Асқад Мухтор. Этик (ҳикоя)

Абдурасулев ерга урса сапчигудек миқти, ойдеккина тепакали — қарилик нишонаси эмас, салобат, сиполик, яна нима десак, зиёлилик аломатидир. Ҳамма уни серғайрат, ишчан ходим деб билади. Хуллас, ҳали-бери ўладиган одамга ўхшамайди, лекин, ажабки, унинг ўз ўлими бот-бот хаёлига келадиган бўлиб қолган.

Ажаб деб, нимаси ажаб, бандаси бу дунёда меҳмон, деганлар. Дарвоқе, Абдурасулевнинг хаёлида ўлим бир қазо ёки кулфат тарзида эмас, ўзига хос воқеа, маросим, катта маърака сифатида намоён бўларди. Эрталаб газеталарда лоп этиб таъзиялар чиққан унга министру казо-казолар имзо чеккан, маҳалла-кўй, катта-кичик оёққа турган… Маҳалла-кўй яна ўзи билади-ю, аммо идоранинг кираверишида митинг бўлиши аниқ. Машиналар ҳаракати тўхтатилган, чорраҳа тўла одам, қатор гулчамбарлар келяпти, келяпти, келяпти… Жиддий, ғамгин одамлар саф тортиб, қизил тобут ёнидан бош эгиб… айтгандек, фахрий қоровулда кимлар? Нега бўлмас экан фахрий қоровул? Ҳар ҳолда кимсан — собиқ архитектор, фан кандидати, санъат ишлари бошқармасининг масъул ходими ўлиб ўтирибди!.. Нега бўлмас экан, бўлади. Абдурасулев бундай маросимларнинг удумларини, даражаларини беш қўлдай билади: кимга сурати билан, кимга шунчаки «бир гуруҳ ўртоқлари», кимга музика-ю, кимга митинг… Бари қоидалик. Кимга Чиғатою кимга Минор — ҳар кимнинг тириклигидаёқ айтиб бериши мумкин. Чунки идорада неча йилдан бери дафн комиссиясики тузилдими — албатта Абдурасулевни раис қилиб сайлашади. Айниқса, бирон ветеран ёки кекса пенсионер (ўлим — ҳақ, лекин, барибир, худо сақласин) вафот этиб қолгудай бўлса, дарров ҳамманинг тилига Абдурасулев келади. Ўзи ҳам қойиллатади-да Абдурасулев! Биронта одам, ҳатто бола-чақа ҳам маросимдан четда қолмайди. Қизил тасмалар, медаль чандиладиган болишчалар… Оҳ. оҳ, оҳ иложи топилса-ю, қани энди одам ўз маросимига ҳам раис бўла олса! Аза эмас, юбилей қиливорарди Абдурасулев. Бундай обрў-ишонч унга қаёқдан келган, дерсиз. Сабр қилинг, бунинг ўз тарихи бор.

Урушдан олдинги йили, отаси қамалиб кетгандан кейин, Абдурасулевни махфий идорага сўроққа чақиришди. Ҳамма нарсадан умидни узиб, ранги сурупдай оқариб терговчининг рўпарасида ўтираркан, нуқул девордаги плакатга тикилар эди. Плакат терговчининг орқа томонидаги деворни эгаллаган, катта, асосан қизил рангда чизилган экан. Унда формадаги жасур чекист шахдам юриб бораяпти, биринчи галда чўяндай оғир этиги диққатни тортарди. Пошнасининг тагида уч бошли чиркин илон ўлим талвасасида бошларини ҳар томонга тўлғаганча, янчилиб йўлда қолиб кетяпти. Бошларига эса фашист тамғаси босилган, бирига «жосус», бирига «газанда», бирига яна алла нима деб ёзилган… Абдурасулев, шунга диққати бўлиниб, оддий саволларга ҳам мужмал жавоб берар, яна ҳар замонда плакатга кўз қирини ташлаб қўяр эди.

— Ҳа, қадрдон отангизни таниб қолдингизми дейман… — заҳарханда қилди терговчи, илонга қараб қош сакратаркан, — қани, энди асосий гапга ўтамиз.

— …Қанақа «қадрдон»… нега «қадрдон»?..

— Қадрдон бўлмаса, кечинг отангиздан, вассалом!

Абдурасулев тушунмади, этик пошнасида мажақланган илонлар унинг хаёлини чалғитар эди.

— Қандай, ундан… — «отамдан» дейишга бу одамнинг олдида тили бормади, «ундан» деди, — қандай кечаман?..

— Қандай? Мана, тайёр бланка, қўл қўясиз, вассалом.

— Сиз…

— Нима «сиз?» Кечмасангиз ихтиёрингиз, ана, боринг отангизнинг орқасидан. вассалом, — терговчи яна плакатга ишора қилди.

— Мен… сиз… Мен кечсам-у, сиз ишонаверасизми?

— Биз ўртоқ Сталиннинг кўрсатмасига биноан иш қиламиз, вассалом. «Болалар оталар учун жавобгар эмас, вассалом», деган ўртоқ Сталин. Ё бехабармисиз?

— А?

— Нима «а»?

— Ўртоқ Сталин… шундай деганми?

Абдурасулев яна беихтиёр плакатга боқди.

Ундаги чекист суратига энди алоҳида разм солди, қиёфасига астойдил қараса… ўртоқ Сталинга ўхшаб кетар экан, қаранг. Худди ўзи-я, шинели, этиги… Фақат мўйлаби йўқ, ёшроқ экан. Бўлмаса, қуйиб қўйгандай!

Абдурасулев босинқираб уйқудан уйғонгандек, кўзини пирпиратиб, бошини кескин силкиб қўйди. Асли Сталин нарироқда, тўрдаги деворга осилган эди. У эшикдай катта портретдан Абдурасулевга жилмайиб боққандай бўлди. Абдурасулев уни энди кўриб турганига ҳайрон. Гўё Хизирдай пайдо бўлди-ю, мўъжизакор сўз айтди. «Болалар оталар учун жавобгар эмас». Аслида у ҳозир… аслида у ҳозир Абдурасулевни мана бу этик пошнаси остида янчилиб кетишдан қутқазди. Ажабо, гапнинг ҳикмати-ю, ўрнига тушганини айтинг! Доҳийда чиндан ҳам гап кўп…

Шу воқеадан кейин Абдурасулев портретларни кўрганда беихтиёр тикилиб қоладиган, ундан йўқ нарсаларни уқиб оладиган бўлди. Гоҳо беш-олти метрлик портрет олдида тўхтаб қолганида хаёлига ғалати-ғалати фаразлар келади, бу катта калла ичида жуда кўп ақлли одамлар, алломалар, авлиёлар бордек туюлади, шунинг учун ҳам доҳийнинг билмаган соҳаси, билмаган сири йўқ, ҳатто одамнинг ҳозиргина ўйлаб турган ўйини ҳам топади. Тавба!

Энди бир сирни ҳам айтиб қўяйлик: отасидан воз кечгани билан, гоҳо миясининг узоқ бир бурчагида уни қўрца-писа сал ўйлаб ҳам қўяр эди. Отаси ёмон одам эмас эди-да. У қамалиб кетдики, демак, ўша калла ичидаги одамлар орасида ёвузроғи ҳам бор. Бу қўрқинчли фикр жуда ёпишқоқ чиқди, кутилмаганда хаёлларига худди беор печакдай чирмашар эди. Ўйлаб-ўйлаб у ёвузнинг қиёфасини ҳам кўз олдига келтирадиган бўлди. У иблисга ўхшар эди. Абдурасулев хизмат юзасидан «Фауст» спектаклини қабул қилганида уни кўрган, операда у Мефистофель дейилар экан. Чўққи соқол, узун қулоғини тук босган, хунук овоз билан кулади. Манглайида иккита кичик мўгизи ҳам бор… Иблис турли қиёфаларга кира олади. Бир донишманд циёфасида каллага суқилиб кириб олган бўлса…

Абдурасулев уйда ёлғиз бундай хаёлларга берилганида бирдан сесканиб ўрнидан туриб кетади, чўмичлаб совуқ сув ичади, жинни бўлиб қолишидан қўрқади. Оила, маҳалла-кўйнинг унга хуши йўқ, ҳаёти идорада, коллектив орасида, шу билан тирик. Ходимлар уни хаёлга берилгани қўйишмайди. Ё комиссияга сайлашади, ё мажлис, ё доклад топширишади… Синовдан ўтган, қатъиятли, эътиқодли одам эмасми. Унинг учун ғоявий принципиаллик нима эканини ҳамма билади.

Сиз уни фақат дафн комиссиясига сайлашар экан, деб ўйламанг тағин, у бошқа кўп жиддий комиссияларга аъзо ва ҳатто раис ҳам бўлган, масъул вазифаларни, фавқулодда топшириқларни бажарган. Эндиги гап худди ана шулар ҳақида.

Хиёбон майдонида ҳайкал ўрнатиладиган бўлди. Ўзингиз биласиз, шаҳар катта, атрофида баланд-баланд иморатлар бор, қадимий чинорлар бўй чўзган. Бунинг устига, бир замонлар худди мана шу жойда губернатор қурдирган ҳашаматли бутхона бўлар эди. У ҳозир бузиб ташланган бўлса ҳам савлат тўкиб турган нилий қуббалари ҳали-ҳали кексаларнинг ёдида. Шунинг учун бу жойга тушадиган ҳайкал «ўзини оқлаши», яъни савлату-салобати билан бу иморату бу чинорларнинг, хотирадаги бу қуббаларнинг биронтасидан қолишмаслиги керак эди. Қолишса, ўзингиз биласиз, яхши бўлмайди.

Бинобарин, ҳайкал ғоят улуғвор, тагсупасидан ташқари роса ўн олти метрли қилиб буюртирилган.

Аммо унинг дастлабки монтажи негадир чўзилиб кетди, юбилей яқинлашиб келяпти. Шаҳар катталари безовта, куни-кеча ижрокомда мажлис бўлиб, масала яна кўндаланг қўйилди, бу ҳаёт-мамот масаласи эканлиги қатъий таъкидлангандан кейин, монтаж ишларининг боришини кузатувчи махсус комиссия тузилди.

Қарангки, бизнинг қаҳрамон, собиқ архитектор, фан кандидати ва санъат ишлари бошқармасининг масъул ходими сифатида, мана шу комиссияга — ҳа, балли, ўзингиз ҳам топдингиз — раис бўлиб қолди-да!

Монтажчилар уруш вақтида кўчириб келтирилган авиация заводининг собиқ йиғув цехини эгаллаган эдилар. Цех ниҳоятда баланд, шифтлари ойнавандли бўлганидан ҳамиша ёруғ, прожекторлар шуъласида иш кечалари ҳам давом этар, тепадаги кўтарма кранлар ғирчиллаб оғир силжир эди. Комиссия эртасигаёқ тўла составда шу жойга етиб келди.

Абдурасулев не кўз билан кўрсинки, ишлар ҳақиқатан ҳам чала. Ўн олти метрлик ҳайкал тахта ҳавоза ичида нима учундир ҳали ҳам бир оёқда турибди. Атрофида чумолидай кўринган одамлар бетартиб ивирсийди, тарақ-туруқ, чанг-тўзон, сварка чақмоғининг кўк шуъласи кўзни олади. Темир жарангидан қулоқлар батанг. Ҳали ҳайкалнинг кўп қисмлари уёқ-буёқда сочилиб ётибди.

Шундай бўлса ҳам, Абдурасулев бир қўли билан дўпписини ушлаганча бошини орқага ташлаб, чала ҳайкалга кўз солар экан, ҳайратдан юраги ҳовлиқиб кетди: улуғворлик шу қадар бўлади-да! Неча минг тонна асил бронза! Ҳали унга сайқал берилса қуёшли куни шаҳар тепасида ярқираганини тасаввур қилинг.

Абдурасулев бу умумхалқ бахтига ўзининг ҳам дахли борлигини ҳис этиб, ҳавозанинг зинасига қадам қўйди. Завқ-шавқ ўз йўли билан, лекин комиссиянинг муқаддас вазифасини унутмаслик керак: суръат, сифат, ғоявий бенуқсонлик…

Зинапояларда бурама омбир, катта болға, электрод қутилари, яна аллақандай асбоблар, симлар ўралашиб ётар, юқорига чиқиш осон эмас эди. Ҳавозанинг учинчи қаватига етганда Абдурасулев… этикка дуч келди. Қора чўян этик, қўнжи тахминан тўрт метр, пошнасининг ўзи тегирмон тошидай келади! Тағин товонидан иккита йўғон болт чиқиб турибди. Абдурасулев алланималарни эслаб, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Бундай темир пошна, илон у ёқда турсин…

Тўхта, бу нимага бу ерда ётибди? Дафтарига ёзиб олди-ю, негадир қўли қалтирар, этик пошнасидаги билакдай-билакдай бурама михларга қия қараб қўярди. Харсанг тагсупасига шу михлар билан маҳкамланиб қўйилса керак… Ҳа, худди шундай. Бу тушуниш унга далда берди, анча ўзига келиб, яна юқорироққа чиқа бошлади. Мана, бошлиқнинг хонасидаги бақалоқ пўлат сандиқдай келадиган «мушт». Бу — чап қўл. Ўнг қўли қаёқда? Ҳа, кўксида, гимнастерка ёқасида бўлиши керак, бу ердан кўринмайди. Ҳавоза темир арматураларга қурилган, тахталар оёқ босганда бироз лиқилласа ҳам, мустаҳкам эди.

Бутун осмон ёришиб турган ойнаванд шифтга яқинлашган сари, бетон полда юрган одамлар жимитдай-жимитдай кўринади, Абдурасулев пастга қарамасликка ҳаракат қилиб, «бош»га яқинлашиб борарди. Ўн тўртинчи «фалак»ка етганида блокнотини қўлга олди: «бош» сал қийшиқроқми? Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас, пастдан шундай кўринаётган бўлса эҳтимол. Яна икки қават чиқди, чиндан ҳам… Худди тепасида нақ икки газ келадиган битта мўйлов сал энгашиб, қийшиқ соя ташлаб турибди. Бу қанақаси!? Абдурасулев яна бир қават кўтарилди, энди уни мўйловнинг қийшиқлиги эмас, калланинг катталиги эсанкиратиб қўйган эди. қандайдир эски хаёлларини қувиб, монтаж ишларига танқидий қарашга ҳаракат қилди-ю, яна бўлмади, мияси карахт, жўяли бир фикр келмасди. Бунинг устига… худди рўпарасида «бош»нинг қоқ теппасидан туйнук қопқоғи шартта очилиб, бирдан икки одам кўринди. Бири анча ёқимтой қиёфали, кафтини пешонасига соябон қилиб ҳадеб тикилаётган Абдурасулев билан саломлашгандай илжаярди. Иккинчиси бўлса… чўққи соқол, узун қулоғининг ортида йўғон қизил қалам, қўлида букланадиган темир жазвар, манглайида шохи бормиди-йўқми — Абдурасулев пайқаб ололмади, кўзи тиниб, ҳавозанинг арматурасини базўр ушлаб қолди. Шунда ҳам боши айланиб, чаккасини бир нимага қаттиқ уриб олди. Оғриқдан эси жойига келди шекилли, ҳалигининг товушини эшитди:

— Ўртоқ раис, бош ҳали яхши ўрнашмаган, шунинг учун сизга қийшиқ кўринаётган бўлиши мумкин, хавотир олманг, жойига тушади.

Қайси бири гапирди? Бу — одам товушимиди ўзи, ё… Абдурасулевнинг нимани ўйлаётганини қаёқдан билди? Ахир бу ўзи эмаску, ахир бу ҳайкал-ку…

Урилган жойи яна бир жиз этиб, шифтлар гир айланди. Тезроқ тушиб олиши керак, пастда яхши. Баландлик Абдурасулевга ўзи умуман тўғри келмайди. Бир қўли билан чаккасини, бир қўли билан темир устунларини ушлаб, лақ-лақи зиналардан пастга тушиб кетди.

Пастда ҳақиқатан ҳам яхши. Дастлабки кечаси ҳалиги Мефистофель тушига бир оралади-ю йўқ бўлди, боши анчагача гангиброқ юрса ҳам, ҳаммаси яхши бўлиб кетди. Раис яна ўша-ўша, тетик, серғайрат, комиссиянинг хулосаси ҳам чиқди. Ишнинг суръатини сусайтириб турган нарса ўз номи билан айтилди: заводдан иккита чап қўл юборишибди. Чапидан сероброқ эканми, контейнер адашиб кетганми… ишқилиб, шунақа. Телеграмма жўнатилган экан. Ҳалигача жавоб олинмабди, одам юбориш керак Ленинградга.

Ижроком буни ўша куниёқ ҳал қилди: ким боради, албатта раис. Албатта Абдурасулевнинг ўзи! Шу кечасиёқ!

Нега бормас экан, Абдурасулев чарчамас, принципиал одам, эртасигаёқ етиб борди. Тўғри заводнинг бош экспедиторига учради. Баланд бўйли, қилтириқ одам экан. Кекиртак суягининг бориб-келиб туришини айтмасангиз, муомаласи майин. Айниқса, Абдурасулевнинг Тошкентдан келганини билгандан кейин қоқ чакагига қон югуриб, юмшоқ курсини кўрсатди, ҳол-аҳвол, об-ҳаво, қовун-тарвузнинг баракасини суриштириб бўлгандан кейин, «хўш, хизмат?» деди.

— Шу денг, ҳурматли Аксан Аксанич, ўртоц Сталиннинг бир қўли…

Александр Александрович чаён чаққандай сапчиб ўрнидан турди, тагидаги курси тарақлаб ағдарилиб тушди, бош экспедиторнинг ранги қув ўчиб, олайган кўзлари эшикка, дераза томонга аланглади.

Абдурасулевнинг гапи оғзида қолган эди.

— Бу ёққа юринг, — деди бош экспедитор эшикка бошлаб. Улар ҳовлидан ўтиб, тайёр маҳсулотлар экспедициясида Тошкентдан келган телеграммани топдилар, Александр Александрович индамай резолюция қўйди-да, Абдурасулевнинг қўлига тутқазди. Ҳовлига қайтиб чиққач, уни холи жойга бошлаб, тирсагидан ушлади, атрофида ҳеч ким йўқлигига амин бўлгандан кейин, паст овоз билан таъкидлади:

— Ҳеч қаерда, на оғзаки, на ёзма равишда… бу сўзларни ишлатманг. «Ўн биринчи деталь!», тушундингизми? «Ўн би-рин-чи деталь!» Ҳамма жойда шундай деб ишлатинг.

— Ахир мен «қоқшал» ёки «фалаж»… у-бу сўзларни ишлатганим йўқ-ку, Аксан Аксанич?

— Тўғри, сиз ишлатмадингиз, мен эшитмадим, тамом… Аммо сиз айтмаган ўша бир сўз ўрнига бир сўз топиб қўйиш қийин эмас, азизим. Ёки, осонроғи, уч нуқта қўйилса ҳам — бас. Бизнинг собиқ бош директоримиз шу уч нуқта дастидан отилиб кетган. Генерал-майор эди, Коминтернда ишлаган, Испанияда жанг қилган. Сиз билан биз нима эканмиз…

— …Раҳмат, Аксан Аксанич, — деди нафаси ичига тушиб кетган Абдурасулев. Эсанкирганча завод темир йўл тармоғидаги товар складини қидириб кетди. Ҳуши жойида бўлмаганидан, очиқ ҳаводаги цех хўжаликларида анчагача адашиб юрди. Қайси эшикка қайси дарвозага дуч келса қўлидаги резолюция солинган телеграмма — рухсатномадай гап.

Кафтининг теридан намиқиб кетган қоғозга юрак бетламайроқ тикиларкан, лаблари шивирлар эди: «Ўн биринчи деталь!» Де-таль. Аслида бу «деталь» шундай узунки дунёнинг истаган бурчагига етади. Бир ишора қилса бас, Коминтернми, Испаниями… Битта у, битта! Мунақанги одам оламда иккита бўлмайди. Иккита бўлса Ер кўтаролмас…

Абдурасулев хаёл билан бўлиб, баланд темир дарвоза олдидан чиқиб қолди. Конвейер цехининг ҳовлиси экан шекилли, дарвозадан кириши билан тахтадек қотди, бақирай деса овози чиқмас, тили айланмас эди. Унинг рўпарасида ўттизтача Сталин турарди! Ҳаммаси сайқалсиз темирдан, ҳаммаси этик кийган. Ҳаммаси қоядай баланд, текис саф тортган. Темир саф шиддат билан босиб келяпти!

Абдурасулев деворга қапишиб қолди. Кўзини чирт юмиб, пичирлаб калима келтирди: ло илоҳа иллоллоҳ… у битта… ундан бошқа йўқ…

Аммо бу темир сафнинг даҳшатли юришини тўхтатиш мумкин эмас, у эса тош деворга тобора киришиб, сал бўлса унга суйкалиб кетадиган бир қоп совуқ ҳалимга айланган эди.

Қанча вақт ўтганини билиш қийин. Абдурасулев ҳушига келгандан кейин ўзига қаттиқ уқтирди: бу арзимас бир зумлик ҳолат. Принципиал Абдурасулев бундай ҳолатларга узоқ бериладиган одам эмас, унинг ҳамма ишлари ҳисоб-китобли. Товар станциясида контейнерга «Срочно» тамғасини бостириб, юкни жўнатди-да, ўзи самолётда Тошкентга учди.

Қайтиб келса, ҳайкал ҳамон бир оёқда турибди. Раис жанжал кўтарди: бу қанақаси, юбилей келяпти, ким қилаяпти бу зараркунандаликни! Энди тегишли жойга хабар қилмоқчи бўлиб турганида мутахассислар тушунтиришди:

— У «оёқ»…

— А?

— У «этик»…

— «Деталь» деб гапиринг!

— У «деталь» аввал майдондаги харсанг тагзаминга асосий таянч қилиб маҳкамлангандан кейин, ҳайкал унинг устига ўрнатилади, шунинг учун…

Абдурасулев тушунди, тинчиди, аммо хотиржам бўлгани йўқ. Тез орада «Ўн биринчи деталь» ҳам етиб келиб, цехда ишлар юришиб кетди. Комиссия ҳар куни шу ерда, цех тутунга, ҳар хил кислота-ю бўёқ ҳидига тўлган, сварка учқунлари кўзни олар эди. Қора кўзойнак такиб олган раис деярлик мамнун, осмон баробар цехнинг ойнавандли шифтигача бўй чўзган ҳайкалнинг улуғвор салобатига дам яқиндан, дам олисроқдан туриб кўз қисиб боқар, гоҳ бошини орқага, гоҳ чапга ё ўнгга ташлаб, кафтини қошига соябон қилиб узоқ тикилар эди.

Бир куни шундай масъулият, ҳам ғурур, ҳам камтарлик ҳисси билан айланиб юрар экан, ҳавозанинг учинчи қаватида бир нима қирс этди. Оёғига илашган электр сими ўша қаватнинг тахтасига ташлаб қўйилган эканми. Шундоқ тепага қараши билан тўрт метрлик ўша қора чўян «этик» пошнасини ундаги билакдай болтларни кўриб қолди. Бу йилт этган бир зумлик кўриниш унга қўрқув ҳам солгани йўқ, улгурмади. Қўрқиб улгуриш учун ҳам вақт керак экан, қаранг! Бир нима қаттиқ гурсиллаб, цех зилзила вақтидагидек тебранганини билади. Бу ёғи — тубсиз, зимзиё бўшлиқ…

Одамлар югуриб келишса, «этик» ёнида Абдурасулев чўзилиб ётибди. Юзида жилмайишми, қўрқувми — қонсиз ва жонсиз бир ифода қотиб қолган, тирикми-ўликми — билиб бўлмасди. Устига тушса мажақлаб, бетон полга шуваб ташлаган бўларди, шабадасидан йиқилибди, дейишди.

Абдурасулев ўн тўрт кун деганда касалхонада ўлди.

Дафн комиссияси тузилмади. Кираверишда мотам митинги ҳам бўлмади. Чунки ўша куни ҳамма Хиёбон майдонида, ҳайкал очилишига бағишланган тантанали митингда эди. Газеталар тантанали воқеалар билан тўлиб чиқди. Марҳумнинг тобути ёнида ҳеч ким фахрий қоровулда ҳам турмади, идора раҳбарлари Хиёбондаги минбарда эди. Пионерлар медаль болишчаларини кўтармадилар, улар — улуғвор ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйгани сафарбар этилган эди.

Тобутни маҳалладаги учта пенсионер чол элтиб қўйди.

— Этик босган одамми? — деб сўради гўрков, — буёққа олиб келинглар.

Кейин ўзи ерлаб қўйди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 2 июнь