* * *
Ўзбековуллик Тиркаш чўпоннинг кенжа ўғли Дамин кутилмаганда машҳур бўлиб кетди. Болалар у ҳақида тўлиб-тошиб гапиришарди.
Аммо катталар ишонқирамай бош чайқашди. Заҳаргина тили билан овулда танилган Беркин муаллим эса очиқдан-очиқ истеҳзога ўтди.
– Қарқуноқдан булбул чиқмайди, биродарлар, – деди.
Айтишларида Тиркаш чўпоннинг кенжа ўғли Дамин, ана шу озғингина, қилтириқлиги боис ёшига нисбатан кичикроқ кўринадиган, айтайлик, ташқи кўриниши нари борса ўн олти-ўн етти яшар ўсмирни эслатадиган Дамин алламбало мўъжиза кўрсатиб, ҳамманинг оғзини очириб юрган эмиш. Яъни, қоронғу тушиб, овул зимистон оғушига кўмилган маҳал болалар йиғилишиб чўпоннинг уйи ёнига боришаркан. Улар ярим соат-бир соат кутиб тургандан сўнг ахийри эски, ён томонга оғиб қолган дарвозанинг бир тавақаси ғийқиллаб очиларкан ва қоронғуликда пайдо бўлган Дамин нималарнидир пичирлаб-шивирлаб ўқигач, кетмон дастадай узун ва ориқ қўлларини болалар томон чўзаркан. Ана шунда… ана шунда яланғоч қўлларда олов пайдо бўларкан. Ҳақиқий олов. Бир неча лаҳзадан сўнг эса олов қандай пайдо бўлса шундай ўчаркан-қоларкан. Шундан кейингина Дамин дарвоза тепасига ўрнатилган чироқни ёқаркан-да, бир туки ҳам куймаган қўлларини болаларга намойиш қиларкан…
Албатта, бу гапга катталар мутлақо ишонишмади. Оловни эса оддий кўзбойлоғичлик деган хулосага келишди.
Балки мана шу кўзбойлоғичликнинг ўзига ҳам тан берса арзирди. Аммо кутилмаганда кимё ўқитувчиси Алибой аканинг изоҳи бу борадаги сўнгги иккиланишларга ҳам барҳам берди ва натижада:
– Чўпоннинг кенжа ули ёш болаларни алдаб юрган экан-да, – деган узил-кесил хулосага келинди.
Муаллим эса шартта:
– Дамин қилган ишни мен ҳам қила оламан, – деди бир даврада. – Биламан, у бола шу йўл билан пул ишламоқчи. Лекин мен бу ишни текинга қиламан.
Ўтирганлардан айримлари бунга шубҳа билдиришди. Шунда қони қайнаб кетган муаллим бас бойлашишга киришиб кетди. Зерикиб ўтирганларга бу яхши эрмак бўлди. Хуллас, бир яшик ароқдан гаров ўйналди.
Шундан кейин ютиб олинадиган бир яшик ароқни ўйлаб терисига сиғмай қувонаётган Алибой ака бир қўлини пақирдаги сувга ботириб, жиққа ҳўл қилгач, камзулининг ҳўл енги устидан бензин қуйди-да, шартта гугурт чақди.
Камзул енги ловуллаган олов ичида қолди. Олов бир неча лаҳза ловуллаб ёниб турди. Сўнг муаллим қўлини яна пақирдаги сувга тиқиб оловни ўчирди-да, қўлини тортиб олди.
Даврада ўтирганлар гуриллаб муаллимни олқишлашди. Табиийки, бунақа пайтда олов ҳўл енгни қуритгунча анча вақт ўтишини ҳар қандай ақли қосир одам ҳам билиб туради.
Хуллас, чўпоннинг ўғли мана шундай оддий кўзбойлоғичлик қилаяпти, деган қарорга келинди.
Тўғри, ютқазган томон:
– Дамин қўлини сувга тиқмас экан… Даминнинг қўли яланғоч бўлар экан… – дея эътироз билдиришга уриниб кўрди.
Лекин кўпчиликни ташкил этадиган ғолиб томоннинг бақир-чақирлари бу ожиз эътирозларни босиб кетди ва ноилож қолган мағлуб томон ўша зорманда бир яшик ароқни насияга бўлса ҳам олиб келишга мажбур бўлди.
Ушбу даврада мен ҳам бор эдим. Мўйловимни ҳўллаб ароқ ичдим. Кейин эса… ўйланиб қолдим.
Ким билади, балки болалар рост гапираётгандир.
