Ўзбекнинг нимаси кўп, тўй-томоша ва маъракаси кўп. Боғча мудираси Лола Аҳмедова ўзининг эллик ёшини нишонлаш мақсадида икки ҳафтача олдин жамоа аъзоларига дастурхон ёзиб, ош берди. Ҳовли саҳни супуриб-сидирилган. Бу ердаги саранжом-саришталик киши баҳри-дилини очади. Меҳмонларнинг пойи қадамларидан хонадон соҳиблари хурсанд. Ҳатто қўшни боғча тарбиячилари ҳам келишган. Бундай пайтда мудиранинг қўни-қўшни ва ёр-биродарлари ҳам қўл қовуштириб ўтиришганлари йўқ, албатта.
Зиёфат бошланиб, «қиттак-қиттак»дан сўнг дастурхон атрофидагилар дадиллашиб, қулфи-дили очилди. «Хуш келибсизлар», «Қадамларига ҳасанот», «Олиб, еб-ичиб ўтиринглар» дейишдан чарчамаган ўртакаш Ғани Расулов чўнтагидан буклоғлиқ қоғоз олгач, унга кўз югуртира бошлади.
– Азиз ҳамкасб ва ҳамкасабалар, юбилей тантанасини кўнгилдагидек нишонлаш мақсадида биз бу ерга тўпланганмиз. Аввало, тўйгача бўладиган хизматлар билан танишсак. – У бироз тин олгач, бармоқлари орасидаги сигаретини бир-икки чертиб қўйди. Кўкка ўрлаётган тутун гўёки у билан рақобатлаша- ётгандек эди. – Бир тандир кабоб. Ким бу хизматни зиммасига олмоқчи?
Шу пайт боғча хўжалик мудири Раҳмат Ҳасанов қўл кўтариб, ўз ўрнидан қўзғалди.
– Олти пачка боғлама минерал сув… – Ўртакашнинг гапи тугар-тугамас мудиранинг шаҳарлик жияни Фурқат исмли йигит ўрнидан даст турди.
– Ва плюс олти пачка боғлама «Кока-кола» ҳамда шунча «Фанта». Жами ўн саккизта бўларкан, – қўшимча қилди ўртакаш.
Шундан сўнг у рўйхатни ўқишда давом этди. Обинонни ҳамшира Гуласал Очилова, тандир патирни ошпаз Гулсара Эгамова ва товуқ гўштини қўшни боғча мудираси Орзигул Орипова олишди.
– Йигирма кило олма.
Ҳадеганда йиғилганлар орасидан садо чиқавермагач, бу «хизмат» тури эгаси топилгунча очиқ қолдирилди.
– Рўйхатнинг охири даҳшат, – деди ўртакаш овозини баландлатиб. – Орамизда ҳеч ким четда қолмаслиги керак. Навбатдагиси нок ва мандарин. Ҳар бири ўн килодан.
Ўз зиммасига оладиган «мард» топилавермагач, бунга ҳам журъат қилиб, шаҳарлик жиян ўрнидан туриш учун чоғланаётганида, ўртакашнинг: «Энди сиз костюмингиз тугмаларини ечиб бемалол ўтираверинг», деган гаплари унинг шаштини қайтарди. Ниҳоят, кўпнинг қийин-қистовидан сўнг нок ва мандарин боғча услубчисининг чекига тушди.
– Дудланган колбаса.
– Мен олмоқчиман, – ўрнидан тезда қўзғалди ҳамкасблардан бири.
– Думғаза.
– Мен тайёр, – деди орқароқдан кимдир ошиқинқираб.
– Қази, пишлоқ ва кўкатлар.
– Мен, мен…
Охирида «хизмат»га «лаббай» дегувчилар сони кўпайиб қолди. Афтидан, рўйхат сўнгида камхарж озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари қайд қилинганлигидан бошқалар ҳам навбат олишга шошиб қолишганди.
– Девзира гуруч билан ўсимлик ёғи қолиб кетмасин, – дея ўртага луқма ташлади кимдир.
– Булар ҳам ҳисобда бор, – деди ўртакаш рўйхатдагиларни қайд қилиш билан андармон бўлиб.
Қисқаси, тўй тантанасида бўладиган харажатлар деярлик тақсимлаб бўлинди. Базми-жамшид охирлаб, ҳамма уй-уйларига тарқалишга чоғланишаётганда девор-дармиён қўшнилардан бир қанчасининг ажабланиб: «Боғча опанинг ўзларидан нима хизмат? Шундай бўлса, тўй-ҳашам қилишдан не ҳожат?» деган шивир-шивирлари қулоққа чалинди. Даврадаги ўртакаш эса безовталаниб қолди ва уларга жўялироқ жавоб қилолмаганидан саросимага тушиб, нигоҳларини бошқа нуқтага олди.