Пўлат Ҳамдам. Бир хоналик уй (ҳажвия)

Қишлоқ мактабида ҳурматга сазовор ва эътиборли ўқитувчи эдим. Олимпиадами, «Қувноқ старт»ларми, анжуманларми, хуллас, ҳаммасига таклиф қилишарди, унутишмасди. Мендан зўрроқ адабиётчи йўқ эмиш. Каллам дуруст ишлайди, шекилли. Оддий қишлоқ ўқитувчиси бўлатуриб, домла Ғовлаганов қаноти остида шоир Тарсакий ҳақида илмий иш ҳам ёқлаб қўйганман.
Ишдан ҳориб уйга қайтсам, илмий ишим тепасида телеграмма турган экан. Унда «Сиз шаҳардаги мактабларнинг бирига директор қилиб тайинландингиз», дейилган. Имзо таълим бошқармаси раҳбарларидан бири Сокинбековники эди. Уч-тўрт кун ичида каттакон ҳовлимизни, боғимизни вояга етган фарзандларимизга ҳадя қилиб қолдирдик. Бир олам қувонч ила хотиним Илтижо билан орзиқиб кутилган бетакрор шаҳарга етиб келдик. Кўчимиз ҳам йўлда, юк машинасида келяпти.
— Доллармисиз, бунча ноёбсиз, топиб бўлмайди, директорликка буйруқ чиққанига бир ой бўляпти, — деди мени кутиб олган бошлиқ муовини. — Уй ҳам тайёр! Мана ордер, Интизор кўчасидан сизга бир хоналик уй ажратдик. Шаҳарнинг энг баҳаво жойидан. Мазза қиласизлар, газ, сув, бозор ҳаммаси биқинда.
Кўп ўтмай бир хоналик уйга жойлашдик. Мактаб директориман, муҳр чўнтакда. Ҳаётимда галстук тақмаганман. Энди мажбурман. Галстуксиз раҳбар раҳбарми? Шу матоҳни тақаману, боғлаб қўйилган бузоққа ўхшаб бўйнимни қайиролмай қоламан. Уйга келсам яна ғалва.
— Мен хамир қоришим керак, кир юваман, ошхона ва ваннахонага сиғмай қоляпман, — дейди нақд 80 килолик турмуш ўртоғим. — Сиз иш режаларингизни ошхонада ёзасиз. Шўрвага ҳам қараб қўясиз, кўпиги тошиб кетмасин.
— Бу таклифингиз бўлмайди, — дедим мен. —Сиз саксон кило бўлсангиз, мен сиздан 15 кило зиёдман! Айланиб бўлмайдиган ошхонангиздаги газ ва овқат ҳидига чидолмайман.
Иккаламиз ўртамизда бир хоналик уй тақсимоти авж олиб кетди. Янги уй билан табриклагани қариндош-уруғлар, ёру дўстлар тинмай келиб туришибди. Уларга дастурхон ёзиб, бир бало қилиб сиғиб турибмиз. Телевизорни бир бурчакка қўйдик, орқасига бир қоп картошка жойлаштирдик. Телефонни осма соатимиз ёнига авайлаб ўрнатдик. Китоб жавони ортиқча нарсаларимиз сақланаётган болохонага чиқди. Яхшиямки, шу жой бор экан. Бутун тақир-туқурларимиз ўша ерда димиқиб ётибди. Эру хотин бир вақтнинг ўзида у ерга чиқмаймиз, сабаби болохона вазнимизни кўтаролмаслиги мумкин.
Бугун дам олиш куни. Ёстиқдошим билан мириқиб, ўрик мураббосини эрмак қилиб ўтирибмиз.
— Уф, сиқилиб кетяпман, тарс ёриламанов, — дея менга ўқрайиб қаради хотиним. — Шу ҳам ҳаётми?
— Нега ёриласиз, тарвуз эмассиз, шекилли, — дедим мақсадни ҳазилга йўйиб.
— Қишлоқдан олиб келган озиқ-овқат маҳсулотларини қаэрга қўямиз бу ўймоқдай жойда. Гуручни қопи билан эшик орқасига жойладим, эшикнинг тепа қисмига кийимларимизни осиб қўйиш учун михларни қоқиб чиқдим. Сабзи ваннахонада, пиёз балконда, пахта ёғи пақири билан сиз ишлаётган стол тагида. Энди ювилган кир-чирларимизни қаэрга иламиз? Сиз ҳам бундай каллани ишлатинг, ахир.
— Калла молда бўлади, менда худога шукр бош, — дедим фиғоним фалакка чиқиб
Тадбиркорлигимиз ғовлаб кетиб, иккаламиз болохонадан то ошхонагача ўрилган арқонни тортиб чиқдик. Шуни ўйлаб топганимизга ҳам шукр. Энди осиғлик шим, куйлак ва ҳоказо кийим-кечаклар орасидан бошимизни эгиб юрамиз. Ўтган куни бизни янги уй билан қутлаб, қишлоқдан ҳамкасблар ҳам келишди. Бахтимизга ораларида хотин киши йўқ экан. Фаросат бўлмаса қийин-да, тор жойни яна ҳамтор қилиб, шу ерда тунаб қолишди-я. Ўзимиз ётадиган ягона хонани уларга бўшатиб бердик. Ўзимиз эса ошхонада идиш-товоқлар орасида мижжа қоқмай чиқдик. Бундан ташқари касбдошим Мақомбеков хурракни шундай гумбирлатдики, ҳатто қўшниларимиз ҳам безовталанганини сездим. Қаранг-а, йигирма йил бирга ишлаб, бу азаматнинг хуррак отишини билмаган эканман. Тўғри-да қаэрдан ҳам билай, мен у билан бирон марта бир жойда ётмаган бўлсам.
Хайрият, меҳмонларни зўраки табассум билан кузатдик.
— Худога шукр, энди бир ширингина дам оламиз, — деди хотиним кечаги қолган лағмонни газ плитага қўяркан.
Бирдан эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.
— Оббо, яна ким бўлди, — дея эринибгина эшикни очдим. Рўпарамда синглим Тозагул турарди. Ён-қаватида хонага шу заҳотиёқ отилиб кираман, деб олти нафар болалари ҳам қатор туришарди.
— Акажон, омонмисизлар, соғиниб келдик, — дея у лойга ботган калишини ҳам ечмасдан ўзини ичкарига урди, кетидан болалари!
— Синглим, бугун тунаб қоларсизлар-а, — сўрадим бошим қотиб. Хотиним ҳам унга бир ҳўмрайиб қаради.
— Иэ, ака, қизиқсиз-а, тунамай бўладими? Келинимиз билан гаплашадиган бир қоп гапимиз бор. Кейин болакайлар ҳам сизни жуда-жуда соғинишган.
— Жон, Тозагулим, болаларнинг ярмини қишлоқда қолдириб келмабсиз-да, — сукунатни бузди хотиним. — Кўриб турибсиз, жойимиз ҳам тор.
— Юрак кенг бўлсин, келинпошшо, сиғамиз. Болаларни ташлаб бўладими? Эртага опамлар ҳам саккизта фарзандини етаклаб келяпти Ҳурмат қилганимиздан сўнг, шунақа бўлади-да, келинпошшо!
Эру хотин яна мижжа қоқмай чиқдик. Иш режам газ плита устида, костюмим капгир илинган михга осиғлик, шляпам манти қозон қопқоғида. Ботинкам тикув машинаси тагида. Эрта тонгданоқ синглимни болалари билан шаҳарга чиқариб юбордик. Бозорни томоша қилармишлар. Вақт зиқ, ишга кеч қоляпман. Кўзойнагимни тополмаяпман.
— Уф, яна ўша гап. Кеча шимингизни қидиргандингиз. Йўқотган буюмингизни доим мендан сўрайсиз. Бундай қўйган жойингизни эслаб қолинг-да, хўжайинжон. Ана, кўзойнагингиз телефоннинг ёнида турибди.
— Вой, игна билан ўймоқни қаэрга қўйдим-а, — деди Илтижо менга умид билан қараркан. — Костюмингиз тугмасини янгиламоқчи эдим.
— Мен ишга шошяпман, — дедим мен тутоқиб. — Сиз шу пайтда ўймоқ суриштиряпсиз. Шу бир хоналик уйда ҳам нарса йўқотиб бўладими-а? Ана, игна билан ўймоқ атлас куйлагингиз устида турибди.
Мактабга етиб келдиму ҳамон хаёлим ўша бир хоналик уйда. Одамни жазолаш керак бўлса, уруғ-пуруғ, ошна-пошна, дўсту биродари билан бир хоналик уйга жойлаш керак экан. Бир пудлик хотиним навниҳол бўлиб қолди. Мен эса майин шабадада тебраниб турибман. Қадринга етдим, дов-дарахтларга кўмилган, отажонимдан қолган, оёғингни бемалол узатадиган меҳмондўст ҳовлим. Биродар, қишлоқдан шаҳарга келиб бир хоналик уйда яшаганмисиз? Мабодо кўчиб келмоқчи бўлсангиз, бизга зудлик билан учрашинг, тажриба алмашамиз.