Собит Мадалиев. Шу тупроқ олдида жавобгарман (1990)

Фарғона фожиаларидан кейин, гарчи ойлар ўтган бўлса-да, бироқ ҳали харобалар кули тамомила совигани йўқ. Ҳали ҳамон гоҳо тинч, осуда дамларда шаҳид кетган ўғиллар, ака ва оталарнинг жувонмарг ёдини, гоҳида эса икки бирдай халқни бирлаштирган азиз ва ёруғ хотираларни эсга солувчи жароҳатлардан қон сизиб турибди. Месхетияли туркларга, айниқса, тупроғида қон тўкилган ўз халқингга ачинасан киши.

Бу ерда кўрганларим ва эшитганларим мени қаттиқ ташвишга солди. Қариндошларим ва менга таниш одамларнинг азиз сиймолари, қатағон соатлари, ёқилган уйларнинг харобалари, куйдириб, ағдариб ташланган машиналар, кимсасиз, нафаси ичга тушиб кетган Фарғона ва Қўқон, Марғилон ва Қувасой кўчалари, буларнинг ҳаммаси, гўё ўт билан сув каби, бир-бирига қовушмай азоб берди.

Эҳтимол, менинг мулоҳазаларим кимларгадир ғоятда бирёқлама туюлар, нимаям дердим, бу менинг дарду аламларим, қайғуларим, менинг қарашларимдир. Қолаверса, бу фожиани ҳамма ўз билганича талқин қилди ва шундай қилмоқда.

Аксари суҳбатдошларим халқнинг сабр косасини тўлдирган, оний лаҳзаларга бўлса-да, унинг тиниқ ақлини лойқалаб, жиноятга бошлаган фожианинг илдизларини миллатчиликдан ахтармаслик керак, дейишди.

Ҳа, халқ шундай деди, (айрим нашрларни ҳисобга олмаганда), бутун марказий матбуот жўр бўлиб, унинг тескарисини айтишдан чарчамади. Натижада, бора-бора, бу фожиа миллатлараро нифоқнинг маҳсулидир, деган фикр пайдо бўлди. Ҳатто матбуотнинг шундай хабарларидан баҳраманд бўлган академик Е. М. Примаков ҳам ўз сўзини айтмай туролмади. У «Литературная газета»нинг (21.6.1989) Фарғона воқеалари бўйича саволларига жавоб бераётиб, мана бундай кашфиёт қилди: «…Ўзбекистонда содир булган воқеалар гарчи ўтмиш хатоларининг маҳсули бўлса-да, қонунга мутлақо хилофдир. У ерда жиноятчилик элементи — миллатчилик ҳукмрон бўлди…»

Кўчалардами, чойхоналардами, давлат идораларидами, меҳмонхоналардами, хуллас, қаерда бўлмай, одамлар рўзномаларни бурнимнинг тагига тиқиштириб, худди карга гапиргандай, гунгга, ҳаммага аён ҳақиқатни уқтиргандай бақириб, оммавий ахборот воситалари орқали навбатдаги «ўзбеклар иши» тайёрланяпти, деб гапирардилар. Мен, гарчи маълум асослар бўлса-да, бундай деб ўйламасдим.

Маҳаллий рўзномалар эса Россиянинг марказий туманларининг ҳар қандай нуқталарига ўз уй ва дала ҳовлиларини шошилинич алмаштиришни хоҳловчи русларнинг эълонларини боса бошлади. Кўпчилик, бу тартибсизликларга В. Астафьевнинг «Воқеалар пардаси ортида» («Красная звезда» 21.6.1989) деган мақоласи сабаб бўлди, деб ҳисоблади. Унда муалиф ўзининг икки месхетиялик турк билан қилган суҳбатини келтириб, уларнинг кўрсатишича, ўзбеклар, турклар билан бир ёқадан бош чиқариб, русларни ҳайдамоққа чоғланган, дейди. Астафьевнинг хулосаси эса яшин тушишига тенг бўлган: «Месхетиялик турклар айтилган таклифга кўнмаганлари учун воқеалар пардасининг ортида турган баъзи гуруҳларнинг нафратига дуч келмадимикин? Шу сабабли, ўзбеклар ўз нашавандларини, алкоголнинг қўлидаги баъзи қўғирчоқларини месхетиялик турклар устига ташламадимикан? Қирғин ташкилотчиларининг мақсади мажақлаш, бўйсунмасларни ҳайдаш, ўз кучини кўрсатиш билан баъзиларни қўрқитиш ва иттифоқдош топиш бўлиб, фожианинг илдизларини шу ердан ахтариш керак эмасмикан?»

