Инсоният маданияти тараққиётида Уйғониш даври адабиёти деб аталмиш давр алоҳида аҳамиятга эга. Бу давр адабиётида Европанинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Англияда ҳам илм-фан тараққиётининг катта ютуқларга эришуви ҳамда бунинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга таъсирини кузатиш мумкин. Англия Уйғониш даври адабиётининг ёрқин намояндаси Шекспирнинг “Гамлет” асари пайдо бўлгунга қадар мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий коллизиялар ҳамда уларнинг ечимида зодагонларнинг ўрни ва роли ҳақидаги масаланинг илдизларини тушуниш ва тасаввур қилиш қийин эди. Уйғониш даврида юз берган улкан кашфиётлар диний ва ижтимоий ақидаларга бўлган ишончни сусайтирди, лекин ҳали одамлар тасаввурини тамомила ўзгартириш учун илм-фандаги ютуқлар ҳамда уларнинг жамият онги тараққиётидаги туб моҳияти инсониятга бевосита ва образли етиб боришини таъминлаш лозим эди. Бу борада бадиий адабиётнинг инсон ва жамият олдидаги хизмати беқиёс. Шекспир мана шундай муҳим ва улкан ўзгаришлар даврида яшади, ижод қилди. Унинг қаҳрамонлари ўз даврининг улкан муаммоларини англаш ва ечимини топишга интилувчи мураккаб образлар сифатида намоён бўлади. Бундай образлар талқинида жамиятдаги эркин ва мутаассибликдан холи дунёқараш ҳамда унинг давр психологиясида акс этаётган янгича концепт тасвири ётади. Шунинг учун бўлса керак, шекспиршуносликда борлиқ ва жамиятга муносабат масаласида “Гамлет”гача ва ундан кейинги тасаввур этиш”, деган тушунча мавжуд. Гамлет образи талқинида “ўзини тушуниш ўзгаларни тушунишга олиб келади”, деган ақида эмас, балки “унингча, бировни яхши билдингми, бас, ўзингни ҳам яхши биласан”[1], деган тўхтамни кўриш мумкин. Биргина бу эмас, файласуфлар ва санъатшунослар дунёни “Гамлетча тушуниш” деганда, кўпроқ Уйғониш даври, Шекспир реализми моҳиятини назарда тутадилар. Чунки реализм дунёни кўришни, кўриб билишни (яъни эшитиб ёки мулоҳаза қилиб эмас, бевосита ўзлаштиришни) тақозо қилади. Шекспир яратган образлар янги давр, янгича фикрлаш ва дунёқарашни шарҳлаши, шакллантириб бериши керак эди. Бунинг учун янги давр моҳиятини тушуниш зарур эди.
Шекспирнинг драматургия соҳасидаги илк қадамлари миллий тарихнинг поэтик талқинига бағишланган драматик хроникалар ёзишдан бошланган. Ёш драматургнинг дастлабки асарлари таниқли инглиз драматурги Кристофер Марлога тақлидан яратилганини мутахассислар қайд қилганлар[2]. Бундай тақлид, асосан, драманинг поэтик фасади, яъни мавзунинг танланиши, муаммонинг қўйилиши, асарда қироллик ва шахс ўртасидаги зиддиятлар ҳамда уларнинг бир-бирига муносабати масалаларидан иборат эди. Бироқ Шекспир асар фасадини шакллантириш масаласида ва бадиий конфликтни топиш, танлаш ва ҳал этиш борасида ўз устозидан ўзиб кетганлиги кўплаб илмий манбаларда акс этган[3].
Шу ўринда, Шекспир нима учун драматургия соҳасидаги фаолиятини тарихий хроникалар яратишдан бошлади, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Маълумки, XVI аср Англия адабиётида кенг қўлланган адабий жанрлар тарихий хроникалар ёки тарихий драмалардан иборат эди. Бу жанрнинг ташкил топишига ва ривожланишига мамлакатда рўй берган бир қатор ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, тарихий воқеалар сабаб бўлган. Шекспир замондошларининг драматик хроникалари тарихий ва сиёсий мазмуни жиҳатидан ниҳоятда долзарб мавзуларга бағишланган. Бу масалада Шекспир ҳам замондошларидан ортда қолмади. У ўз асарларида тарихий ҳақиқатни юксак поэтик маҳорат билан тасвирлай олди; муаллиф хроникаларида воқеалар соддалаштирилмайди, балки асар қаҳрамонлари орасидаги конфликтлар, характерлар орасидаги зиддиятлар кучайтирилиб, улардаги таъсирчанлик кучининг ошувига эришилади.
Шекспир ижодий фаолиятининг биринчи даврида (1591-1601) ўнта хроникал драма яратган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
- Генрих VI, 1-қисм.
- Генрих VI, 2-қисм.
- Генрих VI, 3-қисм.
- Ричард III.
- Ричард II.
- Қирол Иоанн.
- Генрих IV, 1-қисм.
- Генрих IV, 2-қисм.
- Генрих V.
- Генрих VIII.
Асарларнинг номланишидан кўриниб турганидек, ҳар бир тарихий хроника маълум бир мавзу, давлат, қирол манфаатининг алоҳида феодаллар манфаати билан тўқнашуви муаммосига бағишланади. Бу хроникалардан дастлабки тўрт пьеса – тетралогия, воқеалар ривожи жиҳатидан бир-бири билан мустаҳкам боғланган ва емирилаётган жамиятнинг драматик эпопеяси тасвирини ташкил этади. “Генрих VI” асарининг дастлабки уч қисми (трилогия) турли даврларда яратилган. Аввал унинг иккинчи қисми 1590-1591 йилларда ёзилган бўлиб, учинчи ва биринчи қисмлари эса 1592 йилда якунланган[4]. Бу туркумга киритилган пьесаларни драматург бир мақсад ёки муаммони ёритиш мақсадида бошлаган, деб фараз қилиш қийин, чунки улар ягона ном остида бирлаштирилганига қарамасдан турли даврдаги ижтимоий муаммолар талқини билан характерланади. Шу сабаб унинг замондошлари ҳам ҳар бир пьесани мустақил асар сифатида қабул қилганлар.
Генрих VI ҳақидаги трилогия ўрта асрлар Англиясидаги ўзаро феодал урушлар даврининг бадиий картинасини яратади. Мамлакатда ҳукмронлик қилган кишилар фожиаси ва халқ бошига кулфат келтирган воқеалар асарнинг асосий мазмунини шакллантирган. Мамлакатдаги анархияга барҳам бериш, мамлакатни қирол раҳбарлигида марказлашган давлатга айлантириш ғояси трилогиянинг ва умуман, Шекспир хроникаларининг ўқ томири саналади. Шекспир трилогияси “Генрих VI” номи билан аталса-да, трилогияда қирол бош қаҳрамон эмас, умуман, асарда марказий қаҳрамон йўқ.
“Генрих VI”нинг иккинчи қисмида драматург халқ оммасининг ижтимоий ҳаёти тасвирида унинг мақсад-интилишлари, орзу-умидлари нималардан иборат эканини ойдинлаштиради. Ўша давр халқ қўзғолонлари эпизодини яратар экан, Шекспир Англия халқ озодлиги ҳаракати тарихидан икки қўзғолон – Генрих VI замонидаги Ж.Строу ва Р.Кет раҳбарлигидаги қўзғолонлар тасвирига алоҳида урғу беради ҳамда қўзғолон раҳбарлари номи остида халқ ҳаракатлари поэтик истифодасини бирлаштиради. Адиб яратган халқ қўзғолони манзараси ўз давридаги халқ қўзғолонларининг типик кўринишидир. Драматург ҳеч нимани ўзгартирмаган, юмшатмаган ҳолда бу қўзғолоннинг камчиликларини, унинг иштирокчиларида қатъият йўқлигини реал тасвирлай олган.
Трилогиянинг учинчи қисмида Қизил гул ва Оқ гул (сиёсий партиялари) урушининг энг авжига чиққан даври орқали Ланкастер ва Йорк авлодлари орасидаги кескин кураш ва йоркларнинг тахтни эгаллаши воқеаси тасвирланган. Асарда ифода этилган беҳисоб жанг картиналарида ҳар икки сулола қонхўрликда бир-биридан ўзиб кетмоқчидек бўлиб туюлади.
Қирол Генрих VI образи трилогиянинг ҳамма қисмларида ҳам ювош, тинч ҳаётни яхши кўрган, иродасиз, диндор шахс сифатида тасвирланган, у ҳатто чўпон бўлиб туғилмаганига ачинади, бутун мамлакатга раҳбарлик қилган киши Генрих эмас, балки унинг хотини қиролича Маргарита экани хроникаларда очиқ баён этилади.
Учинчи хроника охирида трилогияни бўлғуси асарлар билан боғловчи янги мавзу ва янги қаҳрамон Глостер образи гавдаланади. Бу асар мазмун ва хронология жиҳатидан “Генрих VI” трилогиясининг давоми ва биргаликда тетралогияни ташкил қилувчи хроникал асар “Ричард III” эди. “Генрих VI”нинг учинчи қисмидаёқ Ричард ўз жиноий фаолиятини бошлайди, золим, қонхўр кимса сифатида кўзга ташланади.
Шекспир хроникаларидаги қироллар бева-бечораларнинг ҳимоячиси эмас, улар ўз манфаатини ўйлайдиган ҳукмронлар, холос. Ҳамма хроникалар қироллар номи билан аталган ва улардаги воқеа ана шу қирол ҳукмронлик қилган даврга мос тасвирланади. Ҳар қайси хроника қирол образи ва характерини очиш билан боғланган бўлса-да, драматургнинг мақсади қиролни улуғлаш эмас, балки ўша қирол давлатни идора этишга лойиқми, йўқми, деган масалани ҳал этишдан иборат эди. Лекин бу ўринда Шекспир, қирол ундай ёки бундай бўлиши керак, деб фикр юритмайди. Улар ўз даврининг вакиллари бўлган жонли шахслар, давлат ҳам абстракт тушунча эмас, тарихий зарурият бўлган сиёсий идора сифатида кўрсатилади. Ҳар бир хроника ҳам қирол, ҳам мамлакат фожиасини тасвирлайди. Халқ дунёқарашининг ифодаловчиси Шекспир мутлақ монархияни мамлакат тараққиёти ва халқ осойишталигини таъминловчи ягона, тўғри тузум деб тушунган. Шунинг учун Шекспир ижодининг биринчи даврида яратилган ўн хроникани ана шу масалага, инглиз монархиясининг шаклланишига бағишланган асарлар сифатида қабул қилиш зарур.
Шекспир қиролларга бағишланган асарларида муҳаббатни асосий мавзу сифатида майдонга олиб чиқмайди; бу ўринда драматург ўз замондошларидан фарқ қилади. Шекспир қироллари муҳаббат изҳор қилиш, хонимларга хушомадгўйлик қилиш билан шуғулланмайдилар. Драматург томошабинлар диққатини маиший ҳаёт томонига жалб этмаслик учун онгли равишда, муҳаббат мавзусини хроникаларда асосий деб белгиламаган ва бутун диққатини масаланинг ижтимоий-сиёсий жиҳатига қаратган. Шу муносабат билан Ф.Сулаймонова ёзган эди: “Шекспир қиролларга танқидий муносабатда бўлади. У қиролларнинг камчиликлари, жиноятлари, мақсадлари ва бутун кирдикорларини бирма-бир очиб ташлайди. Уларнинг шахсий фожиалари қанчалик оғир бўлмасин, халқ бошига келтирган машаққатлари ундан ҳам оғир. Шекспир яратган қиролларнинг деярли ҳаммасида салбий хусусиятлар устунлик қилади. Жон – қўрқоқ, ёлғончи; Ричард II – маишатпараст, мамлакат манфаатига бефарқ қаровчи, уни сотишга ҳам тайёр; Генрих IV – айёр, қасамхўр; Генрих VI – иродасиз, заиф, ожиз, диндор; Эдуард IV – ишратпараст, ўз фикри, мустақиллиги йўқ; Ричард III – қабиҳ, қотил, золим, ваҳший; Генрих VIII – айёр, иккиюзламачи ва бошқалар”[5].
Шекспир хроникаларида мамлакатнинг ижтимой тараққиёти, монархиянинг асосий суянчиғи бўлган дворянлар мол-мулки ва шаҳар буржуазиясининг иқтисодий ҳаёти, пул ва ишлаб чиқариш муносабатлари моҳиятининг ўсиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Хроникалар, асосан, қиролликларда Оқ ва Қизил гул уруши воқеалари ҳамда мутлақ монархиянинг шаклланиши тарихи ҳақидаги ижодкорнинг шахсий муносабати тасвиридан иборатдир. Қироллар қонун ва анъаналарга бўйсунишдан кўра, ўз кучларига ишонишни афзал биладилар, давлатдаги қироллик сиёсатини ўз манфаатларига хизмат қилдиришга уринадилар.
Шекспир асарларида тарихий ва сиёсий воқеалар устувор хусусият касб этса ҳам муаллиф тарихга демократик гуманизм нуқтаи назаридан қарайди, уни сунъийлаштирмайди ҳам, камситмайди ҳам, балки холисликка интилади. Аммо муаллиф тарихий воқеалар ва шахсларни ўз асарларида айнан гавдалантирмайди, аввал рўй берган баъзи воқеаларни кейинга, кейингини олдинга суради, қаҳрамонлар ёшини, феъл-атворини ўзгартиради. Демак, тарихий вақт билан бадиий вақт муносабати ва мувозанатини сақлашга интилади. Бадиий вақт нуқтаи назаридан тарихий воқеаларнинг илдизига назар ташлайди, ўтмишда бўлган воқеаларни эсга олиш, хотирлаш ёки туш кўриш каби эпизодлар билан томошабин кўз олдида гавдалантиради.
Қатор инглиз драматурглари, хусусан, Кристофер Марло ҳам тарихий асарларида ҳар томонлама ривожланган шахс образини яратиш ғоясини илгари суриб, жонли характерларни тасвирлашга уринганлар, лекин уларда сиёсий масалаларга қизиқиш, тарих ва жамият муносабатларини бадиий таҳлил этиш маҳорати Шекспир даражасида эмас. Шахс тақдирини жамият тақдири билан узвий боғлиқликда деб ҳисобловчи Шекспир жамият тарихини англаш масаласида ҳам замондошларидан ўзиб кетди, гуманизм фалсафасини даврнинг сиёсий, ахлоқий муаммолари билан мутаносибликда янги поғонага кўтарди.
Шекспирни фожиалари жаҳонга машҳур қилса-да, унинг саҳна юзини кўрмаган тарихий хроникалари шоир ижодий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади. Адибнинг поэтик маҳорати янги қирраларини ўрганишда бу асарлар алоҳида материал бўлиб хизмат қила олади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Шекспирнинг “Ричард III” ва “Генрих IV” асарларини хроникалар деб айтишдан кўра тарихий драмалар сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқдир. Чунки улар мамлакат тарихи хроникасига бағишланган бўлса-да, асарларда образли тасаввур ва баъзи ўринларда бадиий тўқима устунлик қилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Шекспир хроникаларини инглиз театрлари учун мўлжалланган асардан кўра кўпроқ зиёлилар даврасида ўқиш учун мўлжаллаб ёзилган драмалар сифатида қабул қилиш ўринли бўлар эди.
XIX аср инглиз драматургиясида шуҳрат топган Бернард Шоунинг “мутолаа учун ёзилган драмалари” (“драмы для чтения”) ҳам маълум маънода Шекспир бошлаб берган драматургик мактабнинг давоми эканини унутмаслик лозим. “Шекспир чексиз, – деб ёзади улуғ немис шоири Гёте, – Шекспир ҳақиқатан ҳам бепоёндир, чунки ҳар бир давр, ҳар қайси миллат унинг асарларидан маънавий озуқа олади”[6].
Мана, неча асрлардан бери Шекспир асарлари дунёнинг миллионлаб китобхонлари томонидан севиб ўқилиб келинмоқда. Драматургнинг трагедия ва комедиялари жаҳон театр саҳналаридан тушмай, актёрлар томонидан маҳорат билан ижро этилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. Шу ўринда ўзбек таржима мактаби тарихида шекспиршунослик анъаналарини эсга олиш жўяли бўлур эди. Хусусан, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор Ҳамид Ғулом, Юсуф Шомансур таржималарида ўзбек ўқувчиси Шекспир асарларининг бадиий қудрати, даҳо ижодкорнинг бадиий маҳорат мактаби намуналари билан танишдилар. Янги даврда таниқли шоир Жамол Камол Шекспир асарларини бевосита инглиз тилидан ўзбекчага ўгиришга эришди. Бу билан уни шекспиршуносликда янги йўналишга асос солди деб айтиш мумкин. Бир вақтлар Белинский “Шекспир даҳоси туфайли инсоният онги бир-икки поғона юксалди”, деб таъкидлаган эди. Шундай экан, буюк драматург асарларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ва уларнинг поэтик моҳиятини келажак авлодга етказиш бизнинг муҳим вазифамиздир.
Маҳлиё Умарова,
филология фанлари номзоди, доцент
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 5-сон
[1] Ҳаққулов И. Шекспир машъали. Вильям Шекспир. Сайланма. 1- жилд. – Тошкент.: Фан, 2007. – Б. 23.
[2] Аникст А. А. Творчество Шекспира. – М.: Художественная литература, 1963. – С. 81.
[3] Шведев Ю. Исторические хроники Шекспира / Шекспировский сборник: 1958. – М.: Искусство, 1959. – С. 78.
[4] Корнилова Н. Вильям Шекспир. – М., 1972. – С.110.
[5] Сулаймонова Ф. Шекспир Ўзбекистонда. – Тошкент: Фан, 1978. – Б.55.
[6] Эккерман И.П. Разговоры с Гете в последние годы его жизни. –М-Л., 1974. – С.128.