«Ҳумоюннома» XVI асрда Бобурнинг набираси Акбаршоҳ даврида Ҳиндистонда Заҳириддин Бобурнинг қизи Гулбаданбегим томонидан ёзилган. Гулбаданбегимнинг ёзишича, Акбаршоҳ ўз даври тарихини абадийлаштариш мақсадида замонафнинг ҳамма олимларига, қариндош-уруғлари ва амирларга мурожаат қилиб: «Бобур подшоҳ ва Ҳумоюн подшоҳ даври ҳақида ниманики билсангиз ёзинг», деб буюрган. Шу буйруқ асосида Гулбаданбегим ҳам ўз отаси Заҳириддин Бобур ва акаси Ҳумоюн подшоҳ ҳақида ёзилган ва эшитган воқеаларни ўз китобида баён қилган ва тарихий асарнинг номини дастлаб «Аҳволи Ҳумоюн подшоҳ» деб атаган. Лекин кейинчалик бу асар «Ҳумоюннома» номи билан машҳур бўлиб кетган.
Ўрта асрда Ўрта Осиё ва Шимолий Ҳиндистонда яшаган машҳур тарихчилар — Мирхонд, Хондамир, Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Искандар Мунши, Муҳаммад Ҳайдар Абул-Фазл Алломий, Сунжон Рай Муншилар қаламига мансуб тарихий асарлардан «Ҳумоюннома»да ифода этилган тарихий воқеалар аёлларга хос нозиклик ва синчковлик билан баён этилгани жиҳатидан, жозибали тили ва таҳлили билан фарқ қилиб туради.
«Ҳумоюннома» сатрларига қараганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафот этган йили (1530 йил, 26 декабр) Гулбадан саккиз ёшда бўлган. Унинг онаси Дилдорбегим эди. Гулбаданбегим «Ҳумоюннома»да ўз онасини баъзан «Дилдор оғача» деса, баъзан «Онам ҳазратлари» деб ардоқлайди. Лекин Гулбаданбегим ёшлик чоғидаёқ ўз укаси Ҳиндол Мирзо билан бирга Бобурнинг катта хотини Моҳимбегим тарбиясига топширилган эди. Шундан сўнг Моҳимбегим вафотигача (1533) Гулбадан унинг ўғли — Бобурнинг вориси Ҳумоюн Мирзо билан бирга тарбияланади. Лекин Гулбадан ҳар иккала онасини ҳам чексиз ҳурмат қилган ва уларга ўта садоқатли бўлган.
1527 йил мартида Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистоннинг Сикри шаҳрида Ҳиндистон диёрининг Малва рожаси Рано Сангони енгиб, Шимолий Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлагач, Кобулга хат ёзиб, у ерда қолиб кетган ҳамма қариндошуруғлари, дин ва давлат арбоблари, саидлар, олимлар ва шоирлар, ҳамма ҳарам аҳли — аёлларни ўз ҳузурига чақиради. Гулбадан бу ҳақда ҳикоя қилар экан, ана шу Кобулдан Ҳиндистонга йўл олган махсус карвон ичида Бобур хонадонига мансуб 96 аёл ҳам бўлганини, ўзининг аввал отаси Бобур подшоҳ саройида, сўнг Ҳумоюн подшоҳ (1530 — 1556) ва Акбаршоҳ (1556—1605) паноҳида умр кечирганини баён қилади.
Гулбаданбегимнинг бу нодир асари Шимолий Ҳиндистон халқлари тарихининг Бобурдан кейинги подшоҳи — унинг катта ўғли Ҳумоюн ҳукмронлик қилган даври (1530—1556) тарихига бағишланган. Лекин асарда Гулбадан Бобур замонидаги воқеалар ҳақида ҳам қисман ҳикоя қилади. Гулбадан отаси вафот этганида ниҳоятда ёш эди. Шу сабабли у Бобур билан боғлиқ воқеаларни баён қилар экан, асосан «Бобурнома»га таянган ва шу билан бирга, ўша даврдаги сиёсий курашларда иштирок этган ёки гувоҳи бўлган кишилар ҳикоясига ўз таассуротларини қўшган ҳолда акс эттиради. Бу эса, Гулбадан ҳикояларининг қиммати ва аҳамиятини оширади ва айрим ҳолларда «Бобурнома»даги воқеаларни нисбатан тўлдиради ҳам. Яъни «Ҳумоюннома»ни Ўрта Осиё ва Ҳиндистон тарихининг XIV асри учун тенги йўқ, муҳим тарихий-этнографик ва маданий манба, десак хато бўлмайди.
«Ҳумоюннома»нинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврининг Ҳиндистон тарихига бағишланган қисми фақат 38 саҳифадан иборатдир. Форс-дари тилида ёзилган «Ҳумоюннома» услубини ва воқеалар баёнини «Бобурнома» билан солиштирсак, ҳар иккала нодир асар услуб йўнали ши жиҳатидан бир-бирига якинлигининг гувоҳи бўламиз. Заҳириддин Бобур Гулбаданбегим учун фақат севимли ота бўлиб қолмай, балки ўша даврда бутун Шарқда аёллар орасидан чиққан ягона тарихнавис олима бўлиб етишишида муҳим ўрин тутган устоз ҳамдир. «Ҳумюннома» саҳифаларидан бирида биз Гулбаданбегимнинг: «Гарчи бу воқеалар отам ҳазратларининг китоблари «Воқеанома»да ёзиб қолдирилган бўлса ҳам, биз уларни табаррук билиб келтирдик», деган ибораларини ўқиймиз. Бу ҳол Гулбаданбегим «Бобурнома»нинг ўзбек тилидаги энг дастлабки нусхаларидан бирини қайта-қайта ўқиб чиққани ва ўзининг она тилини — ўзбек тилини ниҳоят яхши билганидан далолат беради. Бу фикрни «Ҳумоюннома»да тасодифан учраб қоладиган ўзбек тилидаги айрим иборалар ҳам тасдиқлайди.
Лекин, шу билан бирга «Ҳумоюннома»да «Бобурнома»да учрамайдиган шундай ҳикоялар ҳам борки, уларда Гулбаданбегимнинг ўзига хос илм-идроки салмоғининг безаги бўлмиш таъсирчан қалбининг ҳарорати сезилиб туради. Масалан, у ўзининг Бобурнинг катта хотини Моҳимбегим билан бирга Кобулдан Аграга келиши тарихи ҳақида тўхтаб, шу жумлаларни ёзади:
«Рано Санго фатҳидан бир йил ўтгач, онам ҳазратлари — Моҳимбегим Кобулдан Ҳиндистонга келдилар. Мен ҳам подшоҳ бобомни кўргани, у киши билан бирга оналаримдан олдин келдим. Онам ҳазратлари кўлга етганларида, подшоҳ ҳазратлари уч отлик муҳофа юбордилар. Биз кўлдан Агра томон тез йўл олдик, подшоҳ ҳазратлари бизни Жалолий кўлида учратишни мўлжаллаган эдилар. Номозшом пайти бир киши келиб: «Ҳазратни икки курва нарида қолдириб келдим», деди. Подшоҳ бобом ҳазратлари то от келтиргунларича тоқат қилмай, пиёда йўлга тушиб, Нинча Моҳим уйи олдида биз билан учрашдилар. Онам ҳазратлари отдан тушмоқчи бўлдилар, лекин подшоҳ бобом кутмасдан ўзлари онамнинг отлари жиловидан ушлаб, ўз уйларигача келгунча пиёда келдилар.
Онам ҳазратлари подшоҳ бобомнинг олдига келганларида менга, кундузи келиб ҳазрат билан учрашгин, деб буюрдилар…»
«Ҳумоюннома»нинг Заҳириддин Бобур даврига багишланган қисми Бобур вафоти воқеалари билан якунланади. Гулбаданбегим кўзи тўла ёш, алам тўла қалби зардоби билан отасининг вафоти тарихини ёзар экан, шу мудҳиш воқеанинг рўй бераётган дақикасида отаси ўлими арафасида қадрдонлари, қариндош-уруғлари, оила аъзоларининг кечирган мусибат ва юрак дардларини шундай баён қиладики, бу сатрларни ўқиётган ҳар бир киши, худди ўша дақиқаларда шахсан ўзи иштирок этаётгандек ҳис қилади. Бундай юксак маҳорат фақат Гулбаданбегимнинг ўзигагина хосдир.
Қандай дард Бобурни ўлимга маҳкум қилганини Гулбадан аниқ ёзмайди. Лекин у ўғли Ҳумоюн оғир касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган чоғида унинг жонига ўз жонини фидо қилиб, «жонга жон» беришга тайёр экани ҳақидаги ҳикояни келтириб: «Менки Бобурман, умри жонимни ўғлим Ҳумоюнга бағишлайман», деб қасд қилганини ва шундан сўнг Бобурнинг ўзи касал ётиб қолгани ва Ҳумоюн эса ўша куниёқ ўрнидан туриб кетганини ҳикоя қилади. «Бобур ниҳоят озиб кетган ва табиблар қанча ҳаракат қилмасинлар, ҳеч қандай чора тополмаганлар. Сўнг Бобур ўз ҳузурига амирлар ва яқинларини чақириб, кўп йиллардан бери, Ҳумоюн Мирзога подшоҳликни топшириб Зарафшон боғининг бир бурчагида ўтарсам, деган ниятим бор эди. Лекин, мана шу мақсадимни соғ вақтимда бажара олмадим. Касал мени эзиб қўйди, дейди ва сўзини шундай якунлайди: «Энди сизларга васиятим шуки… ҳаммангиз Ҳумоюнни менинг ўрнимда деб билинглар. У билан мувофиқ ва ҳамжиҳат бўлинглар…»
Бу (сўзлардан) у ерда ўтирганларнинг ҳаммаси йиғлаб юборишди. (Бобур) подшоҳнинг муборак кўзлари ҳам ёшга тўлди. Бу воқеани ҳарамдагилар ва ташқаридаги кишилар эшитдилар, йиғи-сиғи, тўполон бўлиб кетди. Уч кундан сўнг (ҳазрат подшоҳ) ўткинчи дунёдан абадий дунёга кетдилар. 937 йил ҳижрий жумодил аввал ойининг бешинчиси — душанба куни (1530 йил, 26 декабр) вафот тарихларидир», деб ёзади Гулбаданбегим.
Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома»да келтирган маълумотлари орасида отаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва акаси Ҳумоюн давридаги Ҳиндистоннинг ички ва ташқи сиёсий ҳаётига оид ҳикоялари ниҳоятда муҳимдир. Масалан, унинг Аградан Депалпурга қилган сафари тафсилоти ёки унинг Гвалиор, Сикри (ҳозирги Фатхпур Сикри), Агра шаҳарларида олиб борган қурилиш ишлари баёни шулар жумласидандир. Юқорида қайд қилганимиздек, Бобур 1527 йили март ойида Сикри шаҳрида Ҳиндистон рожаси Рано Сангони енгиб, ўз давлатини мустаҳкамлаб олгач, Гулбаданбегим ёзишича, Кобулга махсус хат ёзиб у ерда қолиб кетган барча якинларини Аграга чақиради. Худди шу карвон сафида Гулбаданбегим Аграга катта онаси Моҳимбегим билан бирга етиб келади. То кейинги карвон етиб келгунча Гулбадан Бобур халифаси уйида тўхтайди. Шу воқеани эслаб Гулбадан ёзади: «Мен бобом халифасининг уйида ўтирдим, бизга ҳар хил овқатлар тортдилар. Элликка яқин қўй сўйилиб қовурдоқ пиширилган эди. Нон ва ҳар хил мевалар, шира ва шарбатлар кўп эди. Овқатланиб бўлгач, муҳофага ўтириб, ҳазрат подшоҳни бориб кўришиб, оёқларига ўзимни ташладим. Ҳазрат кўп ҳолу аҳвол сўрадилар. Бир неча вақт тиззаларига олиб ўтирдилар. Шу вақтда ўзимни шундай бахтли ҳис қилдимки, уни тасвир қилиб бўлмайди».
Гулбаданбегим яна давом этади: «Аграга келганимиздан кейин уч ой ўтгач подшоҳ ҳазратлари Депалпурга кетдилар. Ҳазрат Моҳимбегим билан мен ҳам сайр қилиш мақсадида Депалпурга жўнадик. Депалпурда бир бутун тошни ўйиб ўн газ ҳажмлик ҳовуз ясалган эди. У ердан Сикрига жўнадилар. Кўлнинг ўртасига катта супа ясашни буюрдилар. Бу супа тайёр бўлгач, кемага ўтириб, у ерга бориб сайр қилар ва супада ўтирар эдилар. У супа ҳозир ҳам сақланган. Сикрида боғда шийпон бино қилган эдилар. Бу шийпонда «Турхона» (юқори ҳужра) бино қилдириб, унда ўтириб китоб ёзар эдилар».