Турли миш-мишлару ёлғон-яшиқ гап-сўзларни қонундай қабул қилиш ҳам тўғри бўлармикан?

«Бизда ўзимизнинг фитначиларимиз етарли, — дейишди менга биринчи навбатда русларнинг ўзлари, — пойтахтликлар уни яна тўлдириб нимаям қилишарди?»

Ўртоқ Астафьев ҳарбий киши бўлгани учун ҳам, уруш пайтида миш-миш тўқиган ва тарқатган аскарлар трибуналга берилганлигини билиши керак эди. Шу кунларда эса «муҳтарам подполковник» «одиллиги, уддабуронлиги, материаллари кенг ўқувчилар орасида катта қизиқишга сабаб бўлгани учун» СССР ички ишлар вазирлиги томонидан, генерал полковник Ю. А. Шаталиннинг буйруғига биноан, бир гуруҳ журналистлар қаторида, иккинчи даражали «Аъло хизматлари учун» нишони билан мукофотланди (Ферганская правда», 27.61989). Нимаям дердик, табриклаймиз. Агар уялмасангиз, тақиб юраверинг, ўртоқ подполковник!

«Нега бизнинг раҳбар ходимларимиз жим турибди?— деб сўрашарди мендан суҳбатдошларим. — Нега улар марказий нашрларда турли фитналарга, ёлғон-яшиқларга қарши чиқишлар қилишмаяпти? Нима учун ўзбек халқи нашаванд ва миллатчи эмаслигини айтишмаяпти?» Ахир, ўшанда газеталарда, теле ва радиолавҳаларда: «Уларнинг кўпчилиги маст-аласт эдилар», қабилидаги гаплар тинмай такрорланиши натижасида ёнғинларда, тўполонларда, шунингдек, пахта яккаҳокимлигини тугатиш ва йиғилиб қолган муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун чақирилган кўп минг кишилик митингларда ҳам экстремистлар, нашавандлар, миллатчилару илгари судланганлар қатнашдилар деган, тушунчалар пайдо бўла бошлади.

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ СУД МЕДЭКСПЕРТИЗА КУРСАТМАЛАРИДАН:

«Суд-химия бўлимида 1989 йилнинг 3 июнидан 27 июнга қадар келтирилган юзта мурда юзасидан олинган материаллар. Мурдаларни текшириш жараёнида, уларда наркотик моддаларга дуч келинмади. Ўн тўрт кишининг оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилгани, ўлишидан олдин ширакайф бўлгани қайд этилди, булар битта ўзбек, учта месхетиялик турк, битта рус, битта арман миллатига мансуб кишилардир. Етти мурданинг қайси миллатга мансублиги аниқланмади.

Худди шу давр ичида яна Тошлоқ, Риштон, Бағдод ноҳия касалхоналарида ва Марғилон шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган 61 ярадорнинг қони ҳамда пешоби текширилди. Улардан учтасининг оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги маълум бўлди. Наркотик моддалар эса умуман қайд этилмади».

Шу гаплардан кейин фожианинг бошланишида халқ эмас, балки драматик ҳолат айбдорлиги кундай равшан бўлади. Яна бу нарсада чидаб бўлмайдиган ҳаёт тарзи, шунингдек, одамлар онгининг лойқаланиши, уларнинг кўру кар бўлиб қолиши, нафрати бош сабаб эканлигини ҳам очиқ айтиш керак. Мен бу билан кимларнидир оқламоқчи эмасман. Албатта, айбдорлар бор ва улар муносиб жазоланадилар.

