“Қирқ йиллик гурунглар” туркумидан бир ҳикоят
Қиёматли суҳбатдош
Абдулҳамид Рашидийга бағишланди
Билсангиз, Жийдали деганимизнинг эли аслан қурама, ҳа, балли – ҳар ёқдан келиб қолган. Кеча эмас, бугун эмас, ҳув қадим айёмларда. Кўҳна китобларда дарж этилишича, ҳозир ўртачароқ шаҳар сиёғидаги бу манзил вақти-замонида анчайин бир работ бўлган, карвонсарой дегандек. Қочган ҳам, қувган ҳам бир қўниб ўтган. Қочаётиб ортига бир қараб олган: таъқибкори ҳориб-нетиб ёхуд алланимага чалғиб йўлда қолиб кетган бўлса, ҳеч нима кўрмагандек, лабига кесак суртиб бу ерни муқим макон тутаверган. Таъқибкор ҳам шундай – бу чаманни кўриб, кимни, нима деб қувлаётгани эсидан чиққану отига қозиқ қоқаверган.
Шу тариқа бора-бора гавжумлашиб, ўтар йўл ёқасидаги бир тўп ёввойи жийда баҳона Жийдали аталганича бугун кўрк таратиб турибди. Энди оддий Жийдали эмас у, донғи донғистонга етган Жийдали! (Сираси айтилса, бутун аҳли жаҳон шундай-ку: қайдандир келган, қайгадир кетган. Яъниким, банибашар аслида келгинди, кўчманчи. Бу дунёнинг кирар-чиқар икки эшикли карвонсарой аталиши ҳам шунга бир тимсол бўлса ажаб эмас.)
Жийдалига қайтсак – сервиқор тоғлар этагини ишғол этган, суви тоза, ҳавоси тоза, оғир меҳнат йўқ, қўшни депаралар сингари жон койитиб пахта экмайди, бор ҳунари – олмаю узум етиштириб, ариқ бўйидаги соя-салқин чойхонада шунинг таърифини қилиб, ўшагу чўпчак тўқиб ўтириш! Дунёнинг ғурбатидан безган соф сояпарвару бекорчихўжаси ана шуниям кўзлаб келаверган-да бу ерга. Боз устига денг, кечаги ҳукумат йўқсилпарварликка даъвогар, фойда-зарарга қараб ўтирмас, исми қоракўзу кўккўзни пешонасини бирдай силаб, бебилиска боқиб олаверар эди. Шунданми, Жийдалимизда сержужуқ хонадон мўл, уларни туғиб-бовлаган “қаҳрамон она”лар мўл, албаттаки, туғдирган шеримардлар ҳам шу саноқда. Анойиликда беқиёс ҳукумат эса бунинг барига – дунёга келган ҳар фарзандингиз учун, токи угина бўй чўзиб чимилдиққа киргунча, дўржигина нафақа улашиб турар, бундайин беҳишти беминнатда бел оғритиб бир иш қилмоқ бориб турган девонанинг амали эди.
Ҳақрост, шунча-мунча бола-бақрага зиё тарқатгувчи бир маорифга эҳтиёж борми – албатта бор. Шунча-мунча оғизга дон-дун ташлаб турадиган ҳожатбарор матлубот зарурми – зарур. Иссиқ жон, бирор аъзоси оғриб қолса-чи, азбаройи шафиқлик, сабзадори суртиб қўйгувчи оқ-оппоқ бир муассаса-да даркор. Ана шуларнинг барига бош бўлиб, барини юритадиган соҳиби корлар ҳам керак, инчунун. Сув билан ҳаводек! Аслида бор қиладиган ҳам шулар, йўқ қиладиган ҳам шулар-да.
Узун қиссанинг қисқаси – азал тегирмони бир текис чарх уриб турган ана шу жаннатосо Жийдалида гап тарқалди: нима дейсизки, муаллим, оддийгина жуғрофия муаллими Арбоб Қулов Парижга борармиш! Москвага эмас, Ленинградга эмас – булари ўтаверсин, тус Парижга!
Тўғри, бошида яланггина “чет элга” дейилди. Кейин манзил аниқлаштирилди – аллақандай Лиссабонми, Стокҳолмми, Копенҳагенми дегич ваҳималар экан. Хулласи, олисдан-олис манзиллар, нақд Оврупосининг юраги эмиш! Халқаро конгрессми-симпозиумми, ажабтовур бир фестивалми-форумми, ўшанга қатнашгани борармиш. Охирида, авомнинг лаҳжасига оғирлик қилди чоғи, жарангию довруғига қараб Париж дегани танланди. Париж бўлса Париж-да, нима фарқи бор? Бул шаҳри шондор ҳам ўша томонларда-ку, тўғрими?
Ишқилиб, оддий бир мактаб муаллими Парижларга йўл тортадиган, ўшандоқ мўъжиз мадиналарни кўриб келадиган бўлиб турибди – қаранг, ҳавас қилинг!
Нега келиб-келиб айнан Арбоб Қулов танланди, хўш? Бошқа муаллим, майли, бошқа жуғрофия муаллими топилмабдими денг бу атроф-жавонибда?
Негаки… Аввало мўмин-қобил. Ювошдан-ювош. Батартиб, баодоб. Ичмайди, чекмайди, у ёғи бизга қоронғи – билдирмайди, писмиқ. Бўйингинасидан галстук тушмайди, гулдору эндор галстук, эгнида мудом оқ кўйлагу қора костюм-шим. Хуллас, бари кинодагидек, йўқ, китобларда ёзилгандек, айни рисолабоп! Шу бормай ким борсин Парижга! Жуғрофиядан таълим беришию жайдари талаффузга тушавермайдиган анови Стокҳолму Копенҳаген демоқларга забони бурролиги-чи, қўшимчасига!
Булари бор бўлсин-у, ажаб жингалак сочини айтсангиз! Муаллимлик сипогарчилигини бир четга қўйиб, орқа-олдини ўстириб юборса борми, ана, тайёргина ажнабий хонанда Бобби Жонсон дейсиз!
Йўқ, йўқ, пухтароқ син солиб қидирилса, бундан-да мос, бундан-да муносиброғи ҳам топилади Жийдалидан. Ё балки исму фамилиясининг ажабтовурлиги ҳам ҳисобга олиндимикан? Тополмадингиз, тополмадингиз.
Йўқса, нега сизу биз эмас-у, айнан бу кишим боради Парижга? Бизнинг нимамиз кам экан? Ундаги бўй-баст ўзимизда ҳам бор, қош-кўзи ўзимизникидек, гап-сўзлари ўзимизникидек… Шошманг, шошманг, биродар, шу ўринда андак хато кетдингиз-ов. Бари-бари ўзимиздег-у, аммо унинг номаи аъмолида дейсизми, расмий ҳужжатида дейсизми, нозик бир айбғинаси бор экан-да. Ана шу айбғина бугун келиб Парижга тап-тайёр йўлланма бўлиб турганига шаҳрингизни бераверсангиз-чи! Сафар чаққон дегичлари осмонга бармоқ нуқиб “Бешинчи графа! Бешинчи графа!” дея бекорга ғаламислик қилгани йўқ ҳув кейинчалик.
Ундай десангиз, ўшанақа “графалик”лар ана, сойнинг нариги бетидаги мактаби Фирдавсийда ачиб-тиқилиб ётибди. Ҳар гапдонлари борки, “шумо-шумо”лаб ҳар бобда ҳар кимни мот қилиб ташлайди. Шуларки қолиб, нимага энди аллақандай Қулов танланди экан-а?
Гап шундаки, Парижда бўлажак ўша халқаро анжуман айнан “графа”си ундайларнинг “графа”си бундайлар билан ёнма-ён тинч-тотувликда яшаб-ишлашига бағишланган олижаноб ниятли бир машварат экан-да. Арбоб Қулов жўрамиз эса ана шу шарту талабларга мос тап-тайёр номзод бўлиб чиқибди-да-е! Нимаям дердингиз, омади бор экан, омади!
Бироқ ана шундай омадга эришиб дўпписини осмонга отиши лозим бўлган номзодимизнинг кўнгли нотинчроқ эди. Айтиш керакки, у ажабтовур исм-фамилиясидан кишибилмас хижолатда юриши баробари анови “графа” деганларидан ҳам ич-ичида норизо эди. Аммо начора, одам боласи ўзига ўзи ном танлаёлмаса, ана униси ҳам бандасининг эмас, азал котибларининг қўлида бўлса! Гарчи ҳали Жийдали аҳли таърифланганда “қадимги эл, қурама эл” дея таъкидланган эса-да, ичида “пешонанавис”лари ҳам топиларди.
Биларсиз, кўпинча тоғ этагидаги манзилларнинг қоқ ўртасидан айқириб сой ўтади. Эҳтимол аксинчадир: бир замонлар бунда қўним топганлар азза-базза икки қирғоқ – сой ёқалаб жойлашган чиқар. Шу сой қурмағур гўёки элни-да иккига ажратиб оқадигандек. Ўзи бир эл, бир қавм, лекин зимдан ўзаро мусобақами, баъзида эса ошкора адоват ҳам ҳукм суради денг. Тоғдан келадиган Худойимнинг сувини талашадими-ей, осмонда сузиб юрган дайди булутга даъвогарликми-ей: сойнинг гоҳ бу тарафига, гоҳ нариги тарафига соя ташлайди-да ул жонивор!
Жийдалининг қурамалигини кўп айтдик, бу ер бобомдан қолган, меники, сен эса бегонасан, кет бундан дейдиган мол эгаси кам топилади – бари келгиндилигини билади, бари шу юрт-гўша ўзиники эканини ҳам билади. Шундай бўлса-да, сойнинг икки тарафи унда-мунда “сеники-меники” қилиб туради. Бунга ўртадаги сув неъмати мисол Худо улашган лаҳжа ҳам бир сабаб – нариги томон “шумо-шумо”лаб гапирса, бериги томон “уйтдинг-буйтдинг”дан олади. Сойнинг нариёғидагилар бисёр серилтифот, сермулозамат келса, биз томон бирмунча эррайим, тўпорироқ – туман марказиданмиз-да! Ажойиби шундаки, орага ишқ савдоси аралашиб, келин у ёқдан бўлса – ҳамма “шумо-шумо”га, бу ёқдан борганда эса ўша хонадон чор-ночор “уйтиб-буйтиб”га ўтмоққа мажбур. Бериги томон гоҳо билар-билмас “шумо-шумо”лай бошласа, “Қўйинг-қўйинг, ошино, ўзингизнинг забонда сухан қилаберинг, тушунамиз” дейди сипо томон тантилик билан. У ўзининг шевасида гапирганида эса, балони англаб турган бўлсак-да, бизга бирмунча муллаёна туюладиган сўз оҳангини масхаралаб куламиз.
Аммо булари кундалик эшик-орада кечадиган икир-чикирлар. Кечаги замонда одам ажратган, яъни сен ундоқ-мен бундоқ деганнинг капаси куярди. Ҳамма бирдек фахрли фуқаро, вассалом! Шунданми, қўлидаги ҳужжатни биров тузук очиб қарамас, қараганда ҳам ундаги ёзувларга аҳамият бериб ўтирмас эди. Бу борадаги кўп чалкашликлару ажаб-ажаб ҳангомалар замон ўзгаргачгина маълум бўлди, кўп ташвишлар ҳам туғдирди.
Дейлик, бир ота-онадан бино бўлиб, бир хонадонда ўсган фарзандларининг ярми ҳужжатда “шумо-шумо”, ярми эса бошқача ёзилган оилалар Жийдалида кам эмасди, биров бунга ажабланмасди ҳам. Насл-насабингиз кўпинча резароқ бир муҳрдорнинг қўлида, ўшанинг таъби-табиатига боғлиқ бўларди. Жийдалилик бир бўйнийўғонга эргашиб Кавказ томонлардан келиб қолган, “жаним-жаним”сиз гапирмайдиган хушсурат Патимат – Пана холамиз бир муддат чақалоқларга гувоҳнома ёзиб берадиган идорага ишга ўтди-ю, ёт элда ёлғиз юрмайин дедими, кўзига яхши кўринган маҳалла-кўйини лаку лазгинга тўлдириб юборди. Қиёмат қўпгани йўқ, ана, юрибди бари лаку лазгин аталиб, “ҳаҳ, уккағар” дея, аллақачон хоки туробга айланган Пана холасининг гўрига ғишт қалаб, лекин томиран ўзбек бўлиб, мусулмон бўлиб!
Айтишларича, бунинг ўсалроғи ҳам, кулгибопроғи ҳам ҳув илгари бўлган экан. Номаи аъмол битадиган ўша маҳкамага ўзи бухоролик аталса-да, асли номусулмон қавмдан бўлмиш Анвар Исҳоқов деганлари муҳрдорлик қилибди. Роса хушхат, беш-олти тилда баробар чулдирайдиган, идора ишига чапдаст бир зот. Беғамроқ элимизнинг ўзи ҳам Беғамбой исмли биттаси яйловда туғилган ўғлига гувоҳнома сўраб шунинг олдига келади. Анвар мирзо ҳужжатни расо хушхати билан безайтуриб, бир нуқтага келганда ёш отадан сўрайди: “Қоний, Беғамбой ука, мана, бачамизнинг отларини Бойқобилбой дедук, миллатларини не дейлук: қўнғиротми, чағатайми, ё “шумо-шумо” бўлсунларму?” “Энг зўрини ёзаберасиз-да энди, мирзо бобо!” дейди дала кезмоқдан ўзгасига нўноқ қўйчивонимиз. “Шундой бўлсунму? – дейди муғомбир мирзо муғомбирона илжайиб. – Ўзимнинг элатимни ёзиб берсамми ё – дунёда энг зўр элат?!” “Э, шундан келинг, бобожон, биздан ҳам зўр чиқсин-да! – дейди Беғамбой оғзи қулоғига етиб. – Бир совлиқ биздан! Қўзиси билан!”
Бойқобилбойнинг насл-насаби орадан талай йиллар ўтиб, замон бир айлангач, сандиқда чанг босиб ётган ҳужжат қўлга олингачгина маълум бўлди. Бу орада дунё дарвозалари ланг очилиб, кетгани – кетган, қолгани қолган эди. Кечаги Анвар мирзомиз Авнер Ицхакка дўниб, Исроилга суриб улгурган, агар тирик бўлса, ҳозир Қуддуснинг бозорида товуқ сотиб ўтиргандир. Энди кимнинг ёқасидан олмоқни билмайсиз. Бу ёқда эса Беғамбойнинг ўғлига ҳатто қариндошлари қиз бермаяпти – Бойқобилбой жуҳуд аталиб қолган, қайси мусулмон уни куёв қиларди?! Тенг-тўшлари эса тегишгани тегишган: “Ке, ўзгартириб нима қиласан шуни? Қайтага зўр-ку, бурнинг қонаса ҳам бутун дунё ҳимояга югуриб келади. Эрта бир кун нариги дунёга кетганингда ҳам маза! Ана, қара, шаҳардан чиқаверишдаги йўл бўйида дўмпайган мозоротини қандоқ обод қилиб қўйибди! Одам ёллаб, ўш-ша ёқдан пул жўнатиб турармиш. Ўлганингдан кейин қаерда ётишниям ўйлагин-да, лодон!”
Алқисса, Бойқобил шўрлик то мусулмон бўлгунча, токи ўзбек аталгунча қўйчивон отанинг яна қанча моли-ҳоли бадал кетибди денг! Қўзи-қўчқори билан!
Арбоб Қуловимизга қайтсак, унинг исм-фамилиясидан ҳам, насабию ҳасабидан ҳам асло мамнун эмаслигини шаъма қилгандек бўлиб эдик. Ростдан-да, нимаси арбоб экан унинг, нега – қул? Кимдан чиққан бу қовушмаган номлар? Худо билсин энди. Бир вақтлар қаердандир етимхонага келиб тушган, кимдир исмини ҳазил аралаш Арбоб атаб юборган, яна бирови қул-мулнинг боласидир, Қулов бўлақолсин деган, тамом. Эгасиз, ташландиқ сағирнинг асли аъмоли шу-да.
Бугун ана шу беэга, савил етимча – одам бўлиб, арзанда бўлиб Парижларга борадиган! Воқеан, ўша ёқларга йўлланишига, эҳтимолки, мана шу етим-есирликлари ҳам ҳисобга олингандир?
Бироқ азза-базза Парижга отланган қаҳрамонимизнинг ишкали чиқиб қолди денг. Улай-булай камчилик эмас, қалтисдан-қалтис! Чағир-чуғур етимхона муҳитида ўсиб, ўзбекчаю ўрисчаси баҳарнав бўлса-да, “шумо-шумо”га келганда нўноқлиги маълум бўлди. Бусиз эса Парижга ким қўйибди уни! У ёқда юксак халқаро минбарлардан туриб нутқ сўзламоғи, қитмир мухбирваччалар билан гуфтугў қилмоғи кутилаётир! Она тилида! Шу забонда тайёрланган махсус маърузаси ўзбекчаю ўрисчага ўгирилиб, тегишли жойларда сўзма-сўз текширилиб-тасдиқланмоғи даркор!
Бу ноқисликдан хабар топган юқори ташкилот шошилинч чора сифатида сойнинг нариёғидаги мактаби Фирдавсийдан махсус мутахассис ёллади. Бош ҳужжатида “шумо-шумо” аталган қаҳрамонимизнинг она тилидан сабоғини пухталамоққа. Токи Парижу симпозиумлар нари турсин, шу ернинг ўзидан бирон бадхоҳу нобакори чиқиб, уни кишибилмас имтиҳон қилиб кўрсаю аҳвол ошкор бўлиб, номзод ўлгур-ку гўрга, Жийдали, бутун бошли Жийдали, бундан-да чатоғи – азиз туман раҳбарияти иснодга қолмагай!
Ёрдамга чорланган муаллим ўзича шеър-пер ёзиб тўю томошаларда шоирона қироат билан ўқиб юрадиган маҳмаданагина хилидан экан. Бадхоҳликни қарангки, элатдошининг орини ортмоқлаб тилини чархламоқ ўрнига унинг кўнглига баттар ғулув солди у. Бутун Жийдали айтиб-англайдиган жайдари лаҳжа қолиб, нуқул Фирдавсий замонидаги муллаёна калималардан лоф уради денг. Кўриниб турибди, атай қилаётир, тушунмасин, тушунмайлар кетсин бу ғалча деб шундай қилаётир. Шўрлик Қуловнинг “забони зебо” чангалзорларида гангиб қолганини кўриб бирам завққа тўлади, сўнг унга ошкора ҳасад ила боқадики, “таржима”сини бундай демоқ мумкин: “Шу билим-савия билан бу кишим Парижларга бормоқчи, ўргилиб кетдим! Эсиз Париж!” Гўёки бу сиру савдодан бохабар девор ортида бекиниб турган аллаким шартта ўртага чиқиб, “Бўлди, масала ҳал, Парижга бу эмас, сен борасан!” деб қоладигандек илинж билан ўтиради доим.
