Эркин Воҳидов. Қарздорлик (1986)

Бир ёзувчининг адабиёт даргоҳига кириб ундан ўз ўрнини олиши учун минг бир шарту шароитнинг тажассуми керак бўлади. Ўша минг бирнинг бири адабий муҳит ва бу муҳитдаги одамларнинг хайрихоҳлигидир.

Абдулла Қаҳҳор биз энди адабиётга қадам қўйган давр муҳитининг марказида турган шахс эди, Ойбек, Ғ. Ғулом, Уйғун, С. Бородин, К. Яшин, М. Шайхзода, Миртемир, Зулфиялар каби адабиётимиз биносининг зўр устунларидан бири эди ва бинобарин бизнинг авлод адибларига шу уйнинг эшигини очганлардан бири бўлган.

Абдулла Қаҳҳор ёшларга алоҳида эътиборли, истеъдодни илғаш қобилияти бениҳоя кучли устоз эди. Саид Аҳмад, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров сингари ёзувчиларнинг ижодий тақдирида Абдулла Қаҳҳорнинг устозлик ўрни бор. Улкан адибнинг меҳр назари менга ҳам бир дафъа тушган ва устоз меҳрибонлигидан, мададидан мен ҳам баҳраманд бўлганман.

Биз дорилфунун талабалари эдик. 1-Май кўчасида жойлашган Ёзувчилар союзининг биноси ёшлар билан гавжум бўлар эди. Адабий консультациялар фаол ишлар, уларда кўзга кўринган шоир ва ёзувчилар хизмат қилар эдилар. Адабий суҳбатлар, баҳслар, семинар машғулотлари жуда қизғин, ўткир мунозаралар билан ўтар эди. Айниқса Абдулла Қаҳҳорнинг чиқишлари ҳамманинг диққатини тортар, ҳатто союзнинг хўжалик ходимлари, қоровулларигача кириб эшитар эдилар.

Шу суҳбатларнинг бир нечтасини мен ҳам тинглаганман. Суҳбатлардан бирида ёшларнинг «Ҳозир қандай асар устида ишлаяпсиз?» деган саволига ёзувчи «Порахўрлик тўғрисида драма ёзаяпман», деб жавоб берган ва порахўрлик иллатининг бор қабиҳ кўринишларини, хилларини санаб берган эди. Абдулла Қаҳҳор ёзилажак комедияга материал йиғиш асносида бир дафтарни тўлдириб ҳар бири афоризмдай жаранглайдиган иборалар ёзиб чиққан экан. Шулардан бир нечтасини бизларга ўқиб берган ва таассуф билан шундай деган эди:

— Бу гаплар ўз ҳолича ёмон эмас. Ўзимга ҳам маъқул. Лекин драматургия шундай қайсар жанрки, бу ибораларнинг қай бирини қаҳрамошшнг оғзига солсам, туфлаб ташлайди.

Бир оғиз сўз билан Абдулла Қаҳҳор драматургиянинг бутун мураккаб табиатини, характер мантиқи, психологик асослаш каби мушкул талабларини ифода қилган эди.

Ёзувчининг ўша дафтарида жуда ғаройиб бир саҳифа бор эди. Бу саҳифада поранинг ақл бовар қилмас кўринишлари, юзга яқин хили ёзилган эди. Масалан, мақтов ҳам пора хилларига киритилган. Ёзувчи буни шундай изоҳлаган эди:

— Маълумки амалдорни мақтаган одам бориб уни қулоғига мақтамайди. Кўпчилик ўртасида мақтайди. Бу ўша амалдорга обрў келтиради ва у обрўни майдалаб пул қилади.

Ўша дафтардан ўқилган яна бир жумла: «Халқ порахўр раҳбарнинг юзига тупуради. Лекин бу раҳбар билан халқнинг ўртасида ҳукумат столи бор. Афсуски, баъзан тупук порахўрнинг юзига етиб бормай, ўша табаррук столга тушади».

«Тобутдан товуш» асари билан Абдулла Қаҳҳор кучли бонг урган эди. Нафс бандаларига, эсингизни йиғиб олинг, деган эди. Афсуски, бу асар юқори давраларда ўз қадрини топмади…

Абдулла Қаҳҳор оғзидан чиққан ҳар бир ибора чуқур мантиқий, тагдор, образли бўлар эди. Ёш ёзувчилардан ҳам шуни талаб қилар эди: «Сўзни мих қилиб қоқиб, қалпоғини узиб ташла, биров суғуриб ололмасин», деган эди у суҳбатларнинг бирида.

Абдулла Қаҳҳорнинг А. П. Чеховга эътиқоди баланд бўлгани кўпчиликка маълум. Улуғ рус ёзувчисини суюб, эъзозлаб, ҳурмат билан «Чехов домла» дея атагувчи эди. Абдулла Қаҳҳор учун унинг «Қисқалик — истеъдод синглиси» деган ибораси жуда азиз бўлган. Суҳбатлардан бирида у «Бемор» ҳикоясининг биринчи жумласи қандай ёзилганини, ўттизга яқин варақни қора қилиб (А. Қаҳҳор ёзилган сўзнинг устидан чизиқ тортмас эди, жумла бузилса, сўз ёки ҳарф хато бўлса, янги вараққа ёзиб чиқар эди). Ниҳоят энг қисқа, энг аниқ ифода топганини айтиб берган эди: «Сотволдининг хотини оғриб қолди».

— Бу жумланинг фазилати битта, — деган эди у, — фикр тўртта сўзда баён қилинган. Қолган ҳамма вариантларда шу фикр беш, олти сўз билан айтилади. Масалан, Сотволдининг хотини касал бўлиб қолди, ёки тоби қочиб қолди, ёки мазаси кетиб қолди…

Ҳозир нашриётда хизмат талаби билан қўлёзмаларни ўқиганимда, баъзан улардаги эзмалик «ўтлаб кетиш» (бу ҳам Абдулла Қаҳҳор ибораси), чучмал тасвирларни кўриб устознинг бир сўз устида чеккан заҳматлари эсимга тушади.

Олтмишинчи йилларнинг бошида ҳаётимда юз берган бир воқеа менинг қисматимда ўчмас из қолдирди. Ўшанда мен эндигина бир китобча автори, адабиёт нашриётига янги ишга кирган вақтим эди. Бир кун мени бош редактор ўринбосари ҳузурига чақиришди. Бу серзарда, раҳмсиз бошлиқнинг чорлаши одатда яхшилик келтирмас эди. Бунинг устига, ўша кезлари менинг баъзи шеърларим танқид қилиниб турган, матбуотда янги нарсаларим тўхтаб қолган пайт эди. Мен энди ишдан ҳам кетдим, шекилли, деб қўрқа-писа ўринбосар кабинетига кирдим. У киши мени кутилмаган тавозе билан қаршилаб, телефонга таклиф қилди: «Сизни Абдулла Қаҳҳор сўраяптилар».

Ҳаяжон титроғида телефон трубкасини қулоғимга қўйдим. Қулоғимга қўйдиму у ёғига нима қилишимни, нима дейишимни билмайман. «Алло» дейиш одобдан эмас, салом бериш — томдан тараша тушгандек туюларди. Ниҳоят ўзимни қўлга олиб «Лаббай» дедим ва улуғ устознинг овозини эшитиб, салом бердим. Абдулла Қаҳҳор худди мени аввалдан таниган, суҳбатлашиб юрган одамдек жуда қисқа сўрашиб, асосий гапга ўтди, янги ҳикоя ёзганини айтиб унинг мазмунини шошмай баён қила бошлади. Мен ҳамон мақсадни тушунмай ҳайрон бўлиб (қулоғим трубкада, кўзим ўринбосарда), тинглаб турардим. Ўринбосар ҳам ҳайрон — улуғ ёзувчининг бу тирранчага айтадиган шунча узоқ нима гапи бор экан, дегандек ўқтин-ўқтин хатдан бош кўтариб қараб қўярди. Абдулла Қаҳҳор ҳикоя баёнини тугатиб, унга эпиграф ёзиб беришимни сўради. Ҳайратдан лол бўлиб қолдим. Одатда эпиграф классикларнинг асарларидан олинади ва эпиграф автори бўлган ёзувчи, шоирга катта ҳурмат нишонаси ҳисобланади. Менга айтилган таклиф эса қоиданинг тескариси эди. Хрестоматияларга кирган асарларини ўзим мактаб дарслигида ўқиган классик ёзувчи мендан — бир бошловчи ёш шоирдан эпиграф олмоқчи. Нима дейишимни билмай турар эдим. Бирор гап айтиш керак. Мен секин: «Қандоқ бўлар экан…» дедим. Абдулла Қаҳҳор менинг сўзимни эшитмагандек ўз телефони рақамини айтди. Ёзиб олишимни сўради ва тўртлик битгач, телефон қилишимни тайинлаб, трубкани қўйди.

Бир ҳафтадан кейин «Совет Узбекистони» газетасида Абдулла Қаҳҳорнинг «Маҳалла» деб аталган ҳикояси босилди. Ҳикояда менинг тўрт сатр шеърим эпиграф қилиб қўйилган эди.

Ўша вақтда бу ҳодисани келажак тақдиримга қандай таъсир қилишини тасаввур қилмаганман. Лекин ўша кунларда устознинг менга, сўнгра Абдулла Ориповга кўрсатган бундай хайрихоҳлиги биз учун ўзига хос яшин қайтаргичдай бўлгани сир эмас.

Халқда бир гап бор. Дейдиларки, фарзанд ота-она меҳрини узолмайди. Бу қарзни у фақат ўз фарзандларига қайтариш билан узиши мумкин. Устоз ва шогирдликда ҳам шундай. Абдулла Қаҳҳор ўз ижоди, ўз умри билан ёшларга қандай муносабатда бўлиш сабоғини қолдирди.

1986