Фозил Жабборов. Эҳтиёт бўлинг: «Ғақ-ғақ…»

Мақсадимизни англаш учун «Кавказ асираси» бадиий филмидаги бир эпизодни эсланг: она ўрдак болаларини йўлнинг у томонига бошлаб ўтиш учун пиёдалар ўтиш жойини танлайди. Парранда йўлнинг дуч келган жойидан ўтиб кетсаям бўларди. Аммо унинг ўзи «қоида»ни бузиб, полапонларига «ўрнак» бўлолмасди.

Одамлар-чи? Машиналарнинг кети узилмайдиган йўлдан ўтаётганда ўн карра хавфли — пиёдалар ўтиши тақиқланган жойлардан ҳам ўтиб кетаверадилар. Юртимизда йўллар кенгайиб, машиналар сони ҳам кўпаяётир. Аммо йўлда юриш маданиятимиз ҳам шунга яраша юксалаяпти, дея мақтаниш мушкул.

… «Чилонзор буюм савдо комплекси». Бозорнинг ёнидан «Бунёдкор» шоҳ кўчаси ўтган. Катта йўлда қатнаётган машиналарнинг ҳаракатига халал бермаслик мақсадида пиёдалар учун махсус ер ости йўли қурилган. Шундай бўлса-да, кўпчилик бу ердан ўтишга эриниб, бўйларидан баланд панжарадан ошишни маъқул кўради. Бунга деярли ҳар куни гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Бир неча йил бурун намо­йиш қилинган «Қиш сонатаси» сериалидаги бир эпизод хаёлимда муҳрланиб қолган. Унда филмнинг бош қаҳрамонлари Ю Жин ва Жун Санг катта йўлни кесиб ўтиши керак бўлади. Бироқ улар ўтмоқчи бўлган жойдаги светофор бузилиб қолган. Буни кўрган филм қаҳрамонлари асабларини таранглаштиришмайди, йўлни ҳам кесиб ўтишмайди. Аксинча, Жун Санг ҳамроҳига бир ажойиб таклиф айтади: “Юр, бошқа йўл топамиз!”

Бу сўзлар бир қарашда жиддий аҳамият касб этмайдигандек туюлади. Аммо чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, филм режиссёри йўлда юриш маданиятини шу икки оғиз сўзга моҳирлик билан сингдириб юборгани маълум бўлади.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини тар­ғибот-ташвиқот, тушунтириш орқали одамлар онгига сингдириш, шакллантириш мумкин. Фақат бу саъй-ҳаракат зерикарли бўлиб қолмаслиги лозим. Бу борада олиб борилаёт­ган ишлар билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томон йўл олдик. У ерга кириб борганимизда ажойиб анжуман бошланиш арафасида экан. Маълум бўлишича, «Тарғибот автокарвони» деб номланган бу тадбир Халқ­аро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилиб, болажонларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни яна бир карра эслатиш, уларнинг хавф­сизлигини таъминлашга ота-оналар, қолаверса, кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш асосий мақсад қилиб олинибди. Аслини олганда бундай тадбирларни ҳар куни қилса арзийди.

«Тарғибот автокарвони» биз кўрган анъанавий анжуманлардан бутунлай фарқ қилди. Автокарвон таркибида автоҳалокатга учраган машиналарни манзилга етказадиган уловлар, тез ёрдам машинаси, ташкилотчилар ҳамда ОАВ ходимлари шаҳримиз кўчалари бўйлаб ҳаракат қилишди, белгиланган жойларда учрашувлар ўтказилди. Аввал 28-мактабга тўхтаган автокарвон ташкилотчилари ўқувчилар билан суҳбатлашдилар. Сўнг «Ўшлик» талабалар шаҳарчасидаги коллеж, литсей ўқувчилари, олий ўқув юрт­ларининг талабалари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Талабалар шаҳарчасидан Чилонзор туманига қараб йўл олган «Тарғибот автокарвони»дагилар «Бунёд» номидаги 534-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлдилар. Шундан сўнг автокарвон кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида яна бир муддат шаҳримиз кўчалари бўйлаб ҳаракатда давом этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, ер юзида ҳар йили 1,3 миллиондан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳалок бўлар экан. Бу чоғроқ давлат аҳолисининг сонига тенг рақам. Уларнинг кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганларида ҳаёти тамом бўлиши ҳақида сираям ўйлашмаган. Бироқ…

Сўнгсўз ўрнида тағин ўша она ўрдакни эсласак. Йўл четида турган ўрдак биз ўтиш ҳуқуқига эгамиз, дея кўкрагини керганча юришда давом этсаям бўларди. Аммо у ортга қайтди, «ғақ-ғақ» дея болалариниям қайтарди.

Қиссадан ҳисса шуки, ўзимиз ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиб, болаларимизга, ён атрофимиздагиларга ўрнак кўрсатсак яхши бўларди…

Дарвоқе, эҳтиёт бўлинг: «ғақ-ғақ…»

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).