Тарихимизнинг гувоҳлик беришича, XX асрнинг бошларида — инқилобга қадар ва ундан кейинги дастлабки йилларда Туркистонда юздан ортиқ шоиру адиб ижод этган. Бу рўйхатнинг аввалида Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Фитрат, Авлоний, Ҳамза, Нозимахоним, Сидқий Хондайлиқий, Сўфизода… қатори самарқандлик шоир Сиддиқий-Ажзий ҳам туради.
Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий Самарқанд вилоятининг ҳозирги Жомбой ноҳиясидаги Ҳалвойи қишлоғида 1864 йилда таваллуд топган. Барвақт етимлик, муҳтожлик Саидаҳмадни ҳаёт дорилфунунидан эрта сабоқ олишга мажбур этди. Тириклик ташвиши уни деҳқончилик, соатсозлик, тикув машиналарини созлаш, тикувчи ва тўқувчиликка ундади. Лекин у қайси касб билан шуғулланмасин, барчасида камолотга эришди. Имкон топганида ўқиди. Янгаси қўлида хат-саводини чиқариб, Самарқанду Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрди. Арабу форс, озару ўрис тилларини ўрганди, мусиқа санъати билан шуғулланди. Дастлаб Шарқ шеърияти анъаналарида шеърлар машқ қилди. Ҳавас ва ғайрати боис, замонасининг етук, билимдон зиёлиларидан бири бўлиб элга танилди.
Бироқ Сиддиқийни ўз даврининг буюк кишиларидан бири сифатида эътироф этилишига сабаб бўлган омил — бу унинг маърифатчилик фаолияти ва ижодидир.
90-йилларнинг охирларида Сиддиқий отасидан қолган кичкинагина боғни сотиб, Макка сафарига отланади. Уч йил мобайнида араб мамлакатларини кезади. Жидда шаҳридаги Русия элчихонасида бир муддат тилмочлик қилади. Ундан сўнг Россиянинг марказий шаҳарларига боради. Ниҳоят Тифлисга келиб, бу ерда машҳур озар жадид-инқилобчилари Жалил Мамадқулизода ва Алиакбар Тоҳирзода Собирлар билан танишади. Мазкур сафар Сиддиқий дунёқарашининг тубдан ўзгаришига сабаб бўлади. Миллат, маърифат, озодлик тантанаси учун курашмоқни ҳаёт маслаги, умр мазмуни деб белгилайди.
Маърифатпарвар Сиддиқий 1901 йилда Ҳалвойига қайтиб, усули жадид мактаби очади. Бу мактабда турли миллат ва турли табақа болаларига табиий фанлар, арабу рус тиллари ўқитиларди. Сиддиқий ана шу мактабда ўқитиш учун болаларбоп асарлар ёзди, рус адабиётидан, хусусан Лев Толстойнинг қатор ҳикояларини, И. А. Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинел» қиссасини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилди, шулар орасида дарсликлар тузди. 1914 йилда бу маърифатпарвар ўз ташаббуси билан «Зарафшон» номли мактаб кутубхонаси ташкил қилади. Кутубхонада маҳаллий адабиёт ва матбуот намуналари қаторида Кавказ ва Туркияда чиқиб турган илғор адабиётларгача жамланган эди. Мана шулар Сиддиқий номи ва мактабини машҳур қилиб юборди.
Шу давр маърифатпарвар шоир ижодининг ҳам айни гуллаган йиллари эди. 10-йилларда шоир «Айнул адиб» («Одоб кўзи») ва «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикматлар хазинаси») номли ўзбек ҳам тожик тилларидаги икки шеърий тўпламини ҳамда «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси») ва «Анжумани арвоҳ» («Руҳлар йиғини») номли достонларини эълон қилади. Ҳар икки достон ҳам ўткир ижтимоий масалаларга қаратилган эди. Бирида икки руҳ — Бухоронинг икки марҳум амири самодан тушиб, юртни вайрон, фуқарони хору муҳтож қилганларидан сўзлаеалар, «Миръоти ибрат»да шоир ўша вайрона юртга нисбат ўлароқ, хаёлий бир мамлакат манзараларини чизади. Илму фани, фазлу адаби устивор ўлган орзудаги Самарқандни тасвир этади. Самарқанд мисолида эса заҳматкаш Туркистонни назарда тутади. Шу юртнинг бир содиқ фарзанди ўлароқ элу улусининг равнақини ўйлаб куюнади, ададсиз изтиробларини яширмайди.
