Бир мунг келади, қадимлардан тўғри чиқиб, кўкрагимни қийиб ўтганича эртанги кунимга тортилиб туради бу ингичка сим дор. Болалик кунларим шу дорга тизилган.
Ойим, тиззаларида тикиш, нигоҳлари игна тешигидан ўтиб, узоқ-узоқларга – қизликлари ўтган узоқ тоғдаги Гараша деган қишлоққа кетиб қолган. Оғир сўлиш олишларидан биламан: э-э, тошқўрғонда турар эдик, бир ёнғоқлар бор эди, бир ёнғоқлар! Хаёлимга ҳайбатли тоғлар келади, шарқираган сойлари бўйи қуюқ ёнғоқзор. Ойим бир куни сув олишга тушсалар, бир одам осмонга шохалаб кетган шундай ёнғоқнинг тагида унга қараб туриб: “Э-эҳ-ҳе! Аққол солибди бу!”, деган экан, шиғил солиб турган ёнғоқ бечора шу заҳоти ўртасидан қарс айрилиб, синиб тушибди. Кўзи шунақа ёмон одам, бир нарсага тикилмасин, тўғри бўлгани одамми, ҳайвонми, ўзича ўйсиз ўсиб ётган дарахтми, нима бўлмасин, шикаст етар экан. Яхши ҳам кўзи ёнғоққа тушган, ойимга қарамаган, қарагандами, Худо кўрсатмасин, ойим ҳам, мен ҳам бу ерда шундай ўтирмаган бўлар эдик деб, неча-неча йиллар олдинги хавотирдан энди сесканаман. Қўрққанидан елкасидаги обкашга илинган сатилдаги сувгача дир-дир титраётган кичкина қиз кўз олдимда келиб, Гарашага, ойимнинг ўша ёшликларига тушиб бориб, кўзлик одамдан қўригим келади.
Ойим Гарашани гапиришдан олдин бир чуқур нафас олиб оладилар-у, мени бу ерда қолдириб кетадилар. Гарашани гапираётганларида эгилиб пастдан кўзларига қарайман: йиғи йўқ, йиғлагани ёш қолмаган.
Бугунларга келиб биламан, йиғлайдиган кўнгилларини ўша Гарашага қўйиб келганлар, бу кўнгил қўл бўшаб, тинчини топгани чоғлари “ҳий-й” деган сўзсиз фарёд бўлиб изланади, йилларнинг тах-тахидан сизиб ўтиб келиб, менинг ҳам юрагимни симиллатади.
Самарқанд уч юзу олтмиш дара,
Кўрмадим ҳеч бир одами дусара…
Маталми, қўшиқми, хиргойими, нималигини билмайман, бошқа давоми йўқ. Ойим менга мени кўрмай бир қараб қўядилар. Ўзимни кераксиз, бегона сезиб, юрагим шувиллаб кетади. Сўрашга тилим айланмайди. Биламан, э-э, болам, одамзотнинг бир гапи-да бу ҳам, деб қўядилар, холос. Ичимга ғулғула кириб, ойимга шу ўтиришимда қараб туриб, ўзим кўрмаган Самарқанднинг кунгурали қоялари устидан учиб ўтаётган бўламан, пастдаги дараларда оломон шовқинлайди, ғовир-ғувурда отим ҳам умид билан чиқиб туради, шу учган кўйи юрагим така-пука, одами дусаранинг изига тушганман, уни излаяпман-у, учратиб қолишдан қўрқаман; калласи иккитами ё орқа-олди ҳам бет битта бошми деб кўз олдимга келтиролмай ҳам ғам босади. Унинг йўқлигини, минг изласам ҳам учратмаслигимни билиб, излаш ваҳмидан қутулгим келмайди, шу ваҳмда учиш нимадир мардлик ҳам бериб, ойимнинг ҳимоясида кезавераман.
Кўп учганман ўзим кўрмаган Самарқанднинг устида.
