Сўкиниш ҳам маданиятми?

Қизлар эркакча сўкинишни урф қилмоқда

Йўлда бораётиб шовқин-сурон солиб келаётган бир тўда ўқувчи ўғил-қизларга дуч келдим. Уларга яқинроқ келганимда шовқин-суроннинг сабаби аниқ бўлди. Тахминан 6-синфларда ўқийдиган икки ўғил бола бир-бирини беаёв ҳақорат қилмоқда. Ҳақоратнинг тилга олиб бўлмас барча найзалари уйда фарзандларини кутиб ўтирган оналарга санчилмоқда.
Энг ачинарлиси, улар атрофидан ўтиб кетаётган катта ёшдаги аёлу эркакларга ҳам, ёнларида мактабдан бирга келаётган синфдош қизларга ҳам мутлақо эътибор қилишмас эди. Уларнинг кўпчилик орасида ўзларини бундай ахлоқсизларча тутишлари оддий ҳолга айланиб қолгани аён.
Келинг, яна бир ҳаётий мисолни келтириб ўтай, кейин мавзуни давом эттираман. Ушбу сатрларни ёзишдан бир кун олдин ишдан қайтаётиб қизиқ ҳолга гувоҳ бўлдим. (Аслида ушбу мақолани ёзишга ҳам шу воқеа сабаб бўлди).
Бир уй дарвозаси ёнида тўпланиб олган 5 нафар тахминан
16-18 ёшдаги қизлар олдиларида турган 4-5 ёш чамасидаги 2 ўғил болага эркакча қилиб сўкишни ўргатишяпти. Укаларидир, эҳтимол қўшнининг болаларидир, бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Аҳамиятлиси шуки, бир-икки йил ўтиб турмуш қураман деган, келинликни орзу қилган, бир куни келиб ўзлари фарзандли бўлиб, бола тарбиялайдиган ўзбек қизларининг қилаётган ишларини ақлимга сиғдира олмадим.
Хўш, нега шундай бўлмоқда? Матбуотимиз, телевидение ва радиода, турли-туман мажлису йиғилишларда маънавиятимизнинг нақадар юқорига кўтарилаётгани ҳақида хабар, лавҳаю маърузаларни тинмай кўриб, эшитиб юрганимизга қарамай, маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган ўзаро муносабатлардаги муомаламизнинг шу даражага тушиб қолишига сабаб нима? Биламан, мақолани ўқиб, ўзаро муҳокама қилганлар, бири оилани, бири мактабни, айбдор ҳисоблай бошлайди. Мен буларни инкор қилмаган ҳолда, асосий айбдор биз катта ёшдагилар деб айтган бўлар эдим. Агар ишонмасангиз истаган бир ишлаб чиқариш корхонасига кириб, ходим ишчиларнинг ёки бошлиқ билан унинг қўл остидагиларининг ўзаро муомаласига бир эътибор беринг. Кўчадаги ўқувчи болалар ёки балоғатга етиб келаётган қизлар айтаётган гапларнинг ҳаммасини улардан эшитасиз.
Наҳотки, оилали, фарзанд тарбиялаётган кап-катта одамлар сўкинишсиз ўз фикрини билдира олмаса? Бунинг сабаби шуки, маънавиятли бўлишга бошқаларни чақираётган, маънавий тарбия­га масъул, ўзлари маънавиятли бўлишга мажбур шахслар, маънавият нималигидан мутлақо бехабардирлар. Бундай шахслар одобли гаплар, тўғри муомала фақат маънавият хонасида, маънавият марказида бўлиши керак, деб ўйлашади. Маънавият талабларига фақат ана шу мавзудаги тадбирларда ва маънавият дарсларида риоя қилсак бўлди деб ҳисоблашади. Аслида эса мутлақо бундай эмас. Маънавиятли бўлиш, ёшидан, жинсидан, эгаллаган мавқеидан қатъи назар ҳар бир кишининг бурчидир. Агар ҳозирги болаларимизнинг юриш-туриш, ахлоқи, муомаласи, бош­қаларга муносабати жамият қоидаларидан ташқари чиқиб кетишини истамасак, ўзимиз ана шу қоидаларга риоя қилишга мажбурмиз. Акс ҳолда, мажлису йиғилишларда, дарс ва тадбирларда ўзимизни қоида доирасида ушлаб, бошқа жойда ўзимизни ўша даражада “қолип”дан ташқари тутсак, қилаётган ҳамма “тоат-ибодат”­ларимизнинг баҳоси бир пул.
Бугунги кунда маънавиятимиздан лоф ураётганлар ушбу сўзга турли-туман изоҳлар беришади. Аммо, мен уларнинг бирортасида ушбу сўзнинг асл маъносини тўғри тушунтириб беришганини кўрмадим.
“Маънавият” сўзининг ўзаги “маъно” экан, ҳар бир сўзимиз, ҳаракатимиз, одамларга қилаётган муомаламиз ва муносабатимиздан қандай маъно чиқиши бизнинг маънавиятимизни белгилайдиган мезондир. Агар ота-она, фарзандига тўғриликни, ҳалолликни оғизда ўргатиб, амалда ўзи шу ишнинг аксини қилса, билингки, бундай фарзанднинг келажагидан яхши нарса кутиб бўлмайди.
Агар раҳбар қўл остидагиларидан, ҳалоллик ва меҳнатсеварликни, самимийлик ва одилликни талаб қилса-ю, ўзи унинг қўлига қараб турса, фаолиятида жамоа ва жамиятнинг манфаатини эмас, шахсий ёки ўз яқинлари манфаатини биринчи ўринга қўйса, билингки, бундай шахс маънавиятнинг кўчасидан ҳам ўтмаган.
Агар ўқитувчи ҳар бир дарсда одиллик, тўғриликдан сабоқ берса-ю, ўзи шунга риоя қилмаса, унинг сабоғи маънавиятсизликдан ўзга нарса эмас.
Ҳар бир шахс ўз турмуши давомида китобий маънавиятдан эмас, ҳаётий маънавиятдан кўпроқ сабоқ олади. Бу сабоқни эса биз катталар, фақат йиғилиш маъракаларда эмас, дарсу тадбирларда эмас, балки ҳар қадам, ҳар сонияда берсаккина, ишимизнинг натижаси бўлади — ёшларимизнинг маънавиятида ижобий ўзгаришга эришамиз.

Орзумурод Ҳамроев,
журналист
“Ҳуррият” газетасидан олинди.