Гулбадан ўз акаси Ҳумоюн подшоҳ, сўнг Акбаршоҳ даврида Ҳиндистонда давлат ишларига фаол аралашган, айрим ҳолларда эса саройдаги ўзаро муносабатларни ҳал қилишда унинг фикр ва мулоҳазалари катта аҳамият касб этган. Фарғонада Бобурнинг бувиси Эсондавлатбегим, Ҳиндистонда Ҳумоюн ва Акбар саройида Хонзодабегим, Моҳимбегим, Дилдорбегим ва Бадахшон ҳокими Султон Иброҳимнинг онаси ҳам алоҳида нуфузга эга бўлганлар.
Гулбаданбегим ўз асари «Ҳумоюннома»да қизиқ ҳикояларни ҳам келтиради. Масалан, Бобурнинг бувиси Эсондавлатбегим Фарғона ҳокими Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо вафот этгач (1494), амирлар, саидлар, ҳарбий саркардаларга бош бўлиб, Фарғонага қарши отланган ташқи душманлар ҳамласини усталик билан барбод қилади. Гулбаданбегим келтирган маълумотларга қараганда, худди шундай ҳол Бадахшонда ҳам рўй берган. Бу ерда гарчи Султон Иброҳим ҳукмрон бўлса ҳам, лекин у ёш бўлгани учун давлатни унинг онаси Ҳуррамбегим бошқарган, шу сабабли бўлса керак, зарур бўлиб қолганда Ҳумоюн подшоҳ Султон Иброҳим номига эмас, Ҳуррамбегимга мурожаат қилган.
Масалан, 1548 йили Ҳумоюн нодшоҳ кўпчиликнинг қаттиқ норозилигига эътибор бермай, Балхга — Шайбонийларга қарши отланади. Тонгда Ҳумоюн аскарлари мағлуб бўладилар. Ҳумоюннинг ўзи эса қаттиқ яраланади. Худди шу вақтда пайтни ғанимат билган Комрон Мирзо Кобулни қўлга киритади. Шунда Ҳумоюн Кобулни Комрон қўлидан тортиб олиш учун Бадахшон ҳокими Иброҳим Мирзонинг онаси Ҳуррамбегимга элчи юбориб, Бадахшон лашкарининг унга ёрдамга келишини илтимос қилади. Гулбаданбегимнинг ёзишича, Ҳуррамбегим аёл киши бўлишига қарамай, жуда қисқа муддат ичи да Бадахшон лашкарини тўплаган ва уни тоғ оралиғигача ўзи бошлаб олиб келиб қўйган.
Гулбаданбегим «Ҳумоюннома»да Ҳумоюн даврида Ҳиндистон ва Кобул улусида рўй берган сиёсий курашлар ва ака-укаларнинг ўзаро тахт учун олиб борган жанглари тафсили орасида ўша замон ижтимоий ҳаёти ҳақида, уй-рўзғор буюмлари, тўй ва аза муносабатлари ҳақида бошқа тарихий асарларда учрамайдиган нодир маълумотлар келтиради, лекин шахсан ўзининг ҳаётини алоҳида ёритмайди, унинг асосий мақсади Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафотидан сўнг акаси Ҳумоюн подшоҳнинг Ҳиндистонда давлатни мустаҳкамлаш чораларинигина ёритиш қизиқтирган. Ўзи ҳақидаги ниҳоятда нодир маълумотлар ана шу сиёсий воқеалар баёнида камдан-кам учрайди. Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома» асари Акбаршоҳнинг махсус буйруғи билан тарихнавис олим Абул Фазл Алломий томонидан ёзилиши лозим бўлган асар «Акбарнома»га қўшимча манба тарзида мўлжалланган эди. Лекин «Ҳумоюннома» ўша замон тарихчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жахор офтобачи, Абул Фазл Алломий, Сунжон Рай Мунши ва бошқа кўп машҳур тарихчилар қаторидан муносиб жой олганини кўрсатади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафотидан кейин Ҳиндистонда ички ва ташқи курашлар яна бошланиб авж олиб кетди. Натижада мамлакатда қимматчилик, айрим ҳолларда очлик авжга чиқди. Гулбаданбегим мамлакатда рўй берган иқтисодий қийинчилик ва қашшоқликнинг асосий сабаби ўзаро феодал урушлар оқибати эканини очиқданючиқ ёзади. Сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан заифлашган мамлакатни Ҳумоюн узоқ ушлаб туролмади. У узлуксиз курашлардан кейин 1540 йили Ҳиндистонни Шершоҳга қолдириб, Кобулга кетди. Лекин ўз укалари Комрон Мирзо билан Аскарий Мирзо уни Кобулга қўймадилар, шундан кейин у Эрон шоҳи Шоҳ-Тахмасп саройидан бошпана сўрашга мажбур бўлди. Бу пайтда Гулбаданбегим Кобулда қолган эди, лекин у Шоҳ-Тахмасп саройидаги Ҳумоюн подшоҳ аҳволи ҳақидаги ўз ҳикояларини унинг хотини Ҳамидабегим ва бошқалар ҳикояси асосида ёзади.
Гулбаданбегим ўз асари «Ҳумоюннома» сатрларида нозик таъбли, ўткир дид ва фаросатли, ўз даврининг мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳолатига ақл-идрок билан баҳо бера оладиган олима сифатида гавдаланади. У Ҳумоюнга ака-укаларини бирга аҳилликда кўриш орзусида эканлигини тинмай изҳор қилиб келар эди.
Ниҳоят, Ҳумоюн 1549 йили — беш йиллик жудоликдан сўнг Эрон шоҳи Тахмаспнинг ёрдами билан Кобулни қайта эгаллагач, ўз ҳузурига укалари ташриф буюради. «Шу мажлисда Ҳазрат (Ҳумоюн) бу ҳақирни ёдга олиб, ўз укаларига Лохурда Гулбаданбегим ҳамма биродарларимни бир ерда кўрсам деб орзу қилганликларини айтибдилар, ўтиришимиз билан эрталабдан ўша гап эсимга келиб турибди… Мен (ҳеч вақт) мусулмонлар зиёнини истаган эмасман ва наҳотки (ўз) укаларимнинг зиёнини талаб қилсам… дедилар».
Бобурнинг набираси Акбаршоҳ ҳукмронлик қилган даврда Ҳиндистон марказлашган катта давлатга айланган.
Гулбаданбегимнинг бу нодир асари 962 йил ҳижрий (1554— 1555) йиллар воқеалари баёнида узилиб қолган. «Ҳумоюннома»нинг қолган қисми йўқолиб кетган. Уни топиш ниятида Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Англия ва бошқа мамлакатлардаги қўлёзма жамғармаларига қилган мурожаатларимиз, Шарқ ва Ғарбнинг йирик олимлари, давлат арбоблари билан бу ҳақдаги олиб борган шахсий суҳбатларимиз, афсуски, ҳалигача натижа бергани йўқ.
Гулбаданбегим узоқ умр кўрган. Ҳумоюн вафотидан кейин Акбаршоҳ саройида яшаган, унинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган. Тарихий асарларда у 1576 йили Маккага Португалия орқали етиб боргани ва қайтишда Адан қирғоғида кемаси ғарқ бўлиб, бу ерда узоқ қолиб кетгани ва ниҳоят 1582 йили Аграга соғ-саломат қайтиб келгач, узоқ умр кўргани ва у 80 йил яшаб, 1603 йили вафот қилгани ҳақида маълумот бор. Унинг тобутини Акбаршоҳ катта ҳурмат билан ўғил ўрнида ўз елкасида кўтариб дафн қилган.
Ақл-заковат, зийрак таъб ва тафаккур, чуқур илм ва унумли меҳнат ҳосили — «Ҳумоюннома» Гулбаданбегимнинг номини абадийлаштирди. У аёл киши бўлишига қарамасдан, Заҳириддин Бобурнинг ҳақиқий фарзанди эканлигини жаҳонга намоён қилган Ўрта Шарқ олимасидир.
Сабоҳат Азимжонова, ЎзССР ФАнинг мухбир аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 11-сон