Бизнинг қишлоқ бошқа қишлоқларга ўхшамайди. Нега дейсизми? Чунки даштни кесиб, аввал темир йўл қурилган, кейин кичкина станция. Шундан кейингина станция ишчилари ва бошқалар кўчиб келиб қишлоқ пайдо қилишган.
Даштнинг ўртасида пайдо бўлган, қрим-татар, тожик, ўзбеклар яшайдиган қишлоқда дунёга келганман. Биз болаларнинг эрмаги тинмай ўтиб-қайтадиган поездлар эди. Қалдирғочларга ўхшаб йўл бўйида тизилиб туриб, поездда кетаётганларга қўл силтардик. Вагондаги одамлар биз учун худди бошқа бир оламдек туйиларди. Хамма поездлар ҳам бизнинг станцияда тўхтамасди. Чунки станциямиз кичкинагина эди. Темирйўл поездидан бошқа нарсани кўрмаган болаларнинг орзуси ҳам шунга яраша бўлади. Мен катта бўлсам, албатта, поезд ҳайдовчи бўламан, деб орзу қилардим. Менимча, қишлоғимиздаги болаларнинг барчаси шуни орзу қилган. Балки ростдан ҳам паровоз ҳайдовчиси бўлармидим… Агар у бўлмаганида. У қишлоғимизда ёзда чаққан чақмоқдек ҳаммани ҳайратга солиб пайдо бўлди ва қишлоғимизнинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди.
Одатимизга кўра, болалар кечки поездни кузатиб турибмиз. Станция ёнидан тезлигини бироз пайсайтириб ўтиб бораётган поезднинг охирги вагони эшиги кутилмаганда шарақлаб очилди ва ниманидир гурсиллатиб улоқтиришди. Ҳаммамиз думалаб кетган нарсанинг ортидан югурдик. Юз-кўзи қонга беланган киши думалай-думалай ариққа тушиб кетди. Бизнинг шовқинимизни эшитиб, станция навбатчиси югуриб келди. Оёқ остида ўралашаётган биз болаларни дарров ҳайдаб солишди. Уни эса қишлоғимизнинг табиби Софа бувиникига олиб кетишди. Икки кун давомида уни кўриш учун Софа бувининг панжараларига осилсак-да, афсуски, ҳеч нимани кўролмасдик. Кейин уйда катталардан эшитган гапларимизнинг биттасига ўнта қўшиб, бир-биримизга етказишни бошладик. Поезддан улоқтирилган меҳмон бир кун дунёдаги энг катта ўғри бўлса, эртасга чет эллик айғоқчига айланарди…
Ўн кунлардан кейин ўзига келган меҳмон кимлигини ҳам қаерданлигини эслолмаётганлиги маълум бўлди. Ҳатто исмини ҳам билмас эди! Шундан кейин Софа буви уни Аллоҳнинг ихтиёри билан бизнинг қишлоққа келиб қолди, исми Ихтиёр бўлсин деди. Секин-секин ўзига келган Ихтиёр ака жуда келишган, бақувват йигит эди. Бир куни қишлоғимиз оқсоқоли у ҳақда ҳукумат идорасига хабар бериш керак, деб қолди. Лекин Ихтиёр ака негадир қўрқиб кетди ва уни қишлоқдан ҳайдамасликларини ўтиниб сўради. Қолаверса, Софа бувининг гапини қишлоқда ҳеч ким икки қилолмасди. Бувининг болалари узоқ шаҳарларга кўчиб кетишган, кампир ёлғиз яшарди. Бир куни Ихтиёр ака Софа опага айтаётган гапларини эшитиб қолдим:
— Ҳатто исмимни ҳам билмайман, лекин юрагимда қўрқув бор. Хотиранинг ўчиши фақат мияга таъсир қиларкан, юракка эса таъсирини ўтказа олмас экан… Қаттиқ қўрақаман, лекин кимдан қурқаётганлигимни билмайман, олдин нима иш қилганимни билмайман-у, лекин қандайдир жисмоний меҳнат билан шуғулланганимни сезиб турибман. Тузалганим сайин ғайратим ичимга сиғмаяпти…
— Худонинг қудрати бу болам, кўнглинг тортган ишларни қилиб тургин-чи, балки кимлигингни ҳам эслаб қоларсан. Сени танимайман, лекин ёмон одам бўлмаганингни сезиб турибман… Ким сени бу аҳволга солди экан-а…
Ихтиёр ака келиб фарзандлари кўчиб кетган Софа бувининг ҳовлиси яшнаб кетди. У эртадан кечгача томорқада ишлар, вақт топиб қўшниларга ҳам ёрдам берарди. Шундай пайтлар демак, деҳқон бўлган эканман, дерди. Лекин қишлоқ одамига ўхшамасди у. Қишлоқ болалари билан ҳам тилтопишиб тезда дўстлашди. Унинг ҳар тонг чиқиб қишлоқни айланиб югуриши биз учун ҳам одатга айланди. Дарахтларга турник ясаб ҳар куни машқ қиларди. Болаларнинг спортга қизиқиб қолганини кўрган оқсоқол, қишлоқ четини стадионга айлантиришни маслаҳат берди. Шундан кейин ўзимизнинг қўлбола стадионимизда ҳар куни машғулотлар ўтказадиган бўлдик. Ихтиёр ака бизга боксдан сабоқ берарди. Шаҳарга тушганларга қўлқоп ва қоплар буюртириб жиддий шуғулланадиган бўлдик. Дадам бу бола боксчи бўлган шекилли, деб қолди бир куни. Чунки хотираси йўқ бўлса-да, тактикасини биларди. Баъзан ўзининг ҳаракатларидан ўзи ҳайрон қоларди.
