Абдуқаҳҳор Иброҳимов. У — сиз эмас… (ҳикоя)

Медицина фанлари доктори, профессор Камол Камоловични ҳамма “Баркамол домла”, деб таърифлайди. Чиндан ҳам киройи домла шундай бўлса!
Ғоят билимдон, ўз соҳаси бўйича унинг олдига тушадиган олим топилмайди, касбдошлари орасида зўр эътимодга эга. Студенту аспирантлар иззат-ҳурматини қозонган; у институт остонасига қадам қўйдими, ҳаммаёқ файзиёб бўлиб кетади шогирдлари назарида.
Кийинишини айтмайсизми! Ўзига мосини топиб кияди, ҳа, кўркам кийинади, шу сабаб ёши элликдан ошган бўлса-да, кўрган одам унга нари борса қирқ берар.
Одоб-ахлоқ бобида ҳам барчага намуна! Дарсида эснаб ўтириш унинг учун зўр ҳақорат…
Кексалар уни “муллои боамал” дейдилар; ичмайди ҳам, чекмайди ҳам.
Жисмоний меҳнат унинг учун ҳаётий зарурат, бадантарбия эса фанларнинг подшоси: ҳар куни гимнастика билан шуғулланишни канда қилмайди.
Унинг бир одати бор: талабаларни биринчи курсданоқ ҳар томонлама синаб боради. Маъқул кўринганларини келгусида ўзига аспирант қилиб олиш ниятида: “Қобилу ҳар ишга қодир экан”, деб кўз тагига олади. Уларга алоҳида меҳр қўяди. Чунки унинг бирдан-бир мақсади — шогирдларида ўз аксини кўриш!
Домланинг кўнгиллари жуда нозик. Мабодо бирор аспиранти оиласидами, жамоадами, қаерда бўлмасин, бари бир, ножўя хатти-ҳаракат қилиб қўйса борми, ўша заҳотиёқ бу аспирант билан орани очди қилади:
— Бўлди, энди сизга раҳбарлик қилмайман.
— Устоз…
— Қўйинг, важ-корсон кўрсатманг. Ҳожати йўқ.
— Устоз, ахир уч ойдан сўнг илмий ишим ниҳоясига етади-ку? Келинг, шунгача… Янглишибман, узр.
— Шунгача?! Йўқ, мен янглишган эканман. Бари бир, сизга бошқа ёрдам беролмайман. Мажбур этманг мени. Фойдасиз. Яхшиси, бошқа раҳбар топинг. Шундай қилинг.
— Шунча меҳнатингиз…
— Ҳаммасига розиман… Хайр!
Бундай пайтларда устоз-шогирд ўртасига уларни яраштириб қўйиш учун ҳеч ким тушмайди. Чунки домла бир сўзли, айтганини қилмай қўймайди. Бундай воқеа камдан-кам содир бўлса-да, ҳар ҳолда бўлиб туради. Шунинг учун ҳам Камол Камоловичнинг аспирантлари ўзларини ниҳоятда эҳтиёт қилиб юрадилар.

* * *

Қобил медицина институти остонасига илк қадам қўйгандаёқ, юқори курс талабаларидан домланинг таърифини эшитди. Эшитдию Камол Камоловичга муносиб шогирд, келажакда у каби катта олим бўлиш орзусини дилига тугиб қўйди. Аъло ўқиди, юриш-туриш, кийиниш, хулқ-атвор, жамоат ишларида домладан ўрнак олди. “Баркамол домла”нинг “қалб дафтари”даги “севимли шогирдлар” рўйхатидан ўрин олди.
Йиллар ўтди. Қобил институтни имтиёзли диплом билан тугатди. Домланинг “Қобилу ҳар ишга қодир”, деган юксак баҳосини, зўр ишончини қозонди. Энди у кимсан “Баркамол домла”нинг аспирантларидан бири!
Шу йили Камол Камоловичнинг Фарида исмли қизи институтга ўқишга кирди…
“Баркамол домла” илмий раҳбар бўлган аспирантлар одатда белгиланган муддат — уч йилда диссертация ёқлагувчи эди. Қобил билан ҳам шундай бўлди.
Мана, Қобил диссертация ёқлаяпти. Домланинг севинчини бир кўрсангиз! Ахир, домла қувонмай, ким қувонсин! Унинг учун шогирд бахти — ўз бахти, шогирд истиқболи — ўз истиқболи.
Шундай қилиб, Қобил йигирма олти ёшида медицина фанлари номзоди деган илмий даража соҳиби бўлди.

* * *

Қобил автореферати чиққан куни зиёфат ҳақида домлага сўз очганди, Камол Камолович сўраб қолди:
— Яхши ният! Кимларни чорламоқчисиз?
— Сиз… — Қобил бир бошдан кексаю ёш ўқитувчилар, ёр-биродарларнинг номларини тилга ола бошлади.
— Менимча, бу зиёфатни ёшлар кафесида қадрдон тенгқурларингиз билан ўтказинг, ширингина бўлади, — деди домла шогирди сўзини бўлиб. — Биз учун зиёфат қочмас. Тўй бўлар…
Зиёфат масаласида ҳам Қобил домла маслаҳати бўйича иш тутди: диссертация ёқлаш куни маълум бўлганда, шу кунги числони қўйиб, қадрдон тенгқурларига таклифнома тарқатди.
Мана, диссертация ҳам ёқланди: зиёфат куни етиб келди. Қобил шу кун ўзини дунёда энг бахтиёр инсон деб ҳисобларди, қувончининг чеки йўқ. У кафега ҳаммадан бурун бориб, тайёрланган жойни кўздан кечирди, ҳамма-ҳаммаси ўзи айтгандек: қаторасига қўйилган тўрт стол усти нозу неъматларга тўла. Буни кўриб чеҳраси янада ёришиб кетди.
“Диссертация ёқладим — елкамдан бир тоғни йиқитдим. Энди навбат иккинчисига! Қалб розин ошкор этаман шу кеч. Шу бугун, зиёфатдан кейин, албатта…” деди ўзига-ўзи…
Меҳмонлар вақтида келишди. Фақатгина Қобилнинг ёнидаги стул ҳали бўш. Қобил бир-икки марта эшикка чиқиб келди. У ҳаяжонланарди: “Наҳотки келмаса-я?” Ана шунда ҳали бўш турган стул Қобилнинг бўлажак қайлиғига аталгани зиёфат аҳлига ошкор бўлди, аммо “у”нинг кимлиги номаълум эди.
Кутишди… Зиёфат бошланди. Сайфи косагулнинг ичакузди латифалари Қобилга бу сафар унча ёқинқирамади…
Ва ниҳоят “у” келди. Бир эмас икки киши бўлиб ташриф буюрди. Фариданинг ёнида келаётган нотаниш йигитни кўрган Қобилнинг ранги қув ўчиб кетди.
— Вой, “Баркамол домла”нинг қизи Фарида-ку! — деди зиёфатдагилардан бири.
— Ёнидагиси ким бўлдийкин? — деди иккинчиси.
— Танишинглар, бўлажак инженер Қодир Қосимов, — Фарида Қобилнинг ёнига етиб келгач, йигитни зиёфат аҳлига таништирди.
— Марҳамат! — Қобил ўз ўрнини Қодирга, бўш стулни Фаридага таклиф этди. Ўзига эса залнинг нариги бурчагидан бир стул топиб келди. Уни Фариданинг ёнига қўйиб ўтирди…
Сайфи косагул икки қадаҳга вино қуйиб, Фарида билан Қодирга узатди:
— Кечикканларга жарима!
Фарида қадаҳни ушлаб ўрнидан турди:
— Бир гап келиб қолди, ҳозир шу баҳона айтақолай. Қобил акамлар докторликни ҳам ёқласинлар. Шундай зиёфат яна бўлсин. Биз, — у Қодирга бир қараб олди, — иккимиз яна келиб, шундай жаримага тушсак ҳам майли!
Меҳмонлар чапак чалиб бу ниятни олқишладилар. Қобил зўрма-зўраки кулиб қўйди. Фарида винодан икки ҳўплам ичиб, жойига ўтирди. Қодир дарров конфет арчиб унга тутди. Буни кўриб Қобилнинг рашки келди. Бу унда биринчи бор шундай туйғунинг пайдо бўлиши эди. Маъюсланиб қолди. Ўз зиёфати ўзига татимади. Шундай бўлгач, зиёфат ҳам унча қизимади, меҳмонлар эрта тарқалишди.

* * *

Қобил тун бўйи ухлаёлмади; хаёлан Фарида билан сўзлашиб чиқди:
“Фарида!”
“Лаббай?”
“Севардим сизни”.
“Севардингиз? Мени?!”
“Ҳа, фақат сизни”.
“Чинми?”
“Юракдан айтяпман. Рост, севардим”.
“Севсангиз… нега изҳори дил қилмадингиз?”
“Турли хаёллар бунга йўл бермади”.
“Қўрқдингизми, рад жавобини эшитиб қолсам деб?”
“Шунга ўхшаш”.
“Эшитайин, бўлмаса”.
“Хўп, тингланг. Бир бошдан сўзлайман, муҳаббатим қиссаси жуда узун. Саҳифалари кўп. У дил тўрида сақланиб келди, умрбод сақланажак, чунки у илк муҳаббат дафтари.
Йигирма уч ёшда эдим. Дадангизга аспирант бўлганимга бир ҳафта бўлувди чоғи. Домла иккимиз аудиторияга кирдик. Кўзим сизга тушди. Ҳали ҳам ўша-ўшасиз. Лекин бир оз тўлишгансиз, чиройингизга чирой қўшилган. Кейин ҳам сизлар билан ҳафтада бир марта амалий машғулот ўтказа бошладик. Мен домлага кўмаклашардим.
“Эсингиздами, кейинги машғулотларда мен биринчи қаторда ўтирардим, сизга қараб-қараб қўярдим!”
“Ҳаммаси кўз олдимда… муҳаббат изҳор этишга аҳд қилдим. Аммо кимдандир…”
“Фарида — “баркамол домла”нинг қизи, деб эшитиб қолдингиз. Шундайми?”
“Ҳа. Эшитдиму қароримда иккиландим: муҳаббатим рад этилса, бу хабар домла қулоғига етса, устоз юзларига қандай қарайман…”
“Бу гапингиз унчалик тўғримас. Менимча, “Баркамол домла”га шогирдликдан маҳрум бўлмайин, деган хаёлга боргансиз, чўчигансиз. Қўйинг-эй, уч йилда илмий даража олай, дебсиз-ку, муҳаббатингиз тақдирини ўйламабсиз. Янглишибсиз, тузалмас хатога йўл қўйибсиз. Кўнглим бор эди сизга, муҳаббатингизни сўзсиз қабул этардим. Жасорат кўрсатмабсиз. Журъатсиз йигит экансиз, сизда шу фазилат ҳам бўлганда эди, балки… зиёфатни биргалашиб уйингизда ўтказармидик, ўзим дастурхон тузармидим…”
“Қўйинг, Фарида! Қалбимни ўртаманг!”
“Нега? Сизники ўртанганда, меники куймаяптими, ёнмаяптими? Ахир, дадамлар қалбингизга ҳукмрон эмасдилар-ку!”
“Шундайку-я, аммо домлага самимий ҳурматим, садоқатим, у кишининг салобатлари…”
“Лекин муҳаббат ўз йўлига, ҳурмату садоқат ўз йўлига. Бу борада дадамларни тўғри тушунмабсиз. У киши пок муҳаббатни ҳамиша ардоқлайдилар: авторефератингиз нашрдан чиққан кун дадам билан иш кабинетларида узоқ суҳбатлашдингиз. Кофе баҳона, олдингизга кирдим, менга тузукроқ қарамадингиз ҳам. Биринчи стаканни дадамларга узатдим, иккинчисини олдингизга қўяётиб, қўлим титраб кетдию кумуш қошиқчани столга тушириб юбордим. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Дадам ялт этиб менга қарадилар, мендаги бу ўзгаришни сездилар чоғи. Уялдим, шоша-пиша қўшни хонага чиқиб кетдим. Ўрта эшик очиқ қолди. Ойнага қарасам, рангим оқарган, вужудим титрайди, тик туриб қолдим. Суҳбатингиз қулоғимга чалинарди: зиёфатдан сўз очдингиз… Дадам: “Тенгқурларингиз билан ўтказинг, биз учун зиёфат қочмас, тўй бўлар”, деган маънода маслаҳат бердилар, билсангиз, бу сизга ишора эди. Ўзимда йўқ севиндим. Қувончим бир олам: демак, дадам ҳам рози эканлар”.
“Бу ишорага эътибор этмабман-да, афсус. Минг афсус. Олдинроқ қаёқда эдингиз? Менга маълум қилмайсизми! Ҳамма айб ўзимда экан. Энди билдим”.
“Ундай эмас! Йўқ, менинг ҳам айбим бор. Сизда журъат бўлмади, мен эса андишанинг қули бўлиб қолдим. Севдим-у, зоҳирда ошкор қила билмадим, пинҳон тутдим. Сиздан садо чиқишини кутиб, янглишдим. Бир йил оғзингизни пойладим. Жимсиз. Икки йил кутдим, садо йўқ. Яна ўн ой. Ҳамон жимсиз, сукут қиласиз. Дадам оғизларидан “тўй бўлар” жумласини эшитгач, менда андишадан кучлироқ қандайдир бир туйғу пайдо бўлди. Дадам уйда эканликларини аниқ била туриб, бир неча бор автоматдан сизга телефон қилдим. Сиз трубкани оласиз:
“Лаббай?”
“Дадам бормилар?”
“Домла келганлари йўқ ҳали. Тинчликми ўзи?”
“Тинчлик! Бўш эдим, ўзим шундай… телефон қиляпман.”
“Яхши”. Трубкани бир оз жим ушлаб турасиз-да, жойига қўясиз.
Ҳар гал суҳбатимиз шу “яхши” билан тугайди. Мен бир нарса дейишга ийманаман, сиз эса… ҳамон жимсиз.
Диссертация ёқланадиган кун яқинлашган сари сиздан умид уза бошладим. Чунки аспирантлик пайтида севги изҳор қилмаган одам, олим бўлгач, мени назар-писанд қилармиди, деган хаёлга борардим. Бу хаёл мени азобларди”.
“Мен эса худди шу кунни орзиқиб кутардим”.
“Ие, эр йигит деган ҳам бошига бахт қуши қўнмоқчи бўлганда: “Сен бир оз яқин келмай тур, аввал елкамдаги тоғни йиқитай, сўнг қўнарсан”, дейдими?!”
“Қўйинг Фарида! Таъна тошлари отиб, бусиз ҳам ўртанган қалбимни садпора қилманг. Илтимос!”
“Кейин… Қодир акамлар билан танишдим. Сизда йўқ журъат у кишида кучли экан. Севги изҳор қилдилар бир кун. Қулоқ солсам, сўзлари самимий, муҳаббатлари пок, кўнгил бериб қўйганимни ўзим сезмай қолдим”.
“Яна бир ойча кутсангиз…”
“Бугунги режангизни туш билибманми! Билсам, бир ой эмас, яна кўп кутишга бардошим етарди. Билмадим. Хатомни зиёфатда, ўзингиз ўтирган стулни Қодир акамга тақдим этганингизда англадим. Шу сабаб зиёфат давомида ўзимни хушчақчақ тутишга роса уриндим, сизга киши билмас кесатиқлар қилдим. Аммо бу юракдан эмасди. Шунчаки ўзимни қувноқ кўрсатиб, сиздан — эриша олмаган биринчи муҳаббатимдан ўч олдим гўё. Начора, бечора бўлгач! Қодир акамлар билан аҳд-паймон қилишганмиз. Зиёфатда эшитдингиз: шу ой ичи тўйимиз бўлади. Аммо… Қобил ака! Бари бир, у киши — сиз эмас. Илк муҳаббатим сиз билан кетди. Қалбимда унинг умрбод ўчмас доғи қолди”.
“Олим бўлишни пойлаб, муқаддас инсоний туйғу — муҳаббатни бой бериб қўйдим. Бошдан учган бахт қуши каби у яна қайтиб келмас. Елкадаги тоғни исталган пайтда йиқитиш мумкин экан. Аммо қалбдагисини-чи? Буни ўз вақтида йиқитмасанг, ўзи устингга тушар экан. Одам уни умрбод кўтариб юришга мажбур. Бир кун бориб докторликни ҳам ёқларман. Сиз каби ўзгани ёр этарман. Аммо… Фарида! Бари бир, у сиз бўлолмайди”.