Нақл қилишларича, Қайс Лайли ишқида мажнунлик ҳолига етгач, унинг яқин ёр-дўстлари Лайлини бориб кўрибдилар. Қарашсаки, Қайсни ақлу ҳушдан буткул бегона қилиб қўйган у дилбар аслида озғингина, қоп-қора бир қиз экан. Қайтиб келиб, Мажнунга айтибдилар: «Эй Қайс, сен нечук бу қизга ошиқ бўлдинг, ахир унинг нимаси гўзал?» Мажнун жавоб берибдики: «Аё ҳабибларим, сизлар унга менинг кўзларим билан қарангизлар».
Гўзаллик конкурси ҳақидаги баҳс-мунозараларни ўқиб, беихтиёр шу нақл ёдимга тушди. Ва шу баҳона баъзи бир андишалар хаёлимдан кечди.
Аввало шуни айтмоқ лозимки, биз жаҳон маданияти, жаҳон маданиятидан ўрганиш деганда нима учундир кўпинча фақат Ғарб маданиятини, Ғарб маданиятидан ўрганишнигина назарда тутамиз. Ҳолбуки, олам бепоён, бир-бирига ўхшамайдиган ўлкалари, диёру минтақалари кўп. Айтайлик, ҳинд, эрон, япон, хитой… умуман, Яқин, Ўрта ва Узоқ Шарқда ҳам маданий ҳаёт нуқтаи назаридан ибрат олса арзигулик фазилатлар ниҳоятда бисёр. Муҳими шундаки, бу инсоний фазилатларнинг аксарияти халқимизнинг турмуш тарзи, руҳи, асрий анъана ва андишалари билан беҳад ҳамоҳангдир. Масалан, Японияда қўшиқдек нозик ва нафосатли санъат даражасига кўтарилган чой дамлаш маросимини олайлик. Ёки гулдаста тузиш санъатини (икэбана) эслайлик. Бундай урф-одатлар замирида япон халқининг ўзи, ўзлиги шундоқ акс этиб туради ҳамда шу жиҳатлари билан жаҳондаги бошқа халқларнинг ҳурмат-ҳавасини уйғотади.
Қанчадан-қанча япониялик адибу рассомларга илҳом берган бу гўзал санъатлар!
Бизда-чи? Жуда кўп ишларимиз ношуд-нотовон тақлиддан — мук тушиб олиб фақат Ғарбга тақлид этишдан нари ўтмаётибди. Гўзаллик конкурси — менинг назаримда, ана шундай кўр-кўрона тақлиднинг яна бир ғариб кўринишидир. Кўрик мутасаддилари ҳар қанча суваб-андавалашмасин, барибир бу мусобақада асосий мезон баданга қараб қўйилиши сезилиб турибди. Акс ҳолда, ЎзТАГ мухбири Э. Туҳфатуллина тўғри таъкидлаганидек, бунинг «Балли, қизлар!» кўригидан фарқи қолмайди.
Мени бир нарса қаттиқ ҳайратга солди. У ҳам бўлса, республика комсомоли Марказий Комитети, Ёшлар уйи ҳамда бир қанча обрўли ташкилотларнинг бир тану бир жон бўлиб, бағоят жўшқинлик билан енг шимариб, мазкур конкурс ишига киришиб кетганлигидир. Бунга вақт ҳам, жой ҳам, маблағ ҳам, ҳафсала-қунт ҳам топила қолгани эса таажжубимни янада оширди. Бир ўйлаб кўрайлик: республикамизда авария ҳолатидаги қанча мактаб борлиги комсомол Марказий Комитетидаги ўртоқларга маълуммикан? Улардан биттаси шундоққина Тошкентнинг марказида жойлашган 40-мактаб эканидан бу дўстларимиз хабардормиканлар? Госпиталь бозори ёнидаги даққиюнусдан қолган бу хароба мактаб олдидан ҳар сафар юрагимни ҳовучлаб ўтаман: худо кўрсатмасин, қаттиқроқ йўталиб юборсангиз, қулаб тушиши мумкин. Бу мактабларнинг барчаси кучли сейсмик зонада жойлашгани эътиборга олинса…
У ёғини айтмаган маъқул. Ёки И. Охунбобоев номидаги республика Ёш томошабинлар театрининг ночор аҳволи, бино остидан сув чиқиб ётгани ҳақида қарийб ўн йиллардан буён гап бўлади. Республика ёшларининг бош штаби бўлмиш комсомол Марказий Комитети ёш-ялангнинг куч-қуввати, ақл-идроки, борингки, маблағ ва моддий қудратларини аввало мана шундоқ зарур, эзгу ишларга сафарбар этса бўлмасмикан? Бу ишларнинг тарбиявий аҳамияти кўпроқ бўлмасмикан?
Конкурс ғолибларига видеомагнитофон, чет элга йўлланма тақдим қилинар экан. Чет элларда бундай совринга ҳатто «Мерседес» машинаси ҳам қўйилиши мумкин ва бу ҳол кишини ортиқча ажаблантирмайди ҳам. Бошқаларни билмадимку, лекин бизнинг конкурсда ваъда этилаётган мукофотлар масаласи мени бирмунча ўйлантириб қўйди. Видеомагнитофоннинг энг арзони — мамлакатимизда ишлаб чиқарилгани бир ярим минг сўм туради. Пулиям майли, дейлик, аввало бу нарсани топишнинг ўзи амримаҳол. Дейлик, елмай-югурмай бундай ноёб матоҳ эгаси бўлиб олган ёшгина — ўн олти-ўн саккиз яшар қизни кўргач, бошқа минг-минглаб қизларнинг ҳам кўнгли суст кетмасмикан? Айрим ота-оналар юрагида ҳам қизининг ҳуснини бозорга солиб бўлса-да, ана шундай буюмли бўлиб қолиш ҳаваси қўзғалмасмнкан? Бу борада кейинчалик ҳар турли алдам-қалдам йўллар, нопок воситалар ишга солинмасмикан? Умуман, чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, табиий ҳуснда ҳусн эгаси бўлмиш одамнинг қандай конкрет хизмати бор? Бордию бу нарса билим, ҳунар ёки истеъдод бўлса экан, уни асраб-авайлагани, камолотга етказгани учун кишига мукофот берилса арзийди. Чиройни, гўзалликни эса инсонга, маълумки, табиат ато этади. Табиат ҳар қанча доно, мукаммал, сахий бўлмасин, шу пайтгача бирорта мукофот ёки нишонга, айтайлик, ҳатто «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлган эмас. Бинобарин, табиатнинг хизмати учун бошқа бировга мукофот бериш ўринли бўлмаса керак.
Конкурсда қатнашажак қизларимизнинг келгуси тақдири ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Уларнинг олган мукофоти эрта бир кун борган жойида пешонасига тавқи лаънат бўлиб қайтмайдими? Ҳар қалай, мен шундай бўлмаслигини жуда-жуда истар эдим.
Яқинда матбуотда навоийлик бир неча ижодкорнинг мактуби эълон қилинди. Улар Навоий шаҳри марказида ўрнатилган уч-тўртта яланғоч аёл ҳайкали ҳар хил гап-сўзларга, халқнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлаётгани хусусида куйиниб ёзибдилар. Ҳар қандай ҳолда ҳам халқимизнинг, ота-боболаримизнинг руҳига, ҳаё, одоб, назокат, иффат деган муқаддас тушунчаларга қарши бормаган маъқул. Бундай хатти-ҳаракатларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини Наврўз байрами тақдирида кўриб турибмиз.
«Ойнаси бор кишининг бари Искандар эмас, Чеҳраси кулган гўзалнинг барчаси дилбар эмас», дейди кўҳна шоирлардан бири. «Юзингиздан чимматни олдик, Иффат пардасини олганимиз йўқ», дейди бугуннинг забардаст шоири унга жўр бўлиб. Бинобарин, донишманд халқимиз асрлар давомида бунингдек махсус чора-тадбирларсиз ҳам асл маънавий гўзалларни доимо бехато сайлаб кела билган, Барчин деб, Ширин деб, Лайли ва Нодира деб, Кумуш ва Раъно деб ардоқлаб келган. Мозийга синчиклаб назар солсак, ўтмишда ҳам шунингдек ҳатти-ҳаракатлар, гўзаллик бозорига даллол бўлишга интилган баъзи кимсалар бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Чунки:
— Кўзингни қаро дейдилар,
Қоракўз укажоним, ёр-ёр,
Кўрсат кўзингни бир кўрайин,
Жоним укам-эй, ёр-ёр.
Аммо ҳозиржавоб, зукко халқ шу лапарнинг ўзидаёқ бундай кимсаларга нозик ҳазил-мутойиба билан ўринлатиб жавоб қайтарган:
— Кўзимни кўриб нима қиласиз,
Сиз акажоним, ёр-ёр.
Оҳуларнинг кўзларини
Кўрмабмидингиз, ёр-ёр.
Шунга ўхшаб, қизларимизнинг гўзаллигини, ҳусну малоҳатини билмасмидик, кўрмабмидикки, махсус кўрик қилиб ўтирсак? Колаверса, биз бугун «гўзаллар маликаси» деб тож кийдириб, видеомагнитофон тортиқ айласак-да, бу маликамиз чой дамлаганда ҳам тагига олдириб юборадиган «пазанда» бўлиб чиқса… жудаям гўзал иш бўлмаса керак.
Яна бир мулоҳаза: конкурсдан тушадиган фойданинг ярми Абдулла Қодирий уй-музейи фондига ўтказилади, деган гапни ўқиб, мен, очиғи, қаттиқ ранжидим. Ўзбек аёлининг мунислиги, қалб бисоти, латофат ва ибосини ғоят шарқона одоб билан тараннум этган мумтоз адибимизнинг руҳи поклари бу мурувватдан шод булармикан? Майли, эҳтимол конкурс ўтса ўтар, лекин, назаримда, масаланинг мана шу жиҳатини ҳар томонлама, кўпчилик билан кенгашиб кўриш зарур. Чунки гўзаллар минг-минг, конкурслар ҳам беҳисоб, аммо Абдулла Қодирий даҳоси битта, ягона! Модомики, адибнинг уй-музейига маблағ тўплаш зарурати туғилган экан, мен жамоатчилик кучи билан қодирийхонлар жамияти ташкил этишни таклиф қиламан. Бу жамият Қодирий ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш билан бирга, банкда махсус ҳисоб ҳам очиши мумкин. Аминманки, мумтоз адиб ижодининг миллионлаб мухлислари юракларидаги ёдгорликни ҳайкал сиймосига кўчириш учун ҳимматларини асло дариғ тутмайдилар.
Назаримда, гўзаллар конкурсини ташкил этишда бирмунча шошма-шошарликка йўл қўйилганга ўхшайди. Масалан, шахсан менда шу муносабат билан бир қанча саволлар туғилди. Кўрикнинг ташкилот комитети қандай принцип асосида тузилган? Мусобақаларга кимлар ҳакамлик қилади? Улар қандай одамлар? Кўрикни баҳолашда қандай мезон асосида иш кўрадилар? Нима учун бу тадбир жамоатчилик орасида тузукроқ муҳокама қилинмади?..
Мен бу саволларни азбаройи қизиқувчанлик туфайли бераётганим йўқ. Ёдларингизда бўлса, ўтган йили Москвада худди шундай Бутуниттифоқ конкурси якунлангач, «Комсомольская правда» газетасида «Ана, холос!» деган бир мақола босилган эди. Мақоладан маълум бўлишича, ҳакамлардан бири — Париждаги христиан руҳонийларининг раҳнамоси бўлмиш «Ҳазрат Роман» деган кимсанинг асл қиёфаси бутунлай бошқача экан. Авлиё қиёфасидаги бу шахс аслида жиноий жавобгарликдан қочиб юрган ахлоқан бузуқ бир кимса экан. Энг ажабланарлиси шундаки, у ҳеч қанақа Парижда яшамас, товламачилик билан кун кечираркан.
Унинг қандай қилиб гўзаллар конкурсига ҳакам бўлиб қолганини энди ҳайит ўтгач ҳеч ким — на мутасаддилар, на ташкилотчилар, на иштирокчилар билардилар… Бизда ўтажак конкурсда ҳам шунга ўхшаш нопок ва қаллоб кимсалар аралашиб қолмаслигига кафолат борми?
Эҳтимол, мен бир қолоқ фикрли одамдирман, лекин ошкоралик шарофати билан кўнглимдаги андишаларни очиқ-ойдин айтдим. Келинглар, кўплашиб ўйлаб кўрайлик. Агар кўпчилик, йўқ, шундай кўрик бизга ҳаводан ҳам, сувдан ҳам зарур, деб ҳисобласа, начора унда, эҳтимол ўтказилар. Лекин шунда ҳам мен барибир бир таклиф киритишни истардим: модомики, шу кўриксиз яшаёлмас эканмиз, бу тадбирни жойларда Наврўз байрами ичида ўтказиб юборган маъқул. Қардош Тожикистонда бу йил шундай қилинибди. Фақат бу конкурс чеҳра ва бадан кўригигина бўлиб қолмай, ақлнинг, фаросат ва зеҳннинг, одоб ва ҳаёнинг чинакам намойишига айлансин. Бунда, айтайлик, пазандалик, муомала маданияти, меҳмон кутиш, каштачилик, чой дамлаш, гулдаста тузиш каби шартлар кўрикнинг асосий талаблари бўлиши мумкин. Ғолибларга «Наврўз маликаси» деган унвону эндигина қаттиқ ердан қалтираб чиққан бир дастагина бойчечак тақдим қилиш кифоя. Илк баҳор кунларида бундан юксак мукофот бўлмас.
Видеомагнитофонни эса… «бир оғиз ширин сўз нондек арзанда» бўлган, кўнгли ғариб гўдаклар тарбияланаётган биронта болалар уйига бериш керак.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 21 апрель