Шаҳло катта шаҳарда онасини йўқотиб қўйди.
Онасининг эси кирди-чиқди эди. Қиш охирлаб, эшик ортидаги ғала-ғовур дунё ўзига чорлайверганидан, хаста аёл пайт пойлаб кўчага отилди. Бир пайтлар Денов томонларда у ишлаган боғча девори сап-сариқ рангда эди. Сариқ бино кўзига иссиқ кўриниб, ўша томонга юраверди. Катта йўлнинг муюлишидан ўтаётиб, баҳайбат машинанинг сигналидан чўчиб тушди. Қадамини тезлатмоқчи эди, бир пой калиши оёғидан тушиб қолганини сезди. Орқасига қайтиб калишини қўлига олгач, сариқ бино томонга аланглади. Машина яна пишқирди. Аёл қўлидаги бир пой калишини машинага ўқталиб, ғўлдираганча йўлдан чопиб ўтди. Қўлидаги калиш йўл четидаги бетон ариққа тушиб кетди. Ҳансираб уни олмоқчи бўлганда, пешонаси бетонга урилди. Жароҳатидан сизган қон аёлнинг юзидаги тер томчилари билан қоришиб, тилим-тилим ажинлар орасида туриб қолди. У ариқ лабида бирпас нафас ростлади. Ногаҳон йўлдан ўтаётган ёшгина қорамағиз аёлни ўзининг қизи фаҳмлаб чақирди:
— Шаҳло, энангни танимадингми? Ҳей, Шаҳло…
Шаҳло бу пайтда бозорда исмалоқ сотарди. У уч ойдан буён бозорда айланади: сабзавот расталарида пиёз саралади, нон сотди, ошхоналарда идиш-товоқ ювди. Ҳарчанд чиранмасин, бир кунлик даромади беш-олти минг сўмдан ошмасди. Топган пулининг ярмини бир кунлик ижара ҳақига тўлайди. Қолганига ул-бул егулик сотиб олади. Баъзан онасига дори-дармон олиш учун йўлкирани тежашга тўғри келади. Ижара уйи билан бозор оралиғидаги уч-тўрт бекат масофани пиёда босган кунлари тинка-мадори қурирди. Яратган ҳар бандасига дардга яраша куч ҳам берар экан. Қорача юзли, жуссаси нозиккина бу қизнинг иродаси бақувватлигини айтмайсизми?
Бир куни ошхона официанти касал бўлиб қолиб, бошлиғи унинг ишини Шаҳлога юклади.
— Ўзингга қара… пардоз-андоз дегандай-а? Кейин шу… хафа бўлмагину, аёл киши оғзини катта очиб кулмайди-да! Секин жилмаяди, тишлари йўқ бўлса, мундоғ бекитади. Айниқса, мижоз олдида, — насиҳат қилган бўлди ошхона бошлиғи. Шаҳло мириқиб кулди. Ўнг томондаги икки-уч тиши йўқлигини айтмаса, унинг ҳусни ёмон эмасди. Кулгига мойил кўзлари катта-катта, қошлари қалдирғочдек бу аёлнинг ёши ўттизларда.
— Энди мен қишлоқнинг тўпори бир қизиман. Савил қолгур ноз-карашмаларим тишларим билан бирга йўлда тушиб қолган. Йўқ нарса йўқ-да,нима қилай, — деди кулгисини йиғиштириб.
Эртасига йўлхалтаси тагидан упа-эликларини топиб, ўзига бироз пардоз берди. Калта сочларини ҳафсала билан турмаклаб, куйдирмажон қизга айланди-қолди. Ошхонадагилар ҳайрон. Хизмат пайтида унга бир мижоз тикилиб: “Сиз ҳинд актрисаси Мадҳурига ўхшаркансиз”, деган эди, “Йўқ! Ўша Мадҳури аслида деновлик Шадҳурига ўхшайди!”, дея патнисни бошига қўйиб, ҳиндча муқом қилганча хандон отиб кулди. Шу-шу ошхонадагилар уни Шадҳури деб чақирадиган бўлишди. У эса тишлари йўқлигини унутиб, оғзини баралла очиб куларди. Аслини олганда, у тишларини яқинда ўз ихтиёри билан суғуртирганди.
* * *
Бир куни Шаҳло тоғасиникига келди. Онамни даволатгани Тошкентга олиб бормоқчиман, деди.
— Бу ишинг тўғри эмас, жиян, — минғирлади тоғаси. — Онангнишу ердаги касалхонага топшир.
— Ўзимизнинг касалхонагами? Онам ўша ерда уч ой ётди! Эшитгандингиз-ку! Дўхтирлар уни даволамади!Оғир уколларни уравериб, ётқизиб қўйишди! Онагинамни яна ўшаларнинг қўлига топшираманми?
— Унда уйда олиб ўтир, — деди тоға телевизордан кўз олмай.
— Уйда укам жанжал қилаяпти-да, тоға. Онам кечалари юриб чиқади, касал-да, бўлар-бўлмас қилиқлар қилади. Укамчидай олмай бақиради… Биласиз, униям дарди алами ичида. Онаси жинни деб яхши кўрганини беришмади… Тоға! Тошкентдаги дўхтирлар ётқизиб қўядиган укол қилишмайди, яхши даволайди, дейишди. Шунга тўрт-беш сўм қарашасизми, девдим. Биласиз, камбағалчилик… Лекин, укам билан ишлаб қайтарамиз.
— Вой, анавини қара, — деди тоға кўзлари чақнаб, — оғзи тўла тилла тиш-ку, камбағалман эмиш. — У носини дастшўйга туфлади. — Менга қара… опамнинг уч-тўрт кунлик умри қолганми-йўқми… Ётқизиб қўядими, боғлаб-ухлатиб қўядими, уни шу дўхтирхонага топшир.
Шаҳло бир зум ўйланиб қолди. Оғзи тўла тилла тиш… Кейин шартта ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Бирдан бир суянгани —тоғасининг ёрдам бермаганидан оғринмади. У миясига келган фикрдан ўзида йўқ хурсанд эди. Ҳозиртиш дўхтирига боради-да, тилла тишларини суғуртиради. Уларни пуллаб, онаси билан Тошкентга жўнайди. Онаси соғайиб кетса, ишлаб яна тиш қўйдираверади, нима қипти!?
* * *
Шадҳури намозшомгача бир этак исмалоқ сотди. Йўлдан икки буханка нон олиб, бирининг чеккасидан кавшанганча уйига келганида, уй бекаси уни ҳовлиқиб қарши олди:
— Вой, икки-уч соатдан буён онангиз йўғ-а!
— Нима? Нимага йўқ?! — Шаҳлонинг кўзлари қинидан чиқиб кетди.
—Мен тикиш қилаётувдим. Акангиз намозга киргандилар. Бир пайт чиқиб, ойнадан мўраласам, хонада ҳеч ким йўқ!
Қиз кўчага отилди. Катта кўчанинг у бошидан бу бошигача кезиб чиқди. Йўловчилар, дўкончилардан суриштирди. Бош чайқашдан нарига ўтишмади. Хаёлига бир-биридан хавотирли ўйлар кела бошлади: “Ё, Худо! Уни ўзинг асра! Йиқилдими, биров озор бердими, турткиладими?”. Уйга яқин бекатдан ўтаётган автобус ҳайдовчиларидан ҳам қилиқлари ёш боланикидек кампирга кўзлари тушган-тушмаганини сўради. Улар ҳам елка қисишди. Муюлишдан чиқиб келган автобуснинг олд томонида турган бола ногаҳон: — Мен кўрдим, беш-олти бекат нарида анақароқ бир кампирга кўзим тушди, — деди.
“Бу — энам! Боши оғиб ўша томонларга кетиб қолган”. Шаҳло суюнганидан катта йўл бўйлаб муюлиш томонга чопиб ўтаётганди, наққаршисида “ғийқ” этиб тўхтаган машинанинг тормоз овозидан сакраб тушди. Оқ сочли ҳайдовчи ўшқирди:
— Эсинг жойидами? Ўлгинг келган бўлса, менда нима айб?!
— Билмасдан, амаки… Мени кечиринг! Мусофирман, онамни йўқотиб қўйдим, — қиз ҳайдовчига илтижоли қаради.
Ҳайдовчи машинани четга олиб, тўхтатди. “Оббо, энди бу одам вақтимни олади”, деб ўйлади Шаҳло.
— Ўтир машинага!
— Кечирим сўрадим-ку, амаки!
— Ие, уни қаранглар… Кечирим сўраш билан қутилмоқчи, — деди ҳайдовчи қовоқ уюб. Кейин кулимсиради. — Чиқ машинага. Ё бутун шаҳарни пиёда кезиб чиқмоқчимисан?
Шаҳло қиз боладек қувониб кетди-да,“Раҳмат, амаки”, дея олд ўриндиққа ўтириб олди.
— Шу томонда… онамни уч-тўрт бекат нарида кўришибди, — деди-да, бирдан ташвишланиб ҳайдовчига ўгирилди, — амаки, ёнимда пулим йўқ, эди-ку!..
— Ишлагани келдингларми? — сўради ҳайдовчи унинг гапига эътибор қилмай. Кейин машинасини жилдирди.
— Йўқ, онам руҳий касал, даволатгани олиб келдим, — дея икки томондаги йўлакларни диққат билан кузата бошлади Шаҳло.
— Чуқурсойда яхши шифохона бор. Онангни ўшангаётқизиш керак, — деди ҳайдовчи.
— Ўша ерда икки ой ётиб чиқди. Сал-пал ўзига келгач,жавоб беришди. Охирги кунларда яна қайталанди, кечалари ухламайди, нарсаларни титади. Мени уйғотволиб, ухлама, мен билан гурунглаш, дейди. Менда кечаси гурунглашишга ҳол бўладими… Ие, тўхтанг, тўхтанг! Анови ерда бир кампир ўтирибди… — Ҳайдовчи машинани секинлатди. — Йўқ, бошқа экан… Шу кеча биласизми, амаки, тарақа-туруқ шовқиндан уйғониб кетдим. Тур қара, мушук нонимни емоқчи, дейди онам. Шартта чироқни ёқдим. Қарасам, каттакон каламуш менга қараб турибди, икки кўзи ёнади.
— Каламушга қопқон қўй.
— Ие, қопқон қўйиб бўлмайди. Тунов куни уй эгасига ялиниб, полнинг тешигини цементлатувдим. Шувоғи қуримай онам қошиқ билан уни кўчириб ташлабди. Сиз қопқон дейсиз…
— Касал одам билан мусофирлик қийин. Яхшиси, онангни олиб, уйингга қайт! У ёқда қариндош-уруғ дегандай…
— Йўлкирага пул ишласам бўлди, худо хоҳласа… — Шаҳло чор атрофга олазарак термиларкан, айтган гапига ўзи ҳамишонқирамай хўрсинди.
Онаси шифохонадалигида у пича пул жамғарганди. Бир ҳафта бойвачча аёлнинг ҳовлисини қиртишлаб, тозалаб топган пулини кўп ўтмасдан ошхона эгаси қуртдай санаб олди. Ўша куни Шаҳло хизмат қилаётган столда уч барзанги овқатланаётиб, жанжаллашиб қолишди-да, пулини тўламай кетворишди. Зарари қизнинг елкасига тушди. Шундан кейин ошхонада бошқа ишламади. Лекин бир ҳафталардан кейин бошлиғи уни бозордан қидириб топди. ”Шадҳури! Сан кетиб ишларим тўхтагандай, мана бу еримда бир нарса бордай… — бармоғини кўкрагига нуқди. — Юр, мен билан ишла, ҳақини яхши тўлайман”, дея обдон авради. Шаҳло энди кўнмади.
— Қараб кетаяпсанми? — сўради ҳайдовчи сигарет тутатиб.
— Ишқилиб йиқилиб-нетиб юрмаган бўлсин-да!
Барибир у қўрққан ҳодиса содир бўлганди. Шаҳло бекат скамейкасида мунғайиб ўтирган онасига кўзи тушиши ҳамон буни англади. Онасининг афтода уст-боши, шишган юзи,тирналиб қонаган жароҳатлари шундан далолат берарди. Беўхшов ўралган оқ рўмолига сақич ва қоғоз парчалари илашган, пешонасидаги тўзғиган сочлари қиёфасини янада абгор тусга солган эди. Бекатдагилар унга қараб-қараб қўйишар, ўзларини узоқроқ тутишарди.
Қиз югуриб келиб, онасини қучоқлади. Кўзларига ёш қалқди.
— Сизга нима бўлди, энажон? Йиқилдингизми? Юз-кўзларингиз шишиб кетибди!.. Биров урмадими, энажон? Нега уйдан чиқиб кетасиз, худойим-ей?! — Шаҳло саволлар бера туриб, онасининг сочларини тузатар, рўмолини қайта ўрар, усти-бошларининг чангини қоқарди.
Онаси ёш боладай жилмайиб-жилмайиб гап қотарди:
— Мен сенга пичак пишириб бераман, Шаҳло!Исмалоқдан… Зиғир мойда пишириб бераман, болам!… Ҳа-а, яхшиям келдинг, бозордан исмалоқ оламиз! Излай-излай тополмадим, болам… Ёнингга кетаётувдим, соғиндим-да… йўлда йиқилдим.
Шу пайт ҳайдовчи пайдо бўлди-да, онани ўтирган жойидан даст кўтариб, машинаси томон юрди. Одамлар бир Шаҳлога, бир ҳайдовчига тикилар, кампир нима бўлаётганига ақли етмай атрофга алангларди. Шаҳло югура солиб эшикни очди. Ҳайдовчионани орқа ўриндиққа авайлаб қўйиб, машинани юргизди. Бегона кишидан бундай мурувватни кутмаган Шаҳло унга қандай миннатдорлик билдиришни билолмай ўтирарди.
— Сиз ким бўласиз, ука? — сўради она йўлда кутилмаганда.
— Хизр бува, энажон, — жавоб берди Шаҳло. — Сизни шу одам топди-да. Мен қайтиб топардим? Раҳмат, амаки, биздан қайтмаса, худодан қайтсин! Оллоҳқўлласин сизни.
— Бунақа юрманг, онани қийнаб нима кераги бор? Аҳволи баттар оғирлашса нима қиласиз! Қишлоққа қайтиш керак.
— Хизрвой укамгаям пичак қип бераман, хамир қоришга унинг борми, қизим?
— Ҳа, энажон! Деновда ўзим сизга пичак пишириб бераман. Бу ер Тошкент! Сиз уйдан чиқиб кетаверсангиз, мен қандайишлаб пул топаман, энажон! Қандай уйга кетамиз?
— Бу ёқлар Тошканми?Ҳа… — онани уйқу элита бошлади.
Шаҳло уч-тўрт кун онаси билан бўлиб, ишга чиқолмади. Бозордаги таниш-билишларидан ул-бул егулик олиб келиб турди. Аммо уй эгаларининг хонани бўшатишни талаб қилишлари Шаҳлони яна ўйлатиб қўйди. У сўраб-суриштириб, бир-икки ердан жой топди, аммо онасининг касаллиги маълум бўлиши ҳамон ижара эгалари рози бўлишмади.
— Бизгаям ўз уйимизда доим хавотирда яшаш тўғри келмайди, — дерди ҳозирги бекаси, — ишонсангиз, бир кўзим доим шу ойнада, кампир нима қиляпти, қанақа ўтирибди, сал нарида газ ёнаяпти, бир нарса бўп қолмадими, деб тикиш устидаям тинч ўтиролмайман.
— Жой топларинг тезда! Бошқа гап йўқ! — шартта кесдиэри. — Беш кунлик қарзинг бор. Онангнинг кийими, ҳужжатини оласан, бўлди. Қолган матоҳларинг, кийимларинг, сенинг ҳужжатинг гаровда туради. Пулни опкеп берганингдан кейиноласан! Одамгарчилик ҳам шу-да! Ҳалиям шукр қил, онанг шиптирга айлантирган кўрпача-ю палосни юв, пулини тўла демаяпман…
* * *
Эртасига тушдан кейин онасининг кийимлари тугилган бўғчани дарвозахонада кўрди. У онасини етаклаб кўчага чиққанида ҳаво очиқ, баҳорнинг ёқимли шабадаси эсарди. Онаси ёш боладек хурсанд, ўтган-кетганларга илжайиб қарайди.
“Қизиқ, эшикдан кўчага чиқсанг-у, қаёққа боришингни, қаерда тўхташингни, қаерда сени кутишларини билмасанг”, деб ўйларди Шаҳло. “Хўш, нима қипти, дерди унга жавобан яна бир ички нидо. Сен қалб кўзи билан қара, зеҳн сол, тафаккур қил!” Ҳа, айни пайтда яшнаётган бутун борлиқ мен ва шу хаста онамникидек гўё… Ҳамма-ҳамма нарса фақат бизга тегишлидек. Борлиқ билан, ҳаёт билан бирга яшаш лозим! Майда-чуйдалар билан эмас. Майли, ошхона бошлиғи, ижара уй соҳиби буни тушунмасин! Лекин мен ҳис этаяпман-ку! Ахир бу беқиёс мўъжиза, ноёб бахт-ку!
Шаҳлонинг хаёлини аллақандай юксак ва ғаройиб туйғулар чулғар, улар гоҳ-гоҳида бош кўтармоқчи бўлаётган ёлғизлик, бошпанасизлик, оч-юпунлик изтиробларини яширарди.
— Шаҳло, менга ош оббер…
— Энажон, мени дуо қили-инг… — кўнглида оғриқ турди қизнинг.
— Ош обберсанг, дуо қиламан.
— Сиз муғомбир энасиз! — койинди яна.
У беихтиёр онасини нарироқдаги ошхонага етаклай бошлади. И-е, пули йўғ-у! Бу ёғини қандоққилади? Юраверсин-чи, ўшаошхонага етгунларича қандай мўъжизалар рўй бераркин?
— Бўлди, энди… — деб қолди бир пас юргач онаси, — сен қиз йиғлама, ўзим қўшиқ айтиб бераман, — дея баланд овозда куйлай бошлади:
Дарёдан оқиб кел-о-оди шода-шода марварид,
Рўпарамда ўлтиро-оди қоши қаро барно йигит…
* * *
Бирдан Шаҳлонинг кўз олди қоронғулашиб, қулоқлари шанғиллай бошлади.
Онасининг ширали овози олис-олисларга чекиниб, йўқолди. Ўзи аллақандай кўланка ва шарпалар қаршисида қолди.Улар орасида норғул келбатли, оқ-сариқдан келган йигит — Азимжонни аниқ таниди.
— Шаҳло! Ў-ўв Шаҳло — деб чақирармиш у.
* * *
Шаҳло Азимжон билан бир-бирини ёқтириб турмуш қуришди. Уч йил яхши яшашди. Аммо орада фарзанд бўлмагани икки ёшдан кўра қайнона-қайнотани кўпроқ ташвишга солди. Бунақа пайтларда кўпинча қайнона бор куч-ғайратини ишга солади. Азимжоннинг онаси ҳам у қилди-бу қилди, ахийри Шаҳлони онасиникига жўнаттириб, ўғлини бошқасига уйлантириб тинчиди. Йигит бошқа турмушга кўниккунча кўп қийналди. Шаҳлони унутолмасди. Ҳа, деганда унинг олдига югуриб келаверарди. Хотини ўғил туққанида ҳам энг аввал Шаҳлодан суюнчи олганди. Ахийри Азимжон узоқларга ишлагани кетди-ю, қайнонанинг “домла”га борадиган қадами, Шаҳлонинг эса қулоғи тинчиди. Аммо сафардан қайтганидан кейин хотини ҳақида бўлар-бўлмас гап-сўзлар эшитиб, яшамайман, деб туриб олибди.
Бу гапларни Деновдаги дугонаси қўнғироққилиб айтганди. Азимжон уни бир ойдан буён излаётганини, Тошкент бозорларини кезиб юрганини ҳовлиқиб гапириб берувди.
* * *
У яна хаёлида Азимжон билан гаплаша бошлади: “Бекор қилибсиз, икки гўдакнинг уволи тутмасин…”. “Нима қилай? Ўзи шубҳам бор эди… Қандай яшайман?!” “Болалар қаерда?” “Улар мен билан. Сен уларга оналик қиласан, Шаҳло”, “Қайдам, энангиз…” “Энам ўзи шуни истайди…”.
* * *
Уни кимдир силкита бошлади.
— Шаҳло! Тур энди, гапирсанг-чи! Етар ётганинг!
Одатда, Азимжон унга шунақа кесиб-кесиб гапирарди. Шаҳло яна туш кўряпман, деб ўйлади. Кўзларини истамайгина очди.
— Ҳа? Тузукмисан? Катта йўлда узала тушиб ётаверадими, одам деган?!
Шаҳлонинг шуури тиниқлашиб, атрофга аланглай бошлади. Кейин бирдан ирғиб туриб, бошидаги рўмолини қидирди. Хиёл қизаринди.
— Сиз?! Энам қани?! Вой!
Катта-катта кўзларини пирпиратиб серрайиб турган Азимжон рўмолни узатаркан, сал нарироқда сўрига ишора қилди.
— Энам ош еяпти…