Болакайнинг хаёли терак учига илиниб қолган варракда эди. Варракни бобоси қўллари қалтираб зўрға ясаб берганди. Узоқ-узоқларга учириб ўртоқларига мақтаниш хаёли билан онасининг чақирганини ҳам эшитмай қолибди.
– Ҳой, ҳароми, қулоғинг том битганми, ҳозир таг-туги билан узиб олайми?
Бола қўлида толхивич тутган онасининг важоҳатини кўриб, қулоғини кафти билан беркитганча орқа-олдига қарамай қочди. Онаси уни қарғагани-қарғаган. Ҳароми дегани нима экан ўзи? У бу сўзнинг маъносини билмаса-да, ёмон гаплигини англади. Болакай шу қочганича қўшни кўчада ўйнаётган болаларга қўшилиб кетди. Кечга томон зўрға оёғини судраб қайтди. Бир табақаси осилиб, қийшайиб қолган дарвозадан қўрқа-писа кириб, довдираганча туриб қолди.
– Нимага анқайиб турибсан? Қўлимдагини олмайсанми?
У отасининг мулойим овозидан кўнгли яйраб орқасига ўгирилди. Отасининг қўллари банд – икки халта тўла егулик олибди. Демак, отаси мардикор бозоридан иш топган, бугун онаси билан уришмайди, маҳаллани бошга кўтариб бақир-чақир қилишмайди. У ирғишлаб отасининг бағрига отилди.
– Тойчоғим, мана сенга ҳандалак, мана хўрозқанд.
Болакай отасининг қўлидаги егуликларга қарамай, ерда турган халтани тита бошлади:
– Дадажон, эртак китоб опкелдизми, опкелдизми?
У отасига кўзларини пирпиратиб, мўлтираб қаради. Отаси бир қўли билан орқасига яшириб турган рангли китобни боши узра баланд кўтарди.
– Қани, дадажон денг-чи!
– Ўзимнинг дадажоним!
Болакай ўзига сиғмай бор овози билан ҳайқирди. Энди у ҳам Валишерга ўхшаб расмга қараб эртак тўқийди.
– Келдингизми, бойвачча?
У сувоғи кўча бошлаган ошхона остонасида онасини кўриб, дами ичига тушди. Қўлидаги китобни маҳкам бағрига босди. Тамом! Онасининг авзойи бузуқ. Яна жанжал бошлайди.
– Қани, китобни менга бер-чи! – онаси ғазабнок қараб, қошини чимирди.
– Нима қиласиз берсам? – дея болакай онасига ёлбориб қаради.
– Йиртаман! Тандирда ёқаман!
– Бермайман! – болакай овозининг борича бақирди. – Сиз ёмонсиз!
– Мен сизга болани бемаъни нарсалар билан чалғитманг, миясини заҳарламанг демаганмидим! Нега унга китоб олиб келдингиз?
– Болани бозорга олиб бориб бузаётган, миясини заҳарлаётган сенсан! Қўлига пул бериб, эгри йўлга бошлаётган ҳам сен!
Болакай онасининг кўзини шамғалат қилиб, ҳовли четига чопди. Қўлидаги китобни молхонанинг ўтин босилган томи четидаги ранги ўчган эски қути ичига яширди. Кейин бир-бирига бақир-чақир қилаётган ота-онасига бир зум юраги тўлиқиб қараб турди-да, бобосиникига қараб чопди.
Бобоси айвонда ёлғиз ўзи узоқ-узоқларга тикилиб ўтирган экан. У опоқиси кўз тиккан томонга қараб ҳеч нарсани кўрмади. Индамай келиб унинг дағал кафтини нимжон қўлчалари билан силади. “Худди қабристон этагидаги баҳайбат букритутнинг танасига ўхшайди-я”, деб ўйлади у. Кейин унинг ажин босган ҳорғин юзига ҳайрон термулди:
– Ҳароми дегани нима, бобожон?
Бобоси индамади, аммо бирдан унинг кўзига синчковлик билан қаради-да, тўсатдан қўлидаги тешани шудгорга жаҳл билан улоқтирди:
– Сени ҳароми деганларнинг ўзи ҳароми!
Болакай бобосининг елкаси силкинаётганини пайқади. Унинг кўз ёшлари соқолига оқиб тушарди.
– Бобо, йиғлаяпсизми?
Болакайнинг кўнгли бузилди. Негадир унинг ҳам тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Бобоси эгилиб унинг манглайидан ўпди.
– Қўявер болам, эрталаб кўп сув ичиб юборибман, шу кўзимдан оқяпти, парво қилма! – У набирасини чалғитиш учун гапни бошқа ёққа бурди:
– Отанг нима қиляпти. Уйқуни урмаяптими, ишқилиб?
– Мардикор бозорга кетган, – дея жавоб берди бола.
– Сен бир гапни яхшилаб уқиб ол, отанг жуда яхши одам. Меҳнаткаш, ҳалол, тўғри. Фақат, омадсиз.
– Омадни ким беради?
– Омадними? Омадни Яратган эгам беради. Берганга икки қўллаб мўл-кўл беради, бермаганга йўқ.
Чол беихтиёр набирасининг ўйчан, ҳайрат тўла чақноқ кўзларига тикилди. Негадир юраги тўлқинланди, шуурида нимадир “ярқ” этгандек бўлди.
– Биласанми, бўталоғим, ўйлаб қарасам, адашгандайман. Отангни омадсиз деб бўлмайди. Уни сендек омади бор. Ҳа, ҳа, отангни омади сенсан.
– Омад дегани нима ўзи?
– Омадми? Шу, нима десам экан… Мана, сен варрагинг баланд учса тоза қувонасан, тўғрими? Отангнинг узоқ-узоқларга, баланд-баландларга учадиган варраги сенсан. Сен яхши одам бўлсанг, отангнинг бошига омад қуши қўнади, бунинг учун кўп ўқишинг керак. Афсус, отангни ўқитолмадим.
– Ур-ре-е-е, осмонга учсам, космонавт бўларканман-да? Сизниям, дадамниям ракетамга солиб учаман, опоқи!
– Онангни-ям, тўғрими?
Болакай индамади. Онаси унинг космонавт бўлишини хоҳламайди. Ўртоғи Валишер боғчага боради. Космонавт қанақа бўлишини Валишердан эшитган. У ҳам онасига бир неча кун хархаша қилиб юрди. Унинг ҳам ўртоғига ўхшаб боғчага боргиси, космонавтлар ҳақида шеър ёдлагиси келади.
– Боғчага пулни қаёқдан топаман. Рўзғоримни амал-тақал қилиб тебратаётган бўлсам. Ана, бекорчихўжа отанг сенга қарайди. Лекин унга ўхшаган хомхаёл бўлма. Китоб дегани пул туғмайди, аммо сен кўп пул топадиган одам бўл! Пул! Пул! Пул! – онаси бармоқлари учини жаҳл билан бир-бирига ишқади. – Пулинг бўлмаса, дунёда ҳеч кимсан, ҳеч ким! Уқдингми?
Онаси уни ҳам ўзи билан бозорчага олиб боради, кун бўйи кийим-кечак ёйиб сотади. Бугун бозорчага кираверишда катта тоғорадаги шафтолини “Худо хайрингизни берсин, шуни олинглар, шошилятувдим”, деб изиллаб турган кампирдан кўтарасига талашиб-тортишиб 15 мингга сотиб олди. Онаси бошидаги тоғорани ерга қўйиб улгурмасидан бир бақалоқ йигит лапанглаб келиб шафтолига харидор бўлди.
– Опа, йигирма минг бераман. Кечгача бир тоғора шафтолини деб бошингизни оғритиб ўтирасизми?
– Ий-и, инсофингиз борми, бойвачча? Ўзим йигирма беш мингга олган бўлсам, мени ҳам бола-чақам бор.
Онаси бозорни бошига кўтариб тирикчиликдан нолиди. Бола секингина онасининг енгидан тортди. Онаси нега ёлғон гапиряпти. Ахир, шафтолини ўн беш мингга олди-ку ёки ёдидан кўтарилдимикан?
– Ойижон! Ўн беш мингга олувдиз. Ойижон, ўн беш минг-га-а.
Онаси унинг қўлини жаҳл билан силтаб, қайириб ташлади.
– Ўчир овозингни, итвачча! Бир сен қолувдинг, дакки бермаган. Мен сенларнинг қорнингни ўйлаб тиним билмасам-у… Кўрнамак! Овозингни ўчир!
Онаси талашиб-тортишиб шафтолини йигирма беш мингга пуллади. Кейин эриб кетдими, унинг қўлига беш юз сўм тутқазди.
– Бор, музқаймоқ олиб е!
Сўнг бир зумда уни унутгандек, ўтган-кетганга ёйган молини мақтай кетди:
– Чет элнинг асл моли. Сувтекинга сотаман. Эрим касал, дори олишим керак.
Боланинг хаёли отасига кетди. Эрталаб уйдан чиқаётганларида отаси соппа-соғ, томорқада кетмон чопаётган эди. Онаси ёлғон айтяпти. Болакай хўрсинди. Онасигаям қийин-да, кечгача бозорда қўли қўлига тегмайди. Кечқурунлари қўли овқатдан, кир ювишдан бўшамайди. Азонлаб туриб нон ёпади. Кейин аравачага мол юклаб, бозорга шошади.
Кечга яқин бозордан қайтаётганида онаси унга пул соладиган мушукча олиб бериб, қўлига минг сўм тутқазди.
– Кўпгина пул тўпла! Устингга кийим-бош олишимиз керак. Ахир, келаси йил мактабга борасан.
Бола осмонга сакради:
– Урре!! Мактабга бораман! Ойижон! Бобом сумка олиб бераман деганлар.
– Чол ўлгур каллангни бўлмағур гап билан заҳарласа ҳам сендан пулини аямайди. Биттагина меросхўрсан-да! Аммо ҳадеб чолнинг атрофида ўралашма, мияси айниган чолдан яхшилик чиқмайди. Фақат нафақа олганда киргин, хўпми? Қийналаётганимизни айт, анави эски-туски, йиртиқ кийим-бошингни кийиб ол, уқдингми?
Боланинг қулоғига бу гаплар кирмади. У хаёл отида чопқиллаб борар эди. Бобоси зўр-да. Уни яхши кўради, пулини аямайди. Ҳар сафар бир сиқим пул беради, мана, энди мушукчаси пулга тўлиб кетади. Чиройли кийиниб ўанишер билан мактабга боради, ҳар куни “беш” баҳо олади. Улғайиб, космонавт бўлганда кўп пул топади, отаси ҳам мардикор бозорига бормайди.
У йўл-йўлакай мушукчасини ўртоқларига кўрсатиб мақтанди. Уйга қайтиб, дарвоза олдига келганда ичкари ҳовлидан чиқаётган бақир-чақирни эшитиб, жойида таққа тўхтади, кўзларидаги қувонч ўрнини қўрқув, ҳадик эгаллади. Дарвозадан ботиниб-ботинмай кираркан, нима қиларини билмай бир бурчакда қисиниб, олазарак туриб қолди.
– Шу болани ўзингизга ўхшатмоқчимисиз? У ҳам бирни иккига уролмайдиган нотавон бўлиб ўтадими?
– Сенинг худойинг пул, пул учун имондан кечасан. Боланинг хаёлини бўлмағур дийдиёларинг билан заҳарлама. Сен уни икки бошли қилиб қўйдинг! Икки бошли!
Болакайнинг қулоғига ота-онасининг бошқа гаплари кирмади. Фақат икки бошли деган сўз унинг юрагига ўқдек санчилди. Шошиб кичкина кафти билан бошини ушлади. Кейин югуриб ётоқхонадаги шкаф ёнида, деворга тираб қўйилган ойнанинг олдига келиб, кўзларини катта-катта очиб қаради. Йўқ, боши иккита эмас, битта. Дадаси нима учун уни икки бошли деди?! Нега ёлғон гапиради, нега алдайди дадаси? У яна кўчага чопиб чиқиб кетди. Алами келди, ҳўнграб йиғлади, кўзларига аччиқ ёш тўлди. Кўчада қий-чув солиб ўйнаётган болалар уни қуршаб олишди.
– Шокир, нега йиғлаяпсан? Ким сени хафа қилди?
– Шокир, қўй йиғлама, кўзингни артиб қўяй!
– Мен йиғлаганим йўқ… эрталаб кўп сув ичиб қўювдим, шу кўзимдан тўкилиб кетяпти, – деди болакай.
У кечгача болаларга қўшилмай бир чеккада ер чизиб ўтирди. Қоронғи тушиб болалар тарқала бошлагач, уйининг дарвозасига бир муддат маъносиз қараб турди, сўнг чуқур хўрсинди. Кейин бобосининг ҳовлиси томон бошини қуйи солганча шошилмай юриб кетди.
Бобосининг дарвозаси берк. Ташқаридан илгак солинган. Бола илгакни кўтармоқчи бўлиб ҳарчанд уринди, очолмади. Қаёққа кетди экан? Болакай уйга қайтиб боргиси, уни икки бошли деган дадасини ҳам кўргиси келмас эди. Бола дарвоза бўсағасидаги супачага оҳиста чўкканда очиққанини сезди.
Бобоси унга узоқ-узоқларга учадиган янги варрак ясаб бераман, деган эди. Эртага варракни, албатта, ясатади, унинг варраги ҳамманикидан баланд учади.
Осмон тўла варраклар ичида ўзининг варраги энг баланд учаётгани ҳақидаги хаёлларга берилган болакай супачада мунғайибгина ухлаб қолди…
“ЎзАС”дан олинди.