Ўроз Ҳайдар. Руҳият фарроши (2012)

Мен илк машқларимни эслолмайман. Аммо “Гулхан”, “Ғунча” сингари журналлар таҳририятидан кўнгилни кўтарувчи мактублар олганим эсимда. Ўша пайтлари қўлига қалам тутган кимса борки, улардан “тарбияловчи” нимарсалар талаб қилинган. Бизнинг қишлоғимизда бир машҳур молбоқар бўларди. Мен илк марта ана шу киши ҳақида ёзганман. Унинг ўзидан ҳам номи машҳур эди. Биласизми, ана шу одам кексайган чоғида дилдан ҳамсуҳбат бўлдим. “Поданинг энг яхши соғин сигирларини “катта”ларга совға қилардим-да, ўрнини кичикроқ ғунажинлар билан тўлдириб қўярдим, болам”, дейди. Бу қаллобликда подачининг қанчалик айби борлигини билмадиму, аммо ана шу “ишбилармон” киши ҳақида шеър ёзганим рост.
Мақтанишга йўймассиз деган умид билан айтишим мумкинки, мен болаликдан шеърга нисбатан жуда талабчан эдим. Шунинг учун “Ўқиш китоби”ни унчалик жиним суймасди. Китобдаги шеърлар ёқимсиз эди. “Роса пишса ёз ойлари, Қашқадарё буғдойлари…” сингари туйғусиз шеърларни бидиллаб айтишганида пешонам тиришиб кетарди. Бунақа қофиялар шақилдоғини чалгувчи шеърлар ғиж-ғиж эди. Айниқса, “Менинг икки онам бор” деб бошланувчи шеърни ўқиб роса кулганман. Ўқитувчим Жўра ака мени доскага чиқариб, шу шеърни ёд айтишни сўраганда: “Менинг икки энам йўқ” деганман.
Шу ўқитувчимизнинг яхши бир одати бор эди. Қўшимча дарс соатларида янги-янги эртаклар ўқиб берарди. Яхши таассуротлар билан уйга қайтардик. Яна бир одати: энг қолоқ ўқувчиларни ҳам мактаб кутубхонасига етаклаб бориб, болаларбоп китобларни танлаб ўқишга мажбур этарди. Юқори синфларда адабиёт фани ёмон ўқитилди. Мутахассис етишмаганидан чет мактаблардан ўқитувчилар ёлланарди. Уларга йўл узоқлиги сабаблими, дарслар ўтилмай қолиб кетарди. Болалар ўйинқароқ бўлиб қолишганди. Адабиёт дарслари кўпинча танаффус билан ўтганлиги учун болаларда фанга нисбатан меҳр йўқ эди. Шунинг учун ҳам мактабни тугатгандан кейин кўпчилик синфдошларимиз аниқ фанлар бўйича олий ўқув юртларига киришди.
Дарвоқе, ўша пайтларда олий ўқув юртларига киришда иншо ёзиш шарт қилиб қўйилган эди. Ростини айтиш керак, иншо саводхонликни белгилайди. Бугунги ўқувчилар иншо ёзишни нечоғлик билишидан бехабарман, аммо мана шу анъана ниҳоятда фойдали эди. Бугун шунчаки сўзларни ҳижжалаб ўқийдиганлар ҳам уялмасдан истаган олий ўқув юртига ҳужжат топширишаяпти. Назаримда иншонинг мавқеини тиклаш керак.
Адабиётга қизиқишим Чингиз Айтматовнинг “Момо ер қўшиғи” асаридан сўнг бошланган. Китобга киритилган “Бўтакўз” қиссасини гўёки шеърдай ёд олганман. “Ҳей, академик” садоси ҳалиям қулоғим остида жаранглаб туради. Ўқувчилик йилларида болалар ҳақида шеърлар машқ қила бошладим. Шоир Турсунбой Адашбоевнинг “Олатоғ – лолатоғ” китоби менга қанот берган. Табиат манзараларини ёрқин бўёқларда акс эттирувчи шеърлар қуймалиги билан ҳайратлантирган. Шундан кейин молбоқару товуқбоқарлар ҳақида ёзишни бас қилганман.
Илк шеърим раҳматли акам Назар Шукурнинг ташаббуси билан “Ёшлик” альманахида босилган. Ўшанда 22 ёшда эдим. Энам раҳматли халқ оғзаки ижодини яхши биларди. Акамиз иккимизга термалар айтиб берарди. Ёзнинг сутдай оқшомларида иккаламиздан “Жетиган жулдуз жеттига борса савоб бўлармиш, нафас чиқармай айтинглар” дерди. Ака-ука бўғилиб қолгунча бу калимани айта-айта ухлаб қолардик. Шоирлик нуқси иккаламизга ҳам онамдан юққан.
Илк тўпламим “Навқирон давра” жамоа тўпламида “Қуёш ўтови” номи билан чиққан. Қаттиқ суйинган бўлсам керак, энам: “Севинчингни ичингга ют, болам”, деб қўйганлигини эслайман. Аммо китобимни қўлимга олиб бирор кишига тутмаганман. Профессор Низомиддин Маҳмудов менинг ижодимга алоҳида эътибор берганлиги кўнглимни кўтарган. “Куйловчи тошлар” тўпламим ҳеч қандай баҳоланмади. Ҳеч кимдан эмас, ўзимдан ўксиндим. Мардона ва дадил ёзмоқ кераклигини уқдим.
Энг оғири, акамнинг вафоти мени чилпарчин қилиб ташлади. Узоқ йиллар қўлимга қалам тутолмай юрдим. Ёзганларим оҳорсиз эди. Туман адабий муҳити эса ниҳоятда ғариб эди. Ана шундай паришон кунларнинг бирида кекса бир чўпон елкамга қўлини қўйиб: “Ўроз, сен ўзингни дадил тут. Энди икки шоир учун яшашинг ва ижод қилишинг керак. Айримлар акаси шеър ёзиб бериб юрганлиги учун ҳам у ёзишдан тўхтаган деб айтаяпти. Сен чекинма” деди. Устимга бир челак совуқ сув сепиб юборгандек бўлди. Чўпоннинг мана шу далдаси ҳамон қалбимга қўр ташлаб туради. Шундан сўнг ўз синиқларимни териб олиб, ҳаётга мардона боқдим. Акамнинг қўлёзмаларини алоҳида тартибга солдим. Уларни кўз қорачиғидай сақлаб келаяпман. Бир сафар укам Шоимназар: “Шоирнинг орқасида уни тушунадиган одам қолиши керак экан. Мен бу қўлёзмаларни эгасига вафолик қилмаган деб ёқиб юборган бўлармидим” деганида юрагим музлаб кетди. У барибир ҳақ эди. Кўзимдан ёш қуюлди. Шоир учун уни тушунадиган таянч зарур. Акамнинг “Орзуси мўл кетса шоирни тушун” сатрлари вужудимга олов пуркайди. У ўзи ҳаёт бўлганида бир варақ қоғозни ҳам менинг зиммамга ташламаган бўларди. Аксинча, менинг тиниб қолишимни сира истамасди. Ҳатто ўлимидан икки ой олдин “Санъат саройи” йўлагида менга: “Ўроз, ҳали сен яхши шеърлар, насрий асарлар ёзасан. Сенга ишонаман, зўр шоир бўласан” деганида аввалига тошдай қотдим. Кўзимдан ёш потради. Юрагим ях тортди, юришга мадор топмай қолдим. Ўшанда ака-ука ярим кечагача гурунг қилдик. Энди билсам, ўша пайт менга у видолашув сўзларини айтган экан.
Акамнинг вафотидан кейин “Вақт хиёбонида”, “Видо”, “Мени кечир, муҳаббат”, “Сен қайтмасанг” сингари китобларини нашр эттирдим. Одил Ҳотамовнинг “Юксакдаги дарахт” хотира-қиссасини чоп эттиришга эришдик. Хотира-қисса самимий битилган. Китобни ўқиб, акам ҳамон биз билан бирга нафас олаётгандек туюлди. Бу китобларнинг чоп этилишига укам ҳомийлик қилди. Аммо китоблар жуда кам нусхада чоп этилди. Акамнинг қўлёзмаларини ўрганиш жараёнида янги-янги шеърлари топиляпти. Армоним: мана шу битиклар кенг миқёсда ўқувчилар қўлига етиб бормаяпти.
Инсон ўзининг ўзи тарбиячисидир. Тўғри, устозлар ижодий туртки беришади. Шеърларимни акамдан яшириб, Одил Ҳотамов билан танишиб қолиб, у кишига кўрсатмоққа журъат топганман. У киши машқларимни ишлаш жараёнида улуғ ижодкорлар асарлари ҳақида тушунчалар бериб борган. Ҳақиқий шеър қандай ёзилишини дам-бадам эслатиб турган. Аҳмад Аъзамга бир туркум шеърларимни кўрсатмоққа жазм қилдим. У киши сийлашни ёмон кўрарди. Роса “патим”ни тўкиб, ўнга яқинини “Ёшлик” альманахига олиб қолди. Туркум шеърларим шу боис матбуот юзини кўрди.
Орадан йиллар ўтиб, иш юзасидан Қарши шаҳрига келишим ижодим тубдан бурилишига сабаб бўлди. Ижодкор изланмай қўйган кунидан бошлаб тўхтайди. Шоир ўсиб ва ўзидан ўзиб ёзмаган куни жарликка қулайди. Шоирнинг тўшаги ҳамиша жар лабида тўшалган бўлади. Шуни айтишим керакки, менинг тенгқурларим ва беш-олти кўйлакни илгари йиртган ижодкорларнинг кўпчилиги йигирма-ўттиз ёшида қандай ёзган бўлса, эллик ёшда ҳам шу кўринишда ёзишаяпти. Китобларини қайта-қайта ўқийман, ўша-ўша.
Назар Эшонқул, Баҳром Рўзимуҳаммадлар билан алоқа ўрнатиш менга ижодий қанот бахш этди. Машҳур шоир Абдулла Шер сабоқлари ёзишга ва ҳушёрликка рағбат уйғотди. Менда ижодий туртки уйғотган ижодкорларни устозим дейишга ҳақлиман.
Шу кунгача йигирмага яқин тўпламларим чоп этилди. Ададига келсак, 45000 нусхани ташкил этади. Айримларини шошиб тайёрлаганимдан изза чекаман. Мен ўзимни катта шоир бўлдим дейишга ҳаққим йўқ. Шоир сафар одами. Ўз дунёсининг сайёҳатчисидир. Ижодкор ёзганидан қаноатланган кун тугайди. У сафар йўлланмасидан маҳрум бўлади. Ўзимга қаттиқ талаб қўяман. Тўғриси, кейинги пайтларда мадҳ этувчи шеърлар болалаб кетди. Худди саратон хасталигини эслатади. Юракни ғижимлайди. Ҳаводан ҳаво ютолмай қийналасан. Маддоҳлик балои офат. Баъзида мадҳ этувчи шеърларни қасидага йўямиз. Қасиданинг ўз шакл-шамойили борлигини унутмайлик. Ҳазрат Навоийнинг “Тафаккур туҳфаси” қасидаси қасида қандай ёзилишини белгилаб берган. Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидасини олайлик: “Темур тиғи етмаган жойни Қалам билан олди Алишер” сатрлари қалбни юксакка кўтаради. Қасида бошдан оёқ нурли сатрлар билан тўйинган. Ватаннинг обод ва озодлигини мақолабоп сўзлар билан эмас, янгича ташбеҳлар билан безатиш лозим. Шўро даврида “Менинг бобомлар – Ленин бобомлар” каби сатрлар билан шеърлар битиб, китобини нашриётдан чоп этилишини талаб қилган қанчадан-қанча шоирларни кўрдик. Ҳатто адабиётга оталик даъво қилганлар ҳам бўлди. Қани, энди уларнинг асарлари? Бор-йўғи макулатурага айланишди.
Адабиётсиз тириклик сувсиз қақраб ётган дарё ўзанини эслатади. Адабиёт – руҳ фарроши. Инсон руҳи покланмас экан, вужуди оғирлашади. Борлиғи юраги тубига қулайди. Адабиёт инсониятни маънавий юксакликка етаклайди. Адабиёти юксалмаган миллат эрта қарийди, қуриган оғочга айланади. Бугунги кунда мактаб адабиёт дарсликларида жаҳон адабиётига жуда кам ўрин берилган. Менимча, 6-синфдан бошлаб жаҳон адабиёти дарслигини яратиш керак. Катта дарёдан сув ичган ёхуд уммон қудратини ҳис этган қалбда ҳаётга теранроқ қараш хусусияти шаклланади. Чехов ёки Фолькнер ҳикоячилигини билмасдан туриб насрда ютуққа эришиб бўладими?!
Яқинда бир гуруҳ талабалар таҳририятимизда амалиёт ўташди. Улар ижодий мулоқотларимиздан бирида жуда аччиқ бир мулоҳазани ўртага ташлашди. Улар айтишдики, “Ҳозирда яхши-ёмон адибларни ажратиб бўлмай қолди. Бойвачча тоғаси ёки амакисининг пулига китоб чиқараётганлар кўпайиб кетди. Айрим ёзувчилар бир ҳафтада роман ёзиб ташлашяпти. Ҳашар йўли билан асар ёзувчилар ҳам кўпайиб кетишган. Бу ҳолатда адабиётимизнинг эртанги куни қандай бўлади?” Бугунги ҳар бир фидойи ижодкор ана шу саволнинг жавоби устида бош қотирмоғи керак.
Мен миллий насримизни ерга урмоқчи эмасман. Аммо тан олишимиз керак, насримизнинг орқа оёғи ўз кўлагасига ботиб қолган. Китоб дўкони жавонлари детектив китоблар билан тирбанд. Дидсиз китобхонга эса барибир. Дўкондорнинг адабиёт ҳақида тушунчаси йўқ. Аслида фаросатли дўкондор энг яхши китоблар тарғиботчиси ҳамдир. Ноширларга пул керак. Чўнтаги бақувват ёзғувчидан сира ажралмайди. Ахир асарнинг бадиий қиймати бўлмаса, у айниган таомдай гап. У руҳиятни оғулайди. Енгил-елпи ёзилаётган асарлар ва сохта маддоҳликдан қутулмай туриб, юксак адабиётга йўл топиб бўлмайди. Китобхон Фолькнерни тушунмаса айб кимда? Албатта, адабиёттанувчиларнинг томошабинлиги, лоқайдлигининг ҳосиласидир. Адабий танқид тугаган жойда суваракча фикрлаш юзага келади.
Адабиётшуносларимиз ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётда кўтарилиш юз берганини эътироф қилишади. Аммо бу кўтарилиш адабиётга нима берди? Ёзувчи Назар Эшонқул бу авлодни от минган авлод деб атади. Лекин “Кеча ва кундуз”га бўйлашадиган асарлар пайдо бўлмади-ку! Оннетти, Борхес, Фолькнер, Кортасар, Кафка, Камю, Акутагава яратиқлари каби янги яратиқлар инкишоф этилмади-ку! Менимча, ижодкор ижод бобида тошнинг сувини сиқиб ичадиган бўлиши керак. Бу олий мақом ҳаммага ҳам насиб этавермас экан.
Адабиётимизда кишини қувонтирадиган жиҳат таржимачилик соҳасида пайдо бўлмоқда. Ҳозирда жаҳоннинг етакчи адиблари асарлари она тилимизга ўгириляпти. Буни олқишлаш керак. Қодир Мирмуҳаммедов (марҳум), Низом Комилов, Иброҳим Ғафуров, Аҳмад Отабой, Амир Файзулла ва бошқа таржимонлар меҳнати эъзозга лойиқ. Афсуски, бизнинг ижодкорларимиз асарлари жаҳон сари кенгроқ ва очиқроқ бўйлай олмаяптилар. Тўғри, миллий руҳдаги асарларни таржима қилиш жуда оғир кечади. Ҳерманн Ҳесси “Пушкиннинг асарларини таржима қилиб бўлмайди” деган. Шу ўринда Абдулла Орипов асарларини ўзга тилга ўгириш осон эмас. Шоир шеъриятидаги илоҳий оҳанг шовқинга айланиб кетиши мумкин. Бизнинг урф-одатимиз, осори-атиқаларимизни билмаган ва танимаган таржимон янглишиши турган гап. Ҳассос шоирнинг шеърларини таржима қилиш азонни таржима қилиш билан баробар. Жаҳон адабиётининг илғор анъаналари, умуминсоний қарашлар билан шакллантирилган янги оқимлар тажрибалари бу ўринда жуда асқотади. Миллийлик қобиғига ҳаддан ортиқ беркиниш ҳам яхшилик аломати эмас.
Бугун ҳукуматимиз томонидан адабиётимизга катта эътибор қаратилмоқда. Ижодкор аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун “Ижод” фондининг ташкил этилиши ҳам бунинг ёрқин далилидир. Шу озгина фурсат ичида “Ижод” фонди ҳомийлигида бир неча ёш ижодкорларнинг илк китоблари катта нусхаларда чоп этилди. Бу яхши-ку.
Республикамизда юздан ортиқ нашриёт бор. Ҳар бир нашриёт йилига 20-30 турдаги китобларни босмадан чиқарса, уларнинг сони қанча бўлади? Бу китобларга мухлис топиладими? Оқибатда мактаб, коллеж ва бошқа ўқув юртлари остонасида пайдо бўламиз. Яхши китоб бўлса-ку бу эзгулик белгиси. Бир чақага қиммат бўлса-чи? Яна китобхон жабр чекади. Яна уларни савиясизликда айблаймиз.
Яна бир гап. Вилоятларимиздаги адабий муҳит кўнгилдагидек эмас. Яхши ижодкорнинг асари ҳамиша ҳам ўз қадрини тополмаяпти. Кимдир яловбардорлик қилиши керак. Ёзувчилар уюшмасининг айрим вилоят бўлимлари мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида ишлашяпти. Мисол учун, мен яшаётган вилоятда сўнгги икки-уч йил оралиғида бирор марта ижодкорлар гурунги ташкил этилганини эслолмайман. Мактаб ёки коллеж талабасининг илк китоби тақдимоти ўтказилганлиги қулоққа чалинади, холос.
Аммо шуниси аниқки, чин ижодкор учун булар баҳона бўлолмайди. Фақат ёшларнинг адабий диди пастга шўнғимаслигини ўйлаб айтаяпман, холос. Бизда адабий андишасизлик унчалик модага кирмаган. Бироқ лоқайдлик душманликдир. Айтадилар-ку, “қарс икки қўлдан”. Барибир, ижодий баҳслари бўлмаган адабиёт тўниб қолади. Бу барчамизни ҳушёр этмоғи керак.

АДИБ ҲАҚИДА

Ўроз ҲАЙДАР – 1957 йил Чироқчи туманида туғилган. ЎзМУни тамомлаган. Ҳозирги кунда Қашқадарё вилояти ИИБ нашри – “Посбон” газетаси бош муҳаррири вазифасида фаолият юритмоқда. Унинг “Қуёш ўтови” (1984), “Куйловчи тошлар (1990), “Мусиқор”(1993), “Қизалоқ ва қизғалдоқ” (1993), “Ҳазилкаш қиш”, “Аксиома” (2003), “Оқ соя” (2004), “Вақт изтироби”(2005)”, “Яйловдаги оқ чодир” (2005), “Руҳафзо” (2006), “101 сонет” (2010), “Кечиккан фасл” (сайланма, 2010), “Фалак фаввораси” (2012) шеърий ва “Талваса” (2004), “Эн” (2005), “Икки ўлим” (2011) насрий асарлари чоп этилган. Бир нечта публицистик тўпламлари нашр қилинган. “Талваса” детектив романи асосида кўп қисмли видеофильм суратга олинган. “Кечикмаган тазарру” драмаси вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. “White shadow” (инглиз), “Beyaz go”lge” турк тилида китоблари чоп этилган. Бир туркум шеърлари рус, ассам, тожик, қозоқ тилларига таржима қилинган. Ҳиндистонда нашрдан чиққан “Ўзбек шеърияти антологияси”да ассам тилида ва “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”да бир туркум шеърлари ўрин олган.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди.

Ўхшаш мақолалар: