Бурҳон Абдулхайров. Мафтункор Бедил

Манбаларда асли келиб чиқиши Шаҳрисабздан эканлиги қайд этилган Мирзо Абдулқодир Бедил (1644–1721) тақдир тақозосига кўра Ҳиндистонда туғилиб, ижод этган бўлса-да, ХVIII аср охири – ХХ аср бошларида Ўрта Осиёда, хусусан, ўзбек халқи орасида фавқулодда машҳур эди.

Асарлари Туркистон мадраса ва мактабларида Хожа Ҳофиз, Шайх Саъдий, Навоий, Фузулий сингари буюк шоирлар асарлари қаторида ўқитилган, шунингдек, мударрис ва талабалар тарафидан катта қизиқиш билан мутолаа қилинган. Хонадонларда ҳам саводхон кишилар Бедил асарлари ўқишган ва бундай йиғинлар “бедилхонлик” деб аталган. Шоир ижоди намуналари маъносини ­шарҳлай оладиганлар “бедилхон” сифатида таърифланган, асарлари Бухоро, Шаҳрисабз, Самарқанд, Тошкент каби шаҳарларда ­яшовчи “бедилнавис” хаттотлар тарафидан кўчирилган.

Бедил ижоди ХХ асрда олимлар томонидан ҳам ўрганилган. Чунончи, Айний, Фитрат, Миён Бузрук, Е.Бертельс, И.Мўминов, И.Низомиддинов, Ш.Шукуров сингари адиб ва шарқшунослар тадқиқотларида ҳаёти ва ижоди атрофлича тадқиқ этилган. Асарлари Ш.Шомуҳамедов, Назармат, М.Абдулҳаким, Э.Очилов сингари таржимонлар томонидан ўзбек тилига ­ўгирилган. Дарвоқе, шоир ижоди бугунги ўзбек китобхони учун ҳам ­қадрли.

Хўш, Ҳиндистонда туғилиб ўсган, форс тилида ижод қилган Бедил асарлари ўзбек халқи орасида бу қадар катта қизиқиш ­уйғотганининг сабаби нимада? Ушбу мақолада мана шу саволга баҳоли қудрат жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Тарихда улкан юксалишларга эришган мусулмон Шарқи XVI–XVII асрларга келиб чуқур таназзулга юз бурди: марказлашган давлатларнинг парчаланиши оқибатида пайдо бўлган майда хонлик ва амирликлар ўртасида мунтазам тожу тахт учун кураш авж олди. Мана шундай вазиятда ривожланиб бораётган Ғарб бу ўлкаларга нисбатан ўзининг мустамлакачилик сиёсатини амалга ошира ­бошлади. Бундай оғир аҳволдан Ҳиндистон ҳам мустасно эмас эди.

Дарҳақиқат, XVII аср бошларига келиб Ғарбнинг Ҳиндистонда савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи турли компаниялари ва сиёсий мақсадларни кўзловчи миссионерлик ташкилотлари ўз ишларини фаол йўлга қўйган эди. Улар ўз режаларига эришгани сайин маҳаллий аҳоли эрки ва озодлигидан маҳрум бўла борган, оғир ижтимоий аҳвол юзага келган. Озодликни ҳамма нарсадан устун деб билган жамиятнинг илғор зиёлиларини бу аҳвол изтиробга солган. Ўша даврда Ҳиндистондаги, қолаверса, бутун мусулмон Шарқидаги бу ҳолатни ижодида юксак маҳорат билан акс этган шоир Мирзо Абдулқодир Бедилдир.

Маълумки, Бобурий подшоҳ Акбар (1542–1605) замонида Ҳиндистон ижтимоий ҳаёти анча юксалади, бироқ кейинги даврларга келиб инқироз юз бера бошлайди. Бедил ҳаёти мана шу инқироз даврига тўғри келган. Шоир бир рубоийсида нафақат моддий вайронагарчиликлар, балки вафодорлик, содиқлик сингари инсоний фазилатлар ҳам барбод бўлиб бораётгани ҳақида куюниб ёзади:

Умрест шикасти бому дар мебинам,
Бунёди вафо зеру забар мебинам.
Ҳар субҳки сар зи хоб бармедорам,
Ошўби қиёмате дигар мебинам.

(Мазмуни: Умрим бўйи иморатларни шикастланган ҳолда кўраман. Вафо асосларини барбод ҳолда кўраман. Ҳар тонг уйғонган чоғимда ўзгача бир қиёмат юз бераётганини кўраман.)

Ҳиндистондаги бундай чуқур инқироз оқибатида маориф тизими яроқсиз аҳволга келиб қолгани, мударрислар ­орасида мутаассиблик авж олганини шоир шундай ­тасвирлаган:

Ўчмишдир мадраса чироғи бул кун,
Қайнар бемаънилик булоғи бул кун.
Беҳаёлик эшигин қоқмоқда мулло,
Кўп баланд нодонлик димоғи бул кун.

(Ш.Шомуҳаммедов таржимаси.)

Мамлакатда юзага келган мураккаб шароитнинг бу каби ички сабаблари билан бирга ташқи сабаблари ҳам бор эди. Бедил Ҳинд ўлкаси европаликлар томонидан саноат маҳсулотлари бозорига айлантирилиши оқибатида маҳаллий ишлаб чиқариш касодга учраб, аҳоли турмуш тарзи тобора ночорлашиб бораётганидан изтироб чекиб ғазалларидан бирида: мен бу олам билан ҳеч бир шаклда дўст бўлолмадим, ундан гўё фаранг(овруполик)дан юрак олдирган мўъминдек қочаман, худди итга тош отиб қочган боладек, замона офатларидан безиллаб, ундан юз ўгираман, деб ёзади.

Бедил ижодида бу каби ижтимоий ноҳақликларга қарши кураш мотивлари кўп учрайди. Шоир ноҳақлик авж олган қийин вазиятда инсон ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида ҳам жуда кўп мушоҳада юритган, кишиларни саботли бўлиш, ёмонликка ички ирода билан қарши туриш, шу йўл билан уни енгишга чорлайди.

Хуллас, Бедил Шарқ мумтоз шеъриятига янгича мазмун олиб кирди. Чунончи, унгача кўпроқ ишқ-муҳаббат, май, сафо шеъриятда пафос ўлароқ етакчилик қилган бўлса, Бедил шеъриятида ижтимоий-сиёсий масалалар асосий ўринга олиб чиқилди. Бу, албатта, кучли ҳаётий эҳтиёжга кўра содир бўлган. Масалан, бир ғазалида ижтимоий иллатларни бартараф этиш ўзининг асосий мақсади эканлигини айтади:

Вазъи ҳамвори зи абнои замон матлуби мост,
Одамизод гар набошад, хар ки хоҳад хар шавад.

(Мазмуни: замона одамларини тўғри йўлга бошлаш бизнинг муддаомиздир, кимки одам эмас ҳайвон экан, шундайлигича қолаверсин.)

Бинобарин, Бедил XVII–XVIII асрларда Ҳиндистонда юзага келган оғир ижтимоий аҳволга қарши курашиш борасида ўзининг фалсафий, афоризмларга бой таълимотини яратган эди. Бу – бедилизм (“бедилизм” терминини илк бор Е.Бертельс қўллаган. Қаранг: Бертельс Е.Э. Бедил ҳақида мулоҳазалар. “Зафар” адабий алманахи, 1945 йил, 122-бет). Шу туфайли ҳам унинг ижоди кўнглида ватанпарварлик туйғуси бор кишиларни бефарқ қолдирмаган, жумладан, асарлари ҳаётлик пайтида ва вафот этганидан кўп ўтмай Ўрта Осиёга тарқала бошлаган. Тадқиқотчилар Бедил асарларининг Туркистонга жуда тез тарқалишини Ўрта Осиё ва Ҳиндистоннинг тарихан яқин маданий ва ижтимоий-сиёсий алоқалари билан изоҳлайдилар. Бу фикрга қўшилган ҳолда таъкидлаш жоизки, чуқур инқироз гирдобига тортилган Туркистон ўлкаси ҳам XIX аср иккинчи ярмидан кейин худди Ҳиндистон Европа томонидан мустамлакачилик хуружига дучор этилгани сингари Россиянинг босқинчилик таҳдидига учради. Бунинг оқибатида минтақада оғир ижтимоий аҳвол юзага келди, халқ сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этилди ва ушбу ҳолат зиёлиларни изтиробга сола бошлади. Мана шундай бир шароитда Бедил асарлари уларга бошқа муҳитдан етиб келган дардкаш бир мужда каби таъсир кўрсатди. Бинобарин, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Хива сингари шаҳарларда Бедил асарларини ўқиш, шарҳлашга катта қизиқишнинг бош сабаби мана шунда эди. Айтиш жоизки, Мунис, Турди Фароғий, Нодира, Муҳйи, Фурқат, Муқимий, Завқий, Алмаий, Сидқий-Хондайлиқий, Камий, Ҳазиний сингари ўзбек маърифатпарварлик адабиёти намояндалари ижодига Бедил асарлари ғоявий жиҳатдан таъсир кўрсатган.

Нафақат маърифатпарварлик адабиёти намояндаларига, балки улардан кейин майдонга келган жадид адабиёти вакилларига ҳам Бедил ижоди ғоявий таъсир ўтказган. Чунончи, ХIХ аср ўрталарида кейинчалик “жадид” деб аталган адабиётнинг юзага келишида Аҳмад Донишнинг (1818–1897) хизмати катта бўлган. Бу ҳақда Садриддин Айний шундай ёзади: “Мана шу чоқларда қоронғу кечаларнинг охирларида йилтиллаб туққан тонг юлдузидек, Бухоронинг қоронғу уфқларидан бир юлдуз чиқди. Ушбу юлдуз Аҳмад Калла деб машҳур бўлган Аҳмад Махдум муҳандиси Дониш эди”(Айний С. Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар. М., 1926, 25-бет).

Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақоеъ” асарида илк бор яроқсиз аҳволга келиб қолган тузумни ислоҳ қилиш тўғрисида фикрлар баён этилган. Шу боисдан ҳам унинг бу асари С.Айний ва А.Фитратга кучли таъсир ўтказган. Бу ҳақда С.Айний “Эсдаликлар”ида ўқиймиз: “Бу мадрасаларда турган вақтларда менинг дарс ўқишим, айниқса, Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақоеъ” асари билан танишганимдан сўнг анча сусайди. Дарсхонадаги дарсларни бефойда нарсалар ва уларга кетадиган вақтни беҳуда ўтадиган фурсат деб ҳисоблардим. Аммо расмият юзасидан бирон китобни кўтариб олиб, дарсхоналарга қатнардим ва дўстларим орасида Бухоро дарсхоналарининг программасини ўзгартириш лозимлигини гапирардим”.

Яна шу муаллиф Аҳмад Дониш асари таъсирида онгида кечган ўзгаришлар ҳақида қуйидаги характерли фикрни баён этган: “Бироқ “Наводир ул-вақоеъ” мундарижасидан ҳаётдаги таҳликали аҳволнинг реал тасвирини худди ўзим турмушда тасаввур этганимдай кўрганимда менда бошқача ҳолат рўй берди. Дилимда айтдим: “Бу аҳволни тузатмоқ лозим, агар мен тузата олмас эканман, ундан нафратланишим зарур”.

Шу ўринда, хўш, кишилар онгини ўзгартирадиган даражадаги ғоялар “Наводир ул-воқоеъ”га қаердан ўтган, деган савол туғилади. Бу саволга жавоб топиш учун яна С.Айний “Эсдаликлар”ига мурожаат қиламиз. Адиб ёзади: “XIX асрда Бухоронинг ёзувчи ва мутафаккир шоири Аҳмад Дониш (вафоти – 1897) Бедилни жуда севар ва унинг баъзи бир мушкул нарсаларини шарҳлар эди”. Дарвоқе, бедилшунос Ш.Шукуровнинг қайд этишича, Аҳмад Дониш қаламига мансуб “Наводир ул-воқоеъ” асарининг бир боби Бедил лирик меросининг шарҳ-изоҳига бағишланган (Шукуров Ш. Мирзо Бедилнинг поэтик мероси. Т., 1979, 97-бет). Бедил асарларининг Аҳмад Дониш томонидан кўчирилган қўлёзмаларидан бир неча нусха ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида сақланади. Улар орасида инвентар рақами 2898-I қўлёзмадаги кўпгина рубоийларга Дониш томонидан шарҳ-изоҳ берилган. Ш.Шукуровнинг қайд этишича, Аҳмад Донишнинг Бедил асарларига берган бу изоҳлари жаҳон бедилшунослик фанида ягона бўлиб қолмоқда.

Яна бир муҳим масала Бедил фикрлари, асарлари ҳақидаги мунозараларнинг жадид матбуоти ва адабиётида пайдо бўлиш билан боғлиқ. ХХ аср бошларидан Оренбург шаҳрида нашр этила бошлаган “Шўро” журнали Туркистонда ҳам зўр қизиқиш билан ўқилган. Журналнинг 1910 йил 24-сонида “Таржимон” тахаллуси билан ижод қилган ўзбек жадид шоири карманалик Баҳромбек Давлатшоевнинг (1873–1919) Бедил таржимаи ҳоли ҳақида “Шўро”да мақола эълон этилишини сўраб ёзган илтимоси ва “европалик шарқшунослар ёрдам бермасалар, бизнинг бу шоир ҳақида таржимаи ҳол ёзиш қўлимиздан келармикан” қабилидаги мулоҳазаси босилади. Бу илтимос ва мулоҳазани ўқиб, татар зиёлиси Олимжон ул-Идрис жавоб ёзишга ҳаракат қилади. Унинг жавоб мақоласи “Шўро”нинг 1911 йил 6-сонида босилади. Олимжон ул-Идрис бу мақолада Бедил ҳақида маълумот бериб: “Бедил тахаллуси билан машҳур шоирнинг асл исми Абдулқодир бўлиб, “Қомус ул-аълом”нинг 2-жилди, 1428 саҳифасида у ҳақида маълумот берилганлигини айтади ва ўз мақоласида ўша маълумотларни қайд этиш билан кифояланади. Афсуски, “Қомус ул-аълом”даги Бедил ҳақида берилган маълумотларнинг аксарияти нотўғри ва чалкаш бўлган.

Мазкур мақоладан бир оз ўтиб, журналнинг 1911 йил, 1 июн сонида Хивадаги Қутлуқ Мурод Иноқ мадрасаси толиби Али Акбар Нўғоевнинг “Мирзо Бедил хусусинда (Олимжон ул-Идрисий афандийа очиқ хат)” сарлавҳали эътироз мақоласи босилади. Унда Али Акбар Нўғоев Олимжон ул-Идрис мақоласидаги: “Мирзо Абдулқодир Бедил 977 йилда таваллуд топиб, 1015 йилда тахтга чиққан Жаҳонгиршоҳнинг замонида етишмиш”, дейилгани ҳолда, кейинидан “Учинчи аср бошларида вафот этиб, Деҳлида дафн этилган” сингари бир-бирини тасдиқламайдиган маълумотлар борлигини танқид қилади.

Шундан кейин журналининг 1912 йил 15 январ сонида Олимжон ул-Идриснинг “Яна “Мирзо Бедил ҳақинда” номли мақоласи эълон қилинади. Олимжон ул-Идрис бу мақолада, асосан, Али Акбар Нўғоев томонидан айтилган танқидларни тан олган ва навбатдаги мақоласида ўзининг биринчи мақоласида Бедил ҳақида айтилган нотўғри маълумотларни Бухоро мадрасасида ўқиган пайтида танишгани Садриддин Айний ёрдамида тўғрилаш ниятида эканлигини билдирган. Бедил ҳақида биринчи мухтасар мақоласидан кейин у Бухорога С.Айнийга мактуб йўллаб, Бедил ҳақида муфассал ёзиб юборишини сўраган ва С.Айнийнинг жавоб мактубини 1911 йил 3-мартда олган. Олимжон ул-Идрис Айнийнинг бу мақоласини татарчага ўгириб, “Шўро”да бостирган. Бедил асарлари ҳақидаги мулоҳазалар илк бор жадид матбуотига шу йўсинда кириб келган.

1919 йили Фитрат “Бедил” деб номланган бадиҳа ёзади. Унда, асосан, Бедилнинг ижтимоий масалалар ҳақидаги фикрлар борасида мушоҳада юритилган. Бадиҳада Фитрат бухороликларнинг ўз турмуш тарзларини яхшилаш учун, аввало, ­фикрларини ўзгартиришлари лозимлигини таъкидлайди ва ўзининг қарашини Бедил асарларидан келтирилган мисоллар орқали асослашга ҳаракат қилади(Фитрат. Бедил (Бир мажлисда). Т., 1996). Тошкент жадидчилиги намояндаларидан Миён Бузрук ҳам “Бедил” сарлавҳали мақола ёзади, бу мақола “Маориф ва ўқитғувчи” журналининг 1928 йил, 10-сонида босилиб чиқади. Унда ҳам, асосан, Бедилнинг фалсафий ва ижтимоий-сиёсий қарашлари тадқиқ этилган.

Ўтган асрнинг 40–70-йилларида С.Айний, Е.Бертельс, И.Мўминов, Ш.Шукуров сингари олимлар Мирзо Бедил ижодини, унинг фалсафий, ижтимоий-сиёсий қарашларини тадқиқ этишди. Бироқ бу йилларда маърифатпарварлик ҳамда жадид адабиёти тўғрисида холис фикр айтиш имкони бўлмагани сабабли Бедил ижодининг бу давр адабий ҳаракатчилиги билан боғлиқ жиҳатлари етарлича очиб берилмади.

Хуллас, Мирзо Бедил ижоди XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошига келиб Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда вужудга келган маърифатпарварлик ва жадид адабиётига ғоявий жиҳатдан таъсир кўрсатган. Чунончи, XIX аср иккинчи ярмида ёзилган Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақоеъ” ва XX асрнинг 10-йилларида ёзилган Фитрат (“Раҳбари нажот”, “Сайёҳи ҳинди”, “Мунозара”) асарларига ҳам Бедилнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари таъсири бўлгани шубҳасиздир.

Бурҳон Абдулхайров

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 52-сонидан олинди.