Бу дунёда нималар бўлмайди дейсиз. Балки мўъжиза деганлари чиндан ҳам учрар. Бунинг устига, яқиндагина вилоят газетасида иш бошлаганман. Ким билади, балки шов-шувга арзирли мақола ёзарман… Тўғри, мен кўнглимнинг туб-тубида Алибой ака рост гапирганини эътироф этиб турардим. Дамин эса… пул ишлашнинг шунақа йўлини топгандир-да. Иссиқ демай, совуқ демай акалари, отаси билан қирма-қир, сурув ортидан улоқиб юргандан кўра, иссиққина уйда ўтириб пул топишни орзу қилиб қолгандир…
Даврадан сирғалиб чиқиб, Тиркаш чўпоннинг қишлоқ чеккасида жойлашган уйига йўл олдим.
Борсам, томоша энди тугаб, болалар уй-уйларига тарқалишаётган экан. Улар орасида жияним Нодирни кўриб қолиб:
– Хўш, қандай бўлди? – деб сўрадим.
Нодир кўрсаткич бармоғини кўкка бигиз қилди:
– Зўр бўлди!
– Томошага пул йиғмаяпсизларми ҳали?
Нодир менга ажабланиб тикилди.
– Қанақа пул?
– Томоша учун-да.
– Йўқ.
Мен беписанд кулдим:
– Унда яқин-орада бошлайсизлар…
Гапимни унча англамаган жиянимни ҳайратда қолдириб, чўпоннинг уйи томон юрдим.
Дамин дарвозага суяниб турган экан. Қўлларини кўкрагига қовуштирган.
– Салом, – дедим тўғри йигитчанинг олдига бориб. – Мен вилоят газетасиданман.
– Ассалому алайкум, – деди бирдан жонланиб қолган Дамин мен томон иккала қўлини чўзиб. – Мен сизни танийман.
Дарвоза тепасидаги чироқ ёниб турарди. Мана шу ёруғликда йигитнинг қўлларига, билакларига синчиклаб разм солишга уриндим. Йўқ, ҳаммаси жойида. Ҳеч қанақанги куйиш аломати йўқ. Ҳа, афтидан, Алибой аканинг гапи чинга ўхшайди. Йигитча болаларни лақиллатиб юрибди-ёв…
Шундай бўлса-да, чиқмаган жондан умид қабилида сўрадим:
– Ўзи сенга нима бўлган?
Дамин шоша-пиша, ҳовлиқиб сўради:
– Газитга ёзасизми?
Бу сафар Алибой аканинг гапи мутлақо тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим. Бу шуҳратпараст бир йигитча экан асли… Шу сабабли дудмалроқ жавоб қилдим:
– Буни… кўрамиз. Агар ўқувчига қизиқ бўлса…
– Юринг, юринг, уйга кирайлик.
Йигитчанинг бу мулозамати негадир ғашимни келтирди. “Уйга опкириб, бир пиёла чой берадими-йўқми, кейин катта зиёфат берган одамдай мақола қачон чиқишини сўрайвериб бошимни қотиради”, деган ўйда кескин бош чайқадим:
– Шу ер яхши экан. Тоза ҳаво.
– Майли, – дарҳол рози бўла қолди Дамин. Сўнг очиқкўнгиллилик билан илжайди: – Сўранг.
Очиғи, болакайнинг бу илтифоти ҳам мени ранжитиб, энсамни қотирди. Шу сабабли сал зардали оҳангда сўрадим:
– Сенга нима бўлган ўзи?
Мен узоқ давом этадиган жавобни кутгандим. Яъни, болаликда содир бўлган қандайдир ғалати воқеалар, қанақадир имо-ишоралар… Хуллас, довдираш-алжирашда-ей…
Аммо кутилмаганда Дамин илжайиб, елка қисди ва оддийгина қилиб:
– Билмасам, – деди. Кейин, менинг ажабланиб тикилиб қолганимни сезди шекилли, ўзича изоҳ берган бўлди: – Лекин мен ўзимни ёқа оламан… Бунинг қандай бўлишини ўзим билсам ўлай агар. Ўйланиб туриб, қўлимга қараб тураверсам, ўт ёнади. Ўт ёнса, кейин анча енгил тортаман…
– …
Йигитчага анграйиб қараб туравердим. Дамин бўлса ҳамма гапни айтиб бўлган интервью берувчидай мулойимгина илжайиб турибди.
Ниҳоят сўрадим:
– Қанақасига ёқа оласан?
Дамин яна бир бор елка қисди-да:
– Билмадим, – деди. Сўнг яланғоч қўлларини мен томон чўзди: – Ёққим келса ёқавераман…
Ана шунда… менинг кўз олдимда, шундоққина бурнимнинг тагида турган яланғоч қўлларда аввал сариқ бир шарпа пайдо бўлгандай туюлди ва мен ҳали ҳайратланиб улгурмасимдан иккала қўлда гуриллаган олов пайдо бўлди.
Бу ҳақиқий олов эди!
Азбаройи карахт аҳволга тушганимдан мен ҳатто ўзимни четга ололмай қолдим.
Олов эса, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ўчди-қолди…
Мен тамомила эсанкираб Даминнинг қўлларига қарадим. Олов асорати мутлақо йўқ эди уларда…
Мастманми, деб ўйласам, бор-йўғи икки пиёла ичганман, холос. Ҳушёрман, десам…
Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ эди: бу ерда Алибой муаллимнинг назарияси ўтмайди. Йўқ, бошқа гап бор бу ерда. Лекин… нима гап?
Ўзимга келиб олишим керак эди. Шу сабабли йигитча билан шоша-пиша хайрлашарканман:
– Шанба куни фотоаппарат билан келаман, – дея ваъда бериб юбордим.
Уйга келдим-у, кўрганларимни мулоҳаза қилиш ўрнига ўзимни ўринга ташлаб, донг қотиб ухладим…
* * *
Тонг палласи онам уйғотди. Балки ўрнимдан турмасдим ҳам, аммо у кишининг:
– Сени ташқарида Тиркаш чўпон кутиб турибди, – деган гапини эшитгач, кечаги воқеалар ёдимга келди-ю, ўрнимдан учиб турдим.
Биз подага мол қўшмасдик. Шу сабабли чўпоннинг ташрифи ўғли билан боғлиқлигини сезиб турардим.
Ўйлаганимдай, қуюқ салом-алигу қишлоқча узоқ ҳол сўрашишлардан кейин Тиркаш ака бир йўталиб олди ва асл муддаога ўтди:
– Кеча уйга ўтган экансиз…
– Ҳа, Дамин билан кўришган эдим. Дарвоза олдида. Кеч бўлиб қолганди. Шунга уйга кириб ўтирмадим. Тинчликми?
Чўпон яна бир йўталиб олди:
– Айтмоқчи бўлганим шуки, ука, яна бизнинг болани газит-пазитга ёзиб юрманг.
Мен ҳайрон қолдим:
– Нега энди?
Тиркаш ака сал ўнғайсизланди:
– Ўзи шусиз ҳам хеш-уруғлардан барисининг мазахига қолган. Энди газитда ёзсангиз, касаллиги рост экан, деб ўйлашади-да…
– Дамин касалми?
– Энди… билмайман, негадир шу кенжамиз сал нимжонроқ ўсди. Қолган барисининг илиги тўқ. Ўзиям бир эмас, икки марта сариқ бўлди. Рангини қаранг, сарғайиб кетган. Авайлаганимиз сайин… Энди бунақа қилиб… Бутун қишлоққа шарманда бўлиб…
– Ҳай, ҳай, Тиркаш ака, Дамин шарманда бўлгани йўқ, томоша кўрсатаяпти…
Баногоҳ бўғриқиб кетган чўпон гапимни шартта бўлди:
– Менга масхарабоз керак эмас!
Гапим оғзимда қолди.
Тиркаш ака қовоғини солди:
– Газит-пазитга ёзсангиз, бола ростданам шунақа одамман, деб ҳаволаниб кетмасин яна… Бизнинг шарманда бўлганимиз қолади орада… Ўзи қанчаси мазах қилиб юрибди… Кеча роса таъзирини берганман… Одамларга ўхшаб яша, дедим… Ўзи тўртта молни эплаб боқолмайди-да, томоша кўрсатганига ўлайми…
Қарасам, чўпоннинг қарори қатъий. Шу боис у кишини хотиржам қилишга уриндим:
– Ёзмайман, Тиркаш ака, ёзмайман.
Чўпон ёйилиб илжайди:
– Шарманда бўлмайлик дейман-да, ука.
– Шарманда бўлмайсиз, ака.
Тиркаш ака белкуракдек келадиган кафтини менга кўз-кўзлади:
– Мен ҳозир бориб уни бир тавбасига таяй…
Негадир юрагим шув этиб кетди.
– Шу… керакмикан, ака, – дедим иккиланиб.
Чўпон ишонч билан бош ирғади:
– Керак, ука, керак… Бу боланинг бир кўзини қўрқитиб қўймасам тоза ўзидан кетаяпти…
Тиркаш ака кетди.
Кўнглимни босиб келаётган хавотир ҳисларидан қутулиш мақсадида шоша-пиша нонушта қилдим-да, ишга жўнадим.
Бахтимга, вилоят марказида каттагина бир кутубхона бор.
Газетада ишим камроқ эди. Шу сабабли тўғри кутубхонага йўл олдим ва меҳрибон кутубхоначи Холида опадан инсонларнинг ўзларини ўзлари ёндира олишлари ҳақида адабиётлар бор-йўқлигини сўрадим.
Опа ўнтача қалин-қалин китобларни олиб чиқиб берди.
Ижарада турадиган уйимга бориб, стулга яхшилаб ўрнашиб олдим-да, китобларни ўқишга тушдим.
Мутолаа тонгга қадар давом этди.
Мен энди баъзи нарсаларни билиб олгандим… Тўғри, улар денгиздан томчи эди. Шунга қарамай…
Хуллас, ўзларини ўзлари ёқишга қодир одамлар кўп ўтган экан. Уларнинг энг машҳури XVII асрда Америкада яшаган Сузанна Сэвелл исмли аёл экан. Ҳар кеч томоша залида ўз истагига кўра кучли олов ичида қолган бу аёлнинг бир тола сочи ҳам куймаган! Фақат каретаси дарёга ағдарилиб кетганидан кейингина бу ғаройиб хоним ўз салоҳиятидан айрилиб қолган.
Италиялик Анна Монаро, америкалик Жек Анжел, Жонатан Каррер, туркиялик бева аёл… Ва ҳоказо ва ҳоказо…
* * *
Бу сешанба кунги гап эди.
Жума куни кечга яқин қишлоққа қайтдим.
Энди ҳувиллаб ётган чойхона ёнидан ўтаётганим маҳал шу томонга шошиб келаётган Тиркаш акани кўриб қолдим.
Югуриб бориб чўпон билан кўришдим. Даминни сўрадим. Тиркаш ака илжайди:
– Ўғлимни одам қилаяпман…
Бу жавобдаги қандайдир тантанавор оҳанг кўнглимга ўтиришмагани боис дарҳол ўқиганларимни тўкиб солишга тушдим.
Тиркаш ака гапларимни қандайдир фаромушхотирлик билан, ҳаттоки, назаримда, беэътибор эшитди. Бу менинг иззат-нафсимга тегди ҳар қалай.
Аммо мен миссис Сэвелл ҳақида гапириб, сувга тушиб кетгандан кейин унинг ноёб истеъдоди барҳам топганини гапирганимда чўпон сал жонланди. Кейин, бу воқеани илтимосига кўра яна бир марта айтиб берганимдан сўнг ингичка мўйловининг бурама учини тишлаганча ўйланиб қолди-да:
– Қайиш билан урдим… – деди. – Оч қўйдим… Аммо сувга пишмабман-да…
– Ҳали шунақа қилиб Даминни одам қилаяпсизми? – дея сўрадим ғашим келиб.
– Энди, ука, бола меники, – деди чўпон насиҳат оҳангида. – Нима қилсам ихтиёримда. Ҳали ўзинг бола кўр, катта қил, ана ўшанда биласан… Кейин, мен нима қилсам, ёмон бўл деб қилмадим, яхши бўл, эл қатори бўл деб қилдим…
– Балки Даминда ноёб қобилият бордир…
Тиркаш ака кескин оҳангда гапимни бўлди:
– Менга бола керак, дедим-ку, масхарабоз эмас!
Очиғи, кўнглимнинг туб-тубида бир яширинроқ ният пайдо бўлгандики, Дамин ҳақида мақола ёзсам, уни Тошкентда эълон қилдирсам, кейин бунақа истеъдодли бола билан бутун республикани айланиб чиқсак, томошалар кўрсатсак… Пулга, албатта… Бундай ўйлаб кўрсанг, бунинг масхарабозликдан ҳеч фарқи йўқ…
Ҳа, нодонмиз, нодонмиз. Бировнинг дардидан ҳам пул ишлашга қизиқамиз. Пул ўлсин-а, пул ўлсин…
Англадимки, бунақа ўжар ота билан тадбиркорлик режамни амалга оширишим қийин. Шу сабабли ётиғи билан гапиришга уриндим:
– Одам қилиб нима қиласиз?
– Уйлантираман! – шартта оғзимга урди Тиркаш ака.
– Уйлантираман? Дамин ҳали бола-ку!
Чўпон менга ўқрайиб қаради:
– Болалиги қолдими? Йигирмага кираяпти! Келин ҳам топиб қўйдик. Чилласидан кейин далага олиб чиқиб кетаман. Чўпонликнинг нони қаттиқ бўлади, лекин ширин бўлади.
