Дилфуза Собирова. Мажнунтоллар яширган сир (ҳикоя)

Халқаро танловда юқори ўринни олиб қайтган машҳур рассомдан нега фақат мажнунтолларни чизасиз, деб сўрадим. У эса дардларини гапириб берди…
— Қишлоғимиздаги мажнунтоллар қатор ўсадиган сой бўйини яхши кўрардим. Ёзда дарахтлар шунақа қуюқ тортардики, мажнунтол новдалари орасида бемалол яшириниб ўтириш мумкин эди. Дарахтларнинг майин баргларини юзимга босиб ўтириш энг яхши кўрган машғулотим бўлган. Баргларнинг шитирлашига сувнинг шилдираши қўшилиб, ажиб бир қўшиқ тараларди. Табиат қўшиғи эди бу. Ҳеч қанақа фонограммаю микрофонсиз, табиий… Расм чизиш қобилияти менда қаердан пайдо бўлганлигини билмайман, лекин қўлимга қоғоз тушдими, сурат чиза бошлардим. Бу одатим дадамга сира ёқмасди, ўғил бола меҳнатга ўрганиши керак, оқбилакойимларга ўхшаб қоғоз-қалам кўтариб юрмасдан, дерди. Ойим эса мен чизган суратларга тикилиб, хаёл суриб ўтиришни яхши кўрарди.
Бир куни дадам эрталаб шаҳарга йўл олди менга эса бир дунё иш топширди. Қўйларни қирга олиб чиқиб боқиб келишим керак эди. Дадамнинг айтишича, қўйларнинг оёғининг чигалини ёзиб туриш керак эмиш. Лекин менинг кўнглимдаги гаплар қизиқтирмасди, дадамни. Қоғоз қаламларимни кўтариб қўйларнинг ортидан югурдим. Тепалик устига чиқиб пастда шалдираётган мажнунтолзор сойга тикилдим. Кутилмаганда бир йигит шошиб мажнунтолзор орасига кириб кетди, салдан кейин бир қиз ҳам атрофга аланглай-аланглай ўзини дарахтзорга урди. Бу жой менга тегишли десам, эгалари чиқиб қолди-ку! Уларни кузатаман, деб кеч бўлганини сезмай қолибман, бир пайт «ши-и-ғ» этган хивчиннинг овозидан ва елкамнинг ачишганидан сесканиб кедим. Сакраб туриб қарасам, отам кўзлари қонга тўлиб тепамда турибди. Ўзимни ўнглашга улгурмай, бўйним аралаш хивчин кетма-кет туша бошлади. Қўрққанимдан бошимни қўлларим билан чангаллаб, ўтириб олдим. Қочганимдан фойда йўқ, чунки қочсам, дадам баттар қутиради… Ўша хивчиннинг излари танамда ҳамон бор… юрагимдагиси ҳам кетмаган…
Ўша куни мен мажнунтоллар яширган сирга маҳлиё бўлиб ўтирганимда қўйлар ўтлаб кетгану, қўшни болалар ўзларининг подасига қўшиб, уйимизга олиб боришибди. Уйда катта жанжал бўлди. «Болангни интернатга топширвораман», деди дадам. Онам эса йиғлаб-ёлворди. Кейин дадамнинг кўнгли жойига тушсин деб, мени бир-икки мушт тушириб, қарғаб қўйди.
Кечаси елкам ачишганидан ағанаб зўрға ухлаганимда онамнинг меҳрибон қўллари бошимни силаганидан уйғониб кетдим. Онам бечора дув-дув кўз ёш тўкарди. Дадам ишга кетса, мен учун байрам бўларди. Менга топширилган ишларни ҳам онамнинг ўзи бажарар, мен эса мазза қилиб сурат чизардим. Бир куни тепаликда кун бўйи расм чиздим ва қувониб ойимга келтириб кўрсатдим. Суратда сой бўйидаги мажнунтоллар орасида йигитнинг елкасига бошини қўйганча ўтирган қиз тасвирланганди. Уни кўриб ойим сесканиб кетди.
— Ким бу? Сен бола нималар қилиб юрибсан?
— Билмайман…
— Билмасанг қандай чиздинг? Малоҳатга ўхшаяптими? Вой, ўлмасам, раиснинг ўғлими?..
Ойимнинг важоҳатидан ёмон иш қилиб қўйганимни тушундим. Энди севишганларни  ҳимоя қилишим керак эди. Ойим буни ҳеч ким кўрмасин, деб тахмоннинг орасига яшириб қўйди.
Эртасига кечга томон яна қир устига чиқдим. Танишларимни кута бошладим. Биринчи бўлиб йигит келди, бироздан кейин қиз… Уларнинг эндигина куртак чиқараётган мажнунтоллар шохи орасида туришини томоша қилиб ўтирдим. Энди бу менинг сиримга айланди. Лекин бир кун қанча кутмай йигит билан қиз келмади. Анчагача кутиб уйга қайтдим. Қишлоқда негадир  ғала-ғовур… Ҳеч уришмайдиган ойим негадир мени кўргани заҳоти юзимга тарсаки тортиб юборди.
— Қурибгина кеткур!
Ўша куни ойим қўшни хотинга нимадир олиб бераман, деб тахмонни бузган ва ҳалиги сурат учиб тушган. Уни кўрган қўшни хотин «вой бу Қудрат аканинг қизи Малоҳат-ку», деб юборади. Ойим қўшнидан бу гапни ҳеч кимга айтмасликни ўтиниб сўрайди, лекин…
Бу гап яшин тезлигида тарқалади. Раиснинг хотини аёлларга бу қизни ҳеч қачон ўғлимга олиб бермайман, дейди. Гап-сўзларни кўтаролмаган Малоҳатнинг отаси қизини ўлгудек калтаклайди… Қиз эса ўзини осиб қўяди.
Шу кун бир умр кўз ўнгимдан кетмаса керак! Тумонат одам, қизнинг уйида йиғи-сиғи, қиёмат. Би маҳал кўчани чангитиб бир машина шунақа учиб келдики, одамлар четга ўтишга зўрға улгуришди. Ундан йиғлайвериб абгор бўлган йигит отилиб тушди ва ўзини ичкарига урди. Унинг йўлини қизнинг отаси бошчилигидаги бир тўда одам тўсмоқчи бўлишди. Лекин ҳаммани ҳар томонга улоқтирган йигит важоҳат билан майит қўйилган хонага отилди.
Қолгани менга қоронғу… Қўрққанимдан уйга югурдим, чердакка чиқиб, яшириниб олдим. Ўша куни роса йиғладим… «Ахир улар ҳеч қанақа гуноҳ иш қилгани йўқ-ку, мен биламан-ку,, — деб йиғлайман суратга термулиб.  Шунчаки гаплашиб ўтиришарди холос. Уларнинг кўзларидаги муҳаббат шунақа чиройли эдики, бир-бирларига термулишга ҳам уялишарди. Қиз сойга қараб турганда, йигит унга термулиб-термулиб оларди. Йигит бошқа томонга қараганда эса қиз унга ўғринча назар соларди…
Шу куни тунда ота-онам мени роса қидиришди, чердакдан тушмадим. Эрталаб ухлаб ётган жойимдан  отам топиб, олиб тушди.
Қишлоқдан узоқларга бош олиб кетгим келарди.
— Расм чизишларинг бошингга бало бўлади, демаганмидим?! — ўшқирди отам. Кейин бола тарбиялашни билмасликда ойимни айблаб узоқ сўкинди. Аммо бу гал мени урмади. Балки аҳволимни кўриб, раҳми келгандир.
— Ойижон, мени интернатга топширинг, илтимос, — деб йиғладим, отам тинчлангач.
Шу куни ота-онам анчагача маслаҳатлашиб ўтиришди. Эртаси куни отам аллақаёққа кетиб, кеч қайтди. Икки кундан кейин бир дунё ҳужжатлар солинган папкани кўтарган отам билан кийимларим солинган сумкани елкамга осиб, шаҳарга келдик. Шаҳар менга умуман ёқмади. Қишлоқда осмон кенгроқ, дарахтлар ҳам яшилроқ… Энг ёмони, шаҳарда мажнунтолларга кўзим тушмади.
Шу тарзда шаҳарда яшай бошладим. Фақат таътил пайтлари қишлоғимга борардим. Устозларимнинг мендан умиди катта эди. Юрагимда ўша муҳаббатни чизиш, уни беғуборлигича одамларга етказиш истаги жўш урарди. Улғайганим сайин мени виждон азоби қийнарди. Уларнинг севгисини мен ошкор этдим. Севишганларни ёт кўзлардан пана қилган мажнунтолларга ҳам хиёнат қилдим. Кўнглимни азоб кемирарди, мен уларнинг суратини чизишим керак! Лекин юрагим дов бермасди. Бир кун келиб шу суратни чизишга тайёр бўлишимни сезардим, лекин қачон? Ўқишни тугатар йилим баҳорги таътилда қишлоққа бордим. Анчадан буён сўролмай юрган мавзу ҳақида ойимга гап бошладим.
— Ойи, раиснинг ўғли ҳозир қаерда?..
Ойим менга ялт этиб қаради. Бу ҳақда гапиргиси келмаётганлиги сезилиб турарди.
— Шаҳарда дейишади… Уйланиб, бола-чақали бўлиб кетган, — бироз ўйланиб тургач, давом этди: — Эркаклар ўзи шунақа… Шўрлик Малоҳатнинг жувонмарг бўлгани қолди…
— Агар ўша суратни чизмаганимда….
— Унақа дема болам, раиснинг хотини «ўлмаганида ҳам барибир уни келин қилмасдим», деган…
Ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларига ишонгим келмасди. Мен учун у муҳаббат барибир энг самимий эди. Раиснинг ўғли ҳамон муҳаббатини унутмаганига ишонгим келарди.
Ойимга ўртоқларим билан учрашаман, деб чиқдим-у, лекин оёқларим сой томон бошлади. Шунча йилдан буён биринчи марта мажнунтоллар тагига келишга ўзимда куч топдим. Сойнинг шарқирашига қулоқ тутиб, энди куртак чиқараётган новдаларга термулиб турсам, орқамдан қадам товушлари эшитилди. Ўгирилдим. Ортимда раиснинг ўғли менга қараб турарди! Ўша-ўша — нигоҳлари мағрур… фақат сочлари оппоқ.
Демак, муҳаббатини унутмаган! Хаёлимдан ўтган биринчи гап шу бўлди.
Иккаламиз ҳам сўзсиз қотиб туравердик. Мен ҳозир ҳар қандай ҳақоратни эшитишга тайёр эдим. Лекин у индамай сигарет тутатганча сойга тикилиб турди.
— Ўша суратни асраб қўйган экансан, менга бероласанми? — деди анчадан кейин. Овози дардли эди.
— Майли, — дедим.
«Раҳмат», деди у ва манзилимни сўрагач, индамай қайтиб кетди.
Байрамни ўтказиб тезроқ шаҳарга қайтгим келди. Қайтганим заҳоти кўнглимда шаклланиб бўлган суратни холстга тушира бошладим. Шунақа тез ишлабманки, ҳеч бир суратимни бунчалик ғайрат билан чизмаганман. Икки кунда сурат тайёр бўлди. Худди хаёлимдагидек: Шарқираб оқаётган сой бўйида сочлари мажнунтол новдаларига қўшилиб кетган сулув қиз чиройли кўзларини сойга тикканча турибди. Кўзларида фақат ўн етти ёшда бўладиган беғубор муҳаббат. Алпқомат йигит эса новдаларни худди унинг сочларини силагандек меҳр билан силаб кўзларини қиздан узмайди. Шарқираган сойда йигитнинг сояси тўлқинланяпти. Лекин қизнинг сояси йўқ…
Бир ҳафтадан кейин раиснинг ўғли мактабим остонасида мени машинасида кутиб турарди. Унга аввал болаликдаги қораламамни, кейин эса улар муҳаббатининг менинг хаёлимда яралган тасвирини топширдим. У тўлқинланиб кетганини сездирмаслик учун йўталиб қўйди.
— Мени кечиринг… — дедим суратни узата туриб. Бу гапни айтишни неча йилдан буён орзу қилардим.
У ҳаммаси жойида дегандек синиқ жилмайиб қўйди. Эшитилар-эшитилмас «раҳмат» деди-ю, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун машинасини учириб кетди.
Ҳануз суратларимда майда ўрилган сочлари мажнунтол навдаларига қўшилиб кетган соҳибжамолни чизаман…