Сами Абдуқаҳҳор. Одамлар қалбида қолган одам (1983)

… Парижнинг Орли аэродромидан кўтарилган тўрт моторли самолёт бир ярим соатдан кейин Марселга қўнди. Эрталаб уйғонганимда Африка устида учиб борардик. Уфқ лола таққан, буюк қитъада тонг отмоқда. Париждагилар: «Ҳозир Африка тропик ёмғирлар қучоғида», дейишганди, йўқ бизни ёрқин ва сахий қуёш кутиб олди. Самолёт қаноти остида саҳро ва қирлар… Уч минг метр баландликда учаётганимиздан африкаликларнинг кичик кулбалари ҳам, дов-дарахт ва тепаликлар ҳам, қуёшда кумуш камардек ялтираётган Нигер дарёси ҳам худди кафтда тургандек кўзга равшан кўринади.

Мана, биз ёш республика, Франциянинг собиқ мустамлакаси, Нигер давлатининг пойтахти Ниамей шаҳридамиз. Бугун бу ерда халқ шодиёнаси — Республика куни байрам қилинмоқда эди. Аэропорт дўст мамлакатларнинг давлат байроқлари билан безатилган. Улар орасида Совет Иттифоқининг қирмизи байроғи ҳам мағрур ҳилпираб турибди. Шаҳар байрам либосида: Кўча ва майдонлар ясатилган. Ҳамма томонда қувноқ музика садолари янграйди…

У ерда уч кун меҳмон бўлиб, Того республикасига учиб кетаётиб, йўл устида Дагомея республикасининг Котону шаҳрида тўхтаб ўтдик. Аэропортдаёқ атрофимизни дагомеяликлар ўраб олишди. Африка ерига эсон-омон етиб келганимиз билан қизғин табриклаб, қўшиқ айтиб беришимизни илтимос қилишди. Ҳайрон қолдик. Кейин маълум бўлдики, биздан олдин бу ерда Пятницкий номидаги хор концерт қўйиб берган экан.

Того республикасининг ҳаёти билан яқиндан танишмоқ ниятида унинг шаҳар-қишлоқларини бориб кўрдик. Шаҳардан чиқишимиз билан саванналар бошланди. Биз шу маҳалгача Африка асосан ўтиб бўлмайдиган бутазор-чангалзорлардан, инсон қадами етмаган тропик ўрмонлардан иборат, деб ўйлардик. Лекин унинг турли районларида иқлим ҳам, табиат ҳам турлича экан.

Мана машинамиз саванналарни, яшил чўлларни кесиб ўтган йўлдан ғизиллаб бораётир. Икки томонимизда ўтлоқларнинг чексиз денгизи енгил шабадада чайқалиб турибди. Гоҳ у, гоҳ бу ерда буталар ва дарахтлар, айниқса маҳаллий халқ «Нон дарахти» деб атайдиган сершох, азим дарахт тез-тез учраб туради. Саваннадаги баланд, қалин ўт қурғоқчилик йилларида қовжираб, куйиб кетаркан. Йўл қизил тупроқли, Машиналар ғилдираги остидан ҳам қизил чанг кўтарилади. Йўл бўйидаги буталар худди биров бўяб қўйгандай қирмизи тусда. Йўлда тўп-тўп аёллар учрайди. Уларнинг бошларида катта тугун, сават, ўтин, аллақандай идишлар. Чамаси, шаҳар бозорига кетишаётган бўлсалар керак…

Экваторга яқинлашганимиз сари ям-яшил тропик ўрмон қуюқлашиб борарди. Намгарчилик туфайли бу ерда ўсимликлар жуда тез ва баланд ўсади. Дарахтларнинг бўйи 60 метрга етади. Қалин шохлари осмонни қоплаган. Ўсимликларга чирмашиб ўсадиган арқон сингари йўғон лианалар бир дарахтдан иккинчи дарахтга ўтиб кетиб, афсонавий арғимчоқдек осилиб ётибди…