На раҳматга қалбимиз муносиб,
На жаннатга руҳимиз муносиб.
Амома ила либосга мағрур,
Бу тийнату суврат ила масрур.
Кофи биза бўйла шакл марғуб,
Инсон орасинда бизда маҳсуб!
Шоир бу аҳволдан қутулиш чораларини излайди ва ягона чора маърифатда, деган хулосага келади. Чунки юртнинг шу ҳолга келишига боис истибдод зулмида эзилган халқнинг жаҳолатга маҳкум этилгани эди. Бироқ шоир маърифатни фақат илму фанни эгаллашдан иборат деб билмайди. Ҳаммаслак замондошларидан бир қадар илгарилаб, Сиддиқий илму фан орқали сиёсий, ҳуқуқий маслаклар учун курашиш ғоясини олға суради. Илм билан бирга илм орқали «давлат»ни, «лисон»ни ва «закун»ни эгаллаш, қўлга киритишни тарғиб этади. Истиқболни фақат ана шу «мақсуд»ларнинг амалиётида кўради.
Нуқсони жаҳолат этдим иншо,
Мақсуди бунинг-ла этдим ифшо.
Дурд иш бана бундан эрди мақсуд,
Бундан ўла халқа бахти масъуд.
Илм ила олмоқ ва фунунни,
Давлатни, лисонни ва закунни,
Ҳар қавм булардан ўлди маҳрум,
Истиқболи ҳолидан ўлар шум.
Бу шоирнинг ўзи айтмоқчи нафақат наеиҳати, балки навбатдаги авлодларга васияти ҳам эди. Чор цензураси ҳар икки асарни чоп этишни таъқиқлайди. Сиддиқий ўз асарларини 1912 йилда Мамадқулизода ва Алиакбар Собир кўмагида Тифлисда нашр эттиради. Фақатгина икки йил ўтиб, «Миръоти ибрат»нинг ўзбекча нусхасини Самарқандда бостиришга муваффақ бўлади.
1914 йили Самарқанддаги Улуғбек мадрасасининг масжидида мутаассиблар 5-6 минг мусулмонларга қарата жадидларни ва усули жадид мактабларида ўқиётган ва болаларини ўқитаётганларни кофир деб эълон қиладилар. Бу пайтда Сиддиқий Маҳмудхўжа Беҳбудий билан «Самарқанд жадидларининг бошида» (Вадид Маҳмуд) турар, жадидчилик Туркистон бўйлаб кенг ёйилган катта куч эди. Ўша вазиятда самарқандликларни Тошкент жадидлари, кавказлик тараққийпарвар кучлар ҳимоя қилдилар.
Феврал инқилоби билан Сиддиқий ҳаётида яна муҳим воқеалар содир бўлди. У болшевикларнинг «Иттифоқ» номли ишчилар уюшмасига аъзо бўлиб кирди. Октябр инқилобидан кейин эса Самарқанд вилоятининг адлия ишларига раҳбарлик қилди. 1919—1920 йилларда Туркистонга марказдан юборилган «Турккомиссия» ва «Туркбюро» «фаолияти»нинг бошланиши билан маҳаллий кадрларга, хусусан раҳбар кадрларга муносабатнинг ёмонлашуви, ишончсизлик кўпгина миллий зиёлиларнинг саъй-ҳаракатлари сусайиб сўнишига, уларни ижтимоий фаолиятдан бир қадар чекинишга мажбур этди. Бизнингча, ана шу шароит тақозоси билан, Сиддиқий ҳам 1922 йили ўз қишлоғига, ўз мактабига қайтади ва умрининг охирига қадар мудир ҳамда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Сиддиқий гарчи сиёсий фаолиятдан воз кечган бўлса ҳам, ижодий ишдан тўхтамади. «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби сатирик жаридаларда, «Зарафшон» рўзномасида мақолалари, шеърлари, ҳажвий асарлари билан мунтазам иштирок этиб турди. «Майна», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» деган тахаллуслар билан матбуот орқали турли иллатларга қарши курашди. Бу асарлар Сиддиқийни ўзбек совет ҳажвиётининг асосчиларидан бири сифатида эътироф этишга тўла ҳуқуқ беради.
Саидаҳмад Сиддиқий 1927 йил 15 июнда Ҳалвойи қишлоғида вафот этади.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон