СССР Олий Советининг қрим-татарлар масаласини кўриб чиқувчи Давлат комиссияси тузилганидан сўнг бир неча кун ўтгач, беш ўзбек ижодкори, уларнинг орасида мен ҳам бор эдим, комиссияга хат 6илан мурожаат қилиб, унинг сермашаққат фаолиятини қўллаб-қувватлашимизни ва «қрим-татарлар ҳадемай, тарихларидаги фожиавий даврга нуқта қўядилар ва ўзларининг азалий ерлари — Қримга қайтадилар», — деб ишонишимизни билдирдик.
Ахир, мана қирқ йилдан буён бу кўчирилган халқ билан ёнма-ён яшаётган, ҳар бири қалбида она еридан, маданиятининг бешигидан, тилидан, тарихидан, халқ руҳидан айрилганидан изтироб чекаётганини билиб турган одамлар — биз шундай ишонч билдирамиз-да?!
Бу драматик мавзуни кейин яна икки марта «Московские новости» газетасидаги мақолаларимда тилга олдим, менинг ишончимга боис жамиятимизда бошланган сталинчиликка қарши кескин жараён, тугал халқларнинг бошига солинган зўравонлик ва қонунбузарликнинг, уларнинг ўз маданияти, аждодларининг анъаналари, халқ турмушини тўлиқ ва дахл қиладиган эътиқод ва урф-одатларига эргашиб, ўз ерларида яшаш каби шубҳасиз ва табиий ҳуқуқларидан маҳрум қилишининг қораланиши эди.
Қрим татарлар жойлаштирилган ерларда аллақачонлар ташкил топган ноформал бирлашмалар — ҚТМҲнинг («Қрим-татарларнинг миллий ҳаракати») ташаббускор гуруҳлари билан биргаликда давлатчилик асосида таркибида қрим-татарларнинг вакиллари ҳам кирган республика ва область Ишчи комиссиялари тузилди. Гўёки «икки ҳокимиятлик» барпо бўлди. Қўрқувни енгиб, таваккалчилик билан кўп йиллардан буён қрим-татарларнинг ўз ерларига қайтиши учун курашаётган жамоат ташкилотлари ва расмий эълон қилинганидек, «кўпмиллатли Совет давлатининг халқлар дўстлиги анъаналарига жавоб берадиган адолатли ечимлар қабул қилишга ёрдам берадиган таклифлар ишлаб чиқувчи давлат комиссиялари («Правда», 28 июль 1987 йил) дунёга келди.
Қрим татарлар XX съезддан сўнг тузилиб, ватанларига қайтиш масаласини ҳал қилолмаган турфа хил расмий комисияларга бўлган ишончсизликларига қарамай, бу гал ҳам янги комиссияга ишондилар, бу билан улар жамиятимизнинг демократлашувига, инсонпарварлашувига ишонч билдирдилар. Фақат Ўзбекистоннинг ўзида республика ва область Ишчи комиссияларига қрим-татар миллатига мансуб минглаб меҳнаткашлар — 250 минг кўчирилганларнииг ҳар учинчиси ўз таклифи билан мурожаат қилди. Мана, ишонч! Давлат органларига қаршилик кўрсатишга, кескин чораларга чақирган бетайин экстремистларга қўшилмай, ҳукуматга ишонч билдирдилар.
Қрим-татарларнинг таклифлари жўяли эди. Улар Қрим шаҳар ва қишлоқларидаги миллий маконлари ҳозир бошқача статусга, этник таркибга эгалигини, куюниб бўлса-да қайд этдилар ва қрим-татарларнинг асосий қисми қўриқ ерларга, тоғолди адирларига, аҳолиси кам, ўзлаштирилиши керак бўлган ерларга кўчишга рози бўлдилар.
Бундай жойларга биринчи уюшган оқим билан 100 минг кишини кўчирса бўлади, бу бутун мамлакатга сочилган ярим миллионлик қрим-татар халқининг бешдан биридир. Шунча одамнинг ўзаги халқдаги барча социал-сиёсий, маданий, тил жараёнларининг табиий кечими бошланиши учун етарли бўларди. Албатта, бунда хўжалик фаолиятининг турли-туман соҳалари, майда аа ўрта корхоналар, Давлат ва кооператив ташкилотлари, айниқса, анъанавий қишлоқ хўжалиги йўлга қўйилиши керак, зеро, қрим-татарлар Ўрта Осиё аҳолиси каби суғориладиган деҳқончиликда омилкордирлар.
Уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун қайтиб борилган ерларда ўз пулига уй олмоқчи бўлганлар учун шароит яратиш таклиф қилинганди, бундай истакни ўн минглаб оилалар билдиришган. Ҳозир яшаб турган жойларидаги уй-жойларини давлатга топшириш эвазига кўчиб борган ерда жой ва қурилиш материаллари олишни ва ўз кучлари билан уй қуришни истовчилар ҳам кўпчиликдир. Кўпчилик уй-жой кооперативларига уюшишга тайёр турибди.
Автономияни тиклаш — келгусида ечса бўладиган иккинчи масала. Аммо, аввал — қайтиш керак, зеро, қайтмасдан туриб, жойлашмасдан, бой ва бетакрор миллий маданиятни мисқоллаб жамламасдан туриб, автономия ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Буни, ишонаманки, қрим-татарларииинг аксарият қисми тушунади.
Маълумки, 1987 йилнинг ўртасидан ҳозиргача, яъни бир йилда Қримда 2,5 минг қрим-татар кўчиб келган ва ишга жойлашган. Айни пайтда мамлакатдаги қрим-татар миллатига мансуб аҳоли йилига 20 минг кишига кўпаймоқда! 20 ва 2,5!
Қрим-татарларни ватанига қайтаришнинг пухта, илмий асосланган Давлат программаси зарур, бу тарихий адолатнинг тикланиши томон қадам, миллий масалаларни ечишнинг сталинча услубига урилган сезиларли зарба бўлур эди.
Буни яна шунинг учун қилиш керакки, қрим-татарлари халқ сифатида ўз маданияти ва тилини, интеллектуал ва руҳий қувватини кундан кунга йўқотиб, асосан «жисмоний меҳнат кишиси»га айланмоқда. Тўғри, шундай фикрлайдиганлар ҳам бор: ўзи бу қрим-татарларга яна нима керак? Кўчирилган жойларда ишга жойлаштирилган бўлсалар, кийим-кечак бор, бошпана бор… Бу маънан қашшоқ одамнинг, на ўз тарихини, на ватанини биладиган манқуртнинг фикри.
Қримнинг билимдони, шоир Максимилиан Волошин 1925 йилда, қрим-татарлар ҳали ўз ватанида яшаётган пайтда ёзган эди: «Қрим-татарлар — мўғулизмнинг ибтидоий яшовчанлиги танасига мустаҳкам, бошқа мослашган ёввойилар томонидан ўзлаштирилган қуюқ маданий қатламлар бирикишидан ҳосил бўлган халқдир.
Бу ҳолат дарҳол ажойиб (интеллектуал эмас, хўжаликона эстетик) ривожланишга олиб келди, бу ибтидоий ирқий изчиллик ва турғунликни батамом йўқ қилди. Ҳар қандай татар кишисида дарҳол нозик ирсий маданият намоён бўлади, аммо бу ўта инжа ва ўзини ҳимоя қилолмайдиган нозик маданиятдир…».
«Ўзини ҳимоя қилолмайдиган» инжа маданият ҳақидаги аниқ кузатишлар қрим-татарлар зўравонлик билан Ўрта Осиё ва Сибирга — бегона маданий муҳитга кўчирилгандан кейин исботини топди.
Яширишдан не ҳожат, ўтган қирқ йилдан ортиқ вақт ичида қрим-татарлар ўзбеклар ва бошқа Ўрта Осиё халқлари маданиятига бирикишиб кетолмадилар, ҳамма вақт ўзларини айрича сезиб, бу айрилиқдан сиқилиб яшадилар.
Бу бегоналикнинг сабабини Максимилиан Волошиннинг бошқа бир кузатиши қисман изоҳлайди: «Қримда шафқатсиз империя ҳукмронлигининг юз эллик йили уларнинг (қрим-татарларииинг — Т. П.) оёғи остидаги заминдан жудо қилди, янгидан илдиз чиқаришга грекча, готча, итальянча мерослари сабаб, энди уларнинг қудратлари етмайди…».
Агар бу маданият ўз ерида янгидан илдиз отолмаган бўлса, қандай қилиб у бегона муҳитда униб-ўссин? Бизнинг туркий, арабий, форсий анъаналардан бунёд бўлган маданиятимиз билан итальян ва грек элементлари бўлган қрим-татар маданияти орасида қандай боғлиқликлар бўлиши мумкин?
Қрим-татар маданияти ва бизнинг ўзбек маданиятимизнинг синтези умумий ислом анъаналари туфайли қизиқарли мевалар бериши мумкин эди. Аммо бунинг учун маданиятларнинг эркин ва табиий ривожи лозим. Пешонасига узоқ йиллар давомида «жиноятчи халқ» тамғаси урилган халқ маданияти ривожи ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Бундай шарт-шароитда жисмонан яшаб қолишнинг ўзи катта гап. Қрим-татарларнинг яшаб қолишига, эҳтимол, ўша «мўғулизмнинг ибтидоий-яшовчан танаси» мадад берган. Бу нарса уларга фожиавий тарихи давомида ҳар гал умид қилишга ва аччиқ афсусланишга, яна умид қилаверишга ундайди…
Худди шундай, улар 1944 йилнинг майида узоқ йўл юрган эшелон Ўзбекистонга тушишганда, бизларга нисбатан ёвузликни Берия қилган, «Улуғ ва адолатпарвар доҳий» Иосиф Виссарионович Сталин зўравонликни эшитиб, бизларни юртларимизга қайтаради, деб ишондилар. Ишониб анча вақт янги ерларда ашқол-дашқолли тугунларини ечмай, жойлашмай ўтирдилар. Бу «адолатпарвар доҳий»га ишонч халқнинг йўлдаги касаллик ва ноқулайликлардан ўлган юзлаб кишилари ёнига янги жойда жони узилган юзлаб мурдалар — аёллар, болалар ва қарияларни қўшди.
Қолганларнинг яшаб қолишига ерли ўзбеклар, қозоқларнинг ҳамдардлиги, сталинчи амалдорларнинг талабчанлигига қарамай бирор марта на сўз билан, на бирор ҳаракат билан кўчиб келганларни камситмаган, нафақат ўчоғининг тафти, балки ери, территориясини ҳам бўлишган бизнинг одамларнинг шафқати ёрдам берди.
Бунинг устига қрим-татарлари жойлаштирилган кўпчилик районларда ерли аҳолининг ўзи зич — Ўзбекистонда ҳозир қарийб бир миллион ишчи қўллар иш билан таъминланмаган!
Бизнинг оддий халқимиз донолиги, бегонанинг қайғусига ҳамдардлиги ва ўз ғурури туфайли, «халқ душманлари», «жиноятчи халқ» ҳақидаги сталинча ташвиқотга қарамай, қрим-татарлар меҳнат, номусни ҳамма нарсадан юқори қўйишларини, ўзбеклар каби ҳар парча нонни пешона тери билан топишларини тушунди. Тўғри, менинг кўпчилик юртдошларим, мен ўсмирлигимда кўчирилганлар қисматини ўйлаганимдай, ўзларига шундай саволни бергандирлар: «Нима учун биз ўзбекларнинг ягона ва бетакрор заминимиз жазо жойи, бошқа халқни сургун қиладиган ерга айланди?! Бу ишни қилган одам ватанга муҳаббат ва тавоф қилиш туйғуларимиз устидан кулмадимикин, қарғишга дучор этмадимикан?».
Албатта, сталинча эрксизлик ҳар қандай эрксизлик каби қрим-татарларнинг хулқ-атворида, маънавиятида акс этмай қолмади, қачонлардир очиқкўнгил ва қувноқ халқни одамови ва камгап қилиб қўйди. Халқ аста-секин нафақат ўз миллий маданиятини, балким анъанавий хўжалик юритиш одатларини — моҳир деҳқонлари, боғбонлари, узумчиларини… йўқота борди.
Айтиш мумкин, дейлик, қрим-татарларнинг кўпчилиги яшаётган Ўзбекистонда уларнинг ўз газетаси, журнали, ансамбли бор, қрим-татар тилида китоблар чиқиб турибди. Худди шундай. Аммо мактабларда — улар бор-йўғи бир нечта — қрим-татар тилида дарслар факультетив йўналишда олиб борилади, гўёки қрим-татар болалари ўз она тилларини эмас, ҳорижий тилни ўрганаётгандай, — бу ҳолда маданият ва маорифнинг табиий ривожи ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Қанча болалар аввал ҳам, ҳозир ҳам (луғатлар, дарсликларни айтмайлик) ҳатто алифбе китобисиз ўқиган ва ўқиётганини нормал ҳолат деб бўладими? Тошкент педагогика институти татар факультетидаги саксон ўриндан бор-йўғи ярми қрим-татар ёшлари билан тўлди, зеро, уларни ўз тилларини эмас, бошқа тилни ўқитиш унчалик ўзига тортмайди.
Маданият масканларида қрим-татарларнинг асосан ўз адабий тилларини биладиган катта ва ўрта ёшдаги авлоди ишлайди. Уларнинг кетидан келаётган авлодлар бундай билимга эга эмас, бу корхоналар келгусида тез вақт ичида мутахассисларсиз қолиши хавфи бор.
Афсуски ижодкор зиёлилар, жумладан, ёзувчилар бегона муҳитда ўз маданиятларини асрай олмадилар.
Улар бу ишни қила олмас ҳам эдилар, ахир яқин-яқингача уларнинг асарларида кўчириш пайтида халқнинг бошига тушган кулфатлар у ёқда турсин, ҳатто Қримни тилга олиш, на ўтмишларини, на бугунги ҳаётларини эслаш мумкин эмасди.
Эсимда, урушдан олдин Қрим автоном республикаси Ёзуячилар союзининг раиси бўлган Ш. Алядин 1972 йилда менга шундай ҳикоя қилиб берганди: у, Совет Армиясининг капитани, ўз дивизияси билан озод бўлган Қримга кирганда, уни ушлаб кўчирилганлар билан қўшиб Ўзбекистонга сургун қилишган, сталинчи амалдорларнинг таъқиб ва хўрлашларига қарамай қишлоқ ва шаҳарларимизда кезган, Андижон яқинида ўз оиласини — очликдан шишган, ўлим талаасасидаги хотини ва қизларини топган. Унинг оиласи, бошқа махсус кўчирилганлар бошдан кечирган хўрлик ва ҳақоратлар бутун бир эпик асарга сюжет бўлиши мумкин. Мен қрим-татар ёзувчисини нега бу ҳақда ёзмайсиз, деб сўраганимда, у елка қисди: «Нима керак? Ким буни чоп этади? Бизга нафақат ёзиш, ҳатто кечмиш ҳақида ўйлаш ҳам ман қилинган…»
Кечмиш ҳақида ўйлаш ман қилинган…
Урушдан олдинроқ Қримда руслар, украинлар, арманлар, болқорлар, греклар билан биргаликда қарийб чорак миллион қрим-татарлар яшашар эди. Қарийб олтмиш минг қрим-татарлар Улуғ Ватан уруши фронтларига чақирилган, уларнинг ҳар иккинчиси жанггоҳларда мардларча ҳалок бўлди, бу ҳисобга партизанлар ва бедарак кетганлар кирмайди. Мана бизнинг фашизм устидан ғалабамизга қрим-татарлар қўшган ҳисса! Аллақанча кишининг сотқинлиги учун бутун бир халққа «жиноятчи халқ» тамғасини босиш — ахлоқсизлик!
Менда ўнлаб кўчирилган қрим-татарларнинг гувоҳликлари бор, уларни ўрганиб шундай қарорга келдимки, бу халқнинг аччиқ қисмати — Сталин шахсий адоватининг оқибатидир. У украинларни коллективлаштиришнинг қўполликларига қарши чиққанлари учун очликка дучор қилган, ўзбек ва қозоқларни сигир ва қўй-эчкиларини зўракилик билан умумийлаштиришаётганда кулиб турмаганлари учун қирғин қилган, қрим-татарларга НКВДнинг қонунбузарликларига, миллатнинг яхши кишиларини, зиёлиларининг гулини қираётганига, «сталинча миллий сиёсат»нинг бузилишларига қаршиликлари учун «тиш қайраб» юрган эди. Москвада тикланаётган сталинизм қурбонлари ёдгорлигидаги қурбонлар рўйхатида, шубҳасиз, қрим-татар халқи номи ҳам бўлиши керак…
Халқлар дўстлиги туйғуси ҳаққи-ҳурмати ҳам адолат тикланиши керак! Дўстлигимиз ҳаққи ҳаммамиз — руслар, ўзбеклар, украинлар, эстонлар, арманлар, барча халқлар — ҳаммамиз мамлакатдошларимиз бўлмиш қрим-татарларига мададкор бўлайлик!
ТАССнинг хабар қилишича, Қрим аҳолиси урушдан кейинги давр ичида 780 мингдан 2,5 миллион кишига кўпайди, у ҳозир кўпчилиги рус ва украин миллатидан иборат бўлган кўпмиллатли аҳолига эгадир. Менинг назаримда, Қримда кечаётган демографик жараён, бу билан боғлиқ барча масалалар ошкора муҳокама ва барча статистик маълумотларни эълон қилиш йўли билан ўрганилиши керак.
Мамлакатга сочилиб кетган қарийб ярим миллионлик қрим-татар аҳолиси ўз ерига қайтганда ҳам яриморолдаги аҳолининг бор-йўғи йигирма фоизини ташкил этади. Урушгача ҳам улар ўз автоном областларида озчилик эдилар — гражданлар умумий сонининг 25 процентини ташкил этардилар.
Вақтнинг ўзи бизга, бугун яшаётганларга ўтмиш адолатсизлигини тузатиш вазифасини юкламоқда — бу бизнинг ҳам келгуси авлодлар олдидаги, ҳам тарих олдидаги бурчимиз…
Фақат «халқ буни тушунмайди», деган хаёлга бормайлик. Ишонаман, Қримда яшаётган руслар, украинлар, бошқа халқлар сталинча ҳукмронлик энг кўп ҳақоратлаган халққа қўл чўзиш кераклигини тушунадилар. Уларга очиқ ва ҳалол қилиб: келинглар, булар ҳам бизнинг қардошларимиз, қисилишиб бўлса ҳам, уларнинг одамдай муносиб кун кўришларига шароит яратайлик, деса тушунишади.
Қрим-татарларининг автономия ҳуқуқини тан олганда, биз нафақат уларнинг этник умумлашма сифатидаги ажралмас тараққиёт ҳуқуқини, балким ўз маданияти, тили, миллий анъаналари, ижтимоий ва ҳуқуқий онги, эрки ва шахсий ғурурига эгалик ҳуқуқини, тенг ҳуқуқли совет халқлари оиласида ўзига хос ноёб тараққиёт йўлидан бориш ҳуқуқини ҳам тан оламиз. Шунда халқ ватани бағрида ҳаловат топади, қалб яралари битади ва кўпмиллатли Ватанимизни гуллаётган юртга айлантириш учун бошқалар билан баробар меҳнат қилади.
“Дружба народов” журнали, 1988 йил, 12-сон
Карим Баҳриев таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 6 январь