Тошқўрғони қанақа бўлса, уйлари ҳам тошдан тикланиб, баланд деворлар билан ўралганмикан? Ғазирамиздаги уйлар хомғиштдан қурилади ё синч. Иморатларнинг қўшошёнлиги йўқ. Чиқиб баҳорикордан қараса, ҳаммаси устига ғубор ёйилган кўкликка кўмилиб кўринади. Ғубдин тоғимиз етти чақирим нарида, қорлар биринчи ўша ёққа тушади, лекин қишда туравермайди, ҳар қанча ёққани ҳам кўкламнинг бошига етмай эриб кетади. Ўйнагани чиққанда бургут-мургут деган нарсаларни кўрмаганмиз. Архар бўлган дейишади, лекин бу ҳам маҳоват, ҳамма тоғда бўладиган айиқнинг уруғи ҳам йўқ. Ҳай, номига каклиги бор, одамлар тутиб, тўрқовоқда сайратиб қўйганини эшитиб қоламиз. Тоғимизнинг нари ёқлари ичкарилаб кетган, жуда катта деб гап қилишади, аммо бу ёқдан, Ғазирамиздан кул босган тепалик мисол кўринади. Тоғ оти бўлгандан кейин қўр тўкиб турса, унга қараганда кўнглинг кўтарилиб кетса-да.
Ҳе-е, бу ёқда сиқилишдан бошинг чиқмайди. Ойим устимда қарчиғайдек қанот ёзиб олганлар: ҳай болам, у билан ўйнама, бу билан пиёла алишма, хом сув ичма, офтобанинг офтобда қолганига қўлингни ҳам ювма, терлаб Қипчоқариққа тушма, наҳор уйдан оч чиқма, бир тишлам нон билан бир пиёлагина чой эсингда турсин, йўталсанг жон қоладими менда, тиришма гапимга, аччиқчангдан ўргилдим… сени одам қилгунча ўзим ўлиб бўламану…
Тугамайди! Қақшашга мени атайлаб туққанлар, тергаб толмайдилар. Ҳа, қўйманг, деб бақириб ҳам бераман, ер тепаман, араз қилиб сакраб тураман, далага кетиб қоламан. Э тавба, ўзимда эс йўқми! Ахир, ўйнамайми ҳеч ким билан, мактабга бормайми, тўйга кирмайми! А, у одам айириб ўтирмаса, бир доридими, кейин тамом, бу бола яхши бола, овқатдан олдин қўлини ювади, қўлини касали борлар билан бир товоққа узатмайди, пиёла алишмайди деб қўйиб қўймайди, олиб кетаверади. Ойисининг айтганини қиладими, қилмайдими деб сўраб ўтирадими!
Лекин ойимдан кун йўқ, жуда ошиб тушадилар – сувга туйилиб қолсам ҳам юраклари ёрилади!
Мусаллам мен тенги, ҳамсоямиз, орамизда битта уват, уларнинг ошкадиси палаги бизникига ўтиб тугади, олмурудимизнинг ярим шохи уларникига солинган, дастурхон устида икки уй бир-биримизни кўриб ўтирамиз, ўртада ол товоғим-бер товоғим. Ойим ўзлари Зийнат хола билан гурунг қилиб, бемалол пиёла алмашиб ўтирадилар-у, менга келганда, ҳай, у ёққа ўтма, ўйнама шу Мусал билан, деб шивирлаб улар ёққа чимрилаверадилар. Қаттиқ шивирлайдилар, бақиргандан ҳам баттар: касал бўлмаса ҳам одам қўрқиб кетади.
Мусаллам билан бир синфда ўқиймиз. Болалигимизда кўп бирга ўйнар эдик. Кейин бир-биримиздан сал тортинадиган бўлдиг-у, лекин мактабдан бирга қайтамиз. Қорамағиздан келган, миқтигина, югуриб чарчамайди, йўталиб юрганини ҳам билмайман, шунга отасидан касал юқмаган деб юрар эдим.
