Асад Асил. Ташналик (ҳикоя)

Арслон чол бир кам саксонга борганида кампири бандаликни бажо келтирди. Кутилмаган бу кулфат, бемаврид жудолик ўн йигитга ўрнини бермай юрган қарияни довдиратиб қўйди. Отанинг назарида гўё ўзи қатнашиб юрган давралардан бирдан файз кетди, бу олам ҳувиллаб бўшаб қолди. У уйдан чиқмай қўйди, ҳатто чойхонага киришни ҳам тарк этди.
Арслон ота йўқлиги учун тенгқурлар орасида мудом давом этиб келган аския, ҳазил-ҳузул ҳам ўз-ўзидан барҳам топди, давомли, қизғин суҳбатлар совиди. Ёлғиз ўзи уйига қамалиб, нортуядек чўкиб ётган чолни тенгқурлари келиб, давраларига чорлар, қария эса кескин рад этиб, “Ҳар нарсанинг ўз вақти бор”, деб қўярди…
Ҳамма томондан “қўлни ювиб қўлтиққа урган” ота бир масалада жуда қаттиққўл эди. У яккаю ёлғиз ўғлини зир югуртириб, кампирининг барча расм-русумларини вақти-вақтида, кўнгилдагидек қилиб ўтказди. Келди-кетдилар тийилиб, қўллар бўшагач, ота ўғли ва келинига рухсат берди. Бола-чақаси билан шаҳарга қайтиб борганига бир ҳафта бўлмаган эди, ота ўғлини зудлик билан яна чақиртирди. “Ишқилиб тинчлик бўлсин-да!” Автобусга сабри чидамай, такси ёллаб, ҳадиксирай-ҳадиксирай етиб келган Жавлон отасининг жиддий гапи борлигини дарров сезди. Негаки, чол гапини ма­қолдан бошлаганди.
– Ўйчи ўйлаб бўлгунча таваккалчи ишини битиради, ўғлим, – деди соқолини дамба-дам силаб қўяётган отаси Жавлоннинг кўзларига тикилиб. – Мана, кунлар ҳам жўнашиб кетди. Энди буёғи ёз, уйни сал кенгайтириб олсаммикан, девдим…
Жавлоннинг хаёлида ҳозир яшаб турган шароити, уй аҳволи жонланди. У кута-кута эндигина орзусига эришган, шаҳарнинг чиройли қисмида қурилган уйларнинг биридан тўрт хонали квартира олганди. Квартираси иккинчи қаватда, болаларининг кичиклари ёнгинасидаги боғчага борарди. Хотини ўқитувчи, мактаб ҳам чақирса овоз етадиган жойда. Тўнғич фарзандлари, хотини билан қийналмай, ўқишга бориб-келиб туришибди. Уйи шаҳар марказида жойлашгани учун келди-кетдилар кўп. Қишлоғидан шаҳарга тушганларнинг аксарияти Жавлонларникига қидириб боради. Хотини Муҳайё шаҳарда туғилиб-ўсган, жуда одамохун, келган меҳмонни ош билан сийламаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Хуллас, иккинчи маош қўлга теккунча, биринчиси силлиққина бўлиб қўлдан чиқиб туради. Эски уйларни бузиб, ўрнига янги иморат турғизишнинг ўзи бўладими!..
– Ҳа, мум тишлаб қолдинг? – ота Жавлоннинг кўнглидагиларни уқиб тургандек зарда билан давом этди. – Сендан бир мириям сўрамайман. Онанг иккимиз ўлимликкаям, уй қурамиз, деб бунгаям етадиган маблағ тўплаб қўйган эдик. Раҳматлик, янги уйни, болаларини бағрида қўришни орзу қила-қила ўтиб кетди. Уйни янгиласак, кўчиб келсанг, онангниям руҳи шод бўлармиди.
Жавлонни энди қишлоққа кўчиб келиш ваҳимаси босди. У уйланиш олдидан Муҳайёга: “Умрбод ша­ҳар­да яшаймиз”, деб ваъда бериб қўйганди. Болаларининг боғчаси, мактаби нима бўлади? Бу ерда эса… боғча кўп йиллардан бери қурилиб-қурилмай ётибди. Мактабда ҳам таълим-тарбиянинг мазаси йўқ, дейишади. Буёғи қандоқ бўлди?! Йигитнинг хаёли охири йўқ калавадек чувалашиб кетди.
– Мундо-о-оқ кўнглингдагини гапирсанг-чи, тилинг борми ўзи?! – деди ота чинакамига жаҳли чиқиб.
– Қайдам, ўйлаб кўрармиз…
– Э… сенга қолган куним шу бўлса!..
Арслон ота этагини қоқиб, ўрнидан туриб кетди. Йўл-йўлакай кетмонини қўлига олди-да, орқа эшикдан чиқиб, бора солиб, эски томни чангитиб очаверди. Ота­нинг меҳри каби қаҳри ҳам қаттиқлигини яхши билган ўғил унинг ёнига қайта йўлай олмади-да, орқа эшикдан чиқиб, секингина шаҳарга жўнаворди…
– Дадам соғ-саломат юрибдиларми, қариндошлар тинч-омонми? – ҳар доимгидек дарров суриштирди, хушбўй мошкичирини дастурхонга қўяётган Муҳайё.
– Ҳа, – истар-истамас жавоб берди Жавлон қовоқ-тумшуғи осилиб. Одатига кўра, Муҳайё гапни тўхтатди. Эри уйга хафа ҳолда қайтган кезларида, “ўпкасини босиб олгунча”, у индамас, ўз ҳолига қўйиб берарди. Болаларни ҳам боғчадан ўзи олиб келди. Ҳар кунгидек, бир амаллаб озгина овқат едирди, дам ялиниб, дам уришиб, зўрға ухлатди. Жавлон девор томонга ўгири­­либ олганча, ҳар замон-ҳар замонда “уҳ” тортиб, миқ этмай ётаверди. Унинг уйқуси ўчиб кетган, отасининг ғамгин ва жаҳлдор қиёфаси, ораларида бўлиб ўтган қисқа ва кескин суҳбат хаёлидан сира ўчмасди.
Ошхона юмушларидан қўли бўшаган Муҳайё, хоналарнинг чироқларини ўчирди-да, келиб эрининг ёнига оҳиста чўзилди. Жавлоннинг юрагидаги дардни тахминан тушуниб, паст ва майин овозда кўнглидаги гапларни айтди:
– Адажониси, дадам бояқишга ҳам қийин бўлди-да! Қариганда қадрдонларидан айрилиб ёлғиз қолди. Бир ўйлаб кўрсакмикан? Агар сиз рози бўлсангиз, қишлоққа…
– Ҳа, энди сеники етмай турувди! Қишлоққа кў­чайлик демоқчимисан?! Кўчмайман, эшитдингми, кўч­­майман! Нима, пешонамга яккаш сарсон-саргардон­лик битилганми? Ёки мени синаб кўряпсанми, сир ол­моқчимисан?!
Жавлон сакраб туриб, диванга ўтирди. Стол ус­тида ётган сигаретдан олиб тутатди. Уни ташлаб, бош­қасини чекди.
– Ҳай, ҳай, намунча дағаллашиб кетмасангиз, – майингина кулимсираб ўзини оғирликка олди Муҳайё. – Янги танишганимиздаги анави гапларни айтяпсизми? Тўйгача ваъдаларнинг кўпиги кўп бўлади. Сиз биттагина ваъдангизни бажармай қўя қолинг! Мен буни ҳеч қачон юзингизга солмасликка сўз бераман. Ахир ўйлаб кўринг, шаҳардан қишлоққа борсак, нимани ҳам йўқотардик! Мен ўқитувчилигимни қилавераман, сиз иқтисодчилигингизни. Қолган кам-кўстларни бирга би­тириб олаверамиз-да… Қани, буёққа ўгирилиб, бир жил­майиб юборсинлар-чи!
Жавлон Муҳайёнинг гапларини жон қулоғи билан тингларди-ю, унинг кутилмаган бу таклифига ишон­қи­рамай, зимдан қараб-қараб қўярди.
– Келинг, муғомбирликни қўйинг! – Муҳайё овозини бир парда баландлатди. – Ўзингиз ҳам жон-жон деб турибсиз-у, тарангликка бало борми! Ичдан пишганлик сизга ярашмас экан! Ўн йилдан бери бирга яшаб, хотинингизни ҳалиям синамадингизми? Буёғини билмоқчи бўлсангиз, бағри кенг қишлоқ ҳавоси, одми одамлари менгаям ёқиб қолган. Ёқиш ҳам гапми, обдон боғланиб, ҳавасмандман шу жойларга!
Жавлон индамасди-ю, Муҳайёнинг назарида, эрининг юзи ёришиб, чиройи очила бошлагандек эди. Жавлон ўрнига ётиб, хотиржам уйқуга кетганидан ке­йингина Муҳайёнинг кўнгли жойига тушди.
 
* * *

Пешонасини рўмолча билан танғиб олиб, тупроқ босиб қолган шох-шаббаларни ажратаётган Арслон отанинг кўзи бир зум тиниб кетгандек бўлди. Қаттиқ ташналикни ҳис этиб, нарироқда турган човгум жўм­рагини оғзига тутди. Човгумнинг қопқоғи кесак­лар орасига тушди-ю, чолнинг оғзига бир-икки томчи томди холос. У сувни аллақачон ичиб бўлган, қолган-қутгани ҳам иссиқда буғланиб кетган эди. Отанинг шу дам жуда кўнгли тушиб кетди, бирдан дармони қуриди. Ногаҳон кампирини қўмсаб, бирдан йиғлаб юборай деди-да, жовдираётган кўзларини узоқ-узоқларга тикди. Олис-олисда қишлоғи сари ғизиллаб келаётган машиналар кўриниб турарди. Чол улардан кўз узолмай қолди, чуқур хўрсиниб қўйди. Тўнғич невараси билан истараси иссиқ келини кўз олдига келди. Қулоқлари остида кенжа неварасининг қичқириғи эшитилгандай бўлди, бўйнига чирмашган жажжи қўлларини ҳис этди. Афсуски…
Дармонсизланганидан тиззалари қалтираб кетган ота қалқиб, кесаклар уюми устига ўтириб қолди. У катта йўлдан бурилиб, маҳалласи томон яқинлашаётган машинадан кўз узолмасди. Гўё бир зум қарамай қолса, йўқотиб қўядигандек, киприк қоқмай ўтирарди. Машина сеҳрланган каби Арслон ота уйи томон бурилди. У қияликдан вағиллаганча чиқиб келиб, ариқчадан бир силтаниб ўтди ва дарвоза яқинида тўхтади. Кабина эшиги очилиб, жингалак соч, қоп-қора юзли шофёр сак­раб тушди.
– Ҳорманг, бобой, юракдан ҳам бор экан-да, а? Бир ўзингиз қўрқмасдан ҳамма уйларни бузиб ташлабсиз!
Ота шофёр билан ўрнидан турмасдан кўришди, индамасдан қандайдир илинж билан унинг оғзини пойлади. Шофёр чолнинг қўлини қўйиб юбормай туриб сўради:
– Ота, ветврач Турсунбой аканинг уйи қаерда? Жуда керак бўлиб қолди.
Чолнинг гапиришга мадори қолмаганди, қўли билан юқори маҳаллага ишора қилди. Машина ўтиб кетгач, ота титроқ бармоқлари билан човгум дастасидан оҳиста тутди, ўнг қўлига таяниб, ўрнидан аранг турди, бошини қуйи эгганча, ариқ томонга жўнаган ҳам эдики, ортида машина тўхтади. Аранг ўгирилган отанинг ажинлар қуршовидаги кўзлари порлаб кетди. Машинадан тушган йигит ўғлига, сумка кўтарган аёл келинига ўхшарди. Болалар ҳам неваралари шекилли…
– Бобом, бобожоним!
Тўнғич невараси Лола чопганча келиб, бобосининг бўйнидан қучди, юзларидан чўлп-чўлп ўпди.
– Эй, Худо, борингга шукур, кўрсатганингга шукр, – шивирлади ота ташналикдан қақшаб кетган лаб­­лари билан. Қария қоқсуяк, қалтираётган бар­моқлари билан неварасининг сочларини силаркан, серажин юз-кўзларига ёпишган чангда из қолдириб томчилар думаларди. Бу терми, кўз ёшларими… билиб бўлмасди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.