— Ўғлим, — деди менга Қўқонда ўзини Қумри хола деб чақиришимни сўраган бир кампир,— мен русларни, татарларни, месхетиялик туркларни, корейсларни, хуллас, ким биланки етмиш тўрт йил ёнма-ён яшаган бўлсам, ҳамма-ҳаммасини ҳурмат қиламан. Фақат русчани яхши билмайман, болалигимдан яхши ўрганмаганман, тағин миллатчи деб ўйламагин, мен она тилимда ҳам ҳижжалаб ўқийман. Бу гапни шунчаки, ўзим айтяпман-да. Биласан-ку, ҳатто яқин-яқинларгача ҳар ким ўз она тилида гапирса, миллатчи саналарди. — Ичимда, бунақалар ҳали ҳам кам эмас, деб қўйдим. — Шундай экан, нега энди ҳозир ҳам,— деб давом этди сўзамол суҳбатдошим,— жумҳуриятимизнинг ўзбек миллатига мансуб баъзи раҳбарлари ўз она тилларини билмайдилар? Шу кунларда бир катта бошлиғимизнинг гапларини эшитиб қолдим. У телевизорга чиқиб, рус тилида халққа мурожаат қилди, айтадиган гаплари олдиндан қоғозга туширилган экан, кўрсатувнинг аввалидан охиргача бошини кўтармади, ўқиб берди. Эртаси куни у ўша нутқни ўзбекчалаб ўқибди. Мен телевизорни ўчириб қўйган эдим, кўрмадим. Агар ёзмоқчи бўлсанг, айтганимнинг ҳаммасини ёз, энди ҳеч нарсадан қўрқмайман,— тўримдан гўрим яқин қолган. — У яна чуқур алам билан: — Ҳеч қурса, она тилида, юракдан чиқариб, икки оғиз гап айтганда эди. Унинг ўз халқига ачинмаслиги шундай кўриниб турибди-я! Ҳай, майли, худога солдим,— деди. Кейин жим қолди. Мен ўрнимдан туриб, Қумри хола билан хайрлашдим. Унга нимаям дейишим мумкин эди?

Ўша олатасир кунларда оломон қулоқ солган партия ва совет раҳбарларини бармоқ билан санаса бўлади. Уларнинг айримлари умуман халқдан яшириниб юрган. Аммо юқорида айтганимдай, бармоқ билан санарли бўлса-да, ҳалол, халқ билан тил топиша оладиган раҳбарлар мавжуд.

«Олинглар, енглар, болаларим, атай сизлар учун пиширдим, уялманглар,— деб эди Фарғона ёнидаги кўчалардан бирида бир кексароқ ўзбек аёли иккита сариқ сочли аскар йигитга, сомсаларини сал бўлмаса мажбурлаб тутқазишга уринаркан, — қўрқманглар, заҳарланмаган». Аскарларнинг таклифни яхши тушунмай бироз эҳтиёт бўлиб тургани учун у менга: «Уларга тушунтир, жон болам, ея қолишсин,— деб зорланди,— атай тайёрладим. Куни билан юриб, оч қолишган».

Мен таржима қилдим. Шунда аскарлар, тасодифан заҳарланиб қолишдан қўрққанлари учун, уялганлариданми ёки бу меҳрибон аёлни хафа қилгиси келмаганлариданми, негадир ишончсизлик билан автоматларини елкаларига ташлаб, бир донадан сомса олдилар. Ва кулганларича ея бошладилар. Аёл ҳам куларди. Кейин у терс ўгирилиб олди. Мен ҳам ўз йўлимга кетдим. Аммо орқамга ўгирилиб, аёлнинг рўмолини учлари билан кўз ёшларини артаётганини кўрдим. Унинг ўша лаҳзаларда нима учун йиғлаганини ҳеч қачон билолмасам керак!

Фожианинг сабаби нимада ахир? Бунга сабаб секинлик билан тугатилаётган иқтисодий танглик, ишсизлик, оғир экологик шароит, қашшоқ турмуш тарзи ва шу каби кўплаб муаммолар, дейилмоқда. Аслида бу нарсаларнинг ҳаммасини очофат пахта еб битирди-ку. Фарғона фожиаси — миллий фожиалардан келиб чиққан қонли жилғалар бўлиб, бу пахта яккаҳокимлигининг ишидан бошқа нарса эмас. Ҳа, айнан пахтанинг режалаштирилмай, пала-партиш кўпайиши баъзиларнинг ақлини еб қўйишига сабаб бўлди! Ўз халқини талон-торож қилишга ўргатди ва ўшалар ҳозир ҳам халқини сотиб, одамларни уриштириб ва ниҳоят, керак бўлса, тинч қишлоқларни қонга тўлдира оладилар.

Фожианинг бошланганига анча бўлган. Йил сайин одамлар тупроқнинг сахийлигига, ўз ерининг едириб, тўйдиришига тобора камроқ ишона бошлади. Қаёққа қараманг, пахта, пахта, пахта… Шўр босган пастгина деворларнинг пойидан бошланиб, олис уфқлар қаърига сингган пахтазорлар инсоннинг бутун куч-қувватини сўриб олиб, ўрнига минг хил касаллик, юқори кўрсаткичли болалар ўлими, ерсизлик, ишсизлик ва оғир меҳнатни берган.

Мутахассисларнинг ҳисоблашича, деҳқон чопиқ даврида кунлик нормасини бажариш учун оғирлиги беш килограммдан ортиқ кетмонни 50 минг марта кўтариб ташлаши лозим бўлиб, фақат 159 марта ерга кетмон ургани учун олтин танга эмас, бор-йўғи ўзимизнинг мисдан зарб берилган бир тийинимизнигина олар экан.

Менимча, ерда қулдорлик пайдо бўлгандан бери, ҳеч бир қул бунчалик ҳақ олмаган чиқар. Тўғрисини айтганда, пахтакор учун ҳар бир тийин олтину кумушдан кўра, қимматга тушмоқда. Шундай экан, мамлакатнинг пахта мустақиллиги бир ҳалқнинг қуллиги эвазига бунёдга келмаяптими?! Менимча, шунча гаплардан кейин, халқининг тақдирига бефарқ, ўз тўкинлигини ўйлайдиган чиновникнинггина тили пахта ўзбек халқининг ифтихори, дейишга айланса керак. Бир қарашда, бу сўзлар кўп жарангдор. Аслида чиновникларнинг тўкин-сочин ҳаёти учун ўйланган, шунингдек, аччиқ ҳақиқатни бекитадиган ана шу жарангдорлик олиб ташланса, пахта халқнинг ғами, камбағаллиги ва ниҳоят, Фарғона фожиасининг бош сабабчиси эканлиги маълум бўлиб қолади.

«Правда Востока» газетасининг 1988 йил саккизинчи декабрь сонида «Пахта қули» («Огонёк», 1988 й., 43-сон) мақоласига жавобан республиканинг бир қатор машҳур кишилари ёзган «Ҳақоратловчи позиция» деган очиқ хат эълон қилинди. Улар орасида Ўзбекистон халқ ёзувчилари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари, иттифоқ миқёсидаги шахсий пенсионерлар ҳамда Ўзбекистон ССР Олий Советининг раиси бор эди. Хатнинг нусхалари КПСС МКга ва «Огонёк» журнали редакциясига жўнатилган. Хатда, этак таққан, ғамгин бола сурати акс этган ўша мақоланинг эълон қилинганлиги учун журналдан тавба қилиш, кечирим сўраш талаб этилган эдн. Бугунги кунга келиб эса этак таққан ўша ғамгин боланинг ўрнида катта одам турса, ҳақиқатга яқинроқ бўлиши ҳаммага аён!

Қадрдон юртдошларим, аслида қаршисида ўзингиз ҳам, давлатингиз ҳам ҳеч нимага арзимайдиган халқ манфаатини унутиб, давлат қизиқишларини ҳимоя қилиш йўлида қанчалар жонбозлик кўрсатдингиз!

Мен ўзбекман, ўз халқимни уюштирилган ўша оммавий хат муаллифларидан кам севмайман ва бугун республика ҳукуматининг раҳбарлари қайғураётгаи ифтихор, ўзбек халқининг миллий ифтихори тўғрисида сўзламоқчиман. «Ўзбек халқи,— дейилади «Ҳақоратловчи позиция» мақоласида, — пахта етиштиришни ва мамлакатни бу қимматбаҳо хомашё билан таъминлашни ҳамма вақт ўзининг миллий ифтихори ва Ватан олдидаги биринчи интернационал бурчи, деб ҳисоблаб келган». Бугун бу сўзларнинг ортида қанчалаб ёлғон-яшиқлар, қанчалаб фидо бўлган жонлар, умри давомида пахтадан бошқа ҳеч нарсани кўрмаётганларга қанчалик бефарқликлар бор!

Республика шаънига ағдарилган қанчалаб ёлғон-яшиғу кулфатларнинг бош сабабчиси узоқ йиллар давомида ҳокимлиги кенг ривожлантирилган ва натижада унинг пой-поёнсиз ерларига минглаб илдизлари билан ёпишиб олган пахта эмасми? У эмасми ахир, раҳбарларга ҳурмату шон-шуҳрат, деҳқонларга эса камбағаллик келтирган дарди бедаво?!

Бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонлик (иттифоқдаги ўртача кўрсатгичга нисбатан) гўшт, сут, тухумни ярим баробар, картошка ва балиқни тўрт баробар, қандни эса уч баробар кам истеъмол қилади. Мева ва сабзавотни истеъмол қилишда эса республика иттифоқда бешинчи ўринда туради. Кўпчилик туманларда пайдо бўлган ичимлик суви, муаммосини ҳам шу пахта келтириб чиқармадими? Ҳозирги кунда 9,5 млн. одам, тўғрироғи, республиканинг ярим аҳолиси чидаб бўлмас даражада ифлосланган сувни ичмоқда.

Баъзи бир юртдошларим эса марказий матбуотда чиққан мақоладан хафа бўлиб, ўзбек миллатининг ифтихорини, «бу республикада кечаётган тозаланиш жараёнининг обрўсини тўкишга уринишдир», деб ҳимоя қилаётиб, афсуски, ғўза ҳазрати олийларининг — оқ офатнинг оқибатларини кўрмаганга олиб, ўзларининг обрўларини тўкиб қўймоқдалар.

Ўзбекистон Компартияси МК комиссиясининг «Правда Востока» рўзномасида, 1989 йилнинг 30 июль сонида эълон қилинган хабарида, фожиага олиб келган кўплаб сабаблар саналгани ҳолда, асосий айбдор — пахтанинг шунчаки гапирилиб ўтилиши баъзи раҳбарларимизнинг фожиадан тўғри ва тўла хулоса чиқаролмаганлигини кўрсатиб турибди.

Ўзбек халқини судланганлару безорилардан иборат бўлган, халқнинг миллионларини талаган, оммани бор нарсани ёқишга, қотиллик ва ўғрилик қилишга, зўрлашга чақирган қандайдир жиноятчи гуруҳлар билан чалкаштиришга нуқта қўйиш вақти келмадимикан? Аслида бунақаларга миллий белги, миллий ифтихор, қийналиш ва меҳр кўрсатиш туйғулари ёт, бундай лаънатилар ҳар қандай миллат орасида ҳам учраб туради.

1914 йили В. И. Ленин ўзининг «Великорусларнинг миллий ифтихори» деган мақоласида шундай дейди: «Бундан ярим аср илгари великорус демократи Чернишевский ўз ҳаётини революцияга фидо қилиб: «Аянчли миллат, қуллар миллати, бошдан-оёқ ҳаммаси қуллардир», дегани эсимизда. Великоруслар орасидаги ошкора ва ниқобланган қуллар (подшо монархиясининг содиқ қуллари) бу сўзларни эсга олишни ёмон кўрадилар. Аммо, бизнинг фикримизча, бу сўзлар ватанга чин муҳаббатни, великорус аҳолиси кўпчилигида революцион руҳнинг йўқлигидан қайғурган муҳаббатни изҳор қилган сўзлардир» (ТАТ, 26-том).

Владимир Ильичнинг сўзларини бекорга келтирмадим. Бу сўзлар, республикамизнинг айрим ҳурматли кишиларини хафа қилган ўша «Пахта қули» мақоласи туфайли, қайта ёдимга тушди. Ва мен, агар кимки ўз халқининг ифтихори учун куйса, бу мақоладан хафа бўлмаслик керак, деб ўйладим.

«Болалар меҳнатини эксплуатация қилиш давом этяпти, деб сизга ким айтди? — дея бақирди водийда бир чиновник. — Биз ижара пудратига ўтганмиз. Бордию болалар далада ишлаётган бўлса, ўз хоҳишлари билан ота-оналарига ёрдам бериш ниятида ишлаяпти. Биз уларни мажбур қилганимиз йўқ».

Балки бутун халқ ўзининг ахмоқлиги учун ҳолдан тойяпти, шекилли, деб сўрагим келди ўшанда ундан. Аммо сўрамадим. Энди шундай қилганимга ачиняпман ва бу пудрат дегани нима ўзи, кимларнингдир асл ниятларини халқдан пана қилаётган «парда» эмасми, деб ўйлаяпман. Илгарилари ҳеч нарсани яширмасдан, тўғридан-тўғри, болалар ишлашга мажбур этилган, энди эса ота-оналарнинг ўзлари тирикчилик ўтиши учун, катталар қилолмайдиган юмушларни ўз фарзандларининг зиммасига юкламоқдалар. Шунақа, ота-оналар ёмон чиқиб қолишди. Раҳбарлар эса яхши, болалар ҳақида ўйлашяпти!..

Биз энди пахта сабабли тушиб қолган чоҳимизнинг чуқурлигини англамасдан туриб, Фарғона воқеаларини тўла англаб етолмаймиз. Чоҳга қачон туша бошлаганимизни билиш учун эса тарихни варақлаймиз. Россия империясининг ҳарбий министри чор ҳукумати премьер министри граф Виттега 1906 йили қилган нутқининг якунловчи қисмида мустамлакачилик сиёсатининг ниятини қисқа, лекин кескин ифодалаган: «Туркистон ўлкаси Ватанга пахта бериши, фақат бериши эмас, балки уни босиб олишдаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун ҳам, икки баробар ошириб бериши керак». Аммо 1913 йили ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан 350 минг тонна, 1933 йили 800 минг тоннадан сал ортиқ, яқин-яқинларгача эса қўшиб ёзишлар билан 6 миллион (ишонишнинг ўзи қўрқинчли) тонна пахта йиғиб олинди!..

