Аслиддин Мустафоев. Тегирмон (ҳикоя)

— Ота, — дедим Жамол бободан олган пойтеша билан ёғоч чопаётган отамга эшак устидан тушар-тушмас, — «Можа» нима дегани?
—    Саримсоқ бобонг айтдими бу гапни? Қўявер, эътибор берма.
— Ёмон гапми, ота?
— Ёмон гапмас-у, — отам ишини тўхтатиб менга қаради, — ун қани? Чиқариб кемадингми?
— Ташлаб келдим, навбат экан. Салим ака билан Жўра акани буғдойини чиқариб, кейин бизникини. Шунга ташлаб келавердим, совуқда ўтирмай деб.
— Қайси тегирмонга ташлаб келдинг? — отам энди ишини бутунлай тўхтатиб қўйди. Ўрнидан туриб чопонининг этагига ёпишган пайраҳа ва ёғоч қипиқларини қоқа бошлади.
— Малик аканикига, — шошиб жавоб бердим мен. — Нуриддин ака тегирмон тошини тишаётган экан, эртага ишлайди, деди. Шунга, келаётиб Малик аканикига туширдим.
— Хаҳ, — деб қўйди отам бошини сарак-сарак қилиб. — Ташлаб келар экансан, Нуриддинникига қолдиравермайсанми?
—    Энам уйда ун қолмади, деганди. Эртага нон ёпиши керак экан, — дедим ўзимни оқлаш учун бошқа гап тополмай.
Аслида онам қўшнидан ун олиб, нон ёпаётган эди. Отам менга бир ёв қараш қилди-да: «Бор, уловни бостирмага бойлаб кел», деди. Эшакнинг айилини бўшатаётган вақтим отамнинг энамга айтаётган гапи эшитилди: «Тегирмонинг билан бозорингни ўзинг қил, деган гап чин-да. Мана бу Кенжангга ҳеч ақл битмади-битмади. Ҳар бир нарсани ипидан игнасигача айтиб туриш керак. Қачон ўзи ўйлаб, фикрлаб иш қилади, билмайман?!»
Ҳеч нарсадан бехабар онам отамнинг койинишини эшитса ҳам нонини ёпиб бўлгунча гапирмади. Мен бўлсам супанинг ёнига ўтиб, бошимни хам қилганча кўз остимдан уларга қараб турардим. Биламан, онам барибир менинг тарафимни олади. Энам нонларни ёпиб бўлгач, қўлидан рапидани ечди ва идишдан сув олиб, нонларининг юзига сепаётиб сўради:
— Нима гап? Кенжа нима қипти?
— Нима қиларди, буғдойди Маликди тегирмонига ташлаб кепти.
— Шунга шунчами? Ҳали бола-ку бунингиз, — онам кулиб тандирдаги нонларга эгилиб қарай бошлади. — Энди ўн иккига кирган бўлса? Ҳозирдан оғир ишларни қилдирасиз?
— Юзга кирсаям бола бола-да сен учун. Бу тенгилар шаҳарда пирма юргизяпти, магазин очяпти. Керак бўлса Амир Темур ўн икки ёшида тахтга ўтирган.
— Амир Темурмас, — отамнинг гапига тузатиш киритган бўлди онам, — Бобур. Бобур тахтга ўтирган ўн икки ёшида. Уни замони бошқа бўган. Мажбурликдан ўтирган. Кенжангиз айни ўқийдиган вақти бошини қора меҳнатга тиқиб қўйяпсиз?
— Фақат ўқишдимас, ҳаётни ҳам ўрганиш керак бола, — деди отам онамга ён бергиси келмай. — Келажакда оғзидагини олдириб қўймайди. Ҳозирдан латта бўлса…
Отам гапининг давомини айтмади. Нечукдир маъюс тортиб жимиб қолди.
— Буғдойди ташлаб келгани учун латта деяпсизми? — энам энди кўчамиздаги жанжалкаш Рихси холага ўхшаб қўлларини белига «Ф» қилганча, мени оқлаш учун тандир олдида ғоз турарди. — Кечгача олиб келади-да. Улгурмаса, эртага олиб келар.
Отам тандирхонадаги лой ғиштдан кўтарилган тахта ўриндиққа бориб ўтирди. Кейин мени имлаб чақирди:
— Кенжа, бу ёққа кел.
Мен отамнинг меҳр билан чақиришидан ийиб, олдига ошиқдим. Отам ёнига ўтирғизиб, елкамни сийпаб эркалаган бўлди. Кейин насиҳат қилаётган кишилардай гапира бошлади. Шу пайт отамнинг гапириши мулла Шамсиддиннинг ваъзларига ўхшаб кетди. Отам ҳеч бундай гапирмас эди.
— Ҳар ким ўзига тўғри бўлиши керак, қолаверса, пишиқ ҳам. Бир ҳовуч буғдой учун мошоқ терганимиз эсингдан чиқдими, онаси? — отам онамга юзланди, — терганимиз майли, ўша буғдойни яшириб, юрагимизни ҳовучлаб уйга келардик. Худога шукр, у даврлар ўтиб кетди. Энди тўқликка шўхлик деб кўчага сочиб қўймаслик керак. Мен Нуриддинга ишонаман. Малик ҳам ёмон бола эмас, фақат қўли бироз эгри. Ғийбатини қилмайин деб сенга айтмагандим. Тегирмонда тарозидан ураркан. Бу энг ёмон нарса — катта гуноҳ. Ўша ҳаром пули билан тегирмонини саройга ўхшатиб қўйган. Унга кетган тахтанинг ўзига бир иморат битади. Оқибатини ўйламагани учун ҳам Маликни хушламайман. Кенжамни алдаб юборишини ўйлаб койингандим.
Отамнинг гапларини эшитиб, ичимда бир нима узилгандай бўлди. Худди тегирмонга қайтиб борсам Малик ака қўлимга ярим қоп ун бериб, қайтариб юборадигандай туюлди. Падаримнинг пинжига суқилиб «Энди нима қилай, ота?» — дедим.
— Бирга борамиз, — деди у елкамга қоқиб.
Бу орада энам тандирдан нонларни узиб, саватга тера бошлади. Димоғимга урилган ноннинг ёқимли ҳидидан иштаҳам очилиб, бояги дилхираликларни унутгандай бўлдим.
Малик аканинг тегирмонига кечга яқин жўнадик. Йўлда яна Саримсоқ бобони учратдик. У киши боғида, қабрларга ўхшатиб кўмиб қўйилган токзорини оралаб юрарди. Отам салом берди, мен ҳам. Саримсоқ бобо алик олгач, «Ҳа, йўл бўлсин кеч бўлганда?», деди.
— Тегирмонга, — деди отам эшакнинг биқинига оёғи билан ниқтаб. — Неварангиз буғдой ташлаб келган эди, шунга…
— Ҳа-а, — деди Саримсоқ бобо чап қўли билан соқолини силаб. — Ўғлингди боя кўрган эдим. Унга «Отангга айт, сени кўп ишлатавермасин, можа бўлиб қоласан», дедим. Сенга айтдими?
— Қўйсангиз-чи ака шундай гапларни. Болаларни авайлайверсангиз қиз боладай нозик бўп қолади. Ҳозирдан суяги қотмаса биз дунёдан ўтгандан кейин қийналади.
Саримсоқ бобо яна нимадир деди, лекин биз у кишидан анча узоқлашиб қолганимиз сабаб эшитмадим. Йўрғалаб кетаётган эшак устида отам билан мингашиб борарканман сўрадим:
— Ота, можа бўп қолади, дегани нима дегани?
— Бу Саримсоқ бобонг ўйлаб топган гап. Майда бўлиб ўсмай қолади, дегани бўлса керак. Одамнинг суягида бўлса ўсиб кетади. Меҳнатдан ўсмаса, ота-бобомиз ўсмай қоларди, мен ўсмай қолардим. Сендай вақтимда колхозда ишлардик. Қоп-қоп буғдой-арпа таширдик. Ҳозиргидай эллик килолик қоплар кам бўларди. Ҳаммаси “етмишлик” эди.
Отам тегирмонга етгунимизча болалиги ҳақида ҳикоя қилиб борди. Малик ака бизнинг буғдойни дўлга солиб энди чиқараётган экан. Отам «Неччи кило чиқди?» деб сўради.
— Қирқ тўрт кило, — жавоб берди Малик ака.
Отам менга бир қараб қўйди-да:
— Йўл-пўлда тушириб қўймаганмидинг, Кенжа? — деди. Отамнинг жаҳли чиққани юз-кўзидан билиниб турарди.
— Йўқ, — дедим аста. — Сиз ўнгариб берган кўйи опкелиб туширдим.
— Унда мени тарозим алдабди-да, — деди отам жаҳлланиб, — қирқ тўққиз кило тортгандим.
— Мени ўғрига чиқаряпсизми? — деди Малик ака ҳам қизишиб. — Тарози — Худо рози, деган гап бор, ака. Ҳаққингиз керак эмас. Бир қопингиздан икки ярим кило оламан меҳнатим учун, шу ҳам етади бола-чақамга.
Отам индамади. “Мен адашгандирман-да”, деб қўйди, холос. Кейин киссасидан занжирли соатини чиқариб қараб қўйди-да:
— Қанча вақтда чиқади? — деди.
— Ярим соатларга бориб қолар. Сизлар у хонага кириб чой ичиб ўтиринглар, — деди Малик ака ҳожатмандлар кириб ўтирадиган хонасини кўрсатиб. Сўнг уннинг гарди ўтириб қолган телпагини ечиб кафтига уриб яхшилаб қоқди. — Ҳаш-паш дегунча бўлиб қолади.
Биз Малик ака кўрсатган хонага кирдик. Ташқарида кузнинг аёзли туни бошланган, келгунимизча совуқ ўтиб кетгани учун ўзимни гуриллаб ёниб турган печка олдига урдим. Отам сўрига чиқиб ўтирди. Кейин Малик ака узатган чойни олиб олдига қўйди, лекин ичмади. Унинг меҳрибончилигидан ёлғон гапирмаса керак, деб ўйладим. Аммо шу пайтда кимга ишонишни ҳам билмас эдим. Бир пиёла чой ичгулик вақт ўтмай чироқ ўчиб қолди. Бир маромда ишлаб турган тегирмон бир нима тиқилиб қолгандай «ғи-ирқ» этган узун товуш чиқариб тўхтади. Малик ака шошганича чиқиб кетди. Қоронғуда туртиниб-туртиниб биз ҳам ортидан чиқдик.
— Шунча пайт ўчмаган токнинг бугун ўчганини қаранг, — деди тегирмончи чироқ ёқаётиб. — Келиб қолар.
— Чиққанини тортиб бер, — деди отам тунд оҳангда. Қолганини чиқариб қўйсанг, Кенжа олиб кетади.
Малик ака ҳозиргина чиққан иссиқ унни тортиб қопга сола бошлади. Мен ёрдамлашдим. Фонар ёруғида унни тарозиладик: ўн тўққиз кило экан. Қопнинг оғзини боғлаб эшакка ортдик-да, уйга қайтдик.
Кечки овқатдан кейин отам дастурхонга фотиҳа ўқиётиб «Болаларимнинг ҳаққини еганларнинг болаларига балоси урсин» деди. Онам эса бу гапга «Астағфируллоҳ, ундай деманг, сизнинг ҳам болаларингиз бор. Қарғишнинг оқибати яхши эмас», деди. Ўша куни кечаси билан иситма қилиб ухлолмай чиқдим. Тонг отганда кўзим илинибди. Бир пайт онамнинг гапларидан уйғониб кетдим.
— Маликнинг тегирмони ёниб кетибди, токдан ўт чиққанмиш. Бечорага жабр бўлибди-да. Сизга айтдим, қарғаманг, деб. Ҳали ҳам Худо асраб жони омон қолибди. Ўтни ўчираман деб озроқ куйганмиш. Балнисага олиб кетишибди.
— Гуноҳкор бандангни ўзинг кечир! — деди отам маҳзун товуш билан осмонга қараб. Кейин оғир қадам ташлаб ташқарига чиқиб кетди.
Отам Худодан ўзини кечиришини сўрадими ё Малик акани, бунисини билмадим.