? Боксдан чемпион бўлдикми? Бўлдик! Курашдан чемпион чиқдими? Чиқди!.. Чиқмагани шу футбол қолди, домла! Мана, домла, ўзингиз математиксиз, бир ҳисоблаб кўринг-чи. Ўзбекистонда қанча одам бор? Ҳа, ўлманг, йигирма етти миллиондан ошиб қолдик. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, шулардан нечтаси ўғил бола? Шунча қоракўзлардан наҳот ўн биттаси мана-мен деб чиқмайди! Чиқади, домла, чиқади! Фақат, мана бу ерида бўлса бўлди! — Тоҳир домла яна чап кўкрагига аста уриб қўйибди. — Аг
ар шу ери жиз этса борми, жонини тикиб ўйнайди!” Унинг гапларидан кўнгли кўтарилган Абдураҳмонов домла: “Мактабда ишлаб юрганида ҳам шунақа идеялари бор эди, бояқишнинг!”, деб ўйлаб қўйибди.
Кейинги миш-мишлар олдингисидан ҳам ошиб тушди. Энди Тоҳир домла кампири ва ўғилларининг ҳай-ҳайлашига қарамай, уйидаги иккита сигирини ҳам шартта соттириб юборибди. Кампирининг: “Қариганда бу нима қилиқ?”, дея берган танбеҳига “Невараларинг ўрнига энди сен ўт юласанми? Энди бу боллар жиддий ишлар билан шуғулланади. Етар мол-қўй боққани!”, деб гапни кесиб берибди. Ўғиллар ҳам бирдан тўнини терс кийиб олган отага лом-мим деёлмай қолишибди.
Мактабдаги физрук — Собир домла эса Тоҳир домланинг қилаётган ишларини кўриб энсасини қотирибди, ҳатто ичида андак ҳасад ҳам уйғонибди. “Физкултурани ўқимаган бола футболни қайдан тушунсин!”, деб домлани бир эзиб қўйишни дилига тугиб қўйибди. Хуллас, Собир домла ўша донғи достон бола ўқийдиган учинчи синфни тўртинчи синфга қарши қўйиб, футбол ўйнатмоқчи бўпти.
Чоршанба куни чошгоҳдан кейин қишлоқ аҳли майдонга йиғилибди. Майдоннинг бир томони теракзор, иккинчи томони эса кўлмак. Собир домланинг ўзи ҳакам. Тоҳир домла ўйиндан олдин худди тажрибали мураббийдек кўрсатма бера бошлабди. Унга қулоқ солиб турган одамларнинг кулгиси келармиш.
— Энди, ота ўғлим, бисмилло, деб, ўнг оёғиз билан майдонга чиқасиз, — Тоҳир домла тушунтирармиш. — Эй худо, шу ўтирганларнинг олдида юзимни ёруғ қилгин, дейсиз, бўлмасам иложи йўқ. Қўрқмасдан, нимани ўрганган бўлсайиз, уялмасдан ўйнайверасиз, тузукми?
Май қуёшидан янада қорайиб кетган, озғиндан келган, сочлари тақир қилиб олинган Абдулла “хўп!”, дегандек бош ирғабди.
Собир домла ҳуштагини чалиб, икки жамоани майдонга тизибди. Ранг-баранг кийимдаги болалар сафланишибди. Шундоқ қилиб, ўйин бошланибди. Ўйин пайтида Тоҳир домла деганини ҳеч ким танимай қолибди. “Ё, пирай! Шу ўзимизнинг домлами?!” деганлар ҳам бўлибди. Эҳтиросу қизиққонликка берилишда Сколарию Моуриноларни ортда қолдиргудек эмиш. Гўёки ўртага жаҳон кубоги қўйилгандек! “Ҳа, отам! Баракалла!”, дея майдон четида у ёқдан-бу ёққа бориб келармиш.
Аввалига мухлислар Тоҳир домланинг антиқа хатти-ҳаракатларини кузатишган бўлса, кейинроқ майдондаги ажабтовур ўйин ҳаммани лол қолдирди. Тоҳир домланинг невараси тўп билан шунақа ҳунарларни кўрсата бошлабдики, асти қўяверасиз! Абдулла калта-калта қадамлар ташлаб, рақибларини бирин-кетин алдаб ўта бошлабди. У атрофини қуршаган беш-олти рақибларга ҳам парво қилмасмиш. Хуллас, ўйин Тоҳир домланинг невараси “бенефиси”га айланиб кетибди. Ўша ўйинни кўрган Абдураҳмонов домла кейинчалик гап-гаштакларда, тўй-у ҳашамларда: “Одам боласи ҳам шунчалик ҳунар кўрсатадими, худди тсиркдаги артистнинг ўзи!”, дейишдан чарчамади.
Одамлар ҳайрат ва таажжубда эдилар. Ҳаммадан ҳам Тоҳир домла терисига сиғмай қувонар, ёш боладек ирғишларди. Қўйиб берса, майдонга югуриб кириб, ўйинга қўшилиб кетгудек эди. Қўйинг-чи, ўша куни қишлоқ аҳли кўп ғаройиботларни кашф қилибди: футбол мураббийи Тоҳир домла, янги юлдузча Абдуллажон… Ўша оқшом одамлар ёш футболчи ҳақида турли тахминларни гаплашиб, уй-уйларига қайтишибди. Айримлар агар бу бола шу кетишда бўлса узоққа боришни ҳам башорат қилишибди.
Кейинги бозорда Абдураҳмонов домла “янги мураббий”ни учратиб, ишнинг сирини сўрабди. Тоҳир домла бояги машҳур дўпписини қўлига олиб, бошини қашлаб гап бошлабди.
— Энди, домла, ўзиздан қолар гап йўқ. Ўзиз ҳам жаҳон чемпионати бошланса, телевизорнинг тагига ётволасиз. Сериал-периал деган нарсанинг номи ўчади. Бир эслаб кўринг, футболни қандай ўйнашади, — Тоҳир домла Абдураҳмоновнинг жавобга оғиз жуфтлаганини кўрса ҳам, ўзи давом этибди. — Биринчи қандоқ қилади? Ҳа, ўлманг! Тўп ошириб, оширолмаса, алдаб-алдаб ўйнайдими? Шундоқ! Хўш, шундоқ экан, биринчи навбатда нима керак? Тўпни сезиш. Неварамизни кўрдизми ўзи? Тўпга чаёндек ёпишади. Уни алдаб кетишларига чидолмайди. Тўпдан ажралгандан кўра ўлиб қўя қолишни маъқул кўради. Уни мана шу ғурур, орият питболист қиляпти. Менинг ҳай-ҳайлашим туяга мадад-да.