Ундан кўм-кўк пахтанинг ичида бўйнини чўзганча оғзини очиб қараб тургани чизилган расмдек аниқ хотира қолган. Ҳали мактабга ҳам бормаган вақтларимиз, яшинмачоқ ўйнаб юрувдик. Бўйимизни кўмадиган бўлиқ ғўза, ётиб қарамаса, ўтириб бекинган Мусаллам кўринмайди, уни топаман деб икки эгат ўртасига энди бошимни қўйганимда бирдан ғийқ-ғийқ, ғичир-ғичир бўлиб қолди. Сакраб турдим, Мусаллам ёнимда, бу эгатда экан, бўйнини чўзди. Икки томони яккам-дуккам тут йўлдан қатор арава ўтяпти, йўлнинг чуқуридан фақат аравакашу аравага босилган беда кўринади, отнинг боши силкиниб чиқади, мисоли кўм-кўк кўл сувида ғарам ортилган от бошли қайиқ карвони сузиб кетаётгандек. Шу анқайиб туришимизда қаторнинг бошида келаётган аравакаш бизни кўриб, шотида тикка турди-да, қамчинини ўқталиб, пўписа қилди, “Ҳа, бемазалар! Айтиб бераман!” деб бақирди.
Бекорга туҳматга қолаётганимизни билмай, томошадан ҳайрон Мусалламнинг ўша беайб туриши ҳозир ҳам ич-ичимда бир хўрсиниқ уйғотади. Унинг нима бўлишини билиб, индамай юргандек, билиб ёрдам қилмагандек, нимадир ичимни эзиб ўтади.
У еттинчи синфда ўқиётганимизда ўлиб қолди. Қанча хасталанди, Пўшкинда ётиб келдими, йўқми, билмайман.. Эрталаб уйларидан ҳувиллаб йиғи чиққанида бор эдим, лекин кўтариб кетишгани эсимда қолмаган. Шу, чиқариш вақти келганда ойим мени, бола нарса, кўриб юрмасин деб, бор, молларингга қараб, китобингни ўқи, тушга келмай, Булунғурга тушсанг ҳам майли, деб далага кеткизиб юборган бўлсалар эҳтимол. Лекин кейин келиб уйимизнинг орқасига чиқиб, икки чақирим у ёқдаги Валибобо мозоратига тикилиб тураверганимни биламан. Унинг тўп қайрағочлари устида қандайдир қора шарпалар изғигандек, осмон ҳам бурқиниб олган; ичида ётган ўликлар кучанаётгандек дўмбайган гўрлар орасидаги янги тупроқ тагида бош-оёғи оққа ўроғлиқ Мусаллам тепага қараб ётибди, лаҳад қоронғисида қўрқув босиб: “Устимни очинглар! Ўлмаган эдим! Нимага эшитмайсизлар!” деб тинмай чинқиради, чинқириғи устидаги қалин тупроқни тешиб ўтиб, қулоғимгача етиб келади, мен эшитяпман, лекин тинч бир даҳшатда қимирламай туравераман.
Бу мозоратда молимизни боқаман, пичан қиламан, ўлик кўмганларида бориб қараб ҳам турганман. Томошадан юрагим сескангани билан, кўпчиликнинг орасида, унча қўрқмаганман. Лекин ҳозирлари ҳам изғирин алам билан юзимга чанг солаётгандек, Мусалламнинг бир ўзи ётгани мени ҳам тортиб кетаётгандек бўлаверади.
Ойимнинг бизни жон ҳалак қўриб-қўнжишларича бор эди: кўҳна касал Мусалламларнинг уйидан ҳаммани қуритмагунча кетмади. Олдин отасини олди, кейин Мусалламни, дардларда куйган онаси сўғин йиқилди, йўқ, орада онанинг укаси, Мусалламнинг катта тоғаси Баҳром ака ўтди (у кишининг хотин-бола-чақаси нима бўлди, ёдимдан буткул ўчган, лекин иккита рўзғор битта ҳовлида, Мусалламнинг отаси ичкуёв эди шекилли), сўнгра ҳали уйланмаган кичик тоғаси Ҳамдам ака ҳам қайтиш бўлди. Битта беш ёшли Тешани амакиси Эшим кал ўзига олгандан кейин, шунча боласини ютган азахонада ғам ютиб бир боши билан Зийнат холанинг ўзи қолди. Тарашадай қотган, касал илинадиган эти ҳам йўқ питрак кампир энди яшаб ҳам нима қилдим деб, дунёга қўл силтаб ўзи ҳам кетиб юборди. Тупиркилос обод бир ҳовлини секин-секин одам турмайдиган чолдеворга айлантирди. Эшим кал ўзига янги жой қилганда бу уйларни бузиб, болорларини олиб кетгандан кейин деворлари осмонга анграйиб, одамнинг юрагини увиштирадиган ваҳимазор бўлди-қолди. Бир ўзим бўлсам, тиклаб қарашга ҳам юрагим бетламас эди: кимдир паст бир йиғи товуши билан ўзига чақираётгандек туюлаверар, бу йиғи Мусаллам ҳам бўлар эди. Ҳовли неча йил ташландиқ ётди, ҳамма ерда юрадиган илон ҳам чиқмади бу ердан, балки шу палакат нарса ҳам омонатини авайлаб бу ерга яқин йўламагандир.
Асли бутун балонинг кони кунботишдаги Пўшкинда эди. Шамол ўша ёқдан туради, тупиркилос касалларнинг йўталган нафасини бизнинг Ғазирага олиб келади! Шу зарарланган ҳаво тўғри ўпкага урилиб тургандан кейин гўрга қочасанми! Сил касалликлари шифохонасини қуриб қўйган ўша ерда, бутун тумандан ётқизилган силлар йўталиб, кўҳна касални ҳавога ёйиб ётади. Нимага бунақа касофатхона одамларнинг орасида, қишлоқнинг ўртасида бўлиши керак? Овлоқроқ жой қуриб кетганми? Ана, Ғубдиннинг тагидаги Қорақасмоқ, одам турмайди, дарахтлари кўп, серсоя, саратонда ҳам ҳур-ҳур шабада уриб, тоғдан бери ёйилган баҳорикорларга ўтиб кетади. Кейин, қадамжой, ёздан одамлар бориб жонлиқ қилади, қўй сўяди, касалларга ҳам яхши. Қиши қаттиқ, ёзлари қайнаб кетадиган паст ҳаволи, чанг-чунг Пўшкинда пишириб қўйибдими!
Биз томондан, Ғазирадан туриб тикилиб қараса, тупиркилоснинг шу Пўшкин ёқдан, ўртадаги Исталиннинг дарахтлари оша ими-жимида сийпалиб ўтиб келаётгани кўриниб қоладигандек ҳам туюлар эди.
Лекин ногаҳонда ўзи ҳам лоп этиб келиб қолади. Мактабга борсак, оқ теракми-кўк терак ўйнаб, копток тепадиган жойимизда сўррайиб турган бўлади-да! Ҳамма ёғи, ойналари ҳам бир хил оч кўкка бўялган узун тобут! Қочиб кетишга оёқ ҳам ишламай қолади. Ана, касали очилиб қолишидан қўрқди, деган гап чиқиши бундан ёмон… Қатор навбатда турамиз, ҳамма ўзи билан, ўзининг жони ташвишида, атрофга жавдираймиз, бир-биримизга бегонасираб мўлтираймиз. Касал эмасман, кирмайман, менга тегманглар, деб ичимизда изиллаб йиғлайверамиз, лекин ҳимоячи йўқ, отамиз, онамиз бу ерда эмас, муаллимларнинг эса ўзлари ушлаб беряпти. Қоронғида қалт-қалт титраб, яланг кўкрагимизни рентгеннинг совуқ темирига тутамиз, ғира-шира кўринаётган халатли хотинга унсиз ёлвориб қараймиз. Автобусдан тушгандан, қаранглар, мана, бу касал чиқди, ушланглар, деб яна шу автобусга тиқиб Пўшкинга жўнатиб юборишадигандек, ғирра жуфтакни урамиз. Синфда ё кўчада нафас ростлаб олгандан кейин, дўхтир хотин ҳеч нима демади-ку деб, мардлигимиз ҳам тутади, рентгенга қўрқмай тушганимизни мақтанамиз, намойишга қаттиқ-қаттиқ йўталиб, бу бошқа нарсадан деб бемалол изоҳ берамиз.
