Якшанба куни автобус тирбанд эди. Орқа эшикдан кирган аёлнинг ортидан тикилиб келаётган йигит сумкасини силагандек бўлди. Бармоқлари орасидаги яримта олмос очган «дарча»дан икки бармоғини сукиб букланган бир даста пулни секин суғуриб олди. Бу ишни кўриб калтираб турган қизга киссавур кўзини олайтирди. Унинг қип-қизил тили устида турган олмосни кўриб қизча орқага тисарилди, қўрққанидан автобус қайсидир бекатда тўхтаганида одамлар орасидан сирғалиб тушиб қолди. Тушган заҳоти йўлнинг нариги томонига ўтиб кўздан ғойиб бўлди.
— Мен кейингисида кетарман, сиз чиқақолинг, холажон, — ур-йиқит, тиқилинчда ўзи зўрға маршрут такси эшигига етган, қорамағиздан келган мўйловли йигит эшикка интилаётган сумкали аёлга йўл берди.
Билет деб чўнтагига қўл суққан аёл бирданига дод солди: — Ажалинг келгур, ўғирлабди!
Шаҳарлараро қатнайдиган автобусдан тушган марғилон дўппили меҳмон 1-номерли автобусга чиқди. Тўрт йигит ҳам унинг орқасидан автобусга йўл олишди. Тиқилинчда зўрға турган меҳмоннинг фикри-зикри чап томонида турган йигитчанинг автобус тутқичига юборган қўлларига «илашиб» қолган иягини бир амаллаб чиқариб олиш эди. «Озодлик»ка эришган меҳмон енгил тин олиб одамлар оёғи остида қолиб кетган юк халтасини тортқилаб яқинроққа келтирди. Тўрт йигит одамлар орасидан олдинга интилдилар. Автобуснинг олд эшигига яқинлашгунларича яна икки аёл ва бир эркак тиқилинчда безовталаниб, «эркинликка» интилдилар. Орқадаги икки йигитнинг панасида турган шеригининг бармоқлари бир зумда йўловчилар чўнтагига кириб «қуйруқ»ни илинтиргач, улар тағин олдинга интилдилар. Буни кузатиб келаётган барзанги йигитнинг қони қайнади. Ҳаяжондан тиззаларигача қалтираб киссавурлардан бирига яқинлашди ва танбеҳ учун оғиз жуфтлади. Лекин киссавурнинг ҳушёр икки шериги икки ёнидан келиб секин унинг икки қўлидан ушлади. Рўпарасидаги эса курткасини очиб «бу ёққа қара!» дегандек кўзи билан ботирга им қоқди. Ҳозиргина қаҳрамонлик қилмоқчи бўлиб турган жасоратга даъвогарнинг ранги оқариб кетди. Рўпарасидаги киссавурнинг белидаги тасмага илинган иккита тиғнинг совуқ ялтираши «ботир»нинг ҳушини учириб, қайнаган қонини совутиб юборди.
У итоаткорона пастга қаради: тўрт киссавур олдинга ўтиб кетганини илғади. Улар «Обком», «Облисполком» бекатида автобусдан тушиб соябон ёнига ўтиб «даромад»ни санай бошладилар. «Ботир» автобус деразасидан термулганича эсон-омон улардан узоқлашди…
Шаҳар марказидаги «Москва» магазини олдидаги автобус тўхташ жойида бир бақувват йигит, фош бўлган киссавурлар билан муштлашмоқда! Тўхтаб турган автобус тўла одам! Ҳозиргина бир аёлни чирқиратиб тушган киссавурни ушлаган йигитга қаердандир пайдо бўлган унинг шериклари ҳар томондан чиябўрилардек ташланишмоқда. Сўкинишиб, чийиллашиб ҳар томонидан чанг солишмоқда! Йигит уларнинг бирортасини ҳам яқинига йўлатмайди. Ургани йиқиляпти. Аммо йигит рўпарасидан келган иккита киссавурга андармон бўлиб турганидан фойдаланган учинчи киссавур унинг юзига қўл сермаб ўтди! Йигит юзини ушлаганча, энгашиб қолди. Бармоқлари орасидан қон сизди. Тўртинчи киссавур эса йигитнинг юзига тепди. Бешинчи киссавурдан орқасига тепки еган йигит мункиб йиқилди. «Томоша» тугагач, пулини олдириб ёқасига туфлаб ўтирган аёл ва бошқа йўловчилар билан тўла автобус чайқалиб ўз йўлига равона бўлди! Киссавурлар эса йўлнинг нариги томонида турган «Жигули»га ўзларини урдилар…
Ёзи билан болаларини ёнига олиб пахта даласида меҳнат қилган гектарчи кўп болали она «годовой отчёт» — йиллик даромад чиққанидан хурсанд. Бир кўнгилларидагини олиб берайин деган мақсадда жужуқлари билан бозорга йўл олади. Бозор айланаётган кичик ўғли «кабоб олиб беринг» дея хархаша қила бошлайди. Каттасини кабобга навбатга қўйиб яшириб қўйган жойидан пулларини олади ва ичидан бир сўмлик топиб, кичигига «ма, сан бунга нон олиб келгин», деб узатади. Эҳтиётдан пулларини камзули чўнтагига солади. Ўрта бўйлик, мўйловли йигитча келиб ёнида ўтирган сариқ курткали йигитга: «Сал сурилинг, шу ерда бирпас дам олайин», дейди. Нарёқдаги шеригига «жой бўшаса чақирасан» деб ҳам қўяди.
Кабоб учун пул тўлайман деб чўнтагига қўл солган аёл бўшашиб жойидан туролмай қолади! Ёнига қараса, ҳалиги мўйловли йигитча йўқ!
Киссавур ўзини фош қилган аёлга қарата пештахтада турган консерва банкани отади. Бошига урилган шиша ёрилиб юзига томат чапланган аёл йиқилади. Чидолмаган одамлар ўғрида қурол бўлиши мумкинлигини ҳам унутиб киссавурга ташланишади. Қўлини қайириб яқин атрофда пайдо бўлган милиционерга топширадилар. Киссавурни турткилаб етаклаган милиционер орқасидан жабрланган аёл ҳам эргашади. Кооператив дўкони ёнида аёл уларни кўздан йўқотиб қўяди. Бир вақт қараса киссавур ҳожатхона томонга кетяпти, милиционер эса дўкон ортидан чиқиб келяпти. Бозор дарвозасига қараб ёнидан ўтаётган милиционердан аёл жаҳл билан сўрайди:
— Нега қўйиб юбордингиз?!
— Психакан! Документи бор, қамаш мумкинмас. — Милиционер қадамини тезлатади. Аёл нима дейишни билмай, тилини тишлаб қолади.
Мен ёзаётган бу нарсалар бирор дедектив тўқималар эмас, балки айни шу кунларда Жиззах шаҳрида рўй бераётган баъзи оддий воқеалар, холос. Бу воқеаларни ўйлар эканман, ўз-ўзидан савол туғилади: нега бизга онадек азиз Жиззах шаҳри ўғри-каззоблар маконига айланиб бормоқда?! Нега улар кундан-кунга «урчияпти?!» Улар кимга ишонадилар? Ёки кишиларнинг лоқайдликлари уларга мадад бўлиб, жазосизлик уларни ва уларга ҳавас қилаётган енгилтакларни рағбатлантиряптими?! Нега уларнинг дастларидан мўмин‑қобил ва соддакўнгил меҳнаткаш одамлар жабрланмоқда?! Болаларининг ризқу насибасига, яхши кунларига йиққан жамғармаларига, ўлимлигимга бирор нарса олиб қўяйин, деб пенсияларидан сўмлаб йиққан пулларига киссавурлар тажовуз қилмоқдалар. Бозорга чиққан сотувчилар худди «душман территорияси»га кириб қолгандек хавотирда кўзлари жавдирайди! Ҳар бозор битта‑иккита сотувчини «қақшатиб» кетишади! Наҳотки уларнинг йиғи овозларини совет милицияси эшитмаяпти? Хўп, орган одамлари шунчалик лоқайдликка боришаётган экан, унда одамларнинг ўзларига нима бўлди? Ориятчан йигитлар қаерда қолди?! Улар ҳам ғурурларини йўқотиб «ҳайт»га пусадиган бўлиб қолишганми?!
Кўп кишилар билан суҳбатлашиб мен шунга амин бўлдимки, Жиззахда киссавурлар, мол ўғрилари, уй ўғрилари «болалаб» кетган! Жамоатчилик, милиция ходимлари, терговчиларнинг лоқайдлиги, хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишлари, юридик қонун-қоидаларни воқеа тафсилига қараб қўллай билмаслиги, кучли адвокат ҳимоясида ўғриларнинг «фактлар тасдиқланмай» қолиб оқланиб кетишлари, суд, прокуратура ишида ҳалол система яратилмаганлиги, прокуратура ходимларининг профилактик ишларни ташкиллаштирмаётганлиги, нопок милиция ходимлари топилиб муносиб жазо қўллаб, матбуот орқали эълон қилинмаётгани, сигнал келишини кутиб кабинетдан чиқмаётганликлари сабаб ҳам шу ҳол рўй бермоқда!
…7 май куни навбатчи эдим. Ишхонага кетаётсам, соат бешлар атрофида мўйловли, шевасидан ўзбекка ўхшамаган йигит қартани чийлаб, ўйинни дўндириб ётибди. Унинг атрофида ўн-ўн беш чоғли киши тўпланган, қартавознинг ёнида турган уч-тўртта шериги тўпланганларга «ҳаво» бериб туришибди. Пул мўйловнинг чўнтагига сувдай оқиб тушяпти.
Худди келишилгандек, шаҳардаги ўттиз битта участка милиционерларидан бирортасиям бу ён-атрофда кўринмас эди. Участка пунктига телефон қилсангиз ҳеч ким жавоб бермайди. Автобусларнинг охирги бекати — катта бозор дарвозаси олдида «Водник» милиция участка пункти ҳам жойлашган, қиморбозлар худди шу ерга макон қуришган…
Мен Жиззах шаҳар прокурори ўртоқ Жумаев Эран Жумаевичдан сўрадим:
— Шаҳарда киссавурлар кўпайиб кетган дейишяпти, жуда кўпчилик экан. Уларнинг орасида ёш болалар ҳам бор эмиш?..
— Йўқ, унчалик эмас. Кеча бозор куни битта киссавурни ушлаб келтиришди. Бошқа ёқдан келган экан…
Жабрланувчилар билан суҳбатлашганимда эса бутунлай бошқа нарсанинг гувоҳи бўлдим. Уларнинг айтишларига қараганда, шаҳарда киссавурлар ўзларига яхши қулайлик яратиб олишган экан. Нашаванд, қиморбозлик билан кун ўтказиб юрадиган бу болалар ҳеч нимадан қайтишмайди! Уларни кўпчилик: автобус шофёрлари, такси ҳайдовчилари, сув сотувчилар, бозордаги сотувчилар, пистачи аёллар, участка милиционерлари ҳам яхши танишар экан. Энди савол туғилади: нега унда уларни ушлашмайди ёки ушлаб беришмайди? Бу — мулоҳазага ундайдиган савол. Бундай киссавур, қиморбозлар шаҳарга четдан келадиган «гостролёрлар»ни сиғдиришмайди, агар сезиб қолишса ушлаб милицияга беришади. Чунки «объект» уларники. Бу совет милицияси билан киссавур ўғрилар «дўстлик» алоқасини мустаҳкамлашга асос бўлади. Киссавурлар жазоланмай ҳамон озодликда билганини қилиб юришига мана шу ўзаро манфаатдорлик сабаб бўляпти, дейиш мумкин.
Милиция ходимлари хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишга тўхталсак, шуни айтиш мумкин: биринчидан, нопоклик авж олган; иккинчидан, юридик қонун-қоидаларни яхши билишмайди: учинчидан, жонидан қўрқиб қатъиятсизлик қилишади. Яна битта энг ёмон томони — терговчилар ишни охирига етказмай «далиллар етишмайди» деб ишни ёпиб юбориш ҳоллари кўп учрайди. Агар милиционер пок бўлса-ю, лекин юридик қонун-қоидаларни билмаса ёки чала билса, унда Ўзбекистон ССРнинг жиноят кодексидаги «Жиноят тўғрисида»ги бўлимда ёзилган 11-модданиям билмайди, «Руҳий касаллик ва медицина характеридаги мажбурий чораларни қўллаш» деб ёзилган бу моддада шундай дейилган: «Жамоат учун хавфли ҳаракатни қилган пайтда руҳий касаллик ҳолатида бўлган шахс, яъни доимий руҳий касаллиги, руҳий ҳолати вақтинча бузилганлиги, ақлининг заифлиги ёки бошқа хил касаллиги туфайли ўз ҳаракатлари оқибатида ўзига ҳисоб бера олмаган ёки ўз ҳаракатларини идора қила олмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди. Бундай шахсга нисбатан суднинг белгилаши билан медицина характеридаги мажбурий чоралар қўлланиши мумкин.
Ақлан соғлом ҳолда жиноят қилган, лекин суд томонидан ҳукм чиқаришгача ўз ҳаракатлари оқибатидан ўзига ҳисоб бериш ёки ўз ҳаракатларини идора қилиш имкониятидан маҳрум қиладиган руҳий касалликка йўлиққан шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилмайди. Бундай шахсга суднинг белгилаши билан медицина характеридаги мажбурий чоралар қўллаш, соғайганидан кейин эса уни жиноий жазога тортиш мумкин».
Демак «псих экан» деб киссавурни қўйиб юборган милиция ходими ноҳақ. У ўзининг бу қилиғи билан жиноятни яширган бўлади. Бунинг учун одатда жиноятчи Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 111-бетида ёзилган «Жиноятни яшириш», 169-моддасига асосан икки йилгача муддатга ахлоқ тузатиш иши билан жазоланади.
Агарда милиционер жиноятни, яъни киссавурликни яшириш мақсадида пора олса мол-мулки мусодара қилиниб, уч йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. («Пора олиш», 152-модданинг 1-банди). Пора берган ўғри ҳам уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниш билан жазоланади. («Пора бериш». 153-модданинг 1-банди).
Лекин биз ўғриларнинг қилмишларига эътибор берсак, уларнинг тамомила руҳий соғлом йигитчалар эканликларини сезамиз. Чунки улар руҳий етишмовчиликлар натижасида адашиб меҳрибон ота-оналари ёки ака-укалари берган пулларини бозорга келган одамлар чўнтакларига солиб қўймайдилар, ақл билан иш қилиб, уюшган ҳолда, фақат одамлар чўнтакларидан оладилар, холос! Демак, улар тамомила руҳий соғлом йигитчалардир! Руҳий хасталиги бор деган ҳужжатларига келсак, у ўзларига ўхшаган «олармон» врач тўғрилаб берган, нопок ишлари учун қалқон қилиб юрадиган бир патта, холос! Юқоридаги изоҳдан маълум бўлдики, жиноят устида қўлга тушганларидан кейин оғзиларидан кўпик чиқариб ётсалар ҳам бу «руҳий спектакллари» ўтмас экан. Дарҳол қайта медицина кўриги тайинланиб билимдон мутахассислардан тузилган комиссия кўриб чиқиб, ўз хулосасини билдирар экан. Қўлга тушиб, асаблари дош беролмай руҳий ҳолатларида ўзгариш бўлган тақдирида ҳам одамлардан «изоляция» қилиниб даволанадилар. «Кайфиятлари ўз ҳолатига тушганидан кейин» эса айбларига яраша жазо муддати белгиланар экан! Лекин ўғри «дўстларим»нинг бир «хислат»лари борки, фош бўлиб қолсалар қўлларидаги карманни ёки пулни дарҳол ташлаб юбориб кўзларини лўқ қилиб тураверадилар! Бу уларнинг ақллари тараққий этиб жабрланувчилардан анча олдинга ўтиб кетганларидан! Қўлидан ушлай олмаганингиздан кейин, қани терговчи унинг ўғрилигини исбот қилиб кўрсин-чи! Бўйнига қўя олмайди. Қонунларимиз одил, одамлар ноқақ жазоланмасликлари керак! Менинг ўғри «дўстларим» биладилар: уларнинг қўлларини биров ўз чўнтагида ушлаб олса ҳам бу ўғирликларини «исботлай олмайди». Тиқилинчдаги оддий хаёлпарастлик… Мақсад пул ўғирлаш эмас эди, ўзининг чўнтагига қўл солиб пул чиқармоқчи эди, холос! Жабрланувчи шўрликлар бу нарсаларни билармидилар. Йўқ, албатта. Улар додлай оладилар, холос! Баъзилари милицияни лаънатлайди. Терговчига юксак ҳис-ҳаяжон, ўт ўчирувчилар машинасининг сиренасидек чинқириқ керак эмас, унга оддийгина далил керак, холос! Йўқса, «далиллар етишмаганлиги» сабабли делони ёпишга мажбур бўлади. Киссавурликда далиллар нимадан иборат бўлади? Кесилган сумка, ўғирланган пуллар, гувоҳликлар, ўғри қўлидаги ёки чўнтагидаги ашёвий қуроллар: олмос, қирқадиган дастаки жиҳозлар, ҳимоя ёки ҳужум воситасида қўлламоқчи бўлиб олиб юрган тиғдор ва бошқа совуқ қуроллар. Сиз уйдан олган пулингизни санаб кўрган бўлсангиз, гарчи уни ўғри ўмаргандан сўнг ҳам қанчалигини тўғри айта оласиз. Бироқ унинг шериклари бўлса‑чи?
Киссавурларнинг «болалаб» кетаётганларига асосий сабабчилар — ўз ишларига совуққон милиция ходимлари! Кўркам камзул-шим кийиб, ёнларига тўппонча тақиб, давлат ва шахсий машиналарини ғизиллатиб юрган бу кишиларни кўпинча керак бўлмаган жойларда учратиш мумкин. Милиционерга ёки ГАИ ходимига кўриниб турган «объект» билан шуғулланиш осон. Тўда-тўда бўлиб чорраҳада машиналар тутишлар, шағал ортиб келаётган юк машинасини қувиш, дарахтни панасида туриб, тезлигини ошириб келаётган автомобилга таёқ кўтариб югуриб чиқиш, сомон пайти сомон ортган машиналарни тўсиш, чаноқ ортган тележкалар йўлини пойлаш, ишдан кейин даладан гектаридан чиққан тўрт боғ ғумайни машинасига ортиб келаётган шофёрга «ўғирлик қилгани учун» жарима солиш қандай завқли!
Участка милиционерлари ГАИ линиясини айланиб юришса бўлгани. Формадагиларнинг бариси кечаси ГАИ! Тағин бу участка инспекторларининг етишмовчиликларини айтмайсизми, суҳбатлашсангиз қалаштириб ташлашади. Раҳмингиз келиб кўзингизга ёш олиб юборишингизга бир баҳя қолади! Улар кўпчилигининг алоҳида кабинетлари йўқ. Стол-стулларининг камчилиги қўлларини анчагина калта қилиб қўйган. Бир ёқда хўжалик раҳбарларини айтмайсизми? Участка милиционери бюрократ совхоз директори олдида ожиз бир боладек. Уларнинг погонларида юлдузларининг кўпаяётганлиги ҳам иш бермаяпти! Жиноят кундан кунга, ойдан ойга, йилдан йилга кўпайиб кетмоқда! Эпчил ўғрилар ўз ишларида система яратиб олдилар!
Шаҳар милицияси қаршисида дўстим билан гаплашиб турувдик. Майордан буйруқ олган сержант автобус тўхташ жойига қараб ғизиллаб кетар эди:
— Ҳа, тинчликми?! — сўрадим ундан.
— Пистачини қувгани! — шошиларди у. Анча туриб қолдик. Бир вақт старшина писта солинган тўрвани бир томонидан ушлаб, тўладан келган, ғарибгина кийинган аёл иккинчи томонидан ушлаб кела бошлашди. Пистачи аёлни ичкарига топшириб чиққач, сержантга ҳазиллашдим:
— Бу дейман, жудаям қийналиб кетдингиз-да! Сизларниям ишларинг жуда оғир!
— Ҳей, ака — фиғон қила кетди у. — Ушласак бошимиздан оёғимизгача тириллатади булар. Олиб келганинг, қарғиш эшитганинг баҳоси эмас! Қўлимни тишлаб олди!
— Эҳ-ҳей! Битта пистачи билан олишиш шунчалик мураккаб бўлса, ўғри-каззобларга умуман тенг келиб бўлмас эканда, а?
— Ака, пичинг қиласиз-да! Мана шу пистачини оладиган бўлсак, нимага йўқ бўлмайди?! Илгари горисполкомдаги «административ комиссия»га олиб борар эдик. Бир куни биттасини ушлаб бордим. Комиссияга олиб кирсам 10 сўм штраф қилишди! Коридорга чиққанимиздан кейин аёл: «Ана, нима бўлдинг, боя 25 сўм берайин десам йўқ девдинг», — деб кетиб боряпти. Эртасига қарасам тағин ўша жойида пистасини пуллаётипти! Нима қилишимиз керак? Битта милиционернинг қўлидан нима келар эди…
Одамларга ҳайронман. Тўрттасининг боши бирикса бўлди, ўтириб олиб юртимизни ўғри, киссавур босиб кетди, нопокларнинг уруғи кўпайиб кетяпти, деб нолишади. Бири бунга милиционерларни айбдор деб ҳисобласа, иккинчиси даб‑дурустдан юртда кетаётган ошкоралик, демократия ҳамма ёқни расво қилди, дейди. Учинчиси одамларнинг ўзи ноинсоф бўлиб кетди деса, тўртинчиси қонунларимиз бўшашиб кетди, бу кетишда жиноят камайиши ўрнига кўпайиб кетаверади, бундан кейин баттар бўлади, деб куйинади. Бири диндорни айбласа, бири динсизни айблайди. Бири ёшларни, яна бири — кексаларни айблайди. Шунинг учун бўлса керак, кўп ўйлайман: хўш, нега шундай бўляпти? Нега жиноятлар «сурати» фақат бизнинг районда, областда, республикамиздагина эмас, иттифоқ миқёсида кундан кунга тушиш ўрнига ўсмоқда?! Квартира ўғрилари шаҳарлар тугул қишлоқларда ҳам пайдо бўлмоқда. (Қишлоқ «маданияти»ни шаҳар «маданияти»га тенглаштиришга ҳаракат қилишяптимикин ўғрилар ҳам?..) Гап киссавур ҳақида бораётган эди. Улар кундан кунга ишларига ҳар хил «илғор» тажрибаларни жорий этиб, тактикаларини «мукаммаллаштириб» боришяпти, шекилли. Бўлмаса, милиционерларнинг ўзаро гаплари биринчи бўлиб уларнинг қулоғига етиб келмас эди! Бўлмаса, улар илғор техника билан қуролланган, соғлом, бақувват, ҳар куни танларини жисмонан чиниқтириб бораётган милиция ходимларини аро йўлда қолдириб кетмас эди!.. Хўш, XX аср киссавурлари, мол ўғрилари, уй ўғрилари шунчалик тутқич бермас қароқчиларми?! Келинг, яхшиси, тағин одамларнинг гапларига қулоқ солайлик.
— Ўғри қишлоққа четдан келмайди. У шу ернинг шарт‑шароитини яхши билган одам. Ўғри ўзимизнинг ичимизда!
— Касалхонани олдидаги уйга ўғри тушибди. Қувиб ушлашибди. Ўғри хонадон эгаси ўғлининг жўраси экан!
— Омонни уйига тағин ўғри тушибди. Билиб қолиб қувишган экан, томига чиқиб кетибди. Нарвонни олиб қўйиб кутиб туришибди. У эса қўшниси томондан тушиб қочиб кетибди.
— Мол ўғриси кўпайиб кетди. Бу кооператив бўлмади, бир бало бўлди. Ҳамма молларни бошига етяпти!
— Ўғрилар милиционерларнинг шайкаси эмиш…
— Кундузи «Жигули»да келиб «разведка» қилиб, кечаси «КамАЗ» машинада келиб ортиб…
Ҳайрон бўламан. Ишчи-деҳқон Совет милицияси декретига 1919 йилда қўл қўйганида, 1920 йилда Ишчи-деҳқон милицияси иши тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлаганида Владимир Ильич Ленин бир нуқтага тикилиб Совет милициясининг 70 йилдан кейинги фаолиятини қандай тасаввур этганикин? Революцияга эътиқодли бу кадрлар авлодини 70 йилдан сўнг ойда ҳам тартиб ўрнатиб юборса керак деб ўйлаган бўлса кераг-ов…
Яна куяётган одамлар гапларига эътибор қиламан:
— Милиция ўзини ишчан кўрсатиш мақсадида фақат очилган ёки очилиши эҳтимолдан ҳоли бўлмаган жиноятларни ҳисобга олади. Очилишига кўзи етмаса, иложи борича дафтарига қайд эттирмасликка ҳаракат қилади.
Тўғрилигига ишонмайман. Бўлиши мумкин эмас-да, ахир. Бу жиноят-ку! Лекин икки молини ўғирлатган Чорвадор посёлкасидаги Қудрат ака келиб: «Ука, қўй ўша милициянгни, иложини қилолсанг, «узун томда» ишлайсан, ёрдам бер, отангни арвоҳи қўллагур», деганида силтаб ташлайман:
— Ариза ёзиб келинг. Эртага иккимиз бирга милицияга борамиз.
У хўп деб чиқиб кетади. Лекин ҳафталар, ойлар ўтади, ариза йўқ. Тасодифан йўлда учратиб қоламан.
«Ҳей, қўявер, — деб қўл силтайди, — барибир милиция изламайди…»
Милиционерларнинг оперативликлари шунчаликка бориб етдики, охирги икки йил бадалида 76-от заводига қарашли Тангли қишлоғининг ўзидан 21 та молни олғирлар илиб кетишди, нима, уларда вертолёт борми деб ўйлаб қоласан одам… Ғаллаорол районида эса бундан ҳам кўп. Жиззах шаҳри атрофларини-ку, қўяверасиз! Қани уни санашдан эринмаган мард топилса!
Навоийлик Аҳмад ака Абдуллаев ва унинг ҳам 3 ёшлардаги ҳўкизи «Миша»нинг тарифи собиқ Ўзбекистон ССР ички ишлар министри генерал Раҳимовга ҳам бориб етди. Аҳмад аканинг ҳўкизи тўғрисида «Муштум» журналида ҳам ёзишди. Лекин олармонникида пашша қўриб ётган «Миша»ни етаклаб келишга бу мақола бир нўхтаям бўла олмади. Ички ишлар министрлигидагилар «Муштум»га йўллаган жавобларида Аҳмад аканинг ҳўкизи тўғрисидаги сатрларниям ўғрилар «уриб» кетибди!
Яқинда Аҳмад акани учратиб қолдим. Аниқроғи, у мени қидириб ишхонамга келган экан.
— Ука, мен сизни тўғри одам деб юрсам сизам ўшаларни бири экансиз. Ҳақиқат борми ўзи?! Қачон Жиззахда тартиб бўлади?! Қачон бу органнинг одамлари меҳнаткашга сал эътибор қилади?!
— Аҳмад ака, буларнинг ҳам иши қийин-да…
— Ҳеч, қўйинг, ука. Буларни «худоси»гаям ишонмай қолдим. Генералларинингам қабулида бўлдим, ёзмаган жойим қолмади! Югуравериб икки ҳўкизнинг пули кетди. Тағин ўйламанг, Аҳмад ака тентак бўлиб қолганми, деб. Ман билмоқчиман: қани, бизда ҳақиқат борми-йўқми? Радио-телевизорда кунига эрталабдан кечгача тинмай гапирилаётган ўша қайта қуриш, қани, қаердан бошланган экан, мен бир кўрай?! 2 майда ҳўкизимни ўғирлаб кетишганига икки йил бўлди. Ҳали ўша ифлосникида турибди. Булар барининг ўғрилар билан тили бир!
У кишининг қўлидаги папкани оламан. Ҳар хил инстанциялардан келган жавобларнинг ўзи бир ҳўкизга юк бўлибди! Ҳаммаси қуйи органга юбораверган…
Телевидениедан ва редакциялардан келган жавоблар бир хил: «Ички ишларига юборилди… Сўралди…»
Ички ишлардан келган жавоблар ҳам бир хил: «…фактлар тасдиқланмади… сизнинг ўғирланган ҳўкизингизни топишда совуққон, лоқайдликка йўл қўйган ички ишлари ходимлари жазоландилар. Иш қайта қўзғатилди. Кейин ўзимиз хабар қиламиз…»
Аҳмад ака кўк муқовали дафтарини кўрсатди. Унинг биринчи бетида: «Ўзбекистон ССР ички ишлари министри Учқун Раҳимов қабулида 26 июнь 1988 йилда бўлдим;
Ўзбекистон ССР ички ишлари министрининг ўринбосари Успенский қабулида 13 март 1988 йилда бўлдим;
Ўзбекистон ССР ички ишлари министри ўринбосари Тўхтаев қабулида 14 июнь 1988 йилда бўлдим;
Ўзбекистон ССР ички ишлари министрининг ўринбосари Ғафур Раҳимов қабулида 14 июль 1988 йилда бўлдим», деб ёзиб қўйибди.
— Нега буларнинг ҳаммаси бир-биридан кўчириб жавоб ёзади?! — куйинади Аҳмад ака. — Нега ўғриларни уч кун қамаб, кейин қўйиб юборишди?! «Ҳўкизингиз бугунча шу ерда тура турсин, ўзимиз элтиб берамиз» деган милиция ходимлари нега мени икки йилдан бери сарсон қилишади?! Нега биринчи делога тикилган, ҳўкиз топилган куни туширилган расмлар йўқ қилинган?! «Отпечатка»сини оламиз деб олиб кетилган занжирни йўқотишди! Ҳўкизни таниган бешта гувоҳнинг имзоси билан ёзилган тушунтириш хатлари делода йўқ! Нега? Ука, ўзи бу давлатнинг сўрайдигани борми ё кун фақат пулдору товламачиларга, амалдору ўғри-каззобларга туғадими?| Гапиринг! Буларингизнинг яна зўр ҳунарлариям боракан! Тинчлик бермай, ҳўкизимни топасанлар, деяверганимдан кейин ўғрилар қолиб, ўзимга пўписага ўтишди! Ўн йил аввалги ПМКда мастер бўлиб ишлаган жойимдан баҳона топишга ҳаракат қилишиб, бирор нима чиқиб қолар деган умидда бир одамга ариза ёздириб олиб устимдан иш қўзғатишди! Қанча тентиратиб, асабларимни қақшатиб сўроқ қилишди! Мен барибир буларнинг пўписасидан қўрқмайман! Министрликка бораверганимдан кейин бир текширувчини ички ишлар министрлигидан юборишибди деб эшитиб, область ички ишлар бўлимига бордим. Лекин у одамни топа олмадим. Ҳеч натижа бўлавермаганидан кейин тағин министрликка бориб министр ўринбосари Тўхтаев деган одам қабулида бўлдим. У киши: «Текширувчи Жиззахга бориб келди-ку. Ҳаммаларингиз билан учрашиб суҳбатлашибди, текшириб кўриб, тушунтириб келибдику», дедилар. Ҳайрон бўлиб қолдим. Келиб кетган ходим 3-бўлимдан, шу қидирувчиларнинг каттаси Абдуллаев Юрий Ремович деган йигит экан. Тўхтаев уни чақиртирди. У қаршимга келиб ўтирди.
— Бу одамни танийсизми?!
— Йўқ.
— Унда Жиззахга бориб нимани текшириб, кимга учрашиб келдингиз?!
Ўша кирим-чиқим дафтарини кўришса № 16(А-25нинг) тўғрисига «От письменного ответа отказался» деб ёзиб қўйибди. Тўхтаевнинг жаҳли чиқиб кетди. «Ҳозир чиқиб бу кишининг ишини охирига етказиб келинг!» деб иккаламизни чиқариб юборди.
Бу Абдуллаев Юрий дегани ўша министрни ҳам «бордим, кўрдим, ҳаммаси билан гаплашдим, суҳбат ўтказдим, ишни ҳал қилиб, келдим. Бўлди, раҳмат сизга, энди шуни ўзи бизга овора бўлиб хат орқали жавоб қайтариб ўтирмасаларинг ҳам майли деб айтишди», деб алдаган экан! Кейин ўша қайд қилиш дафтарига юқоридагиларни ёзган экан!
Абдуллаев Юрий дегани 1988 йилнинг май ойи охирида келиб кетган экан, мен 14 июнда министр ўринбосари Тўхтаев хонасида у билан учрашувдим. «Бўлди, кечирасиз, айб менда, ўзим бориб ҳал қиламан», деганига ишониб келаверибман. Уч ойдан кейин тағин бориб ўша Абдуллаевга учрашдим. Анча ўзини босиб олибди. «Бир иложини қиламиз, сиз бораверинг», деди. Тағин қайтиб келдим. Олти ойлар ўтганидан кейин «Юрий Ремович келибди» деб эшитиб, хотиним билан югургилаб область ички ишлар бўлимига келдик. Эшикдан чиқиб кетаётган экан.
— Юринг, ўғирланган жойни, ҳўкизни турган жойни кўрсатайлик десак, «Сизни ишингиз билан келганим йўқ, мен бошқа иш билан келганман», деб кетворди. Буларингиз ўша бошидан бузилган экан, ука! Наҳотки шунчаликка боришса? Ишонгинг келмайди киши. Бундай бўлиши мумкин эмас! Тартиб посбонлари тартибни бузишда «рекорд» қўйиб ўтирсалар-а?! Илож қанча, фактлар олдида ҳар қандай эҳтирос ҳам ожиз! Нега унда «ҳўкиз сўйилмасин, сотилмасин деб расписка олганман» деган ўртоқ Абдуллаев Юрий Ремович шунча вақт ўтган бўлса ҳам ишни чувалаштирмоқда? Ёки тағин ишонувчан генералларини алдаганмикин?
Оддий бир хўжалик ташкилотига шикоят тушса, айбдор жазоланса, исми-фамилияси кўрсатилади, жазонинг меъёри айтилади, бундан кейин бу ишни ҳал қилишни кимга юклатилган бўлса унинг исми, фамилияси ёзилади, бу ишни бажариш муддати айтилади, лекин ҳурматли тартиб посбонлари йўллаган жавобларда бу нарсалар йўқ. Бу қайси мантиққа тўғри келади? Ёки ҳукмдорлик, оддий меҳнаткашларни менсимасликнинг бир кўринишими бу? Жабрланувчилар алдов қоғозларига термулиб юраверадилар, вақт эса ўтаверади. Кўпчилик эса сарсонгарчиликдан кейин ҳаммасини «худога солиб», қўл силтаб, этагини йиғиштириб қўяқолади. Давлатимиз куч-қудратига, унинг олиб бораётган сиёсатига ишонган баъзилар формадаги кишини кўрса умидвор бўлиб югуриб юраверади. Охири бир куни лақиллатишаётганини, ҳеч натижа чиқмаслигини билиб «давлат одамларимнинг қилаётган бу лоқайдликларини, силлиққина, ниҳоятда маданиятга ўраб ёки очиқ-ойдин алдаётганликларини сезиб қолиб, «ҳей сани ўша бебурд давлатингни…» деб сўкишади! Тўрт йилдан бери қайта қуриш ҳақида тинмай жавраётган радио-телевизорни ғижиниб эшитишади. Бундайларни биз шу ҳолатга ўзимиз олиб келиб кейин тентакка, сурбетга, «ёзувчи»га чиқарамиз! Одамлар ўртасида уларни ёмонлаб гап тарқатамиз. Шундай эмасми ҳурматли мол ўғриларини сўроқ қиладиган терговчилар?! Топиб берганини олиб беролмаган орган органми? Наҳотки одамлар гапираётганидек ҳар бир «дело»нинг ўз нархи бўлса?! Наҳот қонун фақат қуруқ қўл билан қўлга тушганга қонун бўлса-ю, пулдорлар «мойлаб сирпаниб» чиқиб кетаверишса?! Одамлардаги суд, тергов, прокуратура органларига ишончсизлик қачон ва нима учун туғилган?! Нега ишимизни қайта қуриб энди катта йўлга чиқиб олдик деб керилаётган пайтимизда одамларда барибир бу олий давлатни давлат қиладиган қонун ҳимоячилари, ҳуқуқ посбонларига бўлган ишончсизликлари камаймаяпти? Чунки балиқнинг қаноти ҳаракат қилгани билан думи йўналишини бошқа ёққа буриб юборяпти.
Тангли қишлоғилик Юнусов Абдураҳмон ака аламидан ёрилиб кетмаганига ҳайрон қоласан.
— Ўғрилар қолиб бу милициядагилар икки йилдан бери фақат менинг уйимни текширишади. Лагерда завхоз бўлиб ишлаётган укамни ҳам текширишгани-текширишган! Ўғриларни аниқ ушлаб бўйнига олганларидан кейин бир кун ушлаб туришиб тағин юборишди! Биз энди ҳақиқат қарор топади деб юрган эдик. Тағин ОБХССини юбориб ўзимизни текширтиради! Милисасини юбориб ўзимизни текширтиради! Каттароқ суёвинг бўлса бизда ўғриликка йўл кенг экан-да!
Охири қинғирликлар давом этиб, аҳоли ўртасида норозилик кучайгач, область ижроия комитетининг собиқ биринчи муовини ўртоқ Ҳуранов Николай Азаматовичнинг сўровига биноан область Давлат Хавфсизлиги комитетининг бошлиғи ўртоқ Мартинов область Давлат ва ҳуқуқий органлари доимий комиссияси раиси сифатида текшириб ўғриларни аниқлади.
Милиция ходимлари билан гаплашсангиз кўпроқ одамларни бепарволикда айблашади. Молини маҳкам қилсин, оғилини қулфлаб қўйсин, нима энди, биз ҳар бир одамникига бориб қоровуллик қила олмаймиз-кў, дейишади.
Навоий номли колхоз А. Икромов кўчасида яшовчи Пўлатов Султон аканинг икки сигирини оғилхонасининг қулфини бузиб олиб чиқиб кетишган. Бузишган қулфни Султон аканинг амакисининг ўғли Асқарникига ташлаб, унинг ҳам бир она-бола сигирини олиб кетишган. Шу колхоздаги Калинин номли мактаб ўқитувчиси Нўъмонова Матлубанинг ҳам ўша тунда сигири билан бузоғини ўғирлаб кетишган. Бу воқеаларни қандай изоҳлаш мумкин?! Идорама-идора саргардон бўлиб юрган бу жабрланувчиларнинг гапларини эшитиб ҳайрон қоласан киши. Чет эл фильмларида полициячилар бошлиқлари билан келишиб олиб иш юритадиган мафиячиларни кўрган эдик. Жиззахдаги оммавий ўғриликдан худди шундай ҳолнинг ҳиди сезилиб турибди. Йўқса, кўп сонли жабрланувчиларнинг арзини тинглайдиган бирор одил киши топилар эди.
Ўғри, киссавурлардан жабрланган кишилар милиция, суд, прокуратурага қатнайвериб чарчашгандан сўнг ноумид шайтон деб фолбинларга, ромчиларга югуришмоқда, улардан мадад сўрашмоқда.
Мен милиция ходимлари орасидан ўз қаҳрамонимни қидиряпман. Ҳозирча топа олмадим. Лекин ноумид эмасман. Милиция ходимларининг иши оғир, тушунаман, аммо шарафли. Аммо шуни тан олиш керакки, кейинги йилларда совет милицияси билан халқ ўртасида чуқур жарлик пайдо бўлди. Аниқроғи, ҳурматли қонун ҳимоячиларимиз кишиларнинг жиноятга қўл уришини кутиб яшашга ўрганишди. Эндиликда бунинг олдини олиш мушкуллашмоқда. Милиция, ҳуқуқ, суд органлари ишини тез орада қайта кўриб чиқиш, халқ билан милиция ўртасида жарликка барҳам бериш керак. Йўқса, жиноятчиликни тугатиш, кишиларнинг осойишталигини сақлаш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Бугунги кунда ҳаракатдаги милицияни халқ милициясига айлантириш зарур. Токи, бола ҳам, катта ҳам ҳар бир милиционерга бир жазоловчи предметга қарагандай қарамасин! Ҳар бир инсон — болами, каттами у, олдида ҳимоячи мураббийси-милиционер борлигини ҳис этиши учун аввало ҳар бир милиция ходими ахлоқан мукаммал инсон бўлиши керак! Покликнинг ўзи уларни халққа яқинлаштиради! Формада бўлса ҳам чўнтагидан дўпписини чиқариб маҳалласидаги қайғуга ботган оила тобутини кўтаришса, элнинг яхши‑ёмон кунларига аралашса, оммавий жойларда юракдан сух,батлашиб бир пиёла чой ичишса, кексалар гап-сўзларига қулоқ осса, ёшларга дўст бўлиб, ака бўлиб, ота бўлиб пешонасини силаса, ғариблардан, беморлардан хабар олса, мана шуларнинг ўзи уни халққа яқинлаштиради! Лекин баъзи милиционерлар шунчалик кеккайиб кетишганки, худди ўзларини амир Олимхоннинг қўриқчисидек ҳис қилишади.
Мана ҳозир қайта қурамиз деб кўпчилик хато-камчиликларни таҳлил қилиб ишни тўғри ташкиллаштириш учун таклифмулоҳазалар билан чиқмоқда. Оддий сантехник ёки пахта бригадири тўғрисида босилаётган мақолаларни кунда бўлмаса ҳам ҳафта аро матбуотда ўқиймиз. Лекин ҳозирги даврда муаммога ботиб қолган милиция ишига келганимизда фақат қанча жиноят бўлгани, унинг бир кварталга қанча ошгани ҳақида ахборот беришдан нарига ўтмаймиз!
Оммавий ўғриликлар, тартибсизликларнинг олдини олишни мамлакатимиздаги Ленинград ҳамда Горький шаҳарлари тажрибасидан ўрганиб, амалда қўллашимиз керак. 02 дан ташқари қўшимча телефонлар номерлари ажратилсин. Одамлар гавжум, кўзга ташланадиган жойларга катта-катта қилиб ёзиб қўйилсин. Ҳамма жойларда аҳолининг фаол қисмидан милиция ходимлари, коммунистлар ва коммунист бўлмаганлар етакчилигида ишонч постлари ташкил этилсин. Тутилган ўғрилар мол-мулклари мусодара қилингач, маълум проценти, масалан, жабрланувчиларнинг топилган моллари қийматидан 10 фоизи тутиб берган ишонч пости жонкуярларига моддий рағбатлантириш мақсадида берилсин. Чунки ким билан гаплашмайин, мен шу нарсани сўрасам, ҳамма: «Қанийди агар ўғирланган нарсамиз ёки пулимизни, молимизни топиб беришса жонимиздан садақа, суюнчисини берардик», деб айтишади. Ўшанда ўғирликлар камайгани сари ишонч постлари состави ҳам ўз-ўзидан параллел камайиб, кераксиз пайтида ҳаммаёқда тинчлик ўрнатилганидан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ҳозирча бу вариантни «ишчи постлари» деб республикамизнинг Қўқон шаҳрида ташкиллаштирилган. Лекин у ерда ҳам бу ишга жалб қилинган одамлар иш жойлари сақланиб ойликлари бериб борилмоқда. Биз юқорида айтгандай, ишни ташкиллаштирсак маблағ масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал қилиниб, корхона ишларига ҳам халақит бермасди. Моддий манфаатдорлик бу ишонч группаларининг авангардлигини ошириб, худди Горький шаҳридагидек ўша айтаётган банданинг бошлиқлари билан ушлаш имкониятига эга бўлишарди. Бунинг учун фақат область халқ депутатлари совети ижроия комитети ва область партия комитети чиқарган қарор ва ишнинг боришида назоратни ташкиллаштириши ҳам катта роль ўйнайди. Бусиз қуруқ ташвиқот билан ишни уюштириш мумкин эмас.
Бизнинг энг катта хатомиз халқ фикрига бефарқлигимиздир! Одамларнинг содда, жайдари суҳбатларига қулоқ солсангиз, улар жуда кўп нарсаларни билишларига амин бўласиз. Ҳатто қайси раҳбар қандайлигию унинг яхши ва ёмон томонини, шаҳарнинг қайси бурчагида қандай нопок аёл ёки эркак яшашини, қайси раҳбар ишдан олинади, ўрнига ким келади, қайси раҳбар порахўр, қайсиси енгилтак, қайсиси… Хуллас, халқдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Фақат одамлар қалбига йўл топиб гаплаша билиш керак ва уларнинг олтин фикрларини қадрлай билиш керак. Бекорга чет элларда халқнинг фикрини ўрганадиган қатор-қатор илм даргоҳлари, институтлар ишламаяпти-да, ахир! Бизда, гарчи анча кеч бўлса ҳам буни тушундилар. СССР фанлари академияси қошидаги социология институти директори, фалсафа фанлари доктори В. Ядов: «Ҳозирги қайта қуриш даврида одамлар фикри бир хазина. Биз булар фикрларини ўрганмай туриб Олий Совет ҳам, Коммунистик Партия Марказий Комитети ҳам қонун чиқаришда, социал сиёсатни, мамлакат экономикасини ривожлантиришда тўғри йўналиш ола олмайди», деб бежизга айтмади! Қани энди ҳеч бўлмаса ҳар бир областда халқ фикрини ўрганадиган социологик лаборатория бўлса! Биз кўп нарсаларга эришган бўлар эдик!
Яна шу нарсаниям айтишим керакки, инсон бирданига бузилмайди! Ўғри, киссавур онасининг қорнидан шундай бўлиб туғилмаган! Биз уларга ҳам сўз бера билишимиз керак! Майли, ошкоралик замони экан, улар ҳам матбуотда чиқишлар қилишсин. Нега илгари соппа-соғ бўлган одам бирданига ёки аста-секинлик билан бундай нопоклик кўчасига кириб қолган экан. Наҳот у инсонга бир маротаба берилган умрни инсонлар қарғишига учраш учун сарф этмоқчи? Балки уларнинг баъзилари мажбуран, баъзилари етишмовчиликдан, баъзилари шўхликдан, баъзилари тўқликдан бу ярамас кўчага кириб қолиб, энди ундан чиқишни билмаётгандир. Мен бир Совет граждани сифатида деҳқон ўғли бўлганим учун гапнинг дангалини ёзиб қўяқолдим. Мен бу мақолани бировга ҳасад қилиб ёки бировдан жабрланиб ёзганим йўқ. Ён-атрофимдагиларни кўриб, эшитганларимни таҳлил қилиб, қалбан қийналганимдан, одамлар тақдирини ўйлаганимдан ёздим. Биз онгли жамият тарафдоримиз. Шунинг учун ҳам бировлар айтаётгандек ушлаган ўғрининг қўлини кесиб, қулоғини, бурнини кесиб жисмонан жазолашни жиноят кодекси моддаларига киргазмаганмиз! Биз ёмонни ёмонлик, зўрлик билан даволамоқчи бўлиб дийдасини қотириб янада инсоний ҳистуйғулардан маҳрум этмоқчи эмасмиз. Шунинг учун ҳам жамият олдидаги бурчларини унутиб ўзларининг кўнгилларидек яшаш учун ҳамма нарсага тупуриб ўз қилиқларини оқлаш учун худбинона ақидаларга ўрамоқдалар! Лекин бунинг жазоси бор. Бу фақат суднинг қарори билан бериладиган жазодан фарқли ўлар виждон жазоси, нигоҳлар жазоси, беҳуда ўтган умр жазоси, ноҳақдан жабрланганлар қарғиши жазоси! Булар барибир инсон руҳиятига таъсир қилмай қолмайди! Бир куни ҳиқилдоғидан олади! Кўз олдида гавдаланади! Унинг совуқ ели юзларини сийпайди! Қулоқлари олдида ғашли шивирлайди. Ҳар бир инсон тўғри йўлга тушиб олиши учун ўзида қудрат топа билиши керак!
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 1-сон