Эркин Малик. Довонда (ҳикоя)

Биз минган “Нексия” Китоб билан Самарқанд оралиғидаги Таҳтиқорача довони томон борарди. Кечаси қор ёққан, одамлар биринчи қор билан бир-бирларини қутлар эди. Асфалт йўл ҳали совуб улгурмаган, қор эриб, билчиллаб ётибди. Ҳайдовчилар ҳам, машиналар ҳам ҳали сирғанчиқ йўлларга ўрганмаган. Осмон булут, ҳаво унчалик изиллатмайди.
Ана шу илиқлик туфайли довон сари юрган эдик. Хаёлимизда довон йўллари эриб ётарди гўё. Таваккал билан довон остидаги постга ҳам етиб келдик. Йўл очиқ. Демак, тепада хатар йўқ. У тарафдан ҳам мошиналар тушиб келяпти. Тоққа қор кўпроқ тушган бўлса керак деб ўйлаган эдик, ҳамма жойга бир текисда тушибди. Қатнов одатдагидан камроқ. Йўлни ўзимизники қилиб, хотиржам чиқиб боряпмиз.
Арчалар шохи қордан эгилган. Баҳайбат қояларнинг қор тегмаган қовурғалари булутлар орасида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай қолади. Табиатнинг бу маҳобати олдида ўзимизни жуда заиф сезамиз. Юрак жунбушга келиб, гурс-гурс уради. Бундай пайтда ҳар қандай одам Аллоҳнинг қудратини ўйлайди, беихтиёр тафаккур қила бошлайди.
– Қаранглар, – деди йўддошларимиздан бири ўйларимни уққандек, – Худойим неча миллионлаб тонна сувни осмону фалакка кўтариб қўйибди. Бирданига ташлаб юборса борми, ҳай-ҳай-й-й-й… Ўзи меҳрибон, зарраларга бўлиб, гоҳ ёмғир, гоҳ қор қилиб ёғдиради…
– Ҳа, – деди бошқаси ҳам ҳаяжонини яшира олмай, – «Ерни бир тўшак, тоғларни эса ерни тутиб турувчи қозиқлар қилиб қўймадикми», деб бежиз айтмаган.
– Тасаввур қилинглар-а, – дедим мен ҳам жим туролмай, – охиратда мана шу қудратли тоғлар бамисоли туянинг жунидек титилиб, учи-и-иб юрар экан…
Довон йўли айланма. Бир айланмадан боратуриб, наригисини кўриб бўлмайди. Бундай пайтда ҳайдовчилар кўпинча таваккал қилишади. Сезгилари, тахминлари ўзларидан олдинда юради. Кўз олдларида бола-чақалари туради, қолаверса, биз каби йўловчи мижозларни ҳам ўйлаш керак. Шундай пайтлари Худо берган умрнинг қанчалик омонат эканини ҳис қилишади.
Тахминимизча, кейинги бурилиш бизни довонга олиб чиқиши керак эди. Ундан у ёғи пастга тушиш… Нимагадир ҳайдовчилар чиқишдан тушиш қийин, дейишади. Ҳа, одам боласи ҳам шунақа, сафари қариганидан кейин…
Бизни довонга олиб чиқадиган навбатдаги бурилиш бошқаларидан анча тик келишини билар эдик. Икки минг метргача кўтарилдик. Бу ёғига ҳам чиқишга ишончимиз комил эди. Қаршимиздан машина келмай қўйди. Бир томондан юришимизга қулай бўлгани билан, бошқа то-мондан юракка хавотир соларди.
Ана, довонга олиб чиқадиган бурилишга ҳам етдик. Бурилдигу, ўзимизни йўқотиб қўйдик. Ҳайдовчи йигит жуда чапдаст, ўктам экан. Худди машина орқага кетиб қолса, кўкраги билан тутиб қоладигандек бағрини рулга бериб, газни бир меъёрда ушлай бошлади. Ваҳима қилиб сал тезлатса борми, ғилдираклар чирпирак бўлиб, йўлдан чиқиб кетишимиз, секинласа, орқага кетиб… у ёғига тилим бормайди… Йўлда учраган машиналар довондан ўтолмай, ортга қайтганлари экан. Ҳа, алданибмиз. Чеккага чиқайлик десак, бир қарич ҳам жой йўқ. Рўпарамизда “мардмисан, юриб кўр” дегандек битта мошина зўрға сиғадиган йўлак. Усти муз. Ҳозиргина Аллохнинг қудратини улуғлаб келаётган тилларимиз айланмай қолди. Бир машина сирғаниб, орқаси билан тўғри биз томонга тушиб келарди. Келиб урилса борми, биз бошқасига… Хайрият, Аллоҳ асради, бизга тегмай ўтдию кўпчилик ёпишиб, тўхтатиб қолишди. Ажабо, бизнинг машина ҳамон олдинга босарди. Бу нарса менга далда бўлди. Тилим калимага келиб қолди. Ўтирга
н жойимда худди машинани оддингга ундагандек, бор овозда: “Ла ҳавла вала қуввата, илла биллаҳил алиюл Аз-и-и-и-м” деб тўхтамай тасбеҳ айта бошладим. Ҳайдовчи йигит тинмай: “Ҳа, тойчоғим, ҳа, шерим, бўш келма, айланай сендан, бўлақол, мени шарманда қилма, ўзингни яхши кўраман”, деб ёлборар, машина чамбарагини тинимсиз силаб-сийпалар эди. Мен бўлсам: «Ҳай бола тушмагур, Худога ёлборсангчи, ахир бу бир парча темир-ку», дегим келар, кўзим йўлда эди. Назаримда, машинанинг ғилдираклари музламага ёпишиб қолгану, пастга эмас, юқорига қараб сирғалар, қандайдир куч машинани тепага қараб тортар эди. Музлама тузоғига тушиб, нима қиларини билмай турган йўловчилар бизни ҳайрон кузатишарди. Гўё биз дор устида томоша кўрсатаётгандек… Чунки улар чиқолмаган довонга биз чиқиб борардик.
Хайрият, хатар ортда қолди. Довонга чиқиб олдик. Ҳозиргина кўрганларимиз худди тушга ўхшарди. Довонда офтоб чарақларди. Субҳаналлоҳ, деб машинадан тушдик. Бу ердаги манзара юрагимизда ҳамон титраётган қўрқувни бир оз нари суриб, ўзига тортди. Тепамизда кўм кўк осмон. У нақадар тиниқва нақадар чексиз… қуёш қўл чўзса етгудек яқин. Воҳ унинг нурлари… қараб бўлмайди, яшиндек кўзни олади! Аммо иссиғи йўқ. қор кўрпалари устида кумушдек ялтирайди. Бу мафтункор олам яна Қуръон оятларини ёдга туширади: “Устиларингизда етти қават мустаҳкам осмонни бино қилдик. Ва доимо чаракдаб турувчи чироқни – қуешни пайдо қилдик”. Ҳа, биз қуёшнинг булутлардан тепада чарақлаб турганини кўриб турардик. Ҳозиргина устимизда хўмрайган булутлар энди оёғимиз остида қолиб кетган. Улар ҳов олис-олисларда бўй кўрсатаётган тоғ чўққилари қадар ястаниб, чўли маликни эслатар эди. Аммо бу чўли малик безовта, қўй подаларидек юриб, довонга кўтарилиб келар эди. Нақадар ажиб манзара. Б
улутнинг ҳаракатини ердан эмас, тепадан туриб кузатиш…
Биз булутларнинг бизгача юриб, чиқиб келишини сабрсизлик билан кута бошладик. Ҳа, ўзимизни бир бора булутлар ичида кўришни хоҳ-лаб қолган эдик. Ана, уларнинг олди момикдари чувалиб, димоғимизга нам ҳаво урилди. Шу пайт бошқа бир мўъжиза рўй берди. Шундоқ тепамиздан, осмону фалакдан бир шамол тушиб келдики… шошиб ўзимизни қоя панасига олдик. Совуқдан қалтираб кетдик. Оёғимиз тагига келиб қолган булутлар худди оққушлардек ҳуркиб, пастга қараб қанот қоқарди. Тўлғониб, чайқаларди. Булут кўрпаси олис-олисларгача қимирлаб кетди. Кўм-кўк осмондан ўқтин-ўқтин тушиб келаётган кучли шамол булутларни довондан нари ҳайдарди. Демак, улар ўз сувларини воҳага тўкиши керак. Ҳукми илоҳий шундай! Совқотдик. Машина ичига кириб олдик. Шунда ҳайдовчимиз Ҳусниддин шоирона лутф қилди:
– Бошқа сайёрага келиб қолмадикми, акалар?
Қанақа «бошқа сайёра», укам?! Ўзимизнинг сайёра-ку бу! Кўрмаганмизми ҳеч? Кўрганмиз, фақат ибрат кўзи билан боқмаганмиз! Аслида, ҳар қадамда мўъжиза, ўзимиз эътибор қилмаймиз, холос.
Довондан пастлаб, Зарафшон воҳаси томон тушиб борардик. Олдинда Самарқанд…