Яна битта эмлашлари бор, бу ҳам қўрқитади-ю, лекин кўпчиликнинг ичида, рентгенчалик эмас. Билакни чизиб тилиб, ачитмайдиган ҳам бир дори қўйишади: касални шунақа қилиб юқтириб кўришар экан, агар тилинган жой қизариб шишса, организм соғлом, қаршилик кўрсатяпти; шунақа гапга жуда ишонамиз, организм нималигини ҳам биламиз, шишмаса – урди Худо, Пўшкинга талабгор, энди бошланаётган бўлса, семиз-семиз қўй гўшти, қуйруқмойни уравериш керак, шунда қайтади. Катталарнинг оғзидан олинган бу гапга жуда ихлос қўйганмиз.
Бир куни нимадир иш билан Пушкин колхозига борганимда ўша касалхонанинг олдидан ўтдим. Даҳшат – одамлар яшайдиган жойнинг ўртасига қурилган! Гирд айланаси ҳовлилар, эгалари эса ёнларида шунақа юқма касаллар борлигига парво қилмай, бемалол кириб-чиқиб турибди. Эй инсонлар, ахир, ахир… нимага бу ерда яшайсиз, деб бақиргим келди, лекин буни ўзлари ҳам билади-ку, қаёққа ҳам кўчишсин, биров бошқа жойда уйлар қуриб, тайёрлаб қўйибдими, кейин ўзлари ҳам ўрганиб, иммунитет пайдо бўлган, дедим яна ичимда. Иммунитетни ҳам кўп гапирар эдик: одамда шу кучли бўлса, мингта касалнинг ичида бало ҳам урмайди.
Тупиркилос Мусалламларнинг оиласидан шунча одамни олиб кетиб, ўртада девор ҳам йўқ, худога шукр, уйимиздан биттамизга ҳам кўзини тикмади. Бу энди ойимнинг ғайратларидан. Энди ўйлаб қойил бўламан, нима қилиб бўлса ҳам бизга касал текизмаганлар-да.
Қушда тиним бор, менда тиним йўқ, дер эдилар. Эртадан кечгача рўзғор билан томорқага фидо, кўзу қулоқлари бизда, катта қидиришлари Ғазиранинг бозорига тушиб келиш. Ҳатто Самарқандга ҳам бормаганлар. Жиндай нафас ростлаб, қўлларига тикиш олган пайтлари Гарашани дард қилиб қоладилар, унинг тош қўрғонлари оралаб ёнғоқ тагида шарқираган сойида ҳасратлари оқиб кетади.
Гарашани ойим бу ёққа тушганларидан кейин қайтиб кўрмаганлар, шундан у қишлоқ хаёллари кун-кундан чирой очиб, ёнғоқлари тобора гуркираб, тоғи ҳам осмон қадар баландлаб кетаверган. Фақат Самарқандда кўринмаган одами дусара тўғрисидаги мунгли маталларининг мағзини чақа олмайман. Нимага дараси уч юзу олтмиш эканини ҳалигача билмайман. Лекин шуни айтсалар, нимагадир Гарашанинг тоғлари менга яқин келади, қорларидан оқиб келган ҳаводай тип-тиниқ сувлар бўйида, тош қўрғонларида яшайдиган одамлари ёнига касал ҳам чиқа олмайдигандек туюлади, ўша ёқда бўлганимизда ойим менга бунча кўп жаврамаган бўлур эдилар.
Ғазиранинг кўкликлари ичида сувга чўккандек юраман, нимага қишлоғимиз тоғда эмас деб кўнглим чўкади. Ғубдинимизнинг булут кўланкасидек келбатига қараб ўзимни камситаман: нимага бунча паст, чўққилари чўққи эмас, дўнгалак, қишдан ёққан қордан ёзда оқ қалпоқ киймайди, шу ҳам тоғ бўлдию. Лекин Гараша! Катта бўлсам, ойимни олиб бораман, деб шунчалар орзу қиламанки! Аммо катта бўлиб, ўзимдан бўшамадим, машиналик бўлиб, олиб боришга имкони келган пайти эса ойим ётиб қолдилар – армонлари менга қолди.
Ҳозирлари шаҳарда яшайман.
Мен турган жойдан тоғлар кўринмайди.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди.