Турсунбой Адашбоев. Арраланган гилослар ёхуд устознинг кўз ёшлари (2012)

Минг тўққиз юз олтмиш саккизинчи йилнинг апрел ойи эди. Ўш вилоят газетасида хизмат қилардим. Одатдаги иш кунларининг бирида муҳарриримиз каминани йўқлатиб қолди. Хонага кирсам, диванда Одил ака ўтирарди. Унга қадар устознинг қатор ҳикояларини ўқиган, Тошкентда бир неча марта кўрган бўлишимга қарамай, шахсан таниш эмасдим. Ҳалимжон ака Ҳамиджонов мен ҳақимда меҳмонга қисқача маълумот бергач, муддаога кўчди:
– Одилжон “Литературная газета”нинг топширириғи билан келибди. Шаҳар билан таништириб, кўмаклашинг. Машина хизматларингда бўлади.
Ташқарига чиққанимиздан кейин, Одил ака: – Наримонов номли мактаб яқинми? – деб сўраб қолди.
– Шаҳардан бироз ташқарида, Қорасув туманига қарайди.
– Ана шу мактабнинг ўқитувчиларидан икки-учтаси “хўжалар билан қорачалар” ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида, қуда-андачилик тўғрисида газетага муаммоли мақола ёзишибди. Шуни текшириб, масалага аниқлик киритишим керак.
Устоз билан маслаҳатга махси кийдириб, дастлаб туман халқ таълими бўлимининг мудири билан биргаликда Одил ака мақола муаллифлари билан учрашиб, масалага нуқта қўйиб, томонларни муросага келтирди. Учинчи куни машҳур геолог олим Иброҳим Ҳамробоевнинг киндик қони тўкилган Ўзган шаҳрини томоша қилдик.
Халқимизнинг улуғ ёзувчиси Одил Ёқубов билан дастлабки танишувим шундай кечган эди. Устоз билан иккинчи мулоқотимиз у киши Ғафур Ғулом номидаги нашриётда наср бўлимини бошқараётган пайтда юз берди. Таржима бўлимининг мудири Ҳасан Тўрабеков:
– Сизни устоз йўқлаяпти, менимча, “Синган қилич” бўйича баъзи мулоҳазалари борга ўхшайди, – деб қолди.
Одил ака билан йўлакда учрашдик.
– Турсунбой, бормисан, юр, хонага кирайлик. Тўлаганнинг китобини русча вариантда ўқиганман, таржима қилаётганингни эшитиб қувондим. Бу – масаланинг бир томони. Асар яхши, аммо Қўқон хонлиги ҳақида Қосимбековдан анча аввал ёзилган китоблардаги эски гапларни Тўлаган ҳам қайтариб, айрим ўринларни суюлтириб юборган. Айниқса “қорачопонлар”га ошиқча бўёқ ва урғу берган. Бу эса масаланинг муҳим томони. Шуни ҳисобга ол. Муаллиф билан учрашиб, қисқарадиган қисмлари бўйича ундан ёзма тилхат олиб Ҳасанга топшириб қўй. Омад тилайман.
Устознинг хонасидан чиқиб, Ҳасан ака билан китобдаги такрор ва ошиқча ўринларни аниқлаб олдик. Орадан кўп ўтмай Т.Қосимбековнинг тилхатини Ҳасан акага топшириб, таржимани Дўрмонда давом эттирдим.
Бир йил ўтиб, “Синган қилич” романи катта нусхада чоп этилди. Асарга акс-садо яхши бўлди. Таниқли олимлар Ҳайдарбек Бобобеков ва Мухтор Жўраевлар ижобий тақризлар ёзишди. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Синган қилич”ни ўқиб… деб номланган шеър бағишлади. Таржиманинг босилиши муносабати билан (Пушкин боғида) ҳозирги Абдулла Қодирий номидаги боғнинг чойхонасида шинам дастурхон ёздим. Ўша куни оқшом Одил аканинг уйида қўноқда бўлдим. Шу тарзда устоз билан суҳбатларимиз қовушиб, борди-келди одат тусига кирди.
Бу орада мени “Чўлпон” нашриётига хизматга чақириб қолишди. Сўзида собит таниқли адиб дўстимиз Зоҳир Аълам хизмат ўрнини каминага бўшатиб берди. Одил ака Ёзувчилар уюшмасини бошқараётган кезлар эди. Кунларнинг бирида устознинг ҳузурига бордим. Қабулхонада патаки-пайтава бўлаётганлар кўп бўлишига қарамай, котиба менинг киришимга изн берди.
– Кел-кел, бормисан, – деб Одил ака ўтиришга таклиф қилди ва ҳол-аҳволимни сўради. – Хабарим бор. Кечикиб бўлса ҳам Тошкентга келганинг яхши бўпти. Энди адабий давранинг марказидасан. Айрим дўстларингни ҳам синовдан ўтказиб оласан. Хизматда холис бўл, турли тоифа-гуруҳлардан олисроқ юр. Тарафкашлик ҳам ўта зарарли иллат. Ҳай, майли, прописка масаласи нима бўлди?
– Маҳмуджон Сатторов деган олим дўстимиз кўмаклашди…
– Маданият институтидаги йигитми?
– Ҳа, ўша оғайнимиз.
– У диёнатли олимларимиздан. Уюшма билан боғлиқ муаммолар бўлса, тортинма. Айтгандай, эртага улкан инсон Иброҳим Ҳамробоевнинг туғилган куни, соат олтиларда келсанг, қутлаб қайтамиз.
Одил аканинг ҳузуридан худди парвозга шайланган қушдай хурсанд чиқдим. Сўнгра дўстим Сафар Барноев билан тушликка отландик.
1990 йилнинг саратонида Ўш ва Ўзганда юз берган фожиали кунларда вилоят ҳокимининг ўринбосари, марҳум Санобар Ваҳобова, журналист Ёқубжон Хўжамбердиев билан биргаликда шаҳар аэропортида Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировларни кутиб олдик. Кун тартибида белгиланганидек, дастлаб вилоят касалхонасида даволанаётган ярадорларнинг аҳволи билан танишдик. Кейин Моди қишлоғи билан Ўш шаҳрини боғлаб турган, қабоҳатли кунларда жиддий зарар кўрган Фурқат маҳалласидаги хонадонларни кўздан кечирдик. Асаблар таранг. Ортиқча гап кўнгилга сиғмайди. Одил ака ҳам кўз ёшларини тиёлмади. Ҳовлидаги гуллар пайҳон қилинган, идиш-товоқлар синдирилган, гиламлар болталаб ташланган. Июн, авжи пишиқчилик бўлганлиги боис каллакесарлар ғарқ пишган гилосларнинг мевали шохларини арралаб, мевасини ўртага қўйиб еган, Қуръони Каримнинг варақларига қўлларини артган. Шу маҳал Худо раҳмат қилгур Пиримқул Қодиров:
– Одил, бу нимаси? Дарахтга нарвонни суяб гилосни териб еса бўлмасмиди? – деб қолди.
Одил ака одатдагидай кескин, лўнда жавоб қайтарди.
– Пиримқул, менталитет деганлари шу бўлади.
Чингиз ака сўкинди. Санобар Ваҳобова йиғларди. Ўша оқшом Ўш телевидениеси орқали Ч. Айтматов томонидан олойлик қотилларга нисбатан айтилган кескин сўзлар ҳамон кўпчиликнинг ёдида. Президентимизнинг уддабуронлиги ва ташаббуси туфайли, Чингиз оға етакчилик қилган устозларнинг амалий кўмаги билан қонли фожиаларга барҳам берилди.
1994 йилнинг апрелида туркистонлик шоир Эрназар Рўзматовнинг юбилейи муносабати билан йўлга отландик. Одил ака ҳар галгидай гуруҳимиз бошлиғи. Чимкентдан Туркистон шаҳрига қадар катта трассанинг икки тарафи қалин иҳотазор. Бироқ ям-яшил дарахтларнинг орасидаги баъзи қуриб қолганлари тенг ярмисидан арраланган атласга шолчадан ямоқ солингандек беўхшов кўринарди.
– Шуни тагидан арралаб, ўтин қилса баракали бўларди, – дедим.
Одил ака мийиғида кулиб:
– Турсунбой укам, бу қозоқча менталитет. Арракаш ўзини ортиқча ташвишга қўйиб ўтирармиди?..
Шу маҳал Ўшнинг Фурқат маҳалласидаги гилослар хаёлимдан ўтди. Қисқаси, Одил ака, Носир Фозилов оғаларим етакчилигидаги навбатдаги сафаримиз ҳам мазмунли бўлди. Устознинг жалолободлик китобхонлари билан муносабатлари ҳавас қилгулик эди. 1998 йилнинг баҳорида тадбиркор дўстимиз Қодиржон маҳаллий йигит-қизларнинг келажагини ўйлаб, университет қуриб, мазкур олийдаргоҳнинг очилишига Одил Ёқубов бошчилигида бир неча киши меҳмонга боргандик. Расмий тадбирлардан сўнг, Арслонбобда дам олдик. Бу гўзал гўшада икки улуғ инсон – Одил ака билан космонавт Солижон Шариповнинг учрашувлари байрамга айланиб кетди. С.Шарипов устознинг “Улуғбек хазинаси” асарини рус тилидаги таржимасини аслият билан қиёслаб ўқиб чиққани учун суҳбат ўта завқли бўлди. Атоқли адиб ўз навбатида фазогирга яхши фикр ва мулоҳазалари учун раҳмат айтиб, омадлар тилади.
1997 йилнинг 14 апрелида Бишкекдаги Т.Сотилғанов номидаги театрда таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан Чингиз Айтматов ҳамкорликда ёзган драманинг кўригига боришимизга тўғри келди. Одил ака билан Т.Қайипбергенов бир ҳафта аввал жўнаб кетишди. Асар премьерасига бир кун қолганда Ёқубжон Хўжамбердиев иккимиз етиб бордик. Устозлар Чингиз оғанинг дала ҳовлисида экан. Одил аканинг шашти пастроқ эди.
– Валинеъматларим, бормисизлар? – деди бизни бағрига босаркан.
– Зерикмадингларми? – сўради Ёқубжон.
– Йўқ, фақат бу атрофдаги дўконларда бизнинг валютага шароб сотмас экан-да, – деди Тўлепберген ака ўпкалаб.
– Қирғизча русумга кўра, Чингиз оғага айтмадингларми? – дедим.
– Тортиндик…
Икки элнинг улкан адиблари арзимаган нарсани Чингиз Айтматовдан сўрай олмаганлиги ўзбекона ийманишдан бўлса керак. Устозларнинг кўнглини овлаш ниятида дастурхонни бутладик.
1997 йилнинг охирларида ижодкор укаларим Набижон Боқий ва Ёқубжон Хўжамбердиевлар Чингиз оға билан М.Шохоновнинг қаламига мансуб “Чўққида қолган овчининг оҳу-зори” деб номланган кенг кўламли публицистик асарнинг таржимасини поёнига етказгач, “Шарқ” нашриёти мазкур китобга муҳаррирликни каминага топширди. Мухтор дўстимизнинг илтимосига биноан унга кирган шеърларни аслиятга чоғиштириб чиқишимга тўғри келди. Ушбу асар 1998 йилда нашр этилиб, тез орада тугаб кетди.
Одил ака туғма табиатига кўъра, гапнинг индаллосини айтиш бўйича феъли-амолига бир умр собит қолди. Бироқ бачкана ҳазилларни унча хуш кўрмаган бўлишига қарамай, вақти келганда устоз Саид Аҳмадни ҳам, Носир Фозиловни ҳам кутилмаган лутфлар билан мот қилганлигининг гувоҳи бўлганман. Қардош Қирғизистоннинг пойтахти Бишкекда рўй берган қуйидаги воқеа фикримнинг исботидир. Қирғиз адибларининг анжуманидан сўнг, республика давлат кутубхонасининг очилиши муносабати билан ўтган йиғиндан кейин, давра суҳбатида Сотқин Сассиқбоев деган ўртамиёна публицист Ҳ.Ҳ.Ниёзий тўғрисида қуюшқонга сиғмаган фикрни айтиб қолди. Менинг ғашим келиб, мезбонга жавоб қайтармоқчи бўлганимни сезиб қолган Одил ака елкамга қўлини қўйиб, ўзига хос оҳангда:
– Турсунбой, хафа бўлма, бу дўстимизнинг исми-жисмига монанд Сотқин, фамилияси Сассиқбоев бўлгач, ундан ширин гап чиқармиди… – деди.
Устознинг топиб айтган гапидан изза бўлган мезбон узр-маъзур сўрай бошлади. Қирғиз адабиётининг Суюнбой Эралиев билан Совранбой Жасуевдай оқсоқоллари эса Сотқиндан “ўсолнинг қадоғи неча пул бўлди?” деб сўраб, даврага завқ-шавқ улашди.
1998 йилнинг 26 майида Чингиз Айтматовнинг 70 ёшга тўлганлиги ҳар жиҳатдан юксак даражада нишонланди. 29 майда ортимизга қайтиб, йўл-йўлакай қадим Авлиёотани, ҳозирги Тароз шаҳрини томоша қилдик. Чимкентни ортда қолдириб, Ғишткўприкда бир ярим соатча туриб қолдик. Машинадан тушиб турнақатор навбатда турганларга қулоққоқти қилдим. Тошкентга киришимиз учун ҳар биримиз минг сўмдан постда турган азаматларга беришимиз шарт экан. Бўлган гапни Одил акага айтдим. Устознинг қошлари чимирилди:
– Қани юр-чи, бошлиғига кирайлик-чи…
Қабулхонадаги малласоч қиз:
– Бошлиқ зарур ишлар билан банд, – деди.
Одил ака котибани рус тилида нордон сўзлар билан сийлаб, рўпарадаги ҳашаматли хонага кириб борди. Бошлиқ ором-курсида қаҳва ичиб ўтирган экан. Устоз ўзини таништириб, нима сабабдан унинг ҳузурига кирганлигимизни айтиб, чапарастасига тузлай кетди. У сўрашмоқчи бўлиб қўл узатганида, Одил ака силтаб ташлади. Ташқарига чиққач бутунлай бошқача манзаранинг гувоҳи бўлдик. Қўшимча йўлаклар очилиб, йўловчилар эмин-эркин чегарадан ўтишарди…

* * *

Ёшинг бир жойга етган сари оқибатли дўстингни, дилга яқин суҳбатдошингни қўмсаб қолар экансан. Охирги ўн йиллар давомида Одил ака Қозоқбой Йўлдошев иккимизни йўқлаб, “Ҳой қирғиз укам, эртага Қозоқбой биродаринг билан келинглар, янгаларинг хамир солади” деб телефон қилиши одатга айланганди. Беихтиёр хаёлга толаман. Одил Ёқубовдай улкан адибга бирор нафим тегмаган бўлса… Шундай улуғ инсоннинг назарига тушганимнинг сабабларини излайман… Саволимга жавоб топмай, каминадан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб турадиган Носир оға Фозилов, Тоҳир Малик, Эркин Малик, Омон Мухтор, Анвар Обиджон, Йўлдош Солижонов, Собиржон Отажонов каби оқибатли қадрдонларимни, ўнлаб шогирдларимни эслаб, шукрона қиламан. Одил акадай туғма, беназир адиб яна адабиётимизнинг пешонасига битармикин, деб Тангридан тилайман.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 11-12-сонидан олинди.