Кўп ўтмай ёз тугаб, биз болаларга мактаб бошланди. Мактабимиз узоқ бўлгани учун уч километр юриш керак, совуқ кунларда эса мактабга бормасдик. Ихтиёр ака бунинг ҳам йўлини топди. Қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашиб, болалар учун эшак-арава ажратди ва ҳар куни бизни мактабга олиб бориб қўядиган бўлди. Мазза эди ўшанда! Бир арава бўлиб шахсий аравамизда яна шахсий аравакашимиз билан мактабга бориб-келамиз! Бошқа қишлоқдагилар ҳам биздан ўрнак олиб шу усулни йўлга қўйишди. Ўқитувчилар кам бўлгани учун мактабимизда жисмоний тарбия дарси умуман бўлмасди. Қолаверса, директоримиз қишлоқ боласи учун бу дарснинг ҳожати йўқ, дерди. Лекин Софа опанинг ўғли шу фандан дарс бериши мумкинлигини эшитиб уни ишга олди. Шундай қилиб мактабни тугатгунимизча Ихтиёр ака қишлоғимиз йигитларини ҳақиқий боксчи қилиб тарбиялади. Мактабимиз саккизинчи синфгача бўлгани учун, ўқишни давом эттиришни истаганлар туман марказидаги мактабга борарди. Мен ҳам шу мактабга йўл олдим.
Янги мактабимда жангарилигим билан барчанинг назарига тушдим. Жисмоний тарбия ўқитувчимиз менинг аниқ ҳаракатларимни кўриб бир зум оғзи очилиб турди-да, кейин сенга боксни ким ўргатган, деб сўради. Мендек чекка қишлоқдан чиққан боланинг боксни мукаммал билиши уни ҳайратга солганди. Бир қариндошимиз, деб жавоб бердим. Чунки Ихтиёр ака хотираси тикланмагунча у ҳақда ҳеч қаерда гапирмасликни илтимос қилганди.
Янги ўқитувчим Соҳиб ака сен жиддий шуғуллансанг, кўп нарсага эришасан деди ва мени вилоятдаги спорт мактабига олиб борди. У ерда ҳам тактикамга қойил қолишди. Ўша йили ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақада ғолиб бўлдим. Вилоят раҳбарлари менга қизиқиб қолишганини айтишди. Биз томонлардан ҳам чемпионлар чиқсин, шу болага алоҳида эътибор беринглар дебди обком бобо. Қувончимни бўлишиш учун қишлоғимга шошилдим.
— Ихтиёр ака, кейинги мусобақаларимга сиз ҳам боринг, ахир ҳаммаси сиз туфайли-ку.
— Буларнинг бари ўзингнинг меҳнатинг туфайли… — деди Ихтиёр ака кўзларини узоқларга маъносиз тикканча. Кайфияти бўлмаса ёки боши оғриса у доим ғалати бўлиб қоларди. Шундай пайтларда уни ёлғиз қолдиришга қўрқардим. Чунки бир марта бошини деворга уриб-уриб йиғлаганини кўрганман.
Энди бокс менинг ҳаётимга айланди, аввал, вилоят кейин республика… Жисмоний тарбия институтига имтиҳонсиз қабул қилиндим. Энди кўнглимдаги ишни амалга оширсам бўларди. Мен спортга алоқаси бор кишидан изсиз йўқолган боксчи бўлганми, деб суриштиришни дилимга тугиб қўйгандим.
Бир куни бизнинг машғулотларни деканнинг ўзи кўрмоқчилигини маълум қилишди. Мураббийларни уялтириб қўймаслик учун жон-жаҳдимиз билан машқ бажаряпмиз. Бир пайт декан мени диққат билан кузатаётганини сезиб қолдим. Машқ тугагач, имлаб ёнига чақирди.
— Устозинг ким сенинг? — сўради у қовоғини солиб. Мен ниманидир хато қилдим, деб ўйлаб бироз довдирадим. — Бу тактикани сенга ким ўргатган? — сўроқни давом эттирди декан ўша оҳангда. Мен институтдаги мураббийимнинг исмини айтдим.
— Йўқ, — деди декан кескин гапимни бўлиб. — Бу унинг тактикаси эмас. Қаерликсан?
Мен айтдим. Декан қошларини чимириб ўйланиб турди-да, жавобимдан кўнгли тўлмади шекилли, ўйланганча залдан чиқиб кетди. Мен эса тажжубланиб қолавердим. Шунда мураббийим ёнимга келиб, қўлини елкамга ташлади:
— Деканимиз ҳам боксчи бўлган, ҳамманинг усулини беш қўлидек билади, — деди. — Сеникини кимгадир ўхшатди, шекилли…
Шунда кўзим ярқ этиб очилгандек бўлди. Машғулот тугамаган бўлса-да, деканнинг ортидан югуриб чиқиб кетдим.
— Домла! — қичқирдим энди машинасига ўтираётган деканга етиб олиб. — Сизга менинг тактикаларим таниш туйилдими? Бу кимнинг тактикаси эди?..
Биринчи курс талабасининг андишасизлиги домлага эриш туйилди шекилли:
— Ҳали дарсингиз тугамади, йигитча, боринг шуғулланинг, — деди қошларини чимириб.
— Илтимос, домла, айтинг! Бир кишининг тақдири сизнинг гапингизга боғлиқ…
— Тушунмадим?!
— Менга боксни Ихтиёр ака ўргатган, бу унинг тактикаси… Асл исмини билмайман, лекин иягининг ўнг томонида чандиғи бор…
Деканнинг кўзлари чақнаб кетгандек бўлди. Кейин мени судрагидек бўлиб хонасига етаклади ва бир бошдан айтиб беришимни буюрди. У худди мендек ҳаяжонланаётганди.
Мен барча-барчасини — ёз кечасида поезддан улоқтирилган йигит ва унинг хотирасини йўқотгани-ю, қишлоқ болаларини боксга меҳр қўйишига сабабчи бўлганини гапириб бердим. Бир пайт қарасам, деканнинг кўзлари тўла ёш у аламини олмоқчи бўлгандек нуқул сочларини чангалларди.
— Бу ўша… Билгандим, унинг тириклигини… Сезгандим.
— У к-киши ўғлингизми?..
— Шундай деса ҳам бўлади. У менинг энг яхши шогирдим эди. Ҳеч кими йўқ, болалар уйида тарбияланган… Бишкекда бўладиган мусобақага кетганча қайтиб келмаган. Ўшанда у билан бирга боролмагандим. Хайрият, тирик экан…
Шу куниёқ деканнинг машинасида қишлоғимизга йўл олдик.
Юлдузлар чарақлаб турган осмонга ҳиссиз тикилганча чорпояда ўтирган Ихтиёр ака бизнинг келганимизни сезмади, ҳам.
— Дилшод… — секингина айтилган бу сўз худди акс-садо бергандек эшитилди менга. Ихтиёр ака кескин ўгирилди. Кейин иккиланиб бир менга, бир деканимизга қараб туриб қолди. Унинг азобланаётгани сезилиб турарди. Оғриқдан бошини чангаллаб ўтириб қолди. Хотиралари бирдан ёғилиб келмаган бўлса-да, бу одам юрагига яқин одамлигига амин эди…
Деканимиз Ихтиёр акани олиб кетаман, деганда бутун қишлоқ мени ёмон кўрди. У худди ўз жигаримиздек бўлиб қолганди-да.
Шифокорлар назорати остида ўзига келган Ихтиёр ака ўшанда вагон тамбурида безорилар билан уришиб қолгани, боксчи болага кучи етмаган дайдилар елкасидан пичоқ уриб бошига бутилка билан уриб, поезддан улоқтиришганини эслади… Шўрлик Ихтиёр ака калтаклангани ва пичоқдан жароҳатлангани учун шунча йил давомида ўзини ашаддий жиноятчи бўлганман, деб ўйлаб, қийналиб яшаган экан.
Ҳозир у киши менинг шахсий мураббийим, «ўзим чемпион бўлолмаганман, сени албатта, чемпион қиламан», дейди. Мен ҳам устозимнинг орзуларини амалга ошириш ниятидаман.