Фарғона ёнидаги кичик бир қишлоқда, тутнинг ола-чалпоқ соясида ўтирганимча, кафтимга бир сиқим тупроқ олдим, у тузлар ва заҳарли химикатлар кўп солинганидан, тупроқ бўлиб тупроққа ҳам ўхшамасди. Мен кафтимга олган, ўлаётган, ғози йўқ шу тупроқни енгилгина шамол учириб кетди. Ариқнинг нариги бетидан бошланган пахтазорларнинг гоҳ у, гоҳ бу ери туздан оқариб, ишдан чиқиб,— ғўзаларсиз, яланғоч кўзга ташланарди. Энди у ерларда ҳеч нарса унмаслиги шундоққина кўриниб турарди. Шунда Василий Селюнининг («Тўлғоқ» деган мақоласида) юртдошларимга ғоятда ачиниб айтган аччиқ сўзлари ёдимга тушди. Тўғри, мақола туркман болалари ҳақида эди, аммо ўша сўзларни тожик, қорақалпоқ ва ўзбек болаларига ҳам қарата айтиш мумкин. «Баъзи ҳолларда,—деб ёзади Селюнин— ота-оналарнинг ўзлари болаларини мактабга юбормайдилар. Албатта, уларни тушуниш мумкин. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, оғир меҳнатга, катталар организми чидаш беролмайдиган турли заҳри қотиллар билан тўлган, камқонлилик, сариқ, дистрофия, ширзада касалликлари авж олган шароитга ҳали унчалик қотмаган ёш организмлар қандай чидаш берсин? Илоё, шу балои офатларга қўшилиб пахтангиз ҳам, мактабингиз ҳам йўқ бўлсин, ахир, болага соғлиқ азиз-ку!»

Пахтачиликда яқин орада бирон ўзгариш бўлмаслигини, ана шу оғир меҳнатдан қутулолмаслигини яхши билган деҳқонларнинг ўзлари мен билан бу ҳақда эзилиб, ғамгин суҳбатлашдилар. Сўнгги умидимиз, дейишди улар, депутатларимиздан эди. Аммо улар Москвага шунчаки, ўтириб қайтгани борган шекилли, бизнинг дарду аламларимиз ҳақида кам сўзладилар.

Охир-оқибатда, шуни англаб етишимиз керакки, пахта ўзбек халқига қимматга тушмоқда, унинг асоратлари оғир ва азобли кечяпти. Ўзларича ўзбек халқининг шаънини ҳимоя қилмоқчи бўлаётган юртдошларимдан шуни сўрагим келади, хўш, нега энди сиз нореал давлат буюртмаларининг бажарилиши ва ерни хароб, элни ғариб қилган пахта яккаҳокимлиги ўртасида узвий боғлиқлик борлигини қардош республикалардаги баъзи ташкилотга исботлаб беришга куч тополмаяпсизлар?

Агар республика ўзи етиштирган пахта толасининг 90 фоизини четга чиқариб ҳам қарздан қутулмаса, у бутуниттифоқ ташкилотлари плантациялари аро бўкрайиб юрган пахта қулини эслатмайдими?

Пахтанинг харид нархи оширилмоқда. Аммо бу эндиликда сувга ҳам, ерга ҳам, ўғитга ҳам пул тўлайдиган деҳқонга нима беради? Нима қоляпти унга? Менимча, ҳеч нарса! Бордию терилган бир килограмм пахта учун қандайдир тийинлар эмас, балки илгари бўлгани каби, сўмлар тўланган тақдирда ҳам, охир-оқибатда, экин майдонлари камайтирилмаса, пахтакор яна эртадан қора кечгача далада қолиб кетаверади.

Ўзбек халқи гарчи химиявий зарарлар мўл бўлса-да, жисмоний тарафдан кўра, кўпроқ руҳий талофотлар кўрмоқда. Авлодлар соғлигини, эҳтимол, амаллаб яхшиласа бўлар, аммо наслга ўтиб кетган руҳий мажруҳлик одамни ҳайвон даражасига тушириши мумкин.

Пахтага нарх белгилашни, уни қанча ерда етиштиришни деҳқоннинг ўзи ҳал қилиши лозимлиги қонун йўли билан тасдиқлаб қўйилиши керак.

Келинг, раҳнамо органларнинг йўлидан оғишмай бораётган ўртоқларни ҳам, уларнинг қарашларини ҳам тушунишга уриниб кўрайлик. Ахир, ўшалар пахтанинг иши оғирлигини билгани ҳолда, тинмай маҳсулот планини оширар эканлар, демакки, ўз қарашлари бордир, эҳтимол, уларни тамомила оқлай олмасак-да, мақсадларини тушунармиз.

Мамлакат ортиқча сарф-харажат қилиб, четдан пахта сотиб олмаслиги кундай равшан. Чунки ортиқча валютамиз йўқ, шундоқ ҳам нонни олтинга сотиб оляпмиз. Бундан ташқари, ҳеч бир давлатда биздагидай кўп ерга пахта экилмайди. Энг шимолда ўсадиган пахта ҳам бизнинг пахтамиздир. Пахта Американинг ўн еттита штатида ўстирилгани ҳолда, бизда фақат Қозоғистон ва Ўрта Осиё республикалари ҳамда Озарбайжонда кам миқдорда етиштирилади. Бошқа пахта экадиган еримиз йўқ.

Ҳа, давлатга жуда кўп пахта керак, лекин давлат ўша пахтани етиштириб бераётган халқнинг турмуш тарзи учун муҳим нарсаларни муҳайё қилмоғи лозим. Агар бу вазифани у уддаламаса, пахта туфайли ҳам руҳий, ҳам жисмоний талофотлар кўрган халқнинг олдида ҳеч қандай баҳона билан ўзини оқлай олмайди.

Тинкаси қуриган ерни даволай олмасак, ҳалокат ёқасига келган экологик шароитни яхшиламасак, энг асосийси эса, мамлакат пахта мустақиллигини таъминлаб турган одамга ёрдам беролмасак, ҳатто тўрт миллион (!) тонна пахта ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Ҳали ҳам кеч эмас, шошилинч тарзда планни камайтириш, харид нархини кўтариш йўлидан бориш керак.

…Энди мен ёш бўлишига қарамай, сочлари деярли оқариб кетган, мунгли кўзларида қулоқни тешгудай бир оғриқ акс этиб турган ўша аёлни ҳеч қачон унутолмайман. У асрларга тенг бўлган икки йил давомида Афғонистондан ёлғиз ўғлининг қайтишини кутган экан. Аммо ўша йигит душман ўқидан эмас, балки Фарғона фожиаларининг илк кунларидаёқ, ўз она ерида шаҳид кетибди!..

Ўша йигитнинг анча вақт ишга жойлашолмай, изтироб чекиб юрганлигини айтишди. Уни ўз аҳволидан қониқмаслик туйғуси, бошқа ўнлаб ишсиз юрган тенгдошлари қаторида, фожианинг гирдобига етакламадимикан?

Айтганча, ортиқча ишчи кучлари ҳақида. Ўзбекистондай унча катта бўлмаган республикада мавжуд, оз эмас, кўп эмас, 1,5 миллион ишсизни ҳалигача шундай ёлғон сўзлар билан атаб келяпмиз.

Умуман олиб қараганимизда, бизда ишсизлар йўқ ҳисоби, деди бир гал менга республика чиновникларидан бири. Унинг мулоҳазалари ниҳоятда ҳаяжонли бўлса-да, ўртамизда кечган суҳбатни келтирмай ўтолмайман. «Биринчидан,— деб бошлади у суҳбатни, — бизда меҳнат биржалари йўқ, демак, ишсизларни расман рўйхатга олиш ҳам йўлга қўйилмаган». — «Ортиқча ишчи кучлари-чи?» — деб сўрадим мен. «Бор, — деб жавоб қайтарди у, — фақат бир ярим миллион эмас, сал камроқ. — У атрофга олазарак назар ташлади-да, сўнг яна давом этди. — 700—800 мингдан ошмаса керак, деб ўйлайман». — «Қолганлар-чи?» — деб сўрадим ўйламасдан. «Қолганлари, — деб давом этди чиновник, — уйларида ўтириб, болаларини тарбиялаётган қаҳрамон оналардир. Мен уларни ишсизлар сонига қўшмаган бўлардим».

Нимаям дердик, жуда тўғри гап, мен ҳам худди шундай қилган бўлардим. Аммо ўзининг ўнта боласини тарбиялаётган аёл боғча тарбиячисиникидан кўра оғирроқ ишни бажаради, оладиган нафақаси эса боласи учта пайтда қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Тўғри, бу пайтда уни давлат «Қаҳрамон Она» нишони ҳамда СССР Олий Советининг Фахрий Ёрлиғи билан тақдирлайди, бироқ ўша аёл, ҳеч бўлмаганда, бир марта болаларини яхшилаб тўйдириш учун ўз мукофотларини сут, гўшт ва турли мева-чеваларга алмаштиришга тайёр туради. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Биз яна, нега энди ўзбек аёллари ўзларини ёқяптилар, деб ўйланиб юрамиз. Бу ҳақда обрўли, бир танишимга айтганимда, унга гап таъсир қилмади, шунинг учун қисқагина қилиб: «Ҳадеб туғавермасинлар», деди. Мен азбаройи бирон нарса деб юбормаслик ва гуноҳдан йироқроқ бўлиш учун бурилдим-да, ундан узоқлашдим.

Ҳозир ўзбеклар қаерларда йўқ, дейсиз, Сибирда ҳам, Ноқоратупроқда ҳам, Москвада ҳам ишлаяпти. Тўғри-да, улар интернационал бурчларини бажаряптилар, қардошларга ёрдам беряптилар. Аммо бу,—узр сўрайман,— кўрнинг гунг одамга берган ёрдамига ўхшаб кетади. Бир чиновникдан СССР Давлат Меҳнат комитети менга қаерда қанча ўзбекистонликлар ишлаётгани тўғрисида аниқ маълумот бера оладими, деб сўрадим. У қўлларини силкиб: «Беролмайди, чунки, бу рўйхатларга «махфий» деган муҳр урилган бўлади», деди. Мен бунга ҳайратланмадим, ҳатто бу бир томонлама яхши экан, деб ўйладим. Ахир, у шўрликлар ўзларининг «ортиқча куч» эканлигини билиб нимаям қилишарди?

Мен бир нарсага ҳеч тушунмаяпман. Гўё барча келишиб олгандай. Ахир, ўзбек деҳқонининг бор тириклигини қуритаётган юҳо — нархи арзон пахта эканлигини ҳамма билади, аммо яна сукут сақлайди. Гапирган тақдирда ҳам, ишоралар қилади, маслаҳатлар беради, нари борса, таклиф киритади. «Пахта экишни, — дейишади пастдан ишончсизлик билан,— сал-пал камайтирсакмикан…» — «Йўқ, — дейишади юқоридан кескин,— бизга керак».

Тузоғига лайлак илинган қария ҳақидаги «Ур, тўқмоқ» деган ўзбек халқ эртаги ёдимга тушиб қолди. Лайлак жуда бой бўлиб, қўйиб юборса, чолга мукофотлар беришини айтади. Чол лайлакни бўшатади-да, эртаси куниёқ мукофот олгани боради ва аввалига сирли қозон сўрайди, уни ўғирлатгач, очилдастурхон. Аммо чол очилдастурхонниям ўғирлатгач, лайлак ур тўқмоқ деса дуч келганни савалайдиган сеҳрли тўқмоқни беради.

Ўзбек пахтаси билан ҳам худди шу ҳол содир бўлди. Озига қониқмадик. Ўзимизга тўқмоқ сўраб олмагунимизча, барча шартларга рози бўлдик. Энди у бутун республика бўйлаб кўнглини ёзмоқда. Кимники қаттиқроқ урса — у ишсиз, нимагадир сал тегса — чирсиллаб қуриган. Одамлар ундан қочиб, аммо қутулиб кетолмай ҳолдан тоймоқда. У ҳам энди тобора ғазабга минаётганидан, ҳатто ака-укалар бир-бирига кўз олайтириб қарамоқда. Ҳозир халқ ҳам ўзига уртўқмоқ сўраб олганидан хурсанд эмас, аммо энди кеч!..

Тўғри, эртаклар яхши хотима билан тугайди: Чол уртўқмоқ ёрдамида, сеҳрли қозони ва очилдастурхонини қайтариб олади. Аммо бу фақат эртакда. Ҳаётда қандай бўлар экан? Токи, ўзбек деҳқонининг бошида тўқмоқ осилиб турар экан, у ҳеч қачон бахт нималигини билмайди.

Ўз халқим олдидаги, қорақалпоқлар ва туркманлар олдидаги, «оқ офат»нинг азобларига дош бераётган бошқа халқлар олдидаги айбдорлик туйғуси, худди оналар болаларига заҳарли сут бераётганлиги учун мен гуноҳкордай, қадрдон тупроғимдаги аянчли аҳвол учун мен ҳам сабабчидай, юрак-бағримни эзаверади, эзаверади…

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.