Баҳодир Абдураззоқ. Гирдобод (қисса)

-1-

1981 йил. Деҳли. Ҳиндистон.
Профессор Ракеш Чопра қўлидаги қорайиб, ҳилвираб кетган бош чаноғига ҳайрону мустар боққанча, боши-кети йўқ хаёллар гирдобига кўмилиб кетди. Наҳотки, унинг шунча йиллик изланишлари, илм йўлидаги машаққатлари бесари сомон кетган бўлса…
Бош чаноғини эҳтиёткорлик билан айлантириб, ёноқ суягидаги ўрик данаги сиғар катталикдаги тешикка узоқ термулиб қолди. Кейин эса стол устидаги занглаб кетган бир парча темирга разм солди. Кўзларига ишонмай заррабин ортидан синчиклаб қаради. Оддий темир, йўқ-йўқ, ўточар қуролнинг ўқи. У бечора бошчаноқ эгасининг қовоғи остидан кириб, миясининг титиғини чиқарганча энса суягига санчилиб қолган экан. Ўсмирнинг бошмалдоғидек келадиган бир парча занг босган темир йигирма беш – ўттиз ёшлардаги навқирон йигитни бир зумда мурдага айлантирган бўлса керак. Зеро, бундай жароҳат, олган нафасини чиқаришга улгурмай, унинг руҳини осмону фалакка учириб кетгандир… Профессор бу ўқ қанақа қуролдан ажралиб чиққанини жудаям билгиси келди. У темир парчасини авайлаб пинцет билан ушлаганча кичкина ёғоч қутига жойлаштириб, археологик қазилмаларда топилган металларни тадқиқ қилувчи лаборатория томон йўл олди. Лабораториялар ертўлада жойлашган эди.
Профессор Ракеш Чопра ёши олтмишга яқинлашиб, танасининг оғирлиги оёқларига малол кела бош­лаган, бунинг устига кейинги пайтларда шаҳарнинг бўғиқ ҳавосидан нафас олишга қийналадиган бўлиб қолганди. Шунинг учунми у икки кундан бери бузилган лифтни тузатишни эплолмаётган банораслик лифтёрга норози нигоҳ ташлаганча зинапоя томонга оғир қадамлар билан юриб кетди. Иккинчи қаватдан ертўлагача бўлган қирқ саккиз зинапояни босиб ўтгунича оппоқ кўйлаги жиққа терга ботиб ҳансираб қолди. Қайсидир ахмоқ фаррош эрталаб зинапояни тозалаётиб деразанинг бир тавақасини очиқ қолдирган, шу очиқ деразадан эса тандирдек қизиб турган, билқиллаган асфальт кўчаларида қайнаб, тутун ва турфа газларга тўйинган бадбўй ҳаво бутун зинапоя майдонини эгаллаб олган эди. Профессор ертўланинг бироз зах ҳидини айтмаса намхуш ва салқин дахлизига кирганида елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди. Ўнг қўлидаги қутини маҳкам ушлаганча чап кўли билан шимининг чўнтагидан дастрўмолини олиб терлаган бўйнини, пешонасини артди. Бироз нафасини ростлаганидан кейин эса дадил юриб таниш лаборатория эшигининг мис тутқичини тортди.
… – Профессор, мабодо бирор нарсани фаромуш қилмаяпсизми? – юпқа кўзойнаги ортидан кўзларини пирпиратди, ҳали ўзининг ярим ёшидан эндигина ўтган Лаъл Кумар – ўт очар қуроллар тарихи бўйича бир неча йилдан бери ёзаётган илмий ишини тугата олмай хуноб бўлиб юрган лаборант, ўттиз ёшлардаги новчадан келган ориқ йигит.
Профессор унга норози нигоҳ ташлади. Сочлари оқариб, буғдойранг юзини янада қорамтирроқ қилиб кўрсатадиган, салобатли профессорнинг чеҳраси тириша бошлаганидан Кумар ўнғайсизланди. Ахир, Ҳиндистондаги ягона Археология академиясининг жаҳон археолог­лари орасида ҳам ўз мавқеига эга профессорига шунақа тутуриқсиз савол бериб, кейин унинг чимирилган қошлари остидаги норози нигоҳига дош беришнинг ўзи бўладими?!
– К-кечирасиз, Чопра соҳиб, мен айтмоқчийдимки…
– Нимани айтмоқчи эдингиз Кумар-жи, – чеҳраси ёришди Профессорнинг, – бемалол айтаверинг. Мулоҳазаларингизни жон қулоғим билан эшитаман.
Лаъл Кумарнинг ҳам хавотири босилиб, аллақандай суюқлик ёрдамида зангдан халос бўлган темир парчасига яна диққат билан қараб, унинг орқа-олдини заррабин билан қайта-қайта кўздан ўтказгач, бошини кўтариб, унинг ҳаракатларини сабр билан кузатиб турган Профессорга қаради. У бир тўхтамга келиб, ўз фикрига тўла ишонч билан гапира бошлади.
– Чопра соҳиб, жаноб профессор, – у фикрини қандай ифодалашни билмай, бир зум иккиланиб қолди. Кейин миясига келган фикр йилтироқ ойнак остидаги йирик-йирик қўй кўзларида аксланиб, тез-тез, сўзларини ямлаб гапира бош­лади. – Сизга битта савол берсам, майлими? – Профессор розилик маъносида бош ирғатиш билан давом этди. – Агар сир бўлмаса бу ўқни қаердан топганингизни айтиб берсангиз?
Профессор буни ўзи, лаборант сўрамасиданоқ айтиб бериши лозимлигини эслаб жилмайиб қўйди.
– Бу мутлақо сир эмас, Кумар-жи. Мен, хабарингиз бўлса керак, Бобуршоҳнинг Ҳиндистонга юриш қилган даврини тадқиқ қилмоқдамен. Якинда машҳур Панипат жанги бўлиб ўтган адирда қазиш ишларини ўтказган эдим. Буни ўша жойдин топдим. Менимча Иброҳим Лўдий қўшинининг навкари бўлса керак, бу ўқ унинг бош чаноғини тешиб, энса суягига санчилиб қолган экан. Лаъл Кумарнинг кўзлари катталашиб, кичкина кўзойнагини бурнининг устига суриб юборгандек бўлди.
– Й-йўғ-е. Б-бўлиши мумкин эмас!
– Тушунмадим, Кумар-жи?
– Б-биласизми, профессор жаноблари, бу ўқ, нима десам экан, сизга, – Кумар ҳаяжонланганидан дудуқланар, керакли сўзни топа олмай қийналарди, -б-бу-б-бу ўқ, тўрт аср олдин тайёрланмаган! Балки сиз фаромуш қилаётгандирсиз.
…Кумар-жи, сиз менинг скелетлар қолдиқларининг ёшини аниқлаш бўйича Қироллик Академиясида тан олинган саноқли экспертларидан бири эканлигимга шак келтирмоқчимисиз?! -Қошлари чимирилди профессорнинг, кейин пешонасини тириштирганча так­рорлади. – Тушунмаяпман сизни, Кумар-жи?
– Муҳтарам профессор соҳиб, сизнинг скелетлар бўйича беназир экспертлигингизга заррача шубҳаланмайман. Аммо бу ўқнинг ўн олтинчи асрга мутлақо алоқаси йўқ!
Лаборантнинг анчайин дадил гапи унчалик ўтиришмаган бўлса-да, бироқ профессор унинг ўз фикрини айтишга монелик қилмади. “Қани давом этавер-чи”, дегандек, стулга қулайроқ ўтириб, тинглашга тайёр эканлигига ишора қилганча, қўлини чаккасига тиради. Кумар профессорнинг иззатталаблиги ўрнини қизиқиш эгаллаганини сезиб ўзини босиб олди ва фикрини баён қила бошлади.
– Профессор соҳиб, ўн олтинчи асрда саркарда Бобур қўшинида бор-йўғи бир неча ўн дона тўфанг бўлган. Улар ҳам Усмонлилар орқали Оврўпадан келтирилган ибтидоий мушкетлар эди, холос. Буни ўзингиз ҳам тасдиқлайсиз, шундайми?
Профессор, индамай, бош ирғаб қўйди.
– Улар тумшуғидан ўқланган ва уларнинг ўқи майда қўрғошин соққалар бўлган. Ўша ўқлар эллик қадам наридан отилганда ҳам бундай жароҳат етказиши амримаҳол.
– У чаққон ўрнидан турди ва хона кунжидаги каттакон темир жавоннинг олдига борди. Ундан бир кичик қутичани олиб, профессорнинг олдига қўйди. Қопқоғини очди. Қутичада турли ўлчамда ва шаклда қорайиб кетган қўрғошин парчалари ётарди. Бири гилос данагидан сал каттароқ, думалоқроқ бўлса, яна бири эса жийда данагидек чўзинчоқ эди. Кумар уларнинг ёнига профессор келтирган ўқни қўйди. У эса бу иккаласидан тўрт-беш баравар катта, бунинг устига конуссимон шаклда эди.
– Профессор соҳиб, булар ўша, ўн бешинчи асрда, Оврўпада ясалган мушкетнинг ўқлари. Уларнинг ўртасидаги фарқни кўриб турибсиз. Бу ўққа эътибор беринг. Унинг сирти пўлатдан, ичига эса вазнини ошириш учун қўрғошин қуйилган. Мана, буниси эса жудаям қизиқарли далил. Пўлатнинг таркибида вольфрам бор! Эътибор беринг, вольфрам! – Кумар қизишиб кетганидан оғзидан тупук сачратиб, овозини баралла қўйганча гапирарди. – Бу металл ҳақида ўн олтинчи асрда мутлақо билишмаган. У ўн тўққизинчи асрда топилган металл.
– Бу билан нима демоқчисиз? – Профессор ҳам унинг жўяли далилларига қизиқиб қолганди. Бироқ Кумарнинг асосий гапни айтмай кириш қисмини чўзиб юборганидан бетоқланди.
– Нима демоқчиман? Шуни айтмоқчиманки, профессор соҳиб, менинг хулосамни эшитиб, сиз мени телбахонага жўнатиб юбормасангиз, деб қўрқаман.
Профессор мийиғидан жилма­йиб қўйди.
– Ҳа-ҳа, Чопра соҳиб, менинг хулосамда мантиқ ипи узилган. Ёхуд бу хулоса мутлақо мантиққа асос­ланмаган. Айтаверайми?
Профессор унинг гапини эшитишдан елкаси тиришди.
– Айтинг!
– Бўлмаса эшитинг. Бу ўқ русларнинг 7,22 калибрли Калашников автоматидан отилган. Ишлаб чиқарилганига беш йил ҳам бўлмагандир, балки.
Профессор унга ҳайрон бўлиб қаради.
– Ҳақиқатан ҳам телба эмасмикан, – хаёлидан ўтди унинг.
Худди фикрини ўқиб тургандек лаборант унга қараб жилмайди.
– Профессор соҳиб, айтмадимми, мени телбага чиқариб қўйманг тағин. Мен буни сизга исботлаб беришим мумкин. – У профессорнинг бу исботга эҳтиёжи бор-йўқлигини аниқламай туриб, қўлига заррабинни олиб жойига келганда тек қотди. – Профессор соҳиб, манавинга эътибор беринг, сизнингча бу белгилар нима?
Профессор барваста гавдасини эгиб лаборант кўрсатган қисмига эътибор билан разм солди.
– Менимча рақамларга ўхшайди.
– Тўғри рақам ҳам бор. Бошланишидагиси ҳарф. Менимча лотинча ”А” кейингиси эса “К” мана бу бирнинг тескарисига ўхшаб тургани эса “М” бўлиши керак, ҳарфнинг бир қисми ўчиб кетган. Кейинги икки белги эса рақам бўлиши керак. Биринчиси “7” га ўхшайди. Тўппа-тўғри. Иккинчиси эса ё “3” ёки “8”. Шундай қилиб унга “АКМ-78”деб ёзилган. Ҳарфлар менинг фикримни тасдиқлаб турибди. Бу Калашников автоматининг ўқи. Буни тасдиқлайсизми, соҳиб?
– Шунақага ўхшайди, – Профессорнинг овози бироз шубҳали чиқди. – Бироқ Кумар-жи, скелет ўн олтинчи асрга тааллуқли эканлигига юз фоиз ишонаман! Бошчаноқ тегиш­ли бўлган одамни шу ўқ ўлдирганлиги ҳам факт!
– Бу ҳам тўғри эканлигига гувоҳликка ўтишим мумкин, профессор соҳиб. Бу ўқ узилганига, яъни гильзадан ажралиб чиққанича тўрт юз йилдан кўпроқ вақт ўтганлигини илмий асосда исботлаш мумкин…
– Бас қилинг майнавозчиликни, Кумар! – қичқириб юборди Ракеш Чопра. – Беш йил олдин ишлаб чиқарилган ўқ тўрт асрдан кўпроқ вақт олдин отилган демоқчимиз?! Ростдан ҳам ақлдан озганмисиз!
Профессор жаҳл билан ўрнидан турди ва этагини бир силкиб лабораториядан чиқиб кетди.
Намхуш коридордан юриб борар экан, ногоҳ лифтнинг гўнғиллаганини эшитиб, шу томонга юрди. Тугмани босганидан кейин эшикни шарақлаб очилган товуши қулоғига етиб келгунча бир неча соат ўтгандек туюлди. Ичкарига кириб “2” рақами порлаб турган тугмани босганидан кейин хаёлига бир неча кундан бери лифт ишламаётганлиги келиб, елкасини қисиб қўйди.
“Тузатишибди-да, ниҳоят”.
Иккинчи қаватда лифт эшиги шарақлаб очилгач профессорнинг нигоҳлари илк бор ғалати кийинган ўрта бўйли кимсага тушди. У бесаранжом, нуқул ер тепинар, елкасини учириб бармоқларини ўйнатар, аммо бутун танасининг акси ўлароқ кўзлари бир нуқтага тикилган, сўқир нигоҳидек бўм-бўш ва ўлик эди. Шунда бехос профессор унинг юзига оний лаҳзада разм солди-ю сесканиб кетди. Унинг чап юзи ўнгига қараганда бироз чўзиқ, салқиганроқ, ўнги эса думалоқдан келган, таранг, чап кўзи остидаги халтачалари осилган, қирғиз қовоқ, ўнги эса думалоқ ва чақчайган. Назарида, чап қўли ўнгига қараганда узунроқ туюлди.
Ғалати кимса лифтдан чиқиб келаётган профессорга кўзи тушиши билан, қийшанглаганча қўлларини жуфтлаштириб, “саломлашиш” белгисини берганча, ялтоқланиб икки одим юрганида, профессор унинг ўнг оёғи чапига нисбатан калтароқ эканлигини сезиб қолди. Бу турқи совуқ одам илк лаҳзадаёқ профессорнинг кўнглида иккита бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган туйғуни уйғотиб юборди. Биринчиси нафратомуз ирганиш бўлса, иккинчиси жиловлаб бўлмас қизиқиш эди. Профессор хаёлига келган фикрдан гўёки Архимед қалбаки тож сирини топганидаги янглиғ кашфиёт қилгандек тўлқинланиб кетди. “О, муқаддас Брахма, бу ахир икки одамнинг бир жисмдаги инъикоси-ку… Чап томони баланд бўйли озғин одам бўлса ўнги калтабақай, кулча юз кимса..”

-2-

1527 йил. Қобул. Афғонистон.
Қобул ҳукмдори Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг хос навкарлари ўрдуси. Лашкар ҳинд азимати олдидан жанг ҳадисини олмоқ учун машқ билан банд. Қобул шарқидаги адирда чанг-тўзон қўпуб, лашкар иккига ажралган. Бири асосий ғаним Иброҳим Лўдий қўшини бўлиб, иккинчиси ўз лашкари мақоматида “сўғиш” қилиб, қора терга ботганча тишлари арра бўлиб кетган машқ шамширини сермаб, ёғоч найзани силкиб, “жанг”­ни қизитмоқдалар. Бош саркарда Бобуршоҳнинг ўзлари-да баланд қирга саропарда тикиб хос аъёнлари билан оқ арғумоқда “жанг”ни диққат билан кузатиб турганлик­лари олис-олислардан ҳам кўзга ташланади. Саропардали қирнинг панасидаги чоғроқ тепаликда эса саркарданинг ишонган тоғи, сараланган, тажрибали баҳодирлардан тузилган “хосса тобин”и, яъни захирадаги хос навкарлар сардори Авазбек қўрбоши қора араби тулпорда бош саркарданинг ишорасига маҳтал бўлганча “жанггоҳ”дан кўзини узмай ҳар лаҳзада “ғаним” қўшинига ташланарга шай турибди. Тепалик ортида минг нафар отлиқлар сардор ишорасини кутишар, тоқатсизланаётган бедовлар эса сўлиқни чайнаб, ер тепиниб турардилар. Ниҳоят, “ғаним”нинг сўл қаноти “ўз”ларининг ўнг қанотини ёриб ўтиб тўлғама қилганча қўшиннинг ортига ўта бошлади. Саропардада қора байроқ кўтарилиб, уч марта силкинди. Бу “хосса тобин”нинг жангга қўшилишига ишора эди. Авазбек ўнг қўлини кўтарди ва қиличини яланғочлади.
Сараланган чавандозлар бир зумда худди кўкдан тушгандек пайдо бўлиб, “тўлғама” қўллаб, ортга ўтишга уринаётган “ғаним” отлиқларининг йўлини кесиб чиқишди ва уларни ортга суриб ташлашди. Бундан руҳланган қўшин “ҳиндийлар”ни икки чақирим ортга чекинишга мажбур қилишди. Шу пайт саропарда томонда улкан довулнинг гумбурлаган овози эшитилиб, машқ якунланганини билдиргач, Авазбек отлиқларини ортга, ўз ўрдуларига қайтарди.
Бобур ҳазратлари машқдан, навкарларининг жонбозликларидан кўнгли тўлган чоғи, ҳар бир навкарга уч тангадан моҳона ва барча лашкар ўрдулариға ошлиқ тарқатишга фармон берибдурлар. Кун пешиндан оғиб, “саваш” пайтида тафтини аямай сочган офтоб ҳам ўз манзили сари сафарни бошлаб юборган, чангга ботиб, терлаб-пишган йигитлар ҳам Қобул атрофидаги боғларни яшнататурғон, кенглиги мўъжаз дарёни уялтиратурғон Мирзо ариқнинг зилол сувиға ҳопитиб чиқиб, чарчоғини тарқатгач, ўз ўрдулари томон келаётқон ғазначининг ва бовурчиларнинг аробасини кўриб нигоҳлари яшнаб, турфа олам кўзлариға фирдавсмонанд ранг ила кўрина бошлади. Бир муддат ўтуб, ер ўчоқларда эритилаётган қуйруқ мойининг жаз-бузига киссалардаги тангаларининг майин жингир-жингири омухта бўлуб, кўнгилларга танбур навосидан-да тотлироқ куй янглиғ ўрношди.
Авазбек тепалик устидаги ўз чодири соясида турган эгарга ўтириб, олис-олислардаги, худди хира булутдек, ҳошиялари элас-элас кўзга ташланиб турган Ҳиндикуш тоғларига қараб узоқ ўтириб қолди. Ҳиндикуш. Ундан нориси эса бепоён Ҳинд диёри. У юртни оллоҳнинг бир мўъжизаси, деб айтишган. Йил ўн икки ой ёз. Туфроғи заъфарон куз нелигини, қаҳратон қиш нелигини билмағон. Қовунлари дарахтда пишадурғон, ёнғоғи отнинг калласидек келадурғон диёр…
Бу эшитғонларининг қанчаси рост, қанчаси ўтруқ, бундин ғофилдур, аммо бул юрт таърифининг ярми рост бўлса ҳам, Бобуршоҳ ҳазратларининг энг тиррақи навкарининг ҳам остонаси тиллодин бўлуб кетгуси…
Шу пайт Қобул йўлида икки суворий қораси кўринди. Авазбекнинг ўткир кўзлари уларнинг бу ерлик эмаслигини англади. Улар навкарлардин эмаслиги аниқ. Аммо ерлик аҳолига ҳам ўхшамайдир. Сардор хос навкарини чорлаб келгувчиларни ўз ёнига бошлаб келишини буюрди…
– Биз Бобуршоҳ қабатиға навкарликка ўтиш учун келдик, тақсир, – деди ўрта бўй, аммо кенг елкали, мушакдор, ҳамроҳига нисбатан ёш ва бақувват кўринадурғон, қора мағиз йигит.
– Оре, – деб бошини ликиллатиб тасдиқлади, иккинчи ғалати кўринишдаги, ёшини аниқ айтиш маҳол бўлган, бир оёғи иккинчисидан калтароқ бўлганиданми, оғирлигини гоҳ униси гоҳ бунисига ташлаб, бетиним елкасини учириб, қўлларини ўйнатиб тургувчи, ўнг бети думалоқ, чапи чўзинчоқ, ўнг кўзи кўк, чақчайган, чапи эса қисиқлигидан ғилайроқ кўринадурғон кимса.
Унинг худди мушук пихиллагандек панг овози ҳам сардорга ўтиришмади. Аммо кўнглида ғаройиб кимсанинг қай гўрдан пайдо бўлганлигини билишга бўлган кучли истак уйғониб, уларни товачиларга учрашишга маслаҳат бериб, жўнатиб юборишдан қайтарди.
– Ўлтурингиз, – деди сардор уларга жой кўрсатиб, – мақсадингиз навкарлик экан, нечун товачиларға рўбарў бўлмадинғиз?
Кимарса индамади. Йигит сўзлашга оғиз жуфтлади.
“Бул кимарса ё шул йигитнинг елкасига миниб олғон бир текинхўр, ё бул йигит унинг ақли билан юруб, иш қиладурғон, билаги миясидан кўра кучлироқ кас. Ҳар икки ҳолатда ҳам у айёрлиқда иблисқа дарс бературғон, туллакдур”.
– Товачилар бизни аввал ўргамчикларға, кейин пиёда навкарлар сафига қўшарлар…
– Иҳи, қўшиннинг низоми шул турур. Бугун қайси бир овулдин ушлаб олиб эртан понсодлиққа қў­йилмайдир, ҳеч қаерда!
– Бизға понсодлиқ керакмайдир, – пихиллади кимарса. Шунда Авазбекнинг нигоҳи унинг кўзлари билан тўқнашди. Кимсанинг ўнг кўзи қора, чапи эса тўқ малларанг, яъни қўй кўз эди. Кўзларида милт этган нур йўқ, гўё ойсиз тундек зим-зиё ва тубсиз эди.
– Ё, алҳазар, бундайчикин касни илк бора кўришим, уни тенгри не мақсадда бунёд этдийкин? -хаёлидан ўтди сардорнинг.
– Хўш унда не истарсиз? – сўради овозини чиқариб сардор.
– Бизни қабатингизга олсанғиз.
– Бизни ўрду ҳазратимнинг хосса тобини эканлиғидин хабаринғиз борму?! – овози бир баҳя баланд, қаҳр зардобидан бўтаналашиб чиқди.
– Оре, – яна пихиллади кимарса, – хабаримиз бортур, тақсир. Сардор иккаласиға яна бир қур назар солди. Йигитнинг қизғиш юзи, харидек йўғон бўйни, чақалоқнинг бошидек келадиган мушти биринчдин қўйилгандек ялтираб турарди.
– Озроқ машқ кўриб, жанг ҳадисини олса, ажойиб жангчи чиқадир, бироқ ҳамроҳи… – ичидан кулиб қўйди сардор.
Лекин ботинини зоҳир қилмай, ҳамон қовоқларини солганча сўроқлади.
– Бир шартим бордур. Бизнинг баҳодирлар билан олишасиз. Ғолиб чиқсангиз хосса тобинда қолурсиз. Мағлуб бўлсангиз, бунда қорангизни ҳам кўрсатмагайсиз Маъқулми?
– Маъқул, – деди йигит иши ўнгидан келгани учунми, кўзлари ёлқинланиб.
– Оре, – деб қўйди хамроҳи ҳам пихиллаб.
– Бўлмаса таомдан сўнг яланг­ликда сўғиш қиладурсиз, – деди сардор ва ўрнидан турди. Улар ҳам туришганидан сўнг хос навкарига буюрди. – Бовурчиларға айт, буларға икки корсон таом берсун.
Навкар иккала ҳамроҳни эргаштириб пастга, ер ўчоқлар тизилиб турғон ёнбағирга бошлаб кетди.
Навкарлар таомни еб, устидан қумғон чойни эрмак қилғанча ёнбош­лаб, истироҳат қилаётганларида сардорнинг хос навкари барчани ялангликка чорлади.
– Иккита баҳодирликка даъвогар келганмиш. Сардор уларни биз билан олиштириб, синаб кўрмоқчи эмиш.
Бу гап зумда оғиздан-оғизга кўчиб, минг паҳлавоннинг бари савашга шай ҳолатга келдилар. Икки мўъжаз тепа бир-бирига уйқашган жойда жомға менгзайдурғон чуқурлик ҳосил бўлғон, унинг тубида айланаси икки юз қулочлик сайҳонлик бўлуб, бул сайҳонлик саваш қиладурғонларға, тиккалаб кетган ёнбағирлик эса савашни томоша қиладурғонларға хўб қулай эди. Баҳодирлар ўз мавқеларига қараб, юқори-паст бўлиб, ёнбағирларга чордона қуруб ўлтириб олдилар. Сардор икки даъвогарни сайҳонга чиқариб қўлларига икки қулочдан келатурғон калтакни тутқазди.
Олдинда турғон йигитда ҳеч бир ноқислик кўрмасалар-да, унинг ортидағи анжимат кимсанинг бадбуруш юзига, бунинг устиға бири узун, бири калта оёқлари устида зўрға турғондек, мункиб-мункиб юришига қараб олдин бир-икки кимса, уларнинг ортидан бутун ёнбағирга чўккалаган навкарларнинг бари бир овоздан хохолаб юбордилар.
Ўзининг устидан кулишаётганини англағон бадбуруш кимсанинг пешонасидаги қат-қат ажинларнинг сони яна бир карра ошиб ўнг кўзи баттаррок чақчайиб, чапи эса билъакс қисила бориб, бор-йўғи бир ёйсимон эгри чизиққа айланди.
– Қай биринғиз биринчи бўлиб чиқасиз? – сўради сардор ўзини зўрға кулгудан тийиб.
– Биз иккаламиз-да бир пайтнинг ўзида савашурмиз. Бизға тўрт ҳарифни чиқаринғиз, – деди кимарса паст овозда. Ажаб, бул дафъа унинг товушида панг пихиллаш нуқси йўқ эди.
– Англамадим. Не истарсиз? – Қулоғига ишонмай қайта сўради сардор.
– Биз иккимиз елкама-елка туриб олишувға ўрганганмиз. Бизға қарши тўрт навкарингизни давраға солсанғиз-да розимиз, – тушунтирди йигит баланд овозда.
Масхара товушлари тингиб ўрнига ғазабнок висир-висир эгаллади. Шу пайт бир барваста келбатли навкар ўрнидан сапчиб турди.
– Сардор, манға изн беринғ, бул икки маҳмадонани ерға қозиқдек қоқиб қўяй!
– Шошма Харсанг, сен улар билан савашсанг суякларини қумдек майдалайсан. Аларни сўғин ким йиғиштириб олур?! – бақирди кимдир рўбарўдаги ёнбағирдан. Алар билан олдин мен олишурман. Ижозатми, Сардор?
Сардор мийиғидан кулганча Харсангни жойига ўтқазуб, қотмадан келган, найнов ва дасти узунлигидан панжалари нақ тиззалари ёнида осилиб юрганиданми, Ҳамдуна (маймун) лақабини олган навкарни ёниға чорлади.
– Ҳамдуна тўғри айтадур. Сендан сўнг алардин ном-нишон қолмайдир. Бизларни-да томошадин бенасиб қолдирурсан. Ҳамдуна, сенинг галинг!
Сардорнинг изнидан сўғин Ҳамдуна икки ҳатлаганда мўъжаз сайҳонликнинг қоқ марказида пайдо бўлди. Хос навкар ҳам унга гавронни тутқазди. Ҳамдуна таёқни илиб олиб, бош устидан ва қўлтиқлари орасидан виз-виз айлантириб кўкка отди ва бир умбалоқ ошиб уни илиб олди.
– Бале, Ҳамдуна! Тенгри сени фаромушлиғда башар қиёфасинда яратмиш. Аслида маймун бўлиб очунға келишинг адолатдин бўлур эрди.
Даврани тарк этаёзган хушчақчақлик яна қайтиб йиғилғонларининг лаблариға табассум инди.
Сардор “бошланғиз” деган янглиғ қўл силкиди. Ҳамдуна яна ақл бовар қилмас чаққонлик билан гавронни орқа-олди, боши-ёнбоши узра айлантириб телба гирдибод каби рақиблари устиға бостириб бора бошлади.
– Тақсир, – деди йигит сардорга ўгирилиб, – иккинчи навкари­нгизнида чорланғиз. Бул адолатдан эмас. Биз иккитамиз, ул эса ёлғиз.
– Иккинчиси сенға не даркор. Олдин шундан жонингни омон сақлоғил!
– Шундоқму?
– Шундоқ, тақсир, – сардор “тақсир”ни йигитга тақлидан талаффуз этди. Барча кулиб юборди.
Йигитнинг кўксида ёввойи, ўлжасига ташланаётган йўлбарсникидек совуқ аланга чақнади. Гаврон чўпни маҳкам ушлаганча Ҳамдунанинг рўпарасидан чиқди. Унинг айлантираётган гавронига гавронини қарши қўйди. “Қарс” Гаврон айланишдан тўхтади. Шу пайт бадбуруш кимсанинг таёғи Ҳамдунанинг тиззаси ортига енгилгина келиб тегди ва Ҳамдуна оёғи осмондан келиб йиқилди. Бадбуруш мушукдек чаққонлик билан унинг устига чиқиб гавронини унинг бўйнига тиради – қоидага биноан Ҳамдуна энди “мурда”.
– Бас, – деди Сардор.
Кимса гавронни бўйнидан олди. Ҳамдуна номига монанд чаққонлик билан ўрнидан сакраб турди ва алам аралаш ғазаб билан, узун дастини чўзганча ҳарифининг бўйнидан бўғиб олди. Бу адолатдан хорижда эканлигини сардор ҳам, томошаталаб навкарлар ҳам билиб туришарди. Лекин Сардор пайсалга солгани учун ҳам “миқ” этмай бу ҳолни интиҳоси не билан тугашини сабрсизлик билан кута бошлади. Бу ҳол узоққа чўзилмади.
Бадбуруш кимса нафаси қайтиб хириллади ва гавдаси чайқалиб ортга эна бошлади. Ўз-ўзидан Ҳамдуна ҳам у билан бирга энгашди. Шуни кутиб турган кимса узун чап оёғи билан рақибининг чотига зарб берди ва каловланиб қолган Ҳамдунани устидан ошириб ташлади. Кўкрагига миниб олиб жағига мушт туширди. Ҳамдуна чўзилиб қолди.
Авазбек сардор номи чиққан паҳлавоннинг шалвираб қолганини кўриб писандига илмаган бул йигитлар анойилардан эмаслигини сезиб энди майдонга икки паҳлавонни чиқарди. Даврага талпинаётган Харсангни яна елкасидан босди. “Шошма”.
Икки навкар гаврон чўпларини ўйнатиб уларга икки томондан яқинлашдилар. Бир-бирига елка тираб турган рақиблар уларнинг яқинлашишига имкон берганча жим ўтирардилар. Паҳлавонлар эса уларни кўз очишга қўймай, яшин тезлигида маҳв этиш учун, ваҳимали ҳайқирганча таёқни ўйнатиб елдек чопиб кела бошладилар. Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Икки томондан бостириб келаётган паҳлавонлар қимирламай турган рақибларига етишларига икки қадамлар чамаси қолганида бадбуруш ўнгга, йигит чапга ўзларини отдилар. Икки паҳлавон уришқоқ қўчқорлардай бир-бирига калла қўйиб шилқиллаганча ортга қуладилар. Уларнинг кўкрагига гаврон чўп тирашнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Улар зарбнинг зўридан аллақачон ҳушдан кетгандилар.
Гарчи ўз ўртоқларини шармандайи шармисор қилган бўлсалар-да, лекин келгиндиларнинг баҳамжиҳат, чиройли ҳаракат қилишлари томошаталабларга маъқул бўлганди. Улар бор овозлари билан ғолибларни олқишлашар, лекин ўзлари жангга талабгор эканликларини ҳам қистириб ўтишни унутмасдилар.
Сардор энди Харсангни ушлаб ўтиришдан маъни йўқлигини англади. Унинг ёнига яна уч паҳлавонни ажратиб, бақамти қўйди. Бундан Харсангнинг дили оғриди, лекин сардорнинг раъйини қайтаргиси келмади. “Келаверишсин, майли. Бу жинқарчаларни ерга қозиқдек қоқиб қўйганимда булар суғуриб олишга ярарлар”.
Харсанг уч йигитни уч томонга қўйиб, ўзи ўртадан рақибларига ҳамла қилиб бораверарди. Унга йигит рўбарў бўлди. Бадбуруш чаққонлик билан гавронни ўйнатганча уч паҳлавоннинг зарбаларини бир ўзи даф қилиб, шу орада уларга бир икки қарши зарба беришга ҳам улгурди. Унинг зарбалари белгиланган жойга бехато текканидан бўлса керак, бир навкарнинг бурнидан қон шариллаб оқа бошлаган бўлса, иккинчисининг эса ўнг кўзи дўмбира бўлиб шишиб кетган эди.
Йигит устига бало-қазодек бостириб келаётган Харсангнинг кенг елкалари ортидан қизариб ботаётган офтоб шуъласи кўзларини қамаштириб эсанкираб қолди. Шу лаҳзада зувиллаб келаётган гавроннинг товуши қулоғига чалиниб, қўли билан гарданига мўлжалланган зарбдан иҳоталанди. Гаврон билагига қарсиллаб урилиб, симиллаган оғриқни ҳис қилди. Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди. У гаврон чўпга таянганча оёқларини жуфтлаб Харсангнинг бошига зарба берди. Оёқлари ерга қайтиб тегар-тегмас гаврон билан зарбдан гангиб турган рақибининг бўйнига тушириб қолди. Харсанг қалқиб кетди, аммо йиқилмади. Ўзини ўнглаб олиб, бало-қазодек бостириб кела бошлади. Уни шунчаки зарбалар била қулатиб бўлмаслигини ҳис қилган йигит рақибининг гаврон сермаётган қўлига зарб билан тепди. Гаврон учиб кетди. Қуролсизланган паҳлавонга кетма-кет икки зарба ўнг ва чап елкасига тушди. Харсангнинг кўзи қонга тўлди. Чексиз ғазабдан кўзлари сўқир, қулоқлари ботил бўлди. Шамширини қинидан суғурди. Бу машқларда ишлатадиган тиғи арра бўлиб кетган вазни оғир ўргамчик шамшир эмас, балки Қобулнинг энг зўр пичоқчи устаси ясаган икки тиғли кескир қурол эди. Харсанг худди бу жинқарчани нимталаб ташлашга қасд қилгандек, қулаётган тоғ янглиғ устига бостириб келарди. Унинг баҳайбат елкаси баркашдек қизариб, ғуруб қилишга чоғланаётган қуёшни қўрғошиндек қоп-қора абр сингари тўсиб олди. Сермаётган шамшири чақиндек ялтирар, ажалдек бадваҳима ва илон тангачаларининг тўлиной нурида аксланиши янглиғ совуқ эди. Йигит бу олишувнинг интиҳоси қонли тус олиши муқаррарлигини ҳис қилиб шамшир тиғига чап бера-чап бера белбоғини бўшатаверди.
Бу пайтда Бадбуруш кимса эса икки ҳарифини аллақачон жангга яроқсиз ҳолга келтирган, уларнинг бири кўзини ушлаганча, чўкка тушиб олган бўлса, иккинчиси нозик жойидан зарба еб, букчайиб қолганди. Учинчиси эса ҳеч бўйин бергиси келмас, зарбаларга чаққонлик билан чап берар экан, қарши зарба йўллаб қолишни-да уддаларди.
Йигит салқи белбоғининг сўнгги тугунини ечишга уринаётганида Харсанг бир зарб билан рақибининг бошини сапчадек узиб олишни мақсад қилиб шамширни баланд кўтарди. Йигит яшиндек келаётган шамшир тиғига чап бериб унинг йўлига гавронни тўғаноқ қилди. Кескир тиғ гавронни саримойни кесгандек иккига бўлиб ўтиб кетди. Харсанг шамширни иккинчи зарбага йўналтиргунча йигит қўлида қолган икки қаричлик чўлтоқ гавронни мерганлик билан отиб рақибининг бурнига теккиза олди. Атиги бир лаҳзагина Харсанг гангиди. Шу йигит учун етарли бўлди. У белбоғини очиб ташлади. Томошаталаблар “оҳ” тортиб юборишди. Йигитнинг қўлида ҳам шамшир пайдо бўлганди.
Энди ҳар иккаласи ҳам қиличбозлик қила бошладилар. “Жаранг-журунг” товушлар томошабинларнинг ғалағовурини босиб тушди. Харсанг пайт пойлаб, янада кучлироқ зарб билан тиғ сермади. Йигит унинг йўналишига шамширини тутди. Бу энди гаврон чўп эмас, ахсикатлик усталар ясаган ажабтовур хислатли пўлат шамшир эди. Харсангнинг қиличи қоқ ўртасидин чўрт узилиб дастаси қўлида қолди. Тиғи шувиллаб айланганча ботаётган қуёшнинг алвон нурларида олранг йилтираб учиб кетди. Пайтдан фойдаланган йигит уни чалиб йиқитди ва кўксига шамширни тиради. Бу пайтда Бадбуруш кимса ҳам учинчи рақибини ер тишлатиб улгурганди.
Сардор қўлини кўтарди. Бу “жанг” тугаганини билдирарди. Йигит шамширини белбоғига ўраб, белига боғлаб олди. Йигит бироз лапанглаб лат еган билагини уқалаганча, ҳамроҳи эса узунроқ чап оёғини судраб босиб, иложи борича оқсоқланмасликка ҳаракат қилиб, сардорга рўбарў келдилар.
– Балли, жанг қилишнинг анча ҳадисини олган экансизлар. Кимсизлар, қай юртдан бўласизлар?
– Менинг отим Қилич. Бу киши устозим бўладилар. Ибн Сотуна.
– Арабми? – сўради Сардор исми ҳам ўзига ўхшаш ғалати кимсага ажабланиб қаради.
– Тўғрисини айтсам, билмайман. Қошғарда учрашиб, танишиб қолғонмиз. Бу киши менға даст жанги қоидаларини ўргатиб, машқ қилдирдилар. Шундин яқинлашиб кетдик.
– Асли қаердансан, йигит?
– Ахсикатданман.
– Ҳм… – сардор унинг қиличи Харсангнинг шамширини чўрт узиб ташлаганининг сирини топқондек бўлди.
– Падаринг темирчи бўлғонми?
– Оре, тақсир, падарим Ахсикатнинг энг зўр қиличсоз устаси бўлғон эрканлар. Шул биргина шамшир менга ул кишидан ёдгорлик бўлиб қолғон. Шул сабабли ҳам отим Қилич бўлубдур.
– Маъқул. Сизлар бу тун менинг чодиримда ухлайдурсиз, кетдик.
Сардор уларга азбаройи ҳурмат юзасидан эмас балки, енгилган паҳлавонларнинг алам устида булардан қасд олишлари мумкинлигидан хавотирланиб, шу йўлни тутган эди. Дарҳақиқат, бундай олишувларда ғалаба нашидасини суриб ўрганган Харсангнинг авзойи бузуқ эди. Ундан ҳар нарсани кутиш мумкин.
Авазбек уларни хос чодир ўрнаш­ган тепаликка бошлаб чиқар экан, бу иккала жангчининг жанг усулларидан хайратга тушгани ҳақида мулоҳаза қиларди. Киришимли, бироз соддадил Қилич кўнглига ўтиришган, Ибн Сотуна деганлари Қиличга қараганда маҳоратли бўлса-да, пихини ёрган туллаклардан эканлиги иблисона башарасидан билиниб турарди. У йўлини топиб иккаласини ажратишни, Қилични ўз ёнига қолдириб, Сотунани ўрдусидан бадарға қилишни дилига тугди.
– Сардор, биз бир-биримиздин ажралмасликка қасамёд қилғонмиз, – пихиллади Сотуна, худди сардорнинг дилидагини ўқиб тургандек.
Сардор ялт этиб унга қаради. Шунда унинг нигоҳи яна Сотунанинг ўнгирдек қоп-қора, тубсиз, бўм-бўш кўзлари билан тўқнашди. Ҳеч қандай маънини зоҳир қилмайдурғон бул нигоҳлар унинг кўнглида аллақандай, тушуниксиз ваҳм уйғотди. У минбаъд бул даҳшатли нигоҳларга қарамасликка онт ичди.

-3-

1981йил. Тошкент. Ўзбекистон.
Шаҳар милициясининг жиноят-қидирув бўлими инспектори, катта лейтенант Абдурасул Жўраевнинг мўъжаз ишхонасидаги шалоқ телефон кун бўйи жиринглайвериб ҳолдан тойган шекилли, энди жиринглашга ҳам мадори етмай “қитир-қитир” қилиб қўяди, холос. Катта лейтенатнинг ҳам гўшакни кўтариб, телефон бечорани бу чексиз азобдан холи қилишга қўли бормайди. Гўё бутун шаҳар бир жону бир тан бўлиб, уни кузатаётгандек, топширилган ишни бажара олмай, шарманда бўлишини бесабрлик билан кутаётгандек эди. Бунинг устига бошлиқнинг дўқ-пўписаси, кейин соҳасидаги катта-ю кичик раҳбарчаларнинг бари иш ўз назорати остида эканлигини айтиб қў­йиш учун қўнғироқ қилишлари, ҳар бирига эринмай нечанчи мартадир ишнинг бориши тўғрисида ҳисобот бериши, уларнинг эса қайта-қайта ижикилаб сўрашлари, тўғриси бари ачиган ошдек меъдасига урди. Телефон бечора овози хиппа бўғилганидан нолакор хирилларди. Жўраев ноилож гўшакни кўтарди. Нариги томондан ўспириннинг ҳаяжонли овози келарди.
– Алло, саломалайкум. Сиз терговчимисиз, амаки.
“Энди сен етмай турувдинг сўрамаган, жинқарча!”
– Ҳа, терговчиман. Сенга нима керак? – деди қўрслик билан Жўраев.
– Сиз керак эдингиз. Мен ўлдирилган профессорнинг қўшниси бўламан.
– Шошма, шошма ўлдирилган профессор, дейсанми?
– Ҳа, шунақа. Сиз шу ишни тергов қилаяпсизми?
– Ҳа, мен олиб боряпман. Бирон нарса биласанми, шу ҳақда? – шошилиб сўради Жўраев.
– Мен Жамшид Абдуллаевман. 112-мактабнинг 9-синфида ўқийман. Ўша куни профессорнинг уйига бир ғалати кимса келиб кетганди.
– Шошма, шошма, Жамшиджон. Сен ўша одамни аниқ кўрдингми?
– Ҳа.
– Яхши, Жамшид. Кечга яқин уйларингга ўтаман. Айтганча уйинг­ларнинг рақами неччи эди?
– 17. Профессорнинг рўпарасида турамиз. Уларники 18. Биласиз-а?
– Яхши кечқурунгача бораман. Кутиб турасан-а.
– Бўпти.
Жўраев гўшакни қўйиб, столи устида сочилиб ётган қоғозларни тартибга солди ва четга суриб қў­йиб, қалингина папкани қўлига олди. Қоғоз папканинг устига қизил сиёҳда, “Мирюнусов Мирмақсуд Миролимович” деб ёзиб кўйилганди. Абдурасул Жўраев папканинг боғичини ечиб, тахланиб турган қоғозларга кўз югуртира бошлади. Бу қоғозлар бир инсоннинг туғилганидан тортиб, то ўлдирилгунича босиб ўтган ҳаёт йўлини ўзида акс эттирарди.
Мирмақсуд Мирюсупович Мирюнусов 1940 йилда туғилган. 1957 йилда ўрта мактабни, 1963 йилда Унверситетнинг тарих факультетини тугатган. Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрни мавзусида 1967 йилда номзодлик ишини ёқлаган. 1974 йилда эса докторлик даражасини олган. Профессор. Шарқшунослик институтида кафедра мудири, Уйланган, хотини ҳам ўз кафедрасида ишлайди. Биттагина қизлари бор. 112-мактабда ўқийди..
112-мактаб, шошма, ҳозир телефон қилган йигитча ҳам шу мактабни айтганди. Тўғри.
Жўраев профессорнинг қизи тўғрисидаги маълумотларни қайтадан ҳижжалаб ўқий бошлади.
“Нафиса Мирюнусова 1965 йилда туғилган. 112-мактабнинг 9-синфида ўқийди.
Шу икки сатр Жўраевга кўп нарсани айтиб турарди. Жамшид бу қизчагаям, демак шу хонадонгаям бефарқ эмас…
…Мирмақсуд Мирюнусов
2 июнь куни соат 18 ларда ўлдирилган. Уч хонали квартирасида, ўз иш кабинети ва кутубхонаси хисобланган тўрдаги мўъжаз хонасида, ўзи яхши кўрадиган, ўрганиб қолган оромкурсисида, пешонасидан ўқ еб, ўлиб ётган ҳолда кўришган. Тўғрироғи, хотини Раҳима Акбаровна кўриб, ҳушдан кетиб қолади… Шу пайт нимадир сўраб чиққан қўшни хотин, қўнғироққа ҳеч ким жавоб бермаётганидан ажабланиб (чунки Рахима Акбаровнанинг уйга кирганини ўз кўзи билан кўрган эди-да) эшикни тутқичидан тортса, эшик очиқ экан. Кирса, Раҳима Акбаровна коридорда йиқилиб ётибди. Қўшни хотин унинг юзига сув сепиш учун тўғридаги хонага кирса…
У шоша-пиша подъездга чиқиб шовқин кўтаради. Иш вақти бўлганлиги учунми, бутун бошли беш қаватдан бор йўғи битта эркак, у ҳам пенсионер Салом чол чиқади. Чувиллашаётган хотинлардан профессорга бир бало бўлганини англаб ичкарига киради. У билан кирган хотинга Раҳима Акбаровнанинг юзига сув сепишга шошади. Профессорнинг тиришган, башарасига, чақчайган кўзларига, гулдор палас устидаги қонли халқобга назар ташлаб, ҳаммасига тушунади. У коридорга чиқиб аввал милицияга, кейин ҳамон ўзига келмаётган бечора хотинга қараб “тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Раҳима Акбаровна ҳамон оғир аҳволда касалхонада ётибди. Майитни эса укаси Мирмаҳмуд Мирюнусовнинг Эски шаҳардаги ҳовлисидан чиқаришди.
Судмедэкспертизада мурдани ёриб кўришганида, пешонасидан кириб, миясининг қатиғини чиқарганча, энса суягига санчилиб қолган ўқни чиқариб оладилар. Баллистик экспертиза натижасида ўқ “Макаров” тўппончасидан узилганлиги аниқланади. Бу тўппончадан асосан орган ходимлари ва ҳарбий офицерлар фойдаланишади.
Қотил шу ўқдан бошқа ҳеч қанақа из қолдирмаган. Унинг қўли тегиш мумкин бўлган барча ашёларни криминалистлар диққат билан текширганларида ҳам ҳеч қанақа бармоқ излари қолмаганлигининг гувоҳи бўлдилар. Биттагина ўқ билан унинг изига тушиш, ҳаттоки Шерлок Холмснинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Агар қуролнинг ўзи бўлганида бошқа гап эди.
Шунда анчадан бери ҳарбий прокуратурада ишлайдиган таниши Мурод эсига келди. Оқ-сариқдан келган, хушфеъл бу йигит унга ёқарди. Бир пайтлар телефон рақамини ҳам қолдирганди. Жўраев стол тортмасидан семиз телефон китобини олиб варақлай бошлади. Ниҳоят, топди шекилли, рақам тера бошлади. Бир муддат ўтиб нариги ёқдан Муроднинг овози эшитилди.
– Салом, Мурод. Абдурасулман. Яхшимисан? Оғайни, бир ишда ёрдаминг керак бўп қолди. Бу сал мужмалроқ… Бир қотилликни текшираётгандим. “Макаров”дан отишган… ўқи бор, аммо қуролнинг ўзи йўқ. Мабода қурол йўқолгани тўғрисида бирор маълумот йўқми, сизларнинг соҳангизда. Шуни сўрамоқчийдим… Оғайни бир ёрдам қил. Кечгача дейсанми… Майли. Агар тузукроқ маълумот берсанг икки шиша пивога эрийман. Нима деяпсан? Мен сўзимнинг устидан чиқаман. Сен менинг айтганимни бажарсанг бўлди. Эсингдан чиқмасин. “Макаров”. Бўпти. Кўришгунча.
Жўраев гўшакни қўйганидан кейин, бироз ўйланиб қолди. Мурод қурмағурда бир гап бор. Бўлмаса бирдан суюнчи сўраб ўтирмасди.
Катта лейтенант соатига қараб миллар 5 томонга силжиётганини кўриб шошганча қоғозларни йиғиштириб ўрнидан турди. Кўчага чиққанида куни бўйи шаҳарни тандирдай қиздирган қуёш ғарбга оғиб, тафти пасайган бўлса-да, асфальтдан кўтарилаётган ҳовур одамни лоҳас қиладиган даражада ёқимсиз эди. Жўраев терга ботиб, ҳаллослаганча профессор ўлдирилган машъум уйга етиб келганида, иссиқ асфальт устида ялангоёқ тўп тепаётган болакайларга синчиклаб назар ташлади. Назарида улар орасида Жамшид ўйнаб юргандек эди. Лекин болалар милиционер амакига ишлари бўлмай, тўп ортидан шаталоқ отганча югуравердилар. Жўраевнинг ҳафсаласи пир бўлиб, подъезд томон юрди ва иккинчи қаватга кўтарилиб, “17” рақами урилган эшикнинг қўнғироғини босди. Ичкаридан 40-45 ёшлардаги аёл эшикни очди. Қўшнилари ўлдирилганидан бери бунақа ташрифларга ўрганиб қолган шекилли, аёл уни ичкарига таклиф ҳам қилмади. “Хўш, хизмат” дегандек унга қош чимирди.
– Саломалайкум, опа. Жамшиджон уйдами?
Аёл бироз тараддудланди.
– Жамшидда нима ишингиз бор эди?
– Қўшнингизнинг қотилини у кўрган экан. Шу масалада…
Аёлнинг қошлари яна чимирилди.
– Йўқ. У ҳеч нарсани кўрмаган. Ёлғон айтган, қирилиб кетгур!
– Опа, мен жиноят қидирув бўлимининг инспектори Жўраевман. Гувоҳнинг ўзи билан гаплашишга ҳаққим бор. У чўнтагидан қизил муқовали гувоҳномасини олиб кўрсатди. – Агар шу ерда ўғлингиз билан суҳбатлашишга рухсат бермасангиз, эртага бўлимга чақиришга мажбур бўламан. Кейин овора бўлиб етаклашиб борасизлар.
Аёл ноиложликдан қовоғини солганча эшикни очиб йўл берди.
– Киринг, – кейин ортига ўгирилиб овозини кўтарди. – Жамшид!
Ичкаридан жингалак сочлари ўзига ярашиб турган, 16-17 ёшлардаги озғингина ўспирин чиқиб келди.
– Салом, ўртоқ катта лейтенант, – деди у ёшига ярашмаган сиполик билан. – Яхшиси, менинг дарсхонамда суҳбатлашсак. Майлими, ойи?
Аёл чимирилганча бош ирғаб қўйиб, ошхонага кириб кетди. Жамшид Жўраевни ўз хонасига бошлади.
Абдурасул Жўраев хонага кириб, энг аввало шкафда тахланиб турган китобларга эътиборини қаратди. Қалин-юпқа китоблар тартиб билан тахлаб қўйилганди.
– Ўтиринг, ўртоқ катта лейтенант, – деди унга курси суриб қўяркан Жамшид.
– Мени Абдурасул ака, деявер, – деди инспектор, унинг ҳадеб, “ўртоқ катта лейтенант” деявериши очиқ суҳбатлашишига халақит беришини ҳис қилиб.
– Майли, Абдурасул ака.
– Шуларнинг барчасининг ўзинг ўқиганмисан? – китобларга диққатини қаратди инспектор.
– Ҳа, қарийб ҳаммасини ўқиб чиқаёздим. Буларнинг кўпчилиги детектив китоблар. Конан Дойл, Чейз, Сименон, Агата Кристи…
– Яхши… Демак бизнинг соҳадан хабаринг борга ўхшайди. Қўшниларингизникида бўлган воқеа юзасидан билганларингни бир бошдан гапириб бер-чи.
Жамшид қўлини иягига тираб, бироз ўйланиб турди.
– Биласизми, Абдурасул ака, ўша кимса жудаям ғалати эди. Бир оёғи калта, бир қўли иккинчисидан анча узун. Тинимсиз қийшанглаб, елкаларини учириб туради. Мен пастда йўлак олдидаги ўриндиқда ўтиргандим. Уни кўриб сесканиб кетдим. У менга бир кўзини чақчайтириб, бирини қисиб қаради ва тепага кўтарила бошлади…
– У олдин ҳам келармиди?
– Айтяпман-ку, бунақа бадбашара кимсани ҳеч қачон кўрмагандим. Шунинг учун ҳам сесканиб кетдим-да.
– Давом этавер-чи…
– Кейин у одам тепага кўтарила бошлади. Қадам товуши ҳам ғалати эди: “гурс-тақ”, “гурс-тақ”. Назаримда, икки оёғи икки хил товуш чиқарарди. Бироздан сўнг Нафисаларнинг эшигини тақиллатди. Орадан 10 дақиқалар ўтиб бир нарса пақиллаб кетди.
– Ўша одамнинг қайтиб чиққанини кўрдингми?
– Йўқ. У қайтиб чиққани йўқ. Чиқса кўрардим. Чунки тушаётганида қанақа қадам товуши чиқишига қизиқиб қолгандим.
– Яхши, – деди Жўраев ўйланиб туриб. – Кейин уни қайтиб кўрмадинг, шундайми?
– Ҳа.
– Балки, у профессорни отгач тепага чиқиб, чордоқ орқали бошқа подъезддан чиқиб кетгандир, нима дейсан?
– Абдурасул ака, пақиллаган товушдан кейин, Нафисаларнинг эшиги очилиб ёпилганини эшитмадим, – деди Жамшид, кейин фикри қатъийлашди шекилли, Жўраевга тик қаради. – Сиз менга ишонмаётган бўлсангиз, юринг кўрсатаман…
Улар етаклашиб йўлакка чиқишди.
– Сизда уларнинг уйининг калити бор-а?
– Нега бу уйнинг калити менда бўлиши керак? – ўсмоқчилади инспектор.
– Чунки бу ишни сиз олиб бораяпсиз. Кутилмаган бир фикр туғилиб қолса, хоҳлаган пайтда келиб, уйни тинтув қилиш учун-да.
Молодец, – хаёлидан ўтди Жўраевнинг, – калланг ишлайди сен боланинг. Боқса одам бўлар чўтинг бор…
Абдурасул Жўраев чўнтагидан калит олиб Мирюнусовларнинг эшигини очди. Оғир эман эшик қаттиқ ғичирлаб очилди. Эшик тутқичини қўйиб юборганида ичкаридан пружина ўрнатилган, шекилли, қарсиллаб ёпилиб, ўз-ўзидан қулф­ланиб қолди.
– Мана кўряпсизми, Абдурасул ака, бу товушни кўчадан ҳам эшитса бўлади. Энди пастга тушайлик, мен қаерда турганимни кўрсатаман.
Улар пастга тушишди. Бир-бирига рўпара қилиб қурилган тўрт қаватли уйларнинг умумий ҳовлисида ўрнатилган қатор ўриндиқларни бирига бориб ўтиришди. Бу ердан уйнинг ҳар тўртала подъезди ҳам кўриниб турарди.
– Агар у хоҳлаган подъездидан чиққанида ҳам кўрган бўлардим. Демак…
– Демак, у ҳеч қаерга чиқиб кетмаган демоқчимисан?
– Шундай, Абдурасул ака. У ҳеч қаерга чиқиб кетмаган. У Нафисаларнинг уйида яшириниб турган…
– Агар шундай бўлса, мурдани ўликхонага, Раҳима Акбаровнани касалхонага олиб кетишгач, криминалистлар бармоқ изи-ю, суратга олиш ишларини тугатгач, ҳамма жой тинчиб қолгач, шом қоронғисида секин чиқиб, жуфтакни ростлаворган, демоқчимисан?
– Шунақага ўхшайди…
– Эшикнинг ғичирлаши-чи? Агар эшик очилиб ёпилса бутун подъезд эшитган бўларди. Кейин шунча пайт қаерда яшириниб турган бўлиши мумкин. Хонадонга йигирмадан зиёд одам кириб чиқиб турди. Бирининг бўлмаса бирининг кўзи тушарди…
– Қайта тинтув ўтказишингиз керакмикан, нима дейсиз?
– Балосан-ку, Жамшидвой! Бунча нарсани кимдан ўргандинг?
– Боя сиз кўрган китоблардан. Айниқса, Шерлок Холмсдан.
Абдурасул Жўраев эртага албатта криминалистлар билан тинтув ўтказишга қарор қилиб, ўрнидан қўзғалди.
– Бўпти, Холмснинг шогирди. Эртага тушдан кейин шу ерда бўлиб турсанг. Тинтувда қатнашардинг.
– Яхши, Абдурасул ака. Дарсларим соат бирда тугайди. Хайр.
Абдурасул Жўраев автобус бекати томонга ўйчан одимларкан, йигитчанинг тийрак ақлига, изқуварлик истеъдодига қойил қолиб борарди. Бундан яхшигина изқувар чиқади, деган гап хаёлидан ўтди.
…Улар бошлашиб қаҳвахонага киришганда, шом қўниб ҳаво анчагина салқинлаб қолган эди. Икки бокал пиво буюришди. Кун бўйи шаҳарнинг иссиқ ва дим ҳавосида роса терлаб ишлаганлари учунми, муздек пиво роҳатижон бўлиб туюлди.
– Биласанми, Абдурасул яқинда бир “Иш” қўлимга тушиб қолганди. Афғондаги бир қисмимизда анчадан бери қуролфурушлик билан шуғулланиб келган икки офицер – ҳарбий омбор бошлиғи бўлган майор ва унинг ходими прапоршчик жанжаллашиб қолишади майор ходимини отиб ярадор қилади. Шу воқеани суриштириш жараёнида қуролфурушлик жинояти очилиб кетади. Улар афғонларга катта пулга қурол сотишар, камомадни эса усталик билан “Акт” тузиб ёпиб юборишаркан. Агар иккаласи жанжаллашиб қолмаганларида ҳеч ким бундан хабар топа олмасди. Бу савдода асосий ишни прапоршчик бажарган. У мижоз топган, савдолашган, қуролни чиқариб бериб пулни олиб келган. Бироқ майор пулнинг каттароқ қисмини олиб, озроғини прапоршчикка берган. Сўнгги сафарги савдода битта “Макаров” тўппончаси ва 100 дона патрони, битта “Калашников” автомати, иккита ўқдони яна 500 дона патронни сотади. Қайтиб келиб майорга пулни бермайди. Йўқотиб қўйдим, дей­ди. Табиийки, майор бунга ишонмайди. Ўртада жанжал кўтарилади ва майор ходимини отиб қўяди. Бунинг қизиқ томони шундаки, прапоршчик терговда мижозни шундай тасвирлайди: унинг бир оёғи ва бир қўли калта, юзининг бир томони чўзиқ, бир томони думалоқ, юрганда лапанглаб, калта оёғи томонга оғиб юради. Энг қизиғи уни прапоршчик эмас, майорнинг ўзи топган. Чунки бу ғалати одам рус тилида бемалол гаплаша оларкан. Лекин майор бундай одамни кўрганим йўқ, деб туриб олган. Прапоршчикни томи кетиб қолганликда айблаган. Шунақа гап­лар, дўстим.
Абдурасул Жўраев ҳатто пиво ҳўплаш ҳам эсидан чиқиб, ўйланиб қолди. Жамшид тасвирлаган қотил билан прапоршчик тасвирлаган мижоз бир киши эканлиги билиниб қолганди. Бироқ мижоз қандай қилиб Афғонда қурол сотиб олиб, Тошкентда қотиллик қилдийкин. Бу муаммони еча олармикин. Ечими бормикан, ўзи…
– Ҳа, ўртоқ ўйланиб қолдинг, – деди Мурод пиводан бир ҳўплаб қўйганча Жўраевга тикилиб.
– Ҳалиги сенинг прапоршчигинг тасвирлаган мижоз билан бугун бир гувоҳ тасвирлаган қотил бир киши бўлиб чиқаяпти-да.
Мурод унга ҳайрат билан тикилиб қолди…

-4-

1981 йил. Деҳли. Ҳиндистон.
– Намасте, Чопра соҳиб, – дея қийшанглаганча таъзим қилди у. – Сизни анчадан бери излаб юргандим. Ва ниҳоят, топа олганимдан бошим кўкда!
Профессор унинг пихиллаган панг овозидан, иркит башарасидан кўнгли озиб кетганди. Шундай бўлса-да, қон-қонига сингиб кетган олижаноблиги ва тарбияси бу туйғуни зоҳирига чиқаришга йўл қўймасди.
– Келинг, қандай ташвиш юзасидан овора бўлиб каминани излаб юрибсиз?
– Дунёдаги энг зўр қадимшунослигингизни эшитганимдан бери, сиз билан учрашишни кўнглимга туккан эдим. Бир гал келганимда Лондонга сафар қилган экансиз, – пихиллаб кулиб қўйди кимса.
– Сиз тарихчимисиз?
– Э, йўқ. Заковатимиз бу илм олдида ожиздир, соҳиб. Аждодларимиздан мерос қолиб келаётган бир қадимий китоб бордир. Унда нелар ёзилганини билмоқ истагида сизни изладим.
Профессорнинг қалбини, бу кимсага нисбатан уйғонган жирканиш ҳисси ўрнини қизиқиш эгаллади.
– Қани юринг, хонада гаплашамиз. Бу ер иссиқ.
Профессор кимсани кондиционер бетиним ишлаб салқинлатиб турган хонасига бошлаб кирди. Кимса қўйнидан қадимийлиги шундоқ ҳам билиниб турган қалингина китобни чиқариб, ялтоқланишга ўхшаган чучмал таъзим билан профессорга узатди.
Профессор олдидаги иркит кимсани буткул унутиб, китобни кўздан кечира бошлади. Китобни очиб саҳифаларига кўз югуртирар экан, борган сари ҳайрати ошиб борарди. Китоб бошида арабий настаълиқ хатда битилгандек туюлса-да, аммо унда зеру забар йўқ. Баъзи ҳарфлари ҳам арабийга ўхшамайди. Ғалати имло! Наҳотки “Хатти Бобурий” шу бўлса?! Ахир, Бобур замонидан кейин бу имло бутунлай йўқ қилиб юборилган-ку…
Шу пайт кимса стулни ғичирлатиб суриб, бурнини тортиб қўйди. Профессор бошини илкис кўтариб, кимсага йилтироқ кўзойнаги остидан синовчан тикилди.
– Сиз билан ҳали танишмадик-а, соҳиб?
Кимса елкасини бир учириб олиб, узун чап қўли билан қулоғини қашиди.
– Соҳиб, сизни бутун жаҳон танийди. Биз фақир киши панада, қабилида кун кўрувчи одам… Отим Сотуни. Дарбадар умр кечираман.
Профессор унинг гапларига унчалик ишонмади.
– Дарбадарликда умр кечирса­нгиз, унда бу китоб қандай қўлингизга тушиб қолди?
– Соҳиб, билсангиз мен бир жойда олти ойдан ортиқ яшай олмайман. Кўч-кўроним отамдан қолган бир сандиққа жой бўлади. Бу шаҳар бадимга урса, сандиқни орқалайман-у иккинчисига йўл оламан. Бир йилча олдин Аҳмадободдан чиқиб кетиш тадоригини кўраётганимда сандиқ тубидан шу китобни топиб олдим. Отамга тегиш­ли тугунча ичида экан. Уни ўқий олмадим. Мен араб ёзувини ҳам санскрит хатини ҳам ўқий оламан. Бироқ бунга тишим ўтмади. Кейин бир иккита илмдор кишиларга кўрсатдим. Улар ўқий олишмагач, сизни тавсия қилишди. Мен сизни излаб келавердим. Бор гап шу, соҳиб.
– Буни менга қолдириб кета оласизми? – деди профессор бироз ўйланиб тургач. – Мутахассислар билан маслаҳатлашиб бир ечимини топармиз…
– Соҳиб, сизга ишонаман, – деди у минғиллаганча, калта ўнг қўли билан иягини қашиди. Кейин китобни менга қайтарасизми?
– Бу китоб сизники. Бироқ агар рози бўлсангиз академия буни яхшигина нархга сотиб олиши ҳам мумкин.
Профессор бу таклифни билдириб, ундаги ўзгаришни кузата бошлади. Ахир, бир ночор дайди бўлса, унга китобдан кўра пул кўпроқ зарур эмасми… Ўзини Сотуни деб атаган кимса елкасини учириб оёғини типирлатиб полга уриб олганидан сўнг ўлик кўзларини профессорга қадади.
– Йўқ, соҳиб. Уни сотмайман. Қайтарилишига кафолат берсангиз, ўзингиз айтган муддатгача қолдириб кетишим мумкин.
– Ихтиёрингиз, – деди профессор унинг қатъий гапидан ҳайратини яшира олмай. Менимча уч ойга қолдирсангиз, етарли бўларди, чамамда. Тилхат берайми?
– Ие, нималар деяпсиз, Чопра соҳиб! Мен сиздек одамдан тилхат олиб, ўлибманми! Сизга ишонаман! Уч ойдан кейин келаман, хайр соҳиб.
У ўрнидан туриб, калта оёғи томонга бироз мункиганча чиқиб кетди.
Профессор эса столи устида турган бу жумбоқ китобни варақлаб чуқур ўйга ботиб қолди. Шунда хаёлига бир неча йил олдин академиянинг қадимги қўлёзмалар бўлимида кўришиб қолган, ўзини Бобур юртидан деб таништирган ёш олим келиб қолди. У бир ойча бу ерда ишлаган, танишганларидан кейин қарийб ҳар куни учрашиб, суҳбатлашиб турган эдилар. У Бобур ва Бобурийлар тарихи бўйича илмий иш қилаётган экан. Ўшанда “Хатти Бобурий” тўғрисида ҳам гаплашгандилар.
Профессор ўрнидан туриб, академия чоп эттирган, Бобур ва бобурийлар тарихи ҳақида ёзилган илмий ишлар ва бу иш билан шуғулланган олимлар тўғрисидаги каталогни шкафдан олди. Уни варақлаб керакли саҳифани топди ва кўз югуртира бошлади.
“д-р Мирюнусов Мирмақсуд. Тошкент. Ўзбекистон. Тошкент Шарқшунослик институти кафед­ра мудири. Илмий мақолалари: “Бобурнома”да тарихий ҳақиқатнинг акс эттирилиши”, “Бобурнинг Ҳиндистон маданиятига кўрсатган таъсири”, “Хатти Бобурий” …”.
Профессор қолганини ўқиб ўтирмади. “Хатти Бобурий”… Шу жумланинг ўзиёқ уни ҳаяжонга солганди. Қўлидаги китоб “Хатти Бобурий” имлосида битилганини кўнгли сезиб турибди…
У илмий котибини чақириб, Тошкентга, Ўзбекистон Фанлар академиясига хат жўнатиб, ўзининг номидан доктор Мирмақсуд Мирюнусовни Ҳиндистонга илмий сафарга жўнатишларини илтимос қилишни топширди. Хатда Бобурийлар тарихига оид ноёб қўлёзма топилганини билдиришни ҳам тайинлади.

-5-

1527 йил. Панипат. Ҳиндистон.
Бобур ҳазратлари Иброҳим Лўдий билан бўладиган асосий жанг учун Панипат яқинидаги ясси тепаликни танлади. Бундай ҳолатда Лўдийнинг юз минг кишилик қўшини ва филлари пастликда, Бобур ҳазратларининг қирқ минг кишилик қўшини эса юқорида қоларди. Бу ҳол Бобур ҳазратларининг чавандоз­ларига бироз ноқулайлик туғдирар, чунки тепаликка чопиб чиқишдан кўра, ундан тушиш қи­йинроқ. Асосий устунлиги, учқур отлари ва Моварроуннаҳрнинг абжир чавандозларидан иборат бўлган ҳар икки қанотдан бир вақтда зарба бериб, тўлғама усулида, яшин тезлигида ёвни қуршаб оладиган отлиқ қўшин бу ясситепаликда иш бермай қолиши мумкин.
Амирлашкарлар шуни ўйлаб, жанг майдони нотўғри танланди, деган шубҳага боришарди. Бироқ ҳеч ким бош саркардага буни айтишга журъат қила олмас, Бобуршоҳнинг ўзлари ҳам бу ҳақда бировга оғиз очмасди. Орадан бир неча кун ўтганидан кейин, белгиланган жанг майдонига усмонлилар томонидан қўйилган оғир мис замбараклар келтирилганидан кейин нега бош саркарда ясси тепаликни танлагани аён бўлди. Мустаҳкам аробаларга ўрнатилган замбараклар тепаликка судраб чиқилиб, бир сафга тизиб, бир-бирларига хода ва чарм қайиш­лар билан бирлаштирилди. Бош саркарданинг ишораси билан барча эллик замбарак бир вақтнинг ўзида ўқ узиб, пастга бир қатор бўлиб ҳаракатланиши, бир вақтнинг ўзида тўпчилар уни қайта ўқлаб, душманга яқинлаша бориб яна ўқ узишлари лозим эди.
Биринчи машқ кўнгилдагидек бўлмади. Аробалар бир вақтнинг ўзида ҳаракатлана олмай, бирининг чарм қайиши узилиб, бирининг бирлаштирувчи ходаси синиб кетиб, бир-бирлари билан айқашиб кетишди. Бош саркарда яна тўпларни тепаликка олиб чиқиб машқни қайтаришини буюрди. Тўпчибошига кимлар қаерда хато қилганини тушунтирди.
Бобур ҳазратларининг бу усулни танлашига Лўдийнинг юзта жанговар фили қўшиннинг бошида жанг­га кириши сабаб бўлди. Жанг олдидан маст қиладиган ичимлик­лар ичирилган филлар қутуриб, рақиб қўшинини пийпалаб ташлашини кўп бор эшитган Бобуршоҳ, шу филларга ўзининг яширин қуроли бўлган замбараклар ва тўфанг­ларни қарши қўймоқчи эди. Агар филлар устига олов сочиб, гумбурлаган товушлар чиқариб бостириб келаётган тўп­лардан қўрқиб ортига ўгирилса, ўз қўшинини янчиб ўтиб кетади. Бош саркарда шунга умид қилиб машққа зўр бермоқда эди. Ниҳоят учинчи куни эллик араванинг бирортаси ҳам ортда қолмай, қайишлар узилмай, ходалар синмай бир текисда пастга туша олди.
Жанг куни Бобуршоҳ пастдаги Иброҳим Лўдийнинг қўшинига қарши эллик замбаракни қўшиннинг марказига жойлаштирди. Тўпчиларнинг икки қанотига юзтадан тўфангдозларни қўйди. Булар Лўдийнинг филларини сафдан чиқариши ва отлиқ қўшиннинг пасттекисликка тушиб олиб бемалол тўлғама қўллаши учун имконият яратиб бериши керак эди. Авазбек сардор бошчилигидаги “хосса тобин” эса бош саркарданинг захираси сифатида бош қароргоҳ ёнида қоладиган бўлди. Ибн Сотуна билан Қилич ҳам шу навкарлар ичида эди.
Қуёш найза бўйи кўтарилганида Лўдий қўшинида довул ва сур овози эшитилди. Улкан қўшин ҳаракатга тушди. Қўшин олдида жанговар филлар наъра тортиб бало-қазодек бостириб кела бошлади.
Бобур ҳазратлари ясси тепаликнинг чўққисида, ўзининг севимли саман тулпорида, зирҳли жангжомада турарди. Лўдийнинг жанговар филлари тепаликка ўрлай бошлади. Филлар ортидан юз минг кишилик қўшин жанговар ҳайқириб ваҳима билан келишарди. Оралиқ икки юз қадам қолган бош саркарда тўпчибошига ишора қилди. Ғилдираклар орасига суқиб қўйилган ходалар суғурилиб, эллик арава бирдан қўзғалди. Шу аснода замбараклар ялписига ўқ узди. Бир нечта фил гумбурлаб йиқилди. Баъзилари ортга ўгирилиб, ўз аскарларини пийпалаб, босиб-янчиб қоча бошлади. Замбаракларнинг яна ўқлаб олишга вақт керак эди. Шунда Бобуршоҳ тўфангдозларга ўт очиш буйруғини етказишни топширди.
– Тўфангдозлар филни эмас, устидаги филбонларни нишонга олишсин!
Авазбек сардор буйруқни етказишни Қилич билан Сотунага топширди. Омон қолган филлар қўшинга жуда яқинлашиб қолган эди. Сотуна от чоптириб борар экан хуржундан “Калашников”ни олиб, унга ўқдонни ўрнатди. Затворни шарақлатиб тортди.
– Ҳазрати олийлари ўт очишга амр қилдилар! Филни эмас, филбонни нишонга олинглар! – бор овози билан бақирди Қилич тўфангдозлар сафига етиб келганларида.
Пақ-пуқ, гумбур-гумбур қулоқни қоматга келтира бошлади. Сотуна эса шошилмай автоматни яқинлашиб келаётган филларга ўқталиб тепкини босди. Та-та-та-та! Бир зумда иккита фил қулади. Учинчи-тўртинчилари эса филбонсиз қолиб ортига ўгирилди. Ортдан чопиб келаётган пиёда аскарлар бир пас тўхтаб қолдилар. Қўрқиб ортига бурилган қутурган филнинг оёғи остида қолмаслик учун ўзларини четга олмоқчи бўлишар, бироқ тиқилинчда жойларидан қимирлай олмай, филнинг улкан оёқлари остида топталиб кетардилар. Тўфангдозлар тўфангларини ўқлаб олиш учун бироз сукут сақладилар. Шунда душман яна ўз сафларини тиклашга уринаётганда яна автомат тариллаб қолди. Виз-виз учиб келаётган ўқлар бир нечта навкарни ва сафни тиклашга уринаётган сардорни ерга қулатди. Бу орада тўплар яна гумбурлади. Лўдийнинг улкан қўшини тартибсиз оломонга айланиб дуч келган томонга ўзини ура бошлади. Энди бу оломонни Иброҳим Лўдийдек ноқис саркарда тугул, ҳатто буюк Амир Темур, ё Искандар Зулқарнайн ҳам бошқара олмасди.
Бобуршоҳ икки қанотдаги отлиқ қўшинни ҳаракатга келтирди. Улар тепаликда тушиб, чекинаётган Лўдий қўшинини тўлғама усулида айланиб ўтиб, Панипат қалъасига кириш йўлини тўсиши керак эди. Бош саркарда Авазбекни ёнига чақириб, қочаётган Иброҳим Лўдийни таъқиб қилишни ва унинг қалъага кириб олишига йўл қўймасликни буюрди.
Авазбек сараланган навкарлардан иборат “хосса тобин”ни жанг майдонига бошлаб кирди ва қоқ марказдан Лўдий қароргоҳи томон яқинлашиб бора бошлади. Шу пайт қароргоҳдан бир тўп отлиқ ажралиб чиқди ва катта тезликда қалъа томонга елиб кетади. Отлиқ қўшин тўлғама қилиб қалъа йўлини тўсиб улгургани йўқ. Шошилишмаса Лўдий қалъага кириб, дарвозаларни тамбалашга улгуради. Агар шундай бўлса, қалъани қамал қилишга тўғри келади. Бугунги ғалаба татимайди.
– Шунқорларим! – Ҳайқирди Авазбек қонга ботган қиличини юқори кўтариб. – Иброҳим Лўдий қочмоқда! Кимки унинг тириги ё ўлигини олиб келса Ҳазрати олийларининг марҳаматига ноил бўлғай! Сараланган навкарлар Лўдийнинг ортидан от сурдилар. Олдинда Қиличнинг зулукдек қоп-қора оти елиб борар, унинг ортида эса Ҳамдуна, Харсанг ва Авазбек сардор боришар, улар билан изма-из бораётган Сотуна автоматнинг ўқдонини алмаштираётиб бироз секинлаганди. Ниҳоят, қувғинчилар қочаётганлар тўпига юз қадамча яқинлашдилар. Сотуна отига қамчи босиб, Авазбек сардорнинг тўпига қўшилди. Қилич ҳамон олдинда борарди.
– Қилич! Қилич! Четга ўт! – бақирди Сотуна автоматни қочаётган отлиқлар тўпига тўғирлар экан.
Қилич унинг нима қилмоқчи эканлигини тушуниб отини ўнг­роққа бурди. Шунда автомат яна тариллаб, Лўдийнинг хос навкарлари тутдек тўкила бошлади. Қилич эса тилларанг совут кийган отлиққа яқинлашиб қолганди.
Шиванинг олов отувчи қуролини қўлга киритган бу касофатлардан қочиб қутулиб бўлмаслигига ақли етган Иброҳим Лўдий, ажалини бўйнига олиб, шаҳид бўлмоқ учун жанг қилишга аҳд қилди. Отининг жиловини тортиб, қиличини яланғочлаганча ортидан изма-из келаётган Қиличга рўбарў бўлди. Қилич шамширини бир сермаб, Лўдийнинг қиличини қоқ ўртасидан бўлиб юборди. Иккинчи бор сермаганда Иброҳим Лўдийнинг серсоқол боши отининг туёғи остига думалаб кетди. Шу онда аллақандай бир қуюн пайдо бўлиб, хас-хашакни чирпирак қилиб айлантирганча, осмону фалакка ўрлаб кетди. Қиличнинг эти жимирлаб ортига ўгирилди. Ортидан келаётган Сотуна ер ютгандек, йўқолиб қолганди.
Бу орада Авазбек сардор бошчилигида отлиқлар ҳам етиб келиб Лўдийнинг қолган хос навкарларини қиличдан ўтказа бошлашди.
Қалъага борадиган йўл ҳар иккала қанот отлиқ жангчилари билан тўсилганидан кейин, саркардасиз қолган қўшин мағлубият муқаррар эканлигини тушуниб, таслим бўлди. Жанг тугади.
Авазбек сардор ғалати қуроли билан душманни тутдек тўккан Сотунани излаб тополмади. Жанг майдонидаги жасадларни битталаб қараб чиқдилар. Бироқ Сотунанинг ўлиги ҳам тириги ҳам топилмади.
Авазбек Лўдийнинг қонли бошини найза учига ўрнатиб, Қилични эргаштирганча Бобур ҳазратларининг ҳузурига жўнади.

-6-

1981 йил. Тошкент. Ўзбекистон
Мирюнусовнинг квартирасини иккинчи бор тинтув қилган Абдурасул Жўраев у ердан ишга алоқаси бўлган тузукроқ далил топа олмади. Қотил ҳожатхонадан бошқа жойда яшириниб тура олмасди. Бироқ қовуғида муаммоси бўлган кекса фотограф жиноят жойини суратга олаётиб, бир неча марта бу ерга кириб чиққани Жўраевнинг эсида.
Жумбоқнинг ечимини бу хонадондан излаш бефойдалигини сезган инспектор ҳафсаласи пир бўлиб ташқарига чиқди.
– Балки, институтга борарсиз, Абдурасул ака, – деди унга эргашиб келаётган Жамшид.
Ҳа-я, институтга албатта бориш керак, хаёлидан ўтди Жўраевнинг. Кейин буни эсига туширган йигитчага миннатдор нигоҳ ташлади.
– Мактабни бу йил тугатасанми?
– Ҳа, 10-синфда ўқияпман.
– Мактабни тугатганингдан сўнг менга бир учраш. Изқувар бўлмоқчисан-ку, Тўғрими?
– Тўғри, Абдурасул ака, – деди Жамшид ёйилиб илжайганча.
Улар қўл ташлашиб хайрлашдилар. Абдурасул Жўраев автобусга ўтириб Шарқшунослик институтига йўл олди.
– Мирмақсуд бобуршуносликда беназир олим эди, – хўрсиниб гап бошлади Мирюнусов раҳбарлик қилган кафедранинг кекса профессори Обид Қодирович. – Ҳатто, Анг­лия, Ҳиндистон, Туркия олимлари ҳам муаммоли масалаларда унинг фикрларига таянишганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Яқинда Ҳиндис­тон академияси янги топилган бир қўлёзма масаласида уни Деҳлига таклиф қилишганди. Бир ой Ҳиндис­тонда сафарда бўлиб қайтди. Унинг айтишича, қўлёзма “Хатти Бобурий” имлосида ёзилган экан. Дарвоқе, сиз “Хатти Бобурий”ни биласизми? – профессор саволига жавоб кутмай тушунтира кетди. – Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ, буюк саркарда, шоир, тарихчи бўлишдан ташқари, зўр мусиқашунос ҳам бўлган. Яна араб имлосини соддалаштириб, баъзи ҳарфларни ўзгартириб, янги имло ихтиро қилган. Буни “Хатти Бобурий” деб атаган. Бироқ жоҳил уламолар муқаддас Қуръон битилган ёзувни ўзгартириш Худога шак келтириш, деб, бу ёзувга тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатганлар. Бобур ўлимидан кейин бу имлода ёзилган барча китобларни куйдириб ташлашган. Яқинда Ҳиндистон академияси “Хатти Бобурий”да битилган бир қўлёзмани топади. Бу имлони биладиган жаҳонда ягона мутахассис ўзимизнинг Мирмақсуд эди. Шунинг учун ҳам уни Деҳлига таклиф қилишган. У ерда бир ой ишлаб Мирмақсуд қўлёзмани инглиз тилига ўгириб беради. Қўл­ёзманинг микрофильмини олиб келади. Уни ўз ёзувимизга ўгириб китоб ҳолида чоп эттирмоқчи, унинг устида илмий тадқиқот олиб бормоқчи эди. Афсус…
– Обид Қодирович, Мирюнусов Ҳиндистондан келганидан кейин бирор бир ўзгариш сезилмадими? Айтайлик, юриш-туриши, гап-сўзи, дегандай…
Профессор инспекторга, бу билан нима демоқчисиз, дегандек савол назари билан қаради.
– Мирмақсуд бирор каттароқ ишни тугатганидан кейин, ҳазилкаш, шўх йигитга айланиб қоларди. Латифа айтиб кулдириб юрарди. Илмий иш билан шуғулланаётган паллада жиддийлашиб қолар, бутун борлиғини ишга бағишлаганидан бўлса керак, ичимдагини топ қабилида ойлаб ёнидаги одам бор-йўқлигини ҳам сезмай, индамай юраверарди. Ҳиндистонга бориб келганидан кейин ҳам шунақа ҳолатда эди. Янги топилган қўлёзма устида жиддий иш бошлаган эди, – Обид Қодирович бир зум сукут сақлаб турди, бароқ қошини юқори кўтариб, ажин босган пешонасини тириштирганча Жўраевга термилди. – Айтганча, бу воқеанинг сизга нафи тегиб қолиши мумкин. Бир куни кафедрага кирсам, Мирмақсуднинг ёнида бир киши ўтирибди. Бунақа турқи совуқ одамни шу ёшимгача кўрмаганман…
– Гапингизни бўлганим учун узр, домла, – деди Абдурасул Жўраев узрхоҳлик билан жилмайиб. – Унинг бир оёғи, бир қўли калта, юзининг бир томони думалоқ, иккинчиси эса чўзинчоқ, тинимсиз қийшангланиб, қашиниб ўтиради. Овози пихиллаб чиқади, шунақами?
– Худди шундай. Демак сиз уни кўрган экансиз-да?
– Йўқ, кўрмаганман. Бир нечта гувоҳларнинг кўргазмасига асосланиб айтяпман. Давом этаверинг, домла.
– Мен кирганимдан кейин у бе­зовталаниб қолди. Тезда хайрлашиб, чиқиб кетди. Мирмақсуднинг эса башарасидан қони қочиб, қалт-қалт титрарди. “Тинчликми?” сўрадим ундан. У эса ярим пиёла совуқ чойни ичиб сал ўзига келди. “Бу одам анави қўлёзмада тасвирланган кимсанинг худди ўзи! Қўлёзманинг худди шу жойини ўқиб турганимда осмондан тушгандек пайдо бўлди. Профессор Ракеш Чопра ҳам қўлёзмани олиб келиб берган кимсани худди шундай тасвирлаган эди. Сиз ҳам уни кўрдингиз-а?” сўради у мендан. “Ҳа, кўрдим,” дедим. “Агар сиз ҳам кўрмаганингизда кўзимга жин-пин кўриндимикан, деган ўйга борган бўлардим”, деди у ҳамон қалтироғини боса олмай. Орадан бир ҳафта ўтмай уни отиб кетишибди, деган совуқ хабарни эшитдим. Бор гап шу…
– Домла, Мирюнусов қўлёзмани, микрофильмни қаерда сақларди?
– Ҳеч қаерда сақламасди. Доим ёнида, портфелида олиб юрарди.
Тинтув пайтида ҳеч қанақа қўлёзма ҳам микрофильм ҳам топилмаганди. Демак қотил шуларни олиб кетган.
– Домла, бу менинг телефон рақамим, – деди Абдурасул Жўраев бир парча қоғозга исм-шарифи ва телефон рақамини ёзиб узатаркан. – Яна биронта, бизни қизиқтирадиган гап эсингизга тушиб қолса, қўнғироқ қиларсиз…
– Сиз қотилни топишингизга ишонасизми? – деди ишончсизлик билан инспекторга тикиларкан кекса профессор.
– Тўғри, бу мураккаб иш. Бироқ қотилнинг топилишига ишонмасам, овора бўлиб бу соҳада ишлаб юрмасдим.
Абдурасул Жўраев профессор билан хайрлашиб хонасига қайт­ганида, қуёш уфққа яқинлашиб қолган, оқшом салқини туша бошлаган эди. У қоғозлар уюлиб кетган столини тартибга солиб, курсига чўкди. Бугун учинчи одамдан таърифини эшитган кимсани ўзича тасаввур қилиб кўрди. Ким бўлиши мумкин бу устомон? У бир пайтнинг ўзида Афғонистонда, Ҳиндистонда, Тошкентдаям пайдо бўла олади…
Кейин хаёлига яна Мурод келди. Шалоқ телефоннинг гўшагини кўтариб унинг рақамини терди. У жойида йўқ шекилли, телефонни ҳеч ким кўтармади.
Жўраев паришон ҳолатда ўрнидан туриб, хонасини қулфлади ва уйига кетди. У ўзини жуда чарчаган, ҳолдан тойган ҳис қиларди.
Эрталаб ишга чиққанида кайфияти кечагига қараганда яхшироқ эди. Бироқ бошлиғи шу кайфиятини ҳам дабдала қилди.
– Қотилни қачон қўлга оласиз? – дабдурустдан масалани кўндаланг қўйди у.
– Шу, баъзи бир далилларни қўлга киритдик. Гувоҳлар…
– Биламан, нима қилиб юргани­нгизни. Оғзидан она сути кетмаган гўдак билан, мияси суюлган эзма чолдан нимаям олардингиз?! Ишга жиддий киришмасангиз, бўшатиб қўйинг ўрнингизни, қўлидан иш келадиганлар ишласин! Бўпти, сизга яна уч кун муҳлат бераман.
Жўраев бошлиқнинг хонасидан миясига қон тепиб чиқди. Ўз жо­йига келиб ўтирганида телефон жиринг­лади. У истар-истамас гўшакни кўтарди.
– Алло, Жўраевми?
– Ҳа, эшитаман.
– Мен профессор Обид Қодировичман. Телефон рақамингизни қолдиргандингиз-ку.
Абдурасул Жўраев бирдан тетиклашиб, қаддини кўтарди.
– Эсимда, тинчликми домла?
– Биласиз, бизнинг институтга шарқ мамлакатларидан китоблар, газета-журналлар келиб туради. Бугун қўлимга Ҳиндистондан келган бир газета тушиб қолди. Унда Мирмақсуд билан бирга ишлаган профессор Ракеш Чопра ўлдирилгани ҳақида мақола бор экан…
– Домла, сиз кафедрада бўлиб туринг, илтимос. Мен ҳозир етиб бораман.
Абдурасул Жўраев институтга етиб келганида Обид Қодирович ассистент йигитга нималарнидир диктовка қилиб ёздираётган экан.
– Бир дақиқа сабр қилиб турасиз-да, Абдурасулжон, – деди у инспекторга ўтиришга жой кўрсатаркан.
Бироздан кейин профессор ишини тугатди. Ассистент ҳам ёзув машинкасидан қоғозни чиқариб, профессорга узатди. У икки қоғоз матнни синчиклаб ўқиб, баъзи жойларига қалам ҳам теккизиб бўлгач, тилла гардишли кўзойнагини олиб, Жўраевга тикилди. Кейин столи устида турган инглиз тилидаги газетани олиб, керакли жойини топди ва инспекторга кўрсатди. Унда қора рамкага олинган нуроний профессор Ракеш Чопранинг сурати ва мақола босилган жойга нуқиди.
– Мана бу ерда Чопранинг қандай ўлдирилгани ёзилган. Кейин қотилни кўрган гувоҳнинг кўрсатмаси ҳам берилган. Сизга осон бўлсин учун, мақолани таржима қилиб, машинкалатиб қўйдим.
У ҳозиргина ассистент йигит берган қоғозларни инспекторга узатди.
– Агар мумкин бўлса, газетани ҳам…
– О, бемалол, бемалол, – деди профессор газетани узатаркан. – Ҳали мақолани ўқиб, ўзингиз ҳам хулоса чиқарарсиз, менинг фикримча, бу иккала олимнинг ўлдирилишида бошқа бир гап борга ўхшайди.
– Нега бунақа фикрга келдингиз, домла?
– Мана қаранг, Мирмақсуд ҳам, Ракеш Чопра ҳам бир вақтнинг ўзида, бир хил ҳолатда, бунинг устига бир киши томонидан ўлдирилган. Бу ерда, – профессор қоғозга ишора қилади, – Чопранинг хизматкорининг кўрсатмаси ҳам бор. У қотилнинг кўринишини тасвирлаб берган. Кимни тасвирлаганини эса сезиб турган бўлсангиз керак…
Абдурасул Жўраев газета ва қоғозларни олиб папкасига солди ва Обид Қодировичга миннатдорчилик билдириб, хайрлашди.
Хонасига келиб профессор берган қоғозларни синчиклаб ўқий бошлади.

-7-

1981 йил. Деҳли. Ҳиндистон.
Деҳлидаги иссиқ иқлим, бунинг устига машиналар тирбандлиги, улардан ҳавога чиқаётган тутун ёши қайтиб қолган профессор Ракеш Чопранинг соғлигига ёмон таъсир қила бошлади. У боши оғришидан, нафаси қайтиб қолишидан азият чекарди. Натижада Мирмақсуд Мирюнусов таржима қилиб берган қўлёзма устида олиб бораётган тадқиқоти ўлда-жўлда қолиб кетаётганидан асабийлашарди. Охир-оқибат, ишини шаҳарда давом эттира олмаслигига кўзи етиб, барча ҳужжатларни олганча Жамна дарёси бўйидаги дала ҳовлисига чиқиб кетди. Дала ҳовлида Жамнанинг салқин ҳавоси уфуриб турар, ҳовлига туташиб кетган ўрмонзорда қушларнинг сайраши, маймунларнинг шўх қийқириқлари эшитилиб турарди. Дала ҳовлида кекса хизматкори бангалорлик Бҳишан Синхдан бошқа ҳеч ким йўқ. У ҳам фақат овқат, ё чой олиб киришини демаса, хўжайинини ҳадеб безовта қилавермайди. Хуллас, мазза қилиб ишлайдиган жой.
Чопра соҳиб қўлёзмани берилиб ўқиркан, баъзи жойларини бошқа матнларга солиштирар, қалин дафтарига қайд қиларди. Сотуни олиб келган қўлёзма китоб Бобуршоҳнинг Иброҳим Лўдий устидан ғалаба қозонган Панипат жанги ҳақида эди. Унда Бобуршоҳ лашкарининг “хосса тобин”и, яъни хос гвардияси сафида бўлган ибн Сотуна деган жангчининг кўриниши тасвирланган бобга келганида Чопра соҳибнинг ичи чумоли ўрмалагандек жимирлаб кетди.
“Шу пайт, Қобул йўлида икки суворий қораси кўринди. Авазбекнинг ўткир кўзлари уларнинг бу ерлик эмаслигини англади. Улар навкарлардин эмаслиги аниқ. Аммо ерлик аҳолига ҳам ўхшамайдир. Сардор хос навкарини чорлаб келгувчиларни ўз ёнига бошлаб келишини буюрди…
– Биз Бобуршоҳ қабатиға навкарликка ўтиш учун келдик, тақсир, – деди ўрта бўй, аммо кенг елкали, мушакдор, ҳамроҳига нисбатан ёш ва бақувват кўринадурғон, қорамағиз йигит.
– Оре – деб бошини ликиллатиб тасдиқлади, иккинчи ғалати кўринишдаги, ёшини аниқ айтиш маҳол бўлган, бир оёғи иккинчисидан калтароқ бўлганиданми, оғирлигини гоҳ униси гоҳ бунисига ташлаб, бетиним елкасини учириб, қўлларини ўйнатиб тургувчи, ўнг бети думалоқ, чапи чўзинчоқ, ўнг кўзи кўк, чақчайган, чапи эса қисиқлигидан ғилайроқ кўринадурғон кимса.
Унинг худди мушук пихиллагандек панг овози ҳам сардорга ўтиришмади. Аммо кўнглида, ғаройиб кимсанинг қай гўрдан пайдо бўлганлигини билишга бўлган кучли истак уйғониб, уларни товачиларга учрашишга маслаҳат бериб, жўнатиб юборишдан қайтарди…”
– Бу худди ўша, қўлёзмани олиб келган кимсанинг тасвири-ку! – хаёлидан ўтди профессорнинг. – Наҳотки, бу навкар ўшанинг ўзи бўлса…
Профессор, қўлёзманинг давомини ўқиркан, ҳайрати ўн чандон ошиб кетди. Ўзининг яқинда Панипат тепалиги ёнида ўтказган қазиш ишларида топилган калла суяги, унга санчилиб қолган ўқ, Лаъл Кумарнинг айтган гаплари эсига келди. Ўшанда лаборант йигитдан бекорга хафа бўлганлигига, муаммонинг ечими ушбу китобда эканлигига амин бўлди.
– Наҳотки, шундай буюк зот, ўз қўшинида шайтон ҳам бирга юрганини ҳис қилмаган бўлса… Фаришталарга муаллимлик қилган бу касофат вақт тизгинини тортиш илмини сув қилиб ичиб юборган-ку…
Профессор чувалашиб кетган фикрини тартибга солиб улгурмасидан, Жамнанинг салқин эпкини кириб туриши учун очиб қўйилган деразанинг бир тавақаси тарақлаб ёпилганидан профессор чўчиб тушди. Ташқарида аллақандай гирдибод хас-хашакни осмонга учириб ўйнарди.
– Қизиқ, бу фаслда, айниқса бу ерларда бунақа қуюн бўлмасди-ку, – хаёлидан ўтди профессорнинг ва ўрнидан туриб дераза ёнига келди.
Қараса, гирдибоддан дарак ҳам йўқ. Сония ичида ҳамма жой тинчиб қолган, ўрмондан қушлар ва маймунларнинг шовқини ҳам эшитилмасди.
Шу пайт даҳлизда Бҳишан Синхнинг оҳиста ташлаган қадам товушлари эшитилди.
– Соҳиб, сизнинг ҳузурингизга бир кимса кирмоқчи. Айтишича, уч ой олдин учрашишга келишиб олган экан.
Профессорнинг хаёлига бирдан ўзини Сотуни деб атаган одам келди.
– Исми Сотуни эканми?
– Шундоқ, соҳиб.
Профессор столи устида турган, “Хатти Бобурий” имлосида битилган қўлёзма китобни қўлига олди. Кўнг­лига кўп ғулғула солган бу китоб билан ажрашиш фурсати етганидан ғалати бир туйғуни ҳис қилиб унинг чарм муқовасини сийпалаб қўйди.
– Майли, кирсин, – деди профессор, ҳамон эшик бўсағасида қўл қовуштириб турган бангалорлик хизматкорига.
… Лаъл Кумар ертўладаги ўз лабораториясидан чиқаркан, йўлакда бир томонга оғиб, лапанглаб келаётган, ғалати кўринишдаги иркит кимсага ажабланиб қаради. Бу кимса тўғри унинг олдида оёқ илди. Қўлини жуфтлаштириб, салом аломатини қилгач, қийшанглаганча, елкаларини учириб, панг овозда сўрашган бўлди.
– Профессор Чопра соҳибни қаердан топсам бўлади, жаноб? – сўради у.
Бу иркит кимсанинг жаҳон тан олган олимда қандайдир юмуши бўлишини ақлига сиғдира олмаган Кумар бир зум жим қолди.
– Профессор соҳиб ҳозир йўқ, – деди Кумар бироздан сўнг. – Дала ҳовлисида ишлаяпти.
– Шунақами, – пихиллади кимса. Кейин қаддини бироз кўтарди. – Профессор топиб келган бошчаноқдаги ўқ эсингдами? – бу сафар овози пихилламай, аниқ ва равон эшитилди. – Ўшани мен отганман.
Кимса ҳанг-манг бўлиб қолган Лаъл Кумарни йўлакда қолдирганча, бир зумда кўздан йўқолди. Кумар ҳовлида ўз-ўзидан пайдо бўлган ва бир пасдан кейин йўқолган қуюнга эътибор қаратиш ҳам эсига келмай, шалвираб тураверди.
Эртаси куни эса ишга келаётиб, сотувчи боладан тонгги газетани харид қилиб, биринчи саҳифасига кўзи тушгач, гандираклаб кетиб, симёғочга суяниб қолди. Биринчи саҳифада профессор Ракеш Чоп­ранинг катта сурати босилган ва ўқловдек ҳарфлар билан ёзилган тагсўзни зўрға ўқиди.
“Лондон Қироллик академиясининг аъзоси, археология профессори Ракеш Чопра ўз уйида номаълум кимса томонидан отиб ўлдирилди”.
Кейинги саҳифада эса суиқасд содир этилган вақт ва профессорнинг хизматкори Бҳишан Синхнинг кўргазмаси ёзилган эди. Синхнинг қотилни тасвирлаган жойини ўқиётиб Кумарнинг ичи музлаб кетди. Бу ўша кеча йўлакда учратган иркит кимса эди.

-8-

1981 йил. Тошкент.  Ўзбекис­тон.
Абдурасул Жўраев профессор Обид Қодирович таржима қилган матнга инглиз тилидаги газетани илова қилиб ишга тикиб қўйди. Кейин Муродга телефон қилиб, қуролфурушлар “Иш”идан ўша прапоршчикнинг кўргазмасидан нусха олишга кўмаклашишни сўради. Тушдан кейин Мурод етказиб берган қоғозларни ҳам олгач, бемалол ўтириб хулосани шошилмай ёзиб, Мирмақсуд Мирюнусовнинг “Иш”ига тиркагач, семизгина папкани қўлтиқлаганча, бошлиқнинг хонасига йўл олди. Шу пайт ташқарида нимадир тарақлагандек бўлди. Деразадан осмонга бўй чўзган теракларни шамол силкитаётгани кўриниб турарди.
– Қизиқ, – хаёлидан ўтди Жўраевнинг, – бу пайтда шамол бўлмасди-ку…
Абдурасул Жўраев бошлиқ қабулхонаси эшигини энди тортганди ҳам, ичкаридан чиқиб келаётган котиба қизга урилиб кетишига сал қолди.
– Ие, сизмисиз, Абдурасул ака, ҳозиргина бошлиқ сизни йўқлади, – деди котиба қиз бидирлаб. – Шунга сизни чақиришга чиқаётгандим.
Инспектор бошлиқнинг хонасига киргач, олдин унинг ёнида ўтирган кимсага эътибор бермади. Қўлидаги папкани бошлиқнинг столига қўйиб, у кўрсатган жойга ўтирганидан ке­йингина кимсага назар ташлади-ю, қотди-қолди. Бу ўша, таърифини неча бор эшитган, бадбуруш кимса эди!
– Хўш Жўраев, – деди бошлиқ унга қаттиқ тикиларкан. – Қотилни топдингизми?
Жўраев ялт этиб бадбуруш кимсага қаради.
– Ҳа, ўртоқ бошлиқ, у рўпара­нгизда турибди!
Бошлиқ каловланиб, бир кимсага, бир Жўраевга қаради.
– Ҳозироқ уни қамоққа олишга буйруқ беринг. Унга қарши далиллар етарли!
Кимсанинг чўзинчоқ чап юзи дириллаб уча бошлади. Ўнг томони эса қисилиб кетди.
– Бу қанақаси, камандир, – пихиллади кимса, ўрнидан тураркан.
Абдурасул Жўраев бир сакраб унинг ёнига ўтди ва унинг узун чап қўлини орқасига қайирди. Бу орада бошлиқ асли оператив ходимликдан чиқмаганми, унинг ўнг қўлидан ушлади ва чаққонлик билан кишанни ўтказди. Абдурасул Жўраев унинг елкасидан босиб, стулга ўтқазди.
– Бу ерда, – деди Жўраев ҳозиргина столга қўйган папкасига ишора қилиб, – бунинг барча кирдикорлари битилган. Барча далиллар, гувоҳлар етарли. Энди бемалол терговни бошлашимиз мумкин.
Бошлиқ тугмачани босиб, нав­батчи милиционерларни чақирди. Улар етиб келгунларича папкани очиб, биринчи варағини қизиқсиниб ўқий бошлади.
Шу пайт дераза тавақаси тарақлаб очилиб, қуюн ўзини ичкарига урди. Бошлиқнинг олдидаги қоғозлар бирдан сочилиб кетди. Абдурасул Жўраев ҳали нима юз берганини англамай туриб, қўли шилимшиқ нарсага тегиб кетгандек эти жимирлади. Шу пайт кимса ҳавода эрий бошлади. Оний лаҳзада унинг қўлларида пўлат кишанни қолдириб кимса дайди гирдибодга қўшилиб хонани тарк этди. Гирдибод орасида унинг бадбуруш юзи кўринди ва хунук қаҳқаҳаси эшитилди, дераза тарақлаб ёпилиб, хона бир зумда тинчиб қолди.
Жўраев кишанни ҳамон ушлаб турар, бошлиқнинг столи устидаги Мирюнусовнинг “Иш”и ер ютгандек ғойиб бўлганди.
Бу ажабтовур иш Абдурасул Жўраевнинг ҳам, унинг бошлиғининг ҳам бошига оғир савдоларни солди. Ҳар иккалаларининг кўргазмаларини эшитган раҳбарлар уларни жиннихонага жўнатиб юборишларига сал қолди. Бошлиқ нафақага чиқиб қутулган бўлса, Абдурасул Жўраев пойтахтдан олисдаги бир чўл тумани жиноят-қидув бўлими бошлиғи вазифасига, сургунга жўнатилди.
Тамом.

«Ижод олами» журнали, 2017 йил, 4-сон