– Лекин Дамин…
Тиркаш ака қўлини кескин силтади:
– Бутун аждодимиз чўпон ўтган. Худога шукр, оч қолмаганмиз. Қорнимиз доим тўқ. Одамга бундан ортиқ нима керак? Ана, Даминга деб участка олиб қўйганман. Эртага тош тўкаман. Кейинги ҳафта фундамент қуяман. Бир ойда уйни қуриб ташлаймиз. Кузда тўй…
Чўпон мен билан хайрлашмасдан ҳам жўнаб қоларкан:
– Сув учун раҳмат, – деб қўйди минғирлаб.
Мен тушунмадим. Тиркаш ака қанақа сувни гапираяпти?
Тушунганимда эса… кеч бўлганди…
* * *
Ҳа, кеч бўлганди.
Шундагина мен нима қилиб қўйганимни англадим. Мен ўзимни қотилнинг қўлига қурол тутқазиб, уни жиноятга йўллаган одамдай ҳис қила бошладим…
Аммо бу туйғу тез орада ўтиб кетди.
Бу шундай жиноятки, уни бирор тирик жон исботлай олмайди. Бу шундай жиноятки, ҳатто бирон кишининг хаёлига ҳам келмайди. Инчунун, бирон киши менга бармоғини бигиз қилиб ҳам кўрсатолмайди…
Хуллас… Биров бошқасини “қотил” деёлмайди. Аслида эса биз ҳаммамиз қотилдаймиз…
Ҳали айтганимдай, Дамин ўзи нимжонгина йигит эди. Ахир, икки марта сариқ касали билан оғришнинг ўзи бўладими…
Шу ҳолига, айниқса, отаси кечалари уйга қамаб, дарвозага, томошаталаб болалар олдига чиқармай қўйгандан кейин баттар қийналиб, касалланиб қолган. Айтишларича, Даминнинг иссиғи қирқдан ошган, кечалари алаҳлаб чиқа бошлаган… Аммо ғазабкор ота шифокор чақиришни хаёлига ҳам келтирмаган. Чўпон нуқул “Уйланмайман” деяётган ўғлини сўккан, қарғаган, жаҳли чиққан кезлари урган ҳам.
Ахийри… мендан керакли йўл-йўриқ олган ота… кечаси титраб-қақшаб ётган ўғлини сойга судраб чиқиб, қайта-қайта сувга пишган… Шу билан касаллиги тарқалиб кетади, деган ўйга борган-да.
Дамин мана шу ҳолида, титраб-қақшаб, совуқдан тишлари такиллаб, сувга бўкиб уйига қайтиб келган ва кийимини алмаштиришга ҳам мадори етмасдан ухлаб қолган.
Эртаси куни Тиркаш ака янги ҳовли қуриш учун деб олинган майдонга икки машина шағал тўктирган ва Даминга шағални ичкарига ташиб қўйишни буюрган.
Дамин итоаткорона бош эгиб, айтилган жойга борган ва иккита катта-катта пақир ёрдамида икки машина шағални кун бўйи ичкарига ташиган…
Икки машина шағал…
Заиф буйрак бундай оғир ишга чидамаган…
Кечга яқин навбатдаги зилдай оғир пақирларни кўтаришга уринаётгани маҳал Дамин беихтиёр додлаб юборган ва тош устига йиқилиб тушган…
Дамин уч кундан сўнг туман шифохонасида вафот этди…
Тиркаш ака бўкириб йиғлади…
Орадан кунлар, кунлар кетидан ҳафталар ўтди.
Жума, намозшом маҳал вилоят марказидан қишлоғимиз бекатигача автобусда келиб, буёғига пиёда қайтарканман, беихтиёр оёқларим Тиркаш чўпоннинг уйи томон бошлаб кетаётганини ҳис қилдим.
Чўпон фарзандлари билан тоғда.
Зимистон уй.
Не кўз билан кўрайки, мана шу зимистон уй ёнида бир неча бола – улар орасида жияним Нодир ҳам бор эди – дарвозага кўз тикиб ўтиришарди.
Беихтиёр титраб кетдим.
Назаримда ҳозир дарвоза ғийқиллаб очилади-ю, ичкаридан чиқиб келган Даминнинг яланғоч қўлларида олов пайдо бўлади… Болалар буни ҳайрат билан, нафасларини ичларига ютиб кузатиб туришади.
Оддийгина, зерикарли кечаётган ҳаётимизда биргина ўзгариш пайдо бўлганди. Уни ҳам кўп кўрдик.
Қайдасан, мўъжиза…
Юрагим симиллаб оғриб кетди.
Бу уйдан узоқлашишга ошиқдим…
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 11-12-сонидан олинди.