Ниҳоят, ул қитмирнинг қийноқларидан безор бўлган Қулов узун кечалар ўтириб ўзи луғат титкиламоққа киришди. Мустақил сабоқ. Гоҳо диққати ошиб, “Э, қайсинг борсанг бор-э ўша Парижингга!” дея ўрнидан туриб кетади. Бирпасдан кейин ҳовуридан тушиб, ўзини чимчиламоққа бошлайди: “Шунча доною валламатлари қолиб, омад қуши сенинг бошингга қўнибди, ношукур, дўппингни осмонга отсанг-чи! Ўзинг бор-йўғи етимхонада ўсган бахтисиёҳ бир ғариб бўлсанг, бу рўшноликни раво кўрган Худойингга шукроналар айтмайсанми?!” Бу ўйлар ўз-ўзидан тушида ҳам кўрмаган Парижга дохил ширин-ширин орзуларга уланиб кетади.
Дарвоқе, туш! Нимадан бошланди ўзи бу туш?
Расмига бориб, аввал қуръа ташланган бўлди. Қуръаси қурғур тилсим танга шамойилида эди. Осмонданми отилган ушбу омад тимсоли Жийдалининг қоқ марказида қуббадор қилиб тикланган хўжакўрсин дарвоза – арк тепасидаги эртаю кеч тинмай жавраб ётгувчи чўян радиокарнайга келиб урилиб хушнаъма жиринг этдию ҳавода учиб заранг ерга, ундан бир қопчиб йўл ёқасидаги тип-тиниқ сув жилдираб ётган ариққа тушди, қўнғир-кўкимтир силлиқ тошчалар узра ўн-ўн беш қадам ялт-юлт жилва сочиб борди-да, каттароқ бир тошга учраб, ногаҳон сўлга бурилиб кетган ариқчага ўтди ва шу ерда эгасини топди.
Ҳали айтдик, Жийдалининг киндиги худди шу жой. Икки марказий кўча мана шу ерда тўқнашади-туташади. Арк дарвозасидан пастга қараб кетгани – Совет кўчаси, унинг “бошини боғлаб” кўндалангига ўтгани эса йўқсиллар доҳийси номи билан аталади. Ҳаммаси бепоён юртнинг ҳар гўшасидагидек пухта режага асосан!
Қуюқ дарахтларга кўмилган Совет кўчасининг икки тарафида кета-кетгунча бир текис оқ-оппоқ бинолар қад ростлаган; туман раҳбариятию бошқа казо-казолар ҳамда келгинди мусофирлар шу уйларда истиқомат қилади. Қолганлар “йўқсиллар доҳийси” паноҳида – туманни кесиб ўтган энг узун кўча бўйлаб ва ўзга маҳалла-кўйлардаги ҳовли-жойларда рўзгузаронлик билан машғул.
Етимхонада ўсиб катта бўлган, уруғ-авлоди бировга номаълум, безот-беэга Арбоб Қулов бир тўп мусофир қатори Совет кўчасининг бошланишида – чоғроқ оилаларга мослаб қурилган чап қўлдаги узун бинода яшайди; бояги тилсим танга бурилган ариқча бўйлаб энсизгина йўлка билан юриб пастак эшикчадан ҳовлига кирилса, иморатнинг бошидаги хонадон шуники.
Ё ўттизинчи, ё қирқинчи йилларда бино бўлган бу иморат олти рўзғорга аталган. Хом ғиштдан тикланганига қарамай жуда пишиқ, мустаҳкам. Деворининг қалинлиги ярим қулоч, шифти уч қулочга боради. Даставвал ярим белдан келадиган тўсиқ девор орқали қозон-товоқ ва бошқа рўзғор лаш-лушлари қалашиб ётадиган икки ёни ёпиқ айвончага кирилади, ундан кейин торқоронғи даҳлиз ва ниҳоят, баланд қўш деразаси катта кўчага қараган ёнма-ён икки хона – ётоқжой ҳам шу, меҳмон-излом ҳам шу ерда кутилади.
Бинонинг ҳовли тарафи тахта девор билан омонатгина қилиб уч қисмга бўлинган, рўпарада бир текис пастак бостирмалар: ўтинхона, кўмирхона, омборча ва бошқа каталаклар.
Ҳовлида, баайни ҳар бир хонадонга алоҳида тегишлидек, биттадан баҳайбат қайрағоч ё акация бўй чўзган, ёзда супуриб турилмаса, таги икки кунда хашакка тўлиб кетади. Ҳар-ҳар жойда бўйрадеккина пайкалга шивит, петрушка ёки ўсма экилган; мевали дарахт кўринмайди.
Ҳовлининг ён-веридан ўтганда ё чала доғланган ёғнинг, ё жингиртобига етказиб қайнатилган чойшаб ҳиди димоққа урилади: бу ошёнларда истиқомат қиладиган хотин-халаждан кимдир наврўзғор, ўчоққа энди яқинлашиши, ёнидаги қўшни эса рўзғор юмушларидан чарчаган, уйида бор кир-чирини ўчоқдаги корсонга жойлагану ичкари хонага кириб уйқуни уряпти, деган ўйга бориш мумкин.
Умуман, бу каби уй-жойларда туриш-турмуш ўзгача, шу тарафларга бош суққан одам ўзини боғ-роғларга бой, обод Жийдалида эмас, тамоман бегона манзилларга тушиб қолгандек ҳис этиши турган гап.
Ҳовли аҳли ҳам шунга монанд – бирортасининг туб-палаги Жийдалига туташ келмайди. Ҳамонки бу аломат ҳовлига қадам босдикми, ундаги истиқоматчилардан сўз очдикми, келинг, уларни озмунча таништирайлик.
Арбоб Қуловнинг ён қўшниси – бир чолу кампир, урушдан кейинги йиллар келиб қолган кекса маорифчилардан. Зиннур абий билан Зила муаллим. Бири биридан жуссаси ушоқ, орқадан қараганда мактаб болалари деб ўйлайсиз. Безиён қариялар. Бир ўғиллари аллақайда майорми-полковник эмиш. Келганини кимса кўрмаган. Яна бири – Фаил таранг, у ҳам шу уйда.
Уларнинг ёнидаги хонадонни туман касалхонасининг донгдор жарроҳи, сўққабош Шундик эгаллаган. Билакларию бет-бошини сарғиш мўй босган бу бароқбой улфатчиликни хуш кўради, ҳар ҳафта уникида “сабантуй”, боши очиқ ҳамширагиналар эрталабгача хизматда. Биров миқ этолмайди. Аввало, ном таратган арзанда дўхтир, қўшимчасига – важоҳати чатоқ, ўзи ҳўкиздек келади, тиғи ялтиллаган яроғини шартта олсами ёнидан!..
Совет кўчасига ёндош йўлка бўйлаб бораётиб Шундикникидан кейинги деразага кўзи тушган ҳар қандай одам бир энтикиши тайин. Оқшомлари дераза оша астагина ичкарига мўраласангиз, кўча чироғининг хира шуъласида тўрт боши кумуш қуббали темир каравотда биров бировни қитиқлаб ётганини кўрасиз. Қитиқлаётган киши – Ленин номидаги ўрта мактабнинг физкультура ўқитувчиси (лақаби Тарангбой) Фаил Зиннурович Шамсуллин, ҳа, ўша – Зиннур абийнинг кенжа ўғли. Иш борида ҳам, иш йўғида ҳам спорт либоси эгнидан тушмайди, ҳозиргина ҳаммомдан чиққандек юз-боши қип-қизил, юрганда енгил йўртиб қадам отади.
Қитиқланаётгани эса шу мактабнинг француз тили муаллимаси Виолетта Алексеевна Салимбекова – новчадан келган, ғозбўйин, жингалаксоч аёл. Юз-кўзи қадим римлик хонимларни эслатади, кўпчилик уни ўрис эмас, негадир немис бўлса керак, деб тусмол қилади. Бўлмаган гап, ҳеч замонда немис французчадан дарс берарканми?! Исми ўзгачароқ дейилса, чет тили муаллимлариники шунақа бўлади-да; болохонадор фамилия эса олдинги эридан қолган.
Хуллас, Фаил таранг ҳар кеча шуни қитиқлармиш. Дароз хоним эса унинг бўйнидан қучиб қиқирлагани қиқирлаган эмиш. Эр-хотин бўлгандан кейин қитиқламоқ ҳам, қиқирламоқ ҳам ўзларининг иши-да. Майли-ю, бир оқшом нечанчи каррадир “Жаноб 420” киносини кўриб қайтаётган Турдаш сирри портвейннинг кайфи билан не бир хаёлда ўша деразанинг тагига бориб қоладию не бир хаёлда аста ичкарига мўралайди. Бундай қараса, ана шу аҳвол! Девонада эс борми, бу “янгилик”ни ўша заҳоти кўча-кўйга достон қилади: “Кўрдим! Худо урсин агар, ўзим кўрдим! Анови Раз-два маалим бор-ку…” Буни эшитган эл ташвишда денг: “Тинмай тош кўтаргани билан Фаилбой отасига тортиб жиккаккина, анови отдай нарса угинани эзиб ташламасмикан?”
Бундан кейинги хонадонда Тўти пасон дегич жувон беш яшар қизчаси билан туради.
Тўти пасонимиз Жийдалининг жайдариси эмас, тус келгинди – қаёқдан келиб қолганини биров билмайди. Афтидан, кимгадир илашиб келган-у, оркаш Жийдалининг қаттиқ-қуруқ урфларига чидаш беролмай, мана шундай ёлғиз-ёрти қолиб кетган. Янги чиққан неки либос бўлса, бошлаб шунинг устида кўрасиз. Шўхчан ёш-яланг орасида лақаби – Жиблажибон. Баланд-баланд пошналарда дикиллаб юришлари! Ўзи аллақайда оддий котиба, қаёқдан оларкан-а?
Шошманг, у ёғига кейин келамиз. Тўти пасон ҳикоямизнинг бош қаҳрамони бўлмаса ҳам “фош қаҳрамон”ларидан, шошманг.
Бинодаги охирги эшик – олтинчи рўзғор… Уни рўзғор деб бўлмас. Бу уйни кириб кўрган одам йўқ, ким яшашини ҳам биров билмайди. Кўк бўёғи кўпчиб-кўчиб қолган эшиги ойлаб очилмайди, мудом “секрет”ли қулф осиғлиқ. Ойда-йилда афт-башараси эсда қолмайдиган нотаниш бир нусха пайдо бўлади, уч-тўрт кун деразасида чироқ милтираб туради, лекин кундузлари қайга бориши, нима иш билан машғуллиги кимсага номаълум. Шу кўйи яна гумдон!
Билгичларнинг айтишича, қуроқ-қурама элимизнинг ўзаро борди-келдию гуфтугўларини зимдан кузатувчи махфий шахс эмиш у. Билмаганлар эса ҳайрон: ошкорасига кузатса бўлмасмикан шуни? Айтгандай, кузатиб нима қилади ўзи?
Бинога кираверишдаги дастлабки уй – ҳали айтилди чоғи – бош қаҳрамонимиз Арбоб Қуловга тегишли. Икки ўғилчасию уларни туғиб берган ҳуркак, гунгурс хотини Зевар билан у, неча йилдирки, шу хонадонда тирикчилик қилади.
Айтгандай, мана унинг ўзи – мактабдан қайтиб, севимли машғулоти – бирпас глобус айлантириб дунё мамлакатларига маҳлиё бўлгач, елкасида куёвлик чопони, туйғунгина кенжасини тиззасига олганча, кўча эшик оғзидаги ёнма-ён икки қари тутнинг биқинини ўйиб ясалган харракда ўтган-кетганга, йўқ-йўқ, Ленин йўлининг нариги тарафидаги торкўчага кўз тикиб ўтирибди. Билмаган киши уни торкўча адоғидаги ўзи катта бўлган етимхонада кечган ситамли болалигини эслаётир ёхуд сал берироқдаги унга қўйдек ювош-мўмин хотин ато этган фақирона хонадон тарафга қараётир деб ўйлаши мумкин.
Ўйчимизнинг ўйи хом, ўйчимизнинг ўйи калта – Арбоб Қулов ҳув муюлишдаги тор-диққинафас ҳовличадан ғозбўйин мис кўза (аслида оддий сатил) кўтариб сувга чиқадиган олмабет Сарани кутиб илҳақ! У чиқиб, ариқ бўйидаги улкан кўкиш харсангга чўнқайган кўйи сатилини (кўзасини) сувга тўлдирадию Арбоб сари ишвали бир нигоҳ ташлаб, ҳовлисига кириб кетади.
Бу ғайридиннинг икки қизи нечун бир-биридан сулув-а? Нега кўпинча сингиллар опаларидан хушрўй, ширинроқ келади-я? Зарасига кўнгил кетиб турганда Сарасини кўрасизу бирдан опадан айнийсиз. Умуман, ўзи хўппасемиз – қизғиш, тарам-тарам лунжларига қўшилиб қорни ҳам осилиб тушган, четларидан бир тутам туссиз паришон мўй мўралаб тургич кафтдеккина қуроқи шапка кийиб юрадиган бул кўримсиз мардумнинг болалари нега бунчалик кўзга яқин? Дароз-дароз Микоили Рафоилидан, Рафоили Микоилидан кўркам, хушсурат! (Кейинчалик бу икки ака-ука тиббиёт илмини обдон эгаллаб, ўликни ҳам тирилтирадиган мўъжизакор дўхтир сифатида қўшни республикада ном таратди – ўша йиллар ниҳояти бир томоғи ачишган жийдалилик ҳам “Туғилган ватанингиздан мозорбости” дея тўрт кило олмани кўтариб ўша ёққа чопарди.)
Ота – Анвар Исҳоқовнинг ўзи ўлгудек кордону омилкор эди-да. Замон ҳар қанча эврилмасин, барига тайёр, барига мос калитни топабиларди. “Бу уккағар жуҳуднинг қўлидан келмайдиган касбу амал йўқдир”, дейди эл. Тўғри айтади: бир вақтлар у мактабда аввал ашуладан, кейин расмкашликдан дарс берган экан; ашула соатларида ёш бўғинга “Азиз ватаним” қўшиғини машқ қилдириб, ватанни севишни ўргатган, расмкашликда эса уларни кўкка бўй чўзган Жийдали тоғларининг виқорини тасвирламоққа даъват этди. Ора-орада билинтирмайгина муқаддас Тавротдан сўз очиб, беозорона ўгит беришни-да канда қилмасди.
Сўнгра бир муддат фотоанжомини орқалаганча тоғу тош, қишлоқма-қишлоқ кезиб суратгирлик билан шуғулланган, дейдилар. Сурат олдирмоққа айниқса хотин-халаж ўч бўлади. Уста сеҳрли ускунасини учоёққа қўндириб, хиёл замон бошига қора мато тортиб тургач, “Бэр, эккэ, уч – внимание, оляпман!” дейдию ўнг қўлидаги қопқоқчани ҳавода гир айлантириб, яна “кўзча”га жойлаб қўяди. Фотонгизни бириси куни оласиз, янга, пулини санаб қўйинг!
Шу орада уч йилми-тўрт йил паспортхонада мирзолик ҳам қилдики, бунинг тафсилотларидан хабаримиз бор.
Эзро Давидов деган ҳамқавми туман касалхонасига бош бўлиб келгач, ўша ерга хўжалик мудири бўлиб ўтди. Худди катта дўхтирлардек савлат билан оқ халат кийиб юришни одат қилди. Ҳамқавми ишдан бўшаб кетганидан сўнг эса, касалхонада кўрган-билганларини ишга солиб молдўхтирлик қила бошлади. Ҳув бир вақтлар ўғилчасини “улуғ қавмга қўшиб” ошна киришган дала-дашт кезиб юрувчи Беғамбой қўйчивон сингарилар ҳам қулоқ-боши оғриганда ундан шифо тилаб келади. Қўли енгил-да палакатнинг.
…Етимхонада ўсган ҳаваскор даҳрий Арбоб Қулов ана шундай икки дунёси куярини ҳам ўйламай, ҳар кеча қирқ коса сувга муҳтож бўларини ҳам ўйламай, куфр хаёлларга ботиб ўтираркан, ҳалигина Совет кўчасини тўлдириб каттаконлар минадиган мошина ўтганинию ундан чўғдек чақнаган бир жуфт кўз йигитлик сиймосини сарупо сермаб кетганини ҳаргиз пайқамай қолибди!
Айни шу чоғ ариқчада оқшомги шафақ аралаш кўзни қамаштириб аллақандай жоду жилва қилди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетган собиқ етимча (кўз оч-да!) тиззасидаги сабийни ҳадаҳа бир ёнга қўйиб, аста ариқчага энгашди. Воҳ жонивор, нақд тилланинг ўзи-ку бу! Шу он аллақайдан “Париж! Париж!” деган янгроқ садо ҳам таралди!
“Арбапкулов – и всё!” Сирли ҳужжатгоҳлардаги тегишли тинтув-текширувлардан сўнг икки кун ўтиб янграган бу ҳукмни инкор этадиган куч йўқ эди Жийдалида! Ҳатто туман саркотиби ҳам бу азозилнинг урғочисидан ҳайиқиброқ турар, унча-мунчага ён бериб, эҳтиёткорона муомала қилар эди. Ахир, раъйига қарши борган ҳар қандай одамни партия мактабларидан ўрганиб келган сиёсий дийдиёлари билан довдиратиб ташлайди-да у. Бошига бир парча рўмол ўраган ёки азбаройи шарм-ҳаё, лозим кийган хотин-халажнинг-ку жонини олади. Оташинлиги ҳув қизил инқилоб замонидаги хунасамижоз комиссар хотинлардан сира қолишмас, эгнига қора чарм камзулу белига маузер етишмас эди, холос. Ваҳоланки, ранг-рўйи кўҳликкина, ширингина, ўзи эса заҳаргина. Сойнинг у бетидан битта, бу бетидан битталаб эр қилди, биридан ўғли, иккинчисидан қизи бор. Муроди ҳосил бўлгач, ҳар иккаласини сазойи кўйига солиб ҳайдаб юборди. Дарвоқе, у кезларда ҳозиргидек мафкура жабҳасига пешво эмас, хуфия тўшаккача ағдар-тўнтар қилиб юргувчи, авом таъбирида “эр-хотиннинг қозиси” – “женотдел” эди. Рўзғори ҳам шунга яраша – бугун Тўти пасон эгаллаб турган камбаргина ҳужрада истиқомат қиларди. Мафкура жилови қўлига тегдию Совет кўчасининг ўнг тарафидаги туман калонполарига мўлжалланган кенг-мўл ҳовли-жойга кўчиб ўтди; сиёсий дами ҳам бир неча бахя зўрайди.
Ҳа, Жийдалимизда Гули Асқаровнанинг номини эшитганда зирилламайдигани кам топиларди. Кабинети эшигидаги қора лавҳга зарҳал уриб “Гилязетдинова Резиде Гюльаскеровна” тарзида ёзилган бўлса-да, кўпчилик уни енгиллатиброқ Гули Асқаровна деб атар, салга жизиллаб кетадиган серхархаша хоним эса шунга келганда негадир ажаб бир кенглик ила жилмайибгина қўяр эди. Бу чиндан ҳам бағрикенгликмиди ёйинки “ҳаҳ, қишлоқи лодонлар-а” қабилидаги истеҳзомиди – топиб бўпсиз!
– Арбапкулов – и всё! – деди у баҳайбат столининг чарм қопланган қиррасига мушт уриб. Рўпарадаги узун столнинг икки ёнини тўлдириб ўтирган маориф дарғалари, бари дами ичида, галма-галига уни қувватлай кетди: ҳа, ҳа, Арбоб Қулов, Арбоб Қулов! Албатта, Арбоб Қулов-да! Жуда-жуда муносиб номзод, ўртоқ Гули Асқаровна!
Эртасидан бошлаб муносиб номзодни Париж сафарига тайёрлаш масъулиятини Гули Асқаровна шахсан ўз зиммасига олди. Бу – Арбоб Қулов ҳали Парижнинг ўзига бўлмаса-да, ярим йўлларга етиб қолди-ёв дегани эди.
Номзоднинг иш фаолиятию туриш-турмушини энг нуфузли журналда ёритгани нақд Московдан мухбир келармиш, деган хабар тарқалдию тайёргарлик ишлари янада кучайиб кетди. Келгач, аввало, уй-жойига қарайди-да, албатта. Ҳув урушдан олдин тоши қўйилган иморатнинг эса аҳволи маълум – сирти беш-ўн йил оралатиб Май байрами арафасида бир мартагина енгил-елпи оқлаб қўйилишини айтмаса, хароб, хийла хароб!
Номзод турадиган хонадоннинг томию теварак-атрофи ошиғич тарзда “тартибга келтирила” бошлади. Буни кўрган Зиннур абий билан Зила муаллим бор орден-медалларини тақиб кўчага чиқди: “Биз-де маарифға қириқ йил хизмет этиб қўйғанбиз!” Улар даъвосини тугатмай, қўшни деразадан юзи шишинқираган жарроҳимизнинг ваҳимали мўйлови кўринди: “Что тут происходит, а?!” Унинг пичоқчасидан ҳамма қўрқиши маълум. Кейинги деразадан эса саватдек сочи ҳар турли қисқичга тўла Виолетта Алексеевнанинг норози чимирилган ёйсимон терма қошлари намоён бўлди: “А нам? А мне?” Масаланинг нозик томони бор эди: номзодимиз айнан Парижга кетяпти, бу хоним эса айнан француз тили муаллимаси! Шу чоқ худди ҳозиргина ноз уйқудан тургандек чала-ярим либосда Тўти пасон чиқиб келди. “Мен Гули Асқаровнанинг олдига бораман! Якка-ёлғиз совет хотин-қизига эътибор қани?!” Жувоннинг очиқ-сочиқ, бир қўлини қуймучига тираб, кўкраги дўнг, таранг ҳолда тургани қурувчи йигитларнинг завқини қўзғаб, пардоз ишларини шуникидан бошламоқчи бўлишган эди, бригаданинг серкаси кўрсатгич бармоғини таҳдидомуз тепага нуқиди.
Бино оройиши энг охиридаги “эгасиз” хонадондан бошланди. Туман коммунал хўжалиги хизматчилари ҳам шу ерда, кўчма қурилиш ташкилотининг қўлигул усталари ҳам шу ерда. Бирортаси бўйин товлаб кўрсин-чи, жони нечта экан?! Неча бўлса, бари-бори анови заҳаргинанинг қўлида! Гули Асқаровнанинг амалдор мошинаси кўринди дегунча, меҳнат аҳли чўғ устида оёқяланг чопқилламоққа тушарди.
Мана шу ташвиш-таҳлика бари ўзи учун, ўзи туфайли бўлаётганини кўрган қаҳрамонимизни айтсангиз! Равиш-рафторлари тамом ўзгариб қолган. Бу ваҳималардан кечалари уйқулари қочиб кетади. Париж! Париж! Кўргани саволга тутади: “Қачон жўнайдилар энди, муаллим? Жомадонлар тайёрми ишқилиб? Келишда бизни унутмайсиз-да, ерда ётган бир дона чақиртоши бўлсаям майлига”. “Эсон-омон бориб қайтдингизми, оға? Париж деганлари чиндан аломат эканми?” дея ғофиллик қиладиганлари ҳам чиқиб қолади. Тўқнаш келганда Зара ўлгур “Наҳотки ёлғиз кетяпсан, Парижга-я?!” деган каби ғамзали қараш қилади. Сараси баттар куйдиради: “Мен-чи? Мени бирга олиб кетмайсанми?!” Бу ёқда ўзининг индамас Зевари, кимдир дарс берганми, бу кишим ҳам балодек тил чиқариб қолган, қараб турсанг, бирорта атир-упа дўконини кўчириб келасан, дея шарт қўймоққача боради кечалари. “Хўп, опкеламан, энағар, опкеламан”.
Хуллас, тарихий сафарга саноқли кунлар қолган. Қайдасан, Париж? Салом, Париж! Бонжур, бонжур!
Бу орада кутилаётган мухбирлар келиб кетди. Московлик мухбир деганда Арбоб Қулов не бир савлатдорларини хаёл қилган эди, сира-сира мухбирлик сиёғи йўқ иккита санғибашара экан. Бир қиз билан бир йигит. Иккаласининг ҳам оти Валя. Валентин билан Валентина. Яна қизиғи – ёзгичи йигит, суратгири қиз. Гуля Асқаровна бошлиқ тўкин базму зиёфатларда ўтиришаркан, таом билан ишлари йўқ, нуқул бири қўйиб бири тамаки тутатади. Анов сабилнинг оқидан ҳам, қизилидан ҳам сероб, дастурхон четида саф тортиб турибди. Йўқ-да, “Сухое вино, сухое вино” деб безор қилишди. Сўраганлари аллақайдан топилди ҳам, ўзини билган жийдалилик оғзига олмайдиган тахир бир бало экан. Икковлашиб бир талайини қуритишди. Хайрият, икки кунгина туришди. Биринчи кунимиди, рюкзак орқалаб эрталабдан тоғ кезиб келишди, иккинчи куни – “чиқ-чиқ” съёмка. Суратгири таманнороқ кўрингани билан чаққон қиз экан. Лип этиб дарахтга чиқиб оладими-ей, яна бир қарасангиз ерга ётволиб чиқиллатадими-ей. Лоф бўлсаям юзлаб сурат туширди-ёв. Бунчасини нима қилар экан деб Арбобнинг боши қотарди.
Бир ойга етиб-етмай бўёқлари ялтираб турган “Огонёк” журнали келди. Уни варақлаб кўриб номзодимиз тамом лол қолди. Санғибашара кўрингани билан ул касофатлар Худонинг балоси экан. Тўрт саҳифа тўла тоғ манзаралари узра бир-биридан кўркам, ярқироқ суратлар; ора-орасида икки кун ичи Валентин ундан билдирмайгина сўраб-билиб олган фикрлар оқизмай-томизмай баён қилинган. Оббо, шоввозлар-эй! Қойил, қойил.
Бироқ ҳамма фалокат шу лаънати журналдан чиқди. Қувончу олқиш-табриклар уч кунми-тўрт кунга етди-ю, кейин… айтмоққа тил йўқ, ёронлар, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, туйқусдан муносиб номзодимизнинг йўли тўсилди – у Парижга бормайдиган бўлди! Оревуар, Париж!
Аввалига ўзи сабр билан кутди: сафар бирон-бир сабабга кўра ортга сурилгандир-да. Бир кун кутди, икки кун кутди, ҳеч гапдан дарак йўқ. Кетар муддати эса ўтиб бораётир. Ноилож, ўтган шу икки-уч ой мобайнида опасидекми-синглисидекми бўлиб қолган меҳрибони Гуля Асқаровнанинг ҳузурига чиқиб борди.
– Чего тебе? – дея негадир совуқ қаршилади опахони.
– Келдим, – деди Арбоб нима деярини билмай.
– Иди, – деди сингилхони мавҳум қилиб.
– Куда? – деб сўради Қулов ҳайрон.
Жавоб ер билан яксон этадиган оҳангда бўлди:
– Иди домой и сиди тихо. Понятно, Арбапкулов?
Келган одам шалвирабгина изига қайриларкан, “Спасибо” демоқдан ўзга сўз тополмади.
– Иди, иди.
Бир ҳафта ўтмай “Жийдали ҳақиқати” газетасида “Францияга отланган фирибгар” сарлавҳали фельетоннамо бир бало чиқди. Унда кечаги муносиб номзодимиз гўрдан олиб гўрга урилган эди.
Азза-базза, Парижга бориш учун паспортидаги “бешинчи графа”ни ўзгартириб олган фирибгар ким – Арбоб Қулов!
Бировларнинг жуфти ҳалолига кўз олайтирадиган маиший бузуқ ким десангиз – Арбоб Қулов! (Хайрият, хайрият, на Заранинг, на Саранинг исми кўрсатилган.)
Совет хотин-қизларига феодалларча муносабат қиладиган жоҳил, кўз очиб кўрган гулдек хотини Кенжабоева Зеварнинг биппа-бинойи фамилиясини ўзгартириб, ўзининг қора ўтмишдан қолган иснодли фамилияси билан атаган золим ким – Арбоб Қулов-да, албатта!
Бу шоввознинг бирдан-бир фазилати (таъбир жоиз кўрилса!) – сочининг жингалалиги, холос!
Шундай нопок, шундай нолойиқ нусхани Париждек мўътабар масканларда ўтадиган халқаро анжуманга номзод этиб танлаган масъул ўртоқларнинг кўзи қайда эди?!
Ўлдинг энди, Арбоб! Ўлдинг энди, Қулов!
Кечагина Парижларни туш кўриб юрган азамат икки ҳафта уйдан чиқолмай ётди. Кейин – яхшики, ёзги таътил чоғи эди – етимхонада бирга ўсган ошнасини қора тортиб, тоққа жўнади. Ҳарна, Жийдалининг гап-сўзидан нари, ўқиш бошлангунча ов-повга чалғиб, ўзига келиб олади.
Жийдалининг лофчи эррайимлари айтмоқчи, бул сўлим тоғларимизнинг Париждан кам жойи борми, ёронлар?!
Анов машъум айбноманинг муаллифи катта-кичик идораларга таниқли ёзғувчи Сафар чаққон эди. Тумандаги икки зўрнинг бири (униси Гули Асқаровна эканлиги маълум). Газетада чиқаришдан аввал у тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, арзини расмийлаштириб олган эди; умри ёза-ёз билан ўтиб, бунақа ишларнинг пири бўлиб кетган у. Қишин-ёзин бошда шляпа, оёқда ғарч этик, бир қўнжида “Правда”, бир қўнжида “Известия” газеталари, бўй бир қарич, кўчанинг ўртасидан савлат солиб ўтганида, узоқдан кўрганлар бир-бирини туртиб, ўзини панага урарди: “Қоч, қоч, анови энағар келяпти, бир ғалвани бошламасин тағин!” “Ёзамиз! – дер эди у тантанавор сурбетлик билан тиржайиб. – Керак бўлса, луб-бойини титиб ташлаймиз!” Ҳаммани безор қилган бу нусха икки дафъами-уч дафъа қамалган, аммо таъзирини емоқ ўрнига ҳар гал гўёки куч олиб, янада чиниқиб чиқар эди. Пашшадан фил ясамоққа уста не-не ташкилотлар ҳам унга бас келолмади. Туман саркотиби уни кўрганда дарров илжайиб, “ака-ака”лаб қоларди. Баттол-да, баттол!
Ҳай, Худо жазосини берар, Худога солдик, лекин мусичадек беозор, бугун энди хору зор дегулик бечора Арбоб Қуловга не хусумати бор экан бу дажжолнинг?
Келинг, аввал ўша лаънати журнални қайта варақлайлик.
Ажаб-ажаб суратлар ичида биттаси бор эди, биттагинаси!
Тепасида акация шохлари ларзон осилиб турган оромкурсида хонакироқ либосдаги (спортча энгил-бош) Арбоб Қулов ястаниб ўтирибди, қўлида жомадонча келадиган бир китоб, номи ҳам баралла кўринарли: “Шоҳнома”. Қаҳрамонимизнинг ёнбошида ясаниб олган чўғдек бир жувон қўша-қўша узукли бармоқларини томошабоп қилиб унинг елкасига қўйганча китобга энгашиб қараётир. Китобда фожеий тарихлар эмас-у, кулгили ҳангомалар ёзилгандек, аёлгинанинг лабида шўхчан табассум.
Яна бир диққатбоп жойи: ўнг оёғи орқароқда, пошнадор туфлисининг тумшуғи ер чизиб турибди.
Энди пешонани тириштириб суратнинг тагидаги митти изоҳни ўқиймиз: “Арбоб Қулов қўли ишдан бўш дамларда севикли рафиқаси билан бирга машҳур “Шоҳнома”ни мутолаа қилмоқни хуш кўради”.
Агар ростдан ҳам шундай бўлса, майли, хуш кўраверсин, бироқ қаҳрамонимизнинг тепасида карашма қилиб турган жувон ўзининг хотини эмас, Тўти пасон-да!
“Огонёк” келса, Жийдалига ўн-ўн беш нусха келади. Униям кўрган кўрар, эътибор билан қараган қарар. Аммо бунақа пайтда… уч-тўрт кун ичида, лоф бўлса ҳам, Жийдали аҳлининг чораклари журналдан хабар топди деса бўлади. Ҳамма ерда шунинг гапи, шунинг муҳокамаси. Ҳаҳ, энағар Арбоб-а! Ҳаҳ, уккағар Қулов-а! Қўй оғзидан чўп олмаган бир содда-баёв кўринардинг – қип-қизил ичидан пишган шайтон экансан-ку! Рўзғорингнинг ўту чўғига балогардон муштипаринг бу ёқда туриб сен бошқаси билан суратларга тушасанми, номард! Энди Парижингга ҳам олакет шу байтални!
Чиндан ҳам, Тўти пасон қай гўрдан пайдо бўлди суратда?
Суратгирлик жараёнига ўша куни Гули Асқаровнанинг шахсан ўзи бош бўлиб турган эди. Кўйлак енгларини тушира-тушира уйдан чиқиб келган Зеварга, унинг бошидаги зар дуррачаю атлас лозимига сарупо бир қарадию ташкилотчининг зардаси қайнаб тошди:
– А ну-ка марш отсюда!
Зевар ногаҳон бир зум қаққайиб қолди, сўнг қўлини кўксига босиб “Хўп, апажон, хўп”, дея зипиллаб ичкари кириб кетди. Кириб кетди-ю, шу заҳоти яна эшикда пайдо бўлиб, кесакига суянганча безрайиб тураверди: унисини ҳам, бунисини ҳам ечмайман, қўлингдан келганини қил!
Ҳа, шу энағар хотиннинг ўжарлигидан бўлди бари! Бошидаги савил қолгур рўмолини ҳам, унисини ҳам ечиб чиқса ўлиб қолармиди денг! Беш дақиқагинага! Йўқ-да, Кенжа қашшангнинг қизи-да бу кишим! Шунгамикан, журнални варақлаётиб, ўша суратни кўрганда нимадандир ирганган каби бурун жийириб “Ҳиҳ!” дедию қайтиб оғиз очмади. Ўзи айбдор-да, ўзидан кўрсин! Бу гапдан бехабарлар эса, “Кенжа қашшангнинг қизи шу хўрлик, шу шармандагарчиликка қандай чидади экан, э, отангга балли!” дея ажабда.
Аҳмоқ хотиннинг бу қилиғини кўрган Гули Асқаровнанинг энсаси қотиб у ён-бу ён алангларкан, қўшни ҳовлида бир қўлини қуймучига қўйганча бу можарони кузатиб турган Тўти пасонга кўзи тушди.
– Тути! Сюда! – дея бармоқ тўлғаб амр қилди.
Ушбу вазиятга тап-тайёр Тўти пасон жиконглаб чопиб келди.
У ёғини “Огонёк”даги суратда кўрдик.
Московдан чиқадиган баобрў журнал шундай дабдабаю асъаса ила суратларини қаторлаштириб босиб, ўзини кўкка кўтариб таърифлаб чиқди-ю, Парижга борган-бормагани билан иши бўлмади-я, тавба! Ёз охирлаганда тўзиб-қорайиб, жингалак сочларини таг-туги билан паккида қирдириб, кизаги бир қарич дўппини бошига бостириб тоғдан қайтган Арбоб Қулов дафъатан ҳайратга тушди. Алам ёғига қоврилиб юраверибди-ю, “Хўп, мен-ку Парижга боролмадим, ўрнимга ким кетди экан?” деган гап бирор маротаба хаёлига келмабди-я! Бунақа вазиятда талабгорнинг ҳисоби бўлмайди, унча-мунча шартларига ҳам қараб ўтирмай жўнатилаверади. Бирон-бир пешонаси ярқирагани чиққандир. Майли, йўлини берсин. Югурганники эмас, буюрганники экан-да, начора!
“Буюрган” ҳам маълум бўлди. Кейинроқ. Вилоят маорифидаги бир каттаконга тегишли аёл киши экан. Миллати тожик ҳам эмас, ўзбек ҳам эмас, қозоқ ҳам эмас, туркман ҳам эмас… У ёғини ўзингиз топинг! Арбоб Қулов сингари элга овоза қилинмаса ҳам, “Огонёк”ларда суратлари босилмаса ҳам Парижларга бораверар экан-а одам, қаранг!
Тоғдан қайтганидан сўнг Арбоб Қулов кўчада бош кўтариб юролмай қолди. Кўргани ё ошкора ачиниш билан қарайди, ё балодан қочгандек нари қочади. Айниқса, оғзига кучи етмайдиганлари чатоқ, аяб ўтирмайди: “Яхши бориб келдиларми, Арбоббой? Парижлар қалай экан, зўрми? Ия, овлари юришмадими? Нечук? Опахонингизнинг кўнглини тополмабсиз-да. Ҳай, ничево, келгуси йил яна калла қилиб кўрарсиз, ошна!” “Қачон энди Парижга жўнайсиз, Қулов? Ҳадеб Жийдалининг жийдасини теравермай Парижларга ҳам бориб туринг-да, муаллим!”
Эл ичида бошқа гап-сўзлар ҳам урчий борди, яъни: “Арбоб Қулов Парижга борган йили”, “Парижга боролмай қолган Арбоб бор-ку, ўшанинг айтишича…”, “Арбоб муаллим Парижга борса, биз ҳам космонавт бўлиб осмонга учамиз” ва ҳоказо.
Кечагина кўтар-кўтар қилиб эъзозланган одам бугун энди мазаху масхара аралаш ерга қориштириб ташланмоқда эди. Шуҳрат билан шармандаликнинг ораси бир қадам экан-да. Аслида, шуҳрат – шармандаликнинг бир тури, иснодсиз тури.
Лалмикорлик орқасидан хийла давлатманд бўлиб қолган тоғлик ошнаси Юнус қоранинг қўллови билан Арбоб Қулов сой бўйидаги ташландиқ бир ҳовлини олиб обод қилди, кўчиб борди. Бир оқшом дарвозаси оғзидаги харсангда чўнқайиб этакдаги сой, кўприк тарафларга хаёлчан боқаркан, атрофини баланд-баланд тераклар қуршаган қўш қаватли узун оқ бино – умрида қадам босмаган мактаби Фирдавсий кўзига сирли бир маскан кўриниб, ўзига чорлагандек бўлди. Туман марказида яшагани учун ўзини шаҳарлик сановчи таниш-билишларидан чандон безиллаб қолган эканки, эртаси куниёқ маориф идорасига бориб шартта ариза бердию шу мактабга ишга ўтди. Она тили ҳисоблангани билан жавоб-муомалага хийла нўноқлигини ҳам ўйлаб ўтирмади. Аста-секин ўрганиб кетар, жуғрофиянинг “тили” маълум-ку: глобус, харита, таёқча…
Насл-насабидан хабардор экан, янги мактаб жамоаси уни қучоқ очиб кутиб олди. Айниқса, ҳув она тилидан устозлик қилган маҳмадана муаллимнинг шодлиги зиёда эди. Бу қувонч, ўзича хаёл қилганидек, Арбоб Қуловни асли-наслига иқрор этиб сойнинг бу ёғига оғдириб келгани туфайлимиди ёки унинг Парижга боролмай қолганига бахил кўнгилнинг тантанасимиди, айтиш қийин.
Ишга қатновнинг қулайлигини айтинг. Дарвоза оғзидан қарасангиз – қўл етгудек жойда мактаб ҳовлиси, спорт майдончаси кўзга ташланади, шамол эсганда танаффусга чиққан болаларнинг шовқин-суронигача эшитилиб туради. Тағин нима керак сенга, эй девона кўнгил, Парижни кўрмасанг кўрмабсан-да!
Бироқ Париж машмашаси беиз кетмади. Халқаро анжуманга номзод танлашда хатога йўл қўйгани учун (аслида, рўмол ўрагану лозим кийган маҳаллий хотин-халажнинг юқори ташкилотларга йўллаган беҳисоб арз-додига кўра) мафкура бекаси Гули Асқаровна ишдан олиниб, туман маданият уйи директорлигига туширилди. Аламига чидаёлмаган жиззаки, курсипараст хоним билак томирини писка билан тилкалаб, ўзича исён қилмоқчи бўлди. Бахтига, ўша кеча касалхонада Шундик навбатчи экан. Беҳуш ҳолда келтирилган ҳаваскор жонкуш хотин-қизларнинг обдон қонини ичган эди, пискабозлик жангида, қаранг, шунинг анча-мунчасини бой берибди, моҳир жарроҳ базўр жонини сақлаб қолди. Кейин аён бўлишича, шу жон дўхтирнинг ўзига аталган экан.
Жонталаш устида топишган икки дайди кўнгил кўп ўтмай Жийдалини тарк этиб, аллақайга гумдон бўлди. Прощайте!
Арбоб Қулов кўчиб кетгач, бир йиллардан кейин Зиннур абий билан Зила муаллимнинг бу дунёдан насибалари узилди. Чол-кампир бир кунда қазо топганмиш, ҳатто иккалови бир тобутга жойланиб, битта қабрга қўйилганмиш, дегандек олди-қочди гаплар ҳам чиқди – ҳаётда улар шу қадар яқин, бир қориндан тушган ажралмас ака-сингил эгизаклар мисоли эди. Тарқалган дийдиё эса тамоман асоссиз эди. Аслида бу икки марҳум ҳар банда қатори алоҳида-алоҳида жон таслим қилиб, алоҳида-алоҳида дафн этилган – ана, ўғиллари Фаил Зиннурович ўзи бунга гувоҳ. Лекин шуниси ҳақиқатки, тўнғичлари – анови генералми, полковникми, на отанинг ўлигида қорасини кўрсатди, на онанинг. Шунда элга маълум бўлди: у ё кампирнинг олдинги эридан, ё чолнинг олдинги хотинидан, ишқилиб, эргашма фарзанд, ўгай. Шундай экан, бунинг устига ўзи генералми, полковникми бўлса, азза-базза Узоқ Шарқдан келиб нима қиларди, ўгай укасига икки энлик таъзиянома йўллайди – олам гулистон-да!
Замон ўзгариб, ҳар бобда тақчиллик сезила бошлади. Шу чоққача ҳотамтой, бебилиска тузум эркаси бўлиб келган Жийдалининг ҳам маишати тортилди, дўкон пештахталарида марказдан юбориладиган колбасаю сариёғнинг баракаси учди. Ана шунда бири калта, бири дароз эр-хотин – Фаил Зиннурович Шамсуллин билан Виолетта Алексеевна Салимбекова, бошқа қавмдошлари сафида, бу қолоқ, қашшоқ манзилдан жомадонини кўтарди. Эшитишимизча, улар аввал бир муддат вилоят марказига қўниб турган, сўнг қаёққа йўл тортишгани элга қоронғи. Бог с вами!
Бу орада хотини ўлиб, можарочи Сафар чаққон деганимиз муродига етди – Тўти пасонни уйига опкелиб олди. Бирор нимадан низо чиқиб, Тўти одатдагидек қўлини қуймучига қўйиб лўлиликни бошласа, Сафар чаққон “Огонёк”даги суратни пеш қилиб оғзига уради. Рўзғорда бўладиган савдо.
Аммо пасоннинг эргашмаси бир қиз бўлиб етишдики, Жийдалини тўрт айланиб ҳам унақасини тополмайсиз! Ҳар нарсанинг жайдарисидан кўра “мозорбости”си қизиқроқ-да. Қизнинг устидан уч мартами-тўрт марта ростакамига пичоқлашув бўлди. Иккитаси кундузи, эски кинотеатр – ҳозирги бильярдхонага кираверишда, қолган биттами-иккитаси – тунда, қоронғиликда қаерда бўлгани маълум эмас. Лекин пичоқкашлардан бирови қамалиб кетгани аниқ.
Нозанинимизнинг ўзи эса, “бор-э баринг” дегандек, ясан-тусан ашёлари учун Тошкентга борганида Отчопар бозорида водийлик бир йигитга илашиб кетди-қолди. Бегонаси қизиқ-да!
Қизи тушмагур ҳам онанинг йўлини тутди, ҳам билиб-билмай ундан ўчини олгандек қилди.
Бугун энди, ёронлар, Жийдалида бизнинг Арбоб Қуловни биладиган, ҳув Париж ҳангомаларидан воқиф мардум кам қолди-ёв. Унинг ўзи-чи, ўзи нима иш қиляпти, дерсиз?
У аллақачон нафақага чиқиб кетган, ҳовлисининг этагидаги эгасиз қияликни ҳам ўраб олиб зинапоя кўринишида боғ қилган, эртаю кеч шу билан андармон. Туман марказига йўли тушса ойда бир-икки мартагина тушади – йирикроқ бозор қилгани, қолган ҳамма нарса ўзидан чиқади, ўзида бор.
Бир замонлардаги башанглигидан энди нишон ҳам йўқ – эгнида қариябоп оқ яктак, бошида ўнгиброқ кетган чуқур дўппи. Дўппини бостириб кийса-да, четларидан кулранг-кумуш толалар тошиб-кўпириб туради. Лекин асти дўппини қўзғата кўрманг – таги тап-тақир, ярғоқ. Ўша бир чоғлардаги ажиб жингалалар Париж армонларига қўшилиб йитиб битган, эски расмларга кўз тушгандагина эсланмаса, унутилиб ҳам кетган.
Воқеан, Париж ҳангомаларини хотирлаганида кампири кўзига балодек кўринади: “Ҳаҳ, энағар Кенжа қашшангди қизи, сенинг касрингга Парижга боролмаганман-а!” Шу асно Анвар жуҳуднинг бири биридан хушрўй опа-сингил қизлари ёдига тушади; “Иккалови ҳам қариб, алвастига ўхшаб қолгандир энди. Исроилидамикан улар ё Америкада? Тавба, ҳечқурса, шунисини билгиси келади-я одам! Ҳе, қариб қуюлмай, мусулмон аталмай ўлиб кет!”
Узоқ йили Арбоб Қуловнинг эндиги осойишта ҳаётида тағин бир кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Жийдали аҳли ўртасида буниси ҳам хийла шов-шув қўзғади.
Қаҳрамонимизни азза-базза Шаҳрисабз томонлардан бир нотаниш одам дараклаб келди. Жийдалини ағдар-тўнтар қилиб, икки кун деганда уни зўрға топганмиш. Меҳмонни туман марказидан биров “жигули”сида ташлаб кетди. Кечки салқинда айвонда давра қурдилар, обу ош. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, йўқлаб келган йигит безот-бебақо Қуловнинг тус жияни бўлиб чиқди, қондош-қориндош опасининг ўғли! Шаҳрисабз деганлари қочиб кетгани йўқ-ку, шунча йилдан бери қайда эдиларинг, жиян? Опаси ўлим олдидангина васият қилганмиш-да: “Тоғагинангни қидириб топ, ёлғиз тирноқ эди. Жийдали деган жойдаги етимхонага бериб юборилганини эс-эс биламан. Отгинаси Арбоб эди, ҳа, Арбоб, эсда қоладиган”. Ота-оналари сил балосидан бир ой ичида адо бўлиб, қариндошлари қизни олиб қолгану болани етимхонага топшириб юборган экан. Сўрайдиган-йўқлайдиган кимса топилмай, ана-мана дегунча орадан шунча замон ўтибди!
– Мен ёш бола эдим-да, тоғажон, ҳеч ким айтмаган, билмаганман, – дея қолган қариндош-уруғ номидан ҳам узрхоҳлик қилди жиян бўлмиш.
Мабодо суриштирилганда ҳам Арбобнинг топилиши даргумон эди. Етимхонага қабул қилинганида атиги уч яшарми-тўрт яшар бўлган, гўдакнинг ўзидан исмини эшитиб ҳамма кулиб юборган, ҳазилкашроқ бир тарбиячи “Арбоб баччағар ҳам етимхонада ўсадими, келинглар, фамилиясини Қулов қилайлик, ана шунда посангиси бирнав бўлади”, дея маслаҳат солган. Боланинг ҳеч бир ҳужжат-пужжати йўқ экан-да.
Бу тарихни Арбоб эсини таниб қолган кезлари бир куни шабкўрланиброқ етимхонага кириб келган ўша кекса тарбиячининг ўзидан эшитган эди. “Мени сўкиб юрма, болам, – деган у дастрўмоли билан дам-бадам кўзларининг селобини артиб. – Фамилияда айб йўқ. Ҳаммамизнинг ҳам ота-бобомиз вақти-замонида кимгадир қул, кимгадир қарол бўлган. – Кейин негадир икки ёнига аланглаган бўлиб, аста қўшиб қўйган: – Ўзимиз ҳам шундай ҳозир… Лекин исминг зўр сенинг – Арбоб! Мўлжални ана шунга қараб олгин, болам”.
Осмондан тушган жияннинг айтишича, улар асли-таги кенагас уруғидан экан.
– Аждодларимиз жуда мард, жанговар ўтган, тоға, билсангиз! – дерди у ғурур билан. – Қонхўр Бухоро амирининг қулоғига симоб қуйиб ўлдирган ҳам ўзимизнинг момомиз-да! Машҳур генерал Жўрабек ҳам биздан!
Бу рўйи заминда тайин-тубли илдизи чиққанидан шўрлик Арбоб Қуловнинг боши кўкка етиб ўтирарди, албатта. Бироқ кенагас-пенагас, жанговарлигу қасоскор момо хусусидаги дийдиёлар, тўғриси, унча қулоғига кирмади. Умр ўтиб бўлди, нима фарқи бор энди? Бир кун келиб нариёққа борганингда кимлардан бўласан, уруғинг нима, элатинг нима деб сўрамас, ахир! Ана, бир вақтлар ўзлари “шумо-шумо” қилиб, нақд Парижга йўллаб кўрдилар – ҳеч иш чиқмади-ку! Гап анов-мановда эмас, пешонада экан, жўралар, пешонада! Насиб этса, келар Шому Ироқдин, дейдилар-ку.
Насиб этса… мана, бугун Арбоб бобомиз умрнинг барча аччиқ-чучугини тамом унутиб, ҳаж қилиш тадоригида юрибди.
Тақдирнинг жилваларини қарангки, бобомизнинг ўртанча ўғли, ота армонларига қасдма-қасдми, француз тилини обдон эгаллаб, шу кунда Ўзбекистонимизнинг Париждаги элчихонасида кўринарли бир лавозимда ўтирибди! Талай йил бўлди. Шунгамикан, уни ўша ёқда фаранг қизга уйланиб олгандир, дегандай тахминлар ҳам чиқди. Бекор гап, қайси ҳукумат хориждаги ваколатхонасининг мулозими ўша ерлик аёлга уйланишига қўйиб бераркан?! Бу ҳам Жийдалимизнинг адо бўлмас лоф-қофларидан, холос. Отасидан гап сўрасангиз, “Йўғ-э, келин ўзимиздан-ку, холасининг қизи, – дейди, кейин эса овозига қувлик аралашади: – Лекин ўзим бир ниқтаган эдим, бу Кенжа қашшангди уруғини қўй, улим, ўша ёқдан бирон фарангисини топгин, деб. Ҳазилга-да”.
Мана, ёронлар, умр бўйи ўзининг асли-наслини билмай, бир тасодиф ила ўзга элатга мансуб саналиб кетган ва шу туфайли байналмилал анжуманларга вакил этилган-у, яна бир тасодиф касрига ўша тарихий сафардан бенасиб қолган ўксик тақдирли қаҳрамонимиз қиссаси ҳам поёнига етаётгандек. Хўш, у бир вақтлар умргузаронлик қилган, Жийдали марказидаги ҳув биз кўп бора нақл этмиш кўҳна иморатнинг кейинги тақдири не кечди дерсиз? Бино аҳлининг бари у ерни тарк этганидан-ку хабаримиз бор, қани, янгилари кўчиб келдими, ким улар?
Бугун собиқ Совет кўчаси бўйидаги келгинди мусофирларнинг бир неча авлоди нашъу намо кўрган ўша тарихий истиқоматгоҳда ҳеч ким яшамайди, лекин барча хоналари банд. Янги замон корчалонлари туманнинг қоқ белидаги тижоратга қулай бу манзилни аллақачон бош-оёқ сотиб олган, кўча тарафдан аломат эшиклар очиб, пештоқларига ажнабий тилларда турли-туман рангин лавҳалар осиб ташлаган. Энди бу ерни ўзига хос мўъжаз бир “Жийдали сити” демоқ ҳам мумкин.
Мана, қолган-қутган гаплар ҳам айтилди-ю, барибир тағин нимадир етишмаётгандек, ўша бинодаги охирги – олтинчи хона очилмагандек! Дарҳақиқат, узоқ фурсат бу эшикка яқинлашмоққа ҳеч ким журъат тополмай юрди. Негаки энди у ерга даъвогарлик қиладиган ёки сўраб-суриштирадиган банданинг ўзи йўқ эди.
Манфаат балоси қандоқ эшикларни очмайди дейсиз! Талай замон чамалаб юргач, ниҳоят, бир неча шоввоз – ҳар ерда ҳозир Сафар чаққон гувоҳлигида, албатта – “секрет” қулфини қўпориб ташлаб, хонага бостириб киради. Кириб нимага воқиф бўладилар денг? Бу ёғи чинми-ёлғонми, ростми-лофми, хуллас, хоналар “шахсий дело”ларга лиқ тўла эмиш – баланд шифтга қадар тахлаб ташланган. Сафар чаққоннинг эътирофича, оёқ остида ётган четлари чирик, моғор босган жилдлардан бирини очиб қараса, у маҳаллий девона Турдашга тегишли номаи аъмол бўлиб чиқибди!
Булари майли, буларига ҳарна ишонса бўлар, қани, энди тўрдаги хонага ўтайлик. Хона ўртасидаги титилиб кетган эски шолча устида бир уюм суяк тўдаланиб ётганмиш. Ўлган одамнинг қуп-қуруқ жасадига ўхшармиш. Унинг бош томонида эса чанг босган, занглаган бир тўппонча – бунисига нима дейсиз! Гўёки мана шунча қоғозу ҳужжатни тўплаган кимса, уларни титкилаб чиқиб, излаганини тополмаган-у, кийим-бошини ечасолиб ўзини шартта отиб ташлаган!
Соғлом ақлга сиғмайдиган бу тафсилотлар – элнинг оғзидаги гап. Баъзиларнинг айтишича, хонани тинтув қилганларнинг ҳеч кимдан қўрқмайдиган, ҳеч нимадан қайтмайдиган бебоку баттоли Сафар чаққон дейдиган бўлсак, ўшандан сўрасангиз ҳам, “Мана, барини ўзингиз айтиб турибсиз-ку, яна нимаси керак сизга?!” дермиш кўзини лўққайтириб.
Қирқ йил бурунги гаплар энди бу. Ўзимизнинг Жийдалидан чиқиб кетганимизга эса ундан ҳам кўп бўлди. Энди буларнинг қайбири чину қайбири ўтирик эканини исботлаб кўринг-чи! Кўпини ўз кўзимиз билан кўрганмиз, айримларини эса айримлардан эшитиб олганмиз. Эшитганларимизни лоф десак, кўрганларимиз ҳам кам эмас-да, а, лаббай?
Аммо биргина айбимизни бўйинга олмасак бўлмас. Ҳув омад рамзи cаналмиш тилла танга ташбеҳини паққос ўзимиз тўқиганимиз рост. Шунча ҳақиқат ичида бир чимдим лофи ҳам бўлса осмон узилиб тушмас, нима дедингиз?
Гоҳо хаёл олиб қочади: ўша тилсием танга бугун ташланса, кимнинг чекига тушарди ва ўша одам Парижга бора олармиди?.. Биласиз-а? Мен ҳам биламан. Нега шундай экан? Мен билмайман. Сиз ҳам билмасангиз керак.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон