Муродбой Низанов. Одамнинг эскиси (ҳажвия)

Ҳар бир нарсанинг янгиси ва эскиси бўлиши табиий. Лекин, одамнинг эскиси бўлишини биринчи марта болаликдаги дўстим Исмоилдан эшитдим.
— Одамнинг эскиси қандай бўлади? — деди у бир куни хонамга кириб келиб.
Рости, ҳайратим ошди:
— Одамнинг ҳам эскиси бўларканми?
— Бўларкан.
— Мумкиндир. Балки, қариган одамни шундай деб аташар?
— Яна?
— Яна… қаттиқўсал ётган беморни…
— Яна?
— Ақлдан озганни…
— Яна-да бошқа?
— Бошқа… Йўқ, билмадим.
— Ана шунақа, билмаймиз! Сиз билан биз билмайдиган ундан-да бошқа эскиси бўларкан!
Ҳайрон қолдим. Мен билмайдиган эскиси бўлиши мумкин, аммо унинг билмаслиги… э, йўқ! У билмайдиган нарсанинг ўзи йўқдир-ов. Ётсаям-турсаям ўқийдигани нуқул китоб. Ёши олтмишни ўкчалаб бораётган бўлса ҳамки, худди ёшлардек, компютеринг борми, интернетинг борми — шариллатиб кетаверади. Кунига етти-саккиз марта телевизордан олам янгиликларидан бохабар бўлиб ўтиради. Ер куррасининг қайси бурчагида бирор сиёсатчи ишдан четлатилиб, ўрнига бошқаси келса, радиодан олдин Исмоилдан эшитаман. Шундоқ экан, унинг одамнинг эскисини билмаслиги менга жуда эриш туюлди.
— Биласанми, ўша одамни ким эскиртиради?
—    Етишмовчиликдир, балки?
—    Йўқ.
—    Ғам-қайғу?
—    Йўқ.
—    Узоққа чўзилган хасталик?
—    Йўқ.
—    Қариликдир, балки?
— Овсарлигингга бораверасан, жўра, — деди у охири ўзи жавоб беришга чоғланиб. — Одамни изидагилар, яъни, ўз издошлари эскиртиради. Мен сенга бошимдан кечган бир-икки воқеани айтиб берай. Билишимча, бунақа воқеалар сенинг бошингдаям бор, фақат сен уларга аҳамият бермай юргандирсан.
Бир куни кечки овқатдан кейин телевизор кўриб ўтиргандим. Катта ўғлимнинг қўл телефони қўққис жиринглаб қолди. Қўлига олганди, нариёқдаги шовқин-сурон, мусиқа қийқириғига қараганда ресторан ёки бардан қўнғироққилишяпти. “Кар одам — бақироқ” деганларидек, катта шовқин-сурон ичида ўтирган одам ҳам худди дарёнинг нариги томонида тургандек, бақириб гаплашаркан. Телефондаги бақириқ-чақириқ менгаям эшитилиб турибди. Ўртоғи экан. Ўғлимни базми-жамшидларига таклиф қиляпти.
— Йўқ, жўра, бора олмайман, — деди ўғлим. — Соат ўндан ўтиб кетди.
— Ўтса нима бўпти? Қиз эмассан-ку?
— Дадам рухсат бермайди.
Жўраси хохолаб кулди. Кулишининг боиси, бола-чақали бўлган йигитнинг “дадам рухсат бермайди” деган гапи наша қилиб, жиғибийрони чиқяпти.
— Ай, жўра, биласан-ку шу паханларни, эскирган одамлар, “дўппослаб кетишади, ўлдириб кетишади” деб, миянинг қатиғини чиқарворишади. Уларга гап тушунтираман деганча ўн бир бўлади, бораман деганча ўн икки… Яхшиси, келгуси базмларингда…
— Ўғлим телефонни ўчирди.
— Менми эскирган? — дедим хунобим ошиб. — Энди эллик бешга кирдим-ку?
— Гап ёшда эмас-ку, дада.
— Хўш, нимада?
— Барибир, сиз “ярим тунда нима бор, биров дўппослаб кетади” дермидингиз? Дердингиз?
— Билиб бўладими, ахир?
— Ана “эски ҳаммом — эски тос”, яъни, эски гап. Ҳозир замон бошқа, ёшлар тонг отгунча базм қуришади, сайр қилишади. Сизларга қолса, кун ботмасдан уйни топиш керак.
Индамадим. Рости, болаларингнинг бемаҳал тентираб юрганидан кўра кўз олдингда ўтиргани маъқул эмасми? Демак, бу тушунчамиз билан биз эскирганлардан эканмиз. Уларнинг тушунчасига кўра, уй дегани кийиниб-ечиниб кетиш учун, ул-бул нарсангни қўйиб кетиш учун шунчаки бошпанага ўхшайди. Дастурхон атрофида апоқ-чапоқ бўлиб ўтириш — эскилик, эскирган урф эмиш.
Буям майли, дейлик. Бир куни туш пайти институтда иккинчи курсда ўқийдиган қизим бир дугонасини бошлаб келди. Ўз хонасига кириб, алламаҳалгача гаплашиб ўтирдилар.
— Дада, — деди қизим хос хонасидан чиқиб келиб, — келаётган байрам куни курсдошларимиз билан базм ўтказмоқчимиз.
— Яхши ўйлабсизлар, — дедим.
— Базмни бизнинг уйда ташкил қилмоқчимиз.
— Бош устига. Худога шукр, хоналар кенг.
— Лекин, биз то тонг отгунча ўтирамиз.
— Нима? Нега энди тонг отгунча? Ахир, ярим оқшомдан кейин, ҳатто, кўршапалаклар ҳам уйқуга кетади-ку?
— Ана, айтдим-ку тушунмайди деб, — дедию қизим қаҳр билан хонасига кириб кетди.
Шу аснода ичкаридаги дугонаси қизимга тасалли бераётгани эшитилиб қолди:
— Хафа бўлма, дугонажон. Бизнинг уйдагилар ҳам шунақароқ — эскирган одамлар, ёшларни тушунишмайди. Яхшиси, Қобилнинг квартирасида ўтказамиз, унинг ота-онаси қишлоқда.
Кетаман дегунча, қизим ташқарига қайтиб чиқмади. Паришон ҳолда бир хил бўп кетдим. Ростданам, эскириб бораётгандирман, чоғи. Истиҳолани йиғиштириб қўйиб, кўзгу олдига бордим. Бўй-бастим бинойидек, ҳали қариб-чуриб бораётганим йўқ-ку.
Сиёсатга ҳам бир қур ўй югуртириб кўрдим. Биламан, ҳозир эркинлик, демократия. Дунё тинч. Ўлим камайиб, туғилиш кўпайяпти. Техника ривожланди. Коинотга ҳатто оддий саёҳатчилар ҳам йўл олишяпти. Роботларнинг “одам бўлиб кетиши”га бир баҳя қолиб турибди. Ҳаммаси жойида, рисоладагидек, шекилли.
Аммо, негадир кўнглим алғов-далғов эди. Қарангки, омадсизлик бир келса, қўшалоқ келаркан. Тантиқроқ бўлиб ўсган кенжатой ўғлим бор, ўзи мактабни эндигина тугатаётган ўсмир. Ўша кенжатойим бир куни онаси билан чой ичиб ўтирган пайтимизда ташқаридан шошиб-пишиб кириб келдию телевизорни аллақайси чет элнинг киносига қўйворди. Экранда бутида шапалоқдай иштони бор, усти шир яланғоч давангирдай бир йигит синчалакдек бир қизнинг лабидан зулукдек сўриб, қотди-қолди.
— Ҳой, анавингни ўчир! — дедим ўғлимга.
Ўғлим кулди. Айтганимни тингламади.
— Ҳой, ўчир дейман!
— Қўйсангиз-чи, дада, ўзим шу кинони кўришга шошиб, дарсдан қочиб келдим.
— Эсинг жойидами, ўзгартир дейман, уялмайсанми?
Охири, пултни олиб, бошқа каналга қўйвордим.
— Уфф, уят-уят дейсиз! — ўғлим ўрнидан туриб кетди. — Нуқул эскирган гапларни айтаверасиз. Аксинча, ҳозир Европада бу ҳолатни маданиятнинг энг юқори тури ҳисоблашади.
— Бу ер Европа эмас-ку, ахир?
— Сиз доим эскича фикрлашга мойилсиз! — дедию чиқди-кетди. Тинглаб турсам, даҳлизда унга кеннойиси далда беряпти:
— Хафа бўлма, Мирзатой, ўксинма. Эскирган одам, айтаверади…
Дафъатан директоримиз йигирма ёшлардаги бир йигитчани хонамга бошлаб кирдию Исмоилнинг ҳикояси узилиб қолди.
— Тўрабек оға, бу йигитча сизга ёрдамчи бўлади. Ишлар билан ўзингиз таништира қолинг, — деди директор.
Мен йигитчага қўлимни чўздим. У болалигига борибми ё уялдими, қайдам, биз билан саломлашишни хаёлигаям келтирмади.
— Қани, — дедим директор чиқиб кетгач, — манави столга ўтириб, ишга кириш ҳақида ариза ёзгин.
— Аризани боя ёздим-ку.
— Яна бир марта ёзсанг, ҳеч нарса бўлмас, а?
У оққоғозга ручкани обориб келиб-обориб келиб, анчагача ўтирдию ниҳоят ёзди. Ўқиб кўрсам, барака топгурнинг тўрт қатор аризасидан ўн иккита хато чиқди.
Дарҳол телефон гўшагини кўтардим.
—    Бу йигитчанинг саводи жуда паст-ку, — дедим директорга.
—    Уни қаёқдан била қолдингиз?
— Ариза ёздириб кўргандим.
— Қизиқмисиз, ҳой, оқсоқол! — дея директор дўқ ура бошлади. — Аризани сиз эмас, мен ёздираман. Биласизми, ҳозир ёзув замони эмас, компютер замони! Энг муҳими, шу йигитча компютер соҳаси бўйича устаси фаранг. Мастер! Сиз эса… Айтинг-чи, қачон қўясиз шу эскича фикрлашни! Эски кийимларни ечиб, қозиққа иладиган вақтингиз бўлди-ку? Умуман-чи, кийим эмас, ўзингизнинг тушунчангиз ҳам, қалбингиз ҳам эскирган!
Директор трубкани шарақлатиб қўйворди. Менинг ранг-рўйим оқариб кетди, шекилли.
—    Вей, тинчликми? — деди Исмоил хавотирланиб.
— Икков бўлдик, жўра, — дедим мен аранг жилмайган кўйи. — Аҳамият бермай юрган эканман, қара, менам эскирибман.