Абдуғани Абдувалиев. Оғилхонадаги… шиор

Ёхуд қувонч ва қайғу, шодлик ва ғамнинг чегараси борми?

Оноре де Балзак “Ҳаёт — комедия” деса, Хемингуей “Ҳаёт — трагедия, чунки оқибати маълум”, дейди. Демак, ҳаёт трагокомедия, яъни қувонч ва қайғу, қаҳқаҳа ва ҳасрат, мусибату мамнунлик, маҳзунлигу майнавозчиликдан иборат экан. Бироқ ҳаёт воқеа-ҳодисаларга, урф-одатларга кимнинг қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Биров учун фожеали нарса бошқа бировга кулгили бўлиши мумкин. Масалан, бизда ота-онани сенсираб гапириш эриш туюлади. Айрим халқлар учун бунинг ҳеч қанақа фожеавий жиҳати йўқ экан. Баъзи элатларда эса ўз хотинига сизлаб мурожаат қилган одамнинг устидан кулишаркан.

Демократия чўққисига чиққан баъзи Ғарб давлатларида йигит-қизларнинг ота-она, жамоатчилик олдида ярим яланғоч юриши одатий ҳол. Бизда эса беҳаёлик, уят ва номусдир. Адабиётимиз ғоялари ҳам шундай — иболи. Шу боис Фитрат: “Ғарб адабиёти Шарқ адабиёти олдида шляпасини олиб салом бериб ўтади”, деган.

Энди бир воқеани олайлик: порахўр амалдорларга воситачилик қилиб юрадиган бир кимса яқинда қўлга тушиб қолди. Уни суд қилишаётганда бечора жовдираб: “Менга бир бурда тегади, холос. Қолганини катталарга тақсимлагунча она сутим оғзимга келади. Менга ҳам осон тутманглар-да”, деган эди, ҳамма кулиб юборди. Кўряпсизми, воситачи учун судланиш — трагедия, залдагилар учун комедия.

Кулги ва фожеага муносабат давр ва давлатларга ҳам боғлиқ. Мустабид тузум давридаги баъзи қилиқларимизни ҳозир бировга айтсангиз мириқиб кулади. Шулардан айримларини ёшларга ибрат учун эслатиб ўтамиз. Биз, ўша даврнинг ёшлари Сталинни — отамиз, Ленинни — бобомиз, дердик, гўё ҳаммамиз ўша даҳрий зотлардан тарқагандик. Сен асли кимнинг пушти камаридан бўлгансан, деб ҳеч ким сўрамасди. Брежнев деган подшо ғалла ҳақида “ноёб” бир гап айтди: “Ғалланг бўлса, оғзингдан қўшиқ ҳам тушмайди”. Донолар учун кулгили, нодонлар учун янгилик бўлган бу шиорни фермадаги оғилхоналарга ҳам ёпиштириб ташлашди. Бир маҳаллий раҳбар шу шиорга бағишланган мажлисда: “Нон есак қорнимиз тўяркан, ўртоқлар”, деган эди, ҳамма қарсак чалиб юборди. Агар мажлисда Суқрот бўлганда, шу зотнинг қулоғи тагига бир тарсаки солиб: “Қорнинг тўқ — ғаминг йўқ”, деб қўя қоларди. Чунки доннинг ризқи рўз эканлигини ёш бола ҳам биларди. Бизнинг адабиёт ўқитувчимиз Брежневдан ақллироқ эди: “Оч қоринга Бетховеннинг музикаси ёқмайди”, дерди. Давр экан-да, нима дейсиз? Намоз ўқиган, отасининг жанозасида қатнашган кишилар лавозимидан бўшатиларди. Минглаб масжид ва мадрасалар, Ислом университети ва маъҳадлар эмин-еркин фаолият юритаётган бугунги озод юртимизнинг ёш фуқаролари учун бу гаплар кулгили туюлади. Бироқ зуғум ва зулмга асосланган имонсиз шўровий тузумдан ҳар “ҳунар”­ни кутиш мумкин эди. Ўша пайт­ларда истеъдодли бир ижодкорни мукофотга тавсия қилишган экан. “Истеъдод” деган атамага мутлақо алоқаси йўқ бир сўлтамат мукофотни илиб кетибди, чунки “узатворган” экан. Истеъдодсизлар учун — байрам, истеъдодлилар учун мотам, бу ҳодиса. Унвонлару амаллар, орденлару медаллар сотиладиган ўша мустабид тузумдан қутулганимизга шукур қилишимиз керак.

Ватанпарвар икки тоифа бўлади: зоҳирий ва ботинийлар. Зоҳирийлар “ватан, ватан” деб кўксига уради-ю, аслида кўкси бўм-бўш бўлади, “Ватанни севмоқ иймондандир” деган ҳадиснинг туб моҳиятини тушунмайди, маддоҳлик билан кун кўради, феъл-атвори парраксимон бўлиб, шамолнинг эсишига қараб ўзгариб туради. Риёкор ва мунофиқлар кўпроқ шу тоифадан чиқади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен кофирлардан қўрқмайман, ўзимиздан чиқадиган мунофиқлардан хавотирдаман”, деганларида, эҳтимол шунақа кимсаларни назарда тутган бўлсалар керак. Мустабид тузум ҳукмронлигида аксар ана шунақа маддоҳлар ва тутуруқсизлар мукофотланарди. Ботинийлар Ватанни қалб­дан севишади, иймонлари бутун бўлади, Ватаннинг шаънини булғайдиган иллатлар, тараққиётга тушов бўладиган қабоҳатларга қарши курашиб, Юртбошимиз Ислом Каримов айтганларидек, ёниб-куйиб яшайдилар. Улар мукофотдан кўра кўпроқ миллатни, мамлакатни ўйлайдилар.

Ота-она номининг ўзагида турли миллат бўлишига қарамай оҳангдошлик бор: биз онажонларимизни “момо” десак, руслар “мама”, инглизлар “мазе(р)”, немислар “матер” дейди, биз “ота” десак, руслар “отетс” , кўплаб туркий халқлар “ато” дейди. Бу — барчамиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганимизга ишора эмасми? Ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, бир ота-онадан тарқаган қон-қардош эканмиз, маърифий тарғиботимизда инсонийлик тарихига чуқурроқ кириб боришимизга тўғри келади, акс ҳолда маърузамиз қуруқ, билимимиз саёзлиги билиниб қолади.

Шу боис ҳам ҳурматли Президентимиз­нинг “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорида “… тар­ғибот ишларини миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этиш” вазифаси қўйилди.

Аллоҳ бандаси учун Ватан қилиб берган, Одам Атодан мерос бўлиб қолган табаррук тупроғимизда “террорист” деган маҳлуқ пайдо бўлди ва курраи заминни булғаб ташлади. Бесландаги мактаб ўқувчиларини отган террорчиларни росссиялик маданият арбобларидан бири: “Булар ўзга сайёрадан келган ёвуз маҳлуқлар бўлса керак. Чунки ҳар қандай бандит болаларни отмайди”, деди. Ўтмишдаги файласуфлар орасида “Одам махлуқми ё холиқми?” деган масала устида кўп тортишувлар бўлиб турган. Афтидан одам дастлаб маҳлуқ, сўнг одам, инсон, шахс бўлган. Одам бор, инсон бор, шахс бор — булар орасида фарқ бор. Айрим кимсаларнинг фитратида маҳлуқлик хусусияти вақти-вақти билан хуруж қилиб турса керак. Кўркам шаҳару қишлоқлар, машинаю метролар, мактабу мадрасалар, ҳатто Аллоҳнинг уйи ҳисобланган масжидларда портлашлар содир этаётган, ўз биродарларининг жонига қасд қилаётган, қурбон бўлган ўз ватандошлари устидан кулаётган бу диёнатсизларни ким деб аташ мумкин? “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва улкан азобни тайёрлаб қўйган” (Қуръони карим. Нисо сураси, 93-оят).

Бутун вужуди билан Яратганга сингиб кетган Мансур Халложнинг “Аналҳақ” (Мен — Ҳақ), яъни “Холиқман” деган фалсафасини уламолар эътироф қилишган. Дар­ҳақиқат, Аллоҳ ўзининг барча гўзал сифатларини инсонда зуҳур этди. У бизни яратди ва биз унга қайтамиз, ҳисоб берамиз. Шундай экан, бизнинг зиммамизда адашганларни шайтоний ва ҳайвоний ҳаракатлардан қайтариб, раҳмоний йўлга буриб, тарбияламоқ вазифаси турибди.

Мирзо Бобур: “Бу оламда ўзумни чун яхши-ёмондин ўткардим”, деганидек, яхши ва ёмонларга тўла бу бевафо, бесаранжом дунёда роҳату ранж, муҳаббату маккорлик, садоқату хиёнат, фароғату фожеалар, шодлигу ғамлар аро кун кечириш қисматимизда бор экан, биз учун энг муҳими, аросатда адашиб, довдираб қолмаслик, ўзимизни англаб, имонимизга путур етказмаслик, келгуси авлодлар олдида кулги бўлиб, хижолат тортмасликдир.

Балзак ва Хемингуейдан юз чандон ошириб айтилган, қудсий бир ҳадис бор. Унда: “Қувончли кунларингга кўп қувонма, ортида ташвиш бордир. Қайғули кунларингдан кўп қайғурма, ортида шодлик бордир”, деб ҳаётнинг қонунийлиги, унинг иссиқ-совуғига сабрли бўлиш уқтирилади. Биз ҳамиша сабр-тоқат ва орзу-умид билан яшашга ўрганган, маънавияти бой ва покиза халқмиз. Бундай халқнинг шуурида тафаккур нури бўлади. Бу нур ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам қалбини чароғон қилиб, эзгуликка чорлаб туради. Зеро, бизни янги — “Ижтимоий ҳимоя йили”да ҳам нурли манзиллар кутиб турибди.

Абдуғани АБДУВАЛИЕВ

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2007).