Шониёз боя олган ўнта билетини ҳалигача ўтказа олмади. Бошқалар бўлса бу вақт ичида йигирма-ўттизтадан сотиб қўйди. Ўзи, бугун, негадир, Шониёзнинг иши юришмаяпти. Эрталаб уйдан чиққанда, иложини қилиб, икки-учта билетни қимматроқ сотиб, озроқ пулни Баҳодирдан яшириб қолишни ўйлаганди. Онаси касалхонаа ётипти. Шу пулга онасига олмами, анорми, олиб бормоқчи эди.
Кино сеанси яқинлашяпти. Ҳали Баҳодирда бир юз элликтача билет бор. Агар ўтмай қолса, унинг аччиғи чиқади. Кейин ҳаммасини уришади. Шониёзга кўпроқ гап тегади.
Кассахонага иккита йигит кириб келди.
– Акалар, бари бир кассадан билет ололмайсизлар, – деди Шониёз, уларнинг ёнига бориб. – Қолмаган. Агар ҳозирги сеансга керак бўлса, мана, менда бор… Сизларга нечта билет керак?
– Иккитаси етади, – деди уларнинг бири. – Сен қанчадан сотяпсан?
– Икки сўмдан тўрт сўм бўлади. – Шониёз чаққонлик билан иккита билетни ажратиб, уларнинг қўлига тутди.
– Шошма, шошма, хоҳласанг биз бир сўмдан икки сўм берамиз.
– Йўқ, бўлмайди, – деди Шониёзнинг руҳи тушиб. – Бир йилдан кейин ҳам бир сўмга билет ололмайсизлар.
– Бари бир ҳозир сеанс бошланади, билетларинг куйиб кетади.
– Бунинг учун сизлар қайғурмасаларингиз ҳам бўлади, – дея Шониёз терс ўгирилиб, бошқа харидор излади. Аммо гўё бир нарсасини ёўқотгандай, яна ўша йигитга ўгирилди. У ҳамон синовчан тикилиб турарди. Қандайдир, қарашлари бошқача. Худди Шониёзнинг туришига раҳми келаётгандай. “Бечора, кунинг билет сотишга қолипти-да”, деяётгандай. Шониёз кўзларини олиб қочди. Аланглаб, ўзига ёмон тикилиб турган Баҳодирни кўрди.
Шониёзга ва унинг билет сотувчи шерикларига Шониёз бошчилик қилади. Баҳодирнинг танишлари кўп. Қўрқмайди. Ҳар сеансдан олдин кассисдан бир талай билетлар кўтариб чиқадиган ҳам ўша. Фойдани бўлишаётганда Баҳодир бир чисмини кассисга ажратади. “Уни хафа қилмаслик керак”, дейди. Кассир билан келишади, шекилли-да. Баъзан якшанба кунлари сеанс учун сотиладиган билетларнинг салкам ҳаммаси Баҳодирнинг қўлида бўлади. Одатда бунақа кунлари кинотеатрга одам кўп келади. Албатта, яхши фильмлар қўйиладию, Шониёз ва шерикларининг қўли қўлига тегмайди.
Посбонлардан ҳам Баҳодир қўриқлайди. Доим эшикнинг олдида кўз-қулоқ бўлиб туради. Бир-иккита шу атрофда айланиб юрадиганлари бор. Улар билан Баҳодир апоқ-чапоқ . Кўпинча пулларни бўлишгандан кейин Баҳодир ўшалар билан чойхонага кетади. Бир марта билет сотаётганда Шониёзни икки киши ушлаб: «Мактаб ўқувчиси бўла туриб, шунақа йўл билан пул топишни ўрганяпсанми?” дея судрай бошлашди. Эшикнинг олдида билмаган кишидай воқеани кузатиб турган Баҳодир бирдан йўқ бўлиб қолдию, зум ўтмай ўша, посбон дўстларидан бирини бошлаб келди.
– Сиз шу ерга бириктирилганмисиз? – сўради уларнинг бири посбондан.
– Ҳа.
– Ундай бўлса мана бу болани олиб кетинг. Кассада билет йўғу, бу бир дастасини кўтариб юрипти.
– Қайси мактабда ўқийсан? – Баҳодир етаклаб келган посбон хўжакўрсинга дўқ урди.
Шониёз гўё қаттиқ изтироб чекаётгандай, ерга қаради. Бу орада одамлар йиғила бошлашдию, посбон: “Юр, сен билан бошқа жойда гаплашамиз”, деб анавилардан ажратиб олиб ҳайдаб кетдию Ўшанда Шониёз қайта билет сотмайман, деб ўзича қарор қилганди. Бўлмади. Яна сотяпти.
Бир марта улар билет сотадиган кинотеатрга яна бир бола келиб, бир ўзи билет сотадиган қилиқ чиқарди. У жуда чаққон, Шониёзга ўхшаганлар бир кишига сотганча, у уч-тўрт киши билан муомала қилишга улгурарди. Баҳодир ўша болани четга чиқариб: “яхшиликча кет, бизга халақит беряпсан”, деди. У эса: “Ишингни қил, мен сенга текканим йўқ, сенлар ҳам менга тегмаларинг”, деб яна билетини сотаверди. Шериклар биргалашиб дўппослашмоқчи эди, Баҳодир: “Индамасдан ишларингни давом эттираверинглар”, деб сал ўтмай посбон дўстларидан бирини етаклаб келди…
Ўзи, Шониёзнинг бу гуруҳга қўшилиши қизиқ бўлган. Отаси университетда домлалик қилиб, студент қизлардан бирини севиб қолган, энди онаси билан ажрашмоқчи, лекин уч-тўрт ойдан бери тортишиб юрган кунлар эди. Ўшанда отаси доим уйга ўқрайиб келар, онасининг кўзлари мўлтиллаб қалтанглаб қоларди. Баъзан онаси ҳиқиллаб йиғлар, отаси бўғилиб бақирар “… тушунсангчи, сен ҳам одамсан, мен ҳам одамман! Ахир одамлардай яшашга ҳаққимиз борми, йўқми? Мен уни севаман! Тушунасанми шуни?! Севаман!! Сен билан шунча йил турмуш қурдик, энди яхшиликча ажрашайлик. Ахир тушунадиган хотинсан-ку, нега мени қийнайсан?”, дерди. Онаси ўкириб йиғлар, отаси жаҳл билан чиқиб кетар, ҳафталаб уйга келмай қўяр, келса, жанжал қайтадан бошланарди. “Менга қара, – дерди отаси, – уйни сенга қолдираман, алимент тўлайман. Қизиқ одам экансан! Сенга яна нима керак? Сен ҳам менинг положениямга кириб кўр-да…” Кейин отаси келмай қўйди. Худди ўша пайтлари Шониёз кинотеатрдагилар билан танишди. Кўчаларида яшайдиган бир тенгдоши билан якшанба куни бирга йўлга чиқиб қолди. Шониёзнинг қўлида озроқ пули бор, кинога тушмоқчи эди. Тенгдоши Баҳодирнинг гуруҳида экан. Билет тополмай ҳайрон бўлиб турганидан Шониёзга ўз баҳосида битта билет берди. Кино тамом бўлгандан кейин Шониёз қайтиб келиб, кечгача дўстига ёрдам бериб, билет сотишди. Кейин дўсти уни Баҳодирга дучор қилди. Шу тахлит Шониёз ҳар якшанба куни кинотеатрга келадиган бўлди. Бунинг нимаси ёмон. Ахир пул керак-ку! Онасига ёрдам берса яхши эмасми? Онаси ҳозир нима қилишини билмай, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётипти. Шониёз ҳеч бўлмаса ўз кунини ўзи кўради-ку. Якшанбаларнинг бирида Шониёз кассахонага отасининг ёшгина қизни етаклаб кирганини кўриб, қотиб қолди. Қиз гўзал эди. Агар студентлигини билмаганижа Шониёз уни тенгдошим деб ўйларди. Отаси қизни қўлтиқлаб олганча, касса тарафга борарди. Шониёз шунақа хафа бўлиб кетдики… Шунақанги хафа бўлиб кетдики,.. демак,.. онасига айтган, “кечикиб топган бахти”ни етаклаб келган. Ҳозир,.. ҳо..зи..ир… Ҳозир гаплашиб бир… Шониёз қандай қилиб уларнинг қаршисида пайдо бўлганини ўзи ҳам билмай қолди:
– Сизга билет керакми? Овора бўлманг, кассадан тополмайсиз. Мана олинг!
– Шониёз?! – гарангсиб қолган отаси беихтиёр билетга қўл узатди.
– Шошманг, аввал пулини тўланг, – деди Шониёз қатъий, ҳатто дўқ аралаш. Кўзлари ўтдек ёниб, отасининг нигоҳига қадалар, ҳар замонда ёнидаги қизчага ҳам назар ташларкан, ичини бостириб келаётган хўрлик хуружини тўхтатиш учун нуқул чираниб бақиришга уринарди. Қани энди отаси хотинчасининг қўлини бўшатиб, “ўғлим”, деса. Агар отаси шундай деса, Шониёз ҳам қўлидаги билетларни дуч келган томонга улоқтириб, томоғига тиқилиб турган йиғини баралла қўйиб юборар, отасининг бағрига отилган бўларди. Ахир иккита синглиси оталарини озмунча соғинганми? Шониёзнинг ўзи учун уйда отаси йўқлиги озмунча билиндими? Онаси озмунча азият чекдими? Ҳаммаси отаси туфайли.
Йўқ, ҳозир олдида бошқа одам турарди. Бу аввалги отаси эмас. Бу одам ҳатто бир оғиз “ўғлим” дея олмайди. “Ўғлим” дейишга ёнидаги хотинчасидан ҳадиксирайди. Севги деганлари шунақа бўларкан-да!? Йўқ, ҳаммаси майли, айниқса, кичик синглисига қараб, Шониёзнинг юраги ўртаниб кетади. Ёшига номуносиб равишда ўйчан бўлиб қолган. Отасини жуда соғинади. Яна отиб-отиб ўйнатишини, эркалатишини истайди, аммо мурғак қалби билан энди отасининг бегоналигини сезади. Ўша мурғак қалби билан ўша одамни тилга олмаслик кераклигини ҳам яхши билади. Биладию… қийналади. Синглисига қараб, Шониёз чидолмай кетадию, уйдан қочиб чиқади. Шундай, қочиб чиққан кунларининг бирида кинотеатрга келиб қолди. Энди қаршисида отаси бақрайиб турипти. Ёнида шаҳлокўз хотини. Кулимсираб, нозланиб домла –эрига тикилади. Энди имтиҳонлардан бемалол ўтса керак. Пул кўп, тайин уй-жой бор, ўйнаб-кулиб, эркатой бўлиб юраверади…
– С.. се.. сен билет сотяпсанми? Нега?
– Ишингиз бўлмасин. Оласизми, йўқми?!
– Ыанчадан сотяпсиз? – сщради ёнидаги хотини, эрининг ҳолатини пайқамай.
– Беш сўмдан иккитасини ўн сўмга сотаётгандим. Сизлар ўн сўмдан йигирма сўм берасизлар.
– Иккита билетгая? Ўйлаб гапиряпсизми? – хотинча чаққонлик билан савдолашмоқчи эди, Шониёз уни жеркиди:
– Сизга ҳеч ким гапираётгани йўқ. Жим туринг. – отасига ўгирилди. – Хўш, нега ўйланиб қолдингиз? Оласизми, йўқми?
Отаси ҳамон бир нарса дейишга ожиз, карахт ҳолда бир даста ўн сўмликларни чиқарган эди, Шониёз орасидан иккитасини олдию, отасинининг қўлига иккита билет тутқазиб, четга ўгирилди… Беҳол бўлиб деворга суянди. Бағри бўшашиб, йиғлагиси келса-да, куч билан ўзини тўхтатиб турарди.
– Шониёз, бу ёққа қарасанг-чи, Шониёз!
Шониёз чўчиб ўзига келгандай бўлди. Баҳодир чақираётганди.
– Гаранг бўлиб қолдингми? Нега индамайсан? Бир сўмдан бўлса ҳам мана буларга сотиб, пулини олсангчи! – деди бояги икки йигитни кўрсатиб.
Икки йигит билетни оларкан, савдолашгани заўарханда қилди6
– Ҳа, жўра, бир йил эмас, бир минутга ҳам етмади-нг-ку! Бу ёғи қандай бўлди?
Шониёз қайрилиб Баҳодирга, шерикларига қаради. Туриб-туриб алам қилиб кетди. Бу нима қилгани энди? Шуям иш бўлдими? Бир унга билет олинг, деб сарғаяди, бир бунга. Қачонгача одамлар юзига мана шу тахлит заҳрини сочиб кетаверади? Баъзилар билетни олишга оладию, бундан бешбаттар қилиб кетишади, Шониёз эса билетини ўткизганига хурсанд бўлиб қолаверишга маҳкум. Бошқа иложи йўқ. Ҳозир эса ҳам омади юришмай, ҳам отаси эсига тушиб кайфияти бузилиб турганда жудаям алам қилиб кетди.
– Шониёз, қанча билетинг қолди?
Баҳодирнинг овозини эшитиб, Шониёз ҳушини йиғди. “Ҳали бор”, деганча кассахонага ўн-ўн икки ёшлардаги қизчасини етаклаб кираётган кишининг орқасидан юрди.
– Ака, сизга ҳозирга билет керакми? Кассадан тополмайсиз, овора бўлиб юрманг. Мана, иккита билетим қолди, олинг, икки сўмдан бераман…
У киши ўгирилиб қаради. Шониёзнинг гаплари оғзида қолди. Қаршисида қизининг қўлидан ушлаб, синф раҳбари турарди.
– Шониё-оз!? – деди ўқитувчиси ҳайратланиб. – Сенми?
Шониёзнинг кўзлари катта-катта очилганча, вужуди бўшашиб кетди.
– Сен билет сотяпсанми? – сўради ўқитувчиси, унинг қўлидаги бир даста билетга тикилиб. – Яхши, яхши касб танлапсан, ўғлим. Омон бўл!
Шониёз индамади. Ерга михланди.
– Икки сўмдан дедингми? – синф раҳбари киссасидан пул чиқариб, Шониёзга тутди. Кейин қўлидан иккита билет олди-да, чиқиб кетди.
Шониёзга бугун бир нима бўлди. Омади кетгандан кетяпти. Қўлидаги билетлар орасида синф раҳбарининг тўрт сўми ҳам бор. Нега?.. Нега шу ишларга аралашиб қолди? Наҳотки ҳаммасидан биратўла воз кечиш мумкин эмас? Шу бугун, ҳозироқ. Бари бир эртага шарманда бўлади. Ўқитувчиси тинч кетадиган ўқитувчилардан эмас. Айниқса, синфдоши Вазиранинг юзига қандай қарайди энди?
Вазира билан бирга бир синфда ўқишади. Жуда яхши, мулойим қиз. Шониёз уни… яхши кўради. Қиз ҳам ўзи ҳақда яхши фикрда бўлишини истайди. Вазира туфайли кейинги вақтларда яхши ўқувчилар қаторидан жой олганди. Билади, Вазира ҳам уни… яхши кўради. Аммо,… энди… нима бўлади? Вазира ундан юз ўгирадими? Шундай яхши қиз-а? Йўқ. Шониёз бунга йўл қўя олмайди. Қўймайди! Шониёз киссаларидаги билетларни бир қўлига, пулларни бир қўлига тўплади. Ҳозир ҳаммасини Баҳодирга топширадию, кетади. Вассалом. Аммо… онаси-чи? Онаси отаси кетгандан бери ўзига келолмайди. Охири касалхонага тушиб қолди. Овқат емайди ҳисоб. Шунинг учун иштаҳа очадиган олмами, анорми олиб бормоқчи эди. – Шониёз Баҳодирга қаради. У бир дўсти билан гаплашяпти. Унга эътибор бермаяпти. Ҳеч бўлмаса уч сўмни яшириб қолса-чи? Ён-верига қаради, шерикларининг у билан иши йўқ. Ўзларидаги билетга харидор излаш билан банд. Шониёз кўзлари бежо бўлиб, пулдан уч сўмликни ажратиб олди. Пул тутган қўли қалтираётганини сезди. Кейин бутун вужуди қалтиради. Яна аланг-жаланг бўлди. Ҳозир пулни киссасига солади.- Вассалом! Аммо негадир қўли иродасига бўйсунмаяпти. Аввал пулни олгандан дарров киссасига солмоқчи эди. Аммо қўли жуда секин қимирлаяпти. Ҳеч киссасига яқин бормаяпти. Унга нима бўлди? Нимага бунча ҳаяжонланяпти? Пулни шериклари кўриб қолмаслиги учун ғижимлади. Бир илож қилиб пул тутган қўлини киссасига еткизди. Бир зумда терлаб кетдию Бироқ қўл киссасига киришни хоҳламас, қалтирарди. Шониёз бирдан ҳолсизланиб қолди. Нега ўзини қийнаяпти? Уч сўмга шунчалар зорми? Яхшиси ҳамма пулни топширади-ю, чиқади, кетади. У дадилланиб, қўлини кўтарди. Баҳодир томон бир-икки қадам ташлади, аммо у дўсти билан суҳбатлашиб, четга чиқиб кетди. Бу, менга халақит берма, муҳим бир иш билан бандман, дегани эди. Шониёз кутиб қолди.Ҳамма пулни беришга беради, аммо меҳнат қилди-ку! Мана, йигирма сўмлик билет сотди. Нега ўз ҳаққини олмаслиги керак? Агар ҳозир ҳамма пулни тутқизадиган бўлса, Баҳодир бир тийин ҳам бермайди. Шониёз қўлидаги пулга қаради. – Ғижимланган уч сўмлик жуда бошқача бўлиб ажралиб турарди. Шериклари қарамаяпти. Баҳодир узоқлашиб кетди. Айни қулай фурсат.
Шониёз уч сўмликни баттар ғижимлади. Шерикларининг кузатаётган-кузатмаётганини қараб, киссасига соламан, деб ўйлаганди, пул ерга тушиб кетди. Шониёз терга ботди. Фикрлари алғов-далғов бўлиб, мияси ғувилай бошлади. Бир ердаги пулга, бир шерикларига қаради. Керак эмас, ҳозир ҳаммасини йиғиштирадию, Баҳодирга топшириб жўнайди. Уч сўм пул учун ўзини шунчалар қийнаш шартми? – Шониёз пулни олиш учун эгилди. Шимининг почаси кўтарилиб, паёпоғи кўринди. Пайпоғига солсачи? Ахир бу ўғирликмас, ҳалол ишлаб топган пули! – Шониёз пулни пайпоғига тиқдию, тезлик билан ўрнидан турди. Турдию, вужуди қўрқувдан бўшашиб кетди. Сал нарида Баҳодир ишшайганча ўзига тикилиб турарди. Ҳозиргина дўсти билан гаплашаётганди, қачон етиб келиб улгурди экан? Баҳодирнинг кўзларидаги ғазабли табассум ифодаси, “давоми қандай бўларкан”, дегандай Шониёзнинг ҳаракатларини кузатарди. Баҳодир уни кўрсаткич бармоғи билан ўзига томон имлади. Шониёз қимирламади. Йўқ, у қочмоқчи эмасди, қочиш хаёлига ҳам келмаганди, аммо Баҳодирнинг олдига боришга-да мажоли қолмаганди.
– Кел деяпман бу ёққа! – Баҳодир паст овозда гапирса ҳам ҳар бир сўзи даҳшатли эди. Кўзларидаги заўарли ишшайиш ўрнини совуқ ифода эгаллаганди.
Шониёз шалвираганча яқинлашди.
– Неча пуллик билет сотдинг?
Шониёз титроқ қўллари билан чўнтакларидаги пулларни чиқарди. Кейин Баҳодирнинг буйруғига биноан қолган билетларни ҳам қайтариб топширди.
– Дўстим, нега бунчалар қалтирайсан? – деди Баҳодир яна заҳарли ишшайиб, Шониёзнинг ёқасини тўғриларкан, – бу дейман, пул яширадиган одатлари ҳам бор экан-да,а? Илгари ҳам шунақа қилармидилар,.. ёки билмасдан,.. шайтон йўлдан оздириб, а?..
Шониёз ерга қаради. Нима ҳам десин? Уч сўм унга қанчалар кераклигини қандай тушунтирсин?
– Жавоб беришни истамайдиларми? Яхши. Пайпоғингдаги пулни чиқар. Тез чиқар деяпман!
Зориқиб кутилган дақиқа етиб келгани учунми, Шониёз бирдан хотиржам тортди. Қалтироғи босилиб, ўзида аллақандай ишонч туйди. Эгилиб, пулни олди-да, Баҳодирга тутди. Кейин Баҳодир унинг ҳамма чўнтакларини, пайпоғию, туфлисига қадар текширтирди. Бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
– Яхши! Жуда соз! Энди,.. тез туёғингни шиқиллат! Лапашанг!
Шониёз Баҳодирдан ҳамма нарсани кутган, ҳозирги бир неча дақиқа давомида неча бор ўлиб-тирилган, аммо бунчалар осон қутуларман, деб сира хаёлига келтирмаганди. Кўзларига ишонмай, бурилганча, энди юраётганди, бир нарчага қаттиқ чалкашиб, юзтубан йиқилди. Нега бундай бўлганини тўла англаб етмай, тепасида ўзига ғолибона тикилиб турган Баҳодирни кўрди. Қаттиқ алам қилиб кетди: “Бунчалар калака қилганча бир-икки мушт туширса яхшироқ бўларди”. Жисмонан Баҳодирга кучи етмаслигини ўйлаб, эзилди. Иложи борича Баҳодирнинг кўзига қарамасликка уриниб, ўрнидан турганча, йўлга тушди. У тобора жаҳл билан илдам кетиб бораркан, аввалига орқасидан шитоб билан келаётган қадам товушларини, кей ин ёнгинасидан Баҳодирнинг: “Шониёз! Тўхта!” деган таҳдидли буйруғини эшитди ва орқасига қарамай, қўлини ортига сермади. Шу аснода ўзи билмаган ҳолда Баҳодирнинг оғзи-бурни аралаш уриб юборди.
– Ахмоқ! – Баҳодир лабини тутганча, иккинчи қўли билан Шониёзни билагидан ушлади ва юзкўзи аралаш Шониёзни қаттиқ муштлади.
Шониёз йиқилди, аммо дарров ўрнидан турди-да, “ўзинг ахмоқсан!”, деганча йўлида давом этди, аммо елкасидан тушган мушт уни яна ерга михлади. Ётган жойидан ўгирилиб Баҳодирга: “аблах экансан!”, деди шивирлаб, бурнидан келаётган қонни билагига артаркан. Кейин бамайлихотир ўрнидан туриб, гўё ёнида ҳеч ким йўқдай, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, Баҳодирга заррача эътибор бермай, йўлида давом этди. Сал ўтмай, энди билет сотмаслигини идрок этиб, кўнгли ёришди. Оғриқ ҳозиргина калтак еганини эслатса-да, тобора дили равшанлашиб борарди. Шониёз бозорга яқинлашганда онасига қуруқ боришини ўйлаб, иккилана бошлаганда… кимдир уни қучоқлаб олди:
– Ий-е, жиян, бормисан?!
Қараса, барлослик Мамат тоғаси!
– Омонмисизлар, жиян?! Тинчликми? Қайси куни қўшнимиз Раҳима холанинг ўғли бор-ку, Воҳид, шу ерда ўқийди, студент, ўша, синглингиз касалхонага тушиб қолди, деб хабар берди. Эшитдиму, эрталаб, Самарқанд қайдасан, дея йўлга чиқдим. Ҳозиргина бозордан олма-анор каби мева-чевалардан олиб, олдин касалхонага борсаммикан ё уйга, дея иккиланиб турувдим. Яхши бўлди…
Шониёзнинг кўзларига ёш қадалди. Кўнгли бўшашди. Йиғлагудай бўлиб, ҳамма гапни айтиб берди.
– Ҳа-а, ишқилиб… – Мамат тоғасининг қошлари чимирилиб, бўйнини ишқалади. – Мен бир вақтлар : “Қўй шунингди, барлосдаям йигитнинг уруғи қуриб кетмагандир”, деганимда ўз билганидан қолмаганди. Акаси бўлиб менинг хабарим йўқ. Норхолнинг онасига ўхшаганлар бу гапни достон қилиб юрган эмиш… Бўпти, омончилик бўлсин. Шаҳар бўлмаса, берироқ, сизларни ўзимизнинг Барлосга кўчириб кетаман.
Тоға-жиян йўлга тушишди. Кўпдан бери арзини тинглайдиган дардкаш йўқлиги туфайлими, Шониёз ҳамон ўпкасини босиб ололмасди.