Абдулҳамид Чўлпон. Сени кўб кўрмасун (ҳикоя)

(Фарғона ҳаётидан)

– Ҳаҳ, Тангримга шукур-аҳ, ухлаб кетди! – деди ва эски тў­шаклар орасида тўлуб-тошиб ухлаб ётқан боласиға она муҳаб­бати билан узоқ-узоқ тикилиб қарағандан кейин: – Жиндак мизғиб олай! – деди ва бошини секингина болишға қўйди.
Бу каттагина бир қишлоқда ўтуб ётқан бир рўзгор, у боласини ухлатқан Хадичахон деган ёш бир жувон. Ухлаб ётқан бола бўлса унинг кичик ўғли Исҳоқжон эди.
Исҳоқжоннинг отаси Розиқжон ўша қишлоқлиқ бир деҳқон йигит бўлуб, тўрт-беш таноб ерга ўзи ишлаб беш-олти йилдан бери шу рўзгорни айлантириб келар эди.
Рўзгор катта эмас: бир хотуни, бир онаси, икки боласи ва бир ўзидан иборат кичкинагина бир йиғин эди.
Инқилобдан бир-икки йил бурун, янги уйланган вақтларида, рўзгорлари яхши, тинч, бир хилгина ўтуб туруб эди.
Инқилоб бўлуб, мана бу ички урушлар бошланиб, юрт уруш майдониға айлангандан кейин толаға чиқуб деҳқончилиқ қилиш қийинлашиб, рўзгорни калдиратиб олиб бориш ҳам жуда оғир бўлуб қолди.
Шундай бўлса ҳамки, ёш, ғайратлик, локин ёшлиғидан бери тинч­лиқни севиб катта бўлған Розиқжон куч ва қувватини, ғайрат ва ҳаракатини бирга ўн ошириб бир қарич тупроқ устида ишлади. Сўнг чоқларғача рўзгорни тебратиб келди.
Рўзгорнинг ички ҳожатлари учун иккита соғим сигир, битта қўшчи от ортдирди.
Шундай қилиб, бу турмуш ўткан йили шу чоқларғача бир хилда давом этиб келди.
Бултур шу вақтларда Розиқжон ў… хуфтонгача толадан қайтмасдан кечикиб қолди. Хадичахон замонанинг тинчсиз вақтларида эрининг кеч қолишидан қўрқса ҳам, «Бугун ўроқни бўлса, нариги жугари томонға сув боғламоқчи эди», – деб шу билан ўзини юпатди.
Ярим кеча – саҳар бўлди. Розиқжондан хабар бўлмади. Хадичахон билан қари кампир оғир бир изтироб остиға тушкан эдилар.
Эшикни қоқдилар.
Эшик очмоқ учун чиқиб кеткан кампир «вой, болам»лаб йиғлаб кирди. Кўнгли бузулған Хадичахон ирғиб ташқариға чиқиши билан уч эркакнинг қўллари устида қора қонға бўялиб ётқан Розиқжонни кўрди.
Бир нафас тўқтади, на йиғи келди, на бошқа, боши қотди. Ке­йин ўликни бўйранинг устига қўйиб кетаётқан кишилардан:
– Вой, бу нима гап? – деб сўради. Қишлоқ кишилари шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, вазминлик билан:
– Келинбу, толадан келаётиб йўлда беклар отиб кетибдур… – деб жавоб бердилар…
Мунга бир йил бўлуб ўтди.
Розиқжон эсдан чиқаёзиб қолди. Хадичахон боласи Исҳоқни ухлатиб бўлуб ўзи болишқа бошини қўйған вақтида Розиқжон хаёлиға тушди. Ундан кейин ухлай олмай узоқ-узоқ ўйланиб ётди.
Кун чиққан, тиғлари панжара орқали чўзулуб уй ичига кирганлар эди. Ухлай олмади, турди. Боласиға яна бир тикилиб олғач бошига калта камзулини ёпиниб тўппа-тўғри кўчага чиқди. Беш қадам юруб чап қўлдағи тор кўча билан толаға чиқди. Толада ишлаб ётқан деҳқонларға қараб Розиқжонни тугалгина эска солмоқчи эди.
Бу йил бирмунча ерга пахта экилган, ана у Турдиали ўз ерида пахта чопиб турадур. Тутнинг тагига ўт ёқиб кичкина човгунчани қайнатиб қўйған, тўнини тутқа илган…
Оҳ, агар шу Розиқжон бўлса эди, чойдишни қўюб чой дамлаб, зоғора нон билан олиб чиқар эди…
Кўнгли тўлди. Кўзига хоҳлар-хоҳламас бир неча томчи ёш келди. Кўз ёшларини кир-моғор енги билан секингина артиб яна уйга қайтди.
Кўча тарафдаги эшикни очиб ичкарига кириши билан кампир йўлуқуб:
– Собиржонни икки хурмача қатиқ бериб шаҳарга юбордим, «Дарров сотиб бир қадоқ-ярим қадоқ гўшт олиб кел!» – дедим, болам бечора кетди, – деди.
Келиннинг ақли толада, бир вақтлар толани яшнатқан Розиқжонда эди. Англар-англамас бир афт билан, бўшангғина, эшитилар-эшитилмас қилиб:
– Яхши қилубсиз, – деди.
Шу билан индамасдан уйга кириб кетди.
Пешин бўлди, кеч кирди, Собиржондан дарак бўлмади. Кампир билан келин талвасаға тушдилар. Дарҳол қўни-қўшниға хабар бериб қўшнининг катта ўғли Холматни отқа миндириб шаҳарга юбордилар.
Холмат у кеча қайтмади.
У кечани кампир билан келин бир дўзах азобида ўтказдилар, чой ҳам ичмадилар, овқат ҳам емадилар.
Эртаси куни эрта билан Собиржоннинг ўлигини кўтариб Холмат келди.
Йиғи-сиғи орасида сўрағанларға Холмат йигит сира пинагини бузмасдан:
– Шаҳарда отиш бўлған экан, дайди ўқ текгандур ё арманилар отиб-отиб кеткандур, – деб жавоб берди.
Хадичахон йигирма учга қадам босқан.
Локин ҳеч ким уни йигирма учда демайдур, билмаган кишилар уни қари жувон, ўттиз бешларга кирган бир хотун дейдурлар.
Унинг ақлу ҳуши ҳам жойида эмас, қишлоқ болалари «Хади жинни» деб от қўйғонлар. Мунинг аҳволини яхши билган кишиларнинг ҳамма вақт унга раҳмлари келадур, «бечора жувон» дейдурлар.
Бечора жувоннинг кичик ўғли Исҳоқжон ҳам касал. Мундай замонада табиб, дору-дармон ҳам топилмайдур.
Бечора жувон безгак чангалида қалтираб ётқан боласини заҳарлик кўз ёшлари тўкуб туруб қуруб-қотиб кеткан бағриға босадур-да:
– Биттаю биттам, ёлғуз қўзичоғим, Худойим сенигина кўб кўрмасун!.. – дейдур. Ва тиқилған, бўғулған нафаси билан узулуб-узулуб йиғлайдур…

1924