Тоҳир Малик. Халққа ҳақ гап керак (1989)

Фарғона вилоятидаги фожиаларнинг тафсилоти ҳақида гапириш ниятим йўқ. Қандай мудҳишликлар содир бўлган бўлса — кўрсатилди, айтилди. Мен фожиа юз берган ерларда кўрганимни эмас, одамлардан эшитганимни сиз, азизларга етказмоқчиман. Мен юртимиздаги баобрў одамлар билан Фарғонада, Марғилонда Тошлоқда, Комсомольскда бўлдим. Марғилонда бир неча маҳалла аҳли билан суҳбат қурдик.

Кўпни кўрган қариялар, ёшлар ҳам бўлиб ўтган қора ишлардан норози. Учрашувларда улар бошқа бир нарсадан ҳам норози эканликларини айтдилар. Фарғона вилояти аҳли берилаётган ахборотлардан, айтилаётган гаплардан норизо. Дастлабки нотўғри ахборотлар кўпгина ёшларни ёмон йўлга йўллаган бўлиши ҳам эҳтимол. «Иттифоқ» маҳалласида «Нима учун фақат нашавандлар, гиёҳвандлар, ароқ ичганлар» дейишади, «Нима учун фақат ўзбекларни айблашади?» деб ғазаб билан гапирдилар.

Биз бўлиб ўтаётган воқеаларга ўз вақтида тўғри баҳо беришни ҳануз ўрганмаган эканмиз. Эътибор қилинг-а, Сумгаит, Қорабоғ, Тбилисидаги воқеалар ҳам дастлаб «бир гуруҳ экстремистлар…» каби иборалар билан изоҳланган эди. Ўша ерларнинг аҳолиси ҳам ҳақ гаплар яширилганидан, кечикиб айтилганидан қаттиқ норози бўлишган эди. Фарғона фожиаси ҳам шундай калтабин иборалар билан баён қилинди.

Мухбирларимиз ҳамон ўша ибораларга суяниб иш кўришяпти. Ахир ўйлаб кўрайлик, кўчаларга 5 —10 минглаб одам чиқса, наҳот шуларнинг ҳаммаси нашаванд бўлса, наҳот ҳаммаси ароқ ичиб олган бўлса? Беш минг одамни бирданига маст қилиш учун қанча наша керак, қанча ароқ керак? Ундан ташқари беш минг одам экстремистик гуруҳ эмас, тўда ҳам эмас. Кўчага чиққан минглаб одамларнинг бари туркларга қарши эмасдир, бошқа дарди ҳам бордир. Ошкораликни байроқ қилдик деган матбуотимиз, радио ва телевидениемиз наҳот шу оддий нарсаларни мулоҳаза қилмаса?

Марказий телевидениеда берилган биринчи ҳикоя оддий халқни ҳам, раҳбарларни ҳам қаттиқ ранжитди. Ўша ҳикояда «шаҳар партия комитети ўзини қўриқлаяпти» деган гап бор эди. Марғилон шаҳар партия комитетида биз 7 июнь куни бўлдик. Вазият ўша куни ҳам таранг эди. Аммо шаҳар партия комитети биноси атрофи қуршалмаган эди. Телевидениедаги ҳикоя сабабини сўраган эдик, ўртоқлар аниқ тушунтириб беришди. Телевидение суратга олган куни чиндан ҳам аскарлар бино атрофини ўраб олишган, чунки бинонинг учинчи қаватида миш-мишлардан қўрқиб қочиб чиққан ўзбек аёллари, болалари, биринчи қаватда эса турк аёллари, болалари бўлишган. Раҳбарлар ўзларини эмас, ана шу одамларни ҳимоя қилишган.

Телевидение, радиода, матбуотда мурожаатномалар, чақириқлар, насиҳатлар кўпайиб кетди. Назаримда, бу эскича иш усули. Кўчага чиққан одамлар буларни эшитади, ўқийди, амал қилади, дея олмайман. Ҳозирги шароитда халқ унвонларга, мансабларга, ёшга, оқарган сочга қарамайди. Уларга фақат бир нарса — ҳақ гап керак. Нашаванд, ароқхўр деган гаплар билан ўзимизни ўзимиз алдамайлик. Халқнинг дардига ҳам қулоқ тутайлик.

Йўрмадўз маҳалласида одамлар пахта нархининг камлиги, турмуш шароитининг оғирлиги, азот заводи атроф-муҳитни заҳарлаётгани, одамлар ёш бўла туриб майиб-мажруҳ бўлиб қолаётганларини катта бир дард билан айтдилар. Ўнинчи синфни битирган йигитчалар «бир йилдан кейин ҳарбий хизматга кетиб қолади» деб ишга олинмас экан. Баҳонани қаранг! Ўша йигитча бир-бир ярим йил бадалида нима билан машғул бўлади, қорни овқатга тўядими, уст-боши бутми, ким ўйлайди буларни?

Ёшларнинг бераҳмлиги сабабини ҳам қариялар аниқ айтишди. «Аввало видеосалонларнинг фаолияти, қолаверса, телевидениенинг айрим кўрсатувлари ёшлар тарбиясини бузяпти, «оилада ёш келинчак қизлар бўлса телевизор қўйишга уялиб қолдик», дейишди.

Бугун «Ким айбдор, туркларми, ўзбекларми?» деган саволга аниқ жавоб бериб бўлмайди. Бу саволга тергов органлари ҳалол жавоб берадилар, деб ўйлайман. Фожиани бошлаб берганлар ҳам аниқланади, жазога тортилади, деб умид қиламан. Фожиани келтириб чиқарган ижтимоий сабабларни эса биргаликда ўрганишимиз, таҳлил қилишимиз, хатоларни тузатишга биргаликда киришишимиз лозим. Ижтимоий сабаблар бир кунда туғилмаган, бирданига ҳал бўлмайди. Барчамиздан донишмандлик, сабот, матонат талаб қилинади. Халқ буни тушуниб турибди. Бугун эса уларга ҳақ гап сув билан ҳаводай зарур.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 16 июнь