Қутилмаганда шамол кўтарилди. Ўрмон гувиллади, шу дам момақалдироқ гумбури янгради. Орадан сал ўтмай, жуда кўп эшитганимиз —тропик жала бошланди. Машиналаримиз таққа тўхтаб қолди. Берк ойналардан қараймиз: бир қадам нарини кўриб бўлмайди. Гўё бутун олам сувдан иборат!.. Бизнинг: «ёмғир челаклаб қуйди», деган гапимиз бу манзарага ҳатто ямоқ ҳам бўлолмасди. Гўё кўринмас забардаст қўл тўғонни дарҳол беркитди-ю, тропик жала бирдан тинди. Энди йўл бамисоли бир сойга ўхшарди. Машиналаримиз ғилдираги сувни ёриб, зўрға олға интиларди. Гоҳ пальмазорлар оралаб, гоҳ океан соҳилига чиқиб, машиналарда республикани уч кун томоша қилгач, саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси — Габон республикасига учиб кетдик. Биз экватордамиз. Энди иссиқнинг нафаси зўрайиб, ҳаво намлиги ошиб борар, вешалкага илиб қўйилган кўйлаклар чала ювилган каби нам тортиб қоларди.

Габоннинг маркази — Либревиль кўчалари жуда гавжум. Лекин, сал четга чиқдингизми, ҳаммаёқ қизил тупроқ. Француз енгил машиналари қизил чангни тўзғитиб, изғигани-изғиган. Сертўзон бозорларда косиблар болғачаларининг овозлари тинмайди…

Мамлакатнинг асосий бойлиги ўрмончилик экан. Территориясининг ўндан тўққиз қисми дунёдаги энг қимматбаҳо (уч минг хилдан ортиқ) дарахтлар билан қопланган. Габон чангалзорларйда айниқса, хушбўй сандал, қизил, қора дарахтлар, бўйи 45 метрдан ошадиган забардаст Окумэ дарахтлари кўп учрайди.

Ламбаране қишлоғига учиб кетяпмиз. Бу ерда ярим аср давомида врач ва файласуф, Нобель мукофотининг лауреати, доктор Альберт Швейцер истиқомат қилишини ва ўзи ташкил этган биринчи касалхонада маҳаллий аҳолини даволашини эшитган эдик. Энди унинг ўзини кўргани, у билан суҳбатлашгани боряпмиз. Самолёт қаноти остида кўринган кенг ва серсув Габон дарёси сал юрилгач, бепоён ўрмон билан алмашинди. Шундан кейин, то манзилга етиб боргунимизга қадар, табиат манзараси ўзгармади: ўнгда ҳам, сўлда ҳам ўрмон — ҳаммаёқ ям-яшил ўрмон…

Бир соатдан сўнг Ламбараненинг кафтдек аэродромига қўндик. «Виллис» машиналари бизни Обове дарёси ёқасига олиб борди. Бу ерда бизни моторли қайиқ кутарди. Дарёнинг нариги соҳилида доктор Швейцернинг даволаш боғи жойлашган. Новчадан келган, қуюқ қош, оппоқ мўйловли, тетик кўзлари маъноли боқувчи чол:

— Марҳабо, дўстлар, Ламбаране тупроғида совет кишиларини биринчи кўраётганимдан бениҳоя мамнунман! — деб бизни кутиб олди. Машҳур олим Альберт Швейцер шу киши эди!

* * *

…Страсбург университетида кутилмаган воқеа содир бўлди: маълум ва машҳур фалсафа профессори, донгдор музикачи-органист, атоқли ёзувчи, таниқли жамоат арбоби Альберт Швейцер шу университетнинг ўзидаги медицина факультетининг биринчи курсига кириб ўқий бошлади. Эгнига оқ халат кийиб, анатомия дарсида амалий машғулотга берилиб, тиб илмининг сирларини ўрганаётган олимнинг ҳамкурслари унга ҳайрат ва ҳавас билан тикилишди. Зеро, ўттиз ёшли профессор шу илм даргоҳининг фалсафа факультетида студентларга Кант ҳақида ғоят қизиқарли лекция ўқиб бўлгач, медицина факультетида биринчи курс студентлари қаторида лекция эшитарди. Шундай қилиб, Страсбург университетининг фалсафа ва теология профессори, Кантнинг диний-фалсафий қарашлари тўғрисидаги илмий диссертация муаллифи, Европага донг таратган музикачи-органист Альберт Швейцер тиббиёт факультетининг толиби бўлиб аудиторияга кирди.

Бу воқеадан атиги икки ҳафта бурун, 1905 йилнинг 18 октябрида у эрталаб Париж меҳмонхонасидан чиқиб, авеню де ла Гран Арме кўчасидаги почта қутиси ёнига келди. Бир неча лаҳза хаёл суриб турди. Кейин шу кеча тун бўйи ёзиб чиққан ўнлаб мактубларини почта қутисига ташлади. Бу хатлар унинг энг яқин ошна-оғайнилари, ёру биродарларига йўлланган бўлиб, унда ўзининг узил-кесил бир тўхтамга келгани — врачлик дипломини олиши билан экваториал Африканинг узоқ чангалзорида шифохона очиб, маҳаллий аҳолини даволаш билан шуғулланмоқчи экани хабар қилинганди.

Ана шу мактубларни олганлар орасида унинг яқин дўстлари Ромен Роллан, Стефан Цвейг, Бернард Шоу ва Альберт Эйнштейнлар ҳам бор эди. Ота-онаси хатни ўқиб, ўғилларининг “номуносиб хатти-ҳаракати”дан қаттиқ ранжишди. Унинг бу режасини фақат бир одам — университет тарих ўқитувчисининг қизи, болалар етимхонасида ишловчи кўҳликкина Элен Бреслау қўллаб-қувватлади. У ҳам профессор билан бирга Африкага кетишга рози бўлиб, атайлаб тиббий ҳамшираликка ўқиди. Швейцер университетни тамомлаб, врачлик дипломи олган 1912 йилда улар ўз бахтларини топдилар — тўй қилишди.

Ёш доктор Африкага кетишга ҳозирлик кўра бошлади. У кун бўйи магазинма-магазин юрар, бўлажак касалхона учун жиҳоз ва асбоб-ускуналар харид этарди. Бу ишда унинг энг яқин ёрдамчиси, маслаҳатгўйи ва ҳамқадами Элен бўлди.

Улар 1913 йилнинг февралида Европадан жўнаб кетишди. Ўзлари билан 70 чамадон юк — бўлажак госпиталнинг жиҳозларини олиб кетишди. Икки ой деганда улар экваторнинг қоқ белига жойлашган Огове дарёси бўйига етиб келдилар. Ана шу дарё бўйлаб 200 мил йўл босиб, Ламбаране қишлоғига етиб олишди. Келишди-ю, ишга киришишди. Ўзлари жойлашган ёғоч “уй”нинг ярмини жиҳозлаб, диспансер ташкил қилишди. Қайиқ турадиган сарой биринчи палата бўлди. Товуқхонани тозалаб, дорилаб, ювиб, қабулхонага айлантиришди. Орадан бир неча ҳафта ўтмай, улар ҳар куни ўнлаб беморларни қабул қила бошлашди. Ўша паллада мустамлакачилик сиртмоғида ётган Габонда туғилган ҳар мингта боладан 160 таси бир ёшга етмай ўлиб кетар, бу ўлкада 8 минг аҳолига битта врач тўғри келарди.

Альберт жуда истеъдодли бола эди. Беш ёшида, қадимий оилавий анъанага содиқ қолиб, орган чалишни ўрганди. У бениҳоя кўп китоб мутолаа қилар ва аъло баҳоларга ўқирди. Табиат унга беқиёс нодир, ғоят кам учрайдиган хотира, мусиқий истеъдод, ҳавас қиларли даражада саломатлик ва олижаноб қалб инъом этган эди. Ана шу юрак уни ўзгалар дарду ҳасратига майишадиган этиб вояга етказди. Болалигидаёқ унинг қалбида: «Ўзгалар бахти учун яшаш!» шиори туғилди ва мактаб, гимназия қучоғидан то умрининг охиригача бу шиорга содиқ қолди.

Гюнсбах гимназиясини тамомлагач, Страсбург университетига киради. Бу ерда айни бир вақтда икки факультетда — теология ва фалсафа факультетларида тахсил кўради. У ҳамма нарсага қизиқувчан бўлиб ўсди. Лев Толстой асарларини ўқиш унинг маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. «Лев Толстой асарлари, – деб ёзган эди Швейцер ўша маҳалда,— ўз ҳаётим тўғрисида чуқур мушоҳада қилишни ўргатди ва мени оддий, айни вақтда чинакам гуманизм руҳи билан суғорди.» Парижга келиб маҳаллий халқ Бахни яхши билмаслигини кўриб, уни пропаганда қилиш мақсадида Иоганн Себостьян Бах тўғрисида француз тилида китоб ёзди. Китоб Германиядаги бахшуносларни жуда қизиқтириб қўйди. Бах тўғрисида Швейцер иккинчи марта, бу сафар немис тилида 850 саҳифали китоб ёзади. Эндигина 29 ёшга кирган ёш истеъдод Кант фалсафасидан ташқари музика билан ҳам шуғулланди, концерт фаолияти муттасил давом этарди.

Кунлардан бирида аллақандай журналдан Конгода врачлар етишмаслиги тўғрисида мақола ўқиб қолди. Шу бўлди-ю, унинг қалбида ўша ёққа бориш, дардманд, бемор одамга ёрдам бериш фикри туғилди. Шу боисдан айнйқса тропик касалликларни даволаш усулини чуқур ўрганишга аҳамият берди.

…Оқ халатли «оқ доктор» ҳақидаги хабар атрофга жуда тез тарқалди. Унинг олдига 200—300 мил йўл босиб иситма, ичбуруқ, тери-таносил, мохов ва уйқу касалига мубтало бўлган каттаю кичик негрлар даво излаб, дарёдай оқиб кела бошлашди. Иш бошиданоқ талай қийинчиликлар туғилди. Унинг тиббий ёрдамчилари, хўжаликда кўмакчилари йўқ эди. Бунинг устига Швейцер маҳаллий халқ тилини билмасди.

Бир сафар Джозеф исмли бемор негр Швейцер қабулига келиб, француз тилида унга мурожаат этди. Шу кундан бошлаб Джозеф Швейцернинг ҳам таржимони, ҳам ёрдамчиси бўлиб, касалхонада қолди. У маҳаллий қабиланинг олти тилини мукаммал биларди. Негрлар Швейцерни «ОГАНГА» — «Мўъжизакор одам» деб атай бошладилар. Ўзаро суҳбатда дардига шифо топган негрлар: «Оқ доктор аввал мени ўлдирди, кейин тирилтирди», деб бир-бирларига ҳикоя қилишарди. Аслида Швейцер операция олдидан уларга наркоз берарди…

Бемор негрлар бу орада даво топиш билан бирга, ўз маконларига янги маданият куртакларини, янгича ҳаёт учқунларини, дори дармон-у, энг муҳими, олижаноб аллома, зиёкор шифокор — оқ доктор тўғрисида бир умр эсдан чиқмайдиган хотирани олиб кетишарди. Оқ доктор ҳаммани бепул даволарди. Даволаш жараёни ўша маҳаллий халқ ҳаётига мослашган бўлиб, беморлар ўз уйида — оиласи билан яшагандай, касалхонада яшаб, даволанишарди. Даволаниб, дардига малҳам топган негрлар Швейцерга касалхонани кенгайтириш, янги палата — ҳужралар, ҳатто бино-саройлар қуришда ёрдамлашишар, бу ишларнинг барини улар бепул қилишарди. Ана шундай ҳамкорлик натижаси ўлароқ юролмайдиган беморлар учун янги ётоқ-палата, операция хонаси, поликлиника, хирургия бўлими ва кенгайтирилган қабулхона бинолари қад кўтарди.

Биринчи жаҳон уруши бошланиб, Франция ва Германия бир-бирлари билан душман, фронтнинг икки сарҳадида туриб жанг қиларди. Швейцер эса Германия фуқароси сифатида врачлик фаолиятидан четлатилди, орадан уч йил ўтиб Францияга жўнатиб юборилди. У ердан Страсбургга қайтишга рухсат берилди. Швейцер бу ерда муниципалитет врачи бўлиб ишлади. Биринчи жаҳон уруши тамом бўлиши билан Швейцер Ламбаранега қайтиш мақсадида пул йиға бошлади. 1924 йилда у Ламбаранега қайтиб келганда касалхона харобага айланган, ҳамма нарсани қайта тиклаш керак эди. Унинг ўзи енг шимариб, ишга шўнғиб кетди: дарахт кесди, арралади — янги касалхона биноси қуришга киришди. Эрталаб врач, тушдан кейин қурувчи. Тез орада қирққа яқин турли хил бинолар қад кўтарди. Аввалги тикланган бўлимлар қаторига аёллар ва болалар поликлиникаси ҳамда тиш кабинети қўшилиб, беморларга хизмат қила бошлади.

Беморларни даволашда, уларга дори-дармон топишда, озиқ-овқат келтиришда, бинолар қуришда, хуллас барча юмушда Швейцерга на бирон давлат, на бирон ташкилот, на бирон бизнесмен корчалон ёрдам қўлини чўзди. «Касалхона учун керакли маблағни ўзим топаман,— деб ёзган эди Швейцер,- ёзган китобларим (биргина Иоганн Бах тўғрисидаги китоби бир неча тилларда нашр этилди) Швеция, Англия, франция, Швейцария, Чехословакия ҳамда бошқа ҳорижкй мамлакатлар бўйлаб юриб ўқиган лекцияларим ва қўйган концертларимдан тушган маблағ касалхона қурилиши ва унинг фаолияти учун сарфланади».

Швейцер 1927 йилнинг октябрь ойида яна Европага келди. Франкфурт шаҳри 1928 йилнинг 28 августида «Инсоният олдидаги оламшумул хизматлари учун» уни Гёте мукофоти билан тақдирлади. У мукофотга олган пулини ҳам ишсизларга бўлиб берди. Мукофот олаётиб сўзлаган нутқида: «Инсоннинг озод руҳи социал ва иқтисодий адолатсизлик билан ҳеч қачон келиша олмайди», деб Гётенинг қуйидаги икки сатрини ўқиб берган эди:

Ҳаёту ҳурликка удир муносиб,
Кимга шу деб этса жанг қилмоқ насиб…

Орадан йиллар ўтди. «Оқ доктор» ҳамон Ламбаране тупроғида ўзининг олижаноб фаолиятини давом эттириб, минглаб, ўн минглаб беморлар дардига шифо топарди. 1963 йилда, Швейцар касалхонаси ташкил бўлганига 50 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган бир маълумотдан қуйидаги рақамларни келтирмоқчиман: касалхонага ҳар йили ўрта ҳисобда 5 минг бемор мурожаат этади. Улардан 33 проценти стационарда қолади. 1961—62 йилларда касаллар сони 6 мингдан ошиб кетди. Касалхонада 342 ўрин бўлишига қарамай, Африканинг узоқ бурчакларидан оқ доктор олдига даво излаб келган бирон бемор қайтариб юборилган эмас! Ҳар йили касалхонада 300—400 бола туғилади. 1934 йилда 622 марта операция ўтказилган бўлса, 1962 йилда қилинган операциялар 950 тага етди!

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Альберт Швейцер тинчликни ҳимоя қилиш ишига бутун аужуди билан киришиб кетди. Медицина доктори, фалсафа доктори, теология доктори — Африкадаги инсонпарварлик фаолияти учун Цюрих, Прага, Эдинбург, Оксфорд, Чикаго, Кэмбридж, Берлин ва Авлиё Эндрюс университетларининг фахрий фан доктори илмий даражасини олган олим-врач 1953 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлди. Бу олий мукофот унга қадар медицина соҳасида фақат инглиз врачи Бойд-Орр (1949), Халқаро Қизил крест асосчиси Анри Дюнан (1901) ва норвег сайёҳи, гистолог олим Фритьоф Нансен (1922)ларга берилган эди. Ҳозир Ламбаранедаги обод кўчалардан бирига Швейцер номи берилган. Сиз Веймар кўчаларидан ўтиб қолсангиз, Швейцерга қўйилган ҳайкални кўрасиз. Швейцер бола кўтарган негр аёли ва ўспирин қиз билан суҳбатлашиб турибди.

Унга Нобель мукофоти берилиши муносабати билан студентлар ўтказган тунги улкан машъалали намойишларда ҳамма бир оғиздан: «Швейцер — давримизнинг байроқдори!», «Ҳамма учун бирдай намунали ҳаёт!», «Инсоният даҳоси!», «Альберт Швейцер — инсоният дўсти!» деб хитоб қилардилар, шу мазмундаги, шиорларни кўтариб чиққан эдилар. Швейцер 1954 йилда шу мукофотни олгани Стокгольмга келганда тантанали маросимда тинчлик тўғрисида ёрқин нутқ сўзлаб, бундай деди: «Аҳволимизнинг ғоят аянчли экани мана энди бизга жуда равшан бўлиб қолди. Биз энди инсоният келажаги тўғрисида ўйламай иложимиз йўқ. Биз иккинчи жаҳон уруши вақтида одамларнинг ёппасига қирилишига йўл қўйиб бердик. Биз атом бомбалари билан бутун-бутун шаҳарларни ва уларнинг аҳолисини қириб ташлашларига йўл қўйдик. Буларга қаршилик қилмаганимиз туфайли биз инсонпарварликка қарши жиноятда ўзимизни айбдор деб билмоғимиз керак».

1957 йил 23 апрель куни Осло радиостанцияси жаҳоннинг беш тилида, шу жумладан рус тилида атом бомбасини тақиқлаш тўғрисида Чақириқ эълон қилди. Бу Чақириқ муаллифи Альберт Швейцер эди. Чақириқни эшитган баъзилар: «Бу қайси Швейцер, ҳалиги Иоганн Бах тўғрисида классик асар ёзган музикачими?», деса, (бу китоб 1934 йилдаёқ Москвада, музика нашриёти томонидан чоп этилган) бошқалар: «Йўқ, у фалсафа доктори, Кант ҳақида зўр асар ёзган машҳур олим» дейди. Учинчи бировлар: «Менимча, у ҳам эмас, бу ҳам эмас, «Исо пайғамбар ҳаётининг таҳлили тарихи»ни яратган атоқли тарихчи», деб изоҳ берди. Яна кимдир: «Сув ва қўл теккизилмаган ўрмон» автобиографик асарини ёзган истеъдодли ёзувчи-ку!», деб билди. Ва, ниҳоят, яна бир гуруҳ уни тропик касалларни даволаётган зиёкор ҳаким деб таниди. Ҳа, уларнинг ҳеч бири адашмаган — олим ҳам, ёзувчи ҳам, тарихчи ҳам, музикачи ҳам, аллома врач ҳам Альберт Швейцернинг худди ўзи эди!

Орадан бир йил ўтиб, унинг Мурожаати иккинчи маротаба яна бутун дунё бўйлаб янгради. Худди ана шу буюк инсонпарварлик руҳи, туйғуси, интилиши, садоқати бутун ҳаётининг маъноси, безаги ажралмас бўлаги бўлиб қолди. Даниялик биограф у ҳақда: «Оламда шундай одамлар борки, уларнинг ҳаёти мукофотдан иборат бўлади. Лекин ўзлари учун эмас, бутун инсоният учун мукофотдир», деб ёзганди. Альберт Эйнштейннинг: «Ниҳоят ушбу фожиавий асрда улуғ инсон пайдо бўлди!», деб хитоб қилгани ҳамманинг ёдида.

…Ана шу улуғ инсон, ўзгалар бахти деб ўз бахтини тиккан, инсоният дўсти, зиёкор аллома, мўъжизакор шифокор Альберт Швейцер шу топда бизни зўр мамнуният билан кутиб олмоқда эди:

— Яхши келдингларми? Йўл олис, қийналмадингларми? — ҳар биримиз билан бирма-бир қўл олишиб кўришаркан, Швейцер чолларга хос мулойим, ёқимли овозда биздан ҳол-аҳвол сўрарди.

Доктор яшаётган Ламбаране Габон давлатининг пойтахти, Либровиль ва Порт-Жантилдан кейин учинчи шаҳар. Швейцерни зиёрат қилгани келаётган сайёҳларнинг сони йил сайин ошиб бораётганидан Ламбаранеда янги аэровокзал қурилмоқда. Америка Қўшма Штатларида чоп этилган йўл кўрсаткич — саёҳатномаларда «Африка қитъасида диққатга сазовор жойлардан биринчиси — машҳур Виктория шалоласи, иккинчи Альберт Швейцернинг ана шу касалхонаси», деб қайд этилган.

Биз Огове дарёси соҳилида туриб, дарёнинг икки қирғоғидаги нафис манзарани томоша қилмоқдамиз. Бу манзарани Швейцер ўзининг «Сув ва қўл теккизилмаган ўрмон» китобида бағоят усталик билан, истеъдодли рассом сингари ажиб бўёқларда таърифлаб берган эди. Биз ҳозир ана шу ранго-ранг манзарани ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Қучоққа смғмас йўғон дарахтлар таналарини чирмаб пастга тушиб кетган лианалар дарё сувига шўнғиб кетиб чўмилаётгандай туюлади. Тарновсимон пальма шохлари илиқ шамолдан енгил чайқалади. Ям-яшил манзарадор дарахтлар виқор билан кўкка бўй чўзган. Одам бўйи келадиган, шохлари елпиғични эслагувчи папируслар кўэни қамаштиради. Қуриб ётган йирик шохлари тарвақайлаб кетган азим дарахт тепасидан оҳиста кўтарилган қарқара қуши иссиқдан эрингандай, ҳавода уч-тўрт қанот қоқиб, яна ўз жойига қайтиб қўнди. Майда кўк қушчалар дарё тепасида ғужғон ўйнашади. Энг тепада, кўк гумбазида, бир жуфт оққуйруқ — денгиз бургути салобат билан учиб юрибди. Пальма шохида алланима қимирлаб қолди. Олдин узун дум, сўнг маймуннинг ўзини кўрдик. Огово — Африканинг энг йирик дарёларидан бири. Унинг суви Ламбаранега етгунча минг километрдан ортиқ йўл босиб ўтади. Яна 250 километрдан сўнг Атлантика океанига бориб қуйилади. Унинг соҳидида катта-кичик яшил ўрмон, пальмазорлар, ботқоқлик ва папирус майдонлари ястаниб ётибди. Улкан дарахтларнинг илдизлари баъзи жойларда сувдан чиқиб турибди. Бу ердаги ҳайвонот оламининг севимли жойлари — дарё ўртасидаги оролчалар тез-тез учраб туради.

Тропик шлем остидан оппоқ сочлари кўриниб турганига, нуроний юзларига оғир ўтмиш соя ташлаганига қарамай, Швейцер 85 ёшли одамга ўхшамасди. У ҳамон тетик, ишчан, касалхонада энг олдин ўрнидан туради, беморларни кўради, қурилишдан хабар олади, илмий иш билан шуғулланади. Гоҳо дўстлари тақдим этган физгармонияда машқ қилади, янги китоб саҳифаларига қўл уради, жаҳоннинг ҳамма томонидан келадиган сон-саноқаиз мактубларга жавоб ёзади, кети узилмас меҳмону сайёҳларга мезбонликдан чарчамайди. Унинг кунлари ҳамиша шундай: завқли, самарали ва сермазмун.

Группамиз бир тиббий ҳамшира ҳамкорлигида бутун шаҳарчани айланди. Касалхонани кўриб бўлгач, докторнинг ўзи турадиган кичик уйчага келдик. Ўртамиёна зинадан доктор хонасига чиқилади. Ёнбошда олди очиқ катта айвон. Мана, оддий ва камтарона жиҳозланган хона. Агар тўрпарда осиб қўйилган эшикдан ичкарига қарасангиз, турли-туман мактублар, қоғозлар, китоблар қалашиб ётган стол ёнида мутолаа қилиб ўтирган докторни кўрасиз. Ўнгда унинг каравоти. Тепасида пашшахона. Стол устида шамчироқ. Касалхонанинг кичик электростанцияси фақат касалларни даволаш ишида фойдаланилади. Чап томонда китоб тўла жавон ва этажеркалар. Бошқа бирон мебель қўйиш учун жой ҳам йўқ.

Орқа эшикдан иккинчи хонага ўтасиз. Бу ерда физгармония турибди. Ундан наридаги хоналарда Швейцернинг энг яқин ёрдамчилари — касалхона хизматчилари истиқомат қилишади. Швейцер ёзув столида ишлаб ўтирганида чап томондаги катта деразадан Огове дарёсига тушиладиган йўлни, унинг ортида кўкиш тоғ тизмаларини ва чангалзорни кўриш мумкин. Тўғридаги деразадан пастга қаралса, уйга келиб туташувчи сўқмоқ, кенг майдонда ўт чимдиб юрган Швейцернинг севимли ҳайвонлари — маймун ва антилопа, оҳулар кўзга ташланади. Хонада тўтиқушлар, юнглари ялтироқ мушук. Эшик тагида иккита ит ётибди…

* * *

Орадан йиллар ўтди. 1965 йилнинг 14 январь куни Альберт Швейцер 90 ёшга тўлди. Ўнинчи ўн йилликка қадам қўйиб ҳам Швейцер ўз ҳаёти маромини бузмади, ўрганиш бўлиб кетган кун тартибидан чекинмади. Шу йилнинг авгусг ойида ҳам палаталарни айланиб, беморларни кўришда давом этди. Узоқ-яқиндан келган мухбир ва меҳмонларни илтифот билан қабул қилар, жаҳоннинг ҳамма томондан оқиб келаётган мактубларга жавоблар ёзарди. Шундай кунларда унинг юрак уриши сусая бошлади. 4 сентябрь ярим тунда бу олижаноб, сахий қалб уришдан тўхтади…

Шзейцерни шу ер — Габон тупроғидаги шифохона яқинига, 1957 йилда қазо қилган умр йўлдоши Элен Бреслау ёнига дафн этишди. Қабр устига Швейцернинг ўзи ясаган оддийгина ёғоч хоч қўйилди.

Дарҳақиқат, Альберт Швейцердек одам бирон ҳайкалга, хотира тошига муҳтожми?! Шундай ҳам унинг хотираси, жасорати, садоқати, номи ўз қўли билан бунёд этган шифохонада, ёзган ажойиб китобларида қолди.

Энг муҳими, унинг номи одамлар қалбида қолди!

“Шарқ юлдузи” журнали, 1983 йил 5-сон.