Жумҳуриятимиз маданиятининг жонкуярларидан бири Сулаймон ота Азимовнинг ҳаётида шахсга сиғиниш даври ўзининг қора изини қолдириб ўтди. Яқинда ёш ёзувчи Шеркон Қодирий отахон билан суҳбатлашди. Ана шу суҳбатнинг мундарижасини ҳурматли журналхонлар эътиборига тақдим этаётирмиз.
Шеркон Қодирий. — Сулаймон ота, Сиз ўша даҳшатли, қатағон йиллар жабрини тортгансиз — 14 йил озодликдан маҳрум этилгансиз. Суҳбатимиз ўша давр ҳақида кечса… Зеро, ўтмиш қабоҳатлари биз ёшларни доимо ҳушёрликка ундаб турса…
Сулаймон Азимов. — Дунёдаги мамлакатлар тарихини билганингизча кўз олдингиздан ўтказинг, мамлакатлар тарихини, айрим даврларини, қизиқтириб қолса, имконияти борича муфассалроқ қаранг. Октябр инқилобидан илгари Русия тарихини ҳам ва Советлар даври тарихини ҳам кўздан кечиринг. Мен қўлимдан келганича шундай қилиб кўрдим. Аммо Советлар мамлакатида кейинги 55—60 йиллар оралиғида юз берган фожиали ҳодисаларни дунёнинг бирор мамлакати тарихида кўрмадим. Ҳеч қандай сабабсиз ур-йиқитлар, фожиалар, қирғинлар, ақл бовар қилмайдиган қонли зуғумлар, миллион-миллионлаб гуноҳсиз қурбонлар, бирин-кетин киши кўз ўнгидан ўтаверади. Даҳшат устига даҳшат кишилар руҳига таъсир этаверади. Буларнинг сабаби нима? Ким ўйлаб чиқарган бундай тартибни? Кимнинг манфаати учун? Кимга қарши? Тушуниб кўрингчи?!
Бу ҳақда кимлар бош қотирмади, дейсиз. Кимлар хулоса чиқармади. Қайси хулосалар кимларни қаноатлантирди? Ким бу ҳақда гапириши мумкин?!. 1937-1938 йиллари, айниқса, даҳшатли бўлган. Бу даврнинг асосий қонуни — қонунсизлик, ҳеч қандай андозага сиғмайдиган зўравонлик эди. Уша йиллари ҳукм сурган ёппасига қирғин аслида сал илгарироқ бошланган. Партия, совет ходимларига қарши, умуман совет халқининг онгли зиёлиларига қарши олиб борилган қирғин эди.
1934 йилда мен Москвадаги тарих, фалсафа, адабиёт институтининг фалсафа факультетида таҳсил олардим. Ўша йилнинг 1 декабрида ВКП (б) МКнинг секретари, Ленинград обкомининг биринчи секретари С. М. Киров «Қотиллар томонидан ўз хонасида отиб ўлдирилди», деган хабар эшитдик. 2 декабрда институтда шу ҳодисага бағишланган катта йиғилиш бўлди. Унда барча ўқитувчилар, ўқувчилар қатнашди. Институт, директори, тарихчи, профессор Прегожин маъруза ўқиди. Биз талабалар қотилларни қатъий қораладик. Қотилларга қонун бўйича жазо берилишини талаб қилдик. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай шу йиғин маърузачиси қамоққа олинди. «У С. М. Кировни ўлдиришда иштирок этганмиш», деган гап тарқалди. Яна бирор кундан сўнг бир нечта профессор қамалди. Яна қамалди… «Институтдагиларнинг бари Кировни ўлдиришда иштирок этганмиш…» Бундай қама-қамалар бошқа шаҳар институтларида ҳам юз берган. Ажаб?! 1 декабрда Киров Ленинградда, шубҳасиз, қотиллар томонидан ўлдирилган. Қисқа вақт ичида ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари қандай қилиб Москва ва бошқа катта шаҳарлардаги одамлар орасида Кировнинг қотиллари «шериклари»ни аниқлашга эришдилар?! Бу ҳодиса ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслигини ўйлаб ҳам ўтиришмади.
Мана, шундай қилиб қама-қама тўлқинлари бошланиб кетди. У кундан-кунга, ойдан-ойга, йилдан-йилга кўтарилаверди, кенгаяверди, кенгаяверди. 1937— 1938 йилларга келиб, умумий қирғинга айланиб кетди. Энг даҳшатлиси, бу қиргин совет кишиларининг энг етук, ҳалол, малакали, билимли, ишчан, ҳақгўй жамиятимиз ҳаётидаги турли оғирликларни ўз елкаларида кўтариб бораётган ғайратли кишиларга қаратилган эди. Улар совет халқининг фахри, партия, совет давлатининг чинакам арбоблари — йирик олимлар, ёзувчилар, педагоглар, врачлар, ҳарбийлар, қисқаси, маънавий оламнинг йирик арбоблари эдилар.
Ш.Қ. — Бу қирғиндан жумҳуриятимиз аҳолиси ҳам озмунча азоб тортдими ахир.
С.А. — Мамлакатимизнинг қайси бурчида бўлмасин бу қирғин ҳақида гапирганда: «Энг даҳшатлиси бизда кечган», дейдилар. Демак, мамлакат аҳолиси ёппасига қирғин қилинган. Бу совет жамиятининг маънавий кучига қарши шафқатсиз зуғум эди. Тарихнинг ҳеч қандай андозаси ўз ичига сиғдира олмайдиган бу қабоҳатнинг бошида Сталин диктатураси турар эди. У ўз мақсадларини амалга ошириш учун атрофига ўзига маъқул кишиларни йиққанди. Масалан, Ягода, Андреев, Жданов, Ворошилов кабилар Сталиннинг суянган кишилари эди. Сталинизмнинг бу содиқ қуллари ҳамма иттифоқдош жумҳуриятларнинг шаҳар ва ноҳияларига қўйилган эди. Улар ҳар дақиқа тинч аҳоли бошига мушт ўқталиб дағдаға қилишарди, катта-кичик баравар саросимага тушарди. Шундай аҳволни кўз ўнгингизга келтиринг, ким гуноҳкор, кимнинг нима айби бор — ҳеч нарсани ажратиб бўлмасди. Бугун бир киши қамалиб кетганларни қоралаб мажлисларда гапирса, эртасига ўша кишининг ўзи йўқ бўлиб қоларди. «Фалончи қани?» десангиз: «У — халқ душмани», деган жавоб олардингиз. Бирорта лойиқ одамни топиб, унинг номзодини жумҳурият депутатлигига қўйиб, гапириб турган жойида унинг ёқасидан олиб, машинасига босиб олиб кетадилар. Ким ҳибсга олинса, шу куниёқ тўрт томонга «фалончи халқ душмани», «чет мамлакат жосуси», «ўз ватанини сотувчи» деб жар солинарди. Ҳамма бу гапларга ишонарди. Чунки бу айблар партия раҳбарлари, ҳукумат, қонун номидан айтиларди. Бутун матбуот саҳифаларида, радиоларда қайта-қайта шундай деб эълон қилинарди. Айрим шаҳарларда кўчалар бўшаб қолди. Кишилар ваҳима билан ётиб, ваҳима билан турардилар. Қўрқинч, даҳшат ҳаммаёқни қоплади.
Ш.Қ. — Ўзингизнинг қамалишингиз сабаблари ҳақида гапирсангиз.
С.А. — Бунинг сабаблари кўп. Майли, мавруди келибди, бирини айта қолай: 1940 йил бошларида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг бюро мажлиси бўлди. Унда Усмон Юсупов — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети I секретари; Сажая — Ўзбекистон Ички ишлар Халқ комиссари; Кудрявцев — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети секретари, Абдужаббор Абдураҳмонов — Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг раиси; Кабанов — Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг биринчи ўринбосари; Ёқуб Ортиқбоев — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети секретари; Мунко — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети секретари; Халил Турдиев — Тошкент обкомининг секретари иштирок этишди (Й.Охунбобоев иштирок этмади). Бюрода битта масала кўрилди. Яъни Тошкент шаҳар ижроия комитетининг раиси бошқа лавозимга тайинланганлиги муносабати билан унинг ўрнига раис сайлаш масаласи эди. Бу ўринга У.Юсупов бир номзодни кўрсатди. Ёлғиз мен: «Йўқ, бўлмайди, бу лавозимга маҳаллий шароитни яхши биладиган ўзбек раҳбар бўлиши керак, қолаверса, Тошкент шаҳар ижроия комитети раисининг биринчи ўринбосари Ҳусаинов номзодини таклиф этаман», — дедим. Анча тортишувдан сўнг Ҳусаиновни сайладик. Менинг мажлисларда ўзимни бундай тутишим раҳбарларга ёқмагани табиий. Қамоқдан келиб эшитсам, Ҳусаинов 13 йил бу лавозимда ҳалол меҳнат қилибди.
Ш.Қ. — Сулаймон ота, Ўзбекистонда қирғинга учраган зиёлилар ҳақида гапирмоқчи эдингиз?
С.А. — Мен улардан жуда кўпини танир эдим: Абдуллахон Каримов (Қўқондан) — Ўзбекистон Халқ комиссарлар Совети раисининг биринчи ўринбосари эди. 1937 йили Файзулла Хўжаев қамалган. А. Каримов унинг ўрнига сайланган. Касби иқтисодчи, билимли, серсалобат одам эди.
Холмуҳаммад Охундий (Марғилондан) — араб, форс, рус тилларини мукаммал эгаллаган, публицист, маъсул партия ишларида хизмат қилган. 1931 йилларда ВКП (б) МКда Миллий матбуот тармоғининг мудири бўлган. Ўзбекистонда ўзининг илмий, ижтимоий-сиёсий масалаларда ёзган публицистик мақолалари билан машҳур эди. У ўз мақолаларига «X. О. Марғилоний» деб имзо қўярди. Холмуҳаммад Охундий 1924 йилга қадар Қўқонда «Фарғона» газетасининг муҳаррири эди. Унинг раҳбарлигида Абдулла Раҳмат, Лутфулла Олимийлар фаолият кўрсатишарди.
Карим Қори Икромов (тошкентлик) — Акмал Икромовнинг акаси. 1937 йилда Тошкент шаҳар, Октябр ноҳияси ижроқўмининг раиси эди…
Абдулҳай Тожиев (тошкентлик) — ўзбек, рус тилини мукаммал эгаллаган, маълумотли, А. Икромовнинг яқин маслакдоши, СССР Миллатлар кенгаши котиби эди. 1937 йили Узбекистон Марказий ижроқўми раиси ўринбосари ва Тошкент шаҳар Советининг раиси лавозимида ишларди. Жумҳурият матбуотида «Абдулхай» имзоси билан публицистик мақолалари эълон қилиниб турарди…
Мирмуслим Шермуҳамедов (тошкентлик) — партия, давлат арбоби, 1930 йилларда Узбекистон маориф комиссари лавозимида ишлаган. 1937 йили Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг қишлоқ хўжалик бўлими мудири эди. Новча, серсалобат одам эди.
Ғулом Ёқубов (тошкентлик) — Узбекистон совет партия ташкилотларини тузувчи фаоллардан бири, узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳар Эски шаҳар ижроқўмининг раиси бўлиб ишлаган. Ўзбекистон халқ хўжалиги (ВСИХР) раиси лавозимида ишларди.
Камол Шарипов (самарқандлик) — босмахона ишчилигидан Ўзбекистон Комсомоли Марказий Комитетининг биринчи котиби даражасига кўтарилган. 1931 йилда у ВЛКСМ Марказий Комитетининг котиби бўлган. 1937 йилда Ўзбекистон Ер ишлари халқ комиссарлигида сиёсий бўлим бошлиғи эди. Камтарин, гапга уста, ишчан одам эди. Бедарак кетди.
Миркомил Миршаропов (Тошкентдан) — машҳур саркарда, бригада генерали эди. 1919 йилдан бошлаб Тошкентдаги Осипов исёнини бостиришда фаол қатнашган. Мен 1937 йилнинг ёзида Москвада Большой театр шуъбасида «Риголетта» операсини у билан бирга томоша қилганман. Озроқ вақтдан сўнг қамалди.
Аҳмадбек Мавлонбеков (Ленинобод областидан) — узоқ йиллар Ўзбекистон Юстиция Халқ комиссари лавозимида ишлаган, кекса коммунист, билимли, гапга уста одам эди.
Болтаев (хоразмлик) — эски партия аъзоси, Ўзбекистон Ер ишлари Халқ комиссари эди. Ишчан, камтарин, содда одам эди.
Давлат Ризаев (хоразмлик) — партия раҳбарлик лавозимида ишлаган. Ўзбекистон маорифи Халқ комиссари ўринбосари лавозимида ишлаган.
Содиқжон Болтабоев (қўқонлик) — ишчи, Ўзбекистон КП МК нинг тафтиш комиссияси раиси бўлиб ишлаган. 1937 йилда Тошкент шаҳар партия комитетининг биринчи котиби лавозимида эди. Камтарин, содда, ишчан эди.
Бек Бектемиров (Хоразмдан) — Туркманистон Компартияси Марказий Комитетининг тафтиш комиссияси раиси ва ишчи-деҳқон тафтиш Халқ комиссари ва бир вақтда чегара дивизияси комиссари эди. 1933 йили туркман халқи очликдан қирила бошлаганда «Давлат омборидан ғаллалар бозорга олиб чиқиб сотилсин!» деган буйруқ чиқарган. Эртасига Москвадан Каганович имзоси билан «Бек Бектемиров тезда қамалсин» деган буйруқ келган. Суд Б.Бектемировни олий жазога ҳукм қилган. Сўнг ҳукм 10 йиллик жазога алмаштирилган. Муддат ўталгач, қайта суд қилиб, 5 йил қўшиб берилган. 1948 йилда Урганчга қайтиб келди. Еғ заводига ишчи бўлиб (слесар) жойлашди. Оз вақт ўтмай яна эски ҳукм билан қамалган. Мен у билан 1952 йил Сибир тайгасида учрашганман. 1961 йилда 29 йил тутқунликда ўтириб, қайтиб келган. Туркманистон КП Марказий Комитети дарров унга шароит яратиб берган. Борди-келдимиз бор эди. Яқинда вафот этди.
Собиржон Содиқов (Тошкентдан) — «Тажриба станцияси» директори бўлган, академик Р.Шредер билан бирга ишлаган, Оржоникидзе райкоми секретари бўлиб ҳам ишлаган, 1937 йилда қамалиб кетган. Мен у киши билан Эски шаҳар маориф уйида ва районда бўладиган турли йиғилишларда учрашар эдик. Ўрта бўйли, истараси исcиқ, сўзлари ёқимли киши эди. Эски шаҳар зиёлиларининг йиғилишларида тез-тез бўлиб турарди. Кўрилаётган масала юзасидан ҳамма вақт ўз фикр ва мулоҳазаларини айтарди. Ҳамманинг ҳурматини қозонган эди. Ўз ҳаёт фаолияти билан ҳаммага ўрнак бўларли киши эди.
Исо Шарофхўжаев (Бухородан) — журналист, партия ходими, «Ёш ленинчи» газетасининг муҳаррири эди. 1937 йил Ўзбекистон КП МКнинг матбуот бўлими мудири бўлиб ишлаган.
Муҳиддин Усмонов (Андижондан) — зиёлилардан. Ўзбекистонда Совет ҳукумати ташкил топган вақтда комсомол ташкилотини тузганлардан бири. Ўқитувчи, 1920 йили Тошкентга келган. Маориф Халқ комиссарлигида ишлаган. 1941 йили қатағон қилинди.
Комилжон Алимов (Тошкентдан) — эски партия ходими, А. Икромовнинг қалин дўсти, қалами ўткир ҳамда нотиқ эди. Турмада нобуд бўлган. Укалари — Раҳматилла Алимов қатағон қилинган, Лутфулла Алимов 10 йилга ҳукм этилган. У 1937 йили ҚҚАССР обкоми секретари эди.
Насриддин Хўжаев (тошкентлик) — 1919 йилдан партия аъзоси, қамалганда Тожикистон Марказий Касаба союзлари раиси эди. 1987 йили 90 ёшида вафот этди.
Қори йўлдош Пўлатов (Бухородан) — Бухоро Халқ Жумҳуриятини тузишда фаол қатнашган. Файзулла Хўжаевнинг сафдоши.
Мўмин Хўжа — Ўзбекистон Халқ маорифи комиссари эди.
Шариф Ражапов (Ленинободдан) — Ўзбекистон КП МКнинг пропаганда бўлимида ишлаган.
Ғани Исҳоқов (тошкентлик) — ишчи, истеъдодли ташкилотчи эди. Ўзбекистон КП МКнинг бўлим мудири бўлиб ишлаган.
Ғулом Акромов (тошкентлик) — босмахона ишчиси, ишчан одам эди. Округ маориф бўлими ходими эди. 1937 йили Норинда ноҳия партия комитети биринчи котиби эди.
Одилқори Ғуломов (Тошкентдан) — зўр билимли, маорифчи эди. Эски шаҳар маорифчилар партия ташкилоти котиби вазифасида ишларди. 1937 йили Қўқон яқинидаги ноҳияда ижроия қўмитаси раиси эди.
Ботир Ғулом (тошкентлик) — лирик шоир, Самарқандда ўқирди.
Шокиржон Раҳимий (Тошкентдан) — Ўзбекистон жумҳурияти Халқ маорифининг етук арбобларидан, 1920 йилларда «Совға» номли китоби нашр этилган. Барча ўзбек зиёлилари шу китобни севиб ўқирди. Бу киши мени партия сафига қабул қилишга кафолат берган.
Мирзахўжа Ўринхўжаев (Самарқанддан) — 1918 йилдан партия аъзоси, Самарқанд вилоятида босмачиларга қарши курашган.
Эшон Бобо Исломов (Тошкентдан) — Ўзбекистон Халқ маорифининг юксалишида кўп меҳнати сингган. Кексайган, кўп йиллар қамоқхона азобларини тортган. Менга сабоқ берган домлам. «Бир парча нон» мавзуида иншо ёзишга вазифа берган. Вазифани аъло адо этганим учун мукофотга дафтар тақдим этган.
Абдулла Қодирий, Мажид Қодирий, Собир Қодирий, Наби Қодирий, Ҳабиб Қодирий.
Ш.Қ. — Кечирасиз, Сулаймон ота, иложи бўлса, Қодирийларга муфассал тўхталсангиз.
С.А. — Мажид ва Собир Қодирийлар жуда зўр маърифатпарвар эдилар. Собир Қодирий (Тошкентдан) — Ўзбекистонда Халқ маорифи комиссари комиссиясининг аъзоси эди. Мажид Қодирий (Тошкентдан) — техникум директори эди, Ҳабиб Қодирий — (ўшлик, уйғур) — файласуф олим, журналист, партия ходими, Ўзбекистон КП МК матбуот бўлим мудири эди. Наби Қодирий (Тошкентдан) — партия ходимларидан, Ленин асарларидан ўзбекчага таржима қилган ва ниҳоят Абдулла Қодирий — менимча, унинг номини билмаган, у ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Аммо уни кўрган-билган одамлар жуда кам қолган. Адиб яратган «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» каби асарлари ўз вақтида омма орасида кенг тарқалган. Унинг номи бундан 60 йил муқаддам ҳам маълум ва машҳур эди. Чунки Қодирий асарларининг ўзбек тилида, ўзбек маънавий ҳаётида пайдо бўлиши, маънавий ҳаётимизда кенг ва тубли тўлқин тусини олди, бу тўлқин ҳанузгача давом этаяпти. Унинг ўлмас асарлари ҳаётимизнинг турли қатламларига кириб, маънавий тараққиётимизнинг мазмунини бойитди.
Кейинги вақтларда халқимиз орасидан, айниқса ёшлар, адабиётимизга катта куч бўлиб кириб келишмоқда. Кишини қувонтирадигани хотин-қизларимиздан ҳам келажаги порлоқ, умидли ижодкорлар кўпаймоқда. Бадиий истеъдод осмондан тушмайди. Қуруқ заминдан ҳам унмайди. Уларнинг дунёга келиши учун, маънавий озиқланадиган тарих сабаб бўлади. Бу ёш қалам соҳибаларининг асарларини ўқиган ҳар бир киши тилимизнинг кучини, жилосини ва турли ҳиссиётларини равшан қилиб бадиий тасвирлаб бериш қудратига ишонч ҳосил қилади. Шу жиҳатдан Навоий ҳаракатларининг ўзбек тилига берган зўр баҳоси билан ҳозирги ёш қаламкашларнинг тил маҳорати ўртасида маълум муштараклик бор, десак бўлади. Ўз асарлари билан менда ўзларига ғойибона ҳурмат уйғотган ёш қаламкашларнинг исмларини бирма-бир айтгим келади. Бироқ суҳбат мавзуи ва белгиланган ҳажми менинг тилагимни бажо келтиришга имкон бермайди. Менимча, бу ҳақда муфассалроқ гапни мутасадди ўртоқлар ўз вақтида айтишса керак. Лекин мен шуни таъкидламоқчиманки, ҳозирги ўсиб келаётган ёш истеъдодлар бой, руҳий, маънавий заминда пайдо бўлди. Булар замонлар оша ўз буюк аждодларининг бадиий ва маънавий меросини эмиб етилаётган ва эртага ё индинга халқимизни қувонтириши мумкин бўлган серғайрат, онги равшан, қўрқмас адибларимиз, шоирларимиз ва бошқа маданият, умуман маънавиятимиз арбобларидир.
Энди юқорида таъкидланган «маънавий мерос» ҳақида кенгроқ тўхталмоқчиман. А. Қодирийнинг «Ўтган кунлари» 1926 йили уч қисмдан иборат бўлиб чиққан эди. Биз ўша вақтда мактаб ўқувчилари китобнинг ҳар қайси қисми чиқиши билан йиғилишиб ўқиб чиқардик. Китоб кейин бир бутун бўлиб чиқди. Ўша вақтда ўқувчилар орасида бутун гап-сўзлар фақат «Ўтган кунлар» устида юритиларди. Сўнгра «Меҳробдан чаён» китоби чоп этилди. Уни ҳам аввалги китобдек қизиқиб ўқидик. Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романи чиқиши билан барча халқ уни ўқишга «ёпирилиб ташланди» десам, менимча, лоф бўлмаса керак. Унинг асарлари чиқиши билан қўлма-қўл тарқаларди. Адиб асарларининг мўъжизаси бўлса керакки, дарров ҳаммани ўзига ром этарди. Қаерда қанча одам тўпланмасин, кўчадами, маҳалладаги одамлар ўртасидами, суҳбат Қодирий романларининг қаҳрамонлари ҳақида борарди. Шу суҳбатларда иштирок этган кексароқ одамлар Қодирийнинг илгари «Муштум»да ёзган асарлари — «Калвак Махсум ён дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» сарлавҳали ҳажвия ва ҳикоялари ҳақида гапириб берардилар. Қисқаси, бутун Ўзбекистон маданиятининг асосий мавзуи Жулқунбой, «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», уларнинг қаҳрамонлари ҳақида бўларди. Фақат қуруқ гаплар эмас, аксинча, шундай асарлар яратган А. Қодирийни зўр эҳтиром билан тилга олардилар.
Ўзбекистонда кўтарилаётган асосий руҳ, қайнаб бораётган ижтимоий ҳаёт кезларида Абдулла Қодирий асарларининг бадиий эстетик маънавий кучининг таъсири китобхонларни дунёга кенг, соғлом назар билан қарашга ўргатарди. Эътибор берилса, омма орасида Кумуш, Раъно, Отабек, Анвар каби исмлар 27—28-йилдан кўпая бошлади. Халқимизнинг маданий тарихида Абдулла Қодирий асарларидек кенг ўрин олган, халқни руҳий озиқлантирадиган бошқа бирон бир асарни ҳозиргача учратмадим.
Ойлар ўтди, йиллар ўтди. Қора булутлар тўплана бошлади. Ҳар бир соғлом ҳалол, малакали зиёлининг ҳаёти хавф остида қолди. Ўша пайтларда кимнинг қўлида А. Қодирий асарлари кўринса, у ҳеч иккиланмай қамоққа олинарди ва Сталин маҳбусхонасига жўнатиларди. Шундай бўлса ҳам Қодирий асарларини маданий ҳаётимиздан тамомила сиқиб чиқариш ҳеч кимнинг қўлидан келмади. Ҳатто, талабалар «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларининг саҳифаларини бўлиб, кўрпалари остига тиқиб, яширинча бир-бирларига узатар эдилар. Айрим масъул партия ходимлари Қодирий асарларини Ўзбекистонда ўқишдан қўрқиб, курортларга бориб ўқиб келишарди.
Ш.Қ. — Кечирасиз, шу ўринда дадам Ҳабибулла Қодирий сўйлаб берган бир воқеа ёдимга тушди. Усмон Юсупов ишдан олингандан сўнг «Ўтган кунлар»ни ўқиб: «Аттанг, шу кишини олиб қолсам бўларкан-а», деган экан.
С.А. — Бўлиши мумкин. У. Юсупов умуман бадиий китоб ўқимаган раҳбар эди. Мана шундай саводсизлар бир кишини ҳибсга оладилар, уйини тинтув қиладилар. Уйидан «Ўтган кунлар» чиқади. «Буни сен ҳам ўқиган бўлсанг керак», деб унинг 10-синфда ўқийдиган боласини мактабдан олиб, 10 йилга ҳукм қилиб юборадилар. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асарини ўқиганликда фараз қилинган мактаб боласи, «ёш жиноятчи»ни «хавфли жиноятчилар» қамоқхонасида ўз кўзим билан кўрганман. Ундайлар жуда оғир, руҳий азобланганларида, уларга қўлимдан келганича тасалли берардим.
Абдулла Қодирий шунчалик машҳур, севимли бўлишига қарамай, ҳеч қаерда ўзини кўз-кўз қилмасди. Минбарларга чиқиб кўкрак кериш, кўпчилик йиғилган ерларда ғоз юриш қилиб, «мана мен» дейиш у вақтда ҳар бир ўзини билган кишига ёт эди. Шуҳратга интилиш — пўстаки кишиларнинг иши. Бундай арбобларнинг чигиртка каби кўпайиши, афсуски, кейинги даврда юз берди. Киши қанча бетамиз бўлса, ўзини-ўзи шунча кўз-кўз қилади. Пўстаки одамга ташқи ниқоб керак. Ўша замонларда ниқоб остида кун кўрадиганлар беҳад кўпайиб кетди. Уларнинг айримлари ҳозир ҳам ўша ниқобларини ечганлари йўқ. Ҳақиқий башарасини эл-юрт кўриб қолишдан чўчишади.
Абдулла Қодирийнинг ўзини кўрмаган бўлсам-да, унинг сиймосини кўз олдимга келтирардим. Менимча, бу у кишининг «Муштум»даги фельетонларини доимий ўқиб боришим таъсирида бўлгандир. Мени мактабда (Бешёғочдаги «Намуна» тажриба мактаби) ўқитган домлаларим: «Эшон бобо Қори Исломов (10 йил қамалиб нобуд бўлган), Илҳом Одилий — тилчи, Дўстмуҳамадовлар (ҳуснихатдан сабоқ берардилар) Қодирийга тенгдош, ҳамдард одамлар эди. Улар Абдулла Қодирий ҳақида фахрланиб гапиришарди. Булар ҳам менга ўз таъсирини кўрсатган. «Абдулла Қодирийга ўхшаган одам бўлиш учун нима қилиш керак экан?» деган хаёл доимо онгимда чарх урарди. Кейин А. Қодирийнинг ўзини кўрдим. Одамлар билан гаплашиб турган экан, танишиш истаги кучли бўлса ҳам яқинроқ бориб: «Сиз Абдулла Қодириймиз?» дейишдан ўзимни тийганман. Мен мактаб боласи, у киши эса, машҳур Абдулла Қодирий — Жулқунбой, унинг салобати бир менигина эмас, балки, катта ёшдагиларни ҳам босар эди. Кейин у вақтларда халқимиз катталарга ҳурмат, одоб ҳозирги замонга қараганда жуда ҳам кучли эди. 1927—1928-йиллар тушунчаси билан қараганда, мактаб боласининг машҳур, нуфузли, катта ёзувчиларга дабдурустдан қўл узатиб кўришиши ахлоқ, одоб чегарасига сиғадиган ҳолат эмас эди. А.Қодирийни учратганимда уни кўрмай туриб қилган тасаввурим тўғри чиқди. Кейинги пайтларда босилиб чиққан асарларида сурати бор. Мўйлови, қоши, кўзи, юзининг тузилиши, кўйлаги худди ўша мен кўрган А. Қодирийнинг ўзи. Уни кўрганимдаги кўз қарашлари: гўё бутун дунёнинг маъноси шу одамнинг кўз қарашларида тўплангандек таассурот қолдирган. Ўзи жуда босиқ, салобатли одам эди. Бу менинг уни ўша учратганимдаги кўрган илк таассуротим. Агар яқинроқдан мулоқотда бўлганимда, билмадим… Ҳар ҳолда янада кучлироқ таассурот қолдириши табиий эди.
Яқин 60-70 йиллик ўтмишимиз: шу орада учратган, билган катта-кичик, турли касб эгалари, айниқса турли касб зиёлилари билан бўлган мулоқотларим, хусусан ўн тўрт йиллик турма ҳаётим ва шахсий тахминимга суяниб айтганда шу йиллар ичида жуда кўп номи тарихда қоладиган ёзувчиларимиз ва бошқа зиёлиларимиз бўлган.
Абдулла Қодирийнинг тарихда тутган мавқеи бошқаларникидан фарқ қилади. Умуман, бадиий адабиётимизнинг ўсиши, унинг асосий омиллари, бадииёти, катта-кичик арбобларнинг етишиб чиқиши, халқда маданий меросимизга бўлган муносабатларнинг кенгайиши ривожланиб бориши, қадрлаш тушунчалари — буларнинг ҳаммасига хизмат қилган замин А. Қодирийнинг елкаси дегим келади. Тарихимизнинг кейинги 50—60 йиллари кўп ур-йиқитлар билан ўтди. Шу даврда яшаган, шу даврни кўрган-билганлар сафи ҳам кунданкунга сийраклашаяпти. Аммо бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммаси қоғозга тушган эмас.
Халқимизнинг етук вакиллари, илғор қисми қуруқ бўҳтонлар қурбони бўлиб кетган, бегуноҳ қирилган. Чунки ўша замоннинг қонуни — қонунсизлик эди. Уларнинг ўғил-қизлари пешонасига «халқ душманининг фарзанди» деган тамға босилганди. Инсон ҳуқуқи поймол қилинган, жабр устига жабр ёғилган кишиларни даҳшатга солиб, маънавий карахт ҳолига келтириб қўйилганди.
Энди, партиямиз ошкоралик ва демократиялаш асосида жамиятимизни қайта қуриш каби буюк ишларни олиб бормоқда. Инсонлар эндигина ўзларига кела бошладилар. Одамлар энди тилга кирдилар. Мана шундай вақтда ҳам тарихда мисли кўрилмаган жиноят қатламларини ёпиб: «…айтиб қўйсам, нима бўларкин?» деб қўрқиб ўтириш, тарих олдида гуноҳ эмасми? Шу боисдан кекса авлоднинг вазифаси — ўзи кўрган-билганларини ҳозирги авлодга етказиш, токи кишилар ўтмишимиз ҳақида бор гапларни, ҳақиқий ҳодисаларни эшитсинлар, билсинлар! Бунингсиз ўтмишнинг жиноят қатламлари очилмай қолиб кетаверади. Ўтмишимиз ҳақида кишилар онгида ёлғон тасаввурлар туғдиради. Бу эса, қўйинга тўлдирилган пуч ёнғоққа ўхшайди. Токи элининг, халқининг келажагини ўйлаган, ўзини билган одам пуч ёнғоқ билан ҳеч кимнинг қўйнини тўлдирмасин.
Ш.Қ. — Домла, ҳаммага ўрнак бўладиган суҳбатингиз учун Сизга катта раҳмат! Саломат бўлинг!
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон