Даставвал бу таклиф менга қизиқ туюлди. Уй бекаси бўлсам, анча йиллардан буён рўзғор билан андармон бўлиб юрган аёл кўпчиликка нима янгилик ҳам айтарди деб ўйладим. Аммо, юрак-юрагимда товланиб, тинчлик бермаётган соғинчнинг ранги, турмушнинг ҳар қандай паст-баландида ҳам мени тарк этмаган, бўғзимга тиқилиб ташқарига чиққиси келган Сўз ва уни айтиш бахти мени фикримдан қайтарди. Мен бу иборадан “азоби” сўзини тушириб қолдирдим. Зотан, ҳар бир ижодкорнинг ҳаёти аслида ижодий изтироблар, Сўзнинг айтилиш азоблари ичида кечади. Энди, мавзуга қайтамиз.
Қачонлардир ҳаммамиз Орзулар мамлакатида, болаликнинг сирли диёрида бўлганмиз. Бу сеҳрли диёрнинг тўрт фасли ҳам эртак: сураткаш қишлари тугамайдиган, баҳорлари сўрамасдан юрагингга кириб келадиган, сўлим ёзлари боғ-роғларда кечадиган узун таътиллардан, беқасам кузлари бир текис пахтазорлардан иборат эди. Шу чексиз-чегарасиз туюлган дунёнинг ранг-баранг қиёфалари ичида суюниб, куюниб улғайганман. Мени ўраб турган борлиқ шу қадар бетакрор ва улуғвор, шу қадар дахлсиз ва дахлдор, шу қадар мафтункор ва …ситамкор эдики, мен уни англашга уриниб сўз айтиш касалини орттириб олдим. Бу эҳтиёж ўсиб-улғайиб юрагимга азоб берадиган бўлди. Балки, шоирлик шудир.
Бир куни тонгда нималардир ёздим. Ўчоқбошида, тутантириқ учун қўйилган қоғоз бўлакчасига, қуёшни олқишлаб. Қоғозни супада бобом билан суҳбатлашиб ўтирган отамга олиб бориб бердим. Отам қоғозни ажабланиб олдилар-да, бир муддат тикилиб қолдилар. Кейин бобомга юзланиб “Набирангиз шеър ёзибди” дедилар. Қоғозчага: “Эй, қуёш! Нурингни соч! Яшнасин боғлар, Гўзал боғда сайр этсин, Қари-ёш!”, деб ёзилганди.
Мен ўшанда бошланғич синфни тугатгандим. Ўша тонг сердарахт ҳовлимиздаги соялар қуюқ, қуёш нурлари тўқ зарғалдоқ рангда эди. Бу кун менинг тасаввуримда нурнинг ҳам, соянинг ҳам залвори, вазни борлигини илк туйган куним сифатида яшаб қолди. Адабиёт, шеър ҳақидаги тасаввурларим шундан бошланган.
Оилада кўпчилик ўсганмиз. Менга аксарият ижодкорлар каби бобо ёки бувидан эртак эшитиб катта бўлиш насиб қилмаган. Улардан бир кунлик йўл узоқлигидаги манзилда яшаганмиз. Аммо мен тирик эртаклар ичида ўсиб-улғайганман. Бобом ва бувимнинг ўзлари менинг энг азиз, энг қимматбаҳо эртакларим эдилар. Азиз онажоним ҳамиша эртакларимнинг асосий қаҳрамони бўлган. Отам ҳам, онам ҳам саводхон кишилар эди. Отам хўжаликда бош агроном бўлиб ишлардилар. Уйимизда китоблардан ташқари турли даврий нашрлар бўларди. Ўзим тушуниб-тушунмай шеър ёзган кунимдан бошлаб ҳаётимда янги бир босқич, мутолаа даври бошланган. Менинг мутолаага бўлган иштиёқим ҳаммани ажаблантирарди. Вақт топдим дегунча халқ достонларини, турли эртаклар, ўзбек халқ мақолларини ўқирдим. Улар ҳақли равишда менинг илк устозларимдир. 8-синфда Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”си, эрон ҳикоялари, Тагор, Тургенев, Пушкин, Лермонтов, Толстой асарлари билан танишдим. Ҳаётимнинг шу даврида ҳаёт аслида эртак бўлмаганини, меҳнат ва машаққатлар ўз навбатини кутиб турганини тушунганман. Чунки, китоб ўқишга ҳамиша ҳам вақт ва имкон бўлавермаган. Қишлоқда яшаганлар бунинг нима эканлигини яхши билишади.
Отам ҳар бир газета ва журнални диққат билан кузатиб борар, мақолаларга муносабат билдирар, айрим материалларни ўтирганларга шарҳлаб берардилар. Отамнинг бу қадар билимдонлигига ҳавасим келарди. Отам шоҳ Машраб ғазалларини яхши кўрар, гоҳо уйимизда машрабхонлик кечалари бўларди. Онам ажойиб уй бекаси, зукко, мулоҳазали, ҳунарманд аёл эдилар. Уй-рўзғор юмушларидан, томорқа ишларидан қўллари бўшади дегунча ўтириб кашта тикардилар. Ҳозир ҳам онамнинг кашта гулларига игна ургач, қулоч ёзиб узун-узун савоқ тортишлари, иш тика туриб чиройли хиргойи қилишлари кўз ўнгимдан кетмайди. Бугун ўйлаб қарасам, юрагимнинг туб-тубида шоир бўлишдан аввал уларга муносиб фарзанд бўлиш истаги бўлган экан.
Мактабда ўқийман. Туман газетасида қатнашиб тураман. Бир сафар таътилда акам Тошкентдан кичик бир шеърий тўплам кўтариб келди. “Шеър ёзаман дейсан, бу шоир кимлигини биласанми?”, деб савол-сўроққа тутди. Билсам, бу элимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг шеърлари экан. Шу куни уйимизда оилавий “абдуллахонлик” куни бўлган. Шу тариқа А. Орипов, Э. Воҳидов, кейинроқ эса Муҳаммаджон Раҳмон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиевалар ижоди билан танишдим. Уларнинг асарларини излаб топиб, ўқийдиган бўлдим. Талабалик давримизда уларнинг жўшқин шеърияти яловбардор эди. Биз талабалар ана шу ҳуррият шабадалари эсиб турган шеърият гулхани тафтида тобланиб, тарбият топдик.
Талабалик давримизда “Гулистон” журнали таҳририятига кўп борардик. Бу маърифат масканида Асқад Мухтор бош муҳаррир эди. Биз ёшлар бу ерга Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир бошчилигидаги китоб ва унинг мутолаасига, жаҳон адабиёти янгиликларига оид қизиқарли суҳбатларни тинглагани келардик. Турмушга чиққанимда яхшигина кутубхонам бор эди. Мактаб давридан “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Фан ва турмуш” каби журналларни, айрим газеталарни йиққанман…
Ўқишни тугатиб, туман газетасида ишладим. Бир гал Тошкентга иш билан келиб устоз Муҳаммаджон Раҳмонни (Аллоҳ раҳмат қилсин) зиёрат қилиш учун нашриётга ўтдим. Салом-аликдан сўнг “Қани, шеърларни беринг-чи” дедилар. Мен жимгина ерга қарадим. Устозга шеърсиз келганимни айтиб, яхшигина дакки эшитиб олдим. “Одам ҳам шундан шунга шеърсиз, йўлакай келадими?”, дедилар. Бу танбеҳ шусиз ҳам оғриб юрган жонимдан ўтиб кетди. Кейинги сафар юрак ютиб бир папка шеър кўтариб келдим. Муҳаммаджон акага шеърлар жуда манзур бўлди. Бу шеърлар устоз Усмон Азим тавсияси билан “Саодат” ҳамда “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Ёш куч”, “Сирли олам” журналларида чоп этилди.
Матбуотда анчагина шеърларим эълон қилинганига, бу шеърлар мухлислар муҳаббатини қозониб улгурганига қарамай кўнглимдаги бир безовталик, беқарорлик, беҳудлик менга тинчлик бермади. Фақат, вақти келиб мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”и:
“Тингла най андоқ ҳикоятлар қилур, Ким, жудоликдин шикоятлар қилур…”ва ҳазрат Навоийнинг бетакрор ғазалларидан баҳраманд бўлиб, ҳақиқий ишқу ошиқлик тафсилотларидан хабардор бўлгачгина кўнглимдаги йиғининг асл сабабини англагандек бўлдим. Машҳур “Қаро кўзим”да шундай байт бор:
“Таковарингга бағир қонидан ҳино боғла, Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил”.Биргина шу фидоликни англаш учун мумтоз адабиётни билишимиз керак экан. Мумтоз адабиётимизни билмай туриб Сўз айтиш мумкин эмас. Ўзлигини англамаган ижодкор ўзгага нима янгилик ҳам айтарди. Дарахт илдизи билан тирик. Ҳар бир истеъдод ҳам дунёга келгач, аввало, тарбият топади, униб-ўсади, камолга етиш даврини бошдан кечиради. Бу жараёнда мумтоз адабиётимизни, менталитетимизга хос шарқ фалсафасини ўзлаштириш биринчи ўринда туриши керак. Асл нарса ҳамма даврларда ҳам ўз қийматига эга бўлади. Адабиётнинг ранг-баранглиги, янгича кўринишлари эса ижод табиати билан боғлиқ ҳодиса. Ўз илдизида мустаҳкам турган ижодкор кучли замонавий асар ёза олади. Фақат шундай асарлар Вақт тўзонига бардош беради ва келажак авлод учун яшаб қолади.
Ҳар бир одам елкасида инсон бўлиш мажбурияти бор. Ҳар бир инсон зиммасида бахтли бўлиш масъулияти бор. Биз минг йиллик эврилишлар арафасида ижод саҳнига кириб келгандик. Биз ана шу улкан тарихий эврилишни яшадик. Буюк Вақт довонининг бу бетида Истиқлол билан юзма-юз келдик. Бу тарихий жараёнлар ҳаётимизда кечди ва унда ўчмас из қолдирди. Буюк Вақт довонини ошиб ўтганлар билан Истиқлол йиллари туғилиб, вояга етганлар орасида ана шундай фарқ бор. Аммо, ҳамма даврларда ҳам адабиётнинг вазифаси битта бўлган: комил инсон тарбияси. Соғлом адабиёт соғлом авлодни тарбиялайди. Адабиёти оқсаган, майдалашган жамиятда маънавий таназзул бошланади. Бу хатарли жараённинг узоқ давом этадиган илк белгилари саводсизликнинг оддий воқеликка айланишидир.
Бир куни бир журналга шеърларимни бердим. Бунга анча бўлди. Маълум бир вақтдан кейин таҳририятга ўтдим. Шеърларингиз яхши-ю, шу, ижтимоий масалалар ёритилмаган-да, дейишди. Шунда жуда ҳайрон қолганман. Чунки, бу дунёда борлигимнинг ўзи мен учун ижтимоий ҳодиса эди. Дунёни ҳар ким ҳар хил тушунади. Буни қабул қилиш керак. Аммо бу авомлик даражасида бўлса, қўрқинчлидир.
Аслида ижод ҳам бир неъмат. Гарчи сўнгги йилларда матбуотда кўринмаган бўлсам ҳам соғлом ижодий муҳит ичида фойдали умр кечирдим, деб айта оламан. Гап сонда эмас-ку. Оиламиз ижодкорлар оиласи. Турмуш ўртоғим, ажойиб адабиётшунос олим, устоз Сайфиддин Рафиддинов шарофатлари билан хонадонимизда тез-тез ижодий суҳбатлар уюштирилади. Муҳаммадсодиқ Олий журналистика курси магистратурасининг биринчи босқич талабаси. Дилдораой кичкинтойлар тарбияси билан банд. Худога шукр, тўртта асал набирамиз бор. Одам ажратадиган феълим йўқ. Аммо, шу тупроқда туғилганим, борим билан ҳам, йўғим билан ҳам шу халққа тегишли эканим ҳамиша кўнглимни ифтихорга тўлдиради.. Мен ўзбекман. Дунёга ўзбекона кўз билан қарайман. Бу менинг дунёқарашим. Шеър ёзиш эса мен учун ҳамиша маънавий ҳодиса бўлган. Савия – алоҳида мавзу.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.