“Янгиобод” бозорига тушдим. Бир яхши “букинист” бор. Онда-сонда ноёб ўқишли китоблар келиб қолса, хабарини етказади. Аммо бу сафар омадим келмабди, кимдир ўша китобни мендан олдин харид қилишга улгурибди. Майли, ҳамма замонлар олғирники бўлган, бўлади ҳам.
Машинани бозорнинг ғарб томонидаги чиқиш дарвозаси – темирйўл изи тарафга қўйгандим. Йўл-йўлакай кўзим тушди; бир мардум ерга, ўрислар айтмоқчи, “отключённый” бўлиб думалаган. Заҳар-заққумни меъёрдан кўп ютган, аҳволи хароб, ёнверида эса “мазмуни битган” икки шиша юмалаб ётарди. Ҳа, хамр шундай воситайи жоҳ, Алпомишни ҳам Сурҳайл мастон шу кўйга келтириб, кейин чоҳга итариб юборган.
– Нима дейсиз, энди. Уч кун аввал онаси ўлибди. Аламидан ичибди. Ундан сал аввал опаси ва жияни – иккиси бир кунда қазо қилган экан. Тушуниш керак.
Бош кўтариб, овоз келаётган тарафга қарадим. Қўшҳамёнли, кир-чир пешбандини қорнидан ошириб боғлаган мантипаз ўтган-кетганга вазиятни шундай изоҳлар ва бу изоҳда одамларнинг раҳми келиб, ерпарчин мастни уйига олиб бориб қўйишар деган имдод зоҳир эди. Демак, тупроққа қоришиб ётмиш ўша мантипазга дардини айтиб ичган, бу суллоҳ эса гоҳ-гоҳо “вой-вой-е” дея газагига манти узатиб турган. У ичаверган, бунинг бозори қизийверган. Охири йиқилгач, (энди керакмас) растасидан даф қилмоқчи. Яна абгорга қарадим. Ана, оғзидан сўлаги оқа бошлади. Жудаям жирканч манзара, лекин инсон…
– Аллоҳ асрасин, – шундоққина биқиним томондан шивирлади биттаси.
Унга-да боқдим. Мўминнамо қиёфа чизиб олибди. “Алҳазар” дея бошини сарак-сарак қилиб узоқлашди.
Қанча серрайиб турдим, билмадим, шу пайт бир озғин аёл пайдо бўлди, энгашиб маст одамни ўрнидан қўзғатиш учун турткилай бошлади. Қабатида ундан-да озғин, ўн бир ёшлар чамаси қизалоқ. Ва, ҳайбати тойпахтадек келадиган икки сумка. “Хотини, қизимикан?”
– Тур, турақолсанг-чи, бўлмаса кетиб қоламан!
Кучи етмайди, хирсдай эркак. Қизалоқ ёрдамлашмоқ пайида бор овози билан ёпишади.
– Тоғ-а-аааа!
Шугина чинқириқ қулоқларимда батабанг акс берди; ўйдан уйғотди. Лаҳзада мастнинг олдига етдим. Икковлашиб ўрнидан турғазмоқ бўлдик. Қани энди, оёқ-тиргак босса. Йўқ, елимшак матоҳ дейсиз, бутун танаси майишиб кетяпти. “Ё елкамга олсаммикан?”
– Қайт қиворади, – дейди бояқиш аёл.
Ноилож атрофга боқамиз. Яккаш, жуфт-жуфт, ола-ғовур солиб келаётганларнинг ҳеч бири ёрдамга ошиқмайди.
– Ўз ҳолига қўйинглар, бирор икки соатда ҳушига келади. Йўрғалаб кетади уйига, – маслаҳат беради соқоли пахмоқ мўйсафид. Кейин енгилгина кулиб қўшиб қўяди: “Бошдан ўтган-да.”
“Э, бор-э, ўлиб қолмас!”
Мажбур қайишидан тортқилаб кўтардим. Мастнинг қадди эгилиб, дол кўриниш олди.
– Мана, мард бор экан-ку! – даврадаги баковулдек айқиради мантипаз.
– Ундан кўра ёрдам берсангиз-чи, товоқларингиз ҳам бўшабди. Ҳеч ким тегмас, – дейман ғижиниб.
– Э-э укам, бу алюмин товоқларнинг ҳар бири қанча туришини билсанг эди, – кафтларида ҳавони кесиб, минғирлайди суллоҳларча.
Начора, “улоғим”нинг ўмганини чап қўлимда суяб кетабердим. Аҳён-аҳён орқамга қарайман, судралган оёқлар шағал-қумоқ ерда эгри-бугри из чизиб келяпти. Чизиқ баъзи жойларда узилиб қолган. Булар тин олиб, бот кўтарган жойларим.
“Кечмишингга – афтодайи ҳолингга суврат солиб келяпсан, оғайни! Узуқ-юлуқ жойлари кўп ичган дамларинг” чалғиш учун нашъа қиламан унга.
Барибир эшитмайди-ку.
Бирор икки юз метрча юрилгач, ҳайтовур, бир киши ўктам овоз билан кўмакка чоғланади. Ўғли эса кетимиздан пишшиллаб келаётган аёлнинг қўлларидан зил-замбил сумкаларни олади. Буёғига тахминан яна шунча масофа қолди.
Машина орқа ўриндиғига ётқиздик. Қизча тоғасининг ёнидан суқилди. Маст бўғиқ овозда ғўлдиради. Англолмадик. “Ҳайрият”, деган бўлса керак, ҳойнаҳой. Ахир ярим чақирим судраб келдик, қийналди.
– Касалхонага элтайлик, ўзига келтиришади, – юзланаман олд ўриндиққа мингашган аёлга. – Уйга оборсак, барибир дардисар бўлади.
– Йўқ-йўқ, эртага маъракамиз бор. Тайёргарлик кўришимиз керак. Уйга борайлик, пулини тўлайман, – жовдирайди жувон.
Буёғига жим кетдик.
Йўл қайрилди. Жувон бозорда бошланган ва боядан бери йиғилиб келаётган ўкиригини ғилт этиб ютди, унсиз йиғлаб юборди. Шунда кўрдим: киприклари деярли тўкилиб кетган, сурп рўмол остидан хиёл чиқиб қолган бир тутам сочи эса похолпояга ўхшарди.
– Кўп ичадими?
– Бир ҳафта бўлувди, ичмаётувди.
– Мантипаз азадор, деди?
– Ҳа, нобакор поччам мастлик устида опамни қизи билан бирга сўйиб ташлади. Ҳозир қамоқда. Опам ва жияним ўлмасди агар… Она-қиз кўчада ярим соатча қийналиб ётган, ҳеч ким ёрдамга шошмаган. Дўхтир айтди: анча қон йўқотган экан, ҳар иккиси…
– Онангиз мусибатни кўтаролмабди-да…
– …
– Бошқа ака-ука, опа-сингиллар борми?
– Ҳа.
Манзилга етдик. Рутубати шундай аён ҳовли эшигида узун-калта бўлиб, икки киши бизни кутиб турган экан. Кўчада эса яккам-дуккам одамлар кўриниб қолади.
– Дарвозани очинг, ичкарида туширганимиз маъқул, буёқда.., – дедим бояги иккисига – қош кўтариб кўча тарафга нуқирканман.
– Ҳа-я…
Эҳ-ҳе, кўпчил экан-ку булар. Катта оила. Бу орада ака-ука ҳиринглашиб, мастни орқа ўриндиқдан тушириб олди. Мен тушунмайдиган, фақат шу оилагагина хос қочирим-қичиқ гаплар, пичинг янгради. Очиғи, ҳайрон қолдим. Негадир бу ердаги ҳеч ким азадор туюлмасди. Қандайдир бир қоришиқ кайфият ҳукмрон эди. Фақатгина киприксиз аёл бурчакда қимтиниб турар, назаримда хаёли йўлкирада эди.
– Ётқизишдан аввал бир чўмилтирилса тузук, – дедим ҳардамхаёллигимни билдирмаслик мақсадида.
– Ҳа, чўмилтирамиз. Шундай чўмилтирайки, қандай ўзига келганини билмай ҳам қолади, – хандон отади сариқроқдан келган ёш қиз.
“Синглиси бўлса керак”.
Машинага ўтирдим. Киприксиз аёл товушсиз қадам босиб, ён ойнадан мунгли бир алпозда боқди. Чап томонимга бурилиб, ака-укаларга қарадим. Улар парвойипалак ниманидир суҳбатлашиб туришарди. Негадир хаёлимда яна мантипаз гавдаланди. Томоқ қирдим.
– Шартмас. Арзимайди…
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 1-сон