Олис Қофқоз тоғларидан бошланиб, ваҳм солиб, гирдобланиб оқадиган бўтана Фурот анчадан бери безовта. Ерга уруғ тушиш арафасида дарёнинг ўзанидан чиқиб тошганини ёши юзга бориб қолган кексалар ҳам хотирлай олишмасди. Бунинг устига, кейинги кунларда шаҳарда бўғиқ ва оғир ҳаво туриб қолган. Қуёш ҳам кўринмайди. Гўё булутлар заминдан ўрлаётган гардга обдон тўйиниб, узала тушиб олгандек. Улуғшаҳарни файз тарк этган. Аммо авомнинг бу билан иши йўқ. Олий ҳукмдор фуқаро кўнглига дунёлар ҳавасини солиб қўйган: нима қилиб бўлса-да, минорани битириш! Одамларнинг на ичиши, на ейишида ҳаловат бор. Уларнинг ўй-хаёлини нафақат ерда, балки осмонда ҳам ҳукмрон бўлиш эгаллаб олган.
Бугун ҳам эрталабдан ҳавонинг авзойи бузуқ, ора-сира ёмғир томчилаб қўяди. Кенг Синаар текисликларидаги ёмғир мавсумини фақат Улуғшаҳарда яшайдиганлар билади. Фурот ва Дажла шундай қутурадики, одамлар: “Дунё энди сувга айландими”, деган ўйга ҳам боради. Энг ёмони, дарёлар ҳовуридан тушгунча далаларнинг бўлари бўлади.
Булутлар тамом эгаллаган кўкка термиларкан, Ҳаммуданинг кўнгли ғашланди. Ёмғир мавсуми чўзилганидан, ўтган йили ҳосилнинг мазаси бўлмади. У каби юзлаб деҳқонлар кўзланган ҳосилни ололмай, заминдорлардан анча қарздор бўлиб қолишди. Ўтган йили далаларга ўроқ тушиши арафасида Дажла қутурган бўлса, бу йил ҳатто уруғ ерга тушишга ҳам улгурмади.
У оёғи билан тошқиндан сўнг қатқалоқланган тупроқни эзиб кўрди. Қотиб қолган лойқа ёқимли қисирлади. “Дарё қачон тинчланаркин? – ўйга берилди у. – Балки у ҳам норозидир? Айни ҳақиқат! У ҳам норози!”
Унинг кўз ўнгида Улуғшаҳарнинг қоқ марказидан кўкка бўй чўзган, булутлар кўксини-да тешиб ўтган минора. Минора дейишга ҳам тил айланмайди – нақ қоянинг ўзи! Минглаб одамлар қопларда, араваларда тупроқ, ғишт ташир, дарғазаб ишбошиларнинг овозлари, ора-сира юқоридан қулаган ёки оғир нарса босиб қолганларнинг додлашлари эшитиларди. Чанг-тўзон остида қолган ёввойи издиҳомдан отларнинг жон аччиғидаги кишнашлари эшитиларди-да, кишининг юрагидаги ғулу ва ваҳимани янада кучайтирарди. Аммо қурувчилар ўзгача иштиёқ билан ишлайдилар.
Улкан ўчоқларда пиширилган ғиштлардан, олис тоғлардан келтирилган тошлардан қад ростлаётган минора киши дилига ҳадик солар даражада ҳайбатли эди.
Миноранинг юқорисида ишлаётганлар пастдан қаралса худди чумолига ўхшаб кўринарди. Шунда Ҳаммуданинг хаёлига илк бор: “Одам боласи ўзи яратган нарсаси қаршисида йўқ бўлиб кетса-я!”, деган ўй оралаганди. Шаҳарликлардан бири, кўринишидан савдогар ёки заминдор, унинг елкасига нуқиб: “Кўрдингми буни! Улуғшаҳарликларнинг фахри бу, бизнинг куч-қудратимиз рамзи!” – деганди. У ўша одам айтганидек ғурур ёки фахр туйғусини эмас… қўрқувни туйган, назарида Улуғшаҳар аҳли тамоман жазавага тушиб қолганди.
– Намунча хаёлга берилдинг? – нарироқда куймаланаётган аёли Ёсида унинг ўйларини тўзғитди.
Ҳаммуда қатқалоқ ерни босиб, унга яқинлашди. Айбдорлардек елка қисиб, илжайди.
– Ҳали ҳам хаёлинг минорадами? – Ёсиданинг ўзи ҳам мағриб уфқида кўкка таҳдид солаётган қоя-минора томон қараб қўйди.
Аёл эридан хавотирда эди. Чунки Ҳаммуда қурилаётган минорани кўриш учун Улуғшаҳарга бориб, бир аҳволда қайтиб келганди. Унинг ўнг ёноғи пир-пир учар, остки лаби билинар-билинмас титрар, таажжуб ила қаршилаб, сўз кутган хотинига анчагача гапиролмай турганди. Ўшандан бери у таомга ҳафсала қилмас, кейинги кунларда эса ҳатто ўзига ҳам қарамай қўйганди.
– Кўз олдимда миноранинг ақл бовар қилмайдиган бўй-басти, – ўзига ўзи гапиргандек деди у. – Одамлар ҳам ҳукмдорга кўр-кўрона эргашаяптилар.
Ёсида ёғоч чопқични ташлаб, эрининг ёнига келди. Унинг кўзларига ёлворгандек термилиб, деди:
– Азизим, ҳаммасини тушунаман, анави қўшниларимиз, – Ёсида анча нарида ер юмшатаётган деҳқонлар – ҳамқишлоқлари томон бош ирғади. – Тушунишади. Бошқалар-чи? Шаҳарликлар сени не кўйларга солишганини унутдингми? Ўтинаман, энди бу ҳақда бошқаларга оғиз оча кўрма!
Ҳа, аёли минг бора ҳақ. Бошига ит кунини солганларини эсидан чиқара оладими? Шаҳардан уни тошбўрон қилиб қувган одамлар унинг гапини яна эшитармидилар! Бу сафар қувғин қилиб ўтиришмайди, миноранинг энг юқорисидан ерга улоқтиришади…
Қуёш ётоғига шошаркан, ғарб уфқига ажиб ва хаёлий ёлқин парда тортди. Қизғиш шафақда кўкка ғазабнок бош кўтарган минора чўнг қояга ўхшаб кўринди. Ҳарчанд қарамасликка ўзини мажбур этса-да, савқи табиий бир куч унинг кўзларини шаҳар томон буриб юборди. Ҳар оқшом, далада иш тугаган пайтда негадир шунга одатланиб қолди. Балки кун бўйи узоқ-узоқларда ғўдайиб, юракларга аллақандай қўрқув ва ваҳима солаётган минорани эртасига, қуёш қайтадан бош кўтаргунча сўнгги марта кўриб олиш учунмикин… Кутилмаганда қулоқлари остида таҳдидли овоз янгради: “Одам нафақат ерда, балки самода ҳам ҳукмрон бўлиши керак!..”
– Бунга барибир чек қўйиш керак, – ўзига ўзи гапиргандек деди у.
* * *
Ўша кунларда Ҳаммуда қандайдир тушкун, одамови бўлиб қолган, кўпинча хилватга ошиқарди. Кўнглида бир-бирига зид туйғулар курашарди. Шундай кунларнинг бирида у туш кўрди. Тушида… улкан минора Улуғшаҳар устига қулаб, ҳаммаёқни вайрон қилганмиш-да, бирорта ҳам тирик жон қолмаганмиш.
Ўшанда Ҳаммуда тушига қандай таъбир кўришни билмаган эди. Орадан бир муддат ўтгач, худди ўша туш – қулаётган минора яна оромини ўғирлади. Айнан бир хил тушни икки марта кўриши унга гўё ниманингдир башоратидай туюлиб, кўнгли ғашланиб қолди. Кўп ўтмай Улуғшаҳарда қурилажак минора ҳақида овозалар тарқагач, тушининг таъбири аёнлашди-қўйди. Одамлар фақат минора хусусида гапиришар, баҳслашишарди. Олий ҳукмдор минора нафақат Улуғшаҳар, балки бутун салтанат аҳлини қудратли қилади, дея нутқ сўзлагандан сўнг улуғшаҳарликларнинг барчаси – ёшу қари, эркагу аёл – ёппасига қурувчига, аниқроғи, машаққатли ва оғир ишга ёлланган қулга айланди.
Кейин ўша тушни яна кўрди. Минора худди қудратли бир қўл туртиб юборгандек бир ёнга оғди-ю, гулдурос солиб қулади, атрофни тўзон қоплади… Ҳаммуда билдики, бу – огоҳлантириш. Шунгача журъати сўниб, тили боғлангандек юрган йигит улуғшаҳарликларни тушидан воқиф этишга аҳд қилди. Қурилишга келиб, яқиндагина кўтарилган тупроқтепага чиқиб, баланд овозда сўз бошлади:
– Эй, Улуғшаҳар аҳли, сўзларимга қулоқ тутинг! Қандай ишга қўл урганингизни фикр қилинг, ўйлаб иш кўринг! Одам боласи самода тугул, ҳатто ерда ҳам омонат! Ўзингиз ўйланг, Фурот ёки Дажла ўзанидан ошиб, тошқинлар ичида қолсак, қўлимиздан бирор иш келадими? Ёмғирлар мавсуми тугашини кутиб, кунлар санашимиз хотиримиздан кўтарилдими? Оддийгина безгакдан ҳар йили неча-неча оилалар яқинларидан айрилади. Шуларнинг ўзи ожизлигимизни рўйирост кўрсатиб бермайдими?..
Юз-кўзи тер ва чангдан қора-қура, уст-боши оғир ишдан яғир, елкаси тош ва харсангдан эзилган минглаб қурувчилар Ҳаммуданинг сўзларидан анчагача жим бўлиб қолишди, ҳатто пашша учса сезиладиган сукунат чўкди. Кўплар ҳайратда эди – Улуғшаҳарда ҳукмдорга қарши борган одамнинг номи ҳатто кўҳна битик ва ривоятларда ҳам учрамасди. Ҳаммуда эса ҳукмдорнинг гапларини ошкора инкор этмоқда эди.
Одамлар орасидан теридан тикилган коржома кийган, кўринишидан иш бошқарувчилиги билиниб турган киши чиқиб, дарғазаб бўлиб деди:
– Эй, Улуғшаҳар аҳли, кимнинг гапларига қулоқ соляпсиз? Олий ҳукмдор сизга нафақат ернинг, балки самонинг ҳам йўлини кўрсатиб берди. Унга элтувчи кўприк – минора! Ҳеч ким бизга қаршилик кўрсата олмайди! Биз барибир самога етамиз ва унда ҳам ҳукмрон бўламиз!..
Оломонга шу сўзларнинг ўзи кифоя эди.
– Бу одам, – иш бошқарувчи Ҳаммудани кўрсатди. – Бизнинг душманимиз! Унинг жазосини бериб қўяйликки, иккинчи бундай гап-сўзлари билан йўлимизга тўғаноқ бўлишни хаёлига ҳам келтирмасин!
Оломон қутурди:
– Жазо! Жазо!
Иш бошқарувчининг ишораси билан беш-олти киши оломондан ажралиб чиқиб, Ҳаммуданинг қўлларини қайириб, арқон билан чандиб ташлади. Худди шу тупроқтепага устун ўрнатишиб, уни шундай боғлашдики, минора қурилишини кузатишдан ўзга чораси қолмади.
– Кўриб қўй, – қичқирди иш бошқарувчи. – Минорамиз нақ самога етиб боради, биз юлдузлардан ҳам юқорига чиқамиз, бутун дунё оёғимиз остида бўлади, сен эса ерда, товонларимиз тагида қолиб ўласан!
Ҳаммуда бир ҳафта устунга боғланган ҳолда оч-наҳор қолиб кетди. Қуёш шўрликнинг вужудини жизғанак қилар, очлик ва ташналик бениҳоя азоблар, ҳар нафас олганида кўкка ўрлаётган чанг-тўзонни ютарди. Буткул ҳолсизланиб, боғланган арқонига шалвираб осилиб қолганидан кейингина уни устундан ечиб олишди. Нафас олаётгани ҳам билинмаётган йигитнинг сувсизликдан ёрилиб кетган лабларига, қуёшнинг аёвсиз тиғи куйдирган юзига боқаркан, иш бошқарувчи мамнун бўлиб ишшайди. Минорага қарши чиққанларнинг жони қил устида бўлади, деб ўйлади чоғи.
– Бу ақли ноқис минора қурилишига қарши чиққанди! – иш бошқарувчи ишчиларга юзланиб, қичқирди. – У минорага эмас, бизнинг самода ҳоким бўлишимизга қарши эди. Бунга ўхшаганлар шундай аҳволга тушади!.. Уни Улуғшаҳардан ташқарига чиқариб ташланглар! Токи минорага чиқолмай бир умр армон ва аламда ўтиб кетсин!
Оломон жазавага тушди:
– Армон ва аламда ўтиб кетсин! Армон ва аламда ўтиб кетсин!
Мадорини йўқотган Ҳаммудани тупроқ ташийдиган замбилга солишиб, Улуғшаҳардан ташқарига олиб чиқишди-да, яйдоқ далада қолдириб кетишди. Уни қишлоққа қайтаётган деҳқонлар топиб олишди. Шу тариқа у бир ўлимдан қолди.
Орадан олти ойлар ўтиб Ҳаммуда яна ўша тушни кўрди. Минора Улуғшаҳар устига қулади…
* * *
Ҳаммуда қўли ишдан бўшаши билан майда-чуйда тошларни олиб йўнар, катта-кичик ҳайкалчалар ясар, ясаганлари бинойидеккина бўлиб, анча харидоргир эди. Баъзи дўстлари унга буюртмалар ҳам бериб қолишарди. У мағриб томонлардаги ҳазораларда нафақат одам бўйи, балки Улуғшаҳар ҳукмдорлари саройи билан бўйлашадиган ҳайкаллар ясалиши, улар авом ўртасида мўъжизадек қабул қилинишини кўп эшитганди. Мағриб ва машриқ ўртасида қатнайдиган савдогарлар ўша ҳайкаллар худди тирикка ўхшайди, Улуғшаҳардаги ҳайкаллар уларнинг олдида ип эшолмайди, дейишар эди.
Ўтган йили Улуғшаҳарга Финикия соҳилларидан келган карвоннинг моллари орасида оқ мармардан йўнилган, рақс тушаётган раққосанинг ҳайкалчаси ҳам бор эди. Уни кўриб қолган Ҳаммуда ижодкорнинг таърифга тил ожиз иқтидори ва маҳоратига тан берган, анчагача раққосадан кўз узолмай қолганди. Оддий тош бўлагидан шундай санъат асарини йўниш одам боласининг қўлидан келармикин, деган ўйга ҳам борганди у.
Қуёш ётоғига чекиниб, атроф-жавониб тун пардасини ёпинганида у қўлидаги мўъжаз фил суягини айлантириб ўтираркан, ўша раққоса ҳайкалчасини эслади. Фил суягидаги сарғимтир доғлар шамнинг заиф шуъласида ҳам кўзга ташланарди. Уни шам ёруғига тутиб, яна бир-икки айлантириб кўргач, хаёлига кутилмаган ўй келиб қолди: “Шундан бирор ҳайкалча ясаб кўрсаммикин…”
Кўнглида енгиб бўлмас иштиёқ улғайган сайин ясалажак ҳайкалчанинг турфа тарҳлари хаёлида чизила борди. Шундай нарса ясасинки, кўрганлар ижодкор нима демоқчи бўлганини англаб етсинлар, унга тан берсинлар. Шу ўйи далдасида у кичкинагина пичоқчасини олиб, суякка тахминий чизиқларни тортди… У ўзгача шавқ билан ишлар, тиззасига ташлаб қўйилган коржомаси оқ кукунга қопланар, фил суяги эса аста-секин ҳайкалчага айлана борарди. У қанча вақт ўтганини, самодаги ой ва юлдузларнинг йўқолганини ҳам сезмади. Афт-ангори, кийим-боши тамом оққа беланган Ҳаммуда тонгга яқин тайёр бўлган ҳайкалчани оҳиста ерга қўйди. Тамом эриб битган шамнинг сўнаётган шуъласи ва қуёшнинг илк нурлари қоришган бир пайтда муштдек келадиган, кўкка ҳадик билан қараётган одам ҳайкалчаси намоён бўлди. Яхшироқ разм солинса, одамнинг юзида илоҳий қўрқув кўринади. Туйқус пайдо бўлган хатардан ўзини ҳимоя қилишга урингандек, қўлларини хийла олдинга чўзган. Ортга тисарилишга тайёр оёқ мушаклари асабий бўртган…
– Ким… бу?! – ўзидан ўзи сўради Ҳаммуда.
Унинг уйқу ола бошлаган кўзлари катта-катта очилди. Хиралашаёзган зеҳни тиниқ тортди. Ҳайкалчанинг қиёфаси унга жуда-жуда таниш. Аввал қаердадир кўрган. Унинг қошлари чимирилди, беихтиёр ўйга берилди. Кўзлари ачишиб, юмилиб кета бошлади…
– Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади! – деди кимдир.
У овоз қайси томондан келганини билиш учун атрофга аланглади. Ҳеч ким кўринмади. Шундай туюлдимикин, деган ўй оралади хаёлига. Қаддини ростлаб, ортига ўгирилмоқчи бўлганида қаршисида минглаб ҳайкаллар турганини кўрди-ю, ҳайрат ва қўрқувдан тили боғланди. Уни ҳайратга солган нарса – ҳайкаллар ҳозиргина ўзи ясаган ҳайкалчанинг айни нусхалари эди. Уларнинг бари бир томонга – Улуғшаҳарга қараб юзланган, худди кибрга кетган шаҳардан ўзини ҳимоя қилишга урингандек қўлларини олдинга чўзган, юзларида эса Ҳаммуда ясаган ҳайкалчанинг юзидагидек даҳшат қотиб қолганди.
“Бу ҳайкаллар қаердан пайдо бўлди?!” – ўйлади у.
– Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади! – ўша овоз яна такрорланди. – Ва бошқаларнинг ҳам шуни ҳис қилишларини истайди.
Нега кўрмай қолди?! Улар шундоқ рўпарасида туришган экан-ку! Ҳаммуданинг қаршисида, ҳайкаллар ўртасида оқ матога ўранган, соч-соқоллари оқарган кексалар туришарди. Қизиғи, бари икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш. Улар бир қатор сафланиб олишган. Яна энг ҳайратланарлиси – кексалар ва ҳайкаллар ортида, сийрак чанг пардаси ортида… ўша минора элас-элас кўринади. У гапиролмай қолди.
– Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади, – кексалардан бири учинчи марта такрорлади.
– Сиз… ҳайкалчани… назарда тутаяпсизми? – тутилиб-тутилиб сўради у ўша қариядан.
– Ҳа.
– Унда… унда анави ҳайкаллар қаердан пайдо бўлди? – у кенг майдонни тўлдирган ҳайкалларга ишора қилди.
– Улар улуғшаҳарликлар, – деди бошқа қария.
– Мен… мен… уларни ясашни хаёлимга ҳам келтирмагандим, – ўзини оқлашга уринди Ҳаммуда.
– Биламиз, – қўшилди яна бошқа қария. – Шунинг учун ҳам ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади.
Ҳаммуда уларнинг нима демоқчи бўлганини энди англади.
Қариялар бир-бирларига қараб олишгач, тасдиқ ишорасида бирдек бош ирғашди. Ҳаммуда қўрқа-писа улкан майдонни ишғол қилган, минорага ҳадик билан юзланган ҳайкалларга қаради. “Наҳотки шуларнинг ҳаммаси мен бўлсам”, пичирлади унинг лаблари.
– Худди шундай, – дейишди қариялар бир овоздан. – Ўзингдан ортиқ нарсани гапира олмайсан…
Ҳаммуда кўзларини очганида қуёш сахийлик билан нур сочар, уйи ёруғ эди. Уст-боши, қўллари оппоқ чанг, қаршисида эса туни билан ясаган ҳайкалчаси турарди. Ёдига туши тушди: оппоқ кийинган қариялар, минглаб ҳайкаллар, чанг-тўзон ичида элас-элас кўринаётган минора…
– Нега бундай туш кўрдим? – ажабланди у.
Энди унинг хаёлида биргина жумла айланарди: “Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади…” Тушига таъбир кўришдан ожиз эди.
* * *
Синаар кунботишидаги харобалар тўғрисида Улуғшаҳар аҳли оғзида азалдан турфа ривоят ва асотирлар юрар, улар турлича талқин қилинарди. Уларнинг бирида Буюк Тўфон тасвирланар, бани башар ўша тўфондан омон қолган саноқли одамлардан тарқагани ҳикоя қилинарди. Ўша ривоятларда Синаар адоғидаги харобалар ўрнида аввал ҳазоралар бўлгани, уларнинг эгалари тўфондан омон қолганларнинг авлоди экани ҳам айтиларди. Азалдан қизиқувчан бўлган Ҳаммуда харобаларга кўп борган, тош қотган сополаклардаги кўҳна битикларни илк бор кўрганда ҳайратдан анчагача ўзига келолмаганди.
Кўнгли Улуғшаҳардан совий бошлаганидан бери у негадир ўша харобалар зиёратини қўмсай бошлади. Сафар халтасини тайёрлаётганида Ёсида таажжубланиб сўради:
– Қаёққа отланаяпсан?!
– Харобатепага.
Ёсиданинг қошлари чимирилиб, эрига ҳайратланиб қаради. Харобатепа…
– У ерда нима қилмоқчисан?
– Ўзимни топмоқчиман, – халтасига майда-чуйдаларини солишда давом этаркан, ярим чин, ярим ҳазил деди Ҳаммуда.
– Мен ҳам бораман, – эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда деди Ёсида.
– Хоҳишинг…
…Вақтнинг аёвсиз ҳукми остида чуқур сукутга толган харобалар узоқдан улкан тепаликка ўхшаб кўринади. Шунинг учун одамлар уни оддийгина қилиб Харобатепа деб қўя қолишган.
Қўли ишдан бўшаганида ёки кўнгли зиқ бўлган вақтларда у Харобатепага ошиқар, қуёш тиғи ва ёмғирлар обдон “савалаган”, нураб, ер билан битта бўлаёзган чолдеворларга термилиб ўтирарди.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. У харобаларни оралаб юриб, доим ўтирадиган жойига чўкди. Сафар халтасидан кеча тунда ясаган ҳайкалчасини чиқариб, рўпарасига қўйди. Эрининг ёнига ўтирган Ёсида ажабланганича ҳайкалчага тикилиб қолди.
– Бу ким? – анчага чўзилган жимликдан сўнг сўради у.
Кутилмаганда хаёлига келган ўйдан Ҳаммуда беихтиёр жилмайди.
– Ўзимга ўхшамаяптими? – аёлига саволомуз қаради у.
Ёсида нима дейишини билмай қолди. У ҳам шувоқлари кўчган, айрим жойларида ғиштлари яланғочланган деворга термилди. Бу чолдеворлар орасида Ҳаммуданинг қандай маъно-ю тасалли топиши унга қоронғи. Агар эридан хавотир олиб юрмаганида Харобатепага келмаган бўларди.
Кейинги кунларда Улуғшаҳарда ёмғирлар тинган, қуёш атроф-борлиқни жингиртоб қила бошлаган. Тупроқ ва қум остидаги Харобатепа қуёшнинг оташ нафасидан унсиз азобланаётгандек, ҳатто унда вақт ҳам тўхтаб қолгандек. Ёсида иссиқдан лоҳасланар, ҳар нафас олганида қайноқ ҳовур димоғини куйдиргудек бўлар, бетоқатланиб эрига тез-тез қараб қўярди. Ҳаммудага эса жазирама таъсир қилмаётгандек эди. У кўзларини нураган девордан узмай ўтирарди. Шунда… кутилмаганда унинг ёнидаги ҳайкалча катталаша бошлаб, росмана одам кепатасига кирди. Ҳайкал-одам ҳатто… энтикиб нафас олар, кўзлари ола-кула бўлган, яланғоч сони ва қўлларининг мускуллари тарам-тарам бўртиб турарди. Суякдан қандай йўнилган бўлса худди шундай – ҳайрат ва қўрқувдан ортига тисарилишга тайёр, ўзини ҳимоя қилишга чоғлангандек қўлларини кўтарган…
– Сен… кимсан?! – тили сўзга айланиб-айланмай сўради Ҳаммуда.
– Мен… сенман! – унга қарамай деди ҳайкал-одам.
Ҳаммуданинг ёдига бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш қариялар ва уларнинг айтган сўзлари тушди: “Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади!”
– Мен?!.. Нега бу алфозда турибсан?
– Деворга қара! – ҳануз сиёқини ўзгартирмай деди ҳайкал-одам.
Ҳаммуда деворга қаради. Ҳарчанд уринса-да, шувалган пахсадан бошқа нарсани илғамади.
– Ҳеч нарсани кўрмаяпман, – деди у.
– Кўраяпсан! Шундоқ кўз олдингда!
Деворда ҳеч нарса кўринмасди. Шунда ҳайкал-одам қўлларини тушириб, уни силкита бошлади.
– Қара! Қара! Кўрдингми?!
Бирдан Ҳаммуданинг кўз олдида ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Сал ўтиб идроки тиниқлашди. Энди уни ҳайкал одам эмас, Ёсида силкитарди.
– Ҳаммуда! Ҳаммуда! Менга қара, мени эшитаяпсанми?!
Шундагина жазираманинг ҳадди аълосига етгани, маълум муддат онги хира тортганини фаҳмлади. Кўзларига кўрингани рўёми ёки алоқ-чалоқ тушми, энди унга аҳамиятсиз эди. У дарҳол чўккалаб, шоша-пиша қаршисидаги деворга яқинлашди. Деворга ўтирган қалин чангни қўли билан сидирди, сидираверди. Кутилмаганда ранги ўчган, тарс-тарс ёрилиб кетган кошинлар кўринди. Ақл бовар қилмасди. Ҳаммуда кўҳна битикларда Буюк Тўфондан омон қолганларнинг авлодларидан бўлган қавм ҳатто ҳозир Улуғшаҳарга маълум бўлмаган кошинлар тайёрлашни билиши ҳақида ўқиганини эслади…
– Биз… биз… нимадир топамиз, Ёсида! – ҳаяжонланиб деди у.
* * *
Унинг ҳайрати чексиз эди. Емирилаётган деворлар остидаги кошинлар, улардаги битик ва расмларда бутун бошли тарих силсиласи яширинган эди. Юз-кўзидан тер шовуллаб оқаётгани, кўйлаги баданига чиппа ёпишиб қолганига ҳам эътибор бермай, чўккалаганича битикларни ҳижжалаб ўқишга тушди: “О, бепоён Синаар… Сен… неча-неча ҳазораларга гувоҳсан. Ва, ҳар доим… уларнинг сўнишини… жимгина… кузатиб турасан…”
– Бу нима деганинг?! – жазирамадан эримнинг эси оғиб қолдимикин, деган қўрқувда сўради Ёсида.
– Ёсида, булар кошинлардаги битиклар! – ҳаяжонланиб деди Ҳаммуда.
– Қандай битиклар?
– Кошинлардаги! Мана, буларни қарагин! – Ҳаммуда тушуниксиз, узуқ-юлуқ шакллар узра бармоқларини юргизди.
Ёсида бу шакллардаги маъноларни англамади. У кўҳна ёзувларни ўқишни билмасди. Ҳаммуда деворнинг қолган қисмини ҳам тозалади. Яна ёзувлар, шакллар кўринди. Бу ёзувлар аввалгиларига ўхшамасди. Ҳаммуданинг вужудини енгил титроқ олди.
– Ёсида… буларнинг нима эканлигини биласанми?
– Йўқ…
– Бу… янада кўҳнароқ ёзув… Бу дегани, бу ерда бир неча авлод… бир неча ҳазора яшаган…
Кўҳна битикларга Улуғшаҳарда икки-уч кексанинг тиши ўтар, уларнинг айтганлари авом ўртасида худди асотир ва ривоят каби тарқаларди. Ёсида ҳам ана шундай ривоятларни кўп эшитганди.
Ҳаммуда эса бобосидан ана шундай битикларни ўқишни ўрганганди. Вафотидан аввал бобоси Улуғшаҳардаги энг кекса киши ҳисобланар, ўзининг шоҳидлик беришича, Фурот ҳамда Дажла ўзанидан ошадиган мавсумларни юз, бир юз ўн марта кўрганди. Оппоқ соқоли кўксига тушадиган, қалин қошлари остидаги хира кўзлари ҳорғин боқадиган қария – Эҳудр умрининг шомида лой тахтачаларга нималарнидир битиш билан кун ўтказадиган бўлиб қолган эди. Қавму қариндош ва фарзандлар қариганда мияси айнибди-да, деган ўйда уни кўпда безовта қилишмас, ёлғиз Ҳаммудагина унинг пинжига тиқилиб, ишларига ҳамроҳ бўларди. Кулоллардек ҳафсала билан лой ийлаб, ҳар хил тахтачалар кесиб, уларнинг нами қочмай шакллар ўяркан, кекса Эҳудр неварасига тушунтирарди: “Манави белги – қуёш, буниси – ер, бу эса сув… Буларни бирлаштириб, “Қуёшли заминдаги уммон”, деб ўқиймиз, тушундингми?” Белги ва шакллардан маънолар чиқишидан мурғак Ҳаммуда ҳайратга тушарди.
Бобоси ўзидан кейин минглаб сопол тахтачаларни жамлаган кутубхонани мерос қолдириб кетди. Баъзи вақтларда Ҳаммуда уларни мутолаа қилар, ҳатто тонгларни кутубхонада қаршиларди.
– Бобом ҳам айтганди! – анчага чўзилган жимликни бузди Ҳаммуда. – Ҳар бир ҳазоранинг ўз белги ва шакллари бўлган. Кошинлардаги белги ва шакллар ҳам шундай экан…
Унинг кўрсаткич бармоғи сатрлар узра югураркан, лаблари ожиз пичирлади:
– “Авлодлар… сўзларимизни унутдилар…” Тушунмадим, буни қандай англамоқ керак? Аждодлар авлодларга нима демоқчи бўлишган?..
– Балки ёзувларнинг қолганини ўқирсан? – деди Ёсида.
Аксига олиб кошиннинг қолган қисми куйиб кетган, унинг ўрнида буришиқ лой қотиб қолганди.
– Қизиқ, – ўзига ўзи гапиргандек деди Ҳаммуда. – Бу жумлани олдин ҳам ўқигандекман…
– Қанақасига?! – ажабланди Ёсида. – Бу белги ва шаклларни ҳозиргина тупроқ остидан очдик-ку!
Аёли ҳақ бўлса-да, Ҳаммуда кўнглининг туб-тубларида худди шундай маъноли шаклларни аввал ҳам кўрганига ишончи комил эди. Айнан бир хил белгилар, шакллар…
– Иссиқ авжига чиқаяпти, – деди Ёсида унинг ўйларини тўзғитиб. – Қайтмасак бўлмайди.
Шундагина Ҳаммуда жазираманинг оловли тафтини ҳис қилди. Мубҳам ўй-хаёллар ичида ўрнидан туриб, кўйлагини қоқаркан, ўтирган жойда қолдирган ўша ҳайкалчага қараб қолди. Аста эгилиб ҳайкалчани олди. Энди унинг бутун борлиғини ҳайкалча, ҳозиргина кўрган белги ва шакллар тамом эгаллаб олганди…
* * *
Этаги узун ридога ўраниб, асога таяниб юрадиган кекса Эҳудрни Улуғшаҳарнинг каттаю кичиги танирди. Унинг атроф-жавонибдаги юртлар, олис ва яқин ўтмишда ўтган ҳукмдорлар тарихи ҳақидаги бир-биридан қизиқ ҳикояларини авом мароқ билан тингларди. Умрининг охирги кунларида у лой тахтачаларга битиклар битишни бошлади-ю, Улуғшаҳарда кўринмай қолди. Чол эртадан кечгача мўъжаз устахонасида кун қаритар, гоҳ лой қорар, гоҳида эса қандайдир матнларни ёддан ўқиб (баъзида улар тушуниксиз тилда ҳам бўларди), қуриб улгурмаган тахтачаларга белги ва шаклларни ўйиб чиқарди. Кейин эса тахтачалар шундай кўпайиб кетдики, қариянинг ўлимидан сўнг уларни устахонанинг шифтига қадар тахлаб ташлашди. Қавму қариндошнинг унга чексиз ҳурмат ва эҳтироми сабаб, устахонага, ундаги минглаб сопол тахтачаларга ҳеч ким тегмади.
Фақат Ҳаммудагина устахонага – кутубхонага кирар, кўплаб битик ва кўҳна матнларни ўқир эди.
Бобосининг нафақат кўҳна битикларни кўчириш, балки қандайдир тушуниксиз белги ва шаклларда ёзувлар битиш одати ҳам бор эди. Ҳаммуда аввал уларни кўрмаган, табиийки, уларнинг қандай маънолар беришини билмасди. Бобосидан сўраганида у маъноли бош ирғаб, беозор жилмаяр, “вақти келганда ҳаммасини ўзинг билиб оласан”, дерди.
– Қанақасига ўзим билиб олишим мумкин?! – ўшанда соқол-мўйлови сабза ура бошлаган Ҳаммуда ажабланиб сўраганди. – Буларни ҳеч кўрмаган бўлсам… Мен билган ёки кўрган битикларга ўхшамаса…
Туси ўзгаришсиз Эҳудр кўзларини мубҳам нуқтага тикиб, узоқ жим бўлиб қолган, сўнг туйқус хаёлларидан бош кўтариб, унга юзланганди.
– Белгилар, шаклларни ўрганиш, ёдлаш шарт эмас, болажоним. Вақти келиб уларни ўз-ўзидан тушунасан.
Ҳаммуда ҳеч нарсани англамаганди. Шундай бўлиши ҳам мумкинми?! Номаълум ёзувларни таржимонсиз тушунса?
Орадан йиллар ўтиб бу белги ва шаклларни бобоси кашф этганини тушуниб етди. Ўттиздан ҳатлаганда Ҳаммуда кўп қавмлар ишлатадиган белгилар, шаклларни пухта ўзлаштирди. Бобосининг айрим сополаклари, аниқроғи, йирикроқ лавҳлардаги битиклари ҳеч қайси ёзувга ўхшамасди. Улар кутубхона-устахонанинг алоҳида бурчида сақланар, устига яшил мато ташлаб қўйилганди. Ҳаммуда сополакларни Улуғшаҳардаги ҳамма донишмандларга, ҳатто ўз битикларидан бошқаларини тан олмайдиган коҳинларга ҳам кўрсатди. Эҳудрнинг матнларига тиши ўтадиган одам топилмади. Улуғшаҳарнинг энг йирик коҳини, олий ҳукмдор саройи ходими “Эҳудрнинг матнлари энг кўҳна битиклар бўлиши ҳам мумкин”, деган фикрни ўртага ташлади. Улуғшаҳарнинг ақл соҳиблари ҳайратда эди. Яна бошқачароқ айтилса, Эҳудр катта жумбоқ ташлаб кетганди…
…Кейин Улуғшаҳарда минора қурилиши бошланди-ю, Эҳудрнинг битиклари ҳамманинг ёдидан кўтарилди…
Харобатепадан қайтган Ҳаммуда аввало Улуғшаҳарнинг ҳамиша очиқ турадиган жанубий дарвозаси томон юзланди. Унинг қарори Ёсидани тонг қолдирди. Шахдам қадам ташлаб кетаётган эрига етиб оламан, дея у ҳам тез-тез юрар, ўпкасига ҳаво тиқилиб, боши айлана бошлаганди. Ҳаммудани эса аёлининг аҳволи қизиқтирмас, унинг бутун борлиғини бобосининг кутубхона-устахонасидаги ўша сири очилмай қолган матнларни яна бир бор кўздан кечириш иштиёқи эгаллаб олганди.
Шаҳарнинг жанубий дарвозаси ланг очиб қўйилган, отлиқ кибор ва савдогарлар, эшакларга минган оддий фуқаро ва яна ола-қуроқ оломон – деҳқонлар, ҳунармандлар, дайди-бекорчилар ва исқирт тиланчилар шаҳарга кириб-чиқишар, дарвоза ёнидаги қуролланган соқчилар эса ким кираяпти ёки чиқаяпти, кузатиб туришарди. Шаҳарнинг биринждан қуйилган оғир ва улкан дарвозаси, бўртма ҳайкаллар ишланган баланд, устида бир неча отлиқ бемалол ёнма-ён юра оладиган қалин тошдеворларининг ўзиёқ Улуғшаҳар ҳақида қўрқувга қоришиқ тасаввур ҳосил қиларди-қўярди. Деворлар ва дарвоза қаршисида эса одамларнинг кичкина бўлиб қолишини кўрганда қўрқув янада улғаярди.
Ҳаммуда ҳар гал шаҳарга кираётганида ана шу қўрқувни туяр, бу қўрқув тошдеворларни ортда қолдиргунича унинг вужудини тамом ҳолсизлантириб қўярди.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. Юрак уриши тезлашиб, нафас олиши қийинлашди. Оёқ-қўлидан мадор кетиб, анчагача қандай кетиб бораётганини ҳис қила олмай турди. “Бу ерни бекорга Улуғшаҳар демайдилар”, ўй ўтди хаёлидан. Эрининг аҳволини сезибми, Ёсида дарҳол унинг қўлидан тутди.
Ҳаммуданинг ёдига бобосининг ҳикоялари тушди. Ҳикоялардаги одамлар бундай тошдеворлар кўтариш, биринждан ҳайратангиз дарвозалар қуйишни билишмасди. Улар кўтарилган ёғочларга ташланган матолар – чодирлар остида яшашарди. Чодирлар ҳам баланд бўлмас, катта одам бўйини ростласа боши шифтга тегарди…
Одамлар Ҳаммудани дарров таниб қолишди. Ҳамма унга бирдек тикилиб қолди. Айримлар юришдан таққа тўхтаб, анграйганича қараган бўлса, яна кимлардир бир-бири билан пичирлашишга тушиб кетганди. Асабий жимликни дўконида ўтирган баққол бузди:
– Бу ўша – Эҳудрнинг авлодларидан бўлган Ҳаммуда! – қичқираёзди у. – Мана шу минорага қарши чиққан!
– Худди ўша! – деди дарвозадан кириб, отини йўрттиришга тушган савдогар. – Уни шаҳардан бадарға қилишган!
– У яна нега келди шаҳарга? – қоқсуяк қўлларини титилиб, дағал иплари чувилиб қолган енгларидан чиқариб дағдаға қилди иркит бир дайди. – Мен ҳам тупроқ ташидим шу минорага меҳнатим қўшилсин деб! Бундақалар эса очиқдан-очиқ бизга қарши сўзлаб юрибди.
Ёсиданинг капалаги учиб кетди. У дам эрига, дам шовқин солаётган одамларга жавдирарди. Эрининг миқ этмай турганидан сабри чидамай, деди:
– Бизнинг ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ! Ахир, биз ҳам Улуғшаҳарданмиз, улуғшаҳарликлар қайси йўлни тутишса, биз ҳам ана шу йўлдамиз!..
Ёсиданинг гаплари одамларни анча шаштидан туширди. Фурсатни ғанимат билган Ёсида эрини судрагудек бўлиб юриб кетди. Одамлар индамай уларнинг ортидан кузатиб қолишди.
* * *
Эҳудр умрининг сўнгги кунларини мўъжаз ҳовли адоғидаги устахонасида ўтказди. Чол уззукун мук тушиб олиб, матнлари устида ишларди. Қария чарчоқ билмас, таомга ҳафсала қилмас, хатти-ҳаракатларидан шошаётганга ўхшарди. Кекса вужудини жон тарк қилганида ҳам қўлида ёғоч-қалам тутганича қаршисидаги ҳали қуриб улгурмаган лой тахтачага юзтубан йиқилганди. Қариянинг юзи акси қолган ўша тахтача ундан сўнгги ёдгорлик бўлиб қолди. Бошқача айтганда, мазкур тахтача кутубхона-устахонадаги битикларга қўйилган муаллиф-муаррихнинг имзоси эди.
Ҳаммуда шаҳардан бадарға қилинганидан бери кутубхона-устахонага ҳеч ким кирмаганидан ҳаммаёқни ўргимчак тўри эгаллаган, эшик ва деразаларга қалин чанг ўтирганди. Унинг ёдига бобосининг башоратомуз сўзлари тушди: “Болажоним, сендан бошқа ҳеч ким битикларни ўқимайди…” Беихтиёр кўзларида ёш ҳалқаланди, бўғзига нимадир тиқилди. Бобоси билган экан, набирасидан бошқа одам бу ерга кирмаслигини. У кўзларини артиб, ўзига яқин қатордан биринчи сопол тахтачани олди. Ундаги битик ва шаклларни осонгина тушунди. У тахтачани қўйиб, кутубхона-устахонанинг олис бурчига, устига яшил мато ташлаб қўйилган қаторга борди. Матони олиб, ўзига яқин тахтачани олди. Номаълум белги ва шакллар, тушуниксиз матн. Бу Эҳудр шаҳарнинг ақл соҳибларига қолдириб кетган жумбоқли матнлар эди. Иккинчи тахтача. Унда ҳам тушуниксиз битиклар. Тушунмаса-да, ҳамма тахтачаларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Машғулотига шунчалар берилиб кетганидан қуёшнинг кўтарилиб, сўнг ботгани, атроф-борлиқни қоронғилик олганини ҳам сезмади. Кўзи ёзувларни илғамай қолганидагина кеч кирганини пайқади…
Назарида сополаклардаги номаълум битиклар сирини очиш унинг тақдирига айланганди.
* * *
Ҳаммуданинг кейинги кунларда кўнгли анча нотинч, тунлари ухлай олмасди. У бобосининг устахонасидан чиқмай қолган, умрининг сўнгги кунларини ўтказаётган кекса Эҳудрнинг ўзига ўхшаб қолган эди. Қуёшнинг чиқиб, ботаётгани, тун ва кунларнинг бирин-кетин алмашаётганини сезмас, бутун борлиғи билан ёзувлар – белгиларга шўнғиганди. Бундай вақтларда уни ишидан алаҳситиш бефойда эканини билган аёли эрини ўз ҳолига қўйди.
Ҳаммуда белгиларни тушунмаса-да, уларни зўр иштиёқ, ҳафсала ва қизиқиш билан назаридан ўтказар, қандай маънолар беришини тахминларди. Аммо битиклар маъноларини очавермасди. Ҳаммудани эса ҳайратангиз саркашлик бошқараётгандек эди…
…Шам эриб битаётганида ҳам у сополакларига тикилиб ўтирарди. Кўзлари қум тиқилгандек ачишар, боши лўқиллар, вужудида мадор қолмаганди. Қанча вақт устахонада ўтирганини билмади. Энг алам қиладигани – битиклар сирини оча олмади. Ёзувларга тикилиб ўтираркан, ич-ичидан қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳис қилди. Бобоси бу белгилар сирини ўзи билан олиб кетганига жуда-жуда афсусланди. Ёниб тугаётган шам шуъласига қаради. Ҳамма нарса ана шу шуъла каби сўнаётгандек туюлди унга.
Хира тортиб бораётган ёзувлардан маъно тополмаслигини англагач, беихтиёр бошини уюм қилинган сополаклар устига қўйди. Руҳи ва вужудига аллақандай енгиллик югурди…
Феруза осмон тоқини забт этган қуёш сахийлик билан нур сочади. Ҳузурбахш шаббода ям-яшил далалар, пальмазорлару узоқ-узоқларга ясланиб кетган узумзорлар ўртасида югуриб чарчамайди. Қут-барака ёғилиб турган гўзал водий узра оппоқ-оппоқ булутлар соябон.
Кўчалар равон, текис, одамлар эса… хийла ўзгачароқ. Бўй-басти, шакл-шамойили ўша-ўша, лекин уларнинг қарашлари, юриш-туришлари қандайдир ўзгача. Уларнинг нигоҳида қўрқув йўқ. Кўчадан илгарилаб юқориланса – кенг майдон. Бу ердаги манзара эса ҳайратланарли. Сон-саноқсиз ҳайкаллар. Бари оппоқ мармардан йўнилган, қиёфаси, айниқса, нигоҳи бир хил. Худди икки томчи сувдек. Ҳозиргина кўчада кўрган одамларникидек. Лаблар истеҳзоли қимтилган, қарашларда озгина кибр, шунингдек: “Бор-йўғи шуми?” деган саволни ўқиш мумкин.
Нимадандир қўрқиб, қўллари билан ўзини ҳимоя қилишга уриниб ортга тисарилган, кўзларида чексиз даҳшат муҳрланган ўша ҳайкалчага бу ҳайкаллар асло ўхшамасди.
Ҳайкаллар орасида кимдир кўриниш берди. Юриш-туриши жуда-жуда таниш. Боши қуйи солинган, кетиб боради. У аста ортига ўгилди. Бу… Эҳудр эди. Кекса, елкаси букчайган қария эмас, айни кучга тўлган, барваста ва кўркам.
“Бу ерда нима қилиб юрибсиз?!” – сўради у.
“Ҳайкалларни тадқиқ этиб юрибман, бўталоғим!” – жавоб қилди Эҳудр.
“Бу тошларнинг нимасини тадқиқ этасиз?”
“Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади, чироғим… Бу ҳайкаллар шу ҳазоранинг сурати!”
Бошқа сўз айтмай Эҳурд ортига бурилиб, йўлида давом этди. Ҳеч қанча ўтмай ҳайкаллар орасида кўздан йўқолди…
Ҳаммуда кўзини очганида қоронғи устахонада эканини сезди. Шам эриб битган, қаршисида бир уюм сополаклар. Вужуди жиққа терга ботган. Кўз олдида туши гавдаланди. Ҳайкаллар, бобоси ва унинг айтган сўзлари: “Ҳар ким ўз қисматидан баҳс юритади…” У бир муддат жим бўлиб қолди. Ҳайкалчани ясаганида ҳам шундай туш кўрган, бир-бирига икки томчи сувдек ўхшайдиган қариялар ҳам худди шундай дейишганди. Бу сафар эса бобоси… Бунда бирор маъно бормикин? Нега бундай туш кўрди? Беихтиёр нигоҳи сополакларга тушди. Балки шулар билан боғлиқ эмасмикин? Улардаги битиклар ҳамон ўз сирини очишни истамасди…
* * *
Қуролланган аскарларни кўриб Ёсида жуда қўрқиб кетди. Норғул, мушаклари ўйнаб турган, лаблари қалин йигит олдинга бир қадам ташлаб, қаҳрли нигоҳини унга тикди. Ёсида уларнинг ким эканлигини дарҳол фаҳмлаганди. Олий ҳукмдорнинг раҳм-шафқат ҳиссидан маҳрум хос соқчилари. Ҳукмдор раъйига ўтирмаган ишлар қилган фуқароларни жазолаш шуларнинг зиммасида. Ёсиданинг оёқ-қўлидан мадор қочиб, пахса деворга суяниб қолди.
– Ҳаммуда деган одам шу ерда яшайдими? – сўради йигит. Дағдағали гапиришидан соқчиларга бошлиқ эканини пайқаш қийин эмасди.
Ёсиданинг ортидан Ҳаммуданинг ўктам овози эшитилди:
– Менман!
Эрининг овозини эшитиб, ўзига келган Ёсида шошиб ортга ўгирилди. Ҳовлидан Ҳаммуда чиқиб келарди. Унинг нигоҳи қатъий, худди савашга кираётган жангчидек шахдам қадам ташларди.
Соқчибоши шунча йўл юриб келишга мажбур қилган одамни яхшилаб кўриб олиш мақсадида уни бошдан-оёқ кўздан кечирди. Дағал матодан узун кийим, теридан тикилган шиппак кийган Ҳаммуда соқчибошининг ғариб тасаввуридаги фитначи ёки жиноятчиларга ўхшамасди. Соқчибоши бир муддат иккиланиб тургач, ортидаги аскарларга буюрди:
– Қўлини… боғланглар!
Қизиқ, авваллари у буйруқларни ҳиссиз, юраги ачимай бераверарди. Бу сафар эса ундай бўлмади. Юрагида қандайдир… ғашликни сезди.
Аскарлар Ҳаммуданинг қўлларини орқасига қайириб боғлаганларида Ёсида ўзига келди. Жонҳолатда ўзини эрининг устига ташлади. Аскарлар бир амаллаб уни эридан ажратиб олишди. Ҳаммуда кўзларидан дув-дув ёшлар оқаётган аёлига юзланди.
– Шаҳардан кет, Ёсида! – деди у.
Ёсида ҳайратдан қотиб қолди. Қулоқларига ишониб-ишонмай эрининг кўзларига тикилди. Бу сафар Ҳаммуданинг қарашлари мулойим эди.
– Айтганимни қил, тезроқ кет, – деди у яна.
Аскарлар Ҳаммудани ўртага олишиб, соқчибошининг ортидан йўлга тушишди.
* * *
…Синаар кенгликларидаги энг муҳташам бино – ҳукмдор саройи. Узоқдан қаралса қалдирғоч инини эслатадиган, авомнинг бир-бирининг пинжига тиқилиб олган паст-баланд уйлари орасида сарой янада кўркам, улуғвор кўринади. У баланд, кунгурадор девор билан ўралган бўлиб, тўрт тарафида шер боши туширилган биттадан дарвоза. Дарвозалардан фақат биттаси очилади, қолганлари доимо тақа-тақ ёпиқ.
Соқчилар қуршовидаги Ҳаммудани шу дарвозадан ичкарига олиб киришиб, саройнинг юқори ошёнига олиб чиқишди. Бу ер кенг зал бўлиб, алоҳида зийнатланган эди. Залнинг икки деворига илинган машъалалардан ичкари анча ёруғ. Оёқ остига ётқизилган, юзасига ҳафсала билан ишлов берилиб, силлиқланган тошлар, деворлардаги турфа афсонавий мавжудотлар тасвирланган кошинларда машъалалар аксланиб, ажиб жилваланар, залга хаёлий, одамнинг тасаввурига ҳам сиғмайдиган манзара берарди. Шаҳардаги оддий фуқаро ҳаёти бошқа олам бўлса, бу ердагиси тамоман ўзгача. Ҳаммуда ўзини бир дунёдан иккинчисига қадам қўйгандек ҳис қилди. Унга қарама-қарши томонда белигача яланғоч мулозимлар қўл қовуштириб, олий ҳукмдор ташрифини кутиб туришарди.
Ниҳоят, бошқа мулозимлари иҳотасидаги ҳукмдорнинг ўзи ҳам кўриниш берди. У оғир қадам ташлар, қовоғи солиқ, қарашлари вазмин, гўё тузалмас хасталикдан азобланаётган беморга ўхшарди. Мулозимлар унинг риоясида қадам ташлардилар. У Ҳаммудага эътибор бермай тахтига бориб ўтирди.
Ҳукмдорни энди кўраётган Ҳаммуда фуқаро итоатини ҳам унутиб, унга қизиқиш билан тикилди. Замин камлик қилиб, осмонлар ҳукмдорлигига даъво қилган одам. Оддий фуқародан ҳеч қандай фарқи йўқ. Осмонларга ҳукмфармолик қилиш унга нега керак? Шунда унинг кўз олдидан тушидаги ҳайкаллар ва улар орасида юрган бобоси ўтди. Айниқса, бобосининг сермаъно нигоҳи унинг кўз олдидан кетмай қолди. Гўёки унга нимадир демоқчи бўлаётгандек. Кутилмаганда уни саросималик ўз забтига олди. Назарида… устахонадаги сополаклар ўз сирини оча бошлагандек эди.
Ҳукмдор тахтига ўтиргач, Ҳаммудага синовчан тикилди.
– Сенми ўша Эҳудр авлодларидан бўлган Ҳаммуда? – сўради у узоқ давом этган жимликдан сўнг.
– Ҳа, ҳукмдорим, – саройга келганидан бери энди бош эгиб, таъзим қилди Ҳаммуда.
– Сен ҳақингда кўп эшитдик, – давом этди ҳукмдор. – Шаҳарда ҳар хил бўлмағур гапларни тарқатаётган экансан, шундайми?
Ҳаммуда бефойдалигини билса-да, кўпдан бери дилини қийнаб келаётган ўйларни айтишни зарур деб топди.
– Ҳамма нарсада мен… қандай тушунтирсам экан, буюк қонуниятни кўраман. Доим бир вақтда қуёшнинг чиқиши ва ботиши, кун ва туннинг алмашиши… ҳамма-ҳаммасида. Инсон буларнинг тартибини бузишга қодирми? Ҳеч! Ҳатто, мана, ўзанидан ошган Фурот олдида ҳам чорасиз! Шунда англайманки, инсон боласи оламда ҳокими мутлақ бўла олмайди. Сабаби, у ҳам ана шу қонуниятларга бўйсуниб яшайди. Инсоннинг дунёга келиши, ўсиб-улғайиб, қаригандан сўнг йўқлик дунёсига дохил бўлишида унинг чорасизлигини англаш, ўқиш мумкин.
Ҳукмдорнинг кўз ўнгида итоаткор фуқаро эмас, исёнкор одам бўй берди. Ҳукмдорнинг назарида бу одамнинг сиймосида вайронкор ва тажовузкор куч мужассам эди. Сония сайин бу куч улғаяр, унинг қаршисида эса ҳукмдор ўзини тобора ожиз сезарди. Бундан бир неча дақиқалар аввал Ҳаммудани измига бўйсундирган саросималик энди ҳукмдорни мувозанатдан чиқарди. У бунга чидай олмай ўрнидан туриб кетди. Косасидан ирғишга тайёр кўзлари ола-кула бўлиб, қон қочганидан юзи кесак тусига кирди.
– Ўзингни ким деб ўйлаяпсан! – саройни бошига кўтаргудек бўкирди у. – Ҳамма гапларинг сафсата! Ер ва самога мен ҳукмдор бўламан! Мен! Мен!
Жазаваси қўзиган ҳукмдорнинг сиёқи Ҳаммудага жуда таниш кўринди. Уни ҳукмдорнинг сўзлари эмас, айнан таҳдидли кепатаси ҳайратга сола бошлади. Умрида биринчи марта кўраётган бўлса-да, уни кўпдан бери танийдигандек эди. Уни аввал ҳам кўрган. Лекин қаерда, қачон? Бироқ ҳеч эслолмасди.
– Минора – менинг қудратим! – давом этди ҳукмдор. – Минора бу менман!
У қўлини пахса қилди. Шунда Ҳаммуда ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолди: ҳукмдорнинг бу ҳолати унга тушида кўрган ўша ҳайкалларни эслатарди! Худди ўша ҳайкаллар. Унинг юрак уриши тезлашиб, томоғи қуруқшади.
– Нега индамайсан? – ғазабнок сўради ҳукмдор.
Ҳаммуда унинг кўзларига тик қаради.
– Ҳукмдорим… бизнинг ўрнимиз ерда, самода эмас…
– Бас! – ҳукмдорнинг гулдурак овози деворларни титратгудек аксланди. Аъёнлар ва мулозимлар ҳукмдорнинг қаҳрли нигоҳини учратиб қолишдан чўчиб, кўзларини ерга қадашди.
– Қандай ҳаддинг сиғди менга қарши чиқишга?!
– Ҳукмдорим, мен асло сизга қарши чиққаним йўқ, – деди Ҳаммуда. – Мен сизга… – кутилмаганда у жим бўлиб қолди ва туйқус сўйлади: – Мен сизга… азалий ҳақиқатни айтдим.
Ҳукмдор итоат занжирини узган фуқаросини жаллод ихтиёрига топширмоқчи бўлди-ю, сўнгги сонияларда аҳдидан қайтди. Қасос олишга улгураман, деган хаёлга борди. Тез орада минора битади, бунга шубҳа йўқ. Ана ўшанда ҳукмдор миноранинг энг юқори ошёнига кўтарилишини мана бу нобакор ўз кўзлари билан кўриши керак. Минорага кўтарилган авом орасида бу исёнкорга жой бўлмасин. Ва айтган бу беибо сўзларига афсус қилсин. Худди ғалаба қозонгандек, ҳукмдор ширин энтикди.
– Марҳаматимиз кенг, – деди у кутилмаганда ҳовуридан тушиб. – Жонинг ҳозирча омон бўлсин, истагимиз шу.
Аъён ва мулозимлар ҳукмдор ғазабидан тушганига анча енгил тортишди.
– Буни зиндонга ташланглар! – буюрди ҳукмдор.
Эшик ёнида қўл қовуштирган соқчилар дарҳол Ҳаммуданинг қўлларини орқага қайиришди-да, туртиб-суртиб ташқарига олиб чиқиб кетишди…
* * *
Кичкинагина туйнукчадан ичкарига сизган ёруғлик зах деворларни аранг ёритади. Агар шифтдан томаётган томчининг овозини демаса, ўлик сукунат ҳукмрон. Ҳаммуда бу ерга ташланганига қанча бўлганини ҳам эсидан чиқарди. Қуёшнинг чиқишию ботиши унга фарқсиз. Сурати ичкарида, сийрати… бобосининг устахонасида. Кўз олдидан ўша битиклар ўтаверади, ўтаверади…
Охири ердан тош бўлакчасини олиб, деворга ўша битикларни тушира кетди. Устахонага тахланган сополаклардаги битиклар миясига шундоқ нақшланиб қолганидан уларни адашмай, бехато ёзарди. Орадан қанча вақт ўтганини билмади. Ортига бир қадам тисарилиб деворга қаради-ю, аввал кўзларига ишонмади. Унинг қўллари титрар, тили сўзга айланмасди. Ўша белги-ю битикларни қандай бўлса шундайлигича ёзгани ёки сополаклардаги бирор нуқтани ҳам қолдирмагани учун эмас, балки уларни тушунаётгани тилини боғлаган, мадорини олганди. Ишонгиси келмасди: у Эҳудрнинг шу дақиқаларгача махфий қолган матнлари сирини очганди! Ҳар бир белги, битикнинг маъносини тушунмоқда эди. Ўзини қўлга олгач, деворга аста яқинлашди. Титроқ қўли билан битикларни силаб, пичирлаб ўқишга тушди. Гўё битиклар ҳали замон яна маъносини яшириб оладигандек, ёзувлар мазмунини англашга улгурмай қоладигандек шошар, шошгани сайин тутилиб қоларди. Ниҳоят, сўнгги белгига етиб келиб, томоғи ақл бовар қилмас даражада қуруқшагани, аъзойи бадани жиққа терга ботганини туйқус англади. Бобосининг битиклари машъум башорат эди. Ёдида қолган энг сўнгги жумла лабларидан заиф ун бўлиб учди:
– “Кейин одамлар Синаардан қувилдилар…”
У бир муддат ўқиганларига ишонмай тургач, жонҳолатда ўзини эшикка урди. Қалин ёғочдан ишланган эшикни муштларкан, қичқира кетди:
– Ҳой, эшикни очинглар! Очинглар эшикни! Олий ҳукмдорга айтадиган сўзларим бор!..
Бироқ ҳеч ким уни эшитмади. Балки, эшитса ҳам эътибор бермади. У бу азим шаҳарда ёлғиз қолган эди. Буни алам билан ҳис қилган Ҳаммуда эшикка суянди. Шу алфозда қанча ўтирганини сезмади… Шитирлаган овоздан чўчиб, овоз келган томонга юзланди. Не кўз билан кўрсинки, ҳозиргина белги-ю битикларга тўлдириб ташлаган девордан… оппоқ матодан ридо кийган, кўзлари аввалгидек хира, сўник эмас, балки порлаб турган, қадди тик Эҳудр тушиб келарди. У худди зинадан тушиб келаётгандек салмоқ билан қадам ташларди. Ҳаммуда беихтиёр ўрнидан туриб, бобоси томон юрди. Эҳудр гўё ҳозиргина қаергадир чиқиб кетиб яна қайтиб келгандек набирасига бир қараб қўйди-да, қаердандир пайдо бўлиб қолган курсига ўтирди.
– Сени кўрганлар юз ёшга кирдимикин, деган хаёлга боради, болажоним, – деди у ёқимли жилмайиб.
– Мен… ҳали ўттизга ҳам кирмадим-ку…
– Айтаман-да… – Эҳудр ҳозиргина чиқиб келган деворга қараб, ўзининг матнларини таниганидан юзи яна-да ёришиб кетди.
– Буни қара, болажоним, сени шунчалар азобга қўяман, деб ўйламаган эканман, – давом этди у. – Охир-оқибат бу битикларнинг сирини очибсан-да, қойилман сенга!
– Наҳотки… наҳотки шаҳарнинг қисмати шундай бўлса?!
– Шаҳарнинг номи… Бобил бўлади, чироғим. Яъни, туғён ва кибрга берилган шаҳар.
– Нажот йўқми унга?
– Болажоним, Бобил ўзининг қисматини ўзи белгилади, – деди Эҳудр. У ридоси остидан қатор ҳайкалчаларни чиқариб, Ҳаммуданинг қаршисига бирма-бир териб чиқди.
– Буларни танидингми?
Ҳайратдан Ҳаммуданинг тили боғланди. Ахир бу ўша… тушида кўрган ҳайкаллар-ку! Бобоси буларни қаердан олди экан? Ажаб, бировнинг тушидаги нарсаларни қўлда тутиб, уларни ёнма-ён териб бўлса-я!
– Эсингда бўлса ўшанда сенга “ҳайкалларни тадқиқ этиб юрибман”, дегандим, эсладингми?
– Тушимдами?
– Ҳа.
– Эсимда…
– “Бу тошларнинг нимасини тадқиқ этасиз”, деб ҳам сўрагандинг. Қандай жавоб берганим ҳам ёдингдами?
– Ёдимда. “Бу ҳайкаллар шу ҳазоранинг сурати”, дегандингиз…
– Худди шундай, болажоним, Улуғшаҳар энди Бобил бўлди! – унинг кўзларига жиддий тикилди Эҳудр.
Йигитнинг вужудини муздек тер қоплади.
– Фақат мана шу ҳайкалчагина омон қолади, – Эҳудр қўйнидан бошқа ҳайкалчани олди.
Ҳаммуда ҳайратдан тошдек қотиб қолди: бу ўзи ясаган ўша ҳайкалча эди.
– Бу ҳайкалча Бобил аҳлидан гувоҳлик бериб туради! – Эҳудр шундай дегач ўрнидан турди.
– Бу ердан кет, болам, сўнгги сўзим шу!
У ортига ўгирилди. Белги ва битиклар битилган девор томон юрди.
– Тўхтанг! Тўхтанг! – қичқириб юборди у.
…У кўзларини очганида ҳамон эшикка суянганича ўтирарди.
* * *
Қамоқхона эшигидаги занжирнинг шиқирлашидан ўйлари тўзғиди. Эшик оғир сурилиб очилди. Аввал соқчи кўринди.
– Маҳкум, аёлинг келибди. Нарсаларни ол-да, гапни қисқа қил! – буюрди у.
Ҳаммуда эшик томон ошиқди. Остонада Ёсида кўринди. Унинг юзига қўрқув кўланка солган, кўзлари жонсарак эди.
– Нега шаҳардан кетмадинг? – Ҳаммуданинг биринчи айтган сўзлари шу бўлди.
– Нега?! Ахир сен шу ердасан-ку!
– Кетишинг керак, Ёсида, фурсат борида кетишинг керак! – эри гапларидан эс-ҳушини йўқотган одамга ўхшарди.
– Мени қўрқитма, азизим… – Ёсиданинг кўзларида ёш ҳалқаланди.
Кутилмаганда ташқарида нимадир гумбурлади. Чақмоқ чақиб, қамоқхонанинг қуёш нурлари етиб бормайдиган олис-олис бурчакларини ҳам ёритиб юборди. Иккови чўчиб эшик томон қарашди. Шошқалоқ оёқ товушлари, кимларнингдир бақириқлари эшитилди. Бир муддат иккиланиб турган Ҳаммуда ташқарига чиқди. Қамоқхона нозирлари, соқчилари қаёққадир югуришарди.
– Нима бўлди? – эрига хавотирланиб қаради Ёсида.
– Нимадир бўлди шекилли…
Ҳаммуда гапини тугатишга улгурмади. Кутилмаганда қаршиларидаги девор аввал иккига ажради-да, ағанади. Кўз олдиларида қиёмат қўпаётган шаҳар намоён бўлди. Сония сайин куч олиб қутураётган шамол йўлида учраган нарсани чирпирак қиларди. Ҳаммуда беихтиёр ортига тисарилиб, худди унга кимдир ҳужум қилаётгандек қўллари билан ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлди. Ёсиданинг хаёлига эри ясаган ўша ҳайкалча тушди-ю ҳайрат ва қўрқувда қотиб қолди. Шамол қутурганча ҳаммаёқни чанг-тўзонга ўрар, Ҳаммуда эса қўлларини кўтарганча қаёққадир илтижо билан тикиларди.
– Ҳаммуда! – Ёсиданинг асаблари бунга дош бермай қичқириб юборди.
Ҳаммуда аёлининг чинқириғидан ўзига келди. Чанг-тўзон пардаси ортида энди тоғдек қад ростлаган минора кўринди. У… бир томонга оға бошлаган эди! Йигит нафасини ютганича минорага тикилиб қолди.
– Қулаяпти… – пичирлади Ҳаммуда.
– Нима?! – ҳеч нарсага тушунмади Ёсида.
– Улуғшаҳар… Бобил қулаяпти!
Ҳаммуданинг кўз олдидан Эҳудрнинг сополакларидаги битиклар бирма-бир ўта бошлади. Эҳудр Улуғшаҳар устидан шафқатсиз ҳукм ўқиганди. Энди қулаётган минора устида бўрон қутурарди. Минорага гўё жон кириб, титраб-қалтирар, бўрон эса уни эрмак қилиб, увулларди. Ҳаммуданинг назарида қулаётган минора устида бўрон рақсга тушаётган эди! У сополаклардаги битикларни бақирганча такрорлай бошлади:
– Ерда улар тарқалдилар! Кўпайдилар! Ер камлик қилиб, самога кўз тикдилар! Кўприк-минора қуриш васвас этди қавмларни. Кўприк уларни самога эмас, ер тубига элтди. Кўприк устида ғазабнок бўронлар рақс тушди…
У бир зум бўлсин тин олмасди. Бўрон кийим-бошларини тортқилар, сочларини юлгудек бўлар, аммо у бунга парво қилмасди. Кекса Эҳудрнинг сополакларида битилган ҳар бир белги, ишорани ёддан айтиб қичқирарди. Булар Улуғшаҳар ҳазораси устидан ўқилган шафқатсиз ҳукм эди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 7-сон