Фарғона водийсидаги атроф муҳитнинг ҳолати ҳақида
Фарғона водийсини тарихий ва иқтисодий жиҳатдан ўзига хос ноёб ўлка деб аташга асос бор. «Бобурнома»да бу ўлка қишлоқлари шаҳарларга туташиб кетган, бепоён боғ-роғлари ва яйловлари, бой наботот ва ҳайвонот дунёси бўлган водий деб таърифланган. Асримиз бошигача бу водийнинг ана шу табиати деярли ўзгаришсиз сақланиб келди. Унинг марказий қисмида — Сирдарёнинг чап соҳилида ҳар йили такрорланадиган сув тошқинлари даврида лиммо-лим тўладиган кўп сонли кўллар бўлган. Халқ Дамкўл деб атаган бу кўллар атрофида қамиш ва қиёқ ўсиб ётган, ҳайвонот дунёси ҳам ниҳоятда бой бўлган. Марказий Фарғонада Қўқон воҳасидан Ёзёвонгача бўлган кенгликларда саксовул, черкез қандим, қум қиёғи, янтоқ каби нодир ўсимликлар ўсиб, шўрхок майдонлар билан бирга ўзига хос манзара кашф этган.
Сирдарёнинг чап соҳилида юзлаб чақирим масофага чўзилган наботот ва ҳайвонот дунёсига ниҳоятда бой тўқайзорлар водий табиатининг ноёб яратмалари сифатида яшнаб турар эди. Бобурнинг таърифича пистазор, зиразор ва бутазорлар, ўти белга урадиган яйловлар билан қопланиб ётган адирлар ўзининг кўркамлиги билан водийга ҳусн бахш этиб турган. Бу аслий, бирламчи ёввойи табиат қўйнида ҳайвонлар, парранда ва даррандалар эркин яшаб, кўпайганлар…
Тоғ тизмаларидан бошланиб, водийнинг текислик қисмига томон оқиб келувчи минглаб катта ва кичик жилғалар, сойлар ва дарёлар ўз обиҳаёти билан водийни яшнатиб, унга алоҳида ҳусн ва латофат бахш этарди.
Ниҳоят, Октябрь инқилоби ғалаба қозонди. Мамлакатимиз хўжалигини ривожлантиришнинг дастлабки беш йиллик планлари амалга оширила бошланди. Бу планларда мамлакат халқ хўжалигини ривожлантириш учун табиий бойликлардан кенг миқёсда фойдаланиш кўзда тутилганди. Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда табиат бойликлари битмас-туганмас деган ақидага амал қилиниб, инсоннинг унга (ер, сув, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва ҳоказоларга) ўтказаётган салбий таъсири арифметик прогрессия асосида ортиб борди. Бундай ҳолат, айниқса қадимги маданият ва деҳқончилик марказларида тез намоён бўлди. Бунга Фарғона водийси яхши мисолдир.
Водийдаги уч жумҳуриятга қарашли бўлган бешта вилоятда ҳозир 8 миллионга яқин аҳоли яшайди. Бу Бельгиянинг аҳолисидан икки баравар, Мўғулистон аҳолисидан тўрт баравар кўп, деган сўздир. Ҳар квадрат километрда ўртача 160 киши яшамоқда. Айрим жойларда эса аҳоли ҳар квадрат километрга 400 кишидан ҳам ортиқ. Бундан, Фарғона водийси аҳоли зичлиги жиҳатидан СССРда олдинги ўринда туради, деган хулоса келиб чиқади.
Советлар ҳокимияти даврида бу ердаги шаҳарларда қудратли саноат марказлари барпо қилинди. Ҳозирги вақтда водийда жами мингдан зиёд саноат корхонаси ишлаб турибди. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг илмий принципларига зид ҳолда, айрим шаҳарларда улкан саноат корхоналари керагидан ортиқ қурилди. Масалан, Фарғона-Қиргули, Марғилон-Қувасой, Андижон-Асака ва Кўкон саноат тугуни ана шундай марказлардандир. Бу ерларда юздан ортиқ йирик саноат корхонаси жойлашган. Бу саноат корхоналарининг кўпчилиги 1960 йилгача бўлган лойиҳада қурилган бўлиб, улар технологик жиҳатдан меъёрига етказилмаган ва водийнинг атроф муҳит ҳолатига салбий таъсири эътиборга олинмаган. Оқибатда бугунги кунда водийдаги айрим шаҳарларда экологик танглик авжига чиқиб, деҳқончиликнинг ҳамма тармоқларида унинг зарари ортиб борди, одамларнинг яшаш шароити ёмонлашди, Фарғона шаҳри ва унинг атрофидаги районларнинг ҳавоси азот бирлашмаси, Фарғона нефтни қайта ишлаш, сунъий тола ишлаб чиқариш, чарм ишлаб чиқариш, гидролиз ва ёғ-мой заводлари, лак-бўёқ ишлаб чиқариш бирлашмаси ва бошқа корхоналарнинг чиқиндилари билан тўхтовсиз булғаниб бормоқда.
Фарғона шаҳрининг экологик кундалигига назар ташлайлик: 1989 йилнинг июнь ойида шаҳар марказида ва унинг жанубида азот икки оксидининг ҳаводаги миқдори санитария нормасидан 4 мартагача, шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган Калинин массивида эса 2,5 мартагача ортиқ бўлди. Бундан ташқари бутун ой давомида углевод оксиди газининг ҳаводаги миқдори санитария нормасидан 4,4 марта юқори бўлган. Бу аҳвол бу йил ҳам такрорланяпти. Шаҳар ҳавосидаги фенол ва аммиакнинг миқдори ҳам нормадагидан юқоридир.
Саноат корхоналаридан ҳавога кўтарилаётган заҳарли газ, чанг, ва бошқа чиқиндиларнинг умумий миқдори ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Чунки корхоналардан ҳавога чиқаётган чиқиндиларни стационар усул билан ўлчаш яқинда бошланди. Бу иш билан водий бўйича фақат биргина илмий лаборатория шуғулланмоқда, холос. Лекин айрим корхоналар ҳақида маълумотлар бор. Масалан, Фарғона газ аппарат заводида бир йил давомида ҳавога чиқаётган чиқиндилар миқдори 350 тоннани, органик синтез ишлаб чиқариш бирлашмасида 65 минг тоннани, ёғочни қайта ишлаш заводида 100 тоннани ташкил этади. Шундан кўриниб турибдики, водийдаги корхоналардан ҳавога кўтарилаётган чиқиндилар жуда катта миқдорни ташкил этади. Хўш, бунинг оқибатида водий табиатида, ижтимоий-социал ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўляпти?
Фарғона водийсининг метереологик шароитлари саноат корхоналаридан ҳавога кўтарилаётган ҳар хил чиқиндиларнинг кенг майдонга тарқалиши ва ёйилиб-сочилиб кетишига имкон беравермайди. Айниқса йирик саноат корхоналари тўпланган Фарғона шаҳарида ва унинг атрофида ҳавонинг турғун ҳолати йил давомида кўп такрорланади. Оқибатда бир неча кун давомида шаҳар ҳавосида чанг ва газларнинг тўпланиши, уларнинг қуюқлашиши юз беради. Бундай ҳолат бу ерда такрорланиб турадиган ғарбий, жануби-ғарбий ва жануби-шарқий йўналишдаги шамоллар эсгунгача давом этади. Баъзан шундай кунлар узоқ давом этиб қолса, Фарғона-Қиргули зонаси устида тутун, қурум, чанг аралашмасидан иборат заҳарли ҳаво муаллақ туриб қолиб, тобора пастлай бошлайди.
Одам айни шундай ифлос ҳаводан нафас олишга мажбур бўлади. У фақат ўпка орқали эмас, сув, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ҳам инсон танасига кириб боради. Ана шунинг учун ҳам Фарғона вилояти аҳолиси орасида астма, ошқозон-ичак, ўпка сили каби касалликлар кўпаймоқда. Масалан, сўнгги икки йил давомида вилоятда бронхиал астма касаллиги 13 фоизга ортган бўлса, Фарғона шаҳрида 25 фоизга, Қувасой шаҳрида 90 фоизга, Қўқон шаҳрида 59 фоизга ортди. Болалар ўлими кўплигининг асосий сабабларидан бири ҳам табиий муҳитнинг ифлослиги, ичаётган сув сифатининг ёмонлигидир. Жумҳурият бўйича ҳар минг боладан 26 нафари, Фарғона вилоятида эса 45 нафари нобуд бўляпти.
Атроф муҳит ҳолати ташвишли бўлган иккинчи ўчоқ Қўқон шаҳридир. Бу ерда саноат корхоналари билан бирга шаҳардаги темир йўл ва автомобиль транспорти ҳавони кучли ифлослантираётган манбалардир. Улардан чиқаётган заҳарли моддалар миқдори йилига 66 минг тоннага етмоқда. Бу белгиланган нормадан ўн марта кўпдир.
Водийда сув манбаларининг булғанаётганлиги ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда. Саноат корхоналарида ишлатилиб, кучли ифлосланган, таркиби хилма-хил заҳарли моддалар билан бойиган оқавалар оқин сув манбаларини ва ер остидаги сувли қатламларни кучли ифлослантираётганлиги ҳеч кимни ташвишлантирмаяпти.
Фарғона нефтни қайта ишлаш бирлашмаси Қиргулида ер ости нефть омбори қуриб, унда минг тонналаб хом ашёни сақламоқда. Бу омборга нефть оқиб келадиган қувурлар ва омборнинг пойдевори эскириб, нефтнинг маълум қисми ер остига сингиб, сувли қатламларни ифлослантира бошлади. Бундай ҳолатга бир неча йиллар давомида бепарво қараб келдилар. Натижада корхонада 7—8 километр масофадаги қудуқлар суви нефть билан ифлосланди ва сувнинг сифати бузилди. Ҳатто сувли қудуқларда ёнғинлар пайдо бўлиб, одамлар жароҳатланди.
Фарғона саноат марказидан жанубий Фарғона каналига ташланаётган оқава сув таркибидаги нефть маҳсулотлари, минерал тузлар ва бошқа кимёвий моддалар миқдори ҳамон камайганича йўқ. Чунки сувни тозалайдиган иншоотларнинг иш унуми ҳозирги талабларга умуман жавоб бермай қолган.
Табиий муҳитнинг булғаниши саноат корхоналарида техника қарови қоидаларининг бузилиши оқибатида келиб чиқадиган авариялар туфайли ҳам содир бўлмоқда. Масалан, 1986—1989 йиллар мобайнида Янги Кўқон кимё заводида етти марта авария бўлиб, тупроқ ва ер ости суви катта ҳажмдаги фосфогипс ва олтингугурт кислотаси билан булғанди. Авария содир бўлган кимё заводи ниҳоятда тоза ичимлик сув оқадиган Сўх сойининг ёйилмасида — Қўқон воҳасида жойлашганлиги натижасида катта сув ҳавзаларининг заҳарланиши хавфи туғилди.
Фарғона вилоятида минерал ўғит ишлаб чиқарадиган иккита улкан корхона (Кўқон суперфосфат ва Фарғона азот ўғитлари бирлашмаси) ишлаб тургани ҳолда, бу ерда ана шундай учинчи корхона қурилишини қандай баҳолаш мумкин? Ваҳоланки гидрогеолог олимлар бу корхонанинг Қўқон воҳаси табиатига хавфи борлигини илмий асослаб беришган эди-ку! Ҳозир, дўппи тор келган пайтда СССР минерал ўғитлар ишлаб чиқариш министрлиги раҳбарлари айбни жумҳурият раҳбарларига, жумҳурият раҳбарлари эса яна кимларгадир тўнкашяпти. Наҳотки, Иттифоқ министрлиги вилоятда иккита минерал ўғит ишлаб чиқарадиган корхона борлигини билмаса? Мана, министр Н. М, Ольшанскийнинг ЎзТАГ мухбири билан қилган суҳбатига эътибор беринг: «Қўқонга сафарга отлаётганимизда, масаланинг тарихини ўрганиб чиқдик. Ярим тайёр завод Сўх ер ости сув манбаи устида турганлиги ҳақидаги дастлабки ахборот министрликка 1982 йилда келиб тушганлигини айтиб ўтмоқчиман. Лекин ўшанда ҳеч ким қурилишни тўхтатишни талаб қилгани йўқ». Министрнинг мулоҳазасини қаранг. Одатда кимё корхонаси қурилишига мўлжалланган жой табиий ва экологик нуқтаи назардан комплекс ўрганилиб, унинг табиатга кўрсатадиган таъсири илмий жиҳатдан асосланиши лозим эмасми? Корхонани планлаштириш ва жойлаштиришда кўр-кўрона иш қилинганлиги аниқ. Министрликдаги мутасадди ўртоқлар ҳам, жумҳурият раҳбарлари ҳам мазкур корхонани бунёд этишда ҳар тарафлама ўйлаб иш қилмадилар. Янги Кўқон кимё заводи ва суперфосфат заводи табиатни булғашдан ташқари, хом ашё манбаларидан жуда олисда қурилганлигини, зарур хом ашёни 3,5—4 минг километрдан ташиб келтираётганлигини қандай баҳолаш мумкин? Бу улкан корхонани нотўғри жойлаштирилишида, ҳозир гўё ҳеч ким айбдор эмас. Лекин давлатга 120 миллионга тушган ва ҳозир ишдан тўхташ арафасида турган бу корхона қурилишига кимлардир фатво берган-ку! Нега ҳозир улар жавоб бермасликлари керак? Аслида эса бундай катта ишларга бош-қош бўладиган кишилар юксак даражадаги экологик онгга ва маданиятга эга бўлиши, қурилиши мўлжалланаётган корхонанинг табиатга таъсир этиш даражасини олдиндан кўра билиши зарур.
Ҳозир эса, ифлосланган ҳаво ва оқава сувлар одамлар соғлигигагина эмас, деҳқончиликка ҳам жиддий зарар етказяпти, шаҳар атрофидаги далаларда экинлар ҳосилдорлиги камайиб кетяпти. Масалан, Қиргули посёлкасига ёндошган Тошлоқ районидаги Куйбишев номли колхозда 1976 йили бу кўрсаткич 25 центнерга тушди, узумзорлардан олинган ҳосил эса 43 центнердан 13 центнерга тушиб қолди, сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги ва сифати ҳам пасайди. Қувасой цемент комбинати атрофидаги қишлоқларга цемент чангининг кўп ўтириши оқибатида мева дарахтлари ҳосил бермай қўйди. Қўқон суперфосфат заводи таъсири доирасида бўлган далаларда эса тутлар қуриб тамом бўлди. Шаҳарлар атрофидаги хўжаликларда асалари боқиб бўлмай қолди.
Шаҳарлар ҳавоси ва табиати фақат саноат чиқиндилари билан эмас, балки автомобиль транспорти ҳаракатидан ҳам ифлосланмоқда. Автотранспорт корхоналарида автомобилларнинг техник қарови, созланиши ва автомобилларнинг зарарсиз ёқилғи билан ишлашга ўтишини таъминлаш қониқарсиз аҳволда. Бунинг устига йўллар сифати ҳам талаблар даражасида эмас. Йўллардаги автотранспорт қатнови эса тобора тиғизлашиб боряпти. Бундай шароитда автомобиль транспорти корхоналари раҳбарлари автомобилларнинг асосий қисмини қуйилтирилган газ билан ишлашга ўтказиш учун чора-тадбирлар кўришлари зарур.
Саноат корхоналарини жойлаштиришда санитария-ҳимоя зоналарини барпо қилиш учун қоида бўйича маълум майдон ажратилиши талаб қилинади. Ваҳоланки, кўпгина саноат корхоналарида ана шундай зоналар йўқ, борлари ҳам замон талабига жавоб бермайди.
Ҳар бир корхонанинг санитария-ҳимоя зонасини ташкил этишда шу корхонанинг ҳавога чиқараётган газ ва чангининг кимёвий таркибини ҳисобга олиш талаб қилинади, чунки ҳимоя зонасига экиладиган дарахт тури, бута ёки бошқа манзарали ўсимликлар шу газ ва чангга чидамли бўлиши керак. Бу ишларни амалга оширишда илмий муассасаларнинг тавсияларига амал қилиш лозим.
Шу ўринда Фарғона водийси шаҳарларининг манзарали дарахт ва яшил кўкатлар билан безалганлик даражасига алоҳида тўхтаб ўтишни истардик. Таркиби турли-туман кимёвий моддалар, газлар ва чанг билан тўйиниб бораётган шаҳар ҳавосининг тозалиги ва кислородга бойлиги биринчи навбатда яшил ўсимликлар дунёсига боғлиқ. Чунки яшил ўсимликлар табиатнинг санитари ҳисобланиб, ҳавони газ ва чангдан тозалайди, ҳаво ҳароратини ва намлигини маълум меъёрда ушлаб туради, кислород билан бойитади, ниҳоят, одамнинг яшаши учун энг қулай шароит яратади. Ким яшил ўсимлик ва гуллар қўйнида бўлишни истамайди дейсиз. Ахир одам учун ҳамма маънавий озуқа шу сахий дунё қўйнида-ку. Шундай экан, барча воситаларимизни ишга солиб, шаҳарларимизни кўкаламзорлаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Наманган шаҳрини боғлар ва гуллар шаҳри деб таърифланиши бежиз эмас. Водийнинг бошқа шаҳарларига таққослаганда худди шундай. Бироқ шаҳарнинг кўпгина кўчалари кенгайтирилгандан сўнг яланғоч бўлиб қолди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ҳар бир яшовчига тўғри келадиган яшил майдон Наманганда ҳам водийнинг бошқа шаҳарларида ҳам нормадагидан бирмунча оз. Масалан, яшил шаҳар дейилишига қарамасдан, бу ерда аҳоли жон бошига 5—6 квадрат метр яшил майдон тўғри келади, холос. Бу мутлақо етарли эмас. Ваҳоланки, нам ва мўътадил иқлимли Москва шаҳрида ҳар бир кишига 40 квадрат метр, Рига шаҳарида 80 квадрат метр яшил майдон тўғри келади. Бу шаҳарлардаги боғлар бевосита шаҳар ташқарисидаги ўрмонларга туташиб кетган. Ўйлаб кўринг, қайси шаҳарнинг ҳавоси тоза бўлиши мумкин? Асфальт-бетон замони келиб, шаҳарларда асфальт ётқизилмаган кўча ва майдонлар қолмади. Нима учун йўлаклар билан автомобиль йўлларини ажратиб турадиган бутазор ва майсазор (газонлар)ни йўқотиб юбордик. Фарғона шаҳарида бирор қарич ҳам майсазор қолмади, адашиб чиқиб қолган ариқ четидаги кўкатларни ҳам ўт босиб кетибди баҳонаси билан қириб-чопиб ташлаяпмиз.
Водийдаги бирорта шаҳар атрофида ёки уларга туташ жойларда ўрмон-боғларни кўрмаймиз. Ҳатто ҳозирги даврда қурилаётган йўлдош шаҳарлар ёки массивларда ҳам ўрмон-боғлар учун майдонлар ажратилаётгани йўқ. Нима учун? Сабаби, биз ерни тежашни ўйлаяпмиз-у, лекин инсон саломатлиги ҳақида дуруст қайғурмаяпмиз.
Юқорида қайд қилинганлардан кўриниб турибдики, Фарғона водийси табиатига индустриянинг тазйиқи беқиёс бўлиб, ундан кўрилаётган экологик зарар ҳажми кундан кунга ортиб бормоқда.. Жумладан, тадқиқот орқали олинган ҳамма маълумотларни маълум программа асосида электрон ҳисоблаш машинасига ҳавола қилганимизда, Фарғона шаҳридаги ўртача катталикдаги еттита саноат корхонасининг табиатга келтирган зарари 3,5 миллион сўмни ташкил қилди. Бу зарарнинг маълум қисмини умуман тиклаб бўлмаслигига эътибор берсак, биз қисқа вақтда кўп нарсани йўқотганлигимиз равшан бўлади.
Энди сув манбаларининг аҳволи, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш масалалари ҳақида фикр юритамиз.
Фарғона водийсини ўраб олган тоғ тизмаларидан кўп сонли сой ва дарёлар оқиб келиб Сирдарёга қуйилади. Уларнинг ҳаммасини биргаликда Сирдарё системаси деб аталади. Бироқ аслида Сирдарё ва унинг кўпсонли ирмоқлари Қирғизистон ва Тожикистон ерларида шаклланиб, катта масофани босиб ўтиб, Ўзбекистон территориясига кириб келади. Сув бойликлари нуқтан назаридан табиат Фарғона водийсида уч жумҳуриятни бир қон томирига боғлаб қўйганким, табиатнинг бу мўъжизасидан ўзбеклар, қирғизлар ва тожиклар ҳамкорликда, оқилона фойдаланишлари зарурлигини табиатнинг ўзи айтиб турибди. Сирдарё ҳавзасидаги сой ва дарёларда тўпланган сув запаси водий аҳолиси, хўжалиги ва бошқа ҳамма эҳтиёжларни қаноатлантириб, ортган қисми Орол денгизигача бўлган ерларни ҳам сув билан таъминлайди.
Фарғона водийсидаги вилоятларда советлар ҳокимияти даврида барпо этилган ва ҳозирда яна ривожланиб бораётган саноат, қишлоқ хўжалиги, аҳоли эҳтиёжи ҳамда шаҳар ва қишлоқларнинг ободончилиги учун сарф бўлаётган еув кун сайин эмас, соат сайин ортиб бораётганлиги ҳам ажабланарли эмас.
Саноат корхоналарида технология жараёнлари учун катта ҳажмда сув ишлатилади, у турли хил зарарли ва заҳарли моддалар билан ифлослантирилиб, чиқариб ташланади. Биргина Фарғона шаҳридаги саноат корхоналари бир сутка давомида технология эҳтиёжлари учун юз минг кубометрдан ортиқ сув ишлатади ва тахминан шунча миқдордаги сувни ифлосланган ҳолда ташлайди. Водийдаги 30 дан ортиқ шаҳарнинг ҳар бирида 50 мингдан 200 минггача аҳоли яшайди, уларда ҳам саноат корхоналари бор. Демак, бу шаҳарларнинг ҳар бири сув истеъмоли жиҳатидан Фарғона шаҳрига яқинлашиб қолади. Шаҳарлардаги коммунал хўжалигининг сув истеъмоли миқёси ҳам саноатдаги сув истеъмолидан қолишмайди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бир йилда Сирдарёга 7,5 миллиард кубометр ёки ҳозир Қайроққум сув омборида тўпланган сувдан икки баравар кўп сув чиқариб ташланади.
Сув табиатнинг ҳеч нарсага таққослаб бўлмайдиган мўъжизаси бўлиб, ҳаётимизда уни ишлатмайдиган соҳа йўқ. Бироқ, шундай мўъжиза бўлган сувдан фойдаланишда тежамлилик йўқ. Сувдан саноатда технология жараёнларида айланма усулда такрор ва такрор фойдаланиш 30 фоизга ҳам бормайди. Ифлосланган сувни тозалаш иншоотларида тиндирма ва биологик усуллар билан тозалаб, қайтадан хўжалик эҳтиёжлари учун ишлатиш ҳали қониқарли эмас. Жуда кўп ҳолларда сувни технология мақсадларида бир марта ишлатиб, чиқариб юборилади. Андижон, Фарғона ва Наманган шаҳарларидаги йирик кимё ва озиқ-овқат корхоналаридан чиқаётган сувнинг таркибидаги зарарли моддалар нормадан бир неча марта ортиқ, ёғ-мой комбинатларида ишлатилган сувда эса ёғ аралашмалари бир неча ўнлаб тоннани ташкил этмоқда.
Қанчалар чора-тадбирлар кўрилмасин, бу чиқинди сувлар сой, канал ва ариқлардаги сувлар билан аралашиб, уларнинг кучли ифлосланишига олиб келмоқда. Шоҳимардонсой суви Қадамжой ва Водил посёлкалари атрофида аммонийли азот билан ифлосланиб, у санитария нормасидан икки баравардан зиёд ортиб кетмоқда, нитратли азот миқдори эса 1,5 марта ортиб кетмоқда. Бу моддалар салмоғи Сирдарёга борган сари янада ортади. Масалан, Шимолий Боғдод коллекторида нитратли азот миқдори нормадагидан 9,5 марта, Жанубий Фарғона каналида эса 6 мартага яқин ортади. Исфайрамсой ва Шимолий Боғдод коллекторидаги сувда хромнинг миқдори 3,5 мартага ортгани аниқланди. Оқин сув манбаларини ифлослантирадиган ўчоқларнинг кўплиги орқасидасувда мураккаб кимёвий бирикмалар ҳам учрайдиган бўлиб қолди.
Саноат ва коммунал хўжалиги томонидан сув манбаларининг ифлосланиши ва сифатининг ёмонлашувининг асосий сабаби айрим корхоналарда ва умумам шаҳарларда сув тозалайдиган иншоотлар мутлақо қониқарсиз ишлаши ёки кўпчилик корхоналарда шундай уда кўп иншоотларнинг йўқлигидир. 1980 йилгача қурилиб ишга туширилган корхоналарда лойиҳада кўзга тутилган сув тозалайдиган иншоотлар ёки бутунлай қурилмаган, ёки улар лойиҳа бўйича қуриб битказилиб, ишга туширилмаган. Сув тозалаш иншоотлари қурилишига ажратилган маблағ фойдаланилмасдан қолиб кетган ёки бошқа мақсадларда фойдаланилган. Атроф муҳит муҳофазаси ва сув манбаларининг ифлосланиши олдини олиш масаласида ҳеч ким бош қотирмаган. Шундай муносабат ҳозиргача давом этиб келмоқда.
Фарғона — Марғилон саноат зонасида худди шундай ҳолат юз берди. Бу ердаги кўпгина саноат корхоналари 1986 йилдан буён сув тозалаш иншоотлари қурилишини планлаштириш билан шуғулланиб келмоқдалар. Шу мақсадлар учун икки ярим миллион сўм пул ажратилган. Ана шу план бўйича сув тозалаш иншоотлари 1990 йилда битказилиши ва суткасига 60 минг кубометр сувни тозалаб бериши керак эди. Афсуски, бу умумшаҳар сув тозалаш иншооти ишга тушгунча бу ердаги саноат тармоқларининг сув истеъмол қилиши камида 1,5 баробар ортиши кутилмоқда.
Орол денгизини сақлаб қолиш муаммосини ҳал қилишда Сирдарё ҳавзасидаги сув бойликларидан ниҳоятда тежаб-тергаб фойдаланишнинг аҳамияти катта. Сувдан хўжалигимизнинг ҳамма тармоқларида фойдаланишни қатъий тартибга келтирилса, ишлаб чиқариладиган ҳар бир маҳсулот бирлигига сарф қилинадиган сув миқдори аниқланиб, сув истеъмол қилишнинг қатъий нормаси белгиланса ва унинг бажарилиши қаттиқ назорат қилинса Сирдарёдаги йиллик сув сарфининг (14 кубокилометр) камида ярми Орол денгизига қуйилишига шубҳа қилмаса бўлади. Бу умуминсоний муаммони ҳал қилиш учун ҳар бир оила, ҳар бир корхона раҳбари ва сув хўжалиги мутахассиси ўз вазифасини ҳамда фуқаролик бурчини сидқидилдан бажариши талаб қилинади.
Ер ости сув бойликларидан фойдаланишдаги қолоқлик ва хўжасизлик ҳозирги тараққиёт даражамизга мутлақо мос келмайди.
Фарғона водийси ер ости суви шаклланадиган ўзига хос гидрогеологик район ҳисобланади. Бу ерда турли чуқурликларда бир неча сувли қатламлар ҳосил бўлган, Бу қатламлардаги сув миллион йиллар давомида ер юзасидаги намликнинг тупроққа шимилиши ва атрофдаги тоғларда эриган қор ва муз сувларининг сизиб келиб тўпланиши натижасида ҳосил бўлган. Улар маълум запасга эга ва у тартибсиз фойдаланиш оқибатида адо бўлиши мумкин.
Бироқ ер ости сувидан фойдаланишни тартибга соладиган ва уни планлаштирадиган бирор бир раҳбарий идора йўқ. Шунинг учун хоҳлаган ташкилот ёки корхона яйлов мелиорация бошқармаси билан келишиб хўжалик битими орқали хоҳлаганича артезиан қудуғи қазиб олиши мумкин. Бунга ҳеч қандай давлат ташкилоти қаршилик кўрсатмайди ва артезиан қудуқларининг ишини назорат ҳам қилмайди. Хуллас, ер ости суви эгасиз. Биргина Фарғона вилоятининг ўзида 2500 дан ортиқ артезиан қудуғи ишлаб турибди. Улар йил давомида тўхтовсиз ишлаб, ҳар секундда бир неча ўнлаб литр сув беради. Илм-техника тараққий этган ҳозирги даврда артезиан қудуқларига жўмрак қўйиш ва унинг сувидан тежаб фойдаланиш масаласи ҳал этилмаган. Улардан сув доимий оқиб ётиши оқибатида атрофидаги ерлар ботқоққа айланмоқда ёки шўрлаб кетмоқда, ер ости сув запаслари эса кескин камайиб бормоқда. Шунинг оқибатида бундан 10—15 йил муқаддам бурғиланган артезиан қудуқлари ҳозирга келиб сув бермай қўйди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лабораторияси ходимлари Фарғона шаҳридаги ипак ўраш, газоаппарат, ёғ-мой комбинати каби ўндан ортиқ корхоналарнинг инженер-техник ходимлари ва иқтисодчилари билан бўлган савол-жавобда ер ости сувидан фойдаланиш соҳасидаги хўжасизлик очиқ-равшан кўзга ташланиб қолди. Бу ходимларга, корхонангизда маҳсулот бирлигига неча литр сув сарфлайсиз, деган саволга ҳеч қандай жавоб олинмаганлиги ажабланарли бўлди. Бу корхоналарда сув текин бўлганлиги учун истаганларича фойдаланишади. Ер остидаги сув бирдан бир тоза сув манбаи эканлигини, ундан тежаб фойдаланиш лозимлигини тушуниб етишмаган.
Фарғона водийси ва унинг тоғларидаги ўсимликлар дунёси фармацевтика, озиқ-овқат саноатига ва қурилиш индустриясига хом ашё, чорвачилик учун ем-хашак бўлишидан ташқари, ҳаво намлиги ва ҳароратини бир меъёрда тутиб туради, табиатни безайди, одамларга тетиклик бахш этади. Бу жиҳатдан ўсимликлар дунёси табиатнинг тенги йўқ яратмасидир. Водийнинг текислик қисми ва адирлари иссиқ, қуруқ иқлимга эга бўлишига қарамай ўсимликлар дунёсига бир мунча бой. Улар орасида қимматли, ноёб турлари ҳам кам эмас. Водийда деҳқончиликнинг ривожланиши ва ерларни кенг миқёсда ўзлаштирилиши ўсимликларнинг камайишига ёки бутунлай йўқолиб кетишига олиб келди. Биз онгли ва онгсиз равишда ўсимликлар дунёси тарозисининг посангисини буздик. Бобур завқ билан таърифлаган ёввойи ҳамда манзарали, танаси қизил ва ниҳоятда қаттиқ бута ҳисобланган тобулғанинг бир турини ўсимликшунос олимлар ҳозир водийнинг ҳеч қаеридан тополганлари йўқ. Тобулға ёғочидан ўтмишда қамчи дастаси ва майда нақшли рўзғор асбоблари, кошоналарга ихчам қош тайёрланган.
Бундан 20—30 йиллар аввал бир неча юзлаб гектар ерларда зира ўсиб ётар эди. Уларнинг ҳиди ниҳоятда кучли бўлиб тўқ сариқ рангда мева берар эди. Адирларни ўзлаштириш ва суғориш оқибатида бу зиразорлар тамоман йўқолиб кетди. Ўша йиллари зиразорларни эҳтиёт қилиш ва мевасини тайёрлашни бирор ташкилотнинг зиммасига топшириш ҳақида айтилган маслаҳат ва таклифларга ҳеч ким қулоқ солмади. Зиразорлар ҳозир ўрта тоғ минтақасида салқин ва серёғин ёнбағирлардагина оз майдонларда сақланиб қолди, уларнинг меваси адирлардагидек сифатли ва кучли эмас. Зира сингари яна ўнлаб ўсимлик турлари ҳозир йўқолиш арафасида турибди, уларнинг айримлари Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»ига киритилган.
Марказий Фарғонадаги қумликларда ва шўрхок майдонларда ерларнинг шўрини камайтирадиган, тупроқни эрозия (емирилиш)дан сақлайдиган ва чорва моллари учун ем-хашак, рўзғорда ёқилғи сифатида фойдаланса бўладиган ўсимликлар кўп бўлган. Бу ерларнинг шиддат билан ўзлаштирилиши мазкур ўсимликларнинг кескин камайиб кетишига олиб келди. Оқибатда водий текислик қисмининг яйлов сифатида аҳамияти қолмади. Ўтмишда бу ерларда яшил қоплам ҳесил қилган ўсимликларни ҳозир зовурларнинг четларидагина учратиш мумкин.
Ўсимликлар қоплами табиий ҳолда озми-кўпми яхши сақланиб қолган жой эса Сирдарёнинг чап соҳилидаги тўқайзорлардир. Бу тўқайзорларда толлар, терак, ёввойи жийда ва бута, сернам ёки ботқоқзор майдонларда қамиш, қиёқ каби бир неча тур ўсимликлар учрайди. Бу тўқайзорларни водий иқлимини юмшатувчи ва мўътадиллаштирувчи табиий кондинционер деса бўлади. Бироқ, Қўқон ўрмон хўжалиги қарамоғида бўлган бу тўқайзорлар майдони яхши назорат қилинмаганлиги оқибатида, колхоз ва совхозлар анчагина қисмини ўзлаштириб, экин майдонларига айлантириб юборишди. Ҳозир эса бу тўқайларда етилган тол ва тераклар шиддат билан кесилиб, қутилар тайёрланмоқда. Қарангки, ўрмон хўжалигини идиш тайёрлашга ихтисослаштириб олишибди! Аслида бу ерда табиий ўсимликларни маданийлаштирадиган ва кўчат етиштирадиган питомник майдонини кенгайтириш лозим эди.
Водийни ўраб турган тоғ тизмаларида 1500—1600 метр баландликдан сийрак бўлса-да арчазор ўрмонлар бошланади. Бу ўрмонлар назоратсиз ва қаровсиз бўлганлигидан дам олувчилар арча дарахтларининг шохини синдириб, тўмтоқ танасини қолдиришмоқда. Буни айниқса Ҳамзаобод, Кўлиқуббон ва Пошшоота атрофларидаги тоғ ёнбағирларида кузатиш мумкин. Ана шундай баландликда ўсадиган доривор, чиройли гуллайдиган бўригул ва пиёнгул ҳам ёввойи дам олувчиларнинг шафқатсизлиги орқасида камайиб, баъзи майдонларда мутлақо қолмади.
Фарғона водийсида биттагина қўриқхона — Чотқол тизмасидаги Саричелек (Қирғизистон жумҳурияти) қўриқхонаси бор. Сирдарё бўйидаги Қўқон ўрмон хўжалигига қарашли тўқайзорни қўриқхонага айлантириш ҳақидаги Фарғона вилоят меҳнаткашларининг талаби Ўзбекистон ўрмон хўжалиги министрлиги раҳбарлигининг лоқайдлиги туфайли амалга ошмай қолди. Майдонининг катталиги жиҳатидан баъзи Европа мамлакатларига тенг келадиган водийда биттагина қўриқхона бўлиши мутлақо етарли эмас. Табиатга инсон тазийқи беҳад кучайиб бораётган ҳозирги даврда ўлка наботот, ҳайвонот оламини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилишнинг асосий йўлларидан бири — қўриқхоналар учун майдонлар ажратишга хасислик қилмасликдир. Ер майдони ниҳоятда чегараланган Японияда 4 фоиз майдон қўриқхоналарга ажратиб берилганлиги бизга намуна бўлиши лозим.
Ўзбекистон ССР Министрлар Совети жамоатчилик талабини инобатга оолиб, Марказий Фарғона қумликларидан 144 гектар ерни «табиат ёдгорлиги» учун ажратиб берди. Бундан кутилган мақсад эса қумлик табиат оламини атрофлича ўрганишдан ҳамда уни муҳофаза қилишдан иборат эди. Мана тўрт йил бўлдики, бу ерда ҳеч бир иш амалга оширилгани йўқ. Сабаби, бу ишга мутахассис бўлмаган одам раҳбар қилиб қўйилган. Аслида «табиат ёдгорлиги» майдонини аллақачоноқ комплекс ўрганиб, Марказий Фарғона табиатининг эталони сифатида паспорт тузилиши зарур эди.
Ҳали содда ва ҳар томонлама билимга эга бўлмаган ота-боболаримиз табиатни эъзозлашни билганлар, у билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб муомала қилганлар, табиатдан фойдаланиш билан бирга уни бойитишга интилганлар. Экинзорларнинг атрофига иссиқ ва қурғоқчиликка чидамли манзарали ва мевали дарахтлар экиб, далаларни шамолдан ҳимоя қилганлар. Дарахтларнинг кўпчилиги ярим ёввойи ва ярим маданий бўлиб, ҳам мева, ҳам қурилиш материали ва ўтин берган. Шундай қилиб иҳотазорлар вужудга келиб, улар орасидаги майдонларда ўт-кўкатлар яшнаб турган. Чорва моллари мана шу яйловларда боқилган.
1939—1950 йиллар давомида водийда халқ ҳашари йўли билан каналлар қуриш ташаббуси бошланди. Каналлар қурилиши уларнинг икки соҳилига мевали ва мевасиз дарахтлар ўтқазиш билан якунланди. Халқ бу олижаноб ишни давом эттириб, деярли кўпчилик сой ва ариқларнинг соҳилларида дарахтзор барпо қилди. Шундай қилиб, ободончилик белгиси бўлган ёнғоқсой, Бодомсой ва Жийдалисой каби жаннатмакон соҳиллар вужудга келди, водий яшил ленталар тўрига бурканди. Жазирама қуёш нурлари остидаги даладан бир қадам чиқсангиз, ўзингизни мевали дарахтларга бурканган сой соҳилида кўрар эдингиз. Кетмон асосий меҳнат қуроли бўлган шароитда одам меҳнат қилиб чарчамас ва толиқмас эди. 1948—1953 йилларда водийнинг ғарбида Қўқон атрофи районлари ерларини шамолдан, емирилишдан сақлайдиган, ҳар бири 6—10 қатор дарахтдан иборат иҳотазорлар барпо қилинди. Аммо бу яратувчиликнинг умри қисқа бўлди. Минг афсуски, ғўзани квадрат уялаб экиб, механизациядан кенг фойдаланиш, етиштириладиган пахта ҳосилини арзонга тушириш, суғориш иншоотлари қувватини орттириш, ҳар қарич экин майдонидан унумли фойдаланиш баҳонасида иҳотазорлар йўқ қилина бошланди. Суғориш каналларини бетонлаштириш ҳаракати бошлангач, унинг четидаги дарахтлар қуриб битди. Ерларнинг четидаги зовурларнинг соҳилларини нурашдан ҳимоя қилиб турган тут, тол ва жийда каби дарахтлар ҳам кундаков қилиб ташлана бошланди. Бундай «қўпорувчилик» ишлари ўн йиллар давом этди. Бу даъвомизни исботлаш учун далиллар келтирамиз.
1970—1980 йиллар оралиғида Сўх-Шоҳимардон, Жанубий Фарғона ва Лағон каналларини бетонлаштиришга киришилди. Бетонлаштириш лойиҳаларини «Узгипроводхоз»нинг табиатга бир томонлама қаровчи мутахассислари туздилар. Лойиҳа жаллоднинг қиличидек дарахтларга қирон келтирди. Сўх-Шоҳимардон каналининг ўзанидан 150—200 минг туп, икки юз километр узунликдаги Жанубий Фарғона канали ўзанидан 1,5—2 миллион туп. Катта Фарғона канали ўзанидан 2,5—3 миллион туп. шунингдек Файзиобод, Жаҳонобод каби суғориш тармоқлари соҳилларидан 15—20 миллион туп мевали ва мевасиз дарахтлар кўчириб ташланди. Хасис еб ҳам, ялаб ҳам тўймайди, деганларидай колхоз ва совхозларнинг раҳбарлари кўзига иҳотазорлар ишғол қилиб ётган майдонлар кўп кўриниб, ўн биринчи беш йиллик давомида Киров районининг ўзида 250 гектар давлат иҳотазорлари пахта майдонларига қўшиб юборилди. Ўзбекистон, Ёзёвон ва Олтиариқ районларидаги иҳотазорларнинг тақдири ҳам шундай бўлди. Қум кўчишига асосий қалқон бўладиган Олтиариқ — Уч уй иҳотазорлари янги ерларни ўзлаштириш баҳонасида кўчириб ташланди.
Кичик сув омбори қурилиши ҳам водий табиатига ғорат келтирди. Олтиариқ районидаги Қўрғонтепа сув омборининг қурилиши муносабати билан Хонқиз сойининг етти километрлик ўзанида беш минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар йўқ қилиниб, шу территорияда 250—300 гектарлик яланғоч қўриқ ер ҳосил қилинди. Бу шу атрофдаги адирлар табиатида янада ноқулай шароитларни юзага келтирди. Ўзбекистон дарахтзорлар майдони бўйича иттифоқда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаб турган шароитда (атиги 3 фоиз) яшил бойлигимизни сурункали йўқ қилиш билан шуғулланиш жиноят эмасми? Бу камчиликларга аслида табиатнинг аслий ҳолатини сақлаб қолиш ҳаётий аҳамиятга эга эканлигини тан олмаслик ва раҳбарларнинг калтабинлиги оқибатида йўл қўйилмоқда.
Тадқиқот натижасида шу нарса аниқландики, атрофида иҳотазорлар бўлган пахта майдонларида ҳаво ҳарорати кўклам кезларида 0,5—3,5 даража юқори, жазирама иссиқ кунлари эса 2,0— 3,5 даража паст бўлади. Иҳотазорлар бор жойда ҳавонинг нисбий намлиги 3—20 фоизгача, шудгор намлиги эса 1,5—3 фоизгача ортади. Бу ҳол эса бизнинг кескин континентал иқлимимизда ғўзанинг яхши ўсиши учун айни зарур ҳолатдир.
Фарғона қадимдан суғорилган деҳқончилик воҳаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу территориянинг ўзлаштирилганлик даражаси жуда юқори, табиий ҳолдаги майдонлар эса кескин қисқариб бормоқда. Мақоламизнинг кириш қисмида қайд қилинган ноёб табиий майдонлар аллақачон йўқ бўлиб кетди. Минг йиллар давомида инсоннинг тупроқ қопламига салбий таъсири бениҳоя ортиб, унинг таркиби ва унумдорлиги ёмонлашди, шўрланиши кучайди, бошқа салбий ўзгаришлар ҳам юз бера бошлади.
Водийнинг Ўзбекистонга қарашли учта вилоятида 1,5 миллион гектар майдон суғорилиб, 75 фойизига пахта экилади. Бу майдонлар муҳофаза қилинмаса, у ёки бу даражада шамол ва сув эрозиясига тортилади. Эрозия эса тупроқ таркибини бузадиган ва унумдорлигини кескин пасайтирадиган табиий офатдир.
Фарғона водийсининг ғарбий районлари ниҳоятда сершамол. Бу шамоллар айниқса баҳорда ва кеч кузда кўп эсади ва тезлиги секундига 30—35 метрдан ҳам ортиб кетади. Баъзан узлуксиз ва суткалаб давом этади. Ўсимлик билан қопланмаган ёки чала қопланган майдонлардаги тупроқнинг юзидаги энг серунум қатламини шамоллар осонгина учиради, оқибатда у юпқалашади ва унумдорлиги кескин камаяди. Бир фаслда шамол бир неча миллиметрдан бир сантиметргача бўлган тупроқ қатламини олиб кетади. Шундай қалинликдаги тупроқ қопламининг табиий равишда ҳосил бўлиши учун 300 йил вақт керак бўлади.
Тупроқ деҳқончиликда асосий ишлаб чиқариш воситаси экан, уни бутун чоралар билан эҳтиёт қила билишимиз зарур. Бунинг учун илмий тавсияномалар етарли. Фақат гап уларга қатъий амал қилишда қолган. Тупроқ эрозиясига қарши асосий қалқон эса ўрмон иҳотазорларидир. Шуни ҳисобга олиб, юқорида қайд қилиб ўтганимиздек, 1948—50 йилларда водийнинг ғарбий қисмида миллионлаб сўм маблағ сарфлаб давлат ўрмон иҳотазорлари барпо этилган. Улардаги дарахтлар вояга етгандан сўнг 10—15 йил давомида шу районларда тупроқ учди ёки ғўзани шамол олиб кетди, деган га эшитилмади. Фақат иҳотазорлар асоссиз равишда колхоз ва совхозлар ихтиёрига берилганидан сўнг иш тескарисига кетди. Иҳотазорлардаги етилган дарахтлар секин-аста кесилиб, “янги ерлар” очила бошлади ва юқорида айтганимиздек, бир неча йил давомида улар кесиб тамомланди. Шундан кейин шамолнинг куч-қуввати ортиб, тупроқнинг кўчиши кучайгандан-кучайди. Ҳар йили баҳорда шамол 150—200 минг гектардаги ғўзани учириб кетиб, шунча гектар ерга қайтадан чигит экиш одат тусига кириб қолди, ҳосилдорлик ҳам пасайди. Шу ўринда бир мисол келтиришга тўғри келади. 1984 йил баҳорида бир неча марта эсган шамол таъсирида Фарғона вилоятидаги катта майдондаги ғўзалар ва мевали боғлар зарарланди, ғўзани қайта экишга тўғри келди. Бу масала халқ депутатлари вилоят Советининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинди. Вилоят Советининг раиси шу сессиядаги докладида шундай деди: «Ўрмон иҳотазорлари тақдири масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқ керак. Вилоятнинг Қўқон атрофи районларида ва Марказий Фарғона ерларида кучли шамоллар катта майдондаги ғўзаларни учириб кетди, мевали боғлар кўп зарар кўрди. Фақат кейинги икки ой давомида (апрель-май) 117 минг гектардаги ғўзани қайта экишга тўғри келди. Агар аввалда барпо қилинган иҳотазорлар сақлаб қолинганда ва янгилари барпо қилинганда шамолдан кўрилган зарар бир мунча оз бўлар эди». Ажойиб фикр, ҳар ҳолда ўз айбини очиқ тан олиш инсоннинг яхши фазилатларидан саналади.
Фарғона водийсида тупроқ унумдорлигини пасайтираётган иккинчи офат ерларни нотўғри суғориш оқибатида келиб чиқадиган эрозиядир. Маълумки, ерларнинг шўрини ювиш ва тупроқдаги намликни кўпайтириш учун қишда яхоб берилади. Ғўзани парваришлаш даврида 6—7 марта суғорилади. Яхоб бериш вақтида ва ғўзани суғориш жараёнида барча сувчилар суғориш технологиясига амал қиладилар деб бўлмайди. Уларнинг кўпчилиги сувнинг оқавасини зовурларга ташлаб қўйишади.
Оқава ёки тўпланиб қолган сув зовурларга қуйиладиган жойларни ювиб, аввал кичик-кичик жўякча, кичик жарлик, сўнг росмана жарлик ҳосил қилади. Навбатдаги суғориш жараёнида жарликларнинг ёнбағирлари қулаб тушиб, кенгаяди. Шу тариқа ҳар бир экин майдонида бир ёки бир нечтадан жарликлар ҳосил бўлади. Биз қатор йиллар давомида жарликларнинг ҳосил бўлиши ва ривожланишини ўргандик. Жарликларнинг ҳар бири ўртача ярим сўтихгача майдонни ишғол қилиши ҳисоблаб чиқилди. Бутун Фарғона вилояти пахта майдонларидаги жамланган жарликлар камида 2000 гектар майдонни ташкил этади. Демак, шунча ердаги пахта ҳосили ҳам йўқолди. Шундай бўлишига қарамай, вилоятдаги ҳеч бир хўжаликда жарлик ҳосил бўлишининг олдини олиш учун ҳеч қандай чора-тадбир амалга оширилгани йўқ. Кўпчилик зовурларнинг қирғоқлари дарахтлар экиб мустаҳкамланмаган, ундаги сувнинг айрим фаслларда кўтарилиши ва оқим тезлигининг ортиши билан ёнбош эрозияси кучайган жойлар ҳам кам эмас. Бунинг оқибатида зовурларнинг ўзани экинзорлар ҳисобига кенгайиб, улардан фойдаланиш коэффиценти бир мунча пасайиб кетмоқда.
Ниҳоят, экин экиладиган ерларнинг такрор шўрланиши ердан фойдаланиш имкониятларини чеклайдиган яна бир омилдир. Экинларни тартибсиз суғориш, суғориш нормасига қатъий амал қилмаслик туфайли ер ости сувлари юзаси кўтарилиб, ўзи билан юқорига тузларини олиб чиқяпти. Шу тариқа тупроқларнинг шўрланиши келиб чиқяпти. Ҳозир Фарғона водийсидаги экинзорларнинг 47 фоизи шўрланган ерлардир. Кейинги ўн йиллар давомида тупроқнинг шўрланишига қарши самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Бунинг асосий сабаби зовурлар ҳар йили тозаланмаяпти, шўр ер ости сувининг чиқиб кетадиган йўли очилмаяпти. Оқибатда ер ости суви катта майдонларда бутун йил давомида тупроқ юзасига яқинлигича қолмоқда.
Марказий Фарғона ерларини ўзлаштириб, экин экишга тайёрлаб берадиган колхозлараро кенгашнинг ташкил бўлганига 40 йилдан ортиб кетди. Бу давр мобайнида неча юз минг гектар ер тайёрланиб колхоз ва совхозларга топширилди, шу ерлар ҳисобига бир нечта янги совхозлар ташкил этилди. Энди қум барханлар ва қум тепаларини текислаб, унинг устига ташқаридан тупроқ ташиб келтирилиб, чигит экмоқдалар. Бор-йўғи 6—7 центнердан пахта ҳосили олинмоқда. Бу Марказий Фарғона қумликлари табиатини бузишга арзимайдиган ҳосил-ку! Бунинг ўрнига мавжуд шўр босган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш билан шуғулланиш оқилона тадбир бўлмайдими?
Янги ерларни ўзлаштириш шиори остида адирларга ҳужум бошланди. Баъзи маҳаллий раҳбарлар адолат юзасидан адирларда мева боғлари, дам олиш зоналари ташкил қилдилар ва шундай ҳаракатлар давом этмоқда. Бу яхши иш. Узоқ эмас, бундан бир неча йиллар аввал Наманган вилоятидаги раҳбарлар Чуст-Поп оралиғидаги адирларнинг чўққисигача пахта эккан эдилар. Ҳозир эса бу борадаги «эстафета»ни андижонликлар давом эттирмоқдалар. Нодон раҳбарлар замонида қудратли техника излари адирлар табиати ҳуснида қора доғ бўлиб кўринмоқда.
Ҳозир Фарғона водийсидаги мактаб ўқувчиларидан, қандай ёввойи ҳайвонларни биласиз, деб сўрасангиз жавоб беришга қийналишади. Сабаби, улар бирорта ёввойи ҳайвонни кўрмаганлар. Дарҳақиқат, ҳамма ери ўзлаштирилиб, экинлар экилган, одим жойда техника шовқин солиб ишлаётган масканда ёввойи ҳайвонлар нима қилсин?
Ҳозир Фарғона вилоятида ҳайвонлар ва қушлар макон топиб яшаб келаётган бирдан-бир маскан — Қўқон ўрмон хўжалигига қарашли тўқайзордир. Қўриқхона статусини ололмаган бу тўқайзорда кейинги ҳисобларга қараганда 150 бош тулки, 300 бош чиябўри, 500 бошдан ортиқ қуён, 200 бошга яқин тустовуқ яшаб турибди. 1970 йилларда охирги тўнғизни отиб ейишди, ўтмишда ҳар қадамда учрайдиган бўрсиқ батамом қирилиб битди.
Хуллас, водийдаги умумий атроф муҳит ҳолати таназзул томон бормоқда. Ҳаво таркиби баъзи жойларда (Фарғона-Қиргули—Марғилон, Қувасой, Қўқон) фожиали ҳолатда эканлигини тан олиш керак. Шундай экан, экологик вазиятни ҳеч бўлмаганда мувозанат ҳолатида тутиб туриш имкониятлари борми? Бу ниҳоятда мураккаб ва кўп қиррали ишни бажариш маъмурий идораларнинг қўлидан келадими?
Водийдаги бешта вилоятда табиатни муҳофаза қилиш комитетлари бор. Бу комитетлар ишларини бир-бирига мувофиқлаштириб, барча имкониятларини сафарбар қилиб, барбод бўлаётган табиатни ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолатда тутиб турадиган режалар асосида иш юритмоқлари талаб қилинади. Комитетлар ўзларига берилган ваколат доирасида дадил ҳаракат қилишлари лозим.
КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг 1988 йил январда қабул қилинган «Мамлакатда табиатни муҳофаза қилиш ишини тубдан қайта қуриш тўғрисида»ги қарорида табиатни муҳофаза қилиш комитетларининг асосий вазифаси ва ҳуқуқлари белгилаб берилган. Бу қарорда комитетлар зиммасига мамлакатда табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини комплекс бошқариш, шу соҳа учун ягона фан-техника сиёсатини ишлаб чиқиш ва ўтказиш, министрликлар ва идораларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳоказо вазифалар юкланиши билан бирга, СССР табиатни муҳофаза қилиш Давлат комитетининг вазифаси доирасида қабул қилинган қарорларни барча министрликлар, идоралар, бирлашмалар ва ташкилотларнинг бажариши мажбурий деб уқтириб ўтилади.
Эндигина шаклланиб бўлган табиатни муҳофаза қилиш комитетларининг ходимлари кимлар, табиат учун жон куйдириб югуриб-еладиган мутахассисларми ёки бу ҳам шунчаки бир иш-да, деб ўтадиган лоқайд одамларми? Буни келажак кўрсатади. Айтинг-айтинг, бу ҳаётий зарур идора раҳбарлари орасига лоқайд, моянахўр одамлар кириб қолган бўлмасин. Машҳур ёзувчи Ясенский Бруно таъкидлаганидек, «Лоқайд одамлардан қўрққин, улар ҳеч кимни ўлдирмайдилар ва ҳеч кимни сотмайдилар, лекин уларнинг лоқайдликлари панасида ер юзида хоинлик ва қотиллик ётади».
Табиатни муҳофаза қилиш вилоят комитетлари ва уларнинг районлардаги бўлимлари ходимлари биринчи навбатда кенг жамоатчиликни жалб қилиб ўзларининг территорияларидаги энг муҳим ва ноёб табиат объектларини ҳозирги ҳолатини текширувдан ўтказиб қайд қилишлари ва уларнинг табиий тасвирини акс эттирувчи паспортлар тайёрлашлари лозим. Сўнг. айни табиатда йилма-йил қандай ўзгариш ва янгиликлар пайдо бўлаётганини шу паспортга қайд қилиб бориш зарур. Ана шу ўзгаришларга қараб табиатни бошқариш планлаштирилса тўғри бўлади. Бу албатта осон ва тез бажариладиган иш эмас, маълум бир вақтни, саъй-ҳаракатни талаб этади. Шу йўл билан тўпланган материалларни, масалан, 10, 20 ва ҳоказо йиллардан сўнг таҳлил қилиб, маълум хулосалар чиқариб туришни одат тусига киритиш керак.
Шундай ишларнинг сифатли бажарилиши унда иштирок этадиган кишиларнинг экологик савиялари қай даражада эканлигига боғлиқ. Экологик савия ва экологик билимдонлик эса ўрта ва олий мактабдаги таълим ва тарбияга боғлиқ. Мажбурий ўрта таълим амалга оширилган бизнинг жамиятда ҳар бир ўрта маълумотли фуқаро ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми эканлигини, асраш ҳамда бойитиш бурчи эканлигини тушуниб етган бўлиши керак.
Саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ҳамда бошқарув идораларида ишлаётганларнинг кўпчилиги олий маълумотли мутахассислардир. Улар ўз меҳнат фаолиятлари ва ҳатти-ҳаракатлари билан табиатга қай даражада таъсир кўрсатаётганликларини яхши билишлари лозим. Бу демак, бутун чоралар билан жамоатчиликнинг табиат ҳақидаги билим савияси ва фаоллигини оширишимиз керак. Фақат шундай шароитдагина бу борада сезиларли ютуқларга эришиш